Халқ фаровонлиги. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг олий мақсади — халқимизга муносиб турмуш шароити яратишдан иборат. Ўзбекистонда барпо этилаётган жамиятнинг иқтисодий асоси — ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётидир. Бугунги дунёдаги кўп мамлакатлар айнан шу йўл билан тараққий этиб, ўз халқининг фаровонлигини таъминлашда ўрнак бўлмокда. Ўзбекистон ҳам худди шундай оқилона йўлни танлади. Бугун юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар шунчаки ислоҳот учун эмас, айнан инсон учун, унинг фаровон ҳаёти учун хизмат қилади. Жамиятимизда амалга оширилаётган ҳар қандай янгиланиш, ўзгаришнинг моҳиятида ана шундай эзгу мақсад ётгани барчамизга ғайрат-шижоат бахш этади.

Собиқ шўро тузуми одамлар онгига барча фалокатларнинг сабаби - хусусий мулкдадир, деган ғояни сингдириб, сохта тенгликни қарор топтирмоқчи эди. Оқибатда, ишламаган одам ишлаган одамдан яхшироқ яшай бошлаган эди. Хатто совет кишисининг ўзи ҳам давлат машинасининг мурватига айлантирилган эди. Меҳнатга ҳақ тўлашдаги адолатсизлик боқимандалик кайфиятини, ишлаб чиқаришдаги исрофгарчиликни, ташмачиликни кучайтирди. Афсуски, ўша даврдан мерос бўлиб келаётган «Давлат бор,  ҳаммани боқади», деган кайфият айрим кишилар онгида ханузгача яшаб келмоқда. Бугун ҳам маълум кишилар иш ахтариш, ўз аравасини ўзи тортиш, янги касб эгаллаш ўрнига турли идоралардан моддий ёрдам сўраш билан овора. Ҳолбуки, давлат ҳаммага текин мол улашадиган корхона эмас. Буни англаб етмаганлар «Берсанг — ейман, урсанг ўламан» қабилида лоқайдлик билан ҳануз ҳаракат қилиш ўрнига бир четда томошабин бўлиб турибди. Одатда мустабид тузумлар халқ фаровонлигидан, унинг бойиб кетишидаи манфаатдор бўлмайди. Совет тузуми ҳам оммани сунъий равишда турмуш ташвишларига ботирган эди. Ҳақиқатан ҳам, кун кўриш машаққатидан боши чиқмаган халқ объектив нарсалар хусусида ўйлашга, фикрлашга имкон тополмай қолади. Шўролар хам  шу тариқа ўзлари юритган сиёсатни танқид қилишга қодир ижтимоий-сиёсий оқимлар пайдо бўлишининг олдини олишга уринган. Лекин эски тузумнинг барча уринишлари бекор  кетди, у охир-оқибатда ўз-ўзини еб тугатди.

Ўзбекистон истиқлолга эришган дастлабки кунларданоқ якка давлат мулки ҳукмронлигини рад этиб, мулк шакллари хилма-хиллигига, жумладан, хусусий мулкка кенг йўл очди. Бугунги кунда мамлакатимизда мулкдорлар синфи шаклланмокда. Мулксиз одам ўзига ҳам, ўзгага ҳам, жамиятга ҳам кўп фойда келтира олмайди. Энди қашшоқлик билан мақтаниш, уни пеш қилиб, имтиёз сўраш замони ўтиб кетди. Аксинча, тадбиркорлар, мулкдорлар замони бошланмокда. Биз энди рақобатсиз ўсиш, юксалиш, тараққиёт бўлмаслигини англаб етдик. Лекин, тўрт мучаси бут, онгли, ақлли ва фаол одамнинг камбағал яшаши уят саналадиган давр келганини ҳали ҳамма хам англаб олгани йўқ.

