Мавзу-5. Ўзбекистонда демократик жамият қуришнинг миллий ва умумбашарий тамойиллари
Режа:
1. Миллий ва умуминсоний қадриятлар уйғунлиги – демократик цивилизация.
2. Эътиқод эркинлиги – жамият демократияси мезони.
3. Дунёвий давлат ва дин. Дин ва мафкура.
1. Миллий ва умуминсоний қадриятлар уйғунлиги – демократик цивилизация.
Миллий ва умумбашарий қадриятлар хақида гапирилганда авваламбор қадрият тушинчасига аниқлик киритишимиз керак. «Қадриятлар-борлиқ ва жамият, нарсалар, воқеъалар, ходисалар, инсон хаёти, моддий ва маънавий бойликларнинг ахамиятини курсатиш учун қўлланиладиган тушунча»[1]. Кўпчилик кишилар қадрланадиган нарсалар, ҳодисалар, қимматбаҳо буюмларни қадрият дейишади. Аслида эса ана шуларнинг ижтимоий аҳамияти қадриятларнинг хақиқий баҳосини аниқлайди. Қадрият тушунчасининг моҳиятидан келиб чиқадиган бўлсак, асрлар синовидан ўтган , халқнинг турмуш тарзида барқарорлашиб қолган, ўтмишни келажак билан боғлашга хизмат қиладиган моддий ва маънавий бойликлар, санъат асарлари , диний маросим ва одатлар, оилавий анъаналар қадриятлар саналиши мумкин. Демак, ҳар қандай ижтимоий ҳодиса , ҳар қандай анъана, ҳар қандай инсоний ҳислат, одат қадрият бўлавермайди.
Тарихий ривожланиш ўта мураккаб , зиддиятли жараёндир. Бу жараён эзгулик ва ёвузлик , яхшилик ва ёмонлик , улуғворлик ва пасткашлик каби қарама – қарши ҳодисаларнинг , ғояларнинг ўзаро таъсири ва курашидан иборат. Тарихий меросимизни , қадриятлар тизимини ўрганганимизда мана шу зиддиятли жараёнга эътибор беришимиз керак.
Юқоридаги зиддиятларни тан олиш масаланинг бир томони холос. деганда нима тушинилади деган саволга жавоб беришимиз керак.нинг пайдо бўлиши шаклланиб, барқарорлашиб ёки маълум вақтдан сўнг истеъмолдан чиқиб кетишсабабларини аниқлаш орқали биз тарихий ривожланишнинг маънавий асосларини аниқлашга эришамиз. Президентимиз таъкидлаганидек: “Тарих миллатнинг ҳақиқий тарбиячисига айланиб бормоқда. Буюк аждодларимизнинг ишлари ва жасоратлари тарихий хотирамизни жонлантириб, янги фуқаролик онгини шакллантирмоқда. Аҳлоқий тарбия ва ибрат манбаига айланмоқда”[2]. Шу ўринда миллий қадрият деганда-миллат учун муҳим ва жиддий аҳамиятга эга бўлган жиҳат ва хусусиятлар тушинилади. “Ўз миллий қадриятига эга бўлмаган миллат ёки элат йўқ. Миллат-миллий қадриятларнинг яратувчисидир. Миллатнинг таназзули-миллий қадриятларнинг таназзулидир. Миллий қадриятлар миллатнинг тарихи, яшаш тарзи, келажаги, уни ташкил этган авлодлар, ижтимоий қатламлар, миллий онг, тил, маънавият ҳамда маданият билан узвий боғлиқ ҳолда намоён бўлади”[3].
Эркин фуқаролик жамиятига дунёдаги кўпдан кўп давлатлар асрлар давомида тўплаган тажриба ва демократик анъаналарни ривожлантира боирб, етиб келганлар.
