ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ АХБОРОТ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ ВА КОММУНИКАЦИЯЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ВАЗИРЛИГИ

 

МУХАММАД АЛ ХОРАЗМИЙ НОМИДАГИ ТОШКЕНТ АХБОРОТ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ УНИВЕРСИТЕТИ

 

 

 

 

АКТ СОҲАСИДА КАСБ ТАЪЛИМИ ФАКУЛЬТЕТИ

 

 

 

                                   М. АХМЕДОВА 

 

 

 

 

 

 

 

НУТҚ МАДАНИЯТИ ВА ПРОФЕССИОНАЛ НОТИҚЛИК

 

                            (услубий  қўлланма)

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

                                 Тошкент  2017

 

        

 

 

         Нутқ маданияти ва профессионал нотиқлик. Услубий  қўлланма/ ТАТУ. 118 б. Тошкент, 2017

         Тузувчи Ахмедова М.Х.   

 

“Нутқ маданияти ва профессионал нотиқлик” мавзусига доир мазкур услубий қўлланма Тошкент ахборот технологиялари университети барча ихтисосликлари бўйича магистратура бўлими учун мўлжалланган. Ушбу курс магистрларда профессионал нотиқлик бўйича назарий ва амалий билим ҳамда кўникмалар ҳосил қилишга йўналтирилган. Қўлланмада фикрни баён қилиш усуллари, нутқ турларининг психологик тавсифи, нутқ техникаси ҳамда нотиқ нутқида вербал ва новербал компонентлардан фойдаланиш каби масалалар кўриб чиқилади.

Шунингдек, қўлланмадан ўз меҳнат фаолиятида инсонлар билан кўп мулоқотда бўлувчилар, яъни: педагог,  психолог, филолог каби мутахасиссларнинг бакалавриатура, магистратура босқичи талабалари, ўқитувчилар фойдаланиши мумкин.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

© Муҳаммада ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети


 

1-боб. НУТҚ МАДАНИЯТИ ФАН СИФАТИДА

 

Ҳозирги даврда бизнинг миллий маданиятимиз ҳар томонлама ўсмоқда. Бу айниқса моариф, санъат, адабиёт ва шу билан бир қаторда фан ва техника ривожида ҳам яққол сезилаяпти.  Шулар натижасида ўзбек адабий тилининг меъёрлари ҳам ишланиб, такомиллашиб, қатъийлашиб қолди. Нутқ меъёрларининг анча қатъийлашганидан, стилистик равонлик ўсганлиги, нутқ маданиятига эътибор ортганидан далолат беради.

Нутқ маданиятини «мустақил фан» деб аташ ва уни махсус ўқитиш лозимлиги ғояси ўзбек тилшунослигида ҳам пайдо бўлди.

Г.А.Абдураҳмонов шундай ёзади: “«нутқ маданияти» масалалари олий мактабларда мустақил фан сифатида ўқитилса яхши бўлади. Фақат олий мактаблардагина  эмас, ўрта мактабларнинг юқори синфида ҳам нутқ маданияти номалари махсус ўқитилиши зарур”.

Нутқ маданиятини фан, ёки махсус мустақил соҳа деб таърифлаш, асосида объектив ҳақиқатга кўра анча илгарилаб кетган.

Нутқ маданияти алоҳида фан ёки тилшунослик фанининг махсус бўлими, деган масала хозирча мунозаралидир.

Тилшуносликда нутқ маданияти, тил маданияти тушунчалари тез-тез тилга олинадиган бўлди. Нутқ маданияти тушунчасини лисоний, илмий, илмий – амалий мундарижаси ҳозирда ҳам изчил белгиланган эмас.

Нутқ маданиятининг истиқболи граматика, фонетика лексикалогя орфография ва пунктация қонуни - қоидаларининг илмий томондан пухта ишланишига ҳамда уларга тўғри амал қилинишига боғлиқ.

Нутқ маданияти тушунчаси нимани ифодалайди? Бу тушунчани номидан кўриниб турибдики, «Стилистика» фани каби нутқни ўрганади. Лекин «Стилистика»да нутқ бошқа нуқтаи назардан ўрганилади: нутқ стиллари қайсилар? Улар бир биридан қандай фарқланади? Ҳар бир стилнинг ўзига хос томонлари нималардан иборат?

«Нутқ маданияти» эса нутққа бошқа томондан ёндашади. Биргина стил доирасида одамларнинг нутқи турли хусусиятларга эга бўлади. Масалан: сўзлашув услуби, публистик услуб ёки бадиий услуб. Мана шу услубда гапирадиган одамларнинг нутқи баъзан равон, таъсирчан, баъзилари ўртача таъсирчан, учинчи хил одамлар нутқи хеч эътиборни тортмайди. Мана шу хусусиятлар нутқ маданиятининг ўрганиш объектидир. Демак, бу фан шундай масалалар билан шуғулланади: одамлар мулоқотдаги нутқи сифатлими ёки сифатсиз? Нутқни қандай такомиллаштириш керак.

Республикамиз биринчи Президенти И.А.Каримов “Фидокор” газетаси мухбири саволларига жавоб бериб, жамиятимизнинг моҳияти хусусида шундай деган эдилар: “Биз барпо этаётган янги жамият юксак маънавият ва ахлоқий қадриятларимизга таянади ва уларни ри вожлантиришга катта эътибор беради”.Ана шу маънавий ва ахлоқий қадриятлар инсон тафаккури, нутқий маданияти билан чамбарчас боғлиқдир. Зеро жамият маданияти нутқий маданиятсиз бўлмайди. “Ўз фикрини мутлақо мустақил,она тилида равон, гўзал ва лўнда ифода эта олмайдиган мутахассисни, авваламбор, раҳбар курсисида ўтирганларни бугун тушуниш ҳам, оқлаш ҳам қийин”. (И.А.Каримов. Баркамол авлод – Ўзбекистон тараққиётининг пойдевори).

Нутқ маданияти – тил нормаларини эгалламоқ яъни талаффуз урғу, сўз ишлатиш, гап тузиш қонунларини яхши билмоқ, шунингдек, тилнинг тасвирий воситаларидан ҳар хил шароитларга хос ва мақсадга мувофиқ фойдалана олиш, ифодали ўқиш ва сўзлай олиш маданиятини эгаллаш демакдир.

Нутқ маданияти деб юритилаётган ҳодиса бир қатор мураккаб, аммо мавжуд тил фактлари, илмий-амалий тасаввурлар, аниқ нутқий жараён кўринишлари ва талаблари билан алоқадордир. Мана шунга кўра нутқ маданияти:

1)    Тилдаги мавжуд тил ҳодисаси номи;

2)               Нутқ маданияти талабларига жавоб берувчи аниқ нутқий жараённинг, яъни аниқ нутқий кўринишнинг номи;

3)               Маданий нутқ ва у ҳақида кишилар онгида мавжуд бўлган аниқ норматик тасаввурларнинг номи;

4)               Тилшуносликнинг илмий-тадқиқот объекти бўлган нутқ маданияти ва у ҳақида мавжуд илмий тасаввурларнинг, муаммонинг номи;

5)               Нутқ маданияти муаммосини тадқиқ қилиш билан шуғулланадиган тилшунослик соҳасининг номи тарзида талқин қилиш мумкин.