Халқимизда «Беш қўл баробар эмас» деган ажойиб нақл бор. Лекин собиқ тузум беш қўлни баробар қилиш шиори билан яшади. Бозор иқтисодиёти жамиятда маълум маънодаги табақаланишга олиб келиши табиий. Шу билан бирга, биз барпо этаётган жамиятда давлат халқнинг кескин табақаланишига — ошиб-тошиб кетган бойлару камбағал-қашшоқларга бўлиниб кетишига йўл қўймаслик чора-тадбирларини кўриб, бу борада ўзига хос кучли ижтимоий сиёсат юритмоқда. Аҳолининг энг кам ҳимояланган ва муҳтож табақаларини ўз вақтида қўллаб-қувватлаш халқ фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар муваффақияти кафолатидир. Ижтимоий ҳимоя чоралари аҳолининг ҳаммасига эмас, балки кўпроқ ҳақиқий муҳтож ва эҳтиёжманд қатламларга йўналтирилмокда. Бу борада давлат манбалари билан бир қаторда меҳнат жамоалари, жамоат ва хайрия ташкилотлари ҳамда жамғармаларнинг маблағлари ҳам ишга солинмоқда. «Сендан — ҳаракат, мендан баракат», деган доно нақл бежиз айтилмаган. Яъни, бу дунёда кўп нарса инсоннинг ўзига, унинг саъй-ҳаракатларига ҳам боғлиқ.

Бугунги кунда фаровон турмуш асоси — эркинлик, талбиркорлик, ташаббускорликдир. Бу хақиқатни одамлар онгига сингдириш, кенг аҳоли қатламларининг ислоҳотлар моҳиятини англаб етишига ва унинг фаол иштирокчисига айланишига эришмоғимиз даркор. Бунинг учун эса уларнинг дунёқарашини, ҳаётга, меҳнатга, ерга муносабатини тубдан ўзгартириш мухим аҳамият касб этади. Иқтисодиёт ўтган тузумда айрим мутахассисларнинг иши бўлса, бугун умумхалқ, умумжамиятнинг манфаатига дахлдор масала бўлиб қолди. Бутун халқ янги иқтисодий тафаккур билан қуролланмоқда. Бизнинг мулкка, меҳнатга муносабатимиз тубдан ўзгара бошлади. Миямизга сингиб қолган «давлат мулки» деган тушунча ёнига бугун хусусий мулк, пайчилик жамиятлари, ширкат, фермер, оила пудрати деган янги тушунчалар қўшилди. Мамлакатимизда истиқлол йилларида ўта марказлашган ва яккаҳокимлик асосига қурилган, ўзини оқламаган тизимга барҳам берилди. Тадбиркорлик фаолиятининг эркинлиги учун конституциявий, ҳуқуқий ва иқтисодий шарт-шароит ва кафолатлар яратилди. Мулкдорлар синфини шакллантириш, уларнинг ҳуқуқини мустаҳкамлаш, нуфузини ошириш ва кафолатлаш борасида сезиларли ишлар  амалга оширилди.

Ташаббускорлик ва тадбиркорликни рағбатлантириш, одамларда мулкка эгалик ҳиссини тарбиялаш, кичик ва ўрта корхоналарни изчил ривожлантириш, аҳоли фаровонлиги ва даромадларининг ортишида, ишсизлик муаммосини ечишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бугунги кунда халқимизда мулкка эгалик ҳиссини шакллантириш, унинг хўжалик юритишнинг замонавий усулларини ўзлаштиришига эришиш, унда ўз кучига ишонч туйғуларини камол топтириш миллий ислоҳотларнинг энг устувор  вазифаларидан биридир.

Табиий бойликлар, ер ресурслари, мамлакат иқтисодий салоҳияти ҳар бир фуқаронинг эҳтиёжларини қондириш, ўзлигини намоён этиш ва бунёдкорлик қобилиятини рўёбга чиқаришнинг асосий омилларидир. Дунёдаги кўпгина атоқли кишилар қозоқ оқини Абай эътироф этиб айтган қуйидаги сўзларга тўла-тўкис қўшиладилар: «Ўзбеклар етиштирмайдиган ва мўл ҳосил олмайдиган экиннинг ўзи йўқ, ер юзида ўзбек савдогарининг оёғи етмаган жой йўқ, ўзбеклар уддалай олмайдиган ишнинг ўзи йўқ... Ўткир зеҳн, маҳорат, абжирлик ва тадбиркорлик — буларнинг ҳаммаси ўзбекларга хос хусусиятдир». Меҳнаткаш, миришкор, ишнинг кўзини биладиган Ўзбекистон халқи ўз турмушини ўз қўли билан фаровон қилишга қодирлар, қайси инсон ва оила бадавлат бўлса, жамият ва давлат ҳам кучли ва қудратли бўлади, деган ҳақиқатга асосланган бугунги иқтисодий ислоҳотларимиз яқин келажакда, албатта, ўз мевасини беради.

