Ўзбекистонда айнан шундай йўл тутилди. Бундай сиёсат юритиш нафақат маблағлардан самарали фойдаланиш имконини бермоқда, шунингдек, одамларнинг сафарбарлигини оширмоқда, ижтимоий ларзаларнинг олдини олмоқда, мулкчилик шаклларини босқичма-босқич ривожлантирмоқда.

Ушбу тамойиллар Ўзбекистоннинг ўз истиқлол ва тараққиёт йўлининг асосини, ўтиш даври дастурининг негизини ташкил этади. Уларнинг амалга оширилиши мамлакатимизда ижтимоий-сиёсий барқарорликни, энг мухими бозор муносабатларини изчил жорий этишни таъминламоқда. Тараққиётнинг ўзбек модели халқимизнинг миллий давлатчилик анъаналари, қадриятлари ва менталитетига таянгани, айни вақтда, жамиятни ислоҳ этиш дорасидаги дунё тажрибасининг илғор ютуқларига асослангани туфайли халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилмоқда. Хуллас, миллий истиқлол ғояси мамлакатимизда барпо этилаётган жамият ва тараққиётнинг ўзбек модели билан узвий боғлиқдир.

 

Таянч  тушунчалар

Геосиёсат, Марказий Осиё, мафкуравий сиёсат, мафкуравий таъсир, минтақавий ҳамкорлик, тараққиёт, тадрижий ривожланиш, Ўзбекистонда қурилаётган жамият тараққиёти тамойиллари, ўзбек модели, Ўзбекистоннинг халқаро нуфузи.

 

 

Мавзу: Ғоявий бўшлиқ ва зарарли ғояларнинг жамиятимизга таъсири

 

     Режа:

“Ғоявий бўшлиқ” тушунчаси, унинг намоён бўлиш хусусиятлари.

 Ёт ва зарарли ғояларнинг жамиятга таъсири.

 Ғоявий бўшлиқни тўлдириш зарурати.

 Янги ғоя ва истиқлол мафкурасини шакллантириш жараёни.

Инсоният тарихи шундан далолат берадики, муайян жамият тараққиёт жараёнида бир босқичдан иккинчи босқичга ўтишда турмушнинг барча соҳаларида, хусусан, иқтисодиёт, ижтимоиёт ва сиёсатида бўлгани каби, ғоявий-мафкуравий соҳада ҳам муайян муаммоларни ҳал қилиш зарурати пайдо бўлади. Чунки ўзига хос янги давр, шароит, вазият анъанага айланиб қолган ғоялар, қарашлар, муносабатларни ўзгартирмасдан, маълум мафкурага асосланмасдан янги мақсадлар сари қадам ташлай олмайди. Бу эса янги ғоя, қараш, муносабат, мафкурани ишлаб чиқишни талаб этади.

Ғоявий, мафкуравий бўшлиқ бир кунда ва бирданига пайдо бўлмайди. Бунда муайян жараёнлар рўй бериши лозим. Яъни эски ғоя ва мафкура таназзулга юз тутиши, умрини ўтаб бўлиши билан ўтмишга айланади. Масалан, собиқ иттифоқ мафкураси ана шундай ҳолга тушган эди. Унинг асосий ғоялари собиқ шўролар ҳокимияти раҳбарлигида зўрлик билан амалга оширилди. Натижада бу мафкура якка ҳукмрон бўлиб қолган эди. У XX асрнинг 80-йилларида таназзулга юз тутди. 1991 йилда собиқ Иттифоқ тарқалиб кетиши билан узил-кесил инқирозга учради. Бунинг сабаблари нималардан иборат эди?

Биринчидан, у ўзини инсоният тафаккури эришган энг юксак чўққи, мутлақ ҳақиқат ифодаси деб хисоблаб, бошқа мафкураларни тан олмас, улар бизнинг душманимиз, деган ақида асосида муросасизларча иш тутар эди.

Иккинчидан, бу мафкура зўравонликка асосланган бўлиб, “мажбур қиламиз” қабилида иш тутар, унинг ғоялари ҳамма жойда, ҳамма вақт ҳеч истисно ва тўхтовсиз тарғиб қилинар, халқнинг эркин яшаши ва фикр юритишига йўл қўйилмас эди.