Нутқ маданияти амалий жиҳатдан нутқнинг хилма-хил муаммоларини тадқиқ қилувчи фан бўлиб, чиройли нутқ тузишнинг қонуниятлари, сирлари, тил, тил нормалари, нутқ, нутқнинг сифатлари, нутқий услублар, нутқда учраши мумкин бўлган камчиликлар ва хатолар, нутқий асарларнинг кўринишлари, нутқнинг талаффузига доир муаммолар юзасидан баҳс юритади.

Нутқ маданияти асарлари ҳам фан сифатида ўз текшириш объекти ва вазифаларига эга унинг текшириш предмети тил қурилиши, адабий тил нормативлари ва нутқнинг коммуникатив фазилатларидир.

Нутқ маданияти асослари фани адабий тил нормалари, унинг тарихийлигини, тараққий этиб бориши, ундаги баъзи элементларнинг эскириши, янгиларининг пайдо бўлишини кузатиб қайд этиб боради.

Одам нутқ ёрдамида ўзининг фикрлари, ҳис-туйғулари, истакларини баён этади ва бошқаларнинг фикрлари, ҳис-туйғулари, истакларини англаб олади.

Нутқ ички ва ташқи кўринишларга эга. Ички нутқ одамнинг ўз ичида гапирадиган пассив нутқи бўлиб, у иккинчи кишининг иштирокини талаб этмайди. Шунинг учун ҳам бу нутқ ўз-ўзига қаратилган нутқ саналади. Ички нутқ оғзаки ва ёзма нутқнинг асоси сифатида хизмат қилади. Ташки нутқ бошқаларга қаратилган ва назорат қилиш мумкин бўлган фаол нутқ бўлиб, у оғзаки ва ёзма кўринишларга эга. Оғзаки нутқ одатда товушли сўзлашув нутқи бўлиб, бу нутқ кўпроқ оҳанг ва турли имо-ишоралар билан алоқадордир. Унда мураккаб грамматик қурилмалардан фойдаланилмайди. Бу нутқда фикрни ихчам ифодали мақсадида тўлиқсиз гаплар кенг қўлланилади. Нутқнинг бу тури бир ва бир неча киши томонидан амалга оширилади. (Монологик диалогик нутқ).

Ёзма нутқ эса ҳарф ва сўзларнинг маълум қонуниятлари асосида ўзаро бирикуви, тиниш белгилари, ҳар хил ажратишлар, абзацлар, параграфлар ва гапларни грамматик жиҳатдан аниқ ва тушунарли баён этиш орқали рўёбга чиқади.

Маълум бир тил тарихида амал қилган, ҳозир мавжуд бўлган ва пайдо бўлиши кўзда тутилган ҳодисаларнинг жами ўша тил тизимини ташкил этади. Ҳар бир тил системаси ўзигагина хос бўлган томонлари билан бошқа тиллардан фарқланиб туради. Масалан, ўзбек тили туркий тиллар оиласига киради.

Система ўзаро ички зиддиятга эга бўлган ҳодисаларнинг гуруҳланишига айтилади. Тил системалар системаси саналади.

Бирор тил жамоасида тил системасида мавжуд бўлган имкониятларнинг фойдаланиб келинаётган қисми узус дейилади.

Узус бир тилни бошқасидан ажратиб турадиган шартларни ҳам, тилнинг ички нормаларини ҳам ўз ичига олади. Узусли сўзлар йиғиқ сўзлар йиғиндисига қуйидагиларни киритиш мумкин:

1. Диалектал лексика;

2. Сўзлашув лексикаси;

3. Анъанавий лексика;

4. Китобий лексика;

5. Илмий-терминологик лексика;

6. Касб-ҳунар лексикаси;

7. Архаизмлар;

8. Тарихий лексика.

Тил жамоаси афзал деб билган кўникмалар йиғиндиси тилнинг умумий меъёрни ташкил этади. Умумий меъёр узуал меъёрдир. Умумий меъёр қардош тилларга нисбатан белгиланади. Ўзбеклар нутқини қардошлар тилидан ажратиб турадиган меъёрлар ўзбек тилининг умумий меъёридир.  Маълум бир ҳудудда тарқалган узус имкониятлари ўша ҳудудида яшаётган аҳоли учун беистисно тушунарли бўлади.

 

Замонавий тилшуносликда инсон нутқи маданиятининг икки даражаси фарқланади – паст ва юқори. Паст даража, тилни дастлабки ўзлаштириш даражаси, учун нутқнинг тўғрилиги, ўзбек адабий тили меъёрларига амал қилиш етарли. Лексик, орфоэпик(фонетик), грамматик меъёрлар – сўз ҳосил қилиш, морфологик, синтактик меъёрлар мавжуд. Лексик меъёрлар изоҳли луғатларда сўз маъносининг изоҳи ва уларнинг бошқа сўзлар билан бирикмалари кўринишида берилади, бошқа тил меъёрлари эса адабий тил грамматикаси бўйича қўлланмаларда ва маълумотнома-луғатларда ифодаланади.

Агар сўзловчи ўз нутқи жараёнида талаффузда, сўз шаклларини қўллашда, уларни ҳосил қилишда, гап тузишда хатоларга йўл қўймаса, унинг нутқи тўғри нутқ деб аталади. Бироқ бунинг ўзи кам. Нутқ тўғри, лекин ёмон бўлиши мумкин, яъни мулоқот мақсади ва шароитига мос келмаслиги мумкин. Яхши нутқда минимум сифатида уч хусусият мавжуд: нутқ бойлиги, аниқлик ва ифодалилик. Бой нутқнинг кўрсаткичи бўлиб мавжуд луғатнинг катта ҳажми, морфологик шакллар ва синтактик қурилмалардан фойдаланишнинг хилма-хиллиги ҳисобланади. Нутқнинг аниқлиги – бу фикр баёнини энг яхши усулда ифодаловчи, унинг мавзуси ва асосий мазмунини ифодаловчи тил воситаларини танлаш. Ифодалилик мулоқот вазифа ва шароитларига мос келувчи энг катта ўлчовлардаги тил воситалари ёрдамида ҳосил қилинади.

Агар сўзловчи тўғри ва яхши нутққа эга бўлса, у нутқ маданиятининг олий датражасига етишган ҳисобланади. Бу шуни билдирадики, у нафақат хатога йўл қўймайди, балки мулоқот мақсадига мувофиқ равишда нутқни энг яхши усулда қуришни, бу жараёнда кимга ва қандай ҳолатда мурожаат этаётганлигини ҳисобга олган ҳолда ҳар бир ҳолатга мос келувчи сўз ва қурилмаларни танлашни билади.

