маҳалланинг демократия дарсхонаси ва ўз-ўзини бошқариш мактаби эканини тушунтириш; умуминсоний қадриятларнинг миллатлараро тотувлик, бағрикенглик, дунёвий илмларга интилиш ва илғор маданиятни шакллантириш воситаси эканини уқтириш; диннинг дунёвийлик билан қарама-қарши эмаслигини англатиш; маърифатнинг шахс интеллектуал салоҳиятини оширишдаги имкониятлари кенглигини исботловчи тарихнинг, мафкуранинг фалсафий асосини яратишдаги аҳамиятини очиб бориш; ҳуқуқий маданиятни соғлом дунёқарашнинг муҳим омили экани тўғрисидаги маълумотларни кўпайтириш. Бу ишлар ижтимоий гуманитар фанларнинг маъно мазмуни ва уларни ўқитиш технологияларни такомиллаштиришни, ёшларни мустақил фикрли бўлишига, ижобий ўзгаришларга бефарқ бўлмаган, чуқур билимларга интилиб яшашга ўргатишни тақазо этади. Таълим жараёнида ижтимоий тренинг машғулотларининг миллий менталитетга мос шаклларидан самарали фойдаланиш тарихий ва маданий меросни чуқур ўрганиш билан бир қаторда илғор, замонавий билимлар эгаси бўлишга интилишнинг ошишига туртки бўлади. Таълим муассасаларида яратилган ўқув қўлланмаларидан тортиб, синфлар ва аудиторияларгача барчасини мафкуравий таълим берувчи ижтимоий рекламалар билан қуроллантириш мақсадга мувофиқдир. Ёшлардаги соғлом дунёқараш ва илмга иштиёқни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда хомийлик ва васийлик ташкилотлари имкониятларидан тўла фойдаланиш ва шу орқали жамият кенг қатламлари вакилларини таълим-тарбияни такомиллаштириш ишига сафарбар этиш зарур. Дунёвий илмларни мукаммал билиш даҳрийлик белгиси эмаслигини ҳар бир ёшнинг теран етишиши муқаддас ислом динимизнинг иймон-эътиқодга, инсоф-диёнатга чорловчи кучини янада оширади. Энг муҳими – мамлакатимизда қабул қилинган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ҳар томонлама баркамол, билимли, малакали ёшларни вояга етказишнинг жамиятимиз томонидан қабул қилинган тарихий хужжати эканини тушунтириш ва уни амалга оширишга бутун кучни сафарбар этиш зарур. Таянч иборалар Тарбия услублари, тарбия воситалари, ғоявий тарбия, ахборот тизими, ижтимоий фикр, тарбия, тарбия даражаси, эътиқод, иймон, масъулият, оиладаги ғоявий тарбия, таълим муассасалари ва миллий ғоя тарбияси, раҳбарлик, маънавият, ўрнак, тақлид, таъсирланиш, ижтимоий таъсир.
Мавзу: Миллий истиқлол ғоясининг амал қилиш тамойиллари Режа: Истиқлол ғояси амал қилиши тамойилларининг мазмун-моҳияти. Инсонпарварлик, виждон эркинлиги ва фикрлар ранг-баранглиги. Умуминсонийликнинг устуворлиги, миллий қадриятларга содиқлик, қонун устиворлиги. Демократия ва жамият ҳаётини эркинлаштириш. Миллий истиқлол ғояси ва мафкурасининг амал қилиш тамойиллари бўлиши табиий. Бу ҳар қандай «ижтимоий ғоя ва мафкуранинг ҳаётдаги ўрни ҳамда аҳамияти билан белгиланадиган тамойилларнинг миллий даражада намоён бўлишини ифодалайди. Бизнинг ғоя ва мафкурамиз бу соҳадаги жаҳон андозаларига, халқаро ҳуқуқ қоидаларига тўла мос келадиган қуйидаги тамойиллар асосида амал қилади: умуминсонийликнинг устиворлиги; миллий қадриятларга содиқлик; инсонпарварлик: виждон эркинлиги; фикрлар ранг-баранлиги; демократия, кучли давлатдан - кучли жамиятга ўтиш; жамият ҳаётини эркинлаштириш ва бошқалар. Миллий истиқлол мафкураси тамойиллари бир-бири билан узвий алоқадордир. Улар ўз навбатида умуминсоний қадриятлар устуворлиги талабларига тўла-тўкис мос келади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида жамият ҳаётининг, хусусан мафкуравий жараёнларнинг хам ҳуқуқий меъёрлари аниқ белгилаб қўйилган. Конституциянинг 12-моддасида «Ўзбекистон Республикасида ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланади. Ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас», дейилган. Албатта, давлат жамият сиёсий тизимининг ўзаги, мамлакат барқарорлиги ва изчил тараққиёти учун масъул бўлган сиёсий институтдир. Шу маънода, у жамиятнинг ўз миллий ғоялари атрофида мустаҳкам жипслашуви, фикрлар ранг-баранглиги ва қарашлар хилма-хиллиги асосида ҳаётда мафкуравий жараёнларнинг мувофиқлашувидан манфаатдор. Бош ислоҳотчи сифатида давлат ижтимоий-сиёсий барқарорлик, миллий хавфсизлик, келажак ҳаёт манфаатларидан келиб чиқиб, жамиятда миллий истиқлол ғояларини кенг ёйиш борасида фаолият олиб боради. Буни хориж тажрибасидан ҳам кўришимиз мумкин. Бу мамлакатларда юзаки қарагандагина, ғояга, мафкурага у қадар катта эътибор берилмаётгандек туюлади, холос. Масалан, Америка Қўшма Штатларини олайлик. Бу ерда ҳар бир инсон онгига «Сен — америкаликсан, озод инсонсан, сенинг эркинлигингга дахл қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ», деган тушунча болаликдан сингдириб борилади. Шунинг учун ҳам бу мамлакат фуқароси, дунёнинг қай бурчида бўлмасин, «Мен - америкаликман» деб ғурурланиб юради. Миллий исгиқлол ғояси инсонпарварлик тамойилига амал қилишни тақазо этади. Мамлакатимизда инсонпарвар ва демократик жамият барпо этилмокда. Биз халқимизнинг муқаддас қадриятлари ҳамда улкан тарихий меросига таяниб, шунингдек, умумэътироф этилган демократик тамойил ва меъёрларга риоя қилган ҳолда, инсонпарвар жамият барпо этмоқдамиз. Бугунга келиб мустабид тузум асоратларидан, унинг ғайриинсоний ғояларидан, шунингдек, якка мафкурачилик амалидан халос бўлдик. Ҳозирги мураккаб ривожланиш босқичида Ўзбекистоннинг демократик истиқболини жамиятда инсоннииг туб манфаатларига мос ижтимоий муносабатларни шакллантариш орқалигина таъминлаш мумкин. Бунда инсон ва жамият манфаатлари уйғунлигини белгилаб берувчи таянч нуқта ва жипслаштирувчи куч — миллий ғоянинг инсонпарварлик ва демократик тамойиллари бўлиб ҳисобланади. Миллат тафаккури, руҳияти ва фикрлаш тарзи қарашлар хилма-хиллигини асло инкор этмайди. Халқимизнинг «Кенгашли тўй тарқамас», деган мақоли ҳам фикримизни тасдиқлайди. Умумбашарий демократик тамойилларнинг ҳаётимиздан мустаҳкам ўрин олиши маънавий куч-қудратимиз тимсоли бўлган миллий ғояда акс этган инсонпарвар тузум, барқарор тараққиёт, хавфсизлик, миллий давлатчиликнинг маънавий таянчлари нечоғлик мустаҳкам бўлишига боғлиқ. Ўзбекистон Конституциясида ва мамлакатимиз қонунларида фуқароларимизнинг ҳуқуқлари тўла кафолатланган. Бу ҳуқуқий асосга таянган ҳолда ғайриинсоний қарашларнинг ҳаётимизга таъсиридан мутлақо халос бўлиш, миллатнинг куч-қудратини заифлаштирувчи айрим маънавий нуқсонларга барҳам бериш жараёни изчил амалга оширилиши керак. Бу эса демократия моҳиятини том маънода англаб етишни, ҳокимият органлари ва фуқаролар ўртасидаги муносабатлар тизими ва маданиятини юқори савияга кўтаришни талаб этали. Виждон эркинлиги. Одамзот азал-азалдан интилиб келган, хилма-хил даража ва кўринишларда амалга оширган умуминсоний тамойиллардан биридир. «Виждон эркинлиги» «эътиқод эркинлиги» тушунчасидан кўра кенг мазмунга эга. «Эътиқод эркинлиги» инсоннинг бирор-бир динга эътиқод қўйишда ўз ихтиёри билан иш тутишини ифодалайди. «Виждон эркинлиги» эса муайян кишининг бирор динга, ғояга эътиқод қилиши ёки умуман эътиқод қилмаслигини ҳам англатади. Инсон диндор, динсиз даҳрий ёки художўй бўлиши, бут ва санамларга сиғиниши, бутунлай худосиз бўлиши ҳам мумкин.