Буюк донишманд аждодларимизнинг озодлик тўғрисидаги ғоялари, бу борада ниҳоятда муҳим аҳамиятга молик. Айниқса, ўнлик саноқ системасини бутун инсоният учун энг қулай бўлган ҳисоблаш тизимига айлантирган, инсониятга «Алгебра» фанини ҳадя этган, алгоритмик кетма-кетлик услуби ҳақидаги илк ғояни кашф қилган ҳамда Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмийнинг дунёвий кашфиётлари табиатшуносликка оид бир қатор фанларни кашф этиб, том маънода Шарқ натурфалсафасининғ отаси бўлган, Абу Райҳон Берунийнинг ижтимоий-ахлоқий қарашлари бугунги кун учун ҳам муҳим. Фалсафа тарихи, мантиқ, мусиқашунослик, ахлоқ сингари соҳалардан ташқари, социологияга оид илк фалсафий системани ишлаб чиққан Абу Наср Форобийнинг адолатли жамият ҳақидаги қарашларини ўз ўрни бор. Нафақат медицина фанининг асосчиларидан, балки мантиқ илмида ҳам мутафаккирлардан бири бўлган рационализм ва иррационализмни синтез қилиш асосида инсон руҳиятини нигилистик инқироздан асраб қолган, XX аср Ғарб файласуфлари, экзистенциалистлари томонидан Ғарбий Европани маънавий тушкунликдан қутқарилишида асос бўлган ғоя асосчиси — Абу Али ибн Синонинг дуализм таълимоти ҳам бунда ўз ўрнига эга. Мутафаккир шоир Алишер Навоийнинг комил инсон ҳақидаги фалсафий мушоҳадалари, Бобур ва Машраб, Бедил ва Дониш ҳамда асримиз бошидаги маърифатпарвар зиёлиларнинг фаолияти ҳам миллий ғоя ва истиқлол мафкурасининг теран томирларидир. Миллий истиқлол мафкураси фалсафаси, унинг маъно-мазмуни, асосий ғоя ва тамойиллари миллий давлатчилигимизни қайта тиклаб, жамиятимизнинг тараққиёт йўлини назарий ва амалий жиҳатдан белгилаб берган Президентимиз Ислом Каримов асарларида чуқур ифода этилган. Бу асарларда мамлакатнинг ривожланиш йўли, унинг ўзига хос хусусиятлари, олдимизга қўйилган улуғвор вазифаларни амалга ошириш имкониятлари кўрсатиб берилган. Миллий истиқлол мафкурасининг фалсафий асоси умуминсониятнинг бой тарихий ўтмишига, шунингдек, қадимги Шарқ, Юнон, Рим ва бошқа фалсафа мактабларининг меросига ҳам таянади. Хусусан, Суқрот, Платон, Аристотель сингари мутафаккирларнинг асрлар давомида ўз қадр-қимматини йўқотмай келаётган доно фикрлари, жаҳон фалсафасининг ўрта асрлар ва ҳозирги замон намояндаларининг қарашлари ҳам миллий истиқлол мафкураси тамойилларини асослаш ва бойитиш, уларга ҳаётий руҳ бағишлашда муҳим аҳамият касб этади. Конфуцийнинг фалсафий ҳикматлари, Платоннинг «Ғоялар дунёси ва соялар дунёси» тўғрисидаги таълимоти, Гегель диалектикаси, гуманистик замонавий фалсафий оқимларда илгари сурилаётган ғоялар хам миллий истиқлол мафкурасининг умуминсоний асосларидир. Ўтмиш фалсафаси ғоялари ва тарих сабоқлари мафкурамизнинг маъно-мазмунини белгилашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Бу мафкура халқимизнинг ўзига хос турмуш тарзи, тафаккури ва дунёқараши акс этган эртак ва афсоналардан, миллий қаҳрамонларининг ҳаёти ва фаолиятидаги ибратли мисоллардан озиқланади. Миллий истиқлол мафкураси шаклланишида «Авесто», «Қуръон» ва «Ҳадис»ларда зикр этилган ҳикматлар, дунёвий ва диний қарашлар, халқимизнинг озодлик, комил инсон тўғрисидаги ғоялари муҳим аҳамият касб этади. Миллий истиқлол ғоясининг асослари, тамойил ва йўналишларини яхши билиб олиш учун юқорида номлари зикр этилган алломаларнинг асарлари, миллий ва умуминсоний маданий мерос намуналарини чуқур ўрганиш бу борадаги асосий вазифа бўлиб қолмокда. Мустақиллик йилларида жамиятимиз аъзоларининг дунёқараши, фикрлаш тарзида теран ўзгаришар рўй берди. Халқимизни бирлаштирадиган, бунёдкорлик фаолиятига сафарбар этадиган, унинг эзгу мақсадлари ва ҳаётий маифаатларини ўзида ифодалайдиган миллий ғоя ва мафкурани яратиш ижтимоий-сиёсий ва маънавий тараққиётимизнинг муҳим шарти бўлиб қолди. Президент Ислом Каримов таъкидлаганидек, «Олдимизга кўйган олижаноб мақсад-муддаоларимизга етиш, эски мафкуравий асоратлардан батамом халос бўлиш, ғоявий бўшлиқ пайдо бўлишига йўл қўймаслик, бегона ва ёт ғояларнинг хуружидан химояланиш, бундай тажовузларга қарши тура оладиган ҳар томонлама баркамол инсонларни вояга етказиш зарурати халқимиз ва жамиятимиз манфаатларига мос янги мафкурани шакллантиришни тақозо этмоқда». Мафкуранинг мақсадлари бўлиши табиий. Чунки ҳар қандай мафкура ўз олдига муайян мақсадларни қўяди. Бу мақсадлар пировард натижага эришишнинг йўллари, восита ва усулларини белгилайди. Мафкуранинг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат: - одамларни муайян ғояга ишонтириш; шу ғоя атрофида уюштириш; ғояни амалга ошириш учун сафарбар этиш; кишиларни маънавий-руҳий жиҳатдан рағбатлантириш; ғоявий тарбиялаш; - ғоявий иммунитетни шакллантириш; - ҳаракат дастури бўлиш. Қуйида миллий истиқлол ғояси нуқтаи назаридан мафкуранинг ана шу хусусиятларининг моҳияти ва мазмуни билан қисқача танишамиз. Одамларни муайян ғояга ишонтириш. Мафкура ғоялар системаси сифатида бирон бир ғояни тарғиб этиш, кишиларни шу ғоянинг тўғри, ҳаётий ва илғор эканлигига ишонтиришни ўз олдига мақсад қилиб қўяди. Демократик жамиятда амал қиладиган плюрализм (фикрлар, қарашлар ранг-баранглиги) кишиларга ўз ҳаётий манфаатлари, мақсад ва интилишларини акс эттирадиган илғор ғояни танлаш, ҳимоя қилиш ва ривожлантириш имконини беради. Миллий истиқлол ғоясининг шаклланишини таҳлил қилиш жамиятда бирон бир ғоянинг тўғри, илмий ва ҳаётийлигига ишонч ҳосил қилиш ўз-ўзидан рўй бермаслигини кўрсатади. Мафкурага ишонч уйғотиш, унда акс этган ғоялар таъсирида одамларни сафарбар этиш функцияси муайян шахсларнинг фаолияти орқали рўёбга чиқади. Чунки ишонтирмоқ - кишиларнинг руҳи, кайфияти, ҳиссий кечинмалари, қалби ва шуурига таъсир қилмоқдир. Бу вазифани амалга оширувчи кишилардан юксак инсоний фазилатлар, шу ғоя йўлида фидойилик, билим, малака, нутқ маҳорати ва бошқалар талаб этилади. Кенг халқ оммасини бирон бир ғоянинг илғор ва инсонпарвар эканлигига ишонтирмоқ учун аввало, мазкур ғоя халқ ҳаётига яқин, бевосита дахлдор бўлиши, иккинчидан, уни одамлар онгига етказишнинг энг қулай восита ва усулларини аниқлаб олиш керак бўлади. Бунда давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, мақсад ва вазифаларини мафкуравий жиҳатдан асослаш, айниқса муҳимдир. Замон руҳи, халқ психологияси, эҳтиёж ва талаблари мафкурамизда хар томондама акс этиши, бугунги ҳаётнинг энг долзарб муаммолари, унинг стратегик мақсадлари билан узвий боғланиши зарур. Ана шундагина порлоқ келажакка интилиш ва қатъий ишонч муқаррар равишда катта ижтимоий юксалишга туртки беради. Фан ва техника тараққиёти борасида эришилган ютуқлар билан бирга мафкурамизнинг жонли, эҳтиросли ва жозибадор ғояси инсонлар қалбини ларзага келтиради, уларни фаол ҳаракатга ундайди, яхши ва саодатли кунларга ишонч ҳиссини уйғотади. Инсоният тарихида чуқур из қолдирган буюк давлат арбоблари, ҳарбий саркардалар кенг оммани ишонтириш, юксак марралар сари рағбатлантириш қобилиятига эга бўлган моҳир нотиқ бўлганлар. Улар ғоянинг ишончли ва ҳаётий бўлиши учун у аввало, илмий-назарий асосга эга бўлиши, ҳаётий далилларга таяниши лозим эканлигини яхши билганлар. Мафкуравий кураш - жамиятнинг онгли ва фаол қатламининг бирон бир ғояни ҳимоя қилиш, қарор топтириш йўлидаги кураши эканини англаб етганлар. Ана шундай кишилар етакчилик қиладиган инсонпарвар ва демократик жамият ғояга қарши ғоя билан, жаҳолатга қарши маърифат билан курашади. Бу кураш охир-оқибатда эзгуликнинг разолат устидан, яхшиликнинг ёмонлик устидан қозонажак ғалабаси билан интиҳо топади. Мустақиллик ғоясининг ўзаги бўлган — танлаган тараққиёт йўлимизнинг тўғри, адолатли ва ҳаққоний эканлигига, у мана шу заминда истиқомат қиладиган ҳар бир инсоннинг ҳаётий манфаатларига мос тушишига кенг оммани ишонтириш, кишиларни озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш йўлидаги бунёдкорлик ишларига сафарбар этиш миллий истиқлол мафкурасининг асосий мақсадларидан биридир. Одамларга мустақиллик йилларида эришилган ютуқларни ҳаётий фактлар орқали содда ва лўнда қилиб тушунтириш, истибдод асоратларини тарихий далиллар асосида фош этиш миллий истиқлол ғоясини кишилар онгига сингдиришда муҳим аҳамият касб этади. Бу ғоянинг асосий тушунча ва тамойилларини халқимиз, айниқса, ёшлар ўртасида кенг тарғиб этиш биринчи навбатда раҳбар кадрлар, зиёлилар, оммавий ахборот воситалари ходимларининг муҳим вазифаси, фуқаролик бурчидир. Миллий истиқлол ғоясига садоқат, касбий маҳорат, кенг оммани ишонтириш ва сафарбар этиш қобилияти — кадрлар танлаш ва жой-жойига қўйишда асосий мезон бўлмоғи лозим. Миллий мафкура масалаларига лоқайдлик айрим раҳбар кадрлар ўртасида умуммиллий манфаатларимизга бутунлай ёт ғояларнинг, коррупция, қариндош-уруғчилик сингари иллатларнинг кучайишига олиб келди. Мафкуравий тарғибот ишларининг муваффақиятини белгилайдиган шундай ҳаётий қонуният бор: бошқаларни бир ғояга ишонтирмоқ учун, аввало, унга ўзинг юракдан ишонишинг, бошқаларни ёндирмоқ учун ўзинг ёнишинг, бошқаларни ғафлат уйқусидан уйғотмоқ учун ўзинг уйғоқ ва бедор бўлишинг шарт! Миллий ғоянинг халқпарвар, тараққийпарвар эканлигига бўлган ишонч кундалик ҳаёт синовларидан ўтсагина, сўз ва иш бирлигига эришилсагина бу ғоя мустаҳкам эътиқодга айланади. Эътиқод устувор ерда чинакам инсоний ҳаёт бўлади; эътиқод учун, илғор ғоя тантанаси учун кураш жараёнида инсон шахси шаклланади; у бунёдкор кучга айланади. Ғоя асосида кишиларни уюштириш. Жамият фақат ўз шахсий манфаатини кўзлайдиган одамлар йиғиндисидан иборат эмас. Умумий манфаатларни теран англаш кишиларнинг жамият бўлиб уюшишларига, ижтимоий талаб ва нормаларни эътироф этиб, уларга амал қилишларига сабаб бўлади. Бу, айниқса, ҳозирги ўтиш даврида ниҳоятда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ана шу сабабдан ҳам жамият аъзоларини умумий мақсад ва манфаатлар йўлида бирлаштириш мафкуранинг асосий вазифаларидан биридир. Ўзининг Ватан деб аталмиш улуғ бир оилага мансублигини ҳис этиш туйғуси ўз-ўзидан пайдо бўлмайди, балки муттасил ва изчил ғоявий тарбия самараси ўлароқ, юзага келади. Оиладаги тотувлик, аҳиллик, меҳр-шафқат хислатлари узлуксиз равишда турли шаклларда олиб бориладиган ахлоқий тарбиянинг маҳсули бўлгани каби, жамиятнинг ғоят хилма-хил қатламларини умумий манфаатлар атрофида жипслаштириш, одамлар ўртасида ҳамжиҳатлик, тотувлик, ўзаро ёрдам хислатларини шакллантириш ҳам изчил мафкуравий тарбия воситасида амалга оширилади. Шу маънода айтиш мумкинки, миллий истиклол ғояси кишилар онгига теран сингиши билан улар умумий мақсад сари интилувчи маслакдошларга айланадилар. Ғояни амалга ошириш учун сафарбар этиш. Мафкуранинг бунёдкорлик функцияларидан бири илғор ғояни амалга ошириш учун кишиларни сафарбар этишдир. Мафкурада ифода этилган ғоя ва мақсад жамиятдаги кўплаб партиялар, ижтимоий ҳаракат ва ташкилотларнинг фаолият дастурига асос бўлади, ижтимоий ривожланишга кучли туртки беради. У жамиятда рўй берадиган туб ўзгаришларга замин яратади, унга кенг халқ оммасини маънавий-руҳий жиҳатдан тайёрлайди, сўнгра бунёдкорлик мшларига сафарбар этади. Жахон тарихида бунга мисоллар жуда кўп. Бунёдкор мафкуранинг сафарбар этувчи роли туб ижтимоий-иқтисодий юксалишларда, жамият ҳаётидаги маънавий ўзгаришларда яққол кўзга ташланади. Буни халқларнинг чет эл босқинчиларига қарши курашида, турли бунёдкорлик ишларида, чунончи ҳашар йўли билан сув иншоотлари, қўприклар, йўллар, шаҳар ва қишлоқлар қуришдаги умумий сафарбарлик ишларида кўриш мумкин. Мафкура ижтимоий онгнинг таркибий қисми сифатида ижтимоий ўзгаришларга фаол муносабатда бўлади, уларни ё маъқуллаб, қўллаб-қувватлайди, ёки инкор этади. Бинобарин, мафкура ўз моҳиятига кўра ижтимоий ўзгаришларга бефарқ бўла олмайди. Жамиятдаги турли социал гуруҳлар, синфлар, қатламлар мафкура асосида сиёсий-ижтимоий жараёнларга ўз муносабатларини белгилайдилар. Бироқ, мафкуранинг сафарбар этувчилик хусусияти социал ўзгаришлар жараёнида доим ҳам кўзга аниқ ташланавермайди, балки, туб ижтимоий ўзгаришлар даврида яққолроқ намоён бўлади. Масалан, мамлакат мустақиллиги ва яхлитлигига таҳлид соладиган мафкуравий хавф-хатарлар кучайган пайтларда кишиларни Ватан истиқлоли, равнақи йўлида жипслаштириш ва сафарбар этишда миллий мафкура муҳим рол ўйнайди. Сиёсий курашлар даврида аҳолининг жуда оз қисмини ва тор доирадаги манфаатларни кўзловчи, бузғунчиликини мақсад қилиб олган мафкуралар ҳам дунёга келиши мумкин. Бундай мафкурага эга бўлган гуруҳлар билан аҳолининг асосий қисмини ташкил этувчи гуруҳ ва синфлар ўртасида мафкуравий масалаларда турли ихтилофлар келиб чиқади. Зеро, Президентимиз таъкидлагани каби: «Халқ — ўзининг минг йиллик анъана ва тажрибалари, сўнмас хотираси ва буюк туйғулари билан яшаб келаётган қудратли куч. Ёлғонга, алдовга дуч келган пайтда унинг асрий қадриятлари, доимо уйғоқ виждони тилга киради, ноҳақликка, қабиҳликка қарши курашга даъват этади». Мафкуранинг сафарбар этувчилик функцияси, айниқса, мафкуравий курашлар жараёнида тўлароқ намоён бўлади. Зеро, мафкуравий зиддиятлар кескинлашган даврда мақсадга эришишнинг қўпол воситалари, хусусан босқинчилик, террор, қўпорувчилик, инқилобий усуллар ишга солиниши мумкин. Бу — мафкуравий курашнинг ўта қўпол ва ғайриинсоний усуллари бўлиб, уларга қарши туришда собитқадамлик, бардош, сабот ва фаоллик талаб қилинади. Бу жараёнда бунёдкорлик ғоялари билан қуролланган кенг халқ оммасининг идеаллари, манфаатларини ўзида мужассамлаштирувчи мафкурагина инсонпарварлик, тараққийпарварлик тамойиллари асосида мамлакат, халқ тақдирида ижобий аҳамиятга эга бўлади, кишиларни эзгу ишларга даъват этади. Кишиларни маънавий-руҳнй жиҳатдан қўллаб-қувватлаш. Мафкура миллий тараққиётнинг энг оғир, мураккаб даврида, айниқса, бир ижтимоий-сиёсий тузумдан янгисига ўтиш жараёнида кенг халқ оммасини маънавий-руҳий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди, уларда келажакка ишонч туйғуларини уйғотишга хизмат қилади. Ана шу сабабдан ҳам чинакам миллий мафкура бўлган истиклол ғояси ўзининг жозибаси билан кишиларни ўз кучига ишонишга, истиқболга умид билан қарашга даъват этади. Унда халқ фантазияси, орзу-умидларининг қай даражада акс этиши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Чунки, тўқ, фаровон ва бахтли ҳаёт қуриш, ижтимоий адолатни қарор топтириш, миллатлараро тотувлик, тинчлик, дўстлик ер юзидаги барча халқларнинг азалий орзусидир. Демак, миллий истиқлол мафкурасининг ҳаётийлиги, таъсирчанлиги халқ орзу-умидларини нечоғли тўла ва ёрқин акс эттириши, уларни рўёбга чиқаришнинг йўллари ва воситаларини қай даражада тўғри белгилашига боғлиқдир. Зеро, жамият аъзолари миллий истиқлол мафкурасида ўз ҳаётий манфаатлари, орзу-умидлари ифодасини кўрсагина одамларни руҳан бардам, уйғоқ ва фаол қила оладиган кучга айланади. Ғоявий тарбиялаш. Жамиятдаги мавжуд ғояларга фаол муносабат, фаол ҳаётий позицияни тарбиялаш мафкуранинг яна бир муҳим мақсадидир. Ғоявий тарбия ахлоқий, сиёсий, ҳуқуқий тарбиянинг асосини ташкил этади. Ҳар қандай ахлоқий, сиёсий, ҳуқуқий тарбия муайян ғояни ҳимоя қилиш, тарғиб этиш ва ривожлантиришга қаратилган бўлади. Хусусан, ёвузлик, беҳаёлик, шафқатсизликни тарғиб этиш орқали ёшларни ахлоқий жиҳатдан бузишга қаратилган бадиий фильмларда жамият барқарорлигига рахна солишдан иборат мафкуравий мақсад яширингандир. Бинобарин, ғоялар ошкора ёки яширин, бевосита ёки билвосита, тўғридан-тўғри ёки рамзий шаклларда тарғиб этилиши мумкин. Инсон фаолияти аниқ бир ғоявий мақсадга йўналтирилган бўлиб, бу ният кўпинча кўзга ташланмайди, ғоявий тарбиянинг асосий мақсади кишиларда хушёрлик, сезгирлик ҳиссини шакллантириш, ёт ва зарарли ғояларга қаршилик кўрсатиш қобилиятини шакллантиришдан иборатдир.
|
Ma’ruzalar matnlari |