Бунда оммавий ахборот воситалари орқали психологик таъсир ўтказишнинг янгидан-янги усулларидан фойдаланадилар. Хусусан, миллий ҳаётимизга хос муайян хусусиятларни очиқдан-очиқ қоралаш, ерга уриш ёки айрим тарихий воқеа-ходисаларни умуман бўлмагандек, жаҳон маданияти, илму-фанига улкан хисса қўшган улуғ алломаларимизни бизга алоқаси йўқдек қилиб кўрсатишга уринишлар мавжуд. Шунингдек, минтақа давлатлари ўртасида зиддиятлар келтириб чиқариш ва жаҳон афкор оммасида Ўзбекистон ҳақида нотўғри тасаввур туғдиришга бўлаётган интилишларни ҳеч қачон эътибордан четда қолдирмаслигимиз лозим. Бугунги кунда инсон онги ва қалби учун кураш кескин тус олаётган экан, хилма-хил қарашларнинг мафкура майдонида ҳукмронлик қилишга интилиши табиий, албатта. Бунга эътиқод умумийлигига асосланган ҳолда якка мафкура ҳукмронлигини таъминлаш орқали жаҳон майдонларини мафкуравий жихатдан ўзига қарам қилишга бўлаётган хатти-ҳаракатларни мисол келтириш мумкин. Диний ақидапарастлик шулар жумласидандир. Масалан, ислом динидаги ҳозирги ақидапарастлар ижтимоий, миллий хусусияти, қайси давлатга мансублигидан қатъий назар, барча мусулмонларнинг маънавий бирлиги ҳақидаги тасаввурларга таяниб уларнинг ягона халифалик байроғи остида сиёсий бирлашуви ғоясини асослашга ҳаракат қилади. Кўриниб турибдики, бу диний-сиёсий идеология диний асосда бирлашув ғоясини биринчи ўринга қўяди. У диний-маънавий заминдаги уйғунлик мамлакатларнинг иқтисодий, маданий-маърифий, илмий-техник соҳалардаги ҳамкорлигига, улар салоҳиятининг бирлашишига ва халқлар тараққиётига йўл очса бунинг нимаси ёмон, деган саволни ўртага ташлайди. Юзаки қараганда бу гап тўғрига ўхшайди. Бундай мафкура тарфдорлари ўз қарашларини аксарият холларда ана шундай “беозор” шаклда тақдим этишга ҳаракат қиладилар. Аммо жиддий эътибор бериладиган бўлса, биринчидан, улар миллий суверенитетдан воз кечиш ёки уни бой бериш ҳисобига ягона давлат тузишни кўзлаётганлари маълум бўлади. Иккинчидан, халифаликни тиклашга, унинг тўғри эканини асослашга уринувчилар, бу хол айнан миллат сифатида ўзлигимизни англашга йўл қўймаслигини яширадилар. Бу ғояни тиқиштиришда улар бизнинг ислом динига эътиқод қилишимизга алоҳида урғу берадилар. Тўғри, биз мусулмон халқмиз. Масалани нозик жиҳати шундаки, бундай кучлар ана шу реалликни тан оладилару, ўз тарихимиз, тилимиз, бетакрор маданиятимиз, жаҳон халқлари ўртасидаги ўзига хос ўрнимиз, ўз тараққиёт йўлимиз борлигини инкор этишга ҳаракат қиладилар. Албатта бу ҳақиқатни тан олиш ёки олмаслик уларнинг иши. Аммо ўзларининг бундай ғайриилмий қарашларини кишиларимиз, айниқса, ёшларимиз онгига сингдиришга ҳаракат қилаётганликларига бефарқ қараб бўлмайди. Ҳозирги кунда тил, маданият, урф-одатлардаги умумийлик, бошқача айтганда, этник бирликка асосланган ҳолда ягона мафкуравий майдонни юзага келтириш борасидаги қарашлар ҳам мавжуд. Бундай қарашларнинг шаклланиш тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Бугунги кунда уларнинг ҳар бири ўзига хос тарзда дунёнинг мафкуравий манзарасида муайян ўринни эгаллашга уринмоқда. Бугунги кунда халқларнинг лисоний бирлигига таянган холда улрнинг маънавий-маърифий бирлигини таъминлаш байроғи остида тақдим этилаётган ғоялар ортида ҳам аслида ғаразли мақсадлар яширинганлигини унутмаслик лозим. Оламнинг бугунги кундаги мафкуравий манзараси ҳақидаги мулоҳазалар якунида нима дейиш мумкин? Мафкура ва