Комил инсон ғояси — ҳам миллий, ҳам умумбашарий моҳиятга эга бўлган, одамзотга хос энг юксак маънавий ва жисмоний мукаммалликни ўзида мужассам этган, уни ҳамиша эзгуликка ундайдиган олижаноб ғоядир.

Ўзбекистон ўз истиқлолига эришганидан сўнг жамият маънавий ҳаётини соғломлаштириш ва ривожлантириш, инсон омилига катта эътибор бериш мамлакатимиз олдида турган энг асосий вазифалардан бири сифатида кун тартибига қўйилиши ҳам мозийнинг кўп асрлик сабоқларига, жамият олдида кўндаланг турган янги вазифаларни ҳал этишга оқилона ёндашишнинг кўринишидир. Миллий ўзликни англаш жамиятимиз ҳаётида рўй берган маънавий ўзгаришларнинг асосидир. Миллий ўзликни англаш ҳам шахснинг, халқнинг маънавий камолоти билан  боғлиқ. Миллий  ўзлигини,   ўз  манфаатларини,   ўз  мамлакати тараққиёти  истиқболини холисона англаган инсон ва халқгина кенг ривожланиш имкониятларига эга бўла олишини тарих сабоқлари ҳар доим исботлаб келган.

Комил инсон ғояси нафақат алоҳида шахсларни, балки бутун-бутун халқларни юксак тараққиёт сари етаклаган, уларни маънавият ва маърифат соҳасида тенгсиз ютуқларга илҳомлантирган. Комилликни орзу қилмаган, баркамол авлодларни вояга етказиш ҳақида қайғурмаган халқнинг, миллатнинг келажаги йўқ. Бундай халқ ва миллат таназзулга маҳкум.

Жамият тараққиётидаги юксалишлар, тараққиёт имкониятлари, комил инсон шахсининг шаклланиши муайян маънавий муҳит ва имкониятлар билан боғлиқ бўлган,  кўп жиҳатдан ижтимоий турғунлик ҳолатлари, иқтисодий, сиёсий инқирозлар маънавий бўҳроннинг натижаси тарзида намоён бўлади. Шунинг учун жамият тараққиётидаги тушкунликлар ва юксалиш сабабини ижтимоий, иқтисодий, сиёсий омиллар билан бир қаторда кишилар онги, эътиқоди, дунёқараши, комиллик даражасидан ҳам излаш керак.

Миллий ғоямизнинг асосий мақсадларидан бири — ҳар томонлама комил инсонни тарбиялашдан иборат. Комил инсон эса, бу - озод шахс, эркин фикр этувчи, ўз халқининг идеаллари учун курашувчи инсон, ўз Ватанига ҳалол хизмат қилувчи кишидир. Ислом Каримов таъбири билан айтганда, «бизнинг асосий бойлигимиз, ривожланган давлат тузишга олиб борадиган йўлдаги асосий таянчимиз - инсондир. Юксак малакали ва юксак маънавиятли инсондир. Бу нарса, айниқса ёш авлодга тегишли».

Комиллик — меҳр-мурувват, адолат, тўғрилик, виждон, ор-номус, ирода, тадбиркорлик, матонат каби кўплаб асл инсоний хислат ва фазилатларнинг мажмуидир.

Комил инсон ғояси азал-азалдан халқимизнинг эзгу орзуси, миллат маънавиятининг узвий бир қисми бўлиб келган. Зардуштийликнинг муқаддас китоби «Авесто»да ҳалол меҳнат комилликнинг асосий мезони сифатида талқин этилган. Комил инсон гояси ислом фалсафасидан озиқланиб, янада кенгроқ маъно-мазмун касб этган. Ибн Сино, Беруний, Форобий, Навоий каби мутафаккирларнииг комил инсонни тарбиялаш ҳақидаги фикрлари жамият тараққиётига янги маънавий имкониятлар излаш мақсадлари билан боғланган. Форобий фозил шаҳар аҳолиси ҳақидаги ғояларини илгари сурар экан, шахснинг маънавий камолотини адолатли жамият қуришнинг асосий шарти деб ҳисоблаган.

