2000 йилнинг сентябр ойида ҳам БМТ Бош Ассамблеяси “Минг йиллик Саммити”да Президентимиз минтақамиз хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ бўлган халқаро терроризм ва наркобизнесга қарши фаол курашиш, Марказий Осиё минтақасидаги барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш ва жаҳон хавфсизлик тизимини такомиллаштириш муаммоларига эътибор қаратди, бу масалаларни ўта мураккаб тус олаётганлигини асослаб берди. Мустақил тараққиёт, эркин ва фаровон ҳаётга бўлган ишонч – эътиқодни мустаҳкамлаш йўлида хавф-хатарларнинг олдини олиш учун муттасил огоҳ бўлиб яшаш, биргаликда кураш олиб бориш минтақа халқлари учун ҳаётий заруриятга айланиб қолди.

Шу маънода Ўзбекистон Президенти томонидан олға сурилган “Туркистон – умумий уйимиз” ғоясининг амалий аҳамиятини алоҳида таъкидлаш лозим. Шунинг билан бирга Президентимиз таъкидлаганидек, “...Марказий Осиё мамлакатларининг тинчлиги ва барқарорлигига, мазкур минтақада яшовчи халқларнинг хавфсизлигига дахл қилувчи тажовузларнинг олдини олиш ва бартараф этиш борасидаги ҳамжихатлигини мустаҳкамлаш зарур. Уларнинг бу йўлдаги саъй-ҳаракатлари, имкониятлари ва салохиятларини мувофиқлаштириш ва бирлаштириш мухимдир”.

Минтақада хавфсизликни таъминлашнинг асосий шарти Афғонистонда давом этаётган фуқаровий урушни тўхтатиш, у ерда тинчликни таъминлашдир. Чунки бу заминда давом этаётган уруш натижасида наркотик моддаларни ноқонуний йўл билан минтақа мамлакатларига олиб ўтиш, қуролларни ғайриқонуний йўл билан тарқатиш, террорчилик ҳаракатларини авж олдириш содир бўлмоқда. Бу борада ҳам Ўзбекистон илгари сураётган Афғонистондаги харбий можароларни сиёсий йўл билан ҳал этишга қаратилган “Олти қўшув икки” гурухи фаолиятини йўлга қўйиш, террорчиликка қарши халқаро кураш марказини ташкил қилиш борасидаги ташаббуслар, минтақа мамлакатлари ўртасидаги интеграция жараёнларини кучайтириш юзасидан олиб борилётган саъй-ҳаракатлар муҳим аҳамият касб этади.

Хуллас, бугунги кунда хавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ бўлган муаммоларни ҳал этиш минтақадаги барча мамлакатларнинг истиқболини ҳам бир қадар белгилаб беради. Шунинг билан бирга бу – минтақада яшаётган халқларнинг азалий қон-қариндошлиги, хамкорлиги ва маънавий-руҳий яқинлигини мустаҳкамлашда ҳам ўта муҳим аҳамиятга молик масала бўлиб қолаверади. Худди шунингдек, минтақага қарши қаратилган мафкуравий таъсирларга қарши курашни кучайтиришда умумминтақавий бирликни мустаҳкамлашнинг аҳамияти ҳам ошиб бораверади.

Мустақиллик йилларида шаклланиш йўлига кирган миллий истиқлол мафкураси халқимизнинг асрий анъана ва қадриятларини, миллий ўзлигимизни ўзида мужассамлаштириб, уларни умуминсоний қадриятлар, дунё цивилизацияси ютуқлари ҳамда илғор, тараққийпарвар ғоялар билан бойитиб, мамлакатимиз ўз олдига қўйган эзгу мақсад ва вазифаларни аниқ-равшан акс эттиради. Унинг воситасида ҳар бир ватандошимиз биз қандай жамият, қандай давлат, қандай тузум барпо этмоқдамиз, унинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-маънавий асослари нималардан иборат?, деган саволларга жавоб топади.

Давлатимиз раҳбари Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон XXI асрга интилмоқда”, “Ўзбекистон ўз истиқлол ва тараққиёт йўли”, “Ўзбекистон буюк келажак сари” каби асарларида ҳамда кўплаб маъруза ва нутқларида Ўзбекистон халқи қандай мақсад сари интилаётгани, қандай жамият барпо этаётгани илмий асосда кенг ва атрофлича ёритиб берилган.

