Мавзу: Ғоявий тарбиянинг услуб ва воситалари. Миллий истиқлол ғоясини инсон онги ва қалбига сингдигиши: янгича услублар ва ёндашувлар.

Режа:

1. Инсон феъл-атворига, гуруҳ, жамият маънавиятига таъсир қилувчи мафкуравий омиллар.

2. Соғлом мулоқот маданиятини тарбиялаш усуллари.

3. Эътиқодни шакллантирувчи ва мустаҳкамловчи услублар.

4. Мафкуравий ишлар самарадорлигини баҳолаш мезонлари.

Ғоявий тарбия тушунчаси ва унинг асосий мезонлари.

Ёшларни миллий истиқлол ғояси руҳида тарбиялашнинг шакл ва воситалари.

Аҳолининг турли қатламларини ғоявий қуроллантириш омилари.

 

Инсон жамият аъзоси сифатида, доимо турли гуруҳ ва жамоаларнинг вакили сифатида уларнинг таъсири остида бўлади. Яъни, ҳар бир шахснинг феъл-атворида, хатти-ҳаракатларида у мансуб бўлган миллат, халқ, профессионал тоифа, жамоа ва оиланинг ижобий ёки салбий таъсири бўлади. Тарихий шарт-шароит, давр, давлат тузуми ва ўша жамиятдаги сиёсий, иқтисодий ва мафкуравий таъсирлар унинг дунёқараши, фикрлаш тарзи, тафаккурида ўз аксини топади. Бундай таъсирларнинг икки хили мавжуд:

макро босқичдаги таъсирлар ёки кенг маънодаги ижтимоий-маънавий, сиёсий ҳамда иқтисодий муҳит таъсирлари;

микро босқичдаги таъсирлар ёки бевосита инсон боласи туғилиб ўсадиган оила, таълим ва тарбия масканлари, меҳнат жамоаси, маҳалла ва дўстлар муҳитидаги таъсирлар.

Бир қарашда инсон феъл-атворини иккинчи босқич таъсирларигина белгилайдигандай туюлади. Чунки, «Қуш уясида кўрганини қилади» деганларидек, айниқса, ўзбекчиликда одамнинг оиласи, насли-насаби, маҳалласи, таълим олган билим даргоҳига катта эътибор берилади ва бундай муносабат ҳаётда ўзини оқайди ҳам. Лекин макро босқичдаги таъсирларнинг аҳамиятини ҳам камситиш тўғри бўлмайди. Масалан, шўролар тузуми жамият аъзоларининг муте, тобе, ихлоссиз, баъзи бир жиҳатдан иймонсиз бўлиб камол топишига замин яратганки, бунга асосан ўша муҳитдаги носоғлом, инсон қадрини ерга урувчи иқтисодий сиёсат, коммунистик идеология сабаб бўлган. Умуман, тарихдан ҳам маълумки, қайси давлат ва мамлакатни олмайлик, босқинчилик сиёсати юргизилган жамият одамларининг психологияси мустақил юрт фуқаролари психологиясидан кескин фарқ қилади.

Мустақиллик психологияси шундайки, унда ҳар бир фуқаро ўзининг эркии меҳнати билан ўзи ва ўзгалар манфаати ҳақида бирдай қайғуради, чунки фидокорона меҳнат ёки тинимсиз изланишсиз на бир шахснинг, на жамоанингбири икки бўлмайди.

Ўз истиқлол йўлини танлаган Ўзбекистонда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар ҳам айнан шу юрт, шу заминда туғилиб, яшаб, меҳнат қилаётганлар манфаатини кўзлашини ҳар бир эркин фуқаро тўла англайди.