Лекин бу гўзал орзуга эришмоқ учун тинимсиз интилиш, жамият ҳаётининг барча соҳаларини такомиллаштириш , умуминсоний қадриятларни ижодий ўрганиб, ўз замонамизга тадбиқ этишимиз лозим. Шу билан бирга миллий ўзимизга ҳослигимизни , асрлар синовидан ўтган анъаналаримизни , ҳамиша иймон - эътиқод билан яшаш каби ҳаётий тамойилларимизни ҳам сақлаб , юксалтириб боришимиз зарур.
Демак, одамларнинг дунёқарашини бошқариш эмас, балки уни ёнги маъно ва мазмун билан тўлдириш ҳақида гап кетаяпти. Одамларнинг дунёқарашини бошқариш тоталитаризмга олиб боради, яъни, одамларнинг онг тушунчасига тоталитар ғоялар зўрлаб сингдирилади.
Одамларнинг дунёқараши ва тафаккурини янги мазмун ва маъно билан бойитишда, биринчи навбатда, одамлар дунё қараши ва тафаккурининг воқеликка нисбатан таъсирини инобатга олиш мутлақо зарур. Бунда энг таъсирчан ва самарали восита миллий истиқлол ғоясидир. Шунинг учун ҳам миллий истиқлол ғоясини ёшлар қалби ва онгига сингдиришда миллий омиллар билан бирга умуминсоний қадриятлар ролига катта эътибор бериш керак. Аниқроқ айтганда миллий ва умуминсоний қадриятлар вобасталиги бу борадаги энг тўғри йўлдир. “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, - дейилди Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13 – моддасида, - уларга кўра инсон унинг ҳаёти, эркинлиги , шаъни, қадр – қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари – олий қадрият ҳисобланади”.
Фуқаролик жамияти инсон шахсиятини мукаммалликка кўтаришга асосланган жамият ҳисобланади. IX – XII асрлардаги илк Шарқ уйғониши, Амир Темур давридаги ўрта аср уйғониш даври XV – XVI асрлардаги Ғарб уйғониш даврларида фуқаролик жамиятининг ўзига хос шакллари қарор топоб, инсоннинг қадр – қиммати, унинг истеъдод ва қобилияти катта эътиборга молик бўлгани учун ҳам биз Ўзбекистонда қарор топаётган демократик жамиятда ҳам худди шу инсон омилини юқори кўтаришимиз керак,. Бунда инсоннинг ички руҳий олами, маънавияти ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.
Инсоннинг ички руҳий оламидаги энг таъсирли хусусиятлар унинг гўзаллик ва хунуклик ҳақидаги тасаввурлари, ҳаётдан лаззатланиб яшаш кўникмалари асосида миллий қадриятлар шаклланиб боради.
Инсонинг ҳаяжонлар, изтироблари, уй – ҳаёллари, орзу – умидлари, интилишлари ҳаётни ҳаракатга келтирувчи асосий омиллар ҳисобланади. Маълумки, юксак ҳиссиётларсиз, орзу – интилишларсиз, фаол ҳиссий ҳаракатларсиз ҳеч бир соҳада ривижланиш бўлмайди. Фанда , техникада, ишлаб чиқаришдаги ўзгаришлар, янгиликлар, юксалишлар инсоннинг руҳий бардамлиги, юқори кайфиятлари, орзу – умидларини рўёбга чиқариш учун қилган ҳаракатларисиз рўй бермайди.
Ҳаётда юқоридаги фикрларни тасдиқловчи мисоллар кўп. Чет эл фирмаларининг бирида шундай тажриба ўтказилади. Ишлаб чиқариш самарадорлигини кўтариш, одамларнинг ишга бўлган муносабатини ўзгартириш учун кўплаб чора – тадбирлар, жумладан, иқтисодий рағбатлантиришлар ҳам синаб кўрилади. Аммо бу чора – тадбирлар кутилган натижаларни бермайди, самарадорлик ҳам, маҳсулот сифати ҳам аввалгидек паст даражада қолаверади. Яна бир таклиф қўллаб кўрилади: маълум соат ишлагандан сўнг ишчиларга 20 дақиқалик танаффус эълон қилинади. Ана шундан сўнг ҳамма соҳада жиддий ўзгаришлар, жонланиш бошланади.
