Инсоният тарихида одамлар онги ва шуурига адолат, ҳақиқат, эзгулик, меҳнатсеварлик каби юксак ғоялар уруғини сепган зот, пайғамбар Зардушт яратган “Авесто” китобида қуйидаги сатрлар мавжуд: “Эзгу фикр, эзгу сўз ва эзгу ишлар билан ва эзгу фикр, эзгу сўз ва эзгу ишни алқайман. Ўзимни бори эзгу фикрга, эзгу сўзлар (айтиш)га, эзгу ишлар амалига баҳшида қиламан, барча ёмон фикрлардан, ёмон сўзу ёмон ишлардан юз ўгираман”. Бу юксак ғоялар бундан 2700 йил муқаддам яшаб ўтган ватандошимиз Зардўштнинг ўлмас мафкураси эди.

Инсоният доимо яхшиликни ёқлаб, ёмонликка қарши курашади, яратувчанлик ва бунёдкорлик унга хос бўлган буюк фазилатлардир. Шарқ халқларнинг буюк ижодкорлиги, бунёдкорлиги кучли таъсир кўрсатди. Ана шундай таъсир остида Юнон-Рим маданияти, илм-фани, фалсафий тафаккур дунёси шу қадар юксалдики, ўша даврда яратилган шоҳ асарлар ва уларнинг муаллифлари мероси ҳануз башариятнинг эзгу ишларига хизмат қилиб келмоқда. Шу маънода, комил ишонч билан айтиш мумкинки, инсониятнинг ҳақиқий умумбашарий маданияти ғарб цивилизацияси ва Шарқ маънавиятининг қўшилиши асосида яратилган.

Масалан, А.Македонскийнинг устози, ўзининг бу жаҳонгир шогирди Осиёни маҳв этгач, унга юборилган “Авесто” китобини чуқур ўрганган қадимги Юнон файласуфи  ва қомусий олими Арасту (Аристотель, мил.ав. 384-322 йй.) ўз ғоявий қарашларида устози Афлотун (Платон мил.ав. 427-348 йй.) ғояларини бойитди ва унга мухим ўзгартиришлар киритди. У жамиятда бўлиб ўтаётган барча воқеликлар табиатга хос деб билади. Бу билан жамиятни тубдан ўзгартириш ғояларига қарши чиқади ва жамият ривожи табиий жараёнлар тарзида кечиши керак, деб ҳисоблайди.

Афлотун эса ғоялар умумий тушунчалар сифатида одам ақлига боғлиқ эмас, балки у илоҳий тушунчалар деб изоҳлаган эди. Унинг асосий ғояси – эзгулик ёки ягоналик эди. Бунда олий ғоя кўпинча худога тенглаштирилади. Бу файласуфнинг устози бўлган Суқрот (Сократ, мил.ав.470-399 йй.) эса баҳс орқали, яъни муайян масалаларни ўртага қўйиш  ва уларга жавоб топиш йўли билан ҳақиқатни аниқлаш мумкин, деб билган. У эзгулик – билим ва донишмандликдир, яхшилик моҳиятини тўғри англаган инсонгина яхшилик қилади, деб тушунтиради. Суқрот адолатга хилоф бўлган давлат бошқарувининг ҳамма шаклларини танқид қилади, фақатгина адолатли, демократик давлат бошқарувини ёқлаб чиқади.

Шарқда, яъни Турон заминида эса жамият ривожи ва бунёдкорлик ғоялари ҳусусида Абу Наср Фаробий, Ибн Сино, Алишер Навоий қарашлари ўзига хос ўрин тутади. “Ал-муаллими ас-Соний” (“Иккинчи муаллим”), Шарқ Аристотели деб ном олган Абу Наср Фаробий (873-990 йй.) ўзининг “Фозил одамлар шаҳри”, “Фуқаролик сиёсати”, “Бахт саодатга эришув ҳақида” каби асарларида олижаноб жамият, адолатли тузум ҳақидаги ўз фикр-мулохазаларини баён қилиб, ўз даври учун изчил таълимот яратди. У ҳар томонлама етук, барча аҳолини бахт-саодатга, илм-маърифатга олиб борувчи идеал жамоа ҳақидаги ғояларни олға сурди.

