Бугун мустақил Ўзбекистон ижтимоий плюрализм, ҳаётни эркинлаштириш, мулкнинг турли шакллари тенг-ҳуқуклилигини ҳуқуқий кафолатлаш йўлидан бормоқда. Бундай жамиятда эса турли ижтимоий гурухлар, табақалар, синфлар бўлиши муқаррар. Уларнинг ўз иқтисодий ва сиёсий манфаатлари бир-биридан муайян даражада фарқ қилиши ҳам табиий. Лекин бу ҳолат миллатни бўлиб юбормаслиги лозим. Ватанимизда олиб борилаётган сиёсат уни турли инқилобий кескинликларсиз, ижтимоий адоватни авж олдирмасдан қарор топтириш имконини бериб, ҳамкорлик ва тинч-тотувлик учун шароит туғдирмоқда. Ижтимоий ҳамкорлик жамиятдаги барча кишилар, партиялар, тоифалар бир хил фикр юритсин, дегани эмас. Аслида ҳар бир ижтимоий кучнинг дунёқараши, манфаатлари турлича бўлади ва бинобарин, улар бир-биридан фарқ қилади. Лекин булар учун умумий йўналиш ягона Ватан равнақи, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги бўлиб қолаверишига эришиш ниҳоятда муҳим. Турли ижтимоий гуруҳлар манфаатини ҳимоя қилишга бел боғлаган, ўз дастурини эълон қилган партия ва жамоат ташкилотлари ўз фаолият доирасидагина аъзолари манфаатини ҳимоя қилиши мумкин, холос. Бироқ умумий манфаат — халқ, жамият, Ватан манфаати сингари энг олий қадриятлар борки, барча сиёсий партиялар, ғоялар ва мафкуралар ана шу умумий асосларда бирлашади. Жамият кимнинг қандай партия ёки ҳаракатга мансуб бўлганига қараб эмас, эл-юрт, тинчлиги, Ватан равнақи, халқ фаровонлиги йўлида қилаётган амалий ишларига қараб баҳо беради. Шундай қилиб, жамиятни сунъий равишда бўлиб, турли қарама-қаршиликларни мутлоқлаштирадиган таълимотлардан фарқли ўлароқ, миллий истиқлолимизнинг ижтимоий ҳамкорлик ғояси турли партия, дин қатламига мансуб хилма-хил жамият аъзолари қарашларидаги табиий ранг-барангликни уйғунлаштиради ва умумий тараққиёт манфаатларига бўйсундиришга хизмат қилади. Бу қандай шаклларда амалга оширилади? Биринчидан, жамиятнинг энг устувор мақсад ва манфаатларини ўзида мужассам этадиган илғор ғоялар миллий тараққиётни ҳаракатга келтирувчи кучга айланади. Иккинчидан, жамиятдаги ҳар бир ижтимоий тоифа ёки гуруҳ ўзининг дастурий мақсадлари ва амалий фаолиятини ана шу устувор миллий ғоялар билан уйғунлаштиршии миллий тараққиётнинг заруратига айланади. Учинчидан, ҳар бир шахс, ижтимоий мавқеи, дунёқараши ва эътиқодидан қатъи назар, жамиятнинг устувор мақсад ва маифаатларини акс эттирадиган миллий ғояларнинг амалга ошиши учун ўзини масъул деб билиши бу жараённинг асосий тамойили ҳисобланади. Аҳолининг турли қатламлари орасидаги муносабатлар ва ўзаро хамкорликни яхшилаш жамиятдаги барқарорликни мустаҳкамлашга замин яратади. Аксинча, ана шу ҳамкорликнинг издан чиқиши ёки муносабатларнинг ёмонлашуви бу барқарорликнинг бузилишига олиб келади, ижтимоий беқарорлик, сиёсий бошбошдоқлик ва миллий парокандаликни келтириб чиқаради. Бундай ҳол халқ тилида «Қош қўяман дея, кўз чиқариш» деб аталади. Яъни, беқарорлик ўчоғига мой қуйганлар «Ўрмонга ўт кетса, ҳўлу қуруқ баравар ёнади», каби иш тутадилар. Улар ўзгаларни ёндириб бўлса-да, ўзлари ҳам кулга айланадилар. Бу оддий ҳақиқатни барчамиз теран англаб етмоғимиз, бундайларга қарши огоҳ бўлмоғимиз