Шундай қилиб, биз барпо этаётган жамиятдаги турли манфаатлар, қарама-қарши кучлар ва ҳаракатлар ўртасидаги мувозанатни таъминловчи механизм қуйидаги иқтисодий, сиёсий, ижтимоий омиллардан ташкил топади:

  мулкчиликнинг турли шаклларини ривожлантириш;

  ҳақиқий кўппартиявийликни қарор топтириш;

  мулкдорлар синфи ва ўрта синф шаклланишини жадаллаштириш;

  ижтимоий гурухлар ўртасидаги ҳамкорлик ва шерикчиликни вужудга келтириш;

  миллий истиқлол ғоясини мунтазам ва босқисма-босқич жамият онгига сингдириб бориш.

 Учинчидан, демократик институтларнинг мустақил фаолият кўрсатиши учун янада кенгроқ шарт-шароит яратиш, ҳокимиятни конституциявий бўлиниши тамойилига қатъий амал қилиш, жамият аъзоларининг барча сиёсий, ижтимоий салоҳиятини, ташаббус эркинлигини рўёбга чиқариш учун зарур имкониятларни ишга солиш тақазо этади. Бу – мамлакатимизда демократия тамойилларига асосланган, ҳеч қандай сиёсий кучнинг субъектив хохиш-иродасига қарам бўлмасдан ишни фаол ташкил қиладиган, ўз моҳиятига кўра, жамиятнинг олға силжишига халақит бераётган иллат ва асоратларни бартараф этишга қодир бўлган самарали тизимни шакллантириш демакдир.

 Бундай самарали тизим – демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятидир. Ҳуқуқий давлатда нафақат хокимиятнинг уч тармоғи – қонун чиқарувчи, ижроия, суд ҳокимияти бир-биридан ажратилади ва бир-биридан мустақил ҳаракат қилади, балки оммавий ахборот воситалари ва бошқа ижтимоий институтлар ҳам эркин ва мустақил бўлиб, ҳеч қандай кучга қарам бўлмайди. Хокимият бўғинлари ва ижтимоий институтлар фақат Конституция ва амалдаги қонунчиликка таяниб иш тутади. Уларнинг ўзаро муносабати ва ҳамкорлик механизми Конституция ва амалдаги қонунлар орқали белгилаб қўйилади. Уларнинг мустақиллиги, бир-бирига бевосита бўйсунмаслиги, фақат қонун олдида масъуллиги, амалда уларни бутун жамият олдида масъул қилиб қўяди.

Тўртинчидан, маҳаллий ҳокимият ва фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органларининг фаолияти доирасини кенгайтириш, уларга давлат ваколатларининг бир қисмини босқичма-босқич ўтказиб бориш, нодавлат ва жамоат тузилмаларининг ҳуқуқи ва нуфузини оширишни кўзда тутадиган “Кучли давлатдан – кучли жамият сари” концепциясини амалга ошириш. Бу одамларнинг сиёсий онги, сиёсий маданияти ва фаоллиги юксалиб боргани сари, давлат вазифаларининг нодавлат тузилмалар ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларига босқичма-босқич ўтиши, маҳаллаларнинг нуфузи ва мавқеининг ошиши, уларга кўпроқ ҳуқуқлар берилиши демакдир.

Сиёсий ҳаётни эркинлаштириш жараёнида жамиятни бошқариш борасидаги вазифа-функциялар икки йўналишда қайта тақсимланиб боради. Биринчиси – давлат марказий идораларининг айрим ҳуқуқ ва вазифалари маҳаллий хокимиятлар зиммасига ўтказилади. Шу тариқа маҳаллий ҳокимиятнинг ҳуқуқ ва масъулияти оширилади. Ушбу жараён марказнинг вазифаларини камайтириш – децентрализация деб аталади. Ўз навбатида, маҳаллий ҳокимият идоралари ҳуқуқ ва вазифаларини бир қисми фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари зиммасига ўтказилади. Айниқса, бу аҳолининг маълум тоифаларини ижтимоий ҳимоялаш, яшашнинг умумий тартиб-қоидаларини тартибга солиш ва назорат қилишга, коммунал хизмат каби ҳаётий масалаларга тааллуқлидир. Иккинчиси – жамоат ташкилотларининг ҳуқуқ ва маъсулиятини ошириш, давлат зиммасидаги ваколатларнинг бир қисмини улар зиммасига ўтказиш. Бунинг учун Конституция ва қонун доирасида фаолият кўрсатадиган жамоат, яъни нодавлат ва ноҳукумат ташкилотларнинг тармоғини кенгайтириш зарур.

