Ахборот монополияси ҳам сиёсий ва иқтисодий хокимиятни мутлоқлаштириш билан чамбарчас боғлиқдир: “мустабид тузум”да барча ахборот воситалари, жамиятда муомалада бўлиб турган ахборотнинг мазмуни ҳам аппаратнинг қаттиқ назоратига олинади. Зўравонлик ишлатмасдан туриб бутун монополиялар тизимини сақлаш ва мустаҳкамлаш мумкин бўлмайди. Шунинг учун ҳам давлат терроризми, террорни ички сиёсатни амалга ошириш воситаси сифатида қўллаш “мустабидчилик тузумлари” учун хосдир. Шу жумладан, мустабид тузумнинг ғайриинсоний ҳатти-ҳаракатлари туфайли қарийб 2,5 миллион киши ёки аҳолининг деярли ярми маҳв этилган эди. Ўзбекистонда фақат 1937-1953 йиллар мобайнида (бундан уруш йиллари мустасно) иттифоқ мустабид машинаси қарийб 100 минг кишини қатағон қилди, улардан 13 минг киши отиб ташланди. Мустабид давлатларнинг ўзига хос бошқа характерли хусусияти жамиятнинг ҳарбийлаштирилиши, “ҳарбий лагер” ёки “қамал қилинган қалъа”дан иборат ғоявий – психологик вазиятни вужудга келтиришдан иборатдир. Бунда мамлакат ичида ҳарбий фанатизм вазияти авж олдирилибгина қолмасдан, шу билан бирга, агрессив ташқи сиёсат ҳам амалга оширилади. Бу сиёсат ҳарбий-ҳудудий ва мафкуравий босқинчилик қилишга, ўзининг мустабидчилик тартибларини кенг миқёсда қарор топтиришга қаратилади. Лекин тарих ҳақиқати шундан иборатки, мустабидчилик мафкураларининг турли андозалари ва уларнинг лойиҳалари асосида яратилган демократияга қарши тузумларнинг пировард натижада ҳалокатга учраши муқаррардир. Буни собиқ социалистик мамлакатлар, совет давлати, гитлерчилар Германияси ва фашистлар Италияси, Кампучиядаги Пол Пот режими каби мутлақ ҳақиқатни даъво қилувчи мафкураларни тарихан истиқболсиз бўлгани ҳам яққол намойиш этди. Бироқ ғоявий кураш тобора янги-янги қиёфага кирмоқда. Президентимиз Ислом Каримов ҳаққоний равишда таъкидлаганидек: “Кўп синовлар, азобу-уқубатлар, хатолар, фожеалар, қатоғонларни бошдан кечирган, асримиз поёнига етаётган, инсоният янги аср бўсағасида турган бугунги кунда турли хил эски ва янги мафкураларнинг ўзаро кураши ҳар қачонгидан ҳам кўра шиддатли тус олмоқда. Ранг-баранг баъзан бир-бирига зид дунёқарашлар, сиёсий, миллий, диний оқимлар, мазҳаб ва секталар ўртасидаги фикр талашувлари гоҳо баҳс-мунозара доирасидан чиқиб, қонли тўқнашувлар, оммавий қирғинларга сабаб бўлмоқда, одамлар бошига беҳисоб қайғу-кулфатлар солмоқда”. Ана шу сабабдан ҳам мустақил Ўзбекистонда ҳозирги даврда миллат, жамият, давлатнинг бирлаштирувчи байроғи бўлган миллий ғоя ва мафкурани шакллантириш ва халқимиз онгига сингдириш юзасидан фаоллик билан иш олиб борилмоқда. Бу мафкура мустақиллик йилларида эришилган ғалабаларни, энг катта ютуғимиз бўлган истиқболимизни, Она Ватанимизни, фарзандларимизнинг бахтли келажагини фидойилик билан ҳимоя қилиш, доимо ҳушёр ва сергак бўлишга ёрдам беради. Зеро, Ўзбекистон бизнинг умумий уйимиз – уни асраш ҳар биримизнинг вазифамиздир. Шу маънода миллий истиқлол ғояси ҳар биримизнинг қалбимизга сингадиган, умумий ғоямиз, онгимиз, дунёқарашимизнинг таркибий қисмидир.
Таянч тушунчалар Ижтимоий тараққиёт, ғоялар тарихи, бунёдкор ғоялар, ёвуз ғоялар, вайронкор ғоялар, мафкурани мутлақлаштириш.