Учинчидан, бу мафкура номигагина ижтимоий гуруҳлар мафкураси эди. Аслида собиқ Иттифоқ даврида зиёлилар, деҳқонлар, хизматчилар, қолаверса, “йўлбошчи синф” бўлган ишчиларнинг орасида ҳам бу мафкурадан норози бўлганлари бор эди. Лекин метин мафкуравий девор ортидан уларнинг овози чиқмас эди.

Тўртинчидан, бу мафкура ҳеч кимга виждон эркинлиги, ўз фикрини очиқ баён этиш, жумладан, хориж фуқаролари билан холисона мулоқатда бўлишга ҳам йўл қўймас эди. Борди-ю кимдир шунга журъат этса, “халқ душмани”, “буржуазия малайи”га айланар эди.

Бешинчидан, у миллийликдан бутунлай холи эди. Унда мавхум байналмилаллик зўр бериб куйланарди. Кимки миллий қадриятлар тўғрисида гап очса, дарҳол “миллатчи”га чиқариб қўйиларди. Миллий тафаккурга эга бўлган шахс, мутахассис, зиёли, олим ва бошқалар “қолоқ”, “шубхали киши” ҳисобланарди.

Олтинчидан, унда миллий тарих, хусусан, Ўзбекистон тарихи, унинг ўтмиш мероси мутлақо тан олинмас эди. Нари борса, улар кўпинча умумий тарзда қайд этиларди, холос.

Еттинчидан, халқларнинг динига, диний меросига, диний қадриятларига нисбатан мутлақо нотўғри муносабат ўрнатилган эди. Жумладан, халқимизнинг улуғ сиймолари Имом Бухорий, Имом Термизий, Аҳмад Яссавий, Нажмиддин Кубро, Баҳоуддин Нақшбанд, Маҳмуд Замахшарий, Имом Мотрудий, Сўфи Оллоёр каби алломаларнинг бой илмий меросини ўрганиш, улардан фойдаланиш тақиқланган эди.

Буларнинг барчаси большевистик-коммунистик мафкуранинг тараққиёт талабларига мутлақо зид эканини яққол намоён этди. Шу боис у янги замонавий талабларга дош беролмай, ўз давлати билан бирга тарихга айланди.   

1990 йилларнинг бошларида мафкуравий бўшлиқ Ўзбекистон ҳудудида ҳам намоён бўлди. Унинг ўзига хос хусусиятлари қуйидагилардан иборат: а) ҳукмрон, яккаҳоким, большевистик – коммунистик мафкура батамом таназзулга юз тутди ва унинг ўрни бўшаб қолди; б) Ўзбекистон мустақил давлат сифатида қарор топган бўлса-да, унинг мафкураси хали тўла-тўкис шаклланмаган ва барча фуқаролар онгига сингиб улгурмаган эди. Тўғри, мустақиллик мафкураси ғоялари мамлакатимиз фуқароларининг маълум қисми онги, дунёқарашида ўз ўрнига эга бўлса-да, Президентимиз Ислом Каримов асарларида исботланган бўлса-да, аммо у хали тўла холда барчанинг мустақил дунёқарашига, мустаҳкам эътиқодига айлана олмаган эди; в) ғоявий бўшлиқ пайдо бўлган жойда муқаррар тарзда бошқа ёт ва бегона мафкуралар хуружи бошланади. Ўтиш даврида, янгича қарашлар мустаҳкам эътиқодга айланиб улгурмаган пайтда ташқи мафкуравий таъсирларнинг яхши ёки ёмон, фойдали ёки зарарли эканини ҳамма ҳам фарқлай ололмайди; г) мустақил мамлакатимиз тинч-осойишта яшаётган бир пайтда Афғонистон ва бошқа яқин ҳудудлардаги беқарор вазиятдан фойдаланиб, уларнинг ҳудудига ин қуриб олган баъзи бир экстремистик кучлар, террорчи тўдалар ўз жинояткорона мақсадларини амалга оширишга, Марказий Осиё минтақасини мафкуравий курашлар майдонига айлантиришга урина бошлаган эди.