Нутқ маданиятининг юқори даражаси – маданиятли кишининг ажралмас хусусиятларидан бири. Нутқни мукаммаллаштириш – ҳар бир инсоннинг вазифаси. Бунинг учун нутққа эътиборли бўлиш, талаффузда, сўз шаклларини қўллашда ва гап тузишда хатога йўл қўймасликка ҳаракат қилиш керак. Доимо луғат бойлигини ошириб бориш, суҳбатдошни ҳис қилишни ўрганиш, ҳар бир ҳолат учун мос келувчи сўз ва қурилмаларни танлашни билиш керак.

“Тил ва жамият масаласи кенг ва кўп тармоқли. Энг аввало, тил ўз моҳиятига кўра ижтимоийдир. Унинг асосий вазифаси кишилар орасида алоқа воситаси ҳисобланади. Бу вазифа асосида ва у билан боғлиқ равишда тилнинг бошқа вазифалари ҳам мавжуд: ўзаро муносабат, хабар бериш, фикрни ҳосил қилиш ва шакллантириш. Бу вазифалар ҳам ижтимоий ҳисобланади.

Тил ва нутқ ўзаро диалектик боғлиқ ижтимоий-тарихий, ижтимоий-психик ходисалар бўлиб, тил алоқа қуроли сифатида, нутқ эса алоқа усули сифатида мавжуддир.

Нутқ - бу тил деб аталувчи, ижтимоий-индивидуал ноёб қуролдан фойдаланиш жараёни, тил бирликлари, имкониятларининг объектив борлиқ, тафаккур ҳамда вазият билан ўзаро зарурий, доимий муносабатда намоён бўлишидир. Нутқ - бу расмий тилдир. У кенг маънода сўзлардан, сўз бирикмалари ва гаплардан ташкил топади.

 Маданий гапиришга интилиш тушунчаси барча халқларда қадимдан мавжуддир. Бу тушунча муайян лингвистик меъёрлар, этик ва эстетик талаблар билан алоқадор бўлган тушунчадир. Демак, нутқ. маданияти тушунчаси ҳар бир халқ тили ва миллат маънавиятини белгиловчи (кўрсатувчи) этик ва эстетик категориядир, ҳодисадир.

 Нутқ маданияти фақатгина адабий тилни онгли ва мақсадга мувофиқ меъёрлашга (уни қайта ишлаш ва бойитишга) қаратилган ҳаракатларгина эмас, балки миллатнинг умумий маданиятини кўтариш, одамларда маълум «тил диди»ни тарбиялашга хизмат қилувчи фаолият ҳамдир.

Нутқ маданияти термини тилшуносликда уч хил ҳодисани ифода этади:

 1) маданий нутқнинг, яъни нутқий ҳодисанинг номи;

 2) маданий нутқ тушунчаси билан боғлиқ ва нутқ маданияти деб юритилувчи илмий муаммонинг номи;

 3) нутқ маданияти муаммоларини ўрганиш билан шуғулланувчи соҳанинг, тилшунослик фани бўлимининг номи.

 Келтирилган учта ҳодисанинг ҳар бири ўзининг мураккаб кўринишларига ва қирраларига эга, уларни бир-бири билан қориштирмаслик лозим.

 Шундай қилиб, нутқ маданиятига берилган энг муҳим таърифлар қуйидагилардир:

 Нутқ маданияти-адабий тил ривожининг ўзига хос хусусиятларидан биридир (Прага лингвистик мактаби).

 Нутқ маданияти (тил маданияти)-бу адабий тил меъёрларининг шаклланиши ва силлиқланишига ёрдамлашишдан иборат бўлган фаолият, яъни тил ривожига онгли аралашувдир (Прага лингвистик мактаби).

 Нутқ маданияти-тилни, унинг қонун-қоидаларини онгли идрок қилиш, аниқ, равшан, ифодали нутқ туза олиш маҳоратидир (А.Гуревич ва б.).

 Нутқ маданияти-кишиларнинг ўзаро тўлиқ ва теран фикрлашиши, тилнинг барча имконият ва воситаларини пухта эгаллашидан иборатдир (Б.Н.Головин ва б.).

 Нутқ маданияти-фақат тўғри нутқгина эмас, балки уқувлилик ҳамда нутқий чечанлик ҳамдир (Г.О.Винокур ва б.).

 Нутқ маданияти-тил воситаларидан ўринли фойдаланган ҳолда мақсадга мувофиқ сўзлаш ва ёза олиш санъатидир (А.И.Ефимов).

 Нутқ маданияти-бу, аввало, фикрлаш маданиятидир. (Д.Э.Розенталь ва бошқалар).

 Миллий ўзига хослиги билан ҳам ажралиб турувчи нутқ-маданий нутқдир (М.Агафонова).

 Хулоса шуки, нутқ маданияти-тилни, алоқа ва аралашув қуролини ишлатишга бўлган муносабатдир. Тил вакилларида бу ноёб қуролнинг имкониятларига муносабат, уни ишлатишдаги бошқа омиллар: тафаккур, онг, борлиқ, турли вазият ва ҳолатлар, мақсадга бўлган муносабат қанчалик юқори савияда бўлса, нутқ маданияти ҳам шунчалик юқори савияда бўлади. Аксинча бўлса, унда нутқ маданияти ҳам паст савияда бўлиши муқаррардир.

 Нутқ маданияти тўғрисида гaп борар экан, табиийки, нутқда сўзларнинг ўринли ва ўринсиз ишлатилиши тўғрисида ҳам баҳс боради. Қўлланган тил бирлигини тўғри ёки нотўғри дейилганда, албатта, маълум бир ўлчов(мезон)га асосланиш керак бўлади. Мана шу ўлчов(мезон) тилшуносликда адабий тил меъёри деб юритилади.

 Ҳар бир лаҳжанинг, сўзлашув тилининг, адабий тилнинг ўз меъёрлари бўлганидек, нутқнинг алоҳида кўринишлари бўлган арголар, жаргонлар ҳам ўз меъёрига эга. Хусусий меъёрлар қуйидагича кўрсатилади: 1. Диалектал меъёр. 2. Сўзлашув нутқи меъёри. 3. Арголар, жаргонлар меъёри. 4. Адабий тил меъёри (адабий меъёр).

Ўзбек адабий тили меъёрлари илмий асарларда қуйидагича тасниф қилинади:

 Лексик - семантик меъёр.

 Талаффуз - (орфо-эпик) меъёр.

 Ёзув (графика) меъёри.

 Фонетик меъёр.

 Акцентологик (урғуни тўғри қўллаш) меъёр.

 Грамматик (морфологик ва синтактик) меъёр.

 Сўз ясалиш меъёрлари.

 Имловий меъёр.