Буни қандай тушуниш мумкин? Ишчиларнинг чарчаб, шу 20 дақиқада жисмоний дам олишлари рўй бергани йўқ. Ҳамма гап руҳий омилда. Ишчилар 20 дақиқада бир – бирлари билан суҳбатлашиб, фикр алмашиб, талашиб – тортишиб, руҳий куч – қувват йиғиб оладилар. Руҳий мулоқот ҳар қандай рағбатдан устун келади.
Инсоннинг ички, руҳий лоами қадриятлар тизимида муҳим ўрин тутади. Зотан, инсоннинг ўзи энг буюк қадриятдир. Шунинг учун ҳам Президентимиз комил инсон тарбиясига эътибор бериб келмоқда, “эндиги асосий вазифа кишиларимизнинг мустақил фикрлашга ўрганиши, ўзига ишончининг орта боришидир”.
Бу ҳаётий ҳақиқат биз ҳамиша амал қиладиган тамойилга, жамият ривожининг асоси ва шартига айланиши ҳамда ўзида яхлит бир тизимни мужассам этмоғи лозим. Бу тизим марказида маънавият, одоб – аҳлоқ, маърифат каби ўлмас қадриятлар турмоғи керак.
2. Эътиқод эркинлиги – жамият демократияси мезони.
Комил инсон тарбияси Ислом Каримов дунёқараши ва тафаккурининг, янги жамият барпо этиш борасидаги барча ғоя ва идеалларнинг марказий муаммоси бўлиб келмоқда. Юртбошимиз ўзининг мустақилликнинг дастлабки йилларида яратган “Ўзбекистоннинг ўз истиқлол ва тараққиёт йўли” асарида бу масалани аниқ равшан ифодалаб берган эди. “Ҳар бир инсоннинг, айниқса, эндигина ҳаётга қадам қўйиб келаётган ёшларнинг онгига шундай фикрни сингдириш керакки, улар ўртага қўйилган мақсадларга эришиш ўзларига боғлиқ эканлигини, яъни бу нарса уларнинг собитқадам, ғайрат – шижоатига, тўла – тўкис фидокорлигига ва чексиз меҳнатсеварлигига боғлиқ эканлигини англаб етишлари керак”.
Аммо шуниси борки, истиқлолнинг дастлабки кунларидан бошлаб И. Каримов миллий – маънавий тикланишга катта аҳамият берди. Зеро, “маънавий ўнгланишни амалга оширмасдан иқтисодий ўнгланиш мумкин эмас”, чунки “маънавий халқни, миллатни миллат қиладиган куч – қудратдир”(И.Каримов). юртбошмизнинг талай нутқлари, шунингдек, “Истиқлол ва маънавият”, “Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари”, “Ўзбекистон XXI асрга интилмоқда”, “Биздан озод ва обод ватан қолсин” номли китобларида маънавият масалалари кенг тушунтириб берилди.
Маънавият халқнинг қалби ва руҳи, унинг яратувчанлик, ижодкорлик истеъдоди нишонаси, унинг фазилатлари, борлиғини белгилайдиган шаҳодатномасидир.
Модамики, демократия инсон курашиб қўлга киритган энг одил ва мақбул жамият тури экан, демак унда маънавий баркамоллик ҳам юқори бўлиши керак. Бошқача қилиб айтганда, маънавий баркамол инсонларгина биргаликда эркин, демократик жамият қура олади.
Бу ҳақиқатни Шарқнинг улуғ файласуфи Абу Наср Форобий X асрда аниқ исботлаб берган эди. Унинг “Фозил кишилар шаҳри” аслини олганда айни шу масалага бағишланган, улуғ олим шуни таъкидлайдики, жамиятни ташкил этувчи инсонлар қанчалик фозил, ахлоқли бўлсалар, иймон – эътиқодлари мустаҳкам бўлса, жамият ҳам шунча мустаҳкам бўлади, бошқариш осонлашади, ҳокимият тепасига тасодифий одамлар чиқмайди.