лозим. Ижтимоий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ҳаммамизнинг, биринчи галда, давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳамда жамиятнинг илғор вакиллари бўлган зиёлилар зиммасига катта масъулият юклайди. Барчамиз Ватан равнақи, юрт тинчлиги ва халқ фаровонлигини таъминлаш учун, ижтимоий ҳамкорлик муҳитига зарар етказиши мумкин бўлган ҳар қандай хавф-хатарнинг олдини олиш, уларни бартараф этиш учун зарур чора-тадбирларни кўрмоғимиз даркор. Чунки шу азиз Ватан барчамизники, ундаги ташвишу ғам, ютуқ ва камчиликлар, муваффақиятлар ҳаммамизга тегишлидир. Миллатлараро тотувлик ғояси — умумбашарий қадрият бўлиб, турли хил халқлар биргаликда истиқомат қиладиган минтақа ва давлатлар миллий тараққиётини белгилайди, шу жойдаги тинчлик ва барқарорликнинг кафолати бўлиб хизмат қилади. Бугунги кунда Ер юзида 6 миллиарддан зиёд аҳоли мавжуд. Ўзбекистон ҳудудида эса 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари яшамоқда. Ҳар бир миллат яратганнинг мўъжизасидир. Жаҳон динларининг муқаддас китобларида қайд этилишича, Оллоҳ асли инсонни бир ота, бир онадан яратган, лекин улар бир-бири билан мулоқот қилиши, танишиши учун миллатларга бўлиб қўйган. Давлатлар бу борада кўпмиллатли (полиэтник) ва бирмиллатли (моноэтник) таркибга эга бўлиб, ҳар бири ўзига хослиги билан бир-биридан фарқ қилади. Ҳар бир мамлакатда турли миллат вакилларининг мавжудлиги азал-азалдан унга ўзига хос табиий ранг-баранглик бахш этиб келган. Ҳар бир миллатнинг умумий манфаатлари билан бирга ўз қадриятлари ҳам бор. Умумий қадрият ва хусусий манфаатлар бир-бирига зид келиб қолиши ёки уйғун бўлиши мумкин. Бунда муайян мамлакатдаги миллий сиёсат муҳим аҳамиятга эга бўлади. Ўзбекистон каби полиэтник мамлакатда турли миллатлар манфаатларини уйғунлаштириш, улар орасида тотувликни таъминлаш тараққиётнинг ҳал қилувчи омилларидан бири ҳисобланади. Зеро, миллатнинг истиқболи бошқа халқлар ва мамлакатларнинг тараққиёти, бутун жаҳондаги вазият ва имкониятлар билан ҳам боғлиқдир. Халқимизнинг «Қўшнинг тинч — сен тинч», деган мақолида ана шу ҳақиқат назарда тутилган. Бутун дунёда, биринчи навбатда, қўшни мамлакатларда ёнма-ён яшаётган этнослар орасида тинчлик, осойишталик, барқарорлик, ҳамкорлик, ҳамжиҳатлик, тенг ҳуқуқли муносабат бўлмаса, улардан ҳеч бири ўзининг порлоқ истиқболини таъминлай олмайди. Шу билан бирга бир мамлакат доирасида миллий манфаатларни тенг қондириш, улар ривожини таъминлаш жуда мураккаб масала эканини ҳам англамоғимиз даркор. Миллатлараро тотувлик ғояси ана шу масалани тўғри ҳал қилишга ёрдам беради. Бу ғоя — бир жамиятда яшаб, ягона мақсад йўлида меҳнат қилаётган турли мшлат ва элатларга мансуб кишилар ўртасидаги ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг маънавий асосидир. Бу ғоя — ҳар бир миллат вакилининг истеъдоди ва салоҳиятини тўла рўёбга чиқариш учун шароит яратади ва уни Ватан равнақи, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги каби эзгу мақсадлар сари сафарбар этади. Мамлакатимизда ушбу ғояни амалга оширишга катта эътибор берилмоқда. Президентимиз Ислом Каримов Ўзбекистоннинг бу борадаги ўзига хос сиёсатини баён этиб, қуйидагича таъкидлаган: «Республика аҳолиси