 Услубий меъёр.

Пунктуацион меъёр.

 Адабий меъёрнинг оғзаки ва ёзма кўринишлари мавжуд бўлиб, оғзаки адабий меъёрнинг ривожланишига халқ қизиқчилари, аскиячилари, латифагуй халқ шоир-бахшилари катта ҳисса қўшсалар, ёзма адабий меъёрнинг шаклланишида белгиланган ёзув шакли асосида ёзиб қолдириладиган ёзма адабиётнинг хизмати чексиздир. Умуман олганда, адабий тил меъёрини ўрганиш янги ҳодиса эмас. Тил меъёри ва адабий меъёр муаммо сифатида нутқ маданияти илмий соҳа деб тан олингунга қадар ҳам ўрганиб келинган. Адабий тил меъёри, унинг шаклланиш, ривожланиш, стабиллашув қонуниятлари-нутқ маданияти соҳасининг текшириш объекти ҳисобланади.

 Нутқ маданияти соҳасининг адабий тил меъёрига ёндашуви қуйидаги хусусиятлари билан грамматик муносабатдан фарқ қилади.

 а) нутқ маданияти адабий тил меъёридаги ўзгариб, бузилиб турувчи нутқий нуқсонларни юзага келтирувчи хусусиятларни топиши ва уларни тузатишга интилиши лозим;

 б) нутқ маданияти адабий тил меъёрини доимий ривожланиб, ўзгариб турувчи ҳодиса сифатида текшириши ва адабий тил меъёри системасидаги янги ҳолатларни, ўзгараётган, ўзгарган ҳолатларни, шунингдек, «ўлган», истеъмолдан чиққан ҳолатларни ҳисобга олиши керак.

 в) нутқ маданияти адабий тил меъёри системасидаги қарама - қарши ҳолатларни белгилаши ҳамда тилнинг барча яруслари буйича текшириши лозим.

 Маълумки, тилнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши жамият тараққиёти билан узвий боғлиқдир. У жамият тараққиёти, меҳнат фаолияти жараёнида юзага келадиган, фақат жамиятда, одамлар орасида мавжуд бўладиган ижтимоий ҳодисадир. Жамият ривожланган сари тил ҳам шаклланиб боради. Демак, шу тилда сўзлашувчи миллатнинг маънавияти юксалиб, нутқий малакаси ортиб боради. Акс ҳолда тил таназзулга юз тутади. Бу эса нутқий малаканинг сўнишига, маънавиятнинг қашшоқланишига олиб келади.

 Жамиятда яшаётган ҳар бир шахс алоҳида нутқ эгаси саналади. Ўқитувчи ҳам бундан мустасно эмас. Лекин уларнинг ҳаммаси учун умумий бўлган нутқий қурол шу жамиятнинг ягона тили ҳисобланади.

 Инсон нутқ фаолиятида адабий тил маданияти қоидаларини мукаммал билгани ҳолда, айниқса, бадиий адабиётларни, газета ва журналларни ўқиши, радио ва телевидениени кузатиб бориши, умуман, оммавий ахборот воситаларининг маълумотлари орқали ҳамда тинимсиз мустақил шуғулланиши натижасида нутқий малакага эга бўлади.

 Адабий тил маданиятини чуқур эгаллаган инсонгина касбий нутқ маданиятига эга бўлади. Адабий тил маданиятини эгаллашда тилга бўлган эътибор, унга чинакам муҳаббат ва ҳурмат муҳим аҳамият касб этади. Ўқитувчи адабий тилда гапириши лозим. Адабий тил ва унинг меъёрларини шунчаки қизиқиш ёки у билан номигагина шуғулланиш орқали эгаллаб бўлмайди.

 Инсоннинг нутқ фаолияти тўрт кўринишда намоён бўлади: сўзлаш, мутолаа қилиш,эшитиш ва ёзиш. Сўзлаш дейилганда, сўзловчининг маълумот, маслаҳат бериши, буюриши, ўзига номаълум бўлган нарсалар ҳақида сўраши тушунилади. Сўзлаганда сўзловчининг билими, маданияти, ахлоқи, одоби юзага чиқади. Сўзлашнинг монологик ва диалогик кўринишлари мавжуд.

 Мутолаа қилиш-ўқувчининг ёзма нутқ орқали асар муаллифи, образлари билан мулоқотидир. Мутолаа туфайли ёзма нутқда акс этган воқеа - ҳодисадан хабардор бўлади.

 Нутқ-сўзловчи ёки ёзувчи томонидан шакллантирилган матннинг муайян кўриниши ифода бўлиб, у фақатгина лисоний ҳодиса саналмасдан, балки ҳам руҳият, ҳам нафосат ҳодисаси ҳисобланади. Шунинг учун ҳам яхши нутқ дейилганда, айтилмоқчи бўлган мақсаднинг тингловчи ёки китобхонга тўлиқ ва аниқ етиб бориши, уларга маълум таъсир ўтказиши назарда тутилади. Шунга кўра, нутқ олдига муайян талаблар қўйилади. Бу талаблар нутқнинг коммуникатив сифатлари бўлиб, унда нутқнинг мантиқан тўғри, фикран аниқ, тузилишига кўра чиройли ва йуналишига кўра мақсадга мувофиқ бўлиши назарда тутилади.

 Нутқнинг тўғрилиги, аниқлиги, тозалиги, мантиқийлиги, таъсирчанлиги ва мақсадга мувофиқлиги унга қўйиладиган энг муҳим талаблардир.

Нутқнинг тўғрилиги унинг энг муҳим алоқавий фазилатидир. Чунки нутқ тўғри бўлмаса, унинг бошқа коммуникатив сифатлари, яъни мантиқийлиги, аниқлиги, мақсадга мувофиқлигига ҳам путур етади.

Нутқ тўғри бўлиши учун, асосан, икки меъёрга - урғу ва грамматик меъёрга қатъий амал қилиш талаб этилади. Ўқитувчи оғзаки нутқининг бу икки муҳим компоненти унинг нотиқлик маҳоратини белгиловчи бош мезонлар даражасига кўтарилиши табиийдир. Атамалар ва терминлар, тушунча ва иборалар ифодасида урғуни тўғри қўлламаслик ўқитувчи нутқидаги энг катта камчилик саналади.

Грамматик меъёрга риоя қилиш деганда, гап тузиш қоидаларидан тўғри фойдаланиш, ўзак ва қўшимчаларни қўшишда хатога йўл қўймаслик, келишик қўшимчаларини ўз ўрнида қўллаш, эга ва кесимнинг мослиги, иккинчи даражали бўлакларнинг уларга боғланиш қонуниятлари тушунилади.

Аниқлик нутқнинг алоқавий сифатларидан бири бўлиб, у объектив борлиқ билан нутқ мазмунининг мослиги сифатида юзага чиқади.