Тарихга назар ташласак, буюк шахсларнинг фаолияти моҳир ташкилотчилик, теран билимлилик билангина эмас, балки уларнинг ахлоқи ва одоби билан ҳам юксак маъно-мазмун касб этган. Одоблилик бошқаларнигина эмас, ўзини ҳам ҳурмат қилиш деганидир. Айниқса, бизнинг миллий анъаналаримизга кўра, инсоннинг комиллиги, аввало, унинг ахлоқий етуклигида, аждодлар меросини чуқур ўрганиб, уни бойитиш, катта-кичикка эҳтиром кўрсатиш борасидаги ҳаракатларида кўзга кўринади. Комиллик даражасини ҳар ким ўзича белгилай олмайди. Комиллик ҳар бир шахснинг ўзидан кўра бошқаларга яхшироқ маълум бўлади. Комил инсон қуллик, мутелик, боқимандаликдан батамом халос бўлган инсон. Чунки инсон бировга қулдек эргашса, демак ижтимоий жиҳатдан у ҳеч нарсага эришмаган бўлади. Комил инсон ўз маслаги, Ватани, халқи манфаатларига ёт, зарарли ғояларни тарқатаётган кимсалар ортидан кўр-кўрона эргашиб кетавермайди, огоҳ ва фаол бўлади.

Халқимизнинг қадим-қадимдан ажойиб одатлари, ўгитлари бор, юртга муҳаббат, Она ва Ватанни саждагоҳ каби муқаддас билиш, ёлғон гапирмаслик, бировнинг ҳақига хиёнат қилмаслик, каттани ҳурмат, кичикни иззат қилиш шулар жумласидандир. Булар халқимизнинг ҳаёти, турмуш тарзи, маънавияти ва менталитетига сингиб кетган. Бундай ўйлаб қаралса, аждодларимизнинг ана шу талабларида жамият, инсон учун энг зарур фазилатлар айтиб ўтилгани аён бўлади. Оққан дарё оқаверади, деганларидек, эътиқодли мустаҳкам улуғ аждодларнинг авлодлари бу хусусиятларни ўзида жамулжам қилган муносиб фарзандлар бўлиб етишадилар. Шунинг учун бизнинг Ватанимиз ёш авлодга, уни тарбиялашга бор куч-имкониятини сарфламоқда.

Тарихимизда комиллик тимсоллари кўп: Алпомиш —  халқимизнинг идеал қахрамони, у — ақл, фаҳм-фаросат, жисмоний камолот, мардлик ва ватанпарварликнинг бадиий тимсоли. Ҳазрат Навоий  учун  идеал - Фарҳод образи. У  ақлий ва жисмоний  камолот эгаси. Фарҳод Нақшбандийнинг «Дил ба ёру, даст ба кор» тамойилини ўзида мужассам этган шахс. Ойбекнинг "Навоий» романида эса Навоий -  идеал образ. Айни пайтда у реал тарихий шахс, комил инсондир.

Бугунги кунда Ватан ижодкорлар зиммасига ёшларга ибрат бўладиган янги баркамол инсонлар, замонавий қаҳрамонлар тимсолини яратиш вазифасини юкламоқда. Мустақил Ватанимиз олий мақсад қилиб олган озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаётни баркамол, эзгу ғояларни ҳаётий эътиқодига айлантирган етук инсонларгина бунёд эта олади.

Шунинг учун янгиланаётган жамиятимизда соғлом авлодни тарбиялаш, эркин фуқаро маьнавиятини шакллантириш, маънавий-маърифий ишларни юксак даражага кўтариш орқали комил инсонларни вояга етказишга юксак эътибор берилмоқда. Ватанимизда соғлом авлод ҳаракатининг кенг тус олгани, кадрлар тайёрлаш миллий дастури асосида таълим-тарбия тизимининг тубдан ислоҳ этилаётгани ҳам ана шу улуғвор мақсадни амалга ошириш йўлидаги муҳим қадамлардир.

 

Таянч тушунчалари

 

Юрт тинчлиги, фаровонлик, халқ фаровонлиги, камолот, комил инсон, баркамол авлод, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури.

 

5-мавзу: Миллатлараро тотувлик, миллий ва диний бағрикенглик

Режа:

   1.  Ижтимоий ҳамкорлик.

Миллатлараро ҳамжиҳатлик.

Диний бағрикенглик (толерантлик)

Инсоният XX асрда бошлаб XXI асрда давом эттираётган энг муҳим ғоялардан бири — жамиятдаги турли тоифалар, сиёсий кучлар ва партиялар ўртасидаги ижтимоий ҳамкорликдир.

Ижтимоий ҳамкорлик — муроса фалсафаси бўлиб, хилма-хил фикр ва қарашларга эга бўлган, турли миллат, ирқ ва динга мансуб шахс ва гурухларнинг умумий мақсад йўлидаги ҳамжиҳатлигини таъминлайди. Натижада жамиятда тинчлик ва тотувликнинг, барқарор тараққиётнинг мустаҳкам кафолати вужудга келади. Албатта, бундай даражага эришиш ўз-ўзидан бўлмайди. Турли ғояларни байроқ қилиб олган кучларни бир мақсад йўлида бирлаштириш ғоят мушкул. Лекин Ватан равнақи, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги шунга эришишни тақозо этади.

Қарашлар ранг-баранглиги, фикрлар хилма-хиллиги, сўз ва фикр эркинлиги жамиятни соғломлаштирувчи, уни мустаҳкамловчи ўта муҳим омилдир. Бироқ — бу, хаёлга келган гапни айтиш, кўнгил тусаган ишни қилиш, ўз манфаати учун ҳамма нарсага тайёр туриш, дегани эмас. Бундан ташқари, эркин фикр дегани, албатта, тўғри фикр дегани ҳам эмас. Эркинликнинг ўзи эса англаб олинган заруратдир. Демак, фикр эркинлиги умумманфаат, умумжамият тараққиёти йўлидаги соғлом ҳаракат, соғлом фикр юритиш, иймон-эътиқод юзасидан иш тутиш, демакдир. Улуғ бобокалонимиз Абу Наср Форобий ҳам «Агар фикрлари ва ҳаракатлари жамият манфаатларига, хизмат қилмайдиган бўлса, мамлакатни бундай кишилардан тозалаш керак», деган фикрни бежиз айтмаган. Минг йиллар мобайнида миллий давлатчилигимиз тарихий тажрибаларида синовдан ўтган бундай хулосалар ҳамон ўз қимматини йўқотмаган. Бинобарин, бугунги ва эртанги кунимиз учун ҳам, албатта, хизмат қилажак.

Шўролар даврида якка ҳукмронлик қилган коммунистик мафкура синфийлик ва партиявийлик шиори остида оламни фақат оқ-қора бўёқларда тасвирлашга, миллатни иккига бўлиб ташлашга сабаб бўлди. «Ёт синфлар», уларнинг «думлари», уларга «хайрихоҳлар» жисмонаи йўқ қилинди. Бунинг сабаби шўролар мафкурасида синфий манфаатлар, ягона партия талаблари умуминсоний ғоялардан устун қўйилганида эди.

Жамият тараққиётида омма фикрини бир нуқтага жамлаб, унинг имкониятларини бир ўзанга солиб, уни умумий тараққиёт йўлига бошлаш муҳим аҳамият касб этади. Ана шу жиҳатдан олганда, Ўзбекистонда истиқлолга эришилгач, Президент Ислом Каримов раҳбарлигида яқин ўтмишда кенг тарқалган иллатларга барҳам берилди. Яъни жамиятнинг ижтимоий-сиёсий муҳитини пароканда қиладиган, одамлар фикрини чалғитадиган ҳодисаларга чек қўйилди. Бунда энг аввало, ўзимизга душман қидириш, жамиятни бўлиб юборишга йўл қўйилмади. Бизда бу — партократ, ана униси — коммунист, буниси — диндор, буниси эса даҳрий деб, ўзаро маломатлар ёғдириш оқибатида тўқнашувлар йўлидан борилмади. Аксинча, ўтмишдаги хатоликлар учун ҳам, халқимизнинг бугуни ва эртаси учун ҳам барча бирдек жавобгар эканлигини, муаммоларни фақат ҳамжиҳат бўлиб бартараф эта олиш мумкинлигини тўғри тушундик. Шу боис мамлакат ва халқ манфаатлари йўлида бирлашиш, кучларни уйғунлаштириш, эҳтиросларга берилмай, барча имкониятлардан ақл-идрок билан фойдаланиш йўли тутилди. Оғир-вазминлик, мулоҳазакорлик, собитқадамлик, андиша, узоқни кўзлаб иш тутиш доимий ҳаракат тамойилига, айланди.

Ma’ruzalar matnlari