ўртасида кўпчиликни ташкил қиладиган ўзбек миллатининг муқаддас бурчи она тилини, ўз миллий маданияти ва тарихини тиклашдангина иборат эмас, балки биргаликда ҳаёт кечирувчи кам сонли халқларнинг тақдири учун, уларнинг ўзига хос маданий-маънавий хусусиятларини саклаб қолиш учун, камол топиши ва ўзлигиии намоён этиши учун уларга тенг шароит ва имкониятлар яратиб бериш борасида масъул бўлишдан ҳам иборатдир». Бундай муҳит миллатлараро муносабатларда турли муаммолар туғилишига асло йўл қўймайди ва Ватан равнақи, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги каби умуммиллий ғояларни ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади. Неча минг йиллик тарихимиз шундан гувохлик бермоқдаки, олижаноблик ва инсонпарварлик, миллатлараро тотувликка интилиш халқимизнинг энг юксак фазилатларидан ҳисобланади. Бу борадаги анъаналар авлоддан-авлодга авайлаб ўтказиб келинмоқда. Мустақиллик йилларида миллатлараро тотувлик ғояси илгари сурилгани ва амалда унга эришилгани Ўзбекистон ривожида қўлга киритилган энг катта ютуқлардан биридир. Мамлакатимиз раҳбарияти миллий масалани оқилона, халқаро тамойилларга мос йўл билан ечиш, миллатлараро муносабатларни уйғунлаштириш чора-тадбирларини кўрди. Бу борада конституциявий талаблар асосида иш тутилди. Юртимизнинг кўпмиллатли халқи онгида «Ўзбекистон — ягона Ватан», деган ғоя асосида ҳақиқий ватандошлик туйғусини шакллантириш бу борадаги ишларнинг муҳим йўналишига айланди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 8-моддасида «Ўзбекистон халқини миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади», деб аниқ белгилаб қўйилган. «Ўзбекистон халқи» тушунчаси мамлакатимизда яшаб, ягона мақсад йўлида меҳнат қилаётган турли миллат ва элатларга мансуб кишилар ўртасидаги ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамжиҳатлик учун маънавий асос бўлиб хизмат қилади. Бундан ташқари Конституциямизда «Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналарини ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади», деб таъкидланган. Бу борада ҳаётимизда кўплаб тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 1992 йилдаёқ миллий-маданий марказлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва уларга кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси «Байналмилал маданият» маркази ташкил этилгани бунга мисол бўлади. Ўшанда 12 та миллий-маданий марказ фаолиятини бирлаштирган бу жамоат ташкилоти бугун 100 дан ортиқ марказлар ишини мувофиқлаштириб турибди. Мамлакатимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элатларининг ўз она тилида ўқиши учун кенг имкониятлар яратилгани, олий ўқув юртлари ва мактабларда бунга амал қилинаётгани, кўплаб тилларда газета ва журналлар чоп этилиб, телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар олиб борилаётгани ва бошқа ишлар ҳам бу борадаги самарали фаолиятнинг яққол далилидир. Қаердаки миллатлараро тотувлик ғоясининг аҳамияти англаб етилмаса, жамият ҳаётида турли зиддиятлар, муаммолар вужудга келади, улар тинчлик ва барқарорликка хавф солади. Бугунги кунда жаҳоннинг айрим минтақаларида содир бўлаётган миллий низолар шундан далолат бериб