Аниқ нутқ яратиш сўзловчидан қуйидагиларни талаб этади:

 а) тилнинг синонимик имкониятларини билиш ва синонимик қаторлардан кераклигини ажратиб, нутқда қўллаш;

 б) нутқда ишлатиладиган сўзнинг англатган маъноларини ҳар томонлама билиш;

 в) сўзнинг кўп маънолигига жиддий эътибор бериш, кўп маъноли сўз нутқда қўлланганда унинг қайси маъно қирраси кўзда тутилаётганини аниқ тасаввур қилиш фикрнинг юзага чиқишида бу сўзнинг бошқа маъно қирралари монелик қилиш-қилмаслигини кўз олдига келтириш;

 г) омонимларнинг хусусиятларини билиш, чунки уларни билмаслик аниқликнинг бузилишига олиб келади;

д) паронимларни билиш, улардаги товуш яқинликларига эътибор бериш;

 е) тор муҳитда ишлатиладиган, четдан кирган, касб-ҳунарга оид, архаик, эскирган, диалектизм сўзларнинг маъноларини яхши англаган ҳолда нутққa киритиш.

 Нутқнинг тозалиги деганда, энг аввало, унинг адабий тил меъёрига мувофиқ келиш -келмаслиги тушунилади.

Нутқимизнинг софлигига, асосан, қуйидагилар таъсир қилади:

 1. Маҳаллий диалект ва шеваларга хос сўз, ибора, шунингдек, грамматик шакллар, сўз ва сўз бирикмаларининг талаффузи, урғуси.

2. Ўринсиз қўлланган чет сўз ва сўз бирикмалари.

 Жаргонлар.

 Вульгаризмлар.

 Нутқда ортиқча такрорланадиган «паразит» сўзлар.

 Канцеляризмлар.

 Варваризмлар.

 Санаб ўтилганлардан ўринсиз фойдаланиш кундалик нутқни ҳам, бадиий нутқни ҳам хиралаштиради. Ҳар бир нотиқ ўз нутқининг адабий меъёрлар даражасида бўлиши учун ҳаракат қилиши лозим. Ўз шевасига хос бўлган тил воситаларини нутққа ўринсиз олиб кириш ҳам нутқни бузади. Аммо диалектизм ва варваризмлар бадиий асар тилида маълум бадиий - эстетик вазифани бажариши, муаллифнинг маълум ғоясини, ниятини амалга оширишга хизмат қилиши ҳам мумкин.

 Нутқда ўринсиз ишлатилган бошқа тилларга оид сўзлар варваризмлар деб аталади. Жаргон – бирор гуруҳ вакилларининг, ўз нутқи билан кўпчиликдан ажралиб туриш мақсадида, ўзича мазмун бериб, ишлатадиган сўз ва ибораларидир.

 Вульгаризмлар-дағал сўз ёки иборалардир(сўкиш, ҳақоратлаш, қўполлик, жоҳиллик кабилар).

 Паразит сўзлар деб аталувчи луғавий бирликлар ҳам тил маданияти учун ётдир. Улар, асосан, сўзлашув нутқида кўп ишлатилиб, нотиқнинг ўз нутқини кузатиб бормаслиги, эътиборсизлиги натижасида пайдо бўлади ва бора-бора одатга айланиб қолади.

 Нутқнинг мантиқийлиги унинг асосий сифатлари бўлган тўғрилик ва аниқлик билан чамбарчас боғлангандир. Чунки грамматик жиҳатдан тўғри тузилмаган нутқ ҳам, фикрни ифодалаш учун муваффақиятсиз танланган луғавий бирлик ҳам мантиқнинг бузилишига олиб келиши табиийдир.

Нутқнинг таъсирчанлиги деганда, асосан, оғзаки нутқ жараёни назарда тутилади. Шунга кўра нутқнинг тингловчи томонидан қабул қилинишидаги руҳий вазият ҳам эътиборга олинади. Яъни, бунда нотиқ тингловчиларни уларнинг билим даражасидан тортиб, ҳатто ёшигача, нутқининг қандай қабул қилинаётганигача назорат қилиши зарурдир. Профессионал билимга эга бўлган кишилар олдида жўн, содда тилда гапириш мақсадга мувофиқ бўлмагани каби, оддий, етарли даражада маълумотга эга бўлмаган тингловчилар олдида ҳам илмий ва расмий тилда гапиришга ҳаракат қилиш мақсадга мувофиқ эмас. Ўқитувчи нутқининг аудиторияга мослиги унинг энг асосий сифат кўрсаткичи эканлигини доимо назарда тутиб сўзлаши лозим.

Тингловчилар тушуна оладиган тилда гапириш, уларни ифодаланаётган фикрга ишонтира олиш нотиқлар олдига қўйиладиган асосий шартлардан ҳисобланади. Бунинг учун эса, юқорида айтилганидек,баён қилинадиган материални ва унинг мазмун ҳамда моҳиятини яхши билишдан ташқари, уни баён этишнинг аниқ, белгиланган режаси ҳам бўлиши керак.

Сўзловчининг ўз нутқига муносабати ҳам муҳим профессионал фазилат ҳисобланади. Бундай ҳолат нутқ сўзловчи ва тингловчи ўртасидаги алоқанинг мустаҳкамланишига самарали хизмат қилади. Нотиқ фикрларини ўзи ёки тингловчилар ҳаётидан олинган мисоллар асосида исботлашга ҳаракат қилса, мавзуга доир субъектив фикр-мулоҳазаларини билдирса, нутқ яна ҳам ишонарли ва таъсирли бўлади.

Нутқнинг таъсирчанлигига эришишда тилнинг тасвирий воситалари ҳисобланган метафора, метонимия, синекдоха, ўхшатиш, эпитет, такрор ва адабий кўчимларнинг ҳам роли каттадир. Булардан ташқари нутқда таъсирчанликни таъминлаш учун мақол, матал, ҳикматли сўз ва иборалардан, айниқса, фразеологизмлардан унумли фойдаланиш зарур.

Нутқнинг мақсадга мувофиқлиги жуда муҳимдир. Нутқ маданияти-адабий тил меъёрларини пухта эгаллаш ва улардан нутқда тўлиқ фойдаланиш демакдир.

Тил - алоқа қуроли, тил - ҳаёт кўзгуси, тил - маънавият белгиси бўлиши билан бир қаторда ўқитувчи учун энг муҳим методик восита сифатида катта хизмат қилади. Инсонни ҳайвонот оламидан ажратиб, уни коинот сарварига ва гултожига айлантирган омил ҳам тилдир. Инсон ақлий фаолиятининг энг олий маҳсуллари, тафаккур «мевалари» тил ва нутқ орқали юзага чиқади.

Сўзнинг тарихий - маданий, маънавий хизмати чексиз, албатта. Лекин тилнинг имкониятлари нутқ орқали, нутқ жараёнида очилади ва ўқитувчилар шу имкониятлардан самарали фойдаланишлари лозим. Нутқ сифатсиз бўлар экан, тилнинг чексиз имкониятлари таълим-тарбия жараёнларида етарли даражада юзага чиқмай қолаверади.

