Мафкуравий таъсир самарадорлигини ўлчаш мезонлари қуйидагилардан иборат: аҳолининг сиёсий бидимдонлиги, ижтимоий фаоллиги; жамиятнинг маънавий соғломлиги, одамларнинг ўзини руҳан тетик ва бардам тутиши; ватанпарварликнинг турли кўринишлари кундалик турмушда тобора кўпроқ намоён бўлиб бораётгани; аҳолида маълумотлиликдан манфаатдорлик кайфиятининг борлиги, барчада билим савиясини оширишга интилишнинг кучайиши, газета-журнал, вақтли матбуот, нашрий ишларга талаб ва таклифнинг ортиб бориши; жиноятчилик ва хуқуқбузарлик ҳолатларининг йил сайин камайиб бориши, аёллар ва ўсмирлар ўртасида содир этиладиган жиноятчиликнииг бартараф этилиши; гиёҳвандлилик ва турли зарарли одатларнинг ёшлар ўртасида йил сайин камайиб бориши, бунда кенг жамоатчиликнингфаол иштироки; диний, дунёвий билимларга муқобил муносабат, шу соҳалардаги адабиётларга нисбатан эхтиёжнинг бир маромда сақланиши; оилаларнингмустаҳкамлиги ажримларнинг камайиб бориши; фуқароларда қонунларга нисбатан итоаткорликнинг шаклланиши; бутун жамият миқёсида соғлом маънавий ва ижтимоий муҳитнинг шаклланиши. Ижтимоий фикрни ўрганиш. Бу — маънавий-мафкуравий табдирларнинг кенг халқ оммаси ва ёшлар онгига нечоғлик чуқур сингиб бораётганини ўрганишнинг ишончли йўлларидан биридир. Ижтимоий фикр - гуруҳ ёки жамият томонидан якдил тарзда изҳор қилинадиган умумий нуқтаи назардир. Ижтимоий фикр кўпинча ижтимоий психология ҳамда социология фанлари томонидан ўрганилади. Лекин жамият тараққиётининг ҳозирги босқичига хос бўлган жараёнлар ижтимоий фикрни фақат маълум гуруҳ мутахассисларигина эмас, балки барча фаол шахслар ўрганишини тақозо этади. Кундалик ҳаётимизда, айниқса, Ўзбекистон шароитида ижтимоий фикрнинг асосий барометри, ўлчови — бу маҳалладир. Маҳалла аҳли ҳар бир оилада рўй бераётган ҳодисаларни билади, инсонлар тақдирига бефарқ бўла олмайди, фаоллар орқали ижтимоий ҳаётдаги ҳар бир ўзгариш, одамлар онги ва қалбидаги ҳис-кечинмалар ўрганилади. Шу маънода, Ўзбекистон шароитида маҳалланинг ҳақиқий деморатия дарсхонаси эканлиги унинг ижтимоий фикрни бошқариш имкониятларида ҳам ўз тасдиғини топган. Шунга қарамай, мафкуравий ишлар амалиётида, жамиятдаги маънавий барқарорликни таъминлаш учун, ижтимоий фикрни муттасил ўрганиб бориш, бунга жамоатчиликнинг энг илғор вакилларини жалб этиш мақсадга мувофиқ. Ижтимоий фикрни ўрганиш қуйидаги асосий йўналишларда амалга оширилиши мумкин. 1.Социология ва психологиянинг махсус усулларини қўллаган тарзда, мутахасислар иштирокида амалга ошириладиган тадбирлар. Бунда асосан сўров усуллари - анкета ёки интервью йўли билан жамоатчилик фикри ўрганилади. Анкета ёзма сўров шакли бўлиб, унга киритилган саволлар ёрдамида миллий ғоянинг мазмунига алоқадор масалаларнинг ёшлар томонидан қай даражада ўзлаштирилганини аниқлаш мумкин. Анкета саволлари тингловчилар онгидаги билимлар қай даражада мустаҳкам экани ҳақида маълумот олиш имконини беради. Умуман, миллий ғояларнинг инсон онгидаги мониторингини аниқлашда, маълумотлилик даражасига кўра, очиқ саволлар билан ёзма фикрларни тўплаш, интервью йўли билан хилма-хил фикрларни ўрганиш самаралироқ ҳисобланади. 