Ўша даврнинг буюк мутафаккирлари Абу Райхон Беруний ва Абу Али ибн Синонинг бу борадаги қарашлари ҳам ўзига хосдир. Улар ҳар бир нарсани кузатиш ва тажриба асосида ўрганишга, кейин хулоса чиқаришга интилганлар, барча бунёдкорлик инсоннинг меҳнатига боғлиқлигини таъкидлаганлар. Буюк ўзбек шоири, мутаффакири ва давлат арбоби Алишер Навоий эса ўз асарлари билан жамият тараққиётининг замонасига хос фазилатларни ёритишга ҳаракат қилган. У шеърлари ва достонларида разолатга, беқарорликка, урушу жанжалларга, маърифатсизликка қарши кураш ғояларин улуғлайди. Инсонларни меҳнатга, яратувчанликка, адолатга чақиради. Маърифатга асосланган жамият яратишни орзу қилади. Унинг бу орзулари “Фарход ва Ширин”, “Садди Искандарий” каби достонларида ўз ифодасини топган. Шоирнинг бевосита ўзи ҳам қатор бунёдкорлик ишларига бош-қош бўлган.

Хитой ва ҳинд мутафаккирларининг жамият ривожи ҳақидаги қарашлари ва бунёдкорлик ғоялари ҳам Осиёнинг “шарқона” маънавиятида ўзига хос ўрин тутади. Жумладан, буюк Хитой мутафаккири Конфуций (мил.ав. 551-479) ғоялари ханузгача Хитой халқи мафкурасида етакчилик қилиб келмоқда. Бу ғоянинг асоси жамиятни ҳар қандай ижтимоий ларзалардан асраб қолиш ва инсонлар манфаатини юқори қўйишга қаратилган. Алломанинг мақсади халқни мавжуд қонун-қоидаларини ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш бўлган. Бу ғояга кўра, инсонлар жамиятнинг табиий тараққиётига қарши чиқмаслиги, яъни инқилобий йўлни танламаслиги керак. Конфуций инсоният ҳақида фикр юритар экан, одамлар ижтимоий келиб чиқиши ёки жамиятдаги мавқеи орқали эмас, балки одамийлик, адолатпарварлик, ҳақгўйлик, самимият, фарзандлик иззат-хурмати каби юксак маънавий фазилатларга эришиш туфайли камолатга етишувчи мумкин деб, ҳисоблайди.

Хинд халқининг буюк фарзанди Маҳатма Ганди (1869-1948) ўз маънавияти, ғоялари ва илғор қарашлари билан XX асрнинг шаҳсларидан бирига айланди. У мустамлакачиларга қарши курашнинг тимсоли эди. У хиндлар билан мусулмонларнинг ўзаро дўстлигини мустаҳкамлашга  интилди. Ганди дин билан сиёсатни бир-бирига боғлашга ҳаракат қилди. Унга халқ “Маҳатма” – “Буюк қалб” деб ном бергани ҳам шундан бўлса ажаб эмас. Р.Тагор фикрига кўра: “Ганди муваффақиятининг сири унинг жўшқин маънавий кучида ва беҳад даражада ўз манфаатларидан воз кечишидадир. У ўзининг олийҳимматлилиги билан ноёбдир. Ганди ҳаётиниг ўзи фидойилик тимсолидир”.

Кўҳна Турон ўз бошидан кечирган буюк тарихий воқеалар ичида Амир Темурнинг бунёдкорлик ғоялари ва амалий фаолияти катта аҳамиятга эга. У гарчи фотиҳлар қаторидан ўрин олиб, беҳисоб жангу-жадалларни бошидан кечирган бўлса-да, асосий мақсади бунёдкорлик, яратувчилик бўлган. Жумладан, у “Темур тузуклари”да: “Агар фуқародан бирининг уй-иморати бузилиб, тузатишга қурби етмаса, керакли ускналарни етказиб бериб, унга ёрдам берилсин”, деб кўрсатма беради. Шу ўринда, юртбошимизнинг Амир Темур ўз давлатини ақл-заковат ва ҳуқуқий асос билан идора этган, десак адолатдан бўлади, деган фикрлари ниҳоятда ўринлидир. Зеро, Соҳибқироннинг Мовароуннаҳр, Хуросон ва бошқа жойларда бунёд этган иншоотлари, унинг ўзи ва темурийлар сулоласи давридаги маданият, фан, адабиёт соҳасидаги ютуқлар бунга мисол бўла олади.

