Тўртинчидан, минтақада юзага келган муаммоларни хал қилишга ҳизмат қилувчи янги маънавий-мафкуравий муҳитни шакллантириш эҳтиёжи ҳам ошиб борди. Мамлакатимиз Президенти Ислом Каримов таъкидлаганидек: “СССР парчаланиб кетгандан кейин бизнинг иродамиз ёки интилишимизга боғлиқ бўлмаган ҳолда Ўзбекистон амалда фронт яқинидаги давлатга айланиб қолди. Унинг ташқи чегараларида – Афғонистон ва Тожикистонда сўнги йилларда юз минглаб инсонлар ҳаётига зомин бўлган иккита танглик ўчоғи аланга олиб турибди.

Афғонистонда уруш алангаси ўчмагани фақат бизнинг мамлакатимиз учунгина эмас, балки бутун минтақадаги барча мамлакатлар учун ҳам катта хавф-хатарни вужудга келтиради.

Бешинчидан, Ўзбекистон ўзининг иқтисодий салоҳияти, хом-ашё ресурсларига бойлиги, ишчи кучи ва демократик имкониятлари, кўп жиҳатдан геополитик жойлашувига кўра ҳам, минтақада етакчи ўринда турганлиги билан ажралиб туради. Бинобарин, Ўзбекистонга нисбатан бўладиган ҳар қандай хавф-хатар, албатта, бутун минтақага таъсир қилади. Шу маънода ҳам турли сиёсий кучлар ва ҳаракатлар Афғонистондаги уруш оловини кучайтириш ва минтақадаги вазиятни мураккаблаштириш ҳамда минтақа давлатларини унга жалб қилишнинг турли йўлларини ва услубларини ишга солмоқда.

Инсоният цивилизациясининг ривожланиш тарихи, айниқса, ҳар жиҳатдан бир-бирига боғлиқ бўлиб қолган ҳозирги дунё воқеалари шундан далолат бериб турибдики, алоҳида олинган бир давлатдаги ҳеч бир можаро узоқ вақт давомида миллий чегаралар доирасида қолиб кетмайди. Бир қанча сабабларга кўра бундай можаро назорат қилиб бўлмайдиган даражада ёйилиб кетиши муқаррар. Бу эса эртами-кечми қўшни давлатлар олдига барча салбий оқибатлари билан бирга қатор муаммоларни кўндаланг қилиб қўяди. Хатто минтақадаги вазиятни беқарорлаштириш даражасига бориб етади. Шу нуқтаи назардан қараганда, можаронинг яширин ва ошкора тарзда байналмилаллашуви тангликни чуқурлаштиради. Чунки турли мақсадларни кўзлайдиган ва танглик мавжуд бўлган худудда ўз манфаатларини таъминлашга интиладиган ташқи кучлар ҳамма вақт шай туради.

Марказий Осиё мамлакатлари ўз мустақиллигини қўлга киритиб, тараққиёт сари қадам ташлаётган ҳозирги шароитда ҳам жаҳондаги маълум бир сиёсий кучлар, мафкуравий полигонлар улкан иқтисодий салоҳият ва қулай геополитик мавқега эга бўлган бу минтақани ўз манфаатлари доирасига тортиш ҳаракатларидан тўхтагани йўқ. Улар ўз мақсадларига эришиш учун таъсир ва босим ўтказишнинг барча шаклларини  қўлламоқдалар. Жумладан, Марказий Осиё мамлакатларининг ўзаро иқтисодий интеграциялашув жараёнига тўсқинлик қилиш, уларда ўзаро бир-бирларидан норозилик кайфиятини уйғотиш каби мафкуравий таъсир ўтказиш холатлари содир бўлаётганлигини таъкидлаш мумкин.

Бу мақсадда минтақада тарихан шаклланган ижтимоий-иқтисодий, маданий, маърифий алоқаларни издан чиқариш, дўст ва биродар давлатлар, халқлар ва миллатлар ўртасига низо солиш, кескинлик ўчоқларини келтириб чиқариш учун турли ғоявий, диний ва мафкуравий воситалар ишга солинмоқда. Айниқса, Марказий Осиё халқларининг дунёқараши ва маънавиятида ислом динининг мустаҳкам ўрин эгаллаганидан фойдаланиб, уларга исломий “сабоқ” бериш, исломни қайта тиклаш байроғи остида минтақада диний экстремизм ва фундаментализмни кенг тарқатиш борасида олиб борилаётган қўпорувчилик ҳаракатлари кучайди.