У дунёвий ёки диний билимлар тарафдори сифатида намоён бўлиши мумкин. Аммо бу — ана шу кишини айблаш учун асос бўлмайди, балки кимнинг қандай эътиқодга эга бўлиши ёки бўлмаслиги унинг виждонига ҳавола этилади, демакдир. Аммо бу тамойил виждон ва бурч, жамиятдаги бошқа умуминсоний талабларни тан олмаслик, турли ақидаларни мутлоқлаштириш, бошқалар учун қадрият бўлган нарсаларни менсимаслик дегани эмас. Балки, кишининг ишончи, эътиқоди соҳасидаги англаб олинган эркинлиги, жамият қонунларига мос ҳаёт кечириши демакдир. Фикрлар ранг-баранглигини қарор топтириш — демократик жамият барпо этишнинг асосий шартидир. Демократия давлат ва жамият қурилиши, уни идора этишнинг энг мақбул шакли сифатида ҳар бир фуқарога ўз қарашларини, фикрини эркин ифода этиш учун шароит яратади. Бу эса инсоннинг мамлакат сиёсий — ижтимоий, маданий, иқтисодий ҳаётидаги иштирокини, қонунларни ишлаб чиқишда, уни ҳаётга жорий этишдаги фаоллигини таъминлайди. Миллий истиқлол ғоясининг ушбу тамойили оламдаги турли-туманлик билан инсоният дунёсидаги хилма-хилликнинг, одамлар фикрлаши, орзу-умидлари, ғоя ва мақсадлари соҳасидаги ранг-барангликнинг уйғунлигини ифодалайди. Фикрлар ранг-баранглиги миллий истиқлол мафкурасига жон бағишлайди, унинг такомиллашишига ёрдам беради. Ана шу асосда бу мафкура хилма-хил фикрлар билан бойиб боради, турли ғояларни ўзига доимий сингдириш имконига эга бўлади. Умуминсоний қадриятларнинг устуворлиги — миллий истиқлол ғоясининг асосий тамойилларидан биридир. Фуқаролар онгида истиқлол дунёқарашини шакллантириш, уларни ижтимоий ҳаётдаги янгиланиш ва ўзгаришлар жараёнига кенг жалб этиш, замон тараққиётидан ортда қолмаслигига эришиш, жаҳон тажрибасини, умуминсоний демократик қадриятлар моҳиятини ўрганишни талаб этади. Бу, одамларнинг буюк келажак яратиш жараёнига ишончини мустаҳкамлашида, фуқароларнинг сиёсий маданиятини ўстиришда, барқарор тараққиёт муаммоларини тўғри англашида ғоявий йўналиш бўлиб хизмат қилади. Миллий истиқлол ғояси эркин фуқаролик жамиятига ўтиш жараёнида халқ тасаввурини ўзгартириш ва янгича маъно-мазмун билаи тўлдириш, ҳуқуқий давлатчиликка хос тамойилларни турмуш тарзига айлантиришда умуминсоний қадриятларга таянади. У халқнинг орзу-умидларини умуммиллий даражада юксалтириб, одамларни умумбашарий интилишларга томон етаклайди. Миллий қадриятларга содиқлик — миллий ғоянинг таянчидир. Мустақиллик садоқат ҳиссини барчада баробар шакллантириш, фуқаролик туйғусини мустаҳкамлаш, миллий қадриятларимизни эъзозлаш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан биридир. Бу тамойил Ўзбекистон ҳудудида истиқомат қилаётгаи ҳар бир фуқаронинг ўз миллий қадриятларини асраб-авайлаши, келажак авлодларга етказиши учун тўла имкониятлар яратилишини ифодалайди. Ўтмишдаги боболаримиз қолдирган мерос, маданий бойликлар, мумтоз қадриятларни ҳурмат қилиш, уларни ўрганиш, улар замиридаги бу тамойилнинг асосий жиҳатларидир. Ҳар бир миллатнинг тили, қадриятлари, урф-одатлари, анъаналарини ҳурмат қилишни таъминлаш миллий истиқлол мафкурасининг амал қилишида умуминсоний андозалар намоён бўлиши учун асослар