Миллий давлатчилик ғояси ва унинг халқлар тараққиётига ижобий таъсирини мустақил Ўзбекистон мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлик, минтақавий тинчлик, миллатлараро тотувлик борасида олиб бораётган сиёсати барқарорлик ҳукм суришга асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Цивилизациялар тарихида ёвуз ғоя ва тажовузкор мафкуралар.  Жаҳон тарихининг умумлашган тарзда бир пиллапоя кўринишида тасаввур қилсак, унинг ҳар бир зинасини инсоният олдида янги имкониятлар ва истиқболлар эшигини очиб берувчи тараққиёт босқичи дейиш мумкин. Тарихий жараён табиатидан келиб чиқадиган мазкур хусусиятнинг диалектикаси инсоният учун доимий бўлган “эзгулик” ва “ёвузлик” ўртасидаги абадий кураш деб аталмиш мухтасар таърифда ўз аксини топган.

 “Эзгулик” – тараққиётга интилувчи кучларни, инсонпарварлик ва юксак аҳлоқ фалсафасини, ижтимоий адолат принциплари ёки “Авесто”да баён қилинган “эзгу фикр, эзгу сўз ва эзгу иш”нинг негизини ташкил этадиган қадриятларни ўзида мужассам этади. “Ёвузлик” эса тарихий реакция, тараққиёт ғилдирагини орқага буриш, қора кучлар фаолияти ва ҳукмронлигини ифодалайди. Инсониятнинг, жумладан, Ўзбекистоннинг неча юз йиллик солномасида ҳам турли босқинчиликлар оқибатида зулм, зўрлик, кулфат уруғларини сочиш ва қон тўкилишига сабаб бўлган бузғунчи ғоялар ва мафкураларнинг халокатли таъсири билан боғлиқ қайғули саҳифалар кўп. Бу ғоялар ўзларида сиёсий босқинчилик ва мустабидлик интилишларини гоҳ яширин, гоҳ ошкора ифодалаган ҳолда диний, миллий, синфий шиорларни байроқ қилиб майдонга чиққанини кўрамиз. Бузғунчи ғоя ва мафкураларнинг амалга оширилиши миллатлар ва халқлар азалий маданиятининг емирилишига, давлат ва жамият ҳаётида салбий ҳодисаларнинг кучайишга сабаб бўлган, кўплаб халқларни ўз йўлини ўзи танлаш ҳуқуқидан маҳрум этган.

Ғоялар ҳукмронлигининг тамал тоши айнан қадимий цивилизациялар даврида қўйилган эди. Унга биноан, одатлар ва таомилларга эмас, балки ғоялар ёки бирор мақсадга бўйсундирилган муайян тилдаги инсон хулқ-атворини шакллантириш мумкин эди. Лекин шу билан бир вақтда, қадимданоқ кишилар онгини найранг ва алдовлар воситасида, ёлғон идеаллар билан заҳарлаш имконияти ҳам пайдо бўлди.

Қадимий цивилизацияларда ижобий ғоя ва қадриятлар билан бирга, салбий характердаги мафкураларнинг ҳам униб чиқиши учун замин бўладиган тасаввур-тушунчалар майдонга кела бошлаган эди. Масалан, қадимий Римда бундай қадриятлар тизимини, бир қарашда умуминсоний қадриятлар жумласидан бўлган, ватанпарварлик тушунчасини белгилар эди. Аммо, бу тушунча Рим халқининг худо томонидан алоҳида танлангани, тақдирнинг ўзи томонидан зафарли истилолар ва Рим салтанати худудини кенгайтириш учун сафарбар қилингани тўғрисидаги соҳта тасаввурларга асосланган эди. Бундай мафкуравий асослар империячилик тафаккур тарзининг шаклланишига сабаб бўлди.

Ўрта асрларга ўтилиши билан, асосан Европада, дин ва черковнинг роли мисли кўрилмаган даражада ўсди. Бу даврда худога оташли ва жазавали ишонч ҳукмронлик қилди ва бу эътиқод инсон ҳаётининг барча томонларини, туғулишдан ўлишгача бўлган ҳар бир қадамини белгилаб берди. Ушбу даврда дин мустабид мафкура шакли сифатида майдонга чиқди.

Бу бир томондан ўз диний уюшмаси ичидаги даҳрийга ёки “муртад”га чиқарилган шахсларнинг турли баҳоналар билан оммавий равишда қирғин қилинишида, иккинчи томондан эса, диний ва худудий истилоларни мақсад қилиб олган хунрезлик урушларида ўзининг аянчли ифодасини топди. Европанинг христиан дунёси томонидан мусулмонларга қарши амалга оширилган салиб юришларини бу урушларга мисол қилиб келтириш мумкин.