Маълумки, “фундаментализм”, “экстремизм”, “терроризм” каби тушунчалар жамиятда қабул қилинган қонун-қоидаларга мос келмайдиган ва уларга зид бўлган ғоялар ҳамда улар асосидаги ҳаракатларни ифодалайди. Экстремизм қандай номланган ёки қандай кўринишга эга бўлмасин, унинг асосий мақсади жангари гуруҳларни шакллантириш орқали ҳокимият тепасига келишдан иборат. Худди шундай “фундаментализм”, “терроризм” каби сўзлар ҳам том маънода ҳокимият ёки бирор бир ғаразли мақсадлар учун курашувчи ижтимоий-сиёсий гуруҳ ва оқимларга тегишлидир.

Масалан, “фундаментализм” атамаси аслида, христиан дини билан боғлиқ ҳолда шаклланган. Унинг биринчи бор расмий қўлланиши 1908 йили АҚШнинг Калифорния штати пртестантлари тузган “Христиан динининг фундаментал тушунчалари конференцияси”га тегишли бўлиб, қуйидагича асосий 5 ақидани ифодалайди.

иисуснинг бокира аёлдан дунёга келгани;

унинг инсоният гуноҳларини оқлаш учун қурбон бўлгани;

жисман қайта тирилиши;

ер юзига жисмонан иккинчи бор келиши;

китобнинг муқаддаслиги ва уни дастлабки соф ҳолига қайтариш.

   Диний экстремизм ўзининг икки хусусияти билан ажиралиб туради:

уларнинг ақидаларга кўра, гўё барча ҳозирги замон мусулмон жамоалари исломий тусларини йўқотганлар ва жоҳилия (исломдан аввалги) асри жамиятларига айланган. Бундай ёндашув ҳукумат ва унинг олиб бораётган сиёсатини танқид қилишга “асос” бўлиб хизмат қилади;

улар гўё фақат”ҳақиқий” мусулмонлар, яъни уларнинг ўзлари ҳокимиятга келгач барпо бўлажак “исломий тартибни” ўрнатиш учун кескин ва агрессив ҳаракат қилиш зарур деб ҳисоблайдилар.

Аслида “фундаментализм” ва “экстремизм” ғояларининг Марказий Осиёга кириб келишидан кўзланган мақсад – диннинг қадриятларини қайтадан тиклаш эмас, балки ана шу ғоялардан восита сифатида фойдаланиш орқали минтақада беқарорликни, диний ва миллатлараро низоларни вужудга келтириш, охир-оқибат эса ҳокимиятни қўлга киритишдир. Бу уринишларда тузатиб бўлмас фожеаларга олиб келиши мумкин бўлган, тарих сахифасида қолиб кетган халифаликни тиклаш ғоясига ҳам зўр берилмоқда. Ана шу йўлда ислом фундаментализми вакиллари, хатто диний эътиқод даражасида, инсон қалби маънавий бойлигининг ажралмас қисми бўлган миллий ўзига хосликни “қурбон” қилиш ғоясидан ҳам тоймаяптилар.

