Янги жамият барпо этиш жараёнида Ўзбекистонда чет эллик инвесторларнинг манфаатларини кафолатлайдиган, уларнинг тадбиркорлик фаолиятлари учун маълум муддатга имтиёзлар берадиган тегишли қонунлар қабул қилиниб зарур ҳуқуқий база яратилмоқда. Чет элликларга ўзларининг корхоналарини очишга, маълум шартлар асосида ер ости бойликларини қазиб олишларида иштирок этишга рухсат берилаётгани ҳам бу борада олиб борилаётган ишлар сирасига киради. Мамлакатимизда сифатли, рақобатбардош махсулотларни ишлаб чиқариш қанчалик кўпайса, халқимизнинг моддий эҳтиёжлари шунчалик қондирилади, турмуш фаровонлиги ўсади, давлатимизнинг иқтисодий қудрати ошади.

Тўртинчидан, мамлакат, экспорт салоҳиятини ошириш, унинг халқаро меҳнат тақсимотида тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли шартлар асосида иштирок этиши, иқтисодиётимизнинг жаҳон иқтисодий тизимига кенг қўлламда интеграциялашувини янада кучайтириш. Бу – Ватанимизнинг дунё бозоридаги ўрни ва нуфузини, фуқароларимизнинг ўз юрти иқтисодий салоҳияти ва қудрати билан фахрланиш туйғусини юксалтириш демакдир.

Мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ошириш бевосита жаҳон бозоридаги харидоргир, рақобатга бардош бера оладиган махсулотлар ишлаб чиқариш билан боғлиқ. Ўзбекистонда олиб борилаётган иқтисодий сиёсатда унинг экспорт салохиятини оширишга алоҳида эътибор берилмоқда. Махсулот сифати ва нархининг маъқуллиги билангина жаҳон бозоридаги мавқени мустахкамлаб олиш, доимий шериклар ва харидорлар топиш мумкин. Мамлакатимиз экспорт салоҳиятини ошириш учун нафақат анъанавий махсулотлар ҳажмини кўпайтиришимиз, балки илгари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмаган махсулотларни ўзлаштириб, экспорт қилишга эришмоқ лозим. Бизда эса бундай имконият юксаклигини қисқа муддатда автомобилсозлик саноати вужудга келгани, автомобилларимизни хорижга сотаётганимиз ва шунга ўхшаш бошқа мисоллар кўрсатиб турибди.

Бешинчидан, иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришларни изчил давом эттириш. Бу – бой табиий захираларимиз, интеллектуал ҳамда илмий – техникавий салохиятимиздан тўлиқ ва самарали фойдаланиш, иқтисодиётда мукаммал технологик жараённи ўз ичига оладиган, тайёр махсулот ишлаб чиқарадиган, минерал ва қишлоқ хўжалиги хомашёсини сифатли қайта ишлайдиган қувватлар етакчи ўрин тутишини таъминлаш, хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш, уларнинг иқтисодиётдаги ўрнини кучайтириш, қишлоқда янги иш ўринларини яратиш демакдир.

Ўзбекистон иқтисодиётида таркибий ўзгаришлар бир неча йўналишда амалга оширилмоқда:

Иқтисодиётнинг мулкчилик асослари ривожлантириляпти. Турли мулк шакллари вужудга  келтирилди ва такомиллаштирилмоқда;

2.Тайёр махсулот ишлаб чиқарадиган корхоналар тармоғи кенгайтирилмоқда ва қурилмоқда;

3.Кичик ва ўрта бизнес корхоналари тизими шакллантирилди ва жадал ривожлантирилмоқда;

4.Бозор инфратузилмаси вужудга келди. Тадбиркорларга ва аҳолига ранг-баранг иқтисодий, молиявий, ахборот-реклама, ҳуқуқий ва илгари ўзимизда бўлмаган бошқа хизмат турлари кўрсатилмоқда. Бу тармоқ ҳам кенгайиб, ўсиб, шакл ва мазмунини бойитмоқда;

5.Ўзбекистоннинг географик ўрни, геополитик хусусиятлари транспорт ва коммуникация масалаларига жиддий эътибор қаратишни талаб этмоқда. Мазкур масалага иқтисодиётда амалга оширилаётган таркибий ўзгаришларнинг мухим ва нисбатан мустақил қисми деб қараш лозим.

Иқтисодиётда таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, айниқса, қишлоққа саноатни олиб бориш, биринчи галда, қишлоқ хўжалик махсулотларини қайта ишлашга мўлжалланган ўрта ва кичик корхоналар тармоғини ривожлантириш давлатимиз иқтисодий сиёсатида устувор аҳамият касб этади.

Ижтимоий соҳада. Жамият ҳаётининг барча жабхаларида туб ўзгаришлар амалга оширилаётган, бозор муносабатлари устувор бўлиб бораётган ҳозирги шароитда кучли ижтимоий сиёсат юритиш тараққиётимизнинг асосий тамойилларидан бири бўлиб қолаверади.