Мавзу: Бугунги дунёнинг мафкуравий манзараси ва глобаллашув жараёнлари. Мафкуравий иммунитет
Режа: Глобаллашув тушунчаси ва унинг моҳияти Бугунги дунёнинг мафкуравий манзараси Ҳозирги давр ва мафкуравий полигонлар Мафкуравий иммунитет ва мафкуравий профилактика
XXI аср бошларига келиб дунё мамлакатлари ўртасидаги ўзаро таъсир шу қадар кучайиб кетдики, бу жараёндан тўла иҳоталаниб олган бирорта ҳам давлат йўқ, деб тўла ишонч билан айтиш мумкин. Ҳаттоки, халқаро ташкилотлардан узоқроқ туришга интилаётган, уларга аъзо бўлишни истамаётган мамлакатлар ҳам бу жараёндан мутлақо четда эмас. Глобаллашув шундай жараёнки, ундан четда тураман, деган мамлакатлар унинг таъсирига баъзан кўпроқ учраб қолиши мумкин. Бундай ғайри ихтиёрий таъсир эса кўпинча салбий бўлади. Глобаллашувнинг турли мамлакатларга ўтказаётган таъсири ҳам турлича. Бу ҳол дунё мамлакатларининг иқтисодий, ахборот, маънавий салоҳиятлари ва сиёсати қандай экани билан боғлиқ. Дунёда юз бераётган шиддатли жараёнларнинг ҳар бир мамлакатга ўтказаётган салбий таъсирини камайтириш ва ижобий таъсирини кучайтириш учун шу ҳодисанинг моҳиятини чуқурроқ англаш, унинг хусусиятларини ўрганиш лозим. Бу ҳодисани чуқур ўрганмай туриб унга мослашиш, керак бўлганда, унинг йўналишини тегишли тарзда ўзгартириш мумкин эмас. Глобаллашув яна шундай жараёнки, уни чуқур ўрганмаслик, ундай фойдаланиш стратегияси, тактикаси ва технологиясини ишлаб чиқмаслик мамлакат иқтисоди ва маданияти, маънавиятини тоғдан тушаётган шиддатли дарё оқимига бошқарувсиз қайиқни топшириб қўйиш билан баробардир. Глобаллашув – турли мамлакатлар иқтисоди, маданияти, маънавияти, одамлари ўртасидаги ўзаро таъсир ва боғлиқликнинг кучайишидир. Глобаллашувга берилган таърифлар жуда кўп. Лекин унинг хусусиятларини тўлароқ қамраб олгани, бизнингча, француз тадқиқотчиси Б.Банди берган таъриф. Унда глобаллашув жараёнининг уч ўлчовли эканига урғу берилади: глобаллашув – муттасил давом этадиган тарихий жараён; глобаллашув – миллий чегараларнинг ювилиб кетиш жараёни; глобаллашув – жаҳоннинг шемогенлашуви ва универсаллашуви жараёни. Бу таърифда келтирилган глобаллашув ўлчовларининг ҳар учаласига нисбатан ҳам муайян эътирозлар билдириш мумкин. Лекин жаҳонда юз бераётган жараёнларни кузатсак, уларнинг ҳар учови ҳам унда мавжуд эканини кўрамиз. Глобаллашувнинг мамлакатлар иқтисодий сиёсати ва маънавиятига ўтказиши мумкин бўлган ижобий ва салбий таъсири Ҳиндистоннинг машҳур давлат арбоби Маҳатма гандининг қуйидаги машҳур сўзларида яхши ифодаланган: “Мен уйимнинг дарвоза ва эшикларини доим маҳкам беркитиб ўтира олмайман, чунки уйимга тоза ҳаво кириб туриши керак. Шу билан бирга очилган эшик ва деразаларимдан кираётган ҳаво довул бўлиб уйимни ағдар-тўнтар қилиб ташлаши, ўзимни эса йиқитиб юборишини ҳам истамайман”. Шунинг учун ҳам миллий истиқлол ғояси бугунги глобаллашув жараёнида уйимизни, ҳаётимизни тоза ҳаво Билан таъминлаб, айни пайтда, “довуллар”дан сақлаш омили эканлигини англаш муҳим. Ҳозирги давр дунёда ғоявий қарама-қаршиликлар мураккаб тус олган, мафкура полигонлари ядро полигонларидан ҳам кучлироқ бўлиб бораётган даврдир. Инсоният XXI аср охирига келиб бир қатор чегара билмайдиган муаммоларга дуч келди. Уруш ва тинчлик, экологик фалокатлар, маънавий қашшоқлик, наркобизнес, терроризм каби