2. Жойларда, маҳалла қўмиталари, ўқув масканларида «Ишонч почталари» ташкил этиш ҳам мумкин. Бунда аҳолининг хат, хабарлари орқали рўй бераётган жараёнларга, мафкуравий ўзгаришларга, маҳалла-кўй, турар-жойлар ва меҳнат жамоаларидаги айрим салбий ходисаларга муносабати аниқланади, халқнинг ислоҳотлардан манфаатдорлиги ўрганилади. 3. Ҳужжатлар, ёзма манбалар ва хатларнинг мазмуни, телевидение, радио ва вақтли матбуот саҳифаларида меҳнаткашларнинг фикр-ўйларининг баёнини ҳам сифат, ҳам миқдор жиҳатдан тахлил қилиш орқали уларнинг миллий ғоялар моҳиятини қай даражада тушунаётгани, уларга муносабати, бу жараёндаги иштирокини ўрганиш мумкин. Бу ҳам жаҳон тажрибасида синалган ишончли усуллардан бири. Шундай қилиб, миллий истиқлол ғоясини халқимиз қалби ва онгига сингдириш жараёни мураккаб, қўпбосқичли ва ўта масъулиятли бўлиб, улар самарадорлигини муттасил ўрганиб бориш, янада махсулдор ва таъсирчан тарбиявий усулларни амалиётда қўллаш, такомиллаштириб бориш ушбу йўналишдаги ишларнинг таркибий қисмидир. Ғоявий тарбия тушунчаси. Миллий истиқлол ғояси Ўзбекистон халқининг туб манфаатлари, асрий орзу-умидлари, эзгу ниятлари, буюк мақсадларини ифода этиб, халқнинг ўз мақсад-муддаоларига эришиш учун маънавий-руҳий куч-қувват бўладиган пойдевордир. Бу жараён жамият аъзоларининг туб манфаатларини кўзда тутади, бинобарин, ҳар бир фуқарони миллий истиқлол ғояси руҳида тарбиялаш шу юртнинг фарзандлари учун муқаддас бурчдир. Тарбия нима? Агар «тарбия» тушунчасининг туб маъносига эътибор берадиган бўлсак, бу - инсоннинг ўзи ва ўз хулқи ҳақидаги тасаввурининг тўғри ва холис бўлишини таъминловчи мураккаб жараёндир. Яъни, тарбияланган одам тарбиясиз одамдан шуниси билан фарқ қиладики, биринчиси у ўзининг ким эканини, амалга ошираётган кундалик ҳатти-ҳаракатлари, амаллари, ўй-фикрлари ўзи ва ўзгалар учун қанчалик манфаатли, фойдали эканини англайди, ўзини нохуш ҳаракатлардан тияди ва назорат қилади. Тарбиясиз одам эса, афсуски, ўз амаллари нафақат ўзгаларга, хаттоки, ўзига ҳам зиён, бефойда, бемаъни эканини билмайди. Шундан келиб чиқиб, ҳар қандай тарбиянинг бош мезони тарбияланувчида ўзи ва ўз фазилатлари хақида тўғри тасаввурларни шакллантиришдан иборат дейиш мумкин. Ҳар бир даврнинг ўзига хос тарбиявий усул ва воситалари бўлади. Қадим замонлардан тарбия ёш авлоднинг кекса авлод тажрибаларини ўзлаштириш шаклларидан бири сифатида қараб келинган. Тарбия асосан меҳнат фаолияти (овчилик, чорвачилик, деҳқончилик ва шу каби) жараёнида, турли урф-одатлар, маросимлар ўтказиш вақтида амалга оширилган. У асосан жисмонан бақувват бўлишга қаратилган. Психолог Д. Эльконин болалар ўйини тарихини таҳлил қилиб, тараққиётнинг маълум даврига қадар умуман болалар ўйини категориясининг ўзи бўлмаганини исбот қилган. Лекин ўша пайтларда катталарнинг болаларга таъсири бевосита бўлиб, тарбия жараёни ҳозиргидан фарқли шароитларда кечган. Меҳнат фаолиятининг кўпқиррали бўлгани ва мураккаблашиб бориши боис катталар билан болалар ўртасидаги муносабатларда рўй берган ўзгаришлар туфайли ўзига хос болалар жамияти пайдо бўлган ва бу жамият аъзолари катталар тажрибасини ўзлаштиришнинг турли-туман йўлларини топиб, ўз ҳаёти ва фаолиятини такомиллаштириб борган. Бу биринчи навбатда касб-ҳунар