Иймон тушунчасига фақат диний тушунча сифатида қараш тўғри эмас. Чунки ҳар куни фойдали бир амал савоб иш қилиш, солиҳ ҳулқ соҳиби бўлиш, бутун инсониятга меҳр-мухаббат билан қараш, жамиятдаги ҳулқ меъёрларини қалбдан ҳис қилиб, уларни бузмасликка интилиш ҳам иймондандир. Агар бола ёшликдан гўзал ҳулқларни эгаллашга интилиб яшаса, мусулмончилик одоблари, хушҳулқлилик тамойилларини ўзлаштириб боришга руҳан тайёр бўлса, уни иймонли бўлиб тарбия топаяпти, дейиш мумкин. Соғлом дунёқараш, масъулият, иймон ва эътиқодни ёшлар онгида шакллантиришнинг қуйидаги асосий объектив шарт-шароитлари ва омилларини ажратиб кўрсатиб кўрсатиш мумкин: а) ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий мухит. Ёшларда соғлом эътиқод ва юксак дунёқарашнинг шаклланиши учун маълум мухит ҳам зарур. Ўзбекистонда бу борада улкан ишлар амалга оширилмоқда. Президентимиз Ислом Каримов томонидан мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ миллий қадриятларимизни тиклаш, тарихимизни холис ва чуқур ўрганиш, буюк аждодларимиз хотирасини ёд этиш, бой илмий – адабий меросини ўрганиш, халқ маънавиятини юксалтириш, миллий сиёсатимизнинг устувор йўналишларидан бирига айланади. Ижтимоий ва сиёсий институтлар – давлат ва нодавлат ташкилотлари, сиёсий партиялар, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватловчи жамғармаларнинг ташкил этилиши ўзига хос ижтимоий мухитни шакллантиради. Бу эса ўз навбатида ёшларнинг буюк келажак бунёдкори бўлиб вояга етишда муҳим ўрин тутмоқда. б) соғлом ғоялар. Ўзбекистон ўз мустақиллигини қўлга киритгач давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган, халқ томонидан эътироф этилган илғор ғоялар бугунги кунда шундай фаол кучга айланганки, улар ёшларнинг психологик ва ижтимоий эҳтиёжларига тўла жавоб беради. Зеро, Ватаннинг равнақи, юртнинг тинчлиги, халқ фаровонлиги, миллатлараро тотувлик, ижтимоий ҳамкорлик, комил инсон тарбияси учун яратилган шароитлар, айнан келажагимиз бўлган ёшларнинг манфаати учун хизмат қилади. в) сиёсий онг ва ҳуқуқий маданиятнинг ўсишида сиёсий партияларнинг ўрни ва аҳамияти катта. Улар ўз фалияти билан фикрлар хилма-хиллиги ва қарашлар ранг-баранглигига асосланган демократик жамият барпо этиш ғоясининг амалга ошишига хизмат қилади. Ўзбекистондаги ҳар бир партия ўз дастурий мақсадларини рўёбга чиқариш учун ҳуқуқий асос ва қонуний кафолатларга эга. Фуқаролар учун қайси сиёсий партиянинг қарашларига қўшилиши ёки қўшилмаслиги ихтиёрий бўлиб, бундай эркинлик ёшларнинг фикрлашга, ўзича мустақил йўл танлашга хизмат қилади. Ҳар бир партиянинг ўз дастурий ғояларини ҳаётга татбиқ этиш жараёнида миллий истиқлол мафкурасининг асосий тамойиллирига амал қилиши ҳаётнинг бош мезонидир. Чунки халқ манфаатлари, истиқлол ғоялари, қайси сиёсий ва мафкуравий кучга мансублигидан қатъий назар, барча юртдошларимиз учун муқаддасдир. Фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш чинакам демократик фуқаролик жамияти қуришнинг мухим омили. Бу ўринда шуни таъкидлаш жоизки, шахснинг ҳуқуқий онги, юксак билими етарли бўлиши, лекин унда ҳуқуқий маданият етишмаслиги, у фуқаро сифатида халқи ва Ватани олдида бурч ва масъулиятини теран англамаслиги мумкин. Шунинг учун ҳам фуқаролар, айниқса ёшларда, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш мафкуравий тарбиянинг