Бу жиноий гуруҳлар ўзларининг ёвуз мақсадларини турли исломий, мафкуравий ғоялар билан ниқоблашга ҳаракат қилдилар, сохта ғояларни тарқатиб, ёшларни йўлдан оздиришга интилдилар. Айниқса 80-йилларнинг иккинчи ярмидан дин ниқобидаги зарарли, халқимизнинг иймон-эътиқодига тўғри келмайдиган қарашлар - ваҳҳобийлик, ҳизбут-таҳрир каби ҳаракатлар таъсирини ёйишга киришдилар. Бу ҳаракатлар 90-йилларнинг бошига келиб янада кучайди. Мамлакатимиз аҳолисининг тинчлиги ва осойишталигига “ваҳҳобийлик”, “ҳизбут-таҳрир”, “акромийлик”, “адолат уюшмаси”, “ислом лашкарлари”, “тавба” каби турли зарарли ғояларга асосланган кучлар ва ҳаракатлар таҳдид сола бошлади.

Ваҳҳобийлик ислом ғяларига сиёсий тус бериб, дин номидан иш юритиб, гўёки исломнинг пайғамбар давридаги “асл ҳолатига қайтариш”, яъни уни тозалаш, барча мусулмонларни исломнинг яшил байроғи остида бирлаштириш каби ғояларни илгар суради. Бу мафкуранинг ижтимоий моҳияти Оллоҳдан бошқа барча диний ва ҳаётий қадриятларни инкор қилади. Қуръони Каримнинг муқаддаслигини эътироф этса-да, унинг тафсирини инобатга олмаслик, чориёрларни ( ҳазрати Абу Бакр, ҳазрати Умар, ҳазрати Усмон, ҳазрати Али), азиз-авлиёларни, буюк пиру-валийларни тан олмаслик, муқаддас қадамжоларни бузиб ташлашни тарғиб қилишда намоён бўлади. Улар ислом динидаги мазҳаблар – ҳанафийлик, моликийлик, шофиийлик, жаъфарийлик вакилларини кофир дейдилар. Ваҳҳобийлар Муҳаммад пайғамбарнинг “кишиларга диндаги оғир, машаққатли амалларни эмас, енгил ва осонларини буюринг, уларни хотиржам қилинг, оғир амалларни буюриб, диндан қўрқитиб, чўчитиб юборманг” ёки “қўли билан ва тили билан ўзгаларга озор бермаган киши мусулмондир”, деган ҳадисларга амал қилмайди, аксинча, уларга зид иш тутади. Улар дунёвий маданиятни инкор қилиб, мусиқа, театр, тасвирий санъат билан шуғулланишни, ундан шавқ-завқ олишни қоралайди, бу ишларни куфр ва гуноҳи азим деб ҳисоблайди.

Ваҳҳобийлик мустақилликнинг илк йилларидаги ғоявий бўшлиқдан усталик билан фойдаланишга интилди. Шунинг учун баъзи кишиларни араб мамлакатларида саёҳатда, хизмат сафарида, ўқишда бўлган вақтларида ўз таъсирига туширишга ҳаракат қилди. Шундан сўнг дастлаб жойлардаги масжидларнинг имом-хатиблиги учун, кейинроқ эса мамлакат диний идорасининг нуфузли лавозимлари учун курашди, ислом сиёсий партиясини тузишга ҳаракат қилди. Аста-секин Ўзбекистонни ислом республикаси деб эълон қилиш, минтақамизда халифаликни тиклаш режасини амалга оширмоқчи бўлдилар. Ўзбекистон давлати, Ўзбекистон Конституциясига қарши тажовузлар уюштирдилар.

Ҳизбут-таҳрир ҳам собиқ мафкура таназзулга юз тута бошлаган даврлардан бошлаб, ғоявий бўшлиқ шароитида муайян кишилар онги, дунёқарашига таъсир ўтказа бошлади. Унга ислом сиёсий партияси сифатида 1950-1953 йилларда Ливанда Тақийюддин Набҳоний асос солган. Ҳозирги вақтда бу ҳаракатга Абдулқадим Заллум деган киши раҳнамолик қилмоқда.