турибди. Миллатлараро тотувлик ғоясини амалга оширишга ғов бўладиган энг хатарли тўсиқ — тажовузкор миллатчилик ва шовинизмдир. Бундай иллат, зарарли ғоя тузоғига тушиб қолган жамият табиий равишда ҳалокатга юз тутади. Бунга узоқ ва яқин турихдан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Биргина фашизм ғояси XX асрда инсоният бошига аввалги барча асрлардагидан кўра кўпроқ кулфат, офат-балолар ёғдириб, охир-оқибатда ўзи ҳам ҳалокатга учради. Лекин ҳанузгача фашизм, большевизм, шовинизм, ирқчилик ғояларини тирилтириб, миллатлараро тотувлик, ҳамжиҳатлик ғоясига қарши «салиб юриши» уюштиришга уринаётган кучлар борлиги барчамизни хушёр торттириши лозим. Фақат миллатлараро тотувлик ғоясига таяниб, умумий мақсадлар йўлида ҳамжиҳат бўлиб, Ватан равнақи, юрт тинчлиги ва халқ фаровонлигидек олижаноб мақсадларга эришиш мумкин. Диний батрикенглик ғояси — хилма-хил диний эътиқодга эга бўлган кишиларнинг бир замин, бир Ватанда, олижаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшашини англатади. Дин ижтимоий ҳаётни, воқеликни, унинг ҳодисаларини ўзига хос тарзда инъикос эттирувчи ижтимоий онг шаклларидан бири. У дастлаб инсон ҳаётининг ибтидоий даврида вужудга келган ва ўша замонда яшаган инсонларнинг дунёқарашини ҳам акс эттирган. Дин дунё, инсон ва бошқа мавжудотларнинг яралиши ва келиб чиқишини, ҳаётнинг маъно-мазмуни, инсоннинг яшашдан кўзлаган мақсади каби масалаларга илоҳий нуқтаи назардан жавоб берувчи дунёқараш шаклидир. У бугунги кунда ҳам шу вазифани адо этиб келмоқда. Дин диний дунёқарашни, диний маросимларни, шунингдек, диний туйғуни ўз ичига олади. Ўрта асрларда дин маданиятнинг барча турларини (илм-фан, фалсафа, хуқуқ, ахлоқ каби) ўзида мужассамлаштирган ва уларга ўз таъсирини ўтказган, қадим-қадимдан аксарият маънавий қадриятларни ўзида мужассам этиб келган. Миллий қадриятларнинг асрлар оша безавол яшаб келаётгани ҳам диннинг шарофатидандир. Президент Ислом Каримов сўзлари билан ифодалаганда, «дин бизнинг қон-қонимизга, онгу шууримизга шу қадар теран сингиб кетганки, уни ҳеч қандай куч, ҳеч қандай ташвиқот билан чиқариб бўлмайди». Диний эътиқодларнинг моҳияти умумий эканига қарамасдан, динларнинг кўриниши хилма-хилдир. Дунёда жуда содда, қадимий динлар билан бир қаторда, умумжаҳон аҳамиятига молик, мураккаб, жаҳон динлари ҳам мавжуд. Улар тарихий заруратга қараб, турли даврларда вужудга келган. Чунки дунёдаги динларнинг барчаси эзгулик ғояларига асосланган ва яхшилик, тинчлик, дўстлик каби хусусиятларга таянади. Одамларни ҳалоллик ва поклик, меҳр-шафқат, биродарлик ва бағрикенгликка даъват этади. Жаҳондаги барча йирик динлар бу дунёни фоний, ўткинчи ҳисоблайди. Улар инсоннинг яшашдан асл мақсади бу дунёда хайрли, савобли ишлар қилиб, боқий дунё синовларига тайёргарлик кўриш, жаннат саодатига сазовор бўлиш, деган ғояни тарғиб этади. Барча динларда инсон ҳаётининг моҳияти, мазмуни, кишилар ўртасидаги сиёсий-ҳуқуқий, ахлоқий муносабатларни тенглик ва адолат мезонлари асосида ўрнатиш масаласи озми, кўпми ўз аксини топган. Шу боисдан ҳам улар ҳар бир ватандошимиз, айниқса ёшлар, аввало, динлар тарихини, уларнинг асл моҳиятини чуқур билиши лозим. Шундагина уларни