муаммолар ана шулар жумласидандир. Шу билан бирга дунёда глобаллашув, ахборот оқимининг тезлашуви ва интенсивлашуви, универсил технологиялар билан боғлиқ умумбашарий жараёнлар ҳам бормоқда. Бутун Ер юзи одамзот учун ягона макон эканлиги аниқ. Бунга шак-шубҳа йўқ, албатта. Аммо тарихда мавжуд чегараларни ўзгартириш, муайян худудларни босиб олиш учун сон-саноқсиз урушлар бўлгани маълум. Бу жараёнда эса уруш қуроллари мунтазам такомиллашиб боргани маълум. Мазкур урушлар то XX асргача асосан кўпроқ бир давлат ичда, икки давлат ўртасида ёки нари борганда бир минтақа доирасида бўлиши мумкин эди. Тўғри, айтайлик, А.Македонский ва Чингизхоннинг улкан давлат барпо этиш учун ёки ўрта асрлардан бошлаб европалик истилочиларнинг бошқа қитъаларни забт этиш учун олиб борган урушлари кўлами жиҳатидан ажралиб туради. XX асрда рўй берган иккита жаҳон урушида ўнлаб давлатлар, бир неча қитъа мамлакатлари иштирок этганлигини эсласак бундай хулоса муайян даражада ўринли эканлигига ишонч ҳосил қилиш мумкин. Уруш қуроллари такомиллашиб бораверди. Бугунги кунда улар бошқа ҳудудни босиб олиш уёқда турсин, балки бутун Ер сайёрасидаги ҳаётни бир неча марта йўқ қилиб ташлашга етади. Шу билан бирга ҳозирги вақтда мафкуравий воситалар орқали ўз таъсири доирасини кенгайтиришга интилаётган сиёсий кучлар ва ҳаракатлар ҳам йўқ эмас. Тажовузкор миллатчилик ва шовинизм, неофашизм ва коммунизм, ирқчилик ва диний экстремизм мафкуралари шулар жумласидандир. Натижада дунёда инсон қалби ва онгини эгаллаш учун кураш тобора кучайиб бормоқда. Бу ҳол бугунги кунда дунёнинг мафкуравий манзарасини белгилаб бермоқда. Бугунги дунёнинг мафкуравий манзарасини ўз мақсадлари йўлида ўзгартирмоқчи бўлаётган мафкура шакллари барқарорлик ва тараққиётга таҳдид солмоқда. Уларнинг асосий шакллари ва йўналишлари Президентимиз Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва кафолатлари” номли асарида кўрсатиб берилган. Мазкур маърузада ана шу асардан асосий манба сифатида фойдаланамиз. Тараққиётга нисбатан хавф-хатарлардан бири буюк давлатчилик шовинизмидир. Буюк давлатчилик шовинизмини Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек: “Муайян кучлар ва давлатлар томонидан бўладиган сиёсий, мафкуравий ва иқтисодий ҳукмронлик деб ёки миллатлараро ва давлатлараро, минтақавий муносабатларда унга интилиш”, деб таърифлаш мумкин. Шовинизм баъзи кўп сонли миллатларнинг нафақат кўп миллатли империя доирасида, балки уни ўраб турган жуғрофий-сиёсий маконда ҳам ўзининг мутлақ ҳукмронлигини ўрнатиш учун курашда намоён бўлади” Кўриниб турибдики, буюк давлатчилик шовинизми ғайриинсоний характерга эга. Зеро, у ўз моҳиятига кўра миллий тенгсизликни оқлаш, тарғиб-ташвиқ қилиш ҳамда ҳимоя қилишнинг ўзига хос шаклидир. Буюк давлатчилик шовинизми пайдо бўлишининг сабаблари нимада? Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, бугунги кунда буюк давлатлар мақомига эга бўлган айрим мамлакатлар кўпгина минтақаларни ўзларининг “ҳаётий манфаатлари” ҳудуди сифатида босиб олиб, узоқ вақт мустамлакачилик сиёсати юргизганига ишонч хосил қилиш мумкин. Айнан босиб олинган ҳудудларнинг табиий хом ашё ресурсларидан фойдаланиш, бу мамлакатларнинг моддий ва маънавий бойликларини ўзлаштириш уларга улкан ва қудратли давлатга айланишига имкон яратади. Бунинг оқибати