турларининг кўпайишига ва такомиллашиб бориши билан ҳам боғлиқ бўлган. Бола истаган соҳа бўйича таълим-тарбия олиб, ўзи хоҳлаган ихтисосликни эгаллашга ҳақли. Лекин унинг хоҳиши билан жисмоний имконияти ҳар доим ҳам бир-бирига мос келавермайди. Одатда, ота касбини, тўғрироғи, бобо мерос касбни тутган ёшлар ҳаётда кўпроқ муваффақият қозонади. Чунки болада отанинг қони, унинг лаёқати бўлади. Демак, касб тарбияси, болани ёшликдан эл-юртга фойдаси тегадиган меҳнат фаолиятига йўналтириш ҳам мафкуравий аҳамиятга эгадир. Ғоявий тарбиянинг моҳияти. Шахс тарбиясининг муҳим йўналиши - бу ғоявий тарбиядир. Бу -инсон онги ва тушунчалари тизимида ҳаёт ҳақидаги фалсафий, сиёсий, ҳуқуқий, диний, эстетик, ахлоқий, бадиий, касбий қарашларни мақсадли шакллантириш жараёнидир. Ҳар қандай тарбия жараёни охир-оқибат, ўз мақсад ва моҳиятига кўра ғоявий тарбиядир. Чунки оилани оламизми, болалар боғчасиними, маҳалла, мактаб, коллеж, лицей, университет ёки академияни оламизми — ҳаммасида бериладиган таълим ва тарбия жараёнлари талаба ва тингловчилар дунёқарашини кенгайтириш, уларнинг онгини илмий асосланган билимлар билан бойитиш ҳамда жамият учун, унинг равнақи учун керак бўлган сифатларни камол топтиришга йўналтирилган бўлади. Бу ишлар боланинг дунё ҳақидаги, оламнинг ривожланиш қонуниятлари, инсоний муносабатлар борасидаги ўзига хосликлар, ахлоқ тамойиллари, гўзаллик ҳақидаги тушунчаларини кенгайтиришга хизмат қилади. Бу — том маънода мафкуравий тарбиянинг асоси, пойдеворидир. Шунинг учун мафкурасиз инсон, мафкурасиз гуруҳ, миллат, халқ, жамият бўлиши мумкин эмас. Нима учун бир жамият, ижтимоий гуруҳ (масалан, сиёсий партия, ижтимоий ҳаракат) мафкурасини бошқа бир мжтимоий гуруҳга мажбуран сингдириш нотўғри. Чунки мафкура — муайян ижтимоий гуруҳ аъзоларига хос ўзларидаги мавжуд эҳтиёжлар, тилак, орзу, умидлар ҳамда манфаатлар асосида ўша гуруҳнинг қарашлари, тасаввурлари дунёси ҳамда ғояларининг маҳсули сифатида яратилади. Унда бошқалар манфаатлари ифодаланмаслиги ҳам мумкин. Бас, шундай экан, ўзгалар манфаатини кўзловчи мафкурани халқ онгига зўрлаб сингдириб бўлмайди. Масалан, америкаликларнинг ўз мафкуравий қарашлари бор, бу қарашлар тизими ҳар бир америкаликни юрти билан фахрланиш, унинг келажаги учун қайғуриш, бу йўлда тинимсиз изланиш ва меҳнат қилишга ундаши табиий. Лекин бу қарашларга суянган ва уларни чуқур таҳлил қилиб ўрганган ҳолда биз ҳам фақат шундай қилсак бўлар экан, биз хам шу фақат йўлдан борайлик, деб бўлмайди. Чунки ҳар бир жамият ривожининг ўзига хос қонуниятлари мавжудки, ўша жамият аъзолари уларни ўзларининг туб мақсад ва манфаатлари асосида шакллантиради. Ғоявий тарбиянинг мақсади. Ҳар кандай мафкуравий тарбиянинг мақсади - жамиятнинг ҳар бир аъзоси ва улар тимсолида ҳар бир ижтимоий қатлам, гуруҳнинг тарбиявий даражасини таъминлашдир. Бу пировард натижада ўша жамият ривожига туртки берувчи илғор ғояларнинг ҳар, бир фуқаро томонидан онгли равишда ўзлаштирилишини, унинг тафаккур ва фикрлаш тарзига айлантирилишини таъминлайди. Шу маънода, миллий истиқлол мафкураси Ўзбекистонда яшаб, ижод қилаётган ҳар бир фуқаро онги ва шуурида асрий миллий қадриятларимиз, халқимизнинг бугунги ва