Ҳар бир алоҳида шахс онги ва шуурида шаклланган туйғулар, фикрлар ва муносабат яхлит жамият, халқнинг фикри ва ғурурига айланганда шундай қудрат касб этадики, оқибатда эркин ва ҳур яшаш, Ватан тинчлиги ва ҳар бир оиланинг хотиржамлигини таъминлаш халқнинг эътиқоди бўлиб қолиши лозим. Демак, кўпчиликнинг маслак ва тилаклари, фикрлаши ва муносабатига айланган ғоя, тасаввур ва билимлар тизими халқ эътиқоди деб аталади. Халқ эътиқоди ва унинг руҳи шундай қудратли таъсир кучига эгаки, у ҳар бир соғлом фикрловчи инсонни ижодий фаолиятга, касби-корининг ҳалол бўлишига замин яратади. Ўзбек халқи ана шундай илоҳий марҳаматга сазовор бўлган, ўз миллий эътиқодига эга миллатлардан биридир. Буни биз буюк инсонлар, мутафаккирлар тимсолида кўрсак бўлади. Чунки халқ руҳи ва ундаги эътиқодни миллатнинг энг илгор вакиллари, мутаффаккирлар ифода этади. Масалан, Амир Темурнинг давлат қурилиши ва саркардалик бобидаги юксак иқтидори халқимиз руҳиятидаги салоҳият ва имконият ифодаси бўлган Алишер Навоийнинг ижоди ҳам халқ эътиқодининг ўлмас намунасидир. Халқ эътиқоди, юқорида эътироф этилганидек, ҳар бир шахс эътиқодинииг йўналишини белгилайди. Атрофдагилар ва яқинлари тақдирига бефарқ бўлмаган, кўпчилик манфаатини ўз манфаатдан устун билган инсон бундай эътиқодга берилган ва ундан таъсирланган ҳисобланади.

Агар инсон боласининг туғилиш онларидан бошлаб унинг илк ривожланиш даврлари хусусиятларига эътибор берадиган бўлсак, дастлаб у табиатан фақат ўз ички ҳиссиётлари, туйғулари домида -  муайян ҳудбинлик доирасида ривожланади. Яъни, унинг учун ўз хохиш-истаклари, эҳтиёжлари ва уларни қондиришдан ортиқ ташвиш йўқдай. Лекин ўша эҳтиёжлар орасида ота-онасига, энг яқинларига нисбатан ҳиссий интилиш, улар билан эмоционал мулоқотга кириш истаги кучли бўлгани сабаб у инсонлар жамияти ва ундаги муносабатлар меъёрларини секин-аста ўзлаштириб боради. 3 ёшдан сўнг оиладаги мулоқотга тенгқурлар жамиятидаги мулоқот қўшилиши муносабати билан бола  худбинлик кайфиятидан янада  тезроқ воз кеча  бошлайди. Акс ҳолда жамият, кўпчилик унинг инжиқликларини кўтармайди. Шу тарзда соғлом   мулоқот муҳити болани кўпчиликнинг фикрига эргашиш, кўпчилик ҳақ деб эътироф этган ахлоқ меъёрларини эгаллаш, одамгарчилик тамойилларига амал қилишга ўргатади.

Шундай  қилиб, бола учун кенг ижтимоий муҳитдаги соғлом  ғоялардан, халқ руҳининг қадриятларидан тўла баҳраманд бўлиш имконияти туғилади.

Эзгу фикрнинг таъсирчанлиги. «Яхши сўз - қиличдан ҳам кучли» деган гап бор. Дарҳақиқат, ўрнида ишлатилган сўзлар, ёрқин ва дилдан баён этилган нутқ, бамаъни фикр ҳар доим одамларнинг хулқ-атворига ижобий таъсир кўрсатади. Ана шундай фазилатлар соҳибини одатда «бамаъни одам», деб таърифлашади. Бундай шахслар соғлом мулоқот муҳитида фазилатларини ўзгаларга намойиш қила олади, ўзини эркин тутади ва ўзига ишонади.