мухим шартидир. Ҳуқуқий маданиятни шакллантириш омиллари қуйидагилардир: ҳуқуқий маданиятга оид оммабоп адабиётлар; таълим муассасаларида ҳуқуқий маданиятга оид махсус ўқув курслари; ижтимоий мулоқотлик ҳуқуқий тамойиллари мавзуига оид тадбирлар; мустақилликнинг инсон манфаатларига қаратилган ҳуқуқий асосларини кенг халқ оммаси орасида тарғиб этиш ва бошқалар. г) ёшларнинг билим даражаси. Илғор ғояларнинг амалга оширишнинг яна бир мухим шарти уларни ўзлаштириш лозим бўлган ижтимоий қатлам ёки гурухнинг билим савияси маълумотлик даражасидир. Ўзбекистон Республикасида қабул қилинган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури “Таълим тўғрисида”ги қонун ёшларнинг билим ва малакасини оширишга қаратилган тарихий хужжатлардир, улар ҳар бир ёшнинг билим даражасини оширишга, дунёқарашининг кенгайтиришга хизмат қилади. д) одатий, анъанавий фикрлаш тарзида янгича, илғор фикрлашга ўтиш мафкуравий янгиланишлар жараёнинг мухим хусусиятидир. Таъкидлаш лозимки, инсон ўзи учун одатий бўлиб қолган фикрлаш тарзидан осонликча воз кечолмайди, чунки эскича фикрлаш бир қарашда қулай бўлиб кўринади. Лекин янги давр, янгича ислоҳатлар, демократия, бозор муносабатлари айнан тафаккур ва фикрдаги ўзгаришларни тақозо этади ва бу ривожланишнинг, тараққиётнинг асосий шартидир. Шунинг учун миллий истиқлол ғояси асосий тушунча ва тамойилларининг кенг омма қалби ва онгига сингиши бирданига, тез ва бир текисда рўй бермайди. Бу –мураккаб, босқичма-босқич амалга ошадиган жараён бўлиб, бу жараёнда, бошқа ижтимоий қатлам вакилларидан фарқли ўлароқ ёшлар ташаббускорлик кўрсатиши ва ўз дунёқараши, эътиқоди билан бошқаларга таъсир кўрсатиши керак. Оилавий ва мафкуравий тарбия. Шахс маънавияти, унинг дунёқараши, инсоннинг тасаввур ва эътиқодга алоқадор кўникмалар мажмуи асосан оилада шаклланди. Шу маънода оила – ҳақиқий маънавият ўчоғи, мафкуравий тарбия омили ва мухитидир. Бинобарин, миллий мафкурамизга хос илк тушунчалар инсон қалби ва онгига аввало оила мухитида сингади. Бу жараён боболар ўгити, ота ибрати, она меҳри орқали амалга оширилади. Оила, унинг асрлар мобайнида сақланиб келаётган муқаддас анъаналари орқали ёшларда Ватанга муҳаббат, иймон, эътиқод, масъулият, ватанпарварлик, инсонпарварлик, илмга иштиёқ ва маданият кўникмалари шаклланади. Зеро, ҳар бир фуқаро оиланинг жамиятдаги ўрни ва вазифасини, Ватаннинг остонадан бошланишини тушунмасдан туриб, ўзини мукаммал инсон деб ҳис қила олмайди. Болаларда ёшликдан халқ ва юрт тақдири учун фидойилик туйғусини шакллантириш мафкуравий тарбияда муҳим ўрин тутади. Бунинг учун бола ҳаётнинг дастлабки йилларидан бошлаб, уни нарсалар олами билан таништиришнинг миллий анъаналаримизга хос шаклларини қўллаш лозим. Бу жараёнда миллий турмуш тарзимизга ёт бўлган “жангари” ўйинчоқлар, мультфильмлар, кинофильмлардан имкон қадар фойдаланмаслик лозим. Шарқона одоб ва башариятнинг эзгу интилишларини акс эттирувчи ўйинлар, ўйинчоқлар, расмли китобчалар, миллий эртаклар асосида яратилган мультфильмлар болалардаги илк ёшликдан мафкуравий қарашларнинг тўғри шаклланишида қўл келади. Ота-оналар саводхонлиги. Юқорида тилга олинган тарбия шаклларининг амалга оширишнинг энг қулай йўли – аввало ота-оналарнинг маънавий билим савиясини ошириш, уларда соғлом тафаккур ва замонавий дунёқарашни шакллантиришдир. Бу