Fapб донишмандларидан Р.Эмирсоннинг таъкидлашича, «Нутқ - қудратли куч: у ишонтиради, ундайди, мажбур этади». Бу гапда нутқнинг шундай фазилати таъкидланаяптики, у, биринчи навбатда, ишонтириш санъатидир. Ўқувчилар билан мулоқотда бўлаётган ўқитувчи ишонарли гапириши, нутқи далилланган, пухта асосланган бўлиши лозим.

Нутқ-ҳаракатдаги тилдир. Нутқ тил бирликларини ўзаро мантиқий боғлаб, уларни ҳаракатга келтиради. Нутқ-сўз, сўз бирикмалари ва гаплардан иборат бўлади.

Нутқ, нутқ одоби-инсоннинг маънавияти ва маърифатини белгиловчи асосий мезондир. Демак, кишининг одоби, энг аввало, унинг нутқида кўринади. Нутқ одоби деганда, айтилиши зарур бўлган хабарларни, тингловчини ҳурмат қилган ҳолда, унинг кўнглига мос ҳолда адабий меъёрдаги ифодалар билан етказишдир. Хунук хабарни ҳам тингловчига беозор етказиш мумкин. Бунинг учун сўзловчи тилни мукаммал билиши керак. Мулойим, ёқимли, одобли сўзлаш ҳам ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Унга ёшликдан ибратли кишиларга тақлид қилиш, улардан ўрганиш ва мунтазам равишда машқ қилиш ҳамда тилга жиддий муносабатда бўлиш орқали эришилади.

 «Ҳар бир кишининг маданийлик даражаси, ўқиб қанчалик тарбия кўрганлиги унинг ёзма ва оғзаки нутқидан билинади» (С.Иброҳимов).

Тилнинг дунёни билиш, билимларни тўплаш, сақлаш, кейинги авлодларга етказиш, руҳий муносабатларни акс эттириш, гўзаллик категорияларини воқелантириш каби қатор вазифаларни бажаришига қарамасдан, унинг асосий функцияси кишилар ўртасидаги алоқани таъминлаши ва уларнинг билим олишида қудратли қурол эканлигида кўринади.

Айтиш мумкинки, жамият жамият билан шаклланган тилга эга, тилдан ўзи билганича ва фойдалана олганича фойдаланади. Тилнинг жамиятга таъсири жамиятнинг таъсири билан биргаликда кучайиб бормоқда. Бу таъсир давлат, маданият, фан, техника ва ишлаб чиқариш ривожланган сари ўсиб бормоқда. Тил меҳнатни ташкил этишда, ижтимоий ишлаб чиқаришни бошқаришда, муассалар фаолиятида, жамият аъзоларини тарбиялаш ва уларга таълим бериш, адабиёт ва фан тараққиётида иштирок этмоқда.

Жамият тилга таъсир кўрсатаяпти, ўз навбатида тил ҳам кишилар ҳаётининг ва фаолиятининг турли соҳаларида иширок этиб жамиятга таъсир кўрсатаяпти.      

 

Аниқ нутқ яратиш

Аниқлик нутқнинг мухим фазилатларидан бири сифатида қадимдан маълум. Ғарб мутаффакирлари ҳам, Шарқ олимлари ҳам аниқликни нутқ сифатларининг биринчи шарти ҳисоблаганлар. Аристотел: «Агар нутқ ноаниқ бўлса, у мақсадга эришмайди»,- деган бўлса, Кайковус: «Эй фарзанд, сўзнинг юз ва орқа томонини билгил, уларга риоя қилгил, сўзлаганда маъноли гапир, бу нотиқликнинг аломатидир. Агар гапирган вақтингда сўзнинг қандай маънога эга эканлигини билмасанг қушга ўхшагансан…»-дейди.

Аниқ нутқ яратиш сўзловчидан қуйидагиларни ўрганиш ва уларга амал қилишни талаб этади:

а) тилнинг синонимик имкониятларини билиш ва синонимик қаторлардан керакли вариантларни ажратиб нутқда қўллаш;

б) нутқда ишлатиладиган сўзнинг англатган маъноларини ҳар томонлама билиш; ножиддий, тахминий қўллашлардан қочиш, чунки бетайин сўз қўллаш нутқни бебурд қилади;

в) сўзнинг кўп маънолилигига жиддий эътибор бериш, кўп маъноли сўз нутқда қўлланганда унинг қайси маъно қирраси кўзда тутилаётганлигини аниқ тасаввур қилиш; фикрнинг юзага чиқишида бу сўзнинг бошқа маъно қирралари монелик қилиш-қилмаслигини кўз олдига келтириш;

г) омонимларнинг хусусиятларини билиш, чунки, уларни билмаслик аниқликнинг бузилишига олиб келади;

д) паронимларни билиш, улардаги товуш яқинликларига эътибор бериш;

е) тор мухитда ишлатиладиган, четдан кирган, касб-хунарга оида архаик, эскирган, диалектизм сўзларнинг маъноларини яхши англаган ҳолда нутққа киритиш.

 

Нутқнинг мантиқийлиги

Нутқда баён этилган фикрнинг қисмлари ва алоҳида фикрларнинг ўзаро мутаносиблиги мантиқийлик деб юритилади. Мантиқли нутқда гаплардаги фикрлар бутун нутқдан келиб чиқадиган фикрнинг қисмлари ҳисобланади, улар орасида зиддият бўлмайди. Мантиқийлик аниқликка суянади. Бунда предмет аниқлиги, тушунчалик аниқлик ҳам муҳимдир. Ноаниқ нутқ мантиқий бўла олмайди. Нутқда мантиқийликка эришиш учун унда қўлланган сўзлар билан уларнинг предметлик маънолари мос бўлиши лозим. Бошқача айтганда, ҳар бир сўз нутқда қўлланганда ўзига бириктирилган маънонигина ифодалаши лозим.

Мантиқийликни таъминлаш икки шартга асосланади: биринчиси, экстралингвистик шартдир. Бу шарт тўғри мулоҳаза қилишнинг нормалари ва принципларини эгаллашни тақозо қилади. Тўғри нутқ учун курашувчи киши энг аввало, мантиқий фикрлашни ўрганиши лозим. Ҳар қандай тафаккур кўриниши мантиққонунларига мос бўлиши керак. Сўзлаганда фикрнинг тартибига қаттиқ аҳамият бериш, фикрлашда мантиқий хатоларга йўл қўймаслик мантиқийликнинг гаровидир.

