Мавзу: Миллий истиқлол ғояси фанининг предмети, мақсади ва вазифалари. Жамият тараққиётининг ғоя ва мафкуралар билан ўзаро боғлиқлиги
Режа: 1. “Ғоя” ва “мафкура” тушунчаларининг моҳияти 2. Миллий истиқлол ғояси фанининг предмети, объекти, мақсади ва фазифалари 3. Ижтимоий тараққиёт – ғоя ва мафкуралар тарихи 4. Жамият ривожи ва бунёдкорлик ғоялари 5. Цивилизациялар тарихида ёвуз ғоя ва вайронкор мафкуралар Тарихда ғоя ва мафкураларни мутлоқлаштириш оқибатлари
Эзгу, бунёдкор ғоя ва мафкура барча инсонларнинг ҳаёти мазмуни, орзу-истакларини ифодалайди. Ҳар бир инсон, жамият ўз олдига муайян бир мақсад қўяди ва унга эришиш учун ҳаракат қилади. Инсон мақсадлари жамият манфаатларига мос келиши, тараққиёт йўли ва истиқболини белгилаб берадиган муайян эзгу ғоя ва мафкурасида акс этиши ўта муҳимдир. Ўз мустақил фикри ва собит имон-эътиқодга эга эмаслик эса эртанги кунига ишончсиз одамларнинг пайдо бўлишига олиб келади. Инсон ва жамият ҳаётида муҳим ўзгаришларни амалга оширилишида муайян ғоялар алоҳида ўрин тутади. Жамият тараққиётини маълум даврларда тезлашуви ёки секинлашуви, жамият ҳаётида ижобий ёки салбий ҳолатларнинг рўй бериши жамиятда қандай ғоялар ҳукмронлик қилиши, улар улар қандай кучларни ҳаракатга келтириши, кимларнинг, яъни қайси бир ижтимоий қатламнинг манфаатларига хизмат қилишига кўп жиҳатдан боғлиқдир. Ғоя тушунчасининг моҳияти нимадан иборат? Инсон ўзининг онги, ақл-заковати, иймон-эътиқоди ва ижодий меҳнати билан бошқа барча тирик жонзотлардан фарқ қилади. Инсон тафаккури воқеликни идрок этиши мобайнида турли фикрлар, қарашлар, ғоялар ва таълимотлар ярватади. Демак, биринчидан, ғоя инсон тафаккурининг маҳсулидир. Иккинчидан, ғоя олдин мавжуд бўлмаган, ўзида янгиликни ташувчи фикрдир. Учинчидан, олдин ғоя пайдо бўлади, ундан кейин ғоя асосида мафкура, мафкура асосида эса тизим, сиёсат пайдо бўлади. Илмий-фалсафий адабиётларда “ғоя”, “мафкура”, “идея”, “идеология” тушунчалари ишлатилмоқда. Идея ва идеология кўпроқ Ғарб давлатларида ҳамда рус тилидаги манбаларда учрайди. “Идея” ибораси юнон тилидаги “idea” сўзидан олинган, «идеология” сўзи учун ўзак бўлиб ҳисобланади ва тушунча ёхуд фикр маъносини англатади. Идеология (idea-ғоя, тушунча, logos- таълимот) атамаси эса ғоялар тўғрисидаги таълимотни англатади ва икки хил маънода ишлатилади: ғояларнинг мазмуни, шаклланиши, аҳамияти тўғрисидаги билимларни ифодалайди ва илмий соҳа ҳисобланади; муайян ғояни амалга ошириш, мақсадга етиш усулари, воситалари, омиллари тизимини англатади. Ғояларнинг оддий фикрлардан фарқи шундаки, булар гарчи тафаккурда пайдо бўлсада, кенг жамоатчиликнинг мақсадларини ифода этади. Уларнинг ишончи ва эътиқодига айланиб, эътироф этилганлигини билдиради, инсон (ва жамият) руҳиятига, хатто туб қатламларига ҳам сингиб боради. Ғоя шундай қувватга эгаки, у одамларнинг ички дунёсигача кириб бориб уни ҳаракатга келтирувчи, мақсад сари етакловчи руҳий-ақлий кучга айланади. Уларни муайян мақсадга йўналтиради, сафарбар этади. Уларни жипслаштиради, ҳамжиҳат ва ҳамкорликка ундайди. Мазмуни ва намоён бўлиш шаклига қараб, ғояларни бир қанча турларга ажратиш мумкин: илмий ғоялар, фалсафий ғоялар, диний ғоялар, бадиий ғоялар, ижтимоий-сиёсий ғоялар, миллий ғоялар, умуминсоний ғоялар ва ҳ.