Мулоқот жараёнида фикрга, соғлом ғояга эга бўлиш - масаланинг бир жиҳати. Унинг бошқа бир муҳим жиҳати ана шу фикрларни баён эта олиш қобилиятидир. Инсоний муносабатлар соҳасида буюк мутахассис деб эътироф этилган Дейл Карнегининг кучи ва машҳурлиги аввало унинг гапириш ва ўзгаларни тинглаш қобилиятида намоён бўлган. У бир вақтнинг ўзида минглаб одамларга мурожаат қила олар ва тингловчилар вақтнинг қандай ўтганини ҳам сезмас экан. Демак, нима ҳақида гапириш эмас, у тўғрида қандай гапириш ҳам ўта муҳим. Ана шундай таъсирчан гапириш маҳорати ва санъати — риторика фани бўлиб, у одамдаги нотиқлик ва ўзгаларни ўз қарашларига эргаштира олиш маҳоратини назарда тутади. Мафкуравий тарбия ва таъсир жараёнида ҳам гапга чечанлик, сўз бойлиги ва уни аудиторияга етказа олиш муҳим аҳамиятга эга.

Сўз ғоявий таъсир воситаси. Миллий ғояларни халқ онгига етказишда сўз асосий таъсир воситаси бўлган ва бўлиб қолади. Шу сабабли қадимги Грецияда риторика мактаблари ташкил этилган ва воизлар махсус қоидалар ва қонунлар асосида омма олдига чиқиб сўзлашга ўргатилган. Одамлар онгига муайян ғоя асосан шу йўл билан сингдирилган.

XX асрга келиб, риторикага оид классик ёндашув ҳам қайта кўриб чиқилди. Американинг Йел шаҳридаги риториканинг тажриба мактаби 60-йилларда кўплаб тадқиқотлар ўтказиб, мафкуравий ва сиёсий тарғибот ва таъсир учун сўз ва нутқни мутлоқ самарали деб бўлмаслигини исбот қилди. Чунки омманинг сиёсий қарашлари ва онгига таъсир кўрсатишнинг бошқа механзмлари борлиги тажрибаларда асосланди. Олимларнинг эътироф этишларича, мафкуравий фикрлар маълум бир қарашлар тизими бўлиб, унда мантиқ етакчи ўрин тутади. Лекин инсон онги ҳар доим ҳам мантиққа бўйсунавермайди. Бу йўл ёки восита аниқ фанлар соҳасига, умуман илм-фанга тааллуқли деб ҳисобланади. Маълум бўлишича, одамни ўзи ишонишни хоҳламаган нарсага ишонтириш ўта мушкул иш экан. Чунки у ўзининг шахсий қарашлари, манфаатларига мос келадиган нарсаларгагина ишонади. Яъни, оммага чиройли илмий иборалардан кўра, табиий, одатий, кундалик ҳаётда ишлатиладиган иборалар, сўзлар тизими тезроқ ва кучлироқ таъсир кўрсатади. Тажриба ўткир сиёсатдонларнинг ҳеч қачон ўз нутқларида ғайритабиий, илмий иборалардан фойдаланмаслигини кўрсатади.

Шундай қилиб, тингловчига таъсир этувчи ва унииг ишончини уйғотувчи нутқ шундай бўлиши лозимки, уни тинглаганлар ҳар бир ифода этилган сўз устида камроқ ўйланиши, аксинча, таниш, ўзига ёқимли нарсалар хусусида гап бораётганини қалбан хис қилиб туриши керак. Демак, нотиқ ёки воиз нутқида ишлатиладиган, жамият ва халқ манфаатини ифодаловчи ижтимоий рамзлар - сўзлар, иборалар, шиорлар, нарса ёки ҳодисалар ўша тингловчи талаб-эҳтиёжи, орзу-умидлари ва манфаатларига бевосита алоқадор бўлгандагина таъсирчан ва ишончли бўлади.

Мафкуравий таъсирнинг яна бир муҳим ҳусусияти борки, у ҳам бўлса, муайян қарашлар тизимини бирдан, бир вақтнинг ўзида ифода этишга интилмаслик. Чунки оддий тингловчи айрим-алоҳида фикрлар орқали ўша мафкуравий тизимнинг туб моҳиятини англаб олиши мумкин. Масалан, миллий қадриятларимизнинг аҳамиятини уқтириш учун уларнинг барчасини бир бошдан санаб ўтиш шарт эмас. Яъни, она меҳр-муҳаббатининг нақадар улкан куч экани, бунга алоқадор ноёб удумларимиз борлигини англаш учун оддий она алласининг таъсирчанлигини англаш ҳам кучли кечинмаларни уйғотиши мумкин.