Кучли ижтимоий сиёсат деганда, халқ тўғрисида – ҳар бир ижтимоий гуруҳ, қатлам, табақа, ҳар бир фуқаро, ёшу кекса, эркагу аёл – барча-барча юртдошларимиз тўғрисида ғамхўрлик қилиш, ислохатларни, иқтисодий тадбирларни халқ манфаатларини кўзлаган холда ўтказиш, халқ таълими, соғлиқни сақлаш, маданият, илм-фан сохаларига эътиборни сусайтирмаслик тушунилади.

Янги жамият барпо этиш жараёнида ижтимоий йўналтирилган кучли сиёсатни давом эттиришга қаратилган қуйидаги тадбирлар ўтказилади:

Биринчидан, халқ моддий фаровонлигини босқичма-босқич ва изчил ошириб боришни таъминлаш, юртдошларимизнинг муносиб ҳаёт кечириши ва камол топиши учун зарур шарт –шароитларни яратиш, ахолини, энг аввало, унинг ёрдамга мухтож қатламлари – болалар, қариялар, ногиронлар, ўқувчи-ёшларни ижтимоий муҳофазалашнинг аниқ йўналтирилган механизмини янада такомиллаштириш.

Иккинчидан, хақимиз учун муқаддас қўрғон ва маънавият бешиги бўлган оила, оналар ва аёлларимизнинг жамиятдаги ўрни ва мавқени ошириш соҳасидаги олиб борилаётган ишларни изчил давом эттириш. Оила ҳар қандай жамиятнинг ҳам асосини ташкил этади. У қанча мустаҳкам, фаровон ва илғор бўлса, жамият шунчалик барқарор ва тараққийпарвар бўлади. Жамиятда амалга ошириладиган йирик лойихалар, туб ўзгаришлар оила асосларини ҳам мустахкамласа, такомиллаштирса ёки жилла қурса, унга салбий таъсир кўрсатмаса муваффақиятга эришади.

Учинчидан, фуқароларнинг ҳуқуқий тенглиги ва қонун устворлигини, жамият манфаатлари ва аҳоли хавфсизлигини янада самарали кафолатловчи давлат тузилмалари фаолиятини такомиллаштириш.

Тўртинчидан, келажак буюк давлатни соғлом мафкурали, маънавий баркамол авлод бунёд эта олишни назарда тутиб, комил инсонни тарбиялаш борасидаги ишларни истиқболда ҳам давлат сиёсати даражасида кучайтириб бориш ва умумхалқ ҳаракатига айлантириш.

Жамиятимиз ўз олдига қўйган олий мақсад – келажаги буюк Ўзбекистонни, озод, обод Ватанни яратиш ва умуман, ислохатларнинг тақдири охир-оқибатда бугун шаклланаётган авлоднинг дунёқарашига, ижтимоий мўлжалларига, замонавий илм-фан ва касбларни эгаллашга, амалий ташкилотчилигига бевосита боғлиқ.

Шу боис ақлан етук, руҳан тетик ва соғлом, эркин ва танқидий фикрловчи, айни пайтда ижтимоий маъсулиятни тўғри ҳис этадиган, муайян касб хунарни эгаллаган баркамол авлодни тарбиялаш Ўзбекистонда янги жамият барпо этишнинг таркибий қисмига, асосий шарт-шароитига ва мақсадига айланди. Мана шундай мураккаб вазифани уддалаш учун таълим сохаси тубдан ислох қилинмоқда. Бу ислохатлар Кадрлар тайёрлаш  миллий дастури асосида амалга оширилмоқда. Миллий дастурнинг тўлиқ амалга оширилиши йигит ва қизларнинг касбий, иқтисодий ва маънавий жиҳатдан тезроқ  мустақил бўлиб олишига, аниқ мақсадни кўзлаб, ҳаётда ўз ўрнини топиб олишга имкон яратади.

Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини бажариш бўйича қилинаётган ташкилий ишлар, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш борасидаги барча ишлар Ватанимизнинг келажакда жаҳон майдонида мустаҳкам ва нуфузли ўринни эгаллашдан, биз бугунги ва келгуси авлод вакиллари ота-боболаримиздан мерос мана шу муборак заминда келажаги буюк давлат, озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этишга қодир эканимиздан далолат беради.

Маънавий сохада.  Маънавий қадриятларимизни илм-фан ва тараққиёт ютуқлари билан бойитиб бориш, ўзлигимизни чуқурроқ англаш, миллий ғоя ва истиқлол мафкураси тамойилларининг халқимизнинг қалби ва онгига сингдириш, муқаддас динимиз ва тарихимизни сохталаштириш, улардан сиёсий мақсадларда фойдаланишларига йўл қўймаслик – бу борадаги асосий вазифамиздир.