келгусидаги манфаатларини ифодаловчи энг соғлом ғоялар ва фикрлар тарзида - халқ тафаккури тарзида ўз ифодасини топиши лозим. Бу жиҳат мафкуравий тарбиянинг бош хусусиятларидан биридир. Ёшларни ғоявий тарбиялаш. Соғлом ғоялар тарбияси юксак дунёқараш ва эътиқод тарбиясини англатади. Дунёқараш - тартибга солинган, яхлит онгли тизимга айлантирилган билим, тасаввур ва ғоялар мажмуи бўлиб, у шахсни жамиятда ўзлигини сақлаган ҳолда муносиб ўрин эгаллашга чорлайди. Мустақиллик йилларида шаклланаётган янгича дунёқараш ёшларда Ватанга садоқатни, миллий қадрият ва анъаналарга муҳаббатни, ўз яқинларига меҳрибонликни танлаган йўли — касби, маслаги ва эътиқодига содиқликни назарда тутади. Янгича фикрлаш ва янгича тафаккур айнан мустақиллик мафкураси руҳида тарбия топиб, сайқал топган миллий онг, дунёқараш ва эътиқод маҳсулидир. Ёшлик, ўспиринлик даври дунёқарашнинг шаклланиши, эътиқоднинг мустаҳкамланиши учун ўта сезгир, психология тили билан айтганда, «сензитив» босқич ҳисобланади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бу давр нафақат шаклланиш учун, балки, агар маълум бир қарашлар тизими мавжуд бўлса, уларни ўзгартириш учун ҳам қулайдир. Шу боис мафкуравий таъсирлар бевосита ёшлар аудиториясига, уларнинг қалби ва онгига қаратилган бўлади. Масъулият. Ғоявий тарбия мезонларидан бири бу масъулият туйғуси билан яшаш хусусиятини шакллантиришдир. Масъулият одамнинг ҳар бир амали, фаолияти маҳсулини тўлиқ тасаввур қилган ҳолда, унинг ўзи ва ўзгалар учун нима наф келтиришини англай олиш қобилиятидир. Масъулиятни ҳис қилган инсон ишни доимо пухта режалаштириб, унинг оқибатларини олдиндан тасаввур қила олади ва зарур натижага эришиш учун бутун кучи ва салоҳиятини сафарбар этишга қодир бўлади. Шахсий масъулиятни фуқаролик масъулиятидан фарқлаш лозим. Биринчиси - шахснинг кундалик фаолиятидаи келадиган шахсий манфаатни назарда тутса, иккинчиси жамият манфаатларини назарда тутади. Фуқаролик масъулиятини ҳис этган инсон энг аввало ўзи меҳнат қилаётган жамоа ёки таълим олаётган ўқув даргоҳи, ўз маҳалласи ва юрти равнақини ўйлайди. Мустақил Ўзбекистон фуқаролари учун ягона мақсад Ватан равнақи, юрт тинчлиги ва халқ фаровонлиги учун хизмат қилиш бўлса, демак, ҳар бир фуқаролик масъулиятининг маъно-мазмунини ана шу ғояларни амалга оширишда деб билиши даркор. Охирги йилларда ғарбда кенг тарқалган бир назарияга кўра, одамлар масъулият нуқтаи назаридан икки тоифага бўлинади. Биринчи гуруҳ ўз ҳаётида рўй бераётган воқеа ва ҳодисаларнинг сабабчиси, масъули деб фақат ўзларини тасаввур қилади. («Мен ўзим барча нарсаларга масъулман. Менинг ҳаётим ва ютуқларим фақат ўзимга боғлиқ, шунинг учун ўзим учун ҳам, оилам учун ҳам ўзим жавоб бераман»). Иккинчи гуруҳ барча воқеа, ҳодисаларнинг сабабчиси ташқи омиллар, бошқа одамлар – ота-она, ўқитувчилар, ҳамкасблар, бошлақлар, танишлар, қўни-қўшни ва бошқалар деб ҳисоблайди. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, иккинчи шаклдаги масъулият кўпроқ ўсмирларга хос экан, уларнинг деярли 84% масъулиятни бошқаларга юклашга мойил экан. Амерекалик олим Дж.