Демократия туб маъноси билан эркин фуқаролик жамиятидир. Инсон Қонунда белгиланган ҳуқуқ ва имкониятлардан бемалол фойдалана олади, ўз ҳаётини яхшилаш, эҳтиёжларини қондириш учун фаолият кўрсатади, ўз камолоти, фарзандлари камолоти учун нимаики зарур бўлса, қила олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Бироқ демократия ҳам ҳар қандай бошқа жамият тури каби ҳокимият бошқарувини, тартиб – интизомни, ижтимоий барқарорликни сақлашни тақозо этади. Яъни бу жамиятда ҳам итоат эттириш бор. Бусиз бўлиши мумкин эмас. Яъни вонунга ва кўпчилик иродаси билан сайланган ҳукуматга итоат этиш. Шундай қилиб, ҳокимият миллий ирода ифодачисига айланади. Ва, миллат, халқ қанчалик маърифатли, маданиятли бўлса, бу ирода шунчалик ҳаётбахш, самарали бўлиши мумкин.
Хуллас, миллатнинг маънавий камолоти демократик жамият қуриш учун бош омилдир.
Буни қайд этаётганимизнинг боиси шуки, қадимий бой маданиятга эга ўзбек халқи демократик жамият қурар экан, айни вақтда ана шу шарқона анъаналар, маънавий сарчашмаларга таянади ва ундан озиқланади. Шарқ донишмандлиги, ислом таълимоти Ўзбекистонда қурилаётган демократик жамиятнинг биринчи негизидир.
Аммо агар биз фақат ўз анъаналаримизга таяниб, дунё тўплаган тажрибага беписанд қарасак, мақсадга эриша олмаймиз. Биз шарқона миллий анъаналарни умумбашарий демократик ғоялар билан уйғунлаштириб бормоқдамиз. Шундай қилиб, умумбашарий ғоялар, қадриятлар – демократик жамият қуришнинг иккинчи негизидир.
Аслини олганда, умуминсоний тафаккурнинг энг яхши жиҳатларини ижодий ўзлаштириб, давом эттириш ҳам қадимий анъанамиздир. 8 – 12 асрларда шаклланган мусулмон Ренессанси, 15 – асрдаги маданий кўтарилиш, 20 – аср бошидаги миллий уйғониш дунёга очиқ кўз билан қараб, илғор фикрлардан таъсирланиш оқибатида юз берган ривожланиш эди.
Бироқ ҳозирги миллий уйғониш ва янги жамият қуришнинг ўз хусусиятлари бор. Бунда тафаккурдаги эврилиш оғирроқ кечмоқда. Шўро мафкурасининг мунофиқона сиёсати, ёлғон ғояларини одамлар қалбидан сиқиб чиқариш, ҳаётни тўла маънода ислоҳ этиш жоиз бўлмоқда. Бунда мустақилликни мустаҳкамлаш ва шу билан бирга, бозор иқтисодиётига ўтиш, “обод ва озод ватан” бунёд этиш вазифаси қўйилмоқда. Ана шу маънода янги, демократик жамият қуришнинг учинчи негизи (шарти) – ватанпарварлик ва фидойиликдир.
Миллий анъаналарга содиқлик, яъни ўзликни англаш ғояси ҳам, уни умумбашарий қадриятлар билан уйғунлаштириш ғояси ҳам ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлаши, кучайтириши лозим. Эркин шахс – ватан ишқида ёнган, “юртим деб, элим деб ёнадиган” одамдир. Бизнинг эркимиз ватан озодлиги билан чамбарчас боғлиқ. Ўзбекистон қанчалик фаровон, қудратли бўлса, унинг ҳар бир фуқаросиҳам шунчалик эркин ва қудратли бўлади, имкониятлари кўпаяди.
Демократик жамиятда, шундай қилиб, эркинликнинг жуда катта масълияти бор. Инсон ҳамма вақт: а) ўзи олдида; б) ўзгалар олдида (оила, маҳалла, жамоа); в) Ватан олдида масъулдир. Агар киши ана шу масъулликни ҳис этмаса маънавий етук бўла олмайди.