к. Мафкура тушунчаси арабчадаги «муфаккир”, “муфаккиратун” сўзларидан олинган бўлиб, чуқур маъноли, теран мазмунли фикр демакдир. Мафкура тушунчасини таърифлашда фалсафий адабиётлар ва луғатларда бир қанча фикрлар берилади. Мафкура тушунчасига файласуф олимлар томонидан берилган таърифлар шакл ва мазмун жиҳатидан ҳар хил. Мафкурага жамиятдаги муайян сиёсий, ҳуқуқий, ахлоқий, диний, бадиий, фалсафий, илмий қарашлар, фикрлар ва ғоялар мажмуидир, - деб таъриф берилади. Демак, мафкура – муайян ижтимоий гуруғ ёки қатламнинг, миллат ёки давлатнинг, жамиятнинг эҳтиёжларини, мақсад ва интилишларини, ижтимоий-маънавий ривожланиш принципларини ифода этадиган ғоялар, уларни амалга ошириш усул ва воситалари тизимидир. Унда манфаатлари ифодаланган ижтимоий кучлар ва қатламларнинг ўтмиши, бугунги кун ива истиқболи ўз ифодасини топади. Мафкура ва ғоялар тарихий тараққиётда етакчи бир мавқелардан бирини эгаллайди. Инсониятнинг кўп минг йиллик ўтмиши буни яққол тасдиқлайди. Ер юзида дастлабки одамзод пайдо бўлиб, унинг уруғ ёки жамоа халқ сифатида шаклланиши рўё берган дастлабки даврлардаёқ уларни бирлаштириб турадиган умумий ғоя ва мафкураларга эҳтиёж туғилди. Президентимиз Ислом Каримов таъкидлагандек: “...мафкура – жамиятда яшайдиган одамларнинг ҳаёт мазмунини, уларнинг интилишларини ўзида мужассамлаштиради”. Жамият тарихини ўрганиш шуни кўрсатадики, илк моддий ва маънавий маданият масканларининг кўпчилиги дастлаб Шарқда шаклланган ва бу инсониятнинг кейинги тараққиёти учун замин бўлиб хизмат қилган. Хусусан, қадимги Миср, Вавилон, Турон, Эрон, Хиндистон ва Хитойда вужудга келган цивилизациялар тарихида мухим ўрин тутади. Қадимги Шарқ замини халқлари дунёда биринчилардан бўлиб ерга ишлов бердилар, табиатдан танлаб олиш йўли билан маданий ўсимликларнинг кўплаб навларини етиштирдилар. Улар мураккаб суғориш иншоатлари ва мосламалари яратдилар, тарихга маълум бўлган биринчи сув тегирмонлари ва обжувозларни қурдилар, дастлабки уй ҳайвонларини қўлга ўргатдилар, ипак қурти боқиб, ундан табиий ипак олишни кашф этдилар. Ниҳоятда мураккаб меъморчилик санъатига асос солдилар, табиат кучлари қаршисида қанчалик сабр-тоқатли, иродали, ўткир фикрли, жисмонан бақувват ва руҳан енгилмас бўлишни жаҳонга намоён этдилар. Шу аснода хилма-хил ғояларни яратдилар, уларни амалга оширдилар. Бу мисоллар холисона, “Осиёмарказчилик” ғояларидан холи бўлган ҳолда, умуминсоний нуқтаи назаридан тушунтирилиши лозим. Мафкуравий жарёнлар тарихий ва ижтимоий шарт-шароит билан узвий алоқадор бўлиб, даврлар алмашуви билан янгилик томон ўзгаради. Маълумки, миллий ғоя ва мафкуранинг тарихий шакллари ва кўринишлари халқимизнинг кўп минг йиллик ўтмиши даврида ривожланиб келди. Қадимги Хоразм, Сўғдиёна ва Бақтрияда илк бор шаклланган, аждодларимиз томонидан бундан 2700 йил олдин яратилган дастлабки ёзма манба – “Авесто” китобида ҳам эзгулик ғоялари илгари сурилган. Яхшилик билан ёмонлик ўртасидаги азалий кураш акс эттирилган. Зардуштийликнинг эзгулик ва инсонпарварлик ҳақидаги қарашлари минтақамизга ислом дини кириб келгунга қадар асосий ғоялар эди. Шунингдек, Туркий халқлар ўртасдаги Кўк тангрисига (осмон ва қуёшга) сиғиниш (шаманизм) ва буддизм ( буддавийлик) ҳам диний этъиқод сифатида зардуштийлик билан ёнма-ён яшаб келди. Зардуштийлик минтақада илк бор шаклланган дастлабки давлат бирлашмалари: Хоразм, Сўғдиёна ва Бақтирияда давлат дини даражасига кўтарилди ва расмий мафкура вазфасини ҳам бажарди. Кушон давлати даврига келиб