Эзгу ғоя ва эътиқодни шакллантирувчи омиллар. Инсон эътиқодсиз, ғоясиз, фикрлашсиз яшолмайди. Шахс ва унинг эътиқоди масаласи муҳим муаммолардан бўлиб, унинг шаклланиши моҳиятан ижтимоий омилларга бевосита боғлиқ деб қаралади. Бу масалага эътиборнинг ортиб бораётганининг боиси шундаки, шахсдаги мафкуравий иммунитетнинг шаклланишида ундаги эзгу ғоя ва иймон эътиқод муҳим ахамиятга эгадир. Агар биз ёшларимизда болаликдан бошлаб соғлом эътиқод ва юксак дунёқарашни шакллантира олсак, улар маънавияти бой, мустақил фикрли ва олижаноб шахслар бўлиб камолга етади. Шу маънода, шахс эътиқоди ундаги шундай барқарор ва теран фикр, тасаввурлар, билимлар мажмуики, мафкуравий дунёқараш ҳамда миллий ғоялар аслида ана шундай эътиқодлар асосида шаклланади. 

Шахснинг маънавиятини белгиловчи бошқа кўплаб психологик бирликлардан фарқли ўлароқ, эътиқод ва дунёқараш нисбатан барқарор ва уйғун бўлиб, уни осонликча, тез фурсатда ўзгартириб бўлмайди. Шунинг учун унинг табиатини ўрганиш, унинг ўзгаришига таъсир кўрсатиш омилларини аниқлаш масаласи билан бевосита боғлиқдир.

Шахс камолоти жараёнида унинг турли зиддиятларга ва зарарли эътиқодларга берилиш ҳолати ҳам кузатилади. Масалан, психологлар этник зиддаятлар ҳамда диний эътиқодлар шаклланиши ва ўзгаришига катта эътибор бериб, ушбу жараёнга хос умумий қонуниятларни ўрганганлар. Масалан, машхур америкалик психолог Гордон Оллпортнинг фикрча, эътиқод ва этник зиддиятлар ўзига хос умумлашган установкалар бўлиб, агар шахсда муайян бирор миллат вакилларига нисбатан салбий муносабат ёки зиддият мавжуд бўлса, демак, унда бошқа бир миллат вакилларига нисбатан ҳам худди шундай муносабатни кутиш мумкин.

Шахс эътиқодига алоқадор бўлган шундай зиддиятлардан бири диний бўлиб, уни ҳақиқий тақводорлик ёки ҳақиқий эътиқоддан фарқлаш зарур. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда шахсдаги ташқи ва ички диний эътиқодни ёки динга мойилликни фарқлайдилар. Америка олимлари ўтказилган кўплаб тадқиқотларда сиғиниш жойларига бориш билан эътиқодлилик кўрсатгичлари ўртасидаги боғланишни ўргандилар. Бу боғланиш бевосита бўлиб, мунтазам черковга қатнайдиганлардаги толерантлилик ўртача қийматли бўлиб чиқди. Черковларга мунтазам қатнайдиган шахсларда инсонийлик даражаси юқори бўлади. Ўша тадқиқотлардан маълум бўлишича, диний манбаларни тўла мутолаа қилиб чиққан одам одатда — анча зиддиятлардан холи, толерантлиги эса юқорироқ бўлар экан. Бу тадқиқотлардан қандай хулосалар чиқариш мумкин?

Биринчидан, шахс эътиқоди унинг жамиятдаги хулқини белгиловчи омил бўлгани учун ҳам уни шакллантиришга энг аввало жамият ва жамоатчилик, оила ва барча турдаги таълим муассасалари жалб этилади.

Иккинчидан, биз эътиқодни шакллантирувчи ҳар бир омилнинг таъсир кучи нималарга боғлиқлигини билишимиз керак. Булар  қуйидагилардир:

 а)таъсир  кўрсатувчи манба - шахс ёки гуруҳ, бошқача қилиб айтганда, коммуникатор;

б)     таъсир  мазмуни ёки маълумот;

в)     таъсир  воситаси ёки маълумот етказувчи тармоқ:

г)     таъсирни қабул қилувчи ёки аудитория.