Ўзбекистонда барпо этилаётган жамият кучли жамият бўлади. Унинг сиёсий тузуми – демократик, ҳуқуқий давлат бўлса, ижтимоий тузуми – қонун устувор бўлган фуқаролик жамиятидир.

Бешинчидан,  давлатнинг ислоҳатчилик вазифаларини демократик талаблар асосида, халқимиз ва жамиятимиз манфаатларига мос ҳолда амалга оширадиган истеъдодли, изланувчан, чуқур билимли ва юксак малакали, Ватанга, она заминимизга садоқатли ёш кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш ва янгилашга имкон берадиган тизимни такомиллаштириш. Бу ҳеч қайси замонда осонликча ҳал бўлмайдиган, одамларнинг тафаккури ва дунёқараши ўзгаришини тақазо этадиган, одатда субъективизм, манфаатпарастлик, уруғ-аймоқчилик каби кўп иллатларни бартараф этиш, жамиятни тубдан янгилашни талаб қиладиган жараёндир.

Давлатнинг иқтисодий, ижтимоий, маданий сиёсатини қанчалик тўғри ва самарали амалга оширилиши кўп жиҳатдан турли бўғиндаги ташкилотчи-ижрочиларга боғлиқ. Уларнинг касбий тайёргарликлари қанчалик баланд бўлса, ўз вазифаларини қанчалик ҳалол ва виждонан бажарса, ишлар шунча олға кетади, кундалик муаммолар тезроқ ҳал бўлади. Бу ҳол одамларнинг кайфиятига ва уларнинг давлат идораларига муносабатига ижобий таъсир қилади. Шунда жамиятда ўзаро ишонч мустаҳкамланади, ижтимоий-сиёсий, маънавий-аҳлоқий мухит яхшиланади.

Ватанпарварлик ва миллий ғояга содиқлик раҳбарнинг фаолиятини, изланишларини юксак маъно-мазмун билан тўлдиради. У йўлда учрайдиган қийинчиликларни, баъзи бир омадсизликларни психологик жихатдан осонроқ енгади. У ўз фаолиятига ва жамоаси эришган ютуқларга доимо энг юксак мезонлар билан ёндашиб, унга танқидий баҳо беради. У энг илғор тажрибаларни кўзлаб иш юритади, уларни жамоаси фаолиятида жорий этишга уринади. Ватанпарварлик ва миллий ғояга содиқлик унинг кучига куч, ақлига ақл, ташаббусига ташаббус қўшади, уни ҳақиқий фидоийга айлантиради. Раҳбар ходим нафақат ташкилотчи, балки тарбиячи ҳам бўлмоғи лозим. Шу боис ватанпарварлик ва миллий ғояга содиқлик фазилатлари унинг ўз жамоасини тўғри тарбиялашда, уни юксак омилларга етаклашда раҳбарга ёрдам беради.

Иқтисодий соҳада:

 Иқтисодиётнинг барча соҳа ва тармоқларида эркинлаштириш жараёнини изчиллик билан амалга ошириш ва олиб борилаётган ислоҳатларни янада чуқурлаштириш, хўжалик юритувчи субъектларнинг мустақиллигини янада ошириш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш йўлидаги мавжуд тўсиқларни бартараф этиш – бу соҳадаги ўзгаришларнинг асосий йўналишидир.