эса ота-онанинг фарзанд олдидаги, эл-юрт олдидаги бурчини тўғри англашни инсоннинг дунёга келиши ва камол топиб ривожланишига оид қонуниятларни пухта билишни, оилавий муносабатлар доирасида миллий урф-одат ва анъаналаримизни энг нодирларини турмушга сингдириш орқали болаларда миллий қадриятларга меҳр-муҳаббатни уйғотишни, уларни мустақил фикрлайдиган кишилар қилиб тарбиялашни тақазо этади. Бинобарин, ота-оналик шундай масъулиятли вазифаки, унинг жамиятимиз манфаатига мос тарзда амалга оширилиши учун инсон ҳам маънавий жихатдан, ҳам психологик жихатдан тайёр бўлиши керак. Касбни пухта эгаллаш ва фидокорона меҳнат қилиш учун илм қанчалик зарур бўлса, фозил фарзандлар тарбиялаш ва уларни инсонларга нафи тегадиган даражада етук қилиб тарбиялаш учун ҳам билим шунчалик мухимдир. Шунинг учун ўрта асрнинг кўзга кўринган истеъдодли шоирларидан бири Абдибек Шерозий ота-онага, айниқса, аёл кишига илмнинг зарурати тўғрисида шундай ёзган эди: “Илм – аёл учун зийнат. Ақлини нодонликдан холос этган ҳар бир аёл номус, иззат, аёлликни қадрини тушуниб етади. Бундай аёл ҳеч бир ишда адашмайди. Илмсиз аёл эса бола тарбиялашда турли хатоларга йўл қўяди”. Боболар ва момолар тарбияси. Ўзбек оиласида бола онгида соғлом ғоя ва билимлар шаклланиши жараёнида оиланинг катталари –боболар, момолар, яқин қариндош-уруғлар ҳам бевосита иштирок этади. Азалий удумга биноан, бола тарбиясида ота-онадан ҳам кўра бобо ва бувиларнинг таъсири кучлироқ бўлади. Улар оиладаги маънавий мухитнинг бошқарувчилари ҳисобланади. Бундай тарбия анъанаси буюк жадодларимиз тақдирида мухим ўрин тутган. Масалан, Амир Темурнинг неваралари тарбияси билан уларнинг оналари эмас, улуғ бибилари, бувилари шуғулланган. Хусусан, Шоҳруҳ Мирзо, Муҳаммад Султон Мирзо, Халил Султон Мирзо, Улуғбек Мирзо сингари темурий шахзодалар Сароймулкхоним қўлида тарбия топган. Хуллас, ота-она ўз боласини ахлоқи ва ҳуқуқий маданияти учун жамият олдида жавобгардир. Ота-оналик бурчига эътиборсиз қараш фуқаролик масъулиятини хис этмаслик муҳим ижтимоий бурчни бажармаслик билан тенгдир. Чунки, болани дунёга келтиришдан кўра, уни жамиятга нафи тегадиган, соғлом эътиқодли, солиҳ фарзанд қилиб тарбиялаш мушкулроқдир. Маҳалла – тарбиячи. Ўзини-ўзи бошқаришнинг миллий модели бўлган маҳалла халқимизнинг азалий удумлари, урф-одатлари ва анъналарига таянган ҳолда, улкан тарбиявий вазифани бажаради. Кексаларнинг панд-насиҳати, катталарнинг шахсий ибрати, жамоанинг ҳамжихатлиги мисолида одамлар онгига эзгулик ғоялари сингдириб борилади. Маҳалла аввало соғлом ижтимоий мухитдир. Бу ерда кучли таъсирга эга бўлган жамоатчилик фикри маҳалла аҳлининг хулқ-атвори, ўзаро муносабатларини адолат ва маънавий мезонлар асосида тартибга солиб туради. Шу маънода маҳалла, Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганларидек, ҳақиқий демократия дарсхонасидир. Маҳаллада кенг жамоатчилик ўртасида мафкуравий ишларни самарали йўлга қўйиш учун катта имкониятлар мавжуд. Айниқса, миллий қадриятлар, меҳр-оқибат, эл-юрт шаъни учун кураш каби фазилатлар камол топишида маҳалланинг ўрни беқиёс. Агар бирор маҳаллада ўсган қиз ҳақида бошқа бир одам ноўринроқ гап айтганини, ўша қизнинг маҳалладоши эшитиб қолса, шу қизнинг шаъни учун курашади, уни оқлашга, бегона одамни эса тартибга чақириб қўйишга ҳаракат қилади. Шу