Иккинчи шарт соф лингвистик бўлиб, нутқий тузилиш белгининг бир-бирига зид бўлмаслигини, мазмуний боғликлигини уюштирувчи тил воситаларини билишни тақозо қилади. Иккинчи шарт, нутқий алоқа сатхида амал қилиб, баён этиш мантиғини эгаллашни буюради. Биринчи шарт билиш мантиғи бўлса, иккинчи шарт баён этиш мантиғидир. Баён этиш мантиғини бузганлик тингловчини нутқни тушунишга таъсир этади. Нутқни тушуниш бош масала экан, баён этиш мантиғи ўрганишга арзийдиган масала бўлиб қолаверади.

Гап ичида мантиқийликни бузилишига қуйидагилар сабаб бўлиши мумкин:

1. Маълумки, сўзлар ўз маъно доираларига мос келувчи сўз билангина бирика олади. Исталган сўзни исталган сўз билан бириктириш мумкин эмас. Бир-бирига мос келмайдиган тушунчаларни ифодоловчи сўзлар гап ичида бирикиб қолсалар, фикрда мантиқсизлик юз беради. «Сонаторни-ўрмон мактаби врачига қизғин миннатдорчилигимни изҳор этаман. Бу одамнинг чехраси кулиб турганидек, у катта тажрибага ҳам эга». Бу гапда бир-бирига мос келмайдиган тушунчалар (ташқи кўриниш ва мутахассислик тажрибаси) бир қаторга қўйилган.

2. Сўз тартибига эътибор бермаслик.

Гап ичида сўзларнинг ўзаро тўғри тартиби мантиқийликнинг юзага чиқишида муҳим аҳамият касб этади. Ўзбек тилида сўз таркиби гапнинг синтактик тузилишига амал қилади. Синтактик тузилиш сўз тартиби, сўз бирикмалари, эга, кесим ва бошка гап бўлакларини жойлашувини белгилайди. Эга ва кесим гурухларининг ўзаро жойлашувини гапнинг муҳим бўлиниши белгилайди. Муҳим бўлинишга кўра, гапдаги сўзлар иккига: мавзу ва режага ажратилади. Мавзу тингловчига маълум нарсаларни, режа тингловчига айтиладиган янгиликни англатади. Гапдаги сўзларнинг жойлашуви уларни гапнинг актуал бўлинишига кўра қайси компонентга: мавзу ёки режага киришига боғлиқдир. Услубий нейтрал гапларни мантиқан тўғри қуриш ўзбек тилида мавзунинг режадан олдин келишини талаб этади. Муҳим ахборот гапнинг охирида бўлади. Бу қоиданинг бузилиши баёнда мантиқий изчилликнинг бузилишига, ундаги маънавий урғунинг ноаниқлигига олиб келади.«Ҳар бир тийинлик иш хақи фонди, моддий ресурсларнинг ҳисоби олиняпти» (газетадан).

Мантиқий алоқалар ва муносабатларнинг ифодалашнинг муҳим воситаларидан бири-кириш сўз, кириш бирикмалар, ёрдамчи сўзлар, боғловчилар ва юкламалар ҳисобланади. Гап бўлаклари, шунингдек, гаплар орасидаги мантиқий муносабатларни ифодалаш учун кириш сўз ва кириш бирикмалархизмат қилади. Улардан тўғри фойдаланиш яхши нутқ яратишнинг гарови ҳисобланади.

Гаплар орасида мантиқийликнинг бузилишига қуйидагиларни кўрсатса бўлади: 1. Гапларни бир-бирига боғлашда юз берадиган хатолар. 2. Бир фикрдан бошқасига ўтишда юз берадиган хатолар. 3. Матнни абзацларга бўлишда хатоларга йўл қўйиш. 4. Матнни мантиқий шакллантириш, синтактик қурилмаларни танлашда юз берадиган хатолар.

Ҳар бир гапда нисбатан тугалланган қандайдир фикр ифодаланган бўлади. аввалги гапларда ифодаланган фикрни кейинги гапда ифодаланган фикр, одатда, ё ривожлантиради, ёки улардан келиб чиқадиган фикрларни хулосалайди. Шундай экан, кейинги гапни олдинги гап билан тўғри боғлаш муҳимдир. Гаплар бир-бирлари билан хилма-хил синтактик воситалар орқали боғланади. Баъзан улардан туғри фойдалана олмаслик кўзга ташланади.

 

Нутқ ифодалилиги

Нутқнинг муҳим фазилатларидан бири ифодалилигидир. Ифодалиликкина нутқнинг тингловчи томонидан қабул қилинишини таъминлайди. Ифодалар содда, аммо катта мазмунга эга бўлган нутқ тингловчида қизиқиш уйғотади ва унинг онггига тез етиб боради. Ифодалилик нуқтаи назаридан қаралганда кишиларнинг нутқлари хилма-хилдир. Ҳатто бир мавзуга бағишланган турли кишиларнинг нутқи турлича ифодаланиши мумкин. Бундай нутқларнинг бирига тингловчи қизиқиб қараса, бошқасига нисбатан лоқайд муносабатда бўлади. Нутқни равон қилишда мавзу ва хабарнинг  мантиқи, далилларнинг янгилиги, муаллифнинг таъсир ўтказиш воситалари, нутқнинг структура хусусиятлари муҳимдир. Биз А.Қодирий, Ойбек, Ҳ.Олимжон, А.Қаҳҳор, А.Орипов ва Э.Воҳидовларнинг кўпгина асарларини ҳаяжон билан ўқиймиз. Бунга сабаб нима? Масалан, Ўзбекистон мавзусида жуда кўп шеърлар ёзилган. Лекин Ойбек, Ҳ.Олимжон, А.Ориповларнинг шеърларини бошқалардан афзал кўрамиз. Ўз-ўзидан равшан бўладики, нутқнинг тузилиши, хусусияти, фазилати ҳамда хоссалари бизнинг фикр ва туйғуларимизни. диққатимизни ёрқинлаштиради, айтилганларда қизиқиш уйғотади. Ўз тузилиши, хусусияти, фазилати ва хоссалари билан тингловчининг фикр ва туйғуларини, диққатини ёрқинлаштирган, айтилганларга қизиқиш уйғотган нутқ ифодалидир.

Ифодали, шеърий нутққа мисол қилиб Ҳ.Олимжоннинг «Ўлка» шеърини кўрсатиш мумкин.

Ифодалилик биринчидан нутқ вазияти билан боғлиқ бўлса, иккинчидан эса, тилнинг тузилиши билан боғлиқдир. Ўқитувчининг дарсдаги нутқи ифодалилиги билан, тарғиботчининг маъруза ифодалилиги билан, АКТ юзасидан қилинган маъруза билан, халқаро кенгашда қилинган маъруза ифодалилигини бир қаторга қўйиб бўлмайди. Улар ташбеҳлар ва луғавий қатламларнинг, оҳангнинг кўринишлари билан бир-биридан ажралиб туради. Аммо ҳар қандай фикр алишувида ҳам ифодалилик зарурдир.