яратади. Биз бу масалани «Миллатлараро ҳамжиҳатлик» билан боғлиқ мавзуни ўрганаётганимизда янада кенгроқ ёритишга ҳаракат қиламиз. Миллий истиқлол ғоясининг шахс қадриятлари, инсон маънавий олами билан боғлиқлиги шубҳасиз. Шубҳа йўқки, миллий истиқлол ғояларини амалга ошириш аввало ҳар томонлама билимли, маънавий, жисмоний ва ақлий етук инсонларга боғлиқ. Бу эса ҳар бир юртдошимизни истиқлол ғоялари билан қуроллантиришни тақозо этади. Соғлом авлодни тарбиялаш, эркин фуқаро маънавиятини шакллантириш, баркамол инсонни вояга етказиш ҳам ана шу вазифалар самарасига киради. Зеро, ҳар бир шахс ижтимоий жараёнларни ўзида мужассам этувчи куч сифатида жамиятдаги барча жараёнларнинг, жумладан, миллий истиқлол ғояси амал қилишида асосий омил ҳисобланади. Аввало, шахс миллий истиқлол ғоясининг, унинг ҳаётбахш тушунчаларининг ўзлаштирувчиси, ўзига сингдирувчисидир. Таълим ва тарбия жараёнида, ижтимоий-маънавий тизим, малакани ошириш ва қайта тайёрлаш, қолаверса, жамиятдаги тўлақонли ахборот макони орқали у аниқ ва оқилона йўналтирилган мафкуравий қадриятлар, меъёрлар ва талабларни ўзлаштириши зарур. Шахснинг миллий истиқлол ғояларини кенг ёйишдаги ўрни, аввало, унинг мафкуравий жараёнларда қанчалик фаол иштирок этишида кўринади. Фаол, интилувчан шахс мафкуравий таъсир, тарғибот ва ташвиқотнинг объектидан мафкуравий жараёнларнинг субъектига, мафкурачига, мафкуравий тарбия тизимининг муҳим бўғинига айланиб боради. Шундан сўнг у миллий истиқлол мафкураси ғояларининг ташувчисига, унинг тарғиботчисига, уни бошқаларга етказувчи воситага айланади. Ҳар бир шахс тегишли мафкуравий-ғоявий тайёргарликка эга бўлгач, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, таълим, фан, маданият, соғлиқни сақлаш, ҳарбий хизмат ва ҳаётнинг бошқа соҳаларидаги фаолияти орқали миллий истиклол мафкурасининг асосий тамойилларини ёйишда, тарғиб этишда ва мустаҳкамлашда фаол иштирок эта олади. Шу тариқа бу ғоя ва тамойиллар одамларни аниқ мақсад, тараққиёт сари етаклайди, миллат қўлидаги байроққа айланади. Ана шу сабабларга кўра, миллий истиқлол ғояларини амалга оширишда шахс таянч омил деб қаралади, унинг имкониятларини юксак баҳолаган ҳолда, асосий эътибор муайян шахснинг мафкуравий тайёргарлик даражасига қаратилади. Бунда муайян шахсга ўзбек миллий характерининг афзалликларини ташвиқ қилиш, халқимиз маданиятининг бебаҳо ва бетакрор эканини англатиш, ўзбекларга хос жамоавийлик жамиятимизнинг муҳим хусусияти экани, ижтимоий бирдамлик тараққиётимизнинг манбаи бўлиб хизмат қилишига алоҳида эътибор берилади. Шунингдек, бу жараёнда тараққиётга баҳоли қудрат ўз ҳиссасини қўша оладиган етук шахс тимсолини шакллантириш муҳим аҳамият касб этади. Миллий истиқлол ғоясининг амал қилиши тамойилларидан бири унинг оила билан боғлиқ жараёнларда намоён бўлади. Оила - жамиятнинг муқаддас уйи, энг асосий тарбия маконидир. Миллий истиқлол ғоясини одамлар қалби ва онгига сингдириш ҳам аввало оиладан бошланади. Айнан боболар ўгити, отанинг шахсий ибрати, онанинг мехри орқали миллий ғоя авлоддан авлодга, инсондан инсонга ўтади, онг ва шуурда мухрланиб боради. Иқтисодий фаровон, ахлоқий, ғоявий-тарбиявий жиҳатдан соғлом бўлган оила негизидаги жамият ва давлат мустаҳкам бўлади. Бундай оилаларда комил инсон вояга етади, унинг туйғулари, тушунча ва дунёқарашида миллий истиқлол ғоялари кенг томир отади.
|
Ma’ruzalar matnlari |