Янги жамиятни барпо этиш жараёнида маънавий қадриятларни тўғри бахолай олишни, сохта қадриятлардан ёки тарихан эскирган, ўзидаги бунёдкорлик ва ижобий салохиятни сарфлаб бўлган қадриятлардан ҳақиқий ҳаётбахш қадриятни ажрата олишни ўрганиш лозим. Бирор бир қадриятга бахо берилар экан, унинг мамлакатимиз мустақил тараққиётининг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, эътиқодий ва аҳлоқий асосларини қай даражада мустахкамлай олиши, халқимизнинг умумжаҳон ижтимоий тараққиётининг фаол субъектига айланишига хизмат қила олиши бош мезон бўлиши керак.

Миллий қадриятлар – инсонпарварлик, ватанпарварлик, халқчиллик ва тараққийпарварликдир. Бу мезонларнинг ҳар бирида миллийлик ва умуминсонийлик мужассамлашган. Улар моҳиятан умуминсоний ҳарактерга эга бўлса-да, ҳар бир тарихий даврда муайян халқларнинг эхтиёжларини юзага чиқаради ва уларни қондиришга хизмат қилади. Мазкур мезонларга нафақат миллийлик ва умуминсонийлик, балки тарихийлик ҳам хос.

Мазкур тамойиллар миллий ғоямизнинг таркибий унсурларидир. Зеро, миллий истиқлол ғояси жамият, миллат ва бутун ўзбекистонликлар учун хизмат қилади. Миллий қадриятларимизни баҳолаганда, уларнинг миллий ғояга нечоғлик мос эканини назарда тутамиз. Лекин биз баҳолаш жараёнида фақат алохида бир инсон, муайян ижтимоий гурух, бирор-бир этнос, манфаатни эмас, балки умуминсоний жамиятимиз, барча ўзбекистонликлар манфаатини назарда тутамиз.

Янги жамиятни барпо этишда маънавий соҳада қуйидаги вазифаларни бажаришимиз лозим:

Биринчидан, юртдошларимизни маънавий янгиланиш ва ислоҳатлар жараёнининг фаол иштирокчисига айлантириш. Уларнинг куч ва салохиятини ижтимоий хамкорлик ва миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик каби эзгу мақсадларга хизмат қилдириш.

Бу – маънавиятнинг куч қудратидан эзгу мақсадлар йўлида самарали фойдаланиш, ижтимоий муносабатларни инсонийлик ғоялари асосида ривожлантириш демакдир.

Иккинчидан, турли қараш ва фикрга эга бўлган ижтимоий қатламлар, сиёсий куч ва ҳаракатларнинг ўзига хос орзу-интилишларини уйғунлаштирувчи ғоялар – Ватан равнақи, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги – барча юртдошларимиз учун муқаддас мақсадга айланишига эришиш. Бу – кўппартиявийлик ва плюрализм тамойилларига амалда риоя қилган ҳолда миллий ҳамжихатликни янада мустахкамлаш демакдир.

Учинчидан, динимизнинг гуманистик моҳиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш борасидаги ишларни давом эттириш. Токи, бу дин халқимизнинг минг йиллик тарихи, бугунги маънавий ҳаётимизнинг ҳам асоси, мухтасар айтганда, Оллоҳ доимо қалбимизда, юрагимизда экани юртдошларимиз онгига сингиб борсин.

Шу маънода, буюк аждодимиз Баҳоуддин Нақшбанднинг “Оллоҳ –дилингда, қўлинг – меҳнатда бўлсин” деган ҳикмати биз учун муҳим ҳаётий тамойил бўлиб қолаверади.

Тўртинчидан, Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини амалга ошириш борасидаги ишларни изчил давом эттириш, таълим-тарбия тизимини замон талаблари асосида муттасил такомиллаштириб бориш.  Бу – давлатимиз қудрати, мамлакатимиз келажаги билимли, доно ва маънавий баркамол кадрларга боғлиқ эканини чуқур англаган ҳолда фаолият юритиш демакдир.

Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг ҳаётга татбиқ этилиши инсон омилини фаоллаштиришга, уни замон талабларига мос равишда ривожлантиришга имкон беради. Шу боис мазкур дастурни бажаришни изчил давом эттириш, уни янада такомиллаштириш таълим жараёнини жаҳон халқлари тажрибаси ва ютуқларини ҳисобга олиб бойитиб бориш Ўзбекистонда янги жамият қуришнинг устивор вазифаларидан бири бўлиб хисобланади.

Бешинчидан,  Ўзбекистонда яшаётган барча миллат ва элатларнинг қадриятлари, тили, маданияти, диний эътиқоди, урф-одати, анъаналарини ҳурмат қилиш, уларни асраб-авайлаш ва ривожлантиришга кўмаклашиш. Бу – кўп миллатли мамлакатимиз фуқаролари орасида, уларнинг миллий ва диний мансублигидан қатъи назар, ҳамжиҳатлик ва биродарлик туйғуларини кучайтириш, “Шу азиз Ватан – барчамизники” ғоясининг амалга ошишини таъминлаш демакдир.

Ma’ruzalar matnlari