 Нутқнинг ифодалилиги, талаффуз, урғу, лексика, сўз ясалиши, морфология, синтаксис услуб билан алоқадордир. Демак, ифодалилик тил имкониятларининг ҳар хил соҳалари иштирокида юзага чиқади. Нутқда ифодалиликка қандай эриши мумкин? Тилшунос Б.Н.Головин бунинг еттита шартини кўрсатади.

Биринчидан, нутқ муаллифи тафаккурининг эркин, мустақил бўлиши, сийқаси чиққан гапларга боғланиб қолган кишининг нутқи юксак ифодалиликка эриша олмайди, чунки бундай нотиқ эркин тафаккур қилмайди, нутқига шароитга муносиб ифодавий воситаларни кирита олмайди, улар устида ўйламайди, ўйлай олмайди.

Иккинчидан, нутқ муаллифи нима ҳақида сўзлаётганини, кимларга сўзлаётганлигини билиши, шунга қизиқиши, бепарво бўмаслиги лозим.

Учинчидан, тилни, унинг ифода воситаларини, имкониятларини яхши билиш (бунга тил фанини билиш орқали эришилади).

Тўртинчидан, тил услублари (бадиий, илмий, публицистик, сўзлашув каби) хусусиятлари, хоссаларини билиш.

Бешинчидан, нутқий малака устида мунтазам ва енгил машқ қилиш. Бунда олинган билимни малакага айлантириш муҳимдир. Сўзлаётганда киши узоқ ўйлаб нутқни ифодали қилувчи воситаларни топиб бериши, кераксиз воситаларни узоқлаштириши лозим. Аммо бунга қандай эришиш мумкин? Ўқиган бадиий, илмий ва бошқа асарларнинг тилига онгли муносабатда бўлиш, тил воситаларини таҳлил этиш, ёдлаш, улардан фойдаланаб, нутқ сўзлаш машқлари ўтказиш ифодали сўзлаш юзасидан малака ҳосил қилишнинг бирдан-бир тўғри йўлидир. Инсон доимо ўз нутқий малакасини бойитиш, ошириб бориши зарур.

Олтинчидан, сўзловчининг ифодали сўзлашга бўлган онгли ишончи, руҳан тайёргарлиги. Киши ўзига-ўзи менинг нутқим ифодасиз, сўзлашиш учун китоблар ўқишим, улардан тилнинг ифода воситаларини, мақол, хикматли сўзларни, ибораларни ўрганишим зарур дея олиши керак.

Еттинчидан, тилда нутқнинг ифодалилигини таъминловчи воситаларнинг бўлиши. Улар тилда борлиги учун ҳам биз ўз нутқимизда ифодалиликка эришамиз.

Тилнинг ифода воситалари дейилганда, одатда, троплар ва тасвирий шакллар тушунилади. Ҳақиқатда эса ифодалилик воситаларининг бошқа кўринишлари ҳам бор. Бу тушунча оддий товушлардан то услубгача бўлган ҳамма имкониятларни ўзида қамрайди. Ҳаммага маълумки, сўзловчи бирор товушни нотўғри айтса, ёки аниқ айта олмаса, нутқни қабул қилиш анча қийинлашади.

Ифодали сўзлашни таъминловчи асосий манбаа сўзлар (лекция)дир. Тилдаги сўзлар луғавий-маъновий воситалар тилнинг тасвирий воситалари деб юритилади. Ўхшатиш (эпитет) ҳам, метафора ҳам, метонимия ҳам луғавий маънога асосланади. Баъзи бир шеърлар ифодали воситаларсиз яратилади. Эркин Вохидовнинг «Кўча ўртасида» шеъри иккита тўртликдан иборат.

Кундалик ва шеърий нутқ ҳар хил тузилади. Шунинг учун бир сўзнинг ўзи кундалик нутқда ва шеърий нутқда ифодасиз ҳам, ифодали ҳам бўлиши мумкин.

Маълумки, ифодалиликни таъминлашда ўхташиш, метафора, метонимия, синекдоха, муболаға кабилар катта аҳамиятга эгадир. Нутқда бу воситалардан ўринли фойдаланаш унинг маданиятини оширади.

Ўхшатиш каби, сингари, -дай, -дек, каби воситалар билан ҳосил қилинади. Ўхшатиш нутқнинг ҳамма турлари учун ҳам муҳимдир. Аммо у бадиий нутқда кўпроқ учрайди.

Метафора нарсалар, ҳодисалар орасидаги ўхшашликка асосланиб, бирига хос бўлган белги-хусусиятларни бошқасига кўчиришдир. Нарсалар ўзининг ранги, шакли, ҳаракат хусусияти ва бошқа белгиларига кўра, бошқа шундай белгиларга эга бўлган нарса номини олади. Бунда шу нарсалар учун умумий бўлган белги тушунчада сақланади.

Метафора ёпиқ қиёслаш маъносига эга бўлган сўз бирикмаларидир. Метафора маъносида уч қисм бўлади: 1. қиёслаш ҳақидаги хабар; 2. нима билан қиёсланаётгани ҳақидаги хабар; 3. қиёсланаётган нарсалар белгиси ҳақидаги хабар.

Синекдоха ҳам нутқнинг ифодалилигини таъминлайди:

Биз ҳам йўлда…Қуёш тупроқ васлидан,

Қизийди орқада, олдимизда йўл.

Гўзал бўлиб кетмиш тупроқ аслидан,

Уруғсочиб ўтгач меҳнат номли қўл.(Зулфия)

Парчанинг кейинги икки мисрасида инсон меҳнати улуғланган. Ерни аслидан гўзал қилиб юборган қўл орқали меҳнаткаш инсон англашилади, яъни қисм орқали бутунни ифодалаш билан гўзал ифодалилик яратилган.

Метонимия нарсаларнинг замон ва маконда ўзаро боғланишларига асосланади.

Фақат чуст дўпписи остидан тошган,

Кумуш ҳалқалардан оқиб тушар тер.  (Зулфия)

«Кумуш ҳалқалар»нинг чуст дўпписи остидан тошиб туриши, уларнинг қўнғироқ соч ўрнида ишлатилганлигини англашга имкон беради. «Кумуш ҳалқалар» устида фикр юритган ўқувчининг хаёлига бирдан оқарган жингалак соч, улардан оқиб тушаётган қайноқ тер келади. Мисраларда шоир кўзда тутган фикрни осонликча англаб олади. Бошқа ифодалилик воситалари шу юқоридагиларга ўхшайди.

 

Нутқнинг бойлиги

Нутқнинг бойлиги (ранг-баранглиги) дейилганда, унда ишлатилган тил воситаларининг кўплиги, кам такрорланганлиги, тингловчига кўрсатган таъсири тушунилади. Нутқнинг бойлигини аниқлаш анча мушкул бўлиб, икки нутқни бир-бири билан солиштирганда, қиёслаганда улардаги тил воситаларининг сўзловчи тутган ахборотларни юзага чиқаришда бажарган вазифаси устида