мафкуравий тарбия масласи ўз мустақиллигини қўлга киритган, демократик ҳуқуқий давлат, эркин фуқоролик жамиятининг асосларини яратаётган мамлакатимиз учун ҳам мухим ҳаётий аҳамиятга эга бўлиб қолмоқда. Зеро, кўзланган мақсадларга ушбу орзу-умид ва интилишларни ўзида мужассамлаштирган ғоявий-назарий қарашлар мажмуи бўлмиш миллий мафкура ва унга асосланган тарбия тизимисиз эришиш мумкин эмаслиги аниқ. “Мен, - деб ёзади Президентимиз, - Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”, деган фикрини кўп мушоҳада қиламан. Буюк маърифатпарварнинг бу сўзлари асримиз бошида миллатимиз учун қанчалар мухим ва долзарб бўлган бўлса, ҳозирги кунда биз учун ҳам шунчалик, балки ундан ҳам кўра мухим ва долзарбдир”. Бу масаланинг долзарблиги юқорида қайд этилган мафкура шаклларининг хавфини бартараф этиш зарурлиги билан ҳам белгиланади. Зеро, Президентимиз таъкидлагандек, уларга ғоя ва маърифат билан қарши курашиш лозим. Мамлакатимиздаги мавжуд ижтимоий ҳамкорлик, миллий бирлик ва ҳамжиҳатликни сақлаб қолиш ва ривожлантириш йўли билангина қўлга киритилган истиқлолни ҳимоя қиламиз. Халқаро хамжамият, шу жумладан тарих тақазоси билан алоқалар кучли ривожланган давлатлар билан тенг ҳуқуқли, иззат-икромли муносабат, ўзаро манфаатли алоқалар эса мустақилликни мустаҳкамлашнинг мухим омили бўлиб хизмат қилади. Ана шундагина, Юртбошимиз таъбири билан айтганда, минтақамиз ҳеч қачон цивилизациялар тўқнашмайдиган, балки улар бир-бирига таъсир этиб, бир-бирини бойитишнинг ибратли намунасини берадиган маконга айланади. Жамият ҳаётида мафкуравий омилларнинг сезиларли таъсири мавжудлигини бир қарашдаёқ сезиш мумкин. Ғаразли геосиёсий мақсадларга эришиш йўлидаги мафкуравий таъсир ўзказишда энг аввало бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил, деган қадимий тамойилга амал қилишга уринишни таъкидлаш зарур. Бу тамойилни рўёбга чиқаришнинг биринчи йўли мамлакат ичида ижтимоий парокандаликни келтириб чиқаришдир. Ва у жамият ҳаётининг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва маънавий соҳаларида ўзига хос кўринишда намоён бўлмоқда. Масалан, мамлакатимизга нисбатан бу усул ўтиш давридаги ижтимоий – иқтисодий қийинчиликларни бўрттириб кўрсатиш орқали аҳолининг мавжуд ҳолатидан норозилигини уйғотиш, ўз ноғораларига ўйнайдиган мухолифатчи кучларни юзага келтириш йўли билан сиёсий барқарорликни келтириб чиқаришга бўлган ҳаркатларда намоён бўлади. Бу йўлда диний омилдан фойдаланишга уринишлар ҳам кузатилаётир. Ана шу холат ҳам “мақсад воситани оқлайди”, деган ақида ғаразли геостратегик манфаатларни рўёбга чиқаришнинг асосий қоидасига айланаётганлигини кўрсатади. “Бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил” тамойилини амалга оширишнинг иккинчи йўли минтақа давлатлари ўртасида турли зиддиятларни юзага келтиришдир. Бу йўлнинг энг кенг тарқалган усули гўёки минтақада гегемонликка талабгор бўлган давлат борлигини асослаш, таъбир жоиз бўлса, шундай давлат образини яратишдир. Бундай образларнинг яратилиши ер юзининг турли нуқталарида низоли, кам деганда давлатлараро муносабатларда тангликни юзага келтирганлиги тўғрисидаги мисолларни истаганча топиш мумкин. Бундай “образлар” яратилиши натижасида ммлакатларнинг моддий-молиявий, маънавий-интелектуал салоҳияти жамият тараққиётини таъминлаш ўрнига ана шу “образ” таъсирининг олдини олишга йўналтирилмоқда. Натижада иккинчи асосий мақсадга - муайян давлатни заифлаштириш орқали ўз “иттифоқчисига” айлантиришга эришилмоқда. “Бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил” тамойилини амалга оширишнинг учинчи йўли халқаро майдонда муайян мамлакат ҳақида нотўғри, нохолис тасаввурларни шакллантиришдир. Халқаро муносабатлар майдонидан айрим мамлакатларнинг вақти-вақти билан “қувғин” қилиниб турилиши ана шундай ҳаракатлар натижаси ҳисобланади. Имтиёзли ҳамкорни белгилаш муайян минтақада геостратегик манфаатларни амалга оширишга хизмат қиладиган яна бир тамойилдир. Албатта, муайян сабаблар, айтайлик диний, лисоний бирлик, маданий яқинлик ёки бошқа сабабларга кўра ҳар бир давлат ким биландир имтиёзли ҳамкорлик қилиши мумкин. Бу табиий ҳолат. Аммо гап “имтиёзли ҳамкор”дан минтақа давлатлари ўртасида айирмачиликни шакллантириш, “номақбул” давлатлар имкониятларини чеклаш йўлида фойдаланиш, шу билан бирга “ҳамкор” давлатнинг минтақадаги бошқа давлатлардан қайсидир жиҳатдан устунлигини таъминлашга қаратилган интилишлар ҳақида бормоқда. Аслида у ёки бу кўринишдаги устунликни таъминлаш ҳам асосий мақсад эмас. Бош мақсад - муайян минтақага таъсир ўтказиш плацдармига эга бўлишдир. Бундай плацдармга эга бўлишга интилиш эса ўз навбатида ушбу минтақанинг геостратегик имкониятлари билан белгиланади. “Бекорга шудгорда қуйруқ на қилур” деганларидек, имтиёзли ҳамкорни белгилашда ана шундай узоқни кўзловчи ғаразли геосиёсий ва геостратегик мақсадлар ҳам ётиши мумкинлигини унутмаслик лозим. Шу нуқтаи назардан қараганда, “имтиёзли ҳамкор” тамойили “бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил” тамойилининг тўлдирувчиси сифатида юзага чиқади. Бунга собиқ Иттифоқнинг Кубадан минтақага революцияни экспорт қилиш учун фойдаланишга урингани мисол бўла олади. Тенг ҳуқуқли ва ўзаро фойдали ҳамкорлик тамойилига амал қилиш – геостратегик манфаатларни рўёбга чиқариш ва давлатлараро алоқаларни мустаҳкамлашнинг энг оқилона ва тўғри йўлидир. Ўзбекистон ўз мустақиллигининг биринчи кунлариданоқ ана шу тамойилга амал қилиб келмоқда. Негаки, бу тамойил геостратегик манфаатлардаги уйғунликка эришиш ва жаҳон миқиёсида тараққиётни таъминлаш омилидир. Мафкуравий таъсир ва таҳдидлар ҳақида гап кетар экан, уларни аниқлаш, баҳолаш, хусусиятларни яққол кўрсатиш учун Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов илмий муомалага бир қатор тушунчалар киритганлигини қайд этиш лозим. Улар қаторида “мафкуравий иммунитет”, “мафкуравий профилактика” кабилар бор. Ана шу тушунчаларнинг мазмуни ойдинлаштирилганда ҳозирги дунёда кечаётган мафкуравий жараёнларнинг характерини янада яққолроқ тасаввур қилиш имкони туғилади. Нима учун кишилар онги ва қалби учун кураш турли мафкураларнинг бош мақсадига айланиб қолди? Гап шундаки, муайян ғоя том маънода ғоя бўлиши учун кишилар онгини эгаллаши, тўғрироғи уларнинг қалбидан жой олиши шарт. Акс ҳолда у ёки бу ғоя фақат муайян хабар ёки ахборот сифатида сақланиб қолади, холос. Ғоя фақатгина инсон қалбини эгаллаганда, инсон маънавий-руҳий ҳолатининг узвий қисмига айлангандагина ҳаракатга даъват этувчи, рағбатлантирувчи кучга, ҳаракат учун қўлланмага айланади. Шунинг учун ҳам бугунги кунда нафақат инсон онгини, балки қалбини ҳам эгаллаш мафкуравий курашнинг бош мақсади бўлиб қолмоқда. Айнан шунинг учун ҳам Ер юзининг турли минтақалари, халқларни онги ва қалби турли ғояларни синаш майдонига, бошқача айтганда мафкуравий полигонга айлантирилмоқда. Хўш, мафкуравий полигон деганда нимани тушунамиз? Полигон (грек. серқирра деган маънони билдиради) ҳарбий термин эканлигига ўрганиб қолганмиз. Одатда полигон деганда қурол-аслаҳа ва техникани синаш, қўшинларни харбий тайёргарликдан ўтказиш ёки харбий сохада машқлар, тадқиқотлар олиб бориш учун мўлжалланган махсус майдон тушунилади. Шу нуқтаи назардан қараганда, мафкуравий полигонларнинг хусусиятлар ҳақида нима дейиш мумкин? Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, ўзга худудларни забт этиш мақсадида ишлатиладиган уруш қуроллари узлуксиз такомиллашиб борганини кўрамиз. Бу қуроллар босиб олиниши керак бўлган худудлар аҳолисини жисмонан йўқ қилишга қаратилган эди. Бугунги кунда эса, ўзга ҳудудларни забт этиш учун уларнинг аҳолисини йўқотиш шарт эмас. Зеро, онги ва шуури забт этилган, қараш ва кайфиятлари “маъқул” йўналишга ўзгартирилган аҳоли кўмагида ҳар қандай бойлик, табиий ресурсларга эгалик қилиш мумкин бўлиб қолмоқда. Мафкура полигонларида синовдан ўтаётган, моҳиятан ғайриинсоний бўлган ғояларга қарши тура олиш учун алоҳида мафкуравий иммунитет ҳосил қилиш лозим. Иммунитет (лат.immunitas – озод бўлиш, қутилиш) деганда организмнинг доимий ички муайянлигини сақлаш, ўзини турли хусусиятларга эга таъсирларидан, уни ташқи инфекциялар кириб келишидан ҳимоя қилишга қодир бўлган реакциялар мажмуи тушунилади. Иммунитет киши вужудининг турли инфекцион касалликларга берилмаслик ҳусусиятини ҳам ифодалайди. Иммунитет ҳақидаги ана шу тасаввурдан келиб чиқиб мафкуравий иммунитет ҳақида нима дейиш мумкин? Аввало, инсоннинг кўплаб ҳусусиятлари туғма бўлса, мафкуравий иммунитетни шакллантириш, шакллантириб бориш зарур. Иккинчидан, у ҳар бир авлод учун ўзига хос ҳусусиятга эга бўлади. Учинчидан, иммунитет тизими шаклланадиган мафкуравий дахлсизликни таъминлаш мумкин. Хўш, мафкуравий иммунитет тизим ўз ичига нималарни олади? Мафкуравий иммунитет тизимининг асосий ва биринчи унсури, бу билимдир. Аммо билимлар кўп. Масалан, буюк давлатчилик шовинизми ёки агрессив миллатчилик мафкураси ва амалиёти тарафдорлари ҳам муайян “билим”ларга таянадилар ва уни бошқаларга сингдиришга ҳаракат қиладилар. Шундай экан, бир томондан мафкуравий иммунитет тизимидаги билимлар объектив бўлиши, воқеликни тўғри ва тўлиқ акс эттириши, инсон маънавиятининг бойишига ва жамият тараққиётига хизмат қилиши лозим. Иккинчидан, бу билимлар ўз моҳият эътиборига кўра, Ватан ва халқ манфаатлари, умуминсоний қадриятлар устворлиги билан узвий боғлиқ бўлмоғи лозим. Мафкуравий иммунитет тизимининг иккинчи асосий қисми ана шундай билимлар замирида шаклланадиган қадриятлар тизимидир. Зеро, билимлар қанчалик объектив ва чуқур бўлса, унинг замирида юзага келган қадриятлар ҳам шунчалик мустаҳкам бўлади. Бир сўз билан айтганда, шахс, миллат ёки давлатнинг қадриятлар тизими мафкуравий иммунитетнинг имкониятларини белгилаб беради ва мафкуравий тажовузлар қаршисида мустаҳкам қалқон бўлиб хизмат қилади. Аммо билимлар ва қадриятлар тизими ҳам мафкуравий иммунитетнинг моҳиятини тўлиқ ифода эта олмайди. Зеро, бу икки унсур мафкуравий иммунитетни учинчи мухим унсури, яъни ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маданий-маърифий соҳалардаги аниқ мўлжал ва мақсадлар тизими билан боғлиқ. Яъни ҳар бир киши каби, халқ, давлат ва жамиятнинг ҳам аниқ мақсади бўлиши шарт. |
Ma’ruzalar matnlari |