маънода маҳалла ҳамжиҳатлик, ор-номус, биродарлик каби фазилатлар тарбиясига ижобий таъсир кўрсатади. Маҳалла доирасида амалга ошириладиган мафкуравий таълим ва саводхонлик курсларини ташкил этиш, анъанавий байрам ва тадбирлар пайтида мухтож оилаларга ёрдам кўрсатиш, иқтидорли ёшларни рағбатлантириш, аёллар нуфузини ошириш, ҳар хил адолатсизликларнинг олдини олиш, оммавий ахборот воситалари имкониятларидан фойдаланиш, ўзаро диний муассасалар, мачитлар билан алоқани яхшилаш, ҳамкорликда тадбирлар уюштириш ва турли авлод вакиллари ўртасидаги муносабатларни такомиллаштириш йўл-йўриқларига ўргатиш орқали ғоявий тарғибот ўзига хос тарзда амалга оширилади. Шунда маҳалла фуқароларни, биринчи навбатда, ёшларни миллий истиқлол мафкураси руҳида тарбиялашнинг хақиқий таъсирчан ўчоғига айланади. Иккинчидан, оилага психологик ёрдам кўрсатиш шахобчаларининг ташкил этилиши ҳам оилаларда рўй берадиган турли муаммоларнинг ечимини ижтимоий услублар воситасида ҳал қилиш имконини беради. Уларнинг асосий вазифаларидан бири ота-оналар ва фарзандлар учун миллий мафкура руҳидаги тадбирлар ва маслаҳатлар мажмуини ишлаб чиқишдан иборат бўлади. Аёл, она – эзгулик тимсоли. Мафкуравий тарбияда онанинг алоҳида ўрни ва нуфузини ҳисобга олиб, хотин-қизларнинг бола тарбияси ва оилавий рўзғор ишларини юритиш борасидаги билимдонликларини такомиллаштириб бориш, “оналар мактаблари” ташкил этиш ҳам катта амалий аҳамиятга эга бўлади. Чунки Президентимиз, ҳукуматимиз томонидан аёлларга билдирилган юксак ишончнинг замирида бу мўътабар зотларга хос буюк оналик меҳр-муҳаббати, уларнинг мафкуравий тарбияга қўшажак куч-ғайрати, ноёб истеъдодларининг эътирофи ётади. Жаҳон маданияти ва маънавиятига катта хисса қўшган Мусо Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий, Аҳмад Фарғоний, Амир Темур, Улуғбек, Алишер Навоий, Бурҳониддин Марғинонийларни дунёга келтириб, тарбия берган момоларимизнинг ворислари бўлган замонавий аёллар ҳам соғлом фикрловчи, Ўзбекистон тараққиёти учун бутун билим ва иқтидорини аямайдиган ёшларни тарбиялаб беришига шубҳа йўқ. Зеро, юртбошимизнинг “Ҳар қайси жамиятнинг маданий даражаси ва маънавий баркамоллиги аёлларга бўлган муносабат билан белгиланади”, деб уларнинг ҳаётимиздаги ўрнига катта аҳамият бераётгани бежиз эмас. Анъаналар, удумлар, расм-русмлар. Асрлар мобайнида шаклланган, авлоддан-авлодга бебаҳо мерос сифатида ўтиб келаётган урф-одат, маросим ва байрамлар ҳам миллий мафкуранинг асосий ғояларини сингдиришда муҳим омил бўлади. Хусусан, Мустақиллик, Наврўз, ўқитувчилар ва мураббийлар, Хотира ва қадрлаш куни каби байрам ва маросимларимизнинг жамият ҳаётига замонавий мазмун бахш этиш йўлида оқилона фойдаланиш зарур. Бугунги кунда миллий анъаналаримизни ўрганиш, тарғиб этиш билан бир қаторда тўй-маъракаларни, одат ва удумларни ихчамлаштириш, бу борада исрофгарчилик ва дабдабабозликка йўл қўймасликка алоҳида эътибор қаратиш даркор. Бу урф-одат ва анъаналарнинг асосий қисми оилада ва оила аъзоларининг бевосита иштирокида ўтказилади. Шунинг учун ҳам ҳар бир оилавий анъана ва удум мафкуравий тарбиянинг мухим йўналиши ҳисобланади. Ҳар бир ўзбек оиласида муқаддас саналадиган меҳмоннавозлик, қиз ва ўғил болалар тарбияси борасида махсус анъаналарнинг мавжудлиги, йил мавсумига кўра барча оила аъзолари иштирокида ўтказиладиган