Маълумки, биз қандай жамият барпо этмоқдамиз, деган масала мустақилликка эришганимиздан буён долзарб аҳамият касб этиб келмоқда. Бу масала Президентимизнинг “Ўзбекистон XXI асрга интилмоқда” асарида айниқса ўзининг тугал ва мукаммал ифодасини топди. Унда қурилажак янги жамиятнинг илмий-фалсафий концепцияси, жамият ҳаётини тубдан ислоҳ қилишнинг навбатдаги стратегик вазифалари асослаб берилган. Ана шу масалаларни бажариш миллий истиқлол ғоясининг пировард мақсадларни белгилайди ва бу мақсадларга етишга хизмат қилади.

Бизнинг бош стратегик мақсадимиз – озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт, бозор иқтисодиётига асосланган эркин демократик жамият барпо этишдир. Бозор иқтисодиёти, энг аввало, кўпмулкчиликка ва улар ўртасидаги рақобатга таянади. Унда мулкнинг барча қонуний шакллари тенг ҳуқуққа эга бўлиб, бу ҳуқуқ давлат томонидан кафолатланади. Иқтисодий тараққиётни бозордаги талаб ва таклиф йўлига солади ва бошқара бошлайди. Уни марказдан туриб бошқаришга, маблағ ва фондларни режали тақсимлашга ҳожат қолмайди. Собиқ социалистик мамлакатларнинг тажрибаси шуни кўрсатадики, марказдан туриб бошқариладиган режали иқтисодиёт охир-оқибатда барибир таназзулга юз тутади.

Кўпмулкчиликка асосланган бозор иқтисодиётини жорий қилиш орқали юртимизда яшайдиган барча инсонлар учун миллати,тили, динидан қатъий назар, муносиб ҳаёт шароити яратиб бериш, ривожланган демократик мамлакатлардаги каби кафолатланган турмуш даражаси ва эркинликларини таъминлаш – давлатимиз сиёсатининг мазмун-моҳиятини ифодалайди.

Лекин бозор иқтисодиёти муносабатларига ўтиш ва уларнинг амалда жорий қилишнинг тайёр андозаси йўқ. Бу борада биз хатто жаҳондаги энг юксак ривожланган мамлакатлар тажрибасини ҳам кўр-кўрона қўллай олмас эдик. Чунки бизнинг мамалакатимиз иқтисодиётнинг таркибий тузилиши, қазилма бойликлари ва иқлим шароити, табиий ресурслари, халқимизнинг менталитети, аҳоли таркиби ва ўсиши бирор мамалакатникига айнан ўхшамайди. Бошқа давлатларда яхшигина самара берадиган тараққиёт модели бизда ҳеч қандай самара бермаслиги ёки аксинча, инқирозни янада чуқурлаштириши мумкин эди.

Шу боис халқимиз иродаси билан танлаб олинган ва ўзимизга мос ривожланиш бу – ижтимоий ларзаларсиз, инқилобий сакрашларсиз, тадрижий тарзда олға боришни тақазо этадиган йўлдир. Миллий истиқлол ғояси ана шу йўлда фуқароларни бирлаштиради, якдил ва ҳамфикр бўлишларига хизмат қилади. Жамият тараққиётини қатъий белгилаб олиб, устувор йўналишлар бўйича тараққиётни таъминлаш, ислоҳатларни босқичма-босқич амалга ошириш орқали бозор муносабатларига асосланган демократик одил жамият барпо этиш Ўзбекистон танлаган йўлининг маъно-мазмунини ташкил этади. Танлаб олинган бу йўл, ҳамда унга мос миллий истиқлол ғоясининг стратегик мақсадлари жамият ҳаётининг барча соҳаларига дахлдор бўлган қуйидаги бир қатор вазифаларни амалга оширишни тақозо этади.

Сиёсий соҳада:

Жамият ҳаётини демократлаштириш жараёнини янада чуқурлаштириш, унинг изчиллиги ва самарадорлигини таъминлаш – мамлакатимизда амалга оширилаётган сиёсий ислоҳотларнинг энг асосий йўналишидир.