ўлароқ, ўз атрофидаги мамлакатлар ва халқлар билан муносабатда ўзини устун, танҳо ва ягона деб билиш, инсоният тақдири, халқлар келажагини белгилашда алоҳида мавқега даъвогарлик ифодаси сифатида баҳоланиши мумкин бўлган мумтозлик мафкураси тарих саҳнасига чиқди. Бундай мафкура давлат сиёсатининг асосига айланганида узоқ давом этган қонли урушлар келиб чиқиши, бутун бир минтақаларнинг вайрон бўлиши, кўплаб халқларнинг қарам қилинишини исботловчи мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Иқтисодий имкониятлари заифлашган, ижтимоий тотувликка зил кетган, ички зиддиятлар кучайган, Ватан, миллат тақдиридан ўзининг тор манфаатларини устун қўядиган, ўзаро келиша олмаётган ҳокимиятга даъвогар сиёсий гурухларнинг мавжуд муаммоларини ташқи кучлар ёрдамида ҳал қилишга уруниш ва маънавий-руҳий парокандалик, эртанги кунга ишончсизлик туйғулари ҳукмрон бўлган мамлакатлар буюк давлатчилик шовинизм нишонига айланишини замонавий тарих ҳам кўрсатиб турибди. Афсуски, бизнинг ўлкамиз ҳам буюк давлатчилик шовинизмининг фалокатли таъсиридан четда қолмади. “У ҳам узоқ вақт давомида ҳукмрон шовинистик ва агрессив миллатчилик ғояларининг бутун жафоларини тортиб келди, - деб ёзади Ислом Каримов. – Ўзбекистон Россия империяси, сўнгра эса собиқ Совет империяси таркибида мажбуран ушлаб турилган мураккаб даврни бошдан кечирди”. Буюк давлатчилик шовинизмининг хавфи бундай позицияда турган кучлар, давлатларнинг иқтисодий, сиёсий ёки ҳарбий салоҳиятининг катталигидагина эмас, балки ахборот орқали ва мафкуравий йўл билан тазйиқ кўрсатиш имкониятларининг кенглигида, улар қўлидаги ғоявий таъсир ўтказиш восита ва механизмларнинг хилма-хиллигида ҳамдир. Буюк давлатчилик шовинизми бугунги кунда пансоветизм билан ўзига хос тарзда қўшилиб кетмоқда. Пансоветизм тушунчаси узоқ вақт давомида бир иттифоқ доирасида яшаш натижасида ижтимоий-маданий ҳаётда юзага келган муайян яқинлик, ўхшашлик, умумийлик, иқтисодий алоқадорлик ва боғлиқликни мутлақлаштиришга асосланган. Аммо Президентимиз ўринли таъкидлаганидек, бундай қарашлар ортида ҳам содда кишиларнинг бош-кўзини айлантириб, ўз умрини яшаб бўлган ғояларини ҳаётимизга қайтадан тиқиштиришга, шу йўл билан яна эски тузумни тиклашга, бир сўз билан айтганда, миллий ўзлигимизни йўқотишга қаратилган интилиш ётганлигини ёддан чиқармаслик зарур. Буюк давлатчилик шовинизмининг пансоветизм байроғи остида жонланишининг сабаблари нимада? Жиддий таҳлил қилинадиган бўлса, биринчидан, беҳисоб хом ашё ресурслари, ишчи кучи, транспорт коммуникацияларидан фойдаланишдан, геостратегик мавқедан махрум бўлиш; иккинчидан, собиқ колонияларнинг ўз метрополияси таъсири ва тазйиқидан халос бўлишга интилиши, мустақил ички ва ташқи сиёсат юрита бошлаши; учинчидан, халқаро майдонда тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли хамкорлик устувор бўлиб бораётганини тушунмаслик, тўғрироғи тушунишни истамаслик; тўртинчидан, бошқа кучлар маркази томонидан гўёки унинг “ҳаётий манфаатлари” тан олинмаётгани, у амал қилаётган ҳудудлар торайтирилаётганини рўкач қилиш ва ниҳоят, бешинчидан, мақтанчоқлик, инсоният тараққиётига қўшган ҳиссасига ортиқча баҳо бериш, уни бетакрор ва ноёб деб ҳисоблаш ҳозирги кунда буюк давлатчилик шовинизмининг жонланиши учун “асос” бўлиб хизмат қилмоқда.
|
Ma’ruzalar matnlari |