Ўрта асрлар диний экстремизми, ўз навбатида, жавоб реакцияси тарзида – антогонизмга асосланган турли ғоялар ҳамда атеизмнинг кучайишига ҳам сабаб бўлди. Вақт ўтиши билан алоҳида сиёсий кучлар бундай ғоялар ва худога муросасизликка асосланган атеизмдан ҳам ўзларининг мафкуравий мақсадлари йўлида фойдаландилар. Ғоялар ва мустабид мафкуралар тарихда бундан фойдаланган собиқ коммунистик таълимот алоҳида ўрин тутади. У ташқи жиҳатдан адолат идеалини ўзида мужассам этган олижаноб интилишларни асос қилиб олгандек кўринсада, охир-оқибатда мустабид жамиятни шакллантириш мафкурасига айланди.

Болшевизм билан бир қаторда, XX асрнинг бошида илдизлари социалистик ғоядан сув ичган мустабид ғоя ва мафкуранинг бошқа шакли – фашизм (итал.фашио – оқим) пайдо бўлди. Собиқ социалист Б.Муссолини Италияда фашистлар ҳаракатининг асосчиси бўлди. Германияда миллий социалистик партия тузган А.Гитлер эса фашизмнинг “маънавий ота”сига айланди. Фашизм II жаҳон уруши оловини ёқди, 50 млн.дан ортиқ кишининг қирилиб кетишига сабаб бўлди. Бизнинг мамлакат ҳам мотам либосига ўралди. Иккинчи жаҳон уруши жабҳаларида курашган Ўзбекистонлик жангчилардан 263005 нафари халок бўлди, 132670 киши дом-дараксиз кетди, 60452 киши ногирон бўлди.

“Расизм” сўзи “раса” (ирқ) атамасидан келиб чиққан. Бу атама XVII асрдан бошлаб Европада “инсоният насли”ни турли ирқий гуруҳлар, жумладан, “оқ”, “қора” ва “сариқ” ирққа ажратиш учун қўллана бошланди. Ирқчилик таълимоти “оқ танли”ларнинг афзаллиги, уларнинг азалдан “олий ирқ” этиб танлагани, бошқа ирқларнинг эса “оқ”ларга қараганда номукаммал яратилганлиги ва ҳамиша тараққиётнинг қуйи поғоналарида туришини асослаб беради. Унинг асосий ғояси ўзининг “илоҳий” табиатига кўра “оқ” ирқларни “қуйи” ирқлар устидан ҳукмрон қилишга даъват этишга қаратилган эди. Ирқчилик миллий мансублиги ва терисининг рангига кўра ажралиб турувчи кишиларга тазйиқ ўтказиш, уларни хақоратлаш, уриш ва ўлдириш каби ҳаракат-ҳодисаларида яққол намоён бўлди. Ижтимоий ҳукмронлик шаклларидан бирининг мафкураси бўлар экан, у буюк давлатчилик, ашаддий шовинизм, “танланган” халқларнинг миллий афзаллиги ғоялари билан чамбарчас боғланиб кетди.

Ирқчилик -  кўп қиёфали. Масалан, ўзини олий ирқ ҳисоблаган инглиз, испан, француз босқинчилари ўрта асрлар ва айниқса, XVIII-XIX асрларда Америка, Австрия, Африка ва Осиёда ерли халқларни кўплаб қириб ташладилар. Жанубий Африка Республикаси томонидан XX асрда узоқ йиллар мобайнида ўтказиб келинган ирқий айирмачилик сиёсати – шафқатсиз ирқий таҳқирлаш ва камситишда ўз ифодасини топди. 1865 йилда АҚШда тузилган “Ку-клуксклан” террористик ташкилоти ҳам ўзининг ошкора ирқчилик йўналишидаги фаолияти билан ажралиб туради. Негрларнинг фуқаролик ҳуқуқларига қарши кураш ва уларни мамлакатдан чиқариб юбориш унинг асосий ғояси ҳисобланади.

Яна бир ёвуз ғоя терроризм бугунги кунда ҳам инсониятга катта таҳдид солмоқда. Жамиятга доимий қўрқув, фитна-ғаламислик мухитини вужудга келтириш, зўравонлик йўли билан жамият барқарорлигини бузиш, гуноҳсиз кишилар, жумладан, болаларнинг халок бўлишига олиб келадиган сиёсий мақсаддаги ўлдириш ва портлашлар бу мудхиш ғоянинг асл моҳиятини ташкил этади.