Биринчидан, мамлакатимиз сиёсий хаётининг барча соҳаларини, давлат ва жамият қурилишини эркинлаштириш, аҳолининг сиёсий фаоллигини ошириш, унда миллий ва умумбашарий қадриятларга асосланган сиёсий маданиятни шакллантириш.

Ўзбекистон Конституциясига мувофиқ, халқ давлат хокимиятининг бирдан бир манбаидир. Халқнинг менталитети, сиёсий маданияти, ўз ҳақ-ҳуқуқларини, туб манфаатларини англаш даражаси, ҳуллас, сиёсий ва маънавий етуклиги унинг давлат қурилишида қанчалик фаол иштирок этишини белгилайди. Бинобарин, сиёсий ҳаётни эркинлаштиришнинг асосий шартларидан бири - халқнинг сиёсий онгини ўстириш, унга демократик эркинликларнинг маъно-моҳиятини тўғри тушуниб олиш ва ўзлаштиришга имкон яратишдан иборат.

Сиёсий маданият, бир томондан фуқароларнинг, иккинчи томондан давлат идоралари ва жамоат ташкилотлари ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг қонунга бўйсунишидан бошланади. Демак, биз барпо этаётган жамиятда нафақат аҳоли ҳуқуқий билимларини ошиши, унинг онги юксалишига, балки ҳокимиятнинг барча мустақил тармоқлари, нодавлат ташкилотлари ва ижтимоий институтлари фаолият самарадорлиги ортишига ҳам жиддий эътибор қаратилади.

Ижтимоий тараққиётга интилаётган, сиёсий ва иқтисодий ҳаётни эркинлаштириш йўлидан бораётган ҳар қандай жамият ҳуқуқий маданияти юксак, озод ва эркин шахсни тарбиялашга интилади. Зеро, шундагина демократия, фикр ва виждон эркинлиги, плюрализм ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш, гуманизм ва умуминсоний қадриятларга амал қилиб яшаш тамойили жамият ҳаётининг асосий мезонига айланади. Чунки демократиянинг ижодкори, амалга оширувчиси, ривожлантирувчиси – инсондир. Демократия – фақат халқ ҳокимияти бўлиб қолмай, у айни пайтда ҳар бир инсон, ҳар бир жамоа ва бутун халқнинг ўз мамлакати келажаги, ўз тақдири олдидаги маъсулияти ҳамдир.

Демократия ва сиёсий ҳаётни эркинлаштириш заруратини охлократиядан (охлос-тўда, оломон), яъни турли гурухларнинг сиёсий ўзбошимчалигидан, хокимият идораларига ноўрин талаблар қўйишидан, тазйиқ ўтказишдан фарқ қилиши лозим.  Бу ўз навбатида демократия, сиёсий ҳаётни эркинлаштириш орқали фуқаролардан ўз манфаатларини давлат ва жамият манфаати билан уйғунлаштиришни, юксак сиёсий маданиятга эга бўлишни талаб қилади.

Иккинчидан, жамиятимиздаги турли манфаатлар, қарама-қарши кучлар ва ҳаракатлар ўртасидаги мувозанатни таъминлайдиган самарали механизмни шакллантириш, сиёсий ҳаётда ҳақиқий маънодаги кўппартиявийлик тамойилини қарор топтириш.

Мулкчиликнинг ранг-баранг шакллари қарор топаётгани, улар тенг ҳуқуқлилигининг давлат томонидан кафолатланаётгани жамиятнинг ижтимоий-табақавий таркибини ўзгартирмоқда. Бугун янги ижтимоий қатлам ва гуруҳлар – сармоядорлар, тадбиркорлар ва ўрта синф вужудга келмоқда. Мулк шакллари хилма-хиллиги ва ижтимоий табақаланиш жараёнига мос холда турли манфаатлар, қарама-қарши кучлар ҳамда ҳаракатлар ҳам пайдо бўлмоқда. Мамлакатимизда кўппартиявийлик тизимининг шакллангани бунинг яққол далилидир.

Ma’ruzalar matnlari