ҳашарлар, чақалоқнинг дунёга келиши билан боғлиқ ҳамма-ҳаммаси эзгуликка, яъни соғлом мафкуравий муҳитни шакллантиришга хизмат қилади. Мулоқот маданияти – инсонга хос маънавий эҳтиёж бўлиб, ундаги умумий маданий савиянинг муҳим кўрсатгичидир. Инсон ўзининг ҳис-туйғуларини, ички кечинмалари, ўй-фикрларини бевосита мулоқот жараёнида намоён қилади. Мафкуравий тарбиянинг энг таъсирчан воситаларидн бири ҳам мулоқот ҳисобланади. Чунки инсон қалбида, онгида шаклланадиган дунёқараш, эътиқод, иймон, виждон, масъулият каби фазилатлар тарбиясида радио-телеведение, газета-журналлар, бадиий ҳамда илмий адабиётнинг ўрнини эътироф этган ҳолда, шуни айтиш мумкинки, юзма-юз кечадиган фикр алмашув, инсоннинг юзи ва кўзига қараб туриб айтиладиган бамаъни сўз ва ҳиссиётларнинг ўрни беқиёс. Шунинг учун ҳам ота-она бир гапни айтиш лозим бўлса, боласининг юзини ўзига қаратиб олиб, зарур юз қиёфаси ва кўзидаги самимият билан фикрини уқтира бошлайди. Ва бундай мулоқот самарали бўлади. Шу боис аудиторияларда ўқитувчи билан ўқувчи, талаба ва домла ўртасидаги мулоқотга таълим ва тарбия жараёнида катта аҳамият берилади. Оилада ота-она, қайнона-келин, қариндош-уруғлар ўртасидаги муносабатларнинг меъёри, уларнинг мақсадга мувофиқлиги, муносабатлардаги самимият даражаси ҳам ёшларда соғлом фикрнинг, шарм-ҳаё, меҳр-оқибат, иффат, ибо, назокат, лафз, масъулият каби ижобий фазилатлар ва интелекктуал сифатларнинг намоён бўлишига замин ҳозирлайди. Халқимизга хос устивор фазилатлар асосан оилавий муҳитда, яқин қариндошларнинг бевосита аралашувида юз беради. Бу ҳол меҳнатга тўғри муносабат, ҳалоллик, катталарни ҳурмат қилиш, кичикларни эъзозлаш, аяш, урф-одатларни муқаддас билиш жараёнида амалга ошади. Бундай сифатларни ўзлаштира олган ҳар бир ўғил ва қизда оилапарварлик ва юртпарварлик хусусиятлари ривожланиши муқаррар. Лекин оилавий низолар, ажиралишларнинг сабаблари таҳлил қилинганда, шу нарса аён бўлмоқдаки, оила муҳитнинг носоғломлиги, оила аъзолари ўртасидаги келишмовчиликлар, ўзаро тил топа олмаслик каби ҳолатлар нафақат ўша оила, балки қариндош-уруғлар ўртасидаги хотиржамликка ҳам раҳна солади. Энг ачинарлиси – бунинг оқибатида эътиқодсиз, диёнатсиз, мақсад-маслаксиз болалар, ҳаётида ўз ўрнини топа олмаган инсонларнинг пайдо бўлишидир. Таълим муассасалари. Истиқлол мафкурасини одамлар қалби ва онгига сингдиришда жамият ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олиш, таълим-тарбия, тарғибот ва ташвиқотнинг самарали усул ва воситаларидан оқилона фойдаланиш тақозо этилади. Таълим ва тарбия соҳалари миллий истиқлол ғояларини ёшлар қалби ва онгига сингдиришнинг устувор йўналишларидандир. Бунда қуйидаги вазифалар кўзда тутилади: таълим муассасаларида болалар ва талабаларнинг ёшига мос равишда миллий истиқлол мафкурасини сингдиришда дифференциал педагок-психологик дастурни яратиш; Кадрлар тайёрлаш миллий дастури асосида ўқувчи-талабалар онгига миллий ғоя ва миллий истиқлол мафкурасини шакллантириш ишларини узлуксиз тарзда олиб бориш; ўқув дастурлари, дарслик ва қўлланмаларда миллий истиқлол мафкураси ғояларини теран акс эттириш; мактаб, лицей, коллеж, институт ва университетларда мафкуравий тарбияни бугунги кун талаблари даражасига кўтариш; педагог кадрларнинг мафкура борасидаги билимларини чуқурлаштириш. |
Ma’ruzalar matnlari |