Биринчидан, иқтисодиётни эркинлаштиришдаги бош вазифа – энг аввало, давлатнинг бошқарувчилик вазифаларини – функцияларини қисқартириш, унинг корхоналар хўжалик фаолиятига, биринчи галда, хусусий бизнес фаолиятига аралашувини чеклаш. Бу – хусусий бизнесга, умуман, иқтисодий фаолиятнинг бозорга хос механизмларига кўпроқ эркинлик бериш, бунинг учун тегишли ҳуқуқий замин, ташкилий ва иқтисодий шарт-шароит ва кафолатларни яратиш, институционал ўзгаришлар, молия ва банк тизимини ислоҳ этишни янада чуқурлаштириш, ривожланган бозор инфратузилмасини барпо этиш, рақобат муҳитини шакллантиришга асосий эътиборни қаратиш демакдир.

Мустақиллик даврида мулкчиликнинг турли шакллари, жумладан, ҳусусий мулк ривожланиши учун зарур ҳуқуқий кафолатлар ва амалий механизм яратилди. Масалан, Давлат мулкини бошқариш ва хусусийлаштириш қўмитаси, унинг жойлардаги тузилмалари барпо этилди, товар, хом ашё, фонд биржалари, тижорат банклар тизими, товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар палатаси, бизнес фонд, турли консалтинг, лизинг ва бошқа бозор инфратузилмаси тармоғи шакллантирилди. Мулкнинг аксарият қисми давлат тасарруфидан чиқарилди. Нодавлат шаклдаги мулкчиликнинг акциядорлик жамиятлари, корпорациялар, компаниялар, фирмалар, ширкатлар, қўшма корхоналар, хусусий корхоналар каби тармоғи вужудга келди.

Хўжалик юритувчи субъектларнинг юридик, ҳуқуқий эркинлиги тўлақонли амалий эркинликка айланиши учун улар ишлаб чиқаришни бозор талабларига мос ташкил этиш, етарлича инвестициялар жалб қилиш, маркетинг тадқиқотлари ўтказиш, зарур ахборот ва консультация олиш имкониятларига эга бўлишлари лозим. Шунда бозор механизми яхши ишлайди, ҳақиқий рақобат вужудга келади, иқтисодиётнинг ўз-ўзини тартибга соладиган, мувозанатга келтирадиган механизми шаклланади. Шу боис янги жамият барпо этиш жараёнида мазкур масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Иккинчидан, хусусийлаштириш жараёнини янада чуқурлаштириш ва бу борада ҳақиқий мулкдорлар синфини шакллантириш, бу жараёнга тармоқларнинг асосини ташкил қилувчи йирик корхоналарни жалб этиш. Бу – хусусий мулкнинг миқёси ва улуши узлуксиз ортиб борадиган кўпукладли иқтисодиётни ривожлантириш, жамиятда мулкдорларнинг кўпчиликни ташкил этишига эришиш орқали ижтимоий ҳаётдаги барқарорлик ва фаровонликни кафолатлаш демакдир.

Хусусийлаштиришнинг асосий мақсади, бир томондан, мулкчиликнинг турли нодавлат шаклларини ривожлантириб, улар ўртасида ҳақиқий рақобатни вужудга келтириш бўлса, иккинчи томондан, мулкдорлар сонини, айниқса, банд аҳоли таркибидаги яқин келажакда кўпчиликни ташкил этадиган ўрта синфни қарор топтиришдан иборат.

Учинчидан,  иқтисодиётга хориж сармоясини, аввало, бевосита йўналтирилган сармояларни кенг жалб этиш учун қулай ҳуқуқий шарт-шароит, кафолат ва иқтисодий омилларни янада кенгайтириш. Бу салоҳиятли хорижий шериклар билан фаол ҳамкорлик қилиш, улар билан бирга замонавий, халқимиз эҳтиёжига мос, дунё бозорига, рақобатга бардош бера оладиган махсулотлар ишлаб чиқаришни амалга ошириш демакдир.

Иқтисодиётга хорижий инвестицияларни жалб қилиш ниҳоятда мухим аҳамиятга эга. Чунки ишлаб чиқариш фондларини замонавий асбоб-ускуналар, жихозлар ва механизмлар билан янгилаб, илғор технологияларига ўтиш учун маблағ керак. Халқ хўжалигида таркибий ўзгаришлар қилиш, кўплаб янги корхоналар қуриш, ишлаб чиқаришнинг ва бозор иқтисодиётининг инфратузилмасини ривожлантириш учун ҳам маблағ керак.

Ma’ruzalar matnlari