Сиёсий терроризм XIX асрдаёқ вужудга келган. Лекин у 20 юз йилликда кенг қулоч ёзди. Ғарбий Германиядаги “қизил армия” ва Италиядаги “қизил бригада” гуруҳлари, Испаниядаги басклар ташкилоти, Ольстердаги “Инқилобий-ҳалоскорлик армияси”, Перудаги “Порлоқ ҳаёт” каби бирлашмалар замонавий-сиёсий террористларнинг биринчи авлоди эди. Кейинги йилларда дунёнинг ўнлаб мамлакатларида, жумладан, бизнинг ёш давлатимиз чегарасига яқин давлатлар ҳудудларида ҳам терроризм ўчоқлари пайдо бўлди. Улар мустақил Ўзбекистонга қарши куч йиғмоқда. Чунончи, Тошкентда 1999 йилда юз берган февраль воқеалари, 2000 йил ёз ойларида Сурхондарёга Афғонистондан ўтган террористик гурухлар хуружи бузғунчи сиёсий кучларнинг халқимизни демократик тараққиёт йўлидан қайтаришга бўлган урунишлари тўхтамаганидан гувоҳлик беради.

Ғоя ва мафкураларнинг мутлоқлаштиришнинг салбий оқибатлари.  Тарихдан маълум бўлган реал мустабид тузумларни қиёсий таҳлил этиш улар амал қилган мафкураларнинг қуйидаги умумий хусусиятларини амалга ошириш билан боғлиқ қатор салбий оқибатларни аниқлаш имконини беради.

Аввало, мустабидчилик мафкуралари ўз даврларида ижтимоий ва шахсий ҳаётнинг барча соҳаларини тўлиқ қамраб олишга, ягона дунёқараш тизими ҳукмронлигини ўрнатишга интиладилар. Бу мафкуралар буюк ва ёрқин ўтмишни инкор этадилар. Улар жамиятни инқилобий йўл билан ёппасига қайта тузиш ва уни амалга ошириш мумкин, деб ҳисоблайдилар, ўзларигача бўлган қадриятларнинг барчасини ёҳуд кўпчилигини бекор қилиб, уларни фақат ўз тамойиллари билан алмаштирмоқчи бўладилар.

Мустабидчилик мафкуралари “янги жамият” ва “янги инсон”ни вужудга келтиришни ўз мақсади деб эълон қилади, бунда шахс манфаатлари ва айниқса, шахс эркинлиги тор ҳукмрон табақа, мустабид тузумнинг манфаатларига бўйсундирилди. Бундай ижтимоий тузум “демократиянинг олий шакли”, халқ ҳокимияти шакли, деб эълон қилинади. Лекин бунда демократия халқ иродасини амалга оширилиши деб эмас, балки хатто халқ иродасига қарши боришга тўғри келган тақдирда ҳам зўравонлик воситалари билан халқ “фаровонлиги”ни амалга ошириш тушунилади. ”Мустабидчилик мафкураси” ўзини ҳақиқатнинг гавдаланиши ва фаровонликнинг намоён бўлиши деб ҳисоблагани учун ҳам ҳар қандай фикр, ҳар қандай бошқача мулоҳазага бартараф этилиши лозим бўлган ёвузлик деб қаралади. “Мустабидчилик мафкураси” гўёки танқиддан холи, қандайдир ихоталанган ишонч объектига айланади. Бошқача айтганда, бундай мафкура эркинлик, инсоний ҳақиқатдан ўз зўрлиги ва ҳукмронлигини ўрнатади.

Сиёсий муҳитда бунга ҳокимиятни монополиялаштириш мувофиқ келади. Ҳокимият битта партия (ёки сиёсий ҳаракат)нинг қўлида тўпланади, партиянинг ўзи эса якка раҳнамонинг (“доҳий”, “фюрер” ва бошқаларнинг ҳукми остига тушиб қолади. Ҳукмрон партиянинг давлат аппаратига ўсиб чиқиши содир бўлади. Шу билан бирга, жамиятнинг давлатлашуви, яъни давлатдан мустақил бўлган ижтимоий ҳаётнинг йўқотилиши (ёки ниҳоятда камайтирилиши), фуқоролик жамиятининг йўқотилиши (ҳусусан, ҳукмрон партияга бўйсунмаган барча бошқа партия ва жамоат ташкилотларнинг таъқиқланиши)да ўз ифодасини топади; ҳуқуқнинг, қонуннинг роли камситилади; хокимият қонун билан чекланмайдиган ва қонунга бўйсунмайдиган ваколатга эга бўлади, иқтисодиётга марказлашган раҳбарликни қарор топтиради (бу гўё энг оқилона ва самарали раҳбарлик бўлармиш).

Ma’ruzalar matnlari