зардуштийлик билан бир қаторда, буддавийлик ҳам давлат дини вазифасини ўтай бошлади. Аммо, Туроннинг вақти-вақти билан босқинчилар хужумига учраб туриши жамиятдаги барқарорликни издан чиқарар эди. Милоддан аввалги VI-IV асрларда Аҳмоний шоҳлари, 329-327 йилларда Александр Македонскийнинг босқинчилик юришлари минтақада мавжуд бўлган мустақил давлатчиликка маълум муддат чек қўйилишига сабаб бўлди. Халқимиз ўз мустақиллигини қайта тиклаш учун душманга қарши йиллар давомида кураш олиб борди. Мустақиллик ғоялари ўз миллий давлатчилигини тиклаш учун кураш халқимизнинг ўша пайтдаги орзу-умидлари, таъбир жоиз бўлса, унинг ғоя ва мафкурасини ташкил қилади. Уларга асосланган халқимиз Кушон подшолиги ва Буюк Турк Хоқонлиги каби улкан салтанатларга асос солдилар. Бироқ, тарихий жараён ўзгариши билан минтақада мустақил давлатчиликка яна вақтинча чек қўйишга тўғри келди. VII асрнинг охири – VIII асрнинг бошларида араб босқинчилари Туронни босиб олдилар. Бунда истило ва истибдодга қарши кураш ғоялари ягона мақсад йўлида, масалан, Турон заминини араб истилочиларидан озод қилиш учун жангларда бирлаштирувчи ғоя бўлди. Муқанна қўзғалони ва унинг озодлик учун кураш ғоялари истиқлолчиларга қарши курашда мафкура вазифасини ўтади. Мовароуннаҳрда (ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида) ислом динининг тарқалиши халқнинг ягона маслакка бирлаштиришдек тарихий вазифани бажарди. IX-XII асрларда сомонийлар, қорахонийлар, ғазнавийлар, салжуқийлар, хоразмшоҳлар сулолалари томонидан минтақада асос солинган давлатлар нафақат ўзбек халқи, балки жаҳон тарихи халқлари тарихида ҳам чуқур из қолдирди. Мухаммад Хоразмий, Абу Наср Фаробий, Аҳмад Фарғоний, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний каби алломаларнинг ўлмас асарлари жаҳон фанини бойитди. Мутасаввуфлар: Хожа Юсуф Ҳамадоний, Аҳмад Яссавий, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Нажмиддин Кубро; муҳаддислар: Имом Буҳорий, Имом Термизийларнинг таълимотида акс этган комил инсон ғоялари, адолат ҳақидаги қарашлар жамиятнинг соғлом маънавий-аҳлоқий руҳини сақлаш ва мустаҳкамлашга хизмат қилди. Бу ғоялар Ватан ва халқ манфаати йўлида фидойилик ва инсонпарварликни улуғлади. Улар миллий-маънавий қадриятлар сифатида халқимиз маданияти, адабиёти ва санъатида, жумладан, Маҳмуд Қошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Югнакий, Лутфий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Жалолиддин Румий, Мирзо Абдулқодир Бедиллар ижодида чуқур ўрин эгаллади. Бу ғоялар ўзбек давлатчилигининг ривожланишида ҳам муҳим омил бўлиб хизмат қилди. Амир Темурнинг “Темур тузуклари”, Низом-ул-мулкнинг “Сиёсатнома” китобларида давлат идораси ва аҳли фуқорога муносабатда адолат, инсоф, диёнат, эл-юрт тинчлиги ва ободлиги бош ғоя сифатида илгари сурилди. Бу ғоялар Темурийлар давлати ғоявий тамойилларининг устувор йўналиши эди. XVII-XIX асрларда умуммиллий манфаатлар ўрнига тор ва чекланган, шахсий ва сулолавий манфаатларнинг устун қўйилиши, жамият ҳаётида маънавий-аҳлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш ва илм-манфаатни ривожлантиришга етарлича эътибор берилмагани ўзбек давлатчилигининг таназзулга юз тутишига, мустақилликнинг қўлдан берилишига, Туркистонда мустамлакачилик тузуми ўрнатилиб, пировардида миллий давлатчиликнинг яна бир бор тугатилишига олиб келди. Шунга қарамасдан, чуқур тарихий