Маънавияти бой одам ўз халқини севиш билан бирга ўзга халқларни ҳурмат қилади, барча маданиятлар, илмий – маърифий ютуқларни ўзлаштириб олади.
Маънавиятли одам учун қонун катта суянч ва ёрдамчи. Бунинг акси ўлароқ қинғирликка ўрганган, маънавий қашшоқ киши учун қонун душман, катта тўсиқ.
Демократик жамият – ошкоралик жамияти, демак фикрлар хилма – хиллиги хукмрон бўладиган соғлом муҳит. Бунда ҳам юксак маънавият эгалари асосий мавқени эгаллайдилар, чунки омманинг тафаккури баланд бўлмаса, ким ҳақ ким ноҳақлигини ажратиш, ростни ёлғондан фарқлаш қийин бўлади. Халқимиз буни айни ҳозирги кунларда ўз бошидан ўтказиб, ишонч ҳосил қилмоқда.
Яна шуни ҳам эсдан чиқармайликки, маънавият кенг маънода миллий мафкура учун асосдир. Маънавият маърифат, мафкура каби тушунчалардан кенгроқ маънога эга. Миллий маънавият худди тил каби ҳалқни бирлаштириш ва уюштириш хусусиятига эга.
И.Каримов шу маънода таъкидлаган эди: “Ҳақиқатан ҳам демократия – фақат назария ва сиёсий жараёнгина бўлиб қолмай, шу билан бирга халқнинг турмуш тарзи ва унинг бутун руҳияти, анъаналари, маданияти, психологиясининг хусусияти ҳамдир” (“Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари”, “Ўзбекистон” нашр, 1997. 185 – бет.).
Ана шу маънода Ислом Каримов демократияни “юқоридан тушириш”, зўрлаб тиқиштиришни эмас , балкиаввало халқни унга тайёрлаш, халқнинг ўзидаги демократик қадриятларни тиклашни вазифа қилиб қўйди ва мунтазам равишда буни амалга ошириб келди.
Бугун халқимиз ўн йил олдинги халқ эмас, бугун у ўзини таниган, ўз ҳақ – ҳуқуқини таниган ҳалқ бўлиб шаклланмоқда.
Бунга миллий – маънавий қадриятларни тиклаш сари олиб борилган ишлар жуда катта самара беради.
Тарихимизни ҳаққоний равишда қайта тиклаш, миллий ўзликни англаш, миллий хамжихатликни таъминлаш, маънавий қадриятларни тиклаш борасида кўп ишлар амалга оширилди. Улуғ аждодларимизнинг номи оқланди, улар меросини ўрганиш кенг йўлга қўйилди; тилимиз, динимиз ўз мақомига эга бўлди.
Шу заминда миллий ифтихор, ватани, аждодлари билан фахрланиш кучайди. Ўзбек кишиси бугун бошини баланд кўтариб, дунё халқлари билан бирга бардам қадам ташламоқда. Халқимизнинг руҳияти бутун борлиғи билан қайта тикланди дейиш мумкин.
Буларнинг ҳаммаси бизнинг ўзимизни ўзгартириб, фикрларимизни тозалашдан ташқари, жаҳон аҳлининг бизга муносабатини ҳам ўзгартирди. Чунки ўзини ҳурмат қилган миллатнигина бошқа миллатлар ҳурмат қилади.
Бироқ миллий маънавий тикланиш ўзгалардан афзалликка даъво қилиш, бошқаларни камситишгасабаб бўлмаслиги керак. Ўзбекистон кўп миллатли ва кўп конфессияли давлат. Биз барча миллатлар ва дин вакиллари билан баҳамжиҳат ва ҳамкорликда бир маконда яшашга ўрганишимиз, сабру тоқатли халқ эканлигимизни намоён этишимиз лозим.
Шу маънода диний ва миллий бағрикенглик бизнинг давлатимиз сиёсатининг муҳим қирраси бўлиб турибди. Бу барқарорлик ва тараққиётимиз омили ҳам.