ғаразли мақсадларни кўзлаб юрган кучлар йўлдан чалғитолмайди. Ватанимиз ҳудудида ислом дини қарор топганига қадар зардуштийлик, буддавийлик, монийлик, христианлик, маздакийлик, шомонийлик каби динлар ҳам мавжуд бўлган. Улар негизида ўша даврда барчасининг синтези натижасида бетакрор маданият вужудга келган. Зардуштийлик таълимоти бўйича эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги доимий курашда оралиқ йўл йўқ, шунинг учун ҳар бир одам бу курашнинг у ёки бу томонида иштирок этишга мажбур. Бу диннинг уч таянчи бўлиб, улар фикрлар софлиги, сўз собитлиги, амалларнинг инсонийлигидан иборат. Бу жиҳатлар зардўштийликда «эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу иш» тарзида ифодаланган. Конфуцийлик таълимотига кўра, одамлар ижтимоий келиб чиқиши ёки жамиятдаги мавқеи орқали эмас, балки одамийлик, адолатпарварлик, ҳақиқатпарварлик, самимият каби юксак фазилатлар воситасида юксак камолотга эришиши мумкин. Индуийлик фалсафасига кўра, инсон ўз ҳаётида нимаики ёмонлик қилса, оқибатсиз қолмайди, бунинг учун, албатта, жазо олади. Ҳозирги замонда динлараро бағрикенглик ғояси нафақат динларлар, балки бутун жамият аъзоларининг эзгулик йўлидаги ҳамкорлигини назарда тутади ҳамда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашнинг муҳим шарти ҳисобланади. Азал-азалдан она юртимизда ислом, насронийлик, иудавийлик каби динлар ёнма-ён яшаб келган. Асрлар мобайнида йирик шаҳарларда масжид ва черковларнинг мавжуд бўлиши, турли миллат ва динга мансуб қавмларнинг ўз диний амалларини эркин адо этиб келаётгани бунинг тасдиғидир. Тарихимизнинг энг мураккаб, оғир даврларида ҳам улар орасида диний асосда можаролар бўлмагани халқимизнинг динлараро бағрикенглик борасида улкан тажриба тўплаганидан далолат беради. Ўзбекистонда эркин фуқаролик жамияти, дунёвий давлат барпо этилмоқда. Қурилаётган жамиятнинг тамойиллари, ҳуқуқий асослари ишлаб чиқилган ва халқимиз томонидан қўллаб-қувватланади. Давлат қонуний асосда барча динларга, барча эътиқод эгаларига тенг имкониятлар яратиб берган. Диний ташкилотлар билан муносабатларнинг қонун асосида, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат ва ҳимоя қилиш асосида олиб борилаётгани эътиқод эркинлигини амалда таъминламокда. Айни вақтда диний ташкилотлардан ҳам қонун олдидаги бурч ва мажбуриятларини бажариш талаб қилинади. Бу — халқимизнинг хоҳиш-иродаси билан танлаб олинган тўғри йўлдир. Ҳозирги кунда мамлакатимизда ўндан зиёд конфессияга мансуб диний ташкилотлар фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг ўз фаолиятини амалга ошириши ва мамлакат ҳаётида фаол иштирок этиши учун ҳамма шарт-шароитлар яратилган. Бу борадаги ҳуқуқий асослар Ўзбекистон Конституциясида, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунда ўз ифодасини топган. Ана шу асослар мамлакатимиздаги барча дин вакилларининг ҳамкор, ҳамжиҳат бўлиб, миллий истиқлол мафкурасининг бош ғояси - халқимизнинг озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш орзусини амалга ошириш учун мустаҳкам таянч бўлиб хизмат қилади. Таянч тушунчалар Ижтимоий ҳамкорлик, миллат, миллатлараро ҳамжиҳатлик, дин, диний бағрикенглик. |
Ma’ruzalar matnlari |