Мавзу: Ватан равнақи ва юрт тинчлиги . Халқ фаровонлиги ва комил инсон ғояси.

Режа:

Миллий истиқлолимизнинг бош ғояси.

Ватан равнақи.

Юрт тинчлиги.

Халқ фаровонлиги.

Комил инсон.

Халқ фаровонлиги ва комил инсон ғояларини ўрганишнинг аҳамияти.

Миллий истиклолимизнинг асосий ғоялари халқимиз мустақил тараққиёт йўлидаги бош ғоясидан келиб чиқади. Ўзбекистон халқининг миллий тараққиёт йўлидаги бош ғояси — мустақилликни мустаҳкамлаш, озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этишдир. Миллий истиқлол мафкурасининг асосий ғоялари ўзининг маъно-моҳияти, фалсафаси, жозибаси билан бош ғояни халқимизнинг қалби ва онгига янада чуқурроқ сингдиришга хизмат қилади.

Ватан равнақи. Ватан — инсоннинг киндик қони тўкилган муқаддас замин, уни камолот сари етакловчи, ҳаётига маъно-мазмуи бахш этувчи табаррук маскандир. У аждодлардан авлодларга қоладиган энг буюк, бебаҳо мерос, энг азиз хотира. Ватан — ота-боболаримизнинг хоки поклари жо бўлган, вақти-соати етиб ҳар биримиз бош қўядиган муқаддас замин.

Ватан —  бу халқнинг ўтмиши,  бугуни ва келажаги. Халқимиз Ватан остонадан бошланади, деб бежиз айтмаган. Киши улғайган сари унинг Ватан ҳақидаги тушунчаси ҳам кенгая бошлайди. Остона, уй, маҳалла, қишлоқ, шаҳар, туман, вилоят ва ниҳоят   мамлакат даражасига кўтарилади. Тушунча ва кечинмалар нуқтаи назаридан эса  ватанпарварлик тарихий тараққиёт жараёнида пайдо бўлиб, ташқи муҳит ва даврлар  таъсирида шаклланган ва ўзгариб келган ижтимоий туйғудир.

Ватани бор одамнинг ғурур-ифтихори юксак, мақсад-муддаолари аниқ бўлади. Тоғдек таянчи — Ватани борлигини ҳис этган инсон ҳаётнинг ҳар қандай синовларига доимо тайёр туради. Курраи Замин — Ер сайёраси бутун жумлаи жаҳонда яшаётган олти миллиардан зиёд халқлар учун Ватан ҳисобланса, ҳар бир халқ учун тақдиран ва тарихан ато этилган ҳудуд она-Ватандир. Ватанни, ота-онани танламайдилар. Улар яратганнинг ўзи томонидан берилган улуғ ва муқаддас неъматдир. Ана шу улуғ неъматни, асраб-авайлаш, унинг сарҳадларини гуллатиб-яшнатиш ўз қўлимизда. Бундай имкониятни эса бизга улуғ истиқлол берди. Барчамизнинг киндек қонимиз Ота Макон тупроғига тўкилган, барчамиз бир она — Ўзбекистон кўксидан сут эмганмиз. Энди уни оқлашимиз, ана шу муқаддас юрт фарзанди эканлигимизни унутмаслигимиз даркор. Она сути орқали Она Ватанга меҳр туғилади, у фарзандларини буюкликка, жасоратга етаклайди.

Ўзбекистон Рсспубликаси Президенти И. А. Каримов таъбири билан айтганда: «Инсон ўзлигини англагани, насл-насабини билган сари юрагида Ватанга муҳаббат туйғуси илдиз отиб, юксала боради. Бу илдиз қанча чуқур бўлса, туғилиб ўсган юртга муҳаббат ҳам шу қадар чексиз бўлади», у ўз тақдирини Ватан равнақи билан боғлиқ, деб билади. Одамларда ғайрат, эрта тонгдан қаро тунгача ишлайвериш қобилияти бўлиши мумкин. Мустамлака даврида собиқ марказ топшириғини бажаришнинг ўзи етарли эди. Мустақил Ўзбекистонга эса мутеликдан холи, мустақил фикрлайдиган, ишбилармон, тадбиркор, ватанпарвар  шахслар даркор.

Ватаннинг равнақи, аввало, унинг фарзандлари камолига боғлиқ. Бу эса ҳар бир юртдошимизни ўзининг маънавий камолоти учун юксак масъулиятни ҳис этишга, ўз манфаатларини шу юрт, шу халқ манфаатлари билан уйғунлаштириб яшашга даъват этади. Бу эса ватанпарварлик туйғусида намоён бўлади. Ватанпарварлик - кишининг ўзи туғилиб ўсган, камол топган жой, замин, ўлкага бўлган муҳаббатини, муносабатларини ифода этадиган ижтимоий ва маънавий-ахлоқий хислатлари, фазилатларидир. Фидойилик ватанпарварликнинг бош белгиси ҳисобланади, унинг олий кўриниши эса жасоратдир. Бугунги кунда эса бозор иқтисодиёти шароитида ватанпарварликнинг муҳим кўринишларидан бири тадбиркорлик сифатида намоён бўлмоқда.

Тарих ватанпарварлик туйғусини шакллантиришдаги энг буюк қуроллардан бири. Ўтмишда Она Ватан ҳимояси, юрт тинчлиги учун жонини фидо қилишга тайёр турган Широқ, Спитамен, Жалолиддин Мангуберди   каби   шахслар    бўлганлиги  фактининг ўзигина   кишиларда,  келажакка ишонч руҳини мустаҳкамлайди.

Умуман ватанпарварлик:

ўз халқининг тарихини яхши билиш ва ундан ғурурланиш;

буюк аждодлар томонидан яратилган моддий ва маънавий меросни кўз қорачиғидек асраб, келгуси авлодларга етказиш;

аждодлар урф-одат, расм-русум ва удумларини, меросини ўрганиб, унинг қадриятга айланган қисмини давом эттириш;

давлатимиз келажаги, истиқлолнинг барқарорлиги, келажакнинг буюклигини чин дилдан ҳис этиш, шундай келажакни барпо этишга астойдил кўмаклашиш каби юзлаб фазилатлар  ва хусусиятларни англатади.

Ватанпарварлик шахснинг чинакам эътиқодига айланмоғи учун билимнинг ўзи — дунё ва илм сирларидан бохабарлик нақадар чуқур бўлмасин, барибир камлик қилади. Ватан хақида гап сотиб, у қийин аҳволда қолганда чўчиб, иккиланиб, лоқайдлик, бефарқлик қилиб, иродаси, садоқати заифлашадиган кишилар Ватанга нолойиқ.

Кўр-кўрона муҳаббат ҳам Ватан равнақига хизмат қилмайди, кутилган натижага олиб келмайди. Ватан ишқи, шу билан бирга шахснинг танқидий мулоҳаза юритиши, камчиликларни кўриб, уларни бартараф этиш, мамлакати, халқи, миллий қадриятларини такомиллаштириш йўлидаги ҳаракатига уйғун бўлиши лозим. Демак, Ватан равнақи, аввало унинг фарзандлари камоли билан чамбарчас боғлиқ. Буни чуқур англаган давлатимиз раҳбари эса бор кучи, ғайрати, имкониятларини комил инсон тарбиясига сафарбар этган. Буни ҳар бир ватандошимиз, жумлаи-жаҳон кўриб, билиб турибди.

Мозий, бугунги кун шундан далолат бермоқдаки миллий ғоя ҳеч қачон Ватандан ташқарида илдиз отмайди. У Ватан равнақини белгилаб берадиган тамойилларни ўзида акс эттирсагина куч-қудрат манбаига айланади. Ватаннинг равнақига хизмат қилмайдиган ёт ва бегона ғоялар эса ҳеч қачон бизнинг миллий ғояга айланолмайди. Бундай ғоя қандай либосга ўралиб олмасин, қандай ниқоб киймасин, донишманд халқимиз уларнинг найрангига учмайди.

Ватан ва унинг равнақи тушунчаси истиқлол йилларида алоҳида аҳамият касб эта бошлади. Истибдод давридаги ҳукмрон коммунистик мафкура бор кучини кишилар   онгидаги Ватан тушунчасини бузиб, сохта, мавхум Совет ватани ғоясини сингдиришга сарфлаган. «Ўзбекистон - Ватаним маним» ёки «ўзбегим» дейиш миллатчилик сифатида баҳоланиб, минглаб ватандошларимизни қатағон домига тортиб кетган.

Бугун у кунлар ўтмишга айланди. Энди, биз Ватанимиз мустақил бўлган даврда яшамокдамиз. Энди, бу мустақилликни асраш, авайлаш ҳам ватанпарварликнинг намунасига айланмоқда. Ватанпарварлик миллатчилик эмас, балки умуминсоний туйғудир. Француз адиби Вольтер шундай деган эди: «Ватанга бўлган муҳаббат мени ажнабийлар юртидан кўз юмишга мажбур қилмайди. Аксинча, Ватанга муҳаббатим қанчалик кучли бўлса, Ватанимни жаҳондаги бошқа халқларнинг ютуқлари билан шунчалик кўп бойитгим келади». Бугунги кунда жамиятимизда тадбиркорлик, эркин иқтисодий фаолият кенг ривожланаётгани, давлатимизнинг иқтисодий қудрати ортаётгани, халқимизнинг маънавияти бойиб, илм-зиё салоҳияти юксалаётгани Ватан равнақининг асоси бўлади.

Бу ўзгаришлар жараёнининг устувор хусусияти халқимизнииг бунёдкорлик фаолиятидир. Бунда ана шу бунёдкорлик салоҳиятини тўла юзага чиқариш, иқтисодиётни илғор технологиялар асосида модернизация қилиш ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Жаҳонда Форд, Рокфеллер, Дюпон, Крупп сингари уддабурон, ғайратли кашфиётчи тадбиркорлар ўз номларини миллатлари ва ватанлари тарихига абадий ёзиб қўйдилар. Мустақил Ўзбекистон равнақи хам ана шундай ўз тадбиркорларимизга боғлиқ. Ватан жаҳон бозорида ўз ўрнини эгаллайдиган, рақобатбардош маҳсулотлар чиқаришга қодир мутахассислар тарбияси учун бор кучини сарфламоқда ва бунга жавобан Ватан фарзандларидан бунёдкорлик фаолиятини талаб қилмоқда. Ватан равнақи учун бор билими, кучи, салоҳиятини сарфлаш Ўзбекистон Республикаси барча фуқароларининг муқаддас бурчига айланмоғи даркор. Зеро ҳар биримизнинг бахтимиз, келажагимиз Ватан равнақи билан чамбарчас боғлиқ.

Юрт тинчлиги — бебаҳо неъмат, улуғ саодатдир. Башарият ўз тараққиётининг барча босқичларида, аввало, тинчлик-тотувликка интилиб келган. Юрт тинчлиги — барқарор тараққиёт гарови. Тинчликни сақлаш ва мустаҳкамлаш масаласи умумбашарий муаммодир. Инсоният тараққиётининг барча босқичларида жамиятнинг асосий масалалари, биринчи навбатда, тинчлик-тотувлик ҳолатидагина самарали ҳал этилган. Шу боисдан ҳам юрт тинчлиги — барқарор тараққиёт гаровидир. Тинчликни сақлаш муаммосини ўз-ўзидан кишиларнинг хоҳиш-истаги, орзу-умидлари билан ҳал қилиб бўлмайди. Инсоният учун муқаддас бу қадриятга доимо изчил ва қатъий ҳаракатлар туфайлигина эришилган.

Босқинчилик ҳаракатлари миллий, диний ва бошқа низолар оқибатида урушлар олиб борилиши минг йиллар мобайнида жамият тараққиётига тўсқинлик қилиб келди. Ўтган беш минг йилда инсоният 15 мингдан ортиқ урушни бошидан кечирди. ХХ асрдаги иккита жаҳон урушида 60 млн киши халок бўлди. Афсуски, бу иллатдан инсоният ҳанузгача тўла қутулиш имконига эга бўлмаяпти. Уруш ва низо, беқарорлик ва бузғунчилик ғоялари, ҳар қандай ғоя сингари аввало, баъзи инсонлар миясида пайдо бўлиб, сўнгра маълум бир гуруҳлар онгига синггач, амалиётга ўтади. Худди шундай фашизм ҳам, аввало, Муссолини ва Гитлер кабилар онгида пайдо бўлган, сўнгра ўз ортидан одамларни эргаштириб не-не балоларга сабаб бўлган эди.

Ўзбек халқи тинчликни юксак қадрлайди ҳамда уни ўз орзу-умидлари, олий мақсадлари рўёбга чиқишининг кафолати, деб билади. Шу боисдан ҳам бобо-момолар дуога қўл очганларида даставвал яратгандан тинчлик-омонлик тилайдилар. Халқимиз орасида ҳам «тинчлик бўлса, ҳар  қандай мақсадга эришиш мумкин», деган тушунча кенг тарқалган.

Лекин тарих сабоқлари шундан далолат бермоқдаки, орзу-ниятнинг ўзи билангана узоққа бориш қийин. Юрт тинчлиги дунё ва минтақалар тинчлиги билан чамбарчас боғлиқ. Давлатлар ўртасида ўзаро ишонч ва ҳамкорлик муносабатларининг тобора чуқурлашиб бориши ҳозирги шароитда тинчликнинг ниҳоятда муҳим омили сифатида катта аҳамият ва чуқур маъно касб этмоқла.

Халқаро майдонда рўй бераётган туб сиёсий ўзгаришлар ҳам тинчлик учун курашнинг аҳамиятини янада ошириб юборди. Кўпчилик мамлакатлар халқларининг миллий истиқлоли, демократик эркинликларини асраб-авайлаб келажак авлодларга етказиш йўлидаги ҳаракатлари ўз юртлари ва минтақаларидаги тинчлик ва барқарорликка боғлиқ эканлиги равшан. «Қўшнинг тинч — сен тинч» мақолининг туб маъносини дунё ҳам, биз ҳам янада теранроқ англамоқдамиз.

Кўҳна тарихга назар ташласак, айнан юрт тинч, эл омонликда яшаган даврлардагина халқимиз моддий ва маънавий ютуқларга эришганига гувоҳ бўламиз. Хусусан, соҳибқирон Амир Темурнинг набираси Мирзо Улуғбек Мовароуннаҳрга ҳукмронлик қилган қирқ йил мобайнида мамлакатда тинчлик-барқарорлик устувор бўлгани сабабли илм-фан, маданият тараққий этган, бунёдкорлик ишлари ривожланган, кўҳна заминимиз гуллаб-яшнаган. Низолар, маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик авж олган Улуғбек замонидан кейинги даврларда эса юртимиздан файз-барака кетди, кўҳна Туркистон жаҳон цивилизациясидан анча орқада қолди. Инсонлар қалбини маърифат ўрнига жаҳолат забт этиб, одамлар нафсу ҳавога берилди, амалдорлар Ватан тақдирини эмас ўзининг тор ва майда манфаатларини ўйлайдиган кимсаларга айланди. Оқибатда муқаддас она тупроғимиз босқинчи ғанимлар оёғи остида аёвсиз топталди, халқимиз босқинчилар  қўлига қарам бўлиб қолди.

Ўзбскистон Республикаси истиқлолга эришган дастлабки кундан бошлаб тинчлик-тотувликни, ўз сиёсатинииг устувор йўналишларидан бири эканини жумлаи жаҳонга эълон қилди. У ўз ҳудудида тинчлик ва барқарорликни сақлабгина қолмай, минтақамиздаги беқарор вазиятларни ҳал этишга ҳам ўз улушини қўша бошлади. Айниқса, унинг ўзаро ҳарбий можаролар туфайли дунёвий цивилизациядан батамом узилиб, дунёнинг энг қолоқ мамлакатларидан бирига, ўта хавфли тахдид ва тажовуз манбаига айланиб қолган афғон масаласини ҳал этиш борасидаги саъй-ҳаракатлари диққатга сазовордир.Ўзбекистон Республикаси Ислом Каримовнинг таклиф ва ташаббуси билан Афғонистон муаммолари бўйича БМТнинг «6+2» гуруҳи тузилди. Ушбу гуруҳнинг Тошкент Декларацияси эса БМТ томонидан масалани хал этишнинг ягона варианти сифатида эътироф этилди. Ўзбекистон Республикасининг тинчлик борасидаги сиёсати, минтақамиз ва жаҳондаги хавф-хатарлар ҳақидаги қарашлари Президент Ислом Каримовнинг асарларида, айниқса, унинг «Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари» китобида, юртбошимизнинг БМТнинг 48- ва 50-сессияларида сўзлаган нутқларида жуда аниқ ва батафсил баён қилиб берилган.

Ислом Каримов тинчликнинг бугунги келажак ҳаётимиз учун аҳамиятини қуйидагича таърифлайди: «Биз — Шарқ фарзандларимиз. Шарқ мамлакатларининг қаерига борманг, одамлар бир-бири билан учрашганда, авваламбор, «Ассалому алайкум!» дейишади. Ушбу калом арабчадан олинган бўлиб, «Сизга тинчлик ёр бўлсин» деган маънони англатишини яхши биласизлар. «Салом», яьни «тинчлик» сўзи Қуръони каримда 40 марта учрар экан. Бу муқаддас китобнинг оятларидан бирида шундай дейилади: «Меҳрибон Парвардигор томонидан одамларга олқиш маъносида «тинчлик » сўзи айтилур».

Биз кўпинча юрт тинчлиги иборасини эшитган чоғда, қўлида қурол ушлаб, Ватан сарҳадларини қўриқлаётган жангчини тасаввур қиламиз. Аслида мамлакатнинг ҳар бир фуқароси Ватан ҳимоячисидир. Ҳар биримиз ўз иш жойимизда, кўчада, мактабда Ватанни, унинг муқаддас қадриятларини, юрт тинчлигини ҳимоя қилишга даъват этилганмиз. Фидойи, миллатпарвар, садоқатли кишиларнинг ҳар бир иши, сўзи, амали, мақсади Ватан ҳимояси билан бевосита боғлиқ бўлади. Ватаннинг интеллектуал бойлиги — ёш истеъдодларни асраб-авайлаш, уларга имкониятлар яратиб бериш, уларнинг қалбини бидъат ва жаҳолатдан мусаффо сақлаш, уларни ёт ва зарарли ғоялардан ҳимоя қилиш ҳам юрт тинчлиги учун кураш демакдир.

Юрт тинчлиги — Ватан озодлиги ва истиқлоли билан чамбарчас боғлиқ. Бировга қарам халқ ҳеч қачон эркин ва фаровон яшай олмайди. Шунинг учун ҳам мамлакатимиз Конституцияда Ватан ҳимояси, юрт тинчлиги учун курашиш хар бир фуқаронинг муқаддас бурчи экани қайд этиб қўйилган. Халқимизнинг тинч ва осойишта яшаши, ойдин келажаги Ватан, юрт такдири билан боғлиқ. Шунинг учун бугунги кунда ҳар бир фуқаро юртим тинч — мен тинч, элим тўқ бўлса, мен ҳам тўқман. Элимнинг бошига кулфат келса, менинг бошимга ҳам тегирмон тоши тушади, демак, юртим мен учун, мен эса юртим учун жавобгарман, ўзимни, ўз уйимни ўзим асрамоғим даркор, деган ҳақиқатни шиор қилиб олиши лозим.

Юксак маънавият, сиёсий маданият, миллатнинг ғоявий ва мафкуравий етуклиги — юрт тинчлигини сақлашнинг муҳим омилидир. Халқимиз учун муқаддас бу ғоя жамиятдаги турлича фикр ва қарашга эга бўлган барча куч ва ҳаракатларни бирлаштиришга ва шу орқали миллий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ma’ruzalar matnlari