Диний экстремизм ва фундаментализмнинг минтақамиз, хусусан мамлакатимиз тараққиётига хавф туғдираётганлигини Президентимиз теран англаб, бу қандай дахшатли оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан ҳаммамизни огоҳ қилган эди. Тошкентда феврал фожеалари содир этилмасдан икки йил олдин Президент И.А.Каримов ўзининг “Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари” номли фундаментал асарида шундай ёзган эди: “Кўплаб, сиёсатчилар, олимлар, журналистлар XX аср охирида юз берган “Ислом уйғониши”, “қайта исломланиш”, “ислом феномени” ва бошқа турли-туман номлар билан аталган ҳодисанинг сабабларини тушунтириб беришга ҳаракат қилдилар. Бу тушунчалар ҳақида мунозарага киришмаган холда, эътиборни жаҳон ҳамжамияти ҳаётида ислом қадриятларини тиклаш байроғи остида рўй бераётган ҳодисалар ғоят хилма-хил, кўп қиррали, баъзан зиддиятли ва хатто қарама-қарши қутбли эканлигига қаратмоқчиман. Шу билан бирга аниқ-равшанки, жаҳон жамоатчилиги бу жараёнларга жуда катта қизиқиш билан қараб қолмаяпти. Унинг диний экстремизм ва фундаментализм каби кескин ходисалар муносабати билан безовталанётганлиги баъзан эса, хатто хавфсираётгани ҳам кўзга ташланмоқда. Ўзбекистоннинг мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг хавфсизлигини таъминлаш зарурлиги нуқтаи назаридан қараганда, бу ходисалар бизда ҳам жиддий ташвиш туғдирмоқда”. Бу фикр ҳақиқат бўлиб чиқди. Экстремистлар 1999 йилнинг 16 февралида ўзларининг қора ниятларига эришиш мақсадида Тошкентда қўпорувчиликни амалга оширдилар. Бу қўпорувчилик ҳаракатлари орқасида катта кучлар борлиги аён. Уларнинг мақсади - Президентимиз таъкидлагандек, - халқимизнинг тинчлигини бузиш, қўрқитиш, юрагига ваҳима солиш, юритаётган сиёсатимизга ишончни сўндириш, амалга ошираётган улкан ишларга зарба беришдан иборат.

Агар Ўзбекистонда душманларимиз мўжаллаган мақсадлар амалга ошса, бу нафақат бизда, балки бутун минтақа давлатларида ҳам жуда катта сиёсий ўзгаришларнинг содир бўлишига сабаб бўлиши, минтақавий интеграция жараёнларига ўзининг улкан салбий таъсирини ўтказиши мумкин эди. Террористларнинг амалга оширган қўпорувчилик ҳаракатлари кўзлаган  мақсадига етмади ва етолмайди ҳам.

Ўзларининг ислом динининг “химоячилари” деб кўрсатишга уринаётган террористларнинг асл нияти чинакам исломий қадриятларни тиклаш эмас, балки ҳокимиятни қўлга киритиш, Марказий Осиёдаги мамлакатларни ўзлари танлаган йўлдан қайтариш ва бутун минтақада ўз ҳукмронлигини ўрнатиш эди. Аслида, мустақиллик йилларида мамлакатимизда ҳақиқий исломий қадриятларимиз тикланди ва бу йўналишда изчиллик билан катта ишлар амалга оширилмоқда. Динимизнинг халқимиз маънавиятининг ажиралмас қисмига айланганлиги Президентимизнинг қуйидаги фикрларида ўз аксини топган: “Биз ўз миллатимизни мана шу муқаддас диндан айри ҳолда асло тасаввур қилолмаймиз. Диний қадриятлар ҳаётимизга шу қадар сингиб кетганки, уларсиз биз ўзлигимизни йўқотамиз. Халқимизни минг йиллик тарихини, бугунги маънавий ҳаётини, дину диёнатимизни мухтасар ифодалаб айтиш мумкинки, Оллоҳ бизнинг қалбимизда, юрагимизда”.

Марказий Осиё минтақасидаги мафкуравий жараёнлар тизимида Афғонистонда давом этаётган фуқаролар уруши ҳам алоҳида ўрин эгаллаб турибди. Йигирма йилдан буён давом этиб келаётган харбий можаролар оқибатида умуминсоний цивилизациядан узилиб қолган Афғонистон ҳудуди халқаро террорчилик ва диний экстремизм, қурол-яроғ ва гиёхванд моддаларнинг ноқонуний савдоси ўчоғи бўлиб қолди. Бу эса турли зарарли ғояларнинг террорчилик, таҳдид ва таҳлика йўли билан бутун минтақага ёйилиши хавфини туғдирмоқда. Шунинг учун ҳам Президентимиз бу хавфни олдини олиш зарурлигига жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини қаратмоқди.

Ma’ruzalar matnlari