Ҳизбут-таҳрир ҳам 90-йилларнинг бошларида Ўзбекистонда гўё ғоявий бўшлиқни тўлдириш учун ҳаракат бошлади. Мақсад - бизнинг минтақамизда ўзининг сиёсий, ғоявий, мафкуравий жиҳатдан узоқни кўзловчи мақсадларига эришиш, таъсир доирасини кенгайтириш, одамларнинг қалби ва онгини забт этиш эди. Ҳизбут-таҳрирчилар “Ислом низоми”, “Исломда бошқарув низоми”, “Ҳизбий уюшма”, “Исломий давлат”, “Исломий фикр”, “Тафкир”, “Уқубатлар низоми”, “Сабр”, “Иззат ва шароф сари” каби ўқув дастурлари, китоб ва рисолалари, “Ал-Ваъй”, “Онг” журнали ва кўплаб варақалар орқали халифачилик ғоясини ёшлар онгига сингдиришга ҳаракат қилади.

 Ҳизбут-таҳрирчилар кўпроқ диний таълим олган ёшларни ўз йўлига оғдиришга ҳаракат қилди. Кейин эса уларнинг сафини ёшларнинг бошқа гуруҳларига мансуб вакиллари билан тўлдиришга интилди. Ниҳоят вақти келиб, уларни исломий билимларгагина эмас, террорчилик ҳаракатлари учун ҳам тайёрлай бошлади. Улар ўз ниятларини амалга оширишда “дўстлик”, “диндошлик”, “миллатдошлик” тушунчаларини ҳам ишга солади. Керак бўлганда моддий ёрдам ҳам кўрсатади. Масжидлар қуриб бериб, исломий адабиётлар билан таъминлаб, ўзларини ҳақиқий диндор, ҳақиқий мусулмон қилиб кўрсатишга интилади. Аммо разил ниятларини барибир ошкор этадилар, турли қўпорувчилик, тезкор ишларга сабаб бўладилар. Ваҳҳобийлик, ҳизбут-таҳрир каби зарарли оқимлар мустақилликнинг дастлабки йилларида содир бўлган ғоявий бўшлиқдан устамонлик билан фойдаланишга интилган бўлса-да, барибир мақсадларига эриша олмади.

80-йилларнинг охири ва 90-йилларнинг бошида айрим юртдошларимиз нима учун зарарли ғоя ва ёт мафкуралар таъсирига тушиб қолди?, деган савол туғилади. Биринчидан, собиқ мустабид мафкура барбод бўлганидан кейинги дастлабки йилларда миллий ғоя, истиқлол мафкураси тўлиқ шаклланиб, одамларнинг қалби ва онгига сингиб улгурмаган эди. Натижада эътиқоди бўш, содда ва ишонувчан одамлар билиб-билмай нотўғри йўлларга тушиб қолдилар. Иккинчидан, мустақил Ўзбекистон эски тузумдан янги тузумга ўтиш жараёнида бир қатор табиий қийинчиликларга дуч келди. Жумладан, иқтисодий соҳада қийинчиликлар бўлиши муқаррар. Бундай пайтда сабр-қаноатга ўрганмаган, енгил йўл билан яшашга кўниккан айрим кишилар маълум қийинчиликларга дуч келгач, ўз турмуш тарзини янгилаш учун осон йўл ахтаради. Улар аксарият холларда адашиб, нотўғри йўлларга кириб қолади. Учинчидан, бугунги кунда ёшларнинг ҳаммасини хам сердаромад иш билан таъминлаш имкони йўқ. Улар дипломи, маълумоти бўлса ҳам, баъзан кўнгилдагидек ишни топа олмайди ёки иш ҳақи олиб ишлашни хоҳламайди. Бунинг натижасида яна осон йўл ахтариб нотўғри, ёмон, салбий ҳаракатларга қўшилиб кетиши ҳам мумкин.

 

Ma’ruzalar matnlari