Мамлакатимизга таҳдид солаётган мафкуравий воситалардан яна бири узоқ давом этадиган минтақавий ва давлатлараро можароларни келтириб чиқаришга уриниш бўлиб, буни айрим мамлакатлар ҳудудида фаолият кўрсатаётган баъзи ғоявий-мафкуравий марказлар ўзларига мақсад қилиб олган. Улар муайян мамлакат ҳудудидан бошқа мамлакатга гиёхванд моддалар, таъқиқланган адабиётлар, турли қурол-яроғ каби нарсаларни ноқонуний тарзда олиб ўтишга уринмоқда. Уларнинг маълум бир кучлари Афғонистон ҳудудида туриб, Марказий Осиё давлатларига – Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳудудига, бу ерда яшаётган халқлар ҳаётига қарши тажовузкорона ҳаракатлар қилишга, бегуноҳ инсонлар қонини тўкишга интилмоқда.

Миллий истиқлол ғояси Ўзбекистоннинг мустақиллигини мустаҳкамлаш ва уни буюк давлатга айлантириш ҳақидаги сиёсий, ҳуқуқий, аҳлоқий, эстетик, фалсафий, илмий, экологик, диний, демографик тарихий қарашлар йиғиндиси бўлиб, Ўзбекистон халқини истиқболига юксак ишонч, иймон-эътиқод руҳида тарбияловчи ғоят қудратли маънавий қурол, ғоявий омил ҳисобланади. Ана шу сабабдан мамлакатимиз ҳудудини мафкуралар полигонига айланишига йўл қўймай, Ўзбекистон халқининг онги, дунёқараши, ҳаётга ижтимоий муносабати, хатти-ҳаракатларида мафкуравий иммунитетни шакллантириб, миллий истиқлол мафкурасини юртдошларимиз қалби ва онгига сингдириш, бугунги кундаги муҳим вазифадир.

Мафкуравий курашлар кучайган бугуги кунда ёшлар қалбида она-Ватанимизга, бой тарихимизга, миллий қадриятларимизга, миллатнинг ўлмас руҳи билан бўлган она тилимизга, ота-боболаримиздан мерос муқаддас динга соғлом муносабатни қарор топтиришимиз, уларнинг мафкуравий иммунитетини шакллантиришимиз мақсадга мувофиқдир. Зеро, бирор бир касалликни даволашдан олдин инсон организмида аввало унга қарши иммунитет хосил қилинади. Биз ҳам ёшларимиз қалби ва онгида зарарли ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантира олсак, турли хил “даъватчи”ларнинг алдовларига учмайдиган, ўз юрти, Ватани ва халқи учун фидойи инсонларни тарбиялай оламиз.

Хуллас, миллий истиқлол ғоясини фуқаролар онгига сингдириш орқали уларда мафкуравий иммунитет ҳосил қилиш замон амри, давр талаби. Бу бир зумда, бирпасда амалга ошириладиган жараён эмас. Бунда ҳар бир кишининг фаоллиги, омилкорлиги талаб этилади. Унинг амалга оширилиши эса Ўзбекистонимизнинг салоҳиятини янада оширади, келажаги буюк давлат барпо этилишини таъминлайди, одамларимизнинг эътиқодини мустахкамлайди.

Тачнч  тушунчалар

Мафкуравий муаммолар, ғоявий бўшлиқ, ёт ғоялар, зарарли ғоялар, ғоявий таъсир, мафкуравий тажовуз, мафкуравий иммунитет.

 

 

Мавзу: Миллий истиқлол ғоясининг моҳияти ва асосий тамойиллари. Миллий истиқлол ғоясининг бош мақсади

 

           Режа:

Миллий истиқлол ғояси тушунчаси, унинг моҳияти ва мазмуни.

Миллий истиқлол ғоясининг асосий хусусиятлари.

Миллий истиқлол ғоясининг фалсафий-тарихий асослари.

Миллий истиқлол мафкурасининг асосий мақсади.