Таъсир кўрсатувчи шахс — таълим берувчи.  Таъсир кўрсатувчи шахсдан нималар талаб қилинади? Аввало, тажриба, билимдонлик, ишонтира олиш қобилияти, унинг нутқи, ўзига ишончи ва бошқалар. Мафкурачиларнинг асосий иш услуби, методлари ўзида мавжуд билим, тушунча ғояларни асос қилиб олган ҳолда, биринчи навбатда ёшларда, қолаверса, кенг халқ оммаси онгида мустаҳкам эътиқодни шакллантириш, таъсир кўрсатиш ва таҳлил этишга чорлашдир. Бунда у мулоқотнинг барча самарали ва таъсирчан воситаларидан — монолог, диалог, бахс-мунозара кабилардан фойдаланади. Айнан ана шу фаолият ҳар бир таъсир кўрсатувчининг риторика асосларидан хабардор бўлишини, нутқ маҳоратини эгаллашини талаб қилади. Сўзловчи ўз нутқида нутқий ва нутқий бўлмаган воситалардан ўз ўрнида мақсадга мувофиқ тарзда фойдалана олиши шарт. Агар воиз ёки нотиқ ўзига берилган минбарда фақат сўз ва иборалар тизимидан фойдаланиш билан чекланса ёки қоғозга туширилган матндан четга чиқолмаса, уни аудитория тингламайди, унга ишонмайди. Шунинг учун ҳиссий таъсир усуллари — ўринли ишлатилган қарашлар, имо-ишора, мимика ва патомимика кабилар ҳам таъсирни кучайтирувчи психологик механизмлар эканини унутмаслик керак.

Тарбиячидан  талаб қилинадиган яна бир муҳим хислат -  гапираётган кишининг ёқимтойлигидир. Бу ҳам нотиққа нисбатан ишонч ва эътиқоднн оширади. Ёшлар  аудиториясида, воизнинг мурожаатига эътибор жиддийроқ бўлади.

Ахборотнинг мазмуни. Нотиқнинг нима ҳақида гапираётгани ҳам мафкуравий тарбияда муҳим ўрин тутади. Тадқиқотлардан шу нарса маълум бўлдики, одамларга ҳам ақлан асосланган — (рационал), ҳам эмоционал (ҳиссиёт уйғотувчи) маълумотлар тез таъсир қилади. Бунда аудитория хусусияти назарда тутилиши керак. Масалан, ўқимишли, тушунган одамлар аудиторияси фактларга таянган, асосли маълумотни тез қабул қилиб, унга ишонса, кичик ёшлилар, маълумот даражаси пастроқ шахслар кўпроқ юракка яқин, эмоционал маълумотга ўч булади. Бундайлар ҳаттоки улардаги айрим негатив хис-туйғуларни қўзғатувчи маълумотларга нисбатан ҳам фаолроқ бўлади. Шунинг учун ҳам касалликка қарши ёки зарарли одатларга қарши қаратилган рекламада кўпинча даҳшат уйғотувчи расмлар берилади. Ёки фикрни ўзгартириш учун берилаётган маълумот тингловчида мавжуд бўлган билимлардан кескин фарқ қилса ҳам унда янги маълумотга нисбатан ишонч ва уни қабул қилишга мойиллик кучли бўлади.

Мафкуравий ахборот ёзма ёки оғзаки тарзда етказилиши мумкин. Агар биринчисига газета, журналлар, китоб ва дарсликлар, ёзма манбаларда мужаассамлашган маълумотлар кирса, иккинчисига маъруза ўқиш, дарсни баён этиш, мунозара ва суҳбатлар ўтказиш киради. Бундан ташқари, мафкуравий ғоялар турли бадиий ва ҳужжатли фильмлар, болалар ёки катталар учун яратилган мультфильмлар орқали ҳам етказилиши мумкин. Муҳими, улар халқ маънавияти, ўлмас меросимиз, келажакка ишонч уйғотувчи маъно-мазмун билан йўғрилган бўлиши керак.

Ma’ruzalar matnlari