илдизларга эга бўлган миллий ғоялар тамомила йўқ бўлиб кетмади. Аксинча, мустамлакачилик шароитида улар миллий давлатчиликни тиклаш, миллат тараққиёти ва истиқболи учун кураш байроғи сифатида яна илгари урила бошлади. Бу интилишлар XIX асрда маърифатпарварлик ғоялари билан чиққан Аҳмад Донишнинг илғор қарашларида, XX аср бошида юзага келган жадидчилик ҳаракатининг тараққийпарвар намоёндалари – Беҳбудий, Фитрат, Чўлпон, Мунаввар Қори, Абдулла Авлоний ижоди ва фаолиятида яна ҳам кучайди. Жадидлар Туркистондаги халқларни бирлаштириш ва бутун ўлканинг миллий мустақиллиги учун кураш ғоясини илгари сурдилар. Туркистонда босқинчи қизил армия ва совет тузумига қарши кўтарилган истиқлолчилик ҳаракатининг мафкурачилари ҳам айнан жадидлар бўлдилар. Бироқ, мустабид совет тузуми бу ғояларга қарши ғайриинсоний мафкурани илгари суриб, халқ манфаатларини инкор этди. Бу утопик, хаёлий ғоялар реал ҳаёт талабларига жавоб бермас, халқнинг анъанавий турмш тарзига, жамият тараққиёти қонунларига мутлақо зид эди. Улар миллий истиқлолни тан олмас, миллий қадрятларни топтар, диний этъқодга қарши кураш асосига қурилган эди. Лекин, мустабид ҳукумат уларни халққа тан олдириш учун жон-жаҳди билан курашди. Бу сиёсат аёвсиз курашлар, таъқиб, тазйиқ ва зўравонликлардан иборат эди. Ўша йиллардаги машъум қатағонлар бу курашнинг фожеали намоён бўлиши эди. Бу тузум ўлкамизда зўрлик билан ўрнатилгач, халқимиз унинг сиёсати ва мафкурасига қарши кураш олиб борди. Бу кураш шафқатсизлик билан бостирлгач эса, яширин тарзда давом этди. Ва ниҳоят, 1937 йилдаги оммавий қатоғон бу тузум ва унинг мафкурасига, ғояларига қарши чиққан, умуммиллий манфатларни ҳимоя қилган, ҳар қандай “ўзгача фикрлайдиган” кишини “халқ душмани” деб эълон қилди. Улар баъзи миллий ғояларни илгари суриб, халқимиз манфаатларини ҳимоя қилганликлари учун уларни йўқ қилиб юборди. Шундан кейингина, зўравонлик билан ўрнатилган бу ғоялар жамиятнинг якка-ю ягона ва ҳукмрон мафкурасига айланди. Бутун омавий ахборот воситалари – радио, матбуот, телевидение, маданият, санъат, адабиёт, ижтимоий фанлар шу мафкурани тарғиб қилиш ва сингдиришга хизмат қилди, давлат ташкилотлари унинг ҳукмронлигини куч ва зўрлик билан таъминлаб турдилар. Лекин бу ғоялар ҳар бир халқ қалбидан чуқур жой ололмади, жамиятнинг ўз мафкурасига айланмади, халқимизнинг миллий ғоя ва асрий қадриятларини йўқ қила олмади. Халқимиз ҳаётида чуқур илдиз отган, унинг азалий орзуси билан миллий ғоялар 80-йиллар охирида давлатимиз раҳбари Ислом Каримов томонидан изчил ва жасорат билан яна кун тартибига қўйилди ва Ватанимиз озодлиги ҳамда мустақилликни қўлга киритишда мухим омил бўлди. Улар мамлакатимизда мислсиз ўзгаришларни амалга ошириш, халқимиз ҳаёти ва тараққиётини белгилаб олишда умуминсоний қадриятлар устиворлигига асосланган озод ва обод Ватан ва фаровон ҳаёт қуриш каби олий мақсадларимиз ифодаси бўлиб келмоқда. Жамият ривожи ва бунёдкорлик ғоялари. Бунёдкорлик ғоялари юртни обод, халқ ҳаётини фаровон қилишдек олижаноб мақсадлар билан ажралиб туради. Улар инсоният цивилизациясига эришган даврлардан буён жамият ҳаётининг энг эзгу ғоялари сифатида яшаб келмоқда. Президент И.Каримовнинг “Ўзбек том маънода бунёдкордир”, деган сўзларида ҳам ана шу боқий ғояларнинг маъно-мазмуни ўз ифодасини топган. Бундай бунёдкорлик халқимизга ота-боболаридан меросдир.
|
Ma’ruzalar matnlari |