Миллий истиклолимизнинг ғоявий соҳадаги асосий вазифалари.

Миллий истиқилол мафкурасининг муҳим хусусиятлари.

 

Ҳар қандай миллат, ҳар қандай халқ бор экан, унинг ўз манфаатлари, мақсад ва орзуларига эга бўлиши табиий. Ана шу орзу-умидлар ва мақсадларни ифода этадиган, уларни рўёбга чиқариш учун халқни сафарбар қиладиган ғоялар эса муайян мафкурага асос бўлади. Миллий истиқлол ғояси Ўзбекистонда яшовчи барча миллат ва элат вакилларининг туб манфаатларини, халқимизнинг асрлар мобайнида интилиб келган орзу-идеалларини, олижаноб мақсад-муддаоларини ўзида мужассам этади.

Халқимиз асрлар мобайнида эзгу ният қилиб келган мустақилликни сақлаш ва мустаҳкамлаш ўзбекистонлик ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчидир. Бунинг учун барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, муқаддас она-Ватаннинг ҳаётий манфаатларини юракдан ҳис этган холда уларни рўёбга чиқариш учун фаол ҳаракат қилишимиз, курашишимиз зарур. Бу жараён халқимиз манфаатларини ўзида мужассам этадиган миллий ғояни англаш билан боғлиқ ҳолда кечади. Ватан манфаатлари ҳар бир фуқаро манфаатлари билан узвий боғлангандир. Зеро, Ватаннинг ободлиги халқнинг фаровонлиги билан боғлиқ. Фуқаролари бадавлат мамлакатгина моддий ва маънавий тўкис бўлади. Шундай экан, миллий истиқлол ғоясининг мухим тамойилларидан бири инсон қадр-қимматини ҳар тамонлама юксалтириш, халқ фаровонлигини оширишдан иборат.

Миллий истиқлол мафкурасининг моҳиятида қуйидаги умуминсоний тамойиллар ётади:

“Миллий истиқлол мафкураси:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, миллий ва умуминсоний қадриятлар, демократия тамойилларига асосланади”. Бинобарин у қонунийликка, умумэътироф этилган талабларга  умуминсоний тамойилларга зид келмайди;

халқимизнинг асрлар давомида шаклланган юксак маънавияти, анъана ва удумлари, улуғ бобокалонларимизнинг ўлмас меросидан озиқланади. Бу миллий мафкурамизнинг тарихий ва маънавий асосига эга эканидан далолат беради;

адолат ва ҳақиқат, эркинлик ва мустақиллик ғоялари ҳамда халқимизнинг ишонч ва эътиқодини акс эттиради. Биламизки, бу улуғ ғоялар истиқлол сари интилган ҳар бир халқнинг эзгу мақсади, ишонч ва эътиқоди бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади;

юрт тинчлиги, ватан равнақи ва халқ фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади. Бу тамойил унинг жамият аъзоларини аниқ мақсад сари йўналтирувчи, уюштирувчи моҳиятга эга эканини ифодалайди;

жамият аъзоларини, аҳолининг барча қатламларини Ўзбекистоннинг буюк келажагини яратишга сафарбар этади. Бу олижаноб мақсадларга эришиш фуқароларнинг ҳамжихатлигига, ўзимизнинг бурчимизни қай даражада англашимизга, эртанги кунга бўлган ишончимизга кўп жиҳатдан боғлиқдир;

миллати ва динидан қатъий назар, мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси қалбида она-Ватанга мухаббат, мустақиллик ғояларига садоқат ва ўзаро хурмат туйғусини қарор топтиради. Бу қоида Ватаннинг муқаддаслигини ҳар бир фуқаро онгига сингдиришга хизмат қилади;

жамоатчилик қалби ва онгига фикрлар хилма-хиллиги, виждон эркинлиги тамойилларига риоя қилган ҳолда маърифий йўл билан сингдирилади. Бу миллий истиқлол ғоясининг фикрлар ранг-баранглиги, эътиқод эркинлиги каби демократик тамойилларга амал қилган ҳолда ҳаётга жорий этилишидан далолат беради.

 Миллий истиқлол мафкурасининг асосий тамойиллари қуйидагиларда намоён бўлади:

мамлакатнинг мустақиллигини мустахкамлаш, унинг ҳудудий яҳлитлиги ва сархадлар дахлсизлигини таъминлашда ёрдам бериш;

 миллий ва умуминсоний қадриятларнинг уйғунлигига таяниш;

халқаро ҳуқуқ қоидаларига мос келиши;

давлатнинг бош ислохатчи эканлиги ва мамлакатда ижтимоий барқарорликни таъминланганлиги, ўтиш даврида ахолининг ижтимоий химояланганлиги, жамият ҳаёти барча соҳаларининг эркинлашуви, ислохатларнинг тадрижийлиги тамойилларига хизмат қилиши.

Истиқлол мафкураси халқимизнинг ўзига хос табиати, иродаси, орзу-интилишларини ифодалайдиган қуйидаги миллий хусусиятларни замон талаблари асосида янада бойитишни назарда тутади:

халқимиз ҳаётида қадим-қадимдан жамоа бўлиб яшаш руҳининг устунлиги. Бу маҳаллачилик, хашар, маросимлар ўтказиш, тўй-томошаларда яққол кўринади;

жамоа тимсоли бўлган оила, маҳалла эл-юрт тушунчаларининг муқаддаслиги;

ота-она, маҳалла-кўй, умуман жамоатга юксак ҳурмат-эътибор;

миллатнинг ўлмас руҳи бўлган она тилига муҳаббат;

каттага – ҳурмат ва кичикка – иззат;

меҳр-оқибат, гўзаллик ва нафосат, ҳаёт абадийлиги рамзи – аёл зотига эҳтиром;

сабр-бардош ва меҳнатсеварлик;

ҳалоллик, меҳр-оқибат ва ҳоказо.

Истиқлол мафкураси қуйидаги умумбашарий қадриятларни эътироф этади ва улардан озиқланади:

қонун устуворлиги;

инсон ҳақ-ҳуқуқлари ва ҳурфикрлик;

турли миллат вакилларига ҳурмат ва улар билан баҳамжихат яшаш;

диний бағрикенглик;

дунёвий билимларга интилиш, маърифатпарварлик;

ўзга халқларнинг илғор тажрибалари ва маданиятини ўрганиш ва хоказо.

Ғоя сафарбар этувчи улуғвор фикр бўлса, мафкура мана шундай улуғвор ғояларни бир бутун яхлит куч қилиб бирлаштирувчи, уюштирувчи, ҳаракатга келтирувчи, бошқарувчи ғоялар тизимидир. “Миллий истиқлол мафкураси, ўз мазмун-моҳиятига кўра, Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий тараққиётига хизмат қилади, барча сиёсий партиялар, гуруҳ ва қатламларнинг – бутун халқимизнинг умумий манфаатларини ифодалайди”.

Мафкура – миллий ўзликни англатувчи куч. Миллий истиқлол мафкурасининг  асосий таянч нуқтаси ҳам ижтимоий даражадаги миллий ўзликни англата олишидадир. Яъни, миллат ўзини халқ сифатида, эл сифатида англамагунса у ўзининг обрўйи, қадр-қиммати, ор-номуси ҳақида қайғура олмайди, миллий ғурур ва ифтихор туйғусини ҳис эта олмайди. Ўзликни англаш – халқни уйғотувчи, фаол ҳаракатга келтирувчи, ижтимоий уюштурувчи куч бўлиб, унинг негизида “бу - бизники” деган эгалик ҳиссиёти ётади.

Шу маънода, бизда ҳам “Ўзбекистон – ягона Ватан” деган туйғу юксак ижтимоий даражада шаклланмоқда. Бу ерда яшовчи халқ, юртбошимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, бошқа жойдан кўчиб келиб, ўрнашиб қолган эмас. Бу замин ота-боболаримиз яшаб ўтган азалий ва муқаддас макондир. Бу замин Шарқ ва Ғарбнинг, Шимол ва Жанубнинг, қадим ўтмиш ва буюк келажакнинг туташган жойи, Марказий Осиёнинг юраги, инсоният тафаккури, фан ва маданиятнинг энг кўхна ўчоқларидан биридир. Бу тупроқда жаҳонни ҳайратга солган цивилизациянинг илдизлари вужудга келган, инсоният тарихининг энг қадимги даврларига мансуб диний ва фалсафий анъаналар шаклланган. Қадимги юнон файласуфи Гераклит бу юртни “фалсафий тафаккурнинг бешигидир”, деб бекорга таърифламаган.

Шуни таъкидлаш жоизки, бизнинг цивилизация ўзига хос тафаккур услубига эга. Бундай тафаккур услуби кўп ўлчовли (яъни бир вақтнинг ўзида бир масаланинг кўп жиҳатларини қамрай олиш), толерант (яъни турлича нуқтаи назарлар ва мафкураларнинг бир-бирига дахл этмасдан яшай олиши, ўзгача қарашларга нисбатан тоқатлилик ва бағрикенглик) ва очиқ тизимга эга бўлгани (яъни турлича фикрларга, нуқтаи назарларга чегара қўймаслик, ўзгача қарашларнинг кириб келишига тўсқинлик қилмаслик, янгича қарашларга нисбатан тоқатлилик) сабабли юртимизда турлича қарашлар ва турлича диний эътиқодлар ёнма-ён яшай олган.

Бу заминимизда бир ибодатхона ичида туриб турли дин вакиллари ўзаро мунозаралар олиб борган,  лекин бир-бирининг инсоний шаънига тил теккизмаган. Бундай мунозараларда турли дин ва мазхаб вакиллари бир-биридан хайрли одатларни ўрганиб олишган, ҳамда ўз динларига тадбиқ этишган. Шу тариқа турли динларнинг моҳиятидаги энг илғор инсоний анъана ва одатлар халқимиз қалбидан жой олган. Шу сабабли ҳам саховатли заминимизда яшаб ўтган буюк мутафаккирларнинг фалсафий қарашларида инсоний ғоялар устуворлик  қилган ва уларнинг таълимотларида воқелик кенг кўламда, теран ва мукаммал ифодаланган. Бу донишмандларнинг фалсафий ғояларида синкритик (яъни турлича ғояларнинг бир бутунликда жамлашуви) ва синергетик (ўз-ўзини такомиллаштирувчи, кенг, кўп ўлчовли ва очиқ системали) тафаккур услубининг устуворлиги яққол кўзга ташланади.

Ўзликнинг англашнинг мухим жихатлари нимада? Бу шундаки, мазкур ижтимоий туйғу туфайли миллат ўзининг кимлигини, нималарга қодир-у нималарга қодир эмаслигини, қандай ютуқлари бору қандай камчиликларга эга эканлигини, қайси йўлдан, қаёққа бориши лозимлигини англайди. Ана шу асосдан келиб чиққан холда хулоса қилиб айтадиган бўлсак, миллий истиқлол мафкураси халқимизнинг бунёдкорлик салохияти ва танлаган йўлимизнинг тўғрилигини англаш омилидир. У ўтмишни келажак билан боғлайдиган маънавий кўприк бўлиб хизмат қилади. Яъни халқимизнинг ўтмишда эришган маънавий бойликларига эгалик қилишига, онгимизга сингиб кетган ўзбекона тафаккур тарзи орқали бугунги воқелигимизни акс эттиришда, уни бошқаришда ва бой тарихий тажрибаларимизга таянган ҳолда келажагимизни бунёд этишда ғоявий таянч бўлади.

Мафкурамиз том маънодаги миллий мафкурага айланиши учун қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:

 

Ma’ruzalar matnlari