Роттер ана шу асосида “назорат локуси” тушунчасини илмий асослаб берган. Унинг фикрича, маъсулиятни ўз зиммасига олишга ўрганган болаларда хавотирлик, нейротизм, асабийлашув, жаҳолат каби салбий сифатлар кам учрар экан. Улар ҳар кимнинг фикрига эргашиб кетавермасдан кўп нарсани ўз қарашлари асосида ҳал этар экан. Демак, масъулиятни ҳис қилган болалар ҳаётга тайёр, фаол, эркин ва мустақил фикрловчи бўлади. Уларда масъулият билан бирга, ўз-ўзини англаш, шахсий ғурур туйғулари ҳам юксак бўлади. Эътиқод –психологик ҳамда ижтимоий-психологик тушунча бўлиб, одамнинг муайян қараш, таълимот назария, ҳаётий ақида, қадрият ёки фаолият тамойилларини эмоционал-ҳисий қабул қилиш жараёнида шаклланган собит фикр ва тасаввурлар мажмуидир. Инсоннинг инсонлиги, унинг жамиятдаги ўрни ва нуфузи ҳам маълум маънода унинг эътиқоди билан белгиланади. Айрим инсонлар бутун умри мобайнида фақат битта нарсага эътиқод қилади. Масалан, Франциялик сайёҳ Кусто ва унинг командаси ҳақидаги фильмни ҳамма кўрган. Бир қарашда у бутун умрини денгиз ҳаёти ва ундаги сирли воқеалар, хайвонот дунёсини кашф этишга бағишлагандек туюлади. Денгиздан жуда узоқда яшайдиган, ундан манфаат кўрмайдиган одамлар учун бу тадқиқотчининг ҳаёти ва ишлари кераксиз бир нарсадек туюлади. Лекин бу олимнинг ўз ишига садоқати, эътиқоди шу даражада кучлики, уни бутун дунё, соғлом фикрловчи ҳар бир инсон жуда юксак қадрлайди. Бу каби одамларнинг бошқа соҳалардаги хизмати кам бўлиши мумкин, аммо башарият уни юксак эътиқоди учун хурмат қилади. Эътиқодли одам аввало фойдали иш билан шуғулланади, ўзгаларга зиён келтирувчи амаллар қилмайди, ёлғон гапирмайди. У ҳар доим лафзига амал қилади, яъни бир нарсани қиламан деб аҳд этса бутун кучи ва иқтидорини сафарбар қилиб, уни албатта бажаради, бошлаган ишини охирига етказади. Эътиқодли инсон нима қилаётганини, нима учун айнан шу ишни қилаётганлигини жуда яхши билади. Шу боис ҳақиқий эътиқод эгаси илмга интилади, ўз олдига аниқ мақсад қўйиб яшайди, ҳар томонлама баркамол бўлишга тиришади, яхшиларга ошно бўлиш, буюкликка хавас унинг ҳаётий шиорига айланади. Ҳақиқий эътиқод соҳиби ўзидан оиласига, фарзандларига, инсониятга нимадир қолдиришни истаб яшайди. Шунинг учун ҳам эътиқод, шахсдаги журъат, мардлик, фидоийлик, ирода, виждон, қатъият, ҳалоллик, инсонпарварлик, ватанпарварлик каби фазилатлар билан боғлиқдир. “Иймон” арабча сўз бўлиб, луғавий маъноси ишончдир. Ҳақиқий эътиқод эгаси бўлган одамда иймон ҳам бўлади. Иймон келтириш ёки ишонч шундай психологик холатки, унда шахснинг эътиқодига мос келадиган, муайян нарса ва ҳодисалар таъсирида онгда ўрнашиб қоладиган тасаввурлар мажмуи етакчи ўрин тутади. Иймон нима экани кўпинча шахс томонидан чуқур таҳлил қилинмайди, текширилмайди, чунки унда инсоният тажрибаси, шахс эътиқод қилган ижтимоий гуруҳнинг қарашлари мужассам бўлади. Масалан, Оллоҳга иймон келтириш ҳар бир мусулмон учун фарз хисобланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Оллоҳ таоло таърифидан келтирилган барча хабарларни тил билан иқрор этиб, дил билан тасдиқлашга иймон дейилади, яъни қуръони карим ва ҳадиси шарифлар орқали Оллоҳ тўғрисидаги жаннат ва дўзах, қиёмат каби ғайбий нарсалар ҳақида берилган хабарларга ишонч – шариатда иймон деб юритилади деганлар. |
Ma’ruzalar matnlari |