Бироқ шуни айтиш керакки, бозор иқтисодиётига ўтиш маънавият соҳасида ҳам бир мунча мушкилликларни туғдирмоқда. Бу табиий. Зеро, жамиятнинг бош ўзак масаласи – бу мулкчиликдир. Хусусий мулк тиклангач, у билан боғлиқ тушунчалар (фойда, манфаат каби) ҳам тикланади. Рақобат бошланади. Тўғриси – бошланди. Рақобат бир томондан, ақлни пешлайди, шахсий ташаббус, тадбирликни рағбатлантиради, мен кимдан кам, деган савол ҳаракат мақсадига айланади. Натижада шафқат, андиша ва ҳоазо тушунчаларнинг маъноси ўзгаради. Рақобат шафқатни билмайди. Иккинчи томондан, айнан рақобат адолатнинг мезони бўлади – соғлом рақобатда: 1) тараққиёт юз беради; 2) инсонлар ўз кучига ишонадиган бўладилар; 3) истеъмолчи ютади.
Ана шундай шароитда маънавий – аҳлоқий тарбия биринчили даражали аҳамият касб этади.
Бунда маънавий қадриятлар, чунончи адабиёт ва санъат асарларининг роли ортади, диннинг тарбиявий кучидан фойдаланиш керак бўлади. Умуман, аждодларимизнинг тарбия соҳасидаги тажрибаларидан кенг фойдаланиш фойда беради.
Ўзбекистон жаҳон бозорига чиқмоқда. Биз ўзликни тикладик. Аммо энди ўзлигимизни сақлашимиз ҳам мумкин.
Чунки миллий – маънавий қиёфани йўқотиш жуда осон. Шўро замонида бунга ҳаракатлар бўлди. Руслаштириш, ўз миллатига мансубликдан, ўз миллатдошлардан ор қилишлар кўринди. Тақлидчилик, бошқа миллатга мослашишга интилиш, афсуски ҳозир ҳам бор.
Қўшиқчилик санъатида айниқса сийқа мешчанлик кайфияти устун. Жиддий, профессионал санътнинг қадри тушиб кетгандай...
Бироқ назаримда бу ҳодисаларўнгланиб боради, ҳақиқий санъат ўз қадр – қийматини тиклайди.
Зеро, демократия, барибир адолат тантан қиладиган жамият. Нафақат ижтимоий адолат, балки руҳий – маънавий соҳада ҳам адолатни қарор топтиради. Яъни кимнинг ким эканлигини ошкор этади.
3. Дунёвий давлат ва дин. Дин ва мафкура.
Жуда кўп қадриятлар ислом дини билан боғлиқ. Рўза ва Қурбон ҳайитлари, турли маросимларни тиклаш, жой – жойига қўйиш Президентдан катта жасорат ва доноликни талаб қилади. У битун халққа, дин пешволарига мана шундай мурожаат қилди: “Дин одамзотни ҳеч қачон ёмон йўлга бошламайди. Бу дунёнинг ўткинчи эканини, охиратни эслатиб туради, одам боласини хушёр бўлишга, ҳаром ишлардан узоқ юришга, яхши бўлишга, яхши из қолдиришга ундаб туради.
Биз динга бундан кейин ҳам барча шарт – шароитларни яратиб берамиз, диний расм – русумларга, байрамларга, диний тарбия ва таълимга доимо жиддий эътибор берилади. Айни замонда биз дин пешволарига, ўзимизга ўхшаган мусулмон биродарларимизга бир нарсани такрор ва такрор уқтирмоқчимиз: дин ўз йўли билан, давлат ўз йўли билан ... Диний партиялар тузиб, ҳокимият талашиб юришилар худога ҳам ёқмайди”.
Юртимиз ҳали советлар исканжасида турган оғир кунларда Президентимиз халқ ҳоҳиш иродасига қулоқ тутиб, унутилмас тарихий хужжатга имзо чекди. Ўрта Осиё ва Қозоқистон мусулмонлари диний бошқармасининг “Ўрта Осиё регионида истиқомат қилувчи 500 кишидан иборат бир гуруҳ мусулмонларни 1990 йилнинг 19 июнидан бошлаб 10 июлигача ҳаж қилувчилар сифатида Саудия Арабистонига юбориш тўғрисидаги илтимосига розилик берилади”.
Мусулмон ҳаётидаги қутлуғ саналар – Қурбон ва Рамазон ҳайитлари кунларини бундан буён доимий суратда байрам қилиш ва уларни дам олиш кунлари деб эълон қилиниши ҳам айнан халқимиз кутган иш бўлди.
Ислом оламининг забардаст алломалари ватандошларимиз имом Абу Исо ат – Термизийнинг 1200 йиллиги, Маҳмуд аз–Замахшарийнинг 920 йиллиги, Нажмиддин Кубронинг 850 йиллиги, Баҳовуддин Нақшбанднинг 675 йиллиги ва Хўжа Аҳрори Валийнинг 600 йиллиги, Имом ал – Бухорийнинг 1225 йиллигининг кенг кўламда нишонланиши юртимизда иймон, дину диёнат қайтадан юксалаётганига ёрқин далилдир.
Миллий ва умуминсоний қадриятлар ўртасидаги чегарани аниқлашга ҳаракат қилиш қийин ва самарасиз ишдир. Чунки миллий ва умумий қадриятлар амалда, ҳаётда шунчалик уйғунлашиб кетганки, миллий қадриятлар қаерда тугайдию, умуминсоний қадриятлар қаерда бошланади, деган фикрни асослаш машаққатли иш. Миллий қадриятлар ҳам аслини олганда умуминсоний аҳамиятга эга. Умуминсоний мазмун – моҳиятдан маҳрум қадриятлар миллат манфаатига хизмат қилмайди. Фақат миллий қадриятларни таҳлил қилиш орқали биз ҳар бир халқ , миллатнинг ўзига хос такрорланмас белгиларини аниқлашга мувофиқ бўламиз.
Хулоса: Давлатнинг дин ишларига аралашмаслиги, диннинг давлат ишларига аралашмаслиги – энг изчил, оқилона, собитқадам сиёсатдир. Бу динга берилган эркинликларнинг суъистемол қилинишига йўл бермайди.
Мустақиллик шарофати билан миллий ўз – ўзликни тиклаш миллий – мадани меросни қайта ўрганиш ва оммалаштириш, ўзбек халқининг сўниб қолган миллий туйғусини юқори кўтариш, миллий маънавиятни ривожлантиришга алоҳида эътибор бериш умуминсоний қадриятлар асосида олиб борилаётганлиги учун жуда кўплаб ривожланган мамлакатларнинг жамоатчилиги эътиборига тушмоқда. Бу нарса Президент Ислом Каримовнинг чуқур сиёсий фалсафасининг теран мазмунидан келиб чиқмоқда.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
1. Каримов И. “Биздан озод ва обод ватан қолсин”. Т. “Ўзбекистон”, 1994.
2. Каримов И. “Ўзбекистон: ижтимоий – иқтисодий ривожлантиришнинг асосий тамойиллари”. Т. “Ўзбекистон”, 1995.
3. Каримов И. “Ирода ва иймон эътиқодимиз синови”. Т. “Ўзбекистон”, 1996.
4. Каримов И. “Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари, тараққиёт кафолатлари”. Т. “Ўзбекистон”, 1997.
5. Каримов И. “Аллоҳ қалбимизда, юрагимизда”. Т. “Ўзбекистон”, 1999.
6. Каримов И. “Ҳушёрликка даъват”. Т. “Ўзбекистон”, 1999.
7. “Ўзбекистонда демократик жамият қуриш назарияси ва амалиёти”. Ўқув қўлланма. Тошкет Молия Институти. Т. 2004.
8. Президент Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари ” асарини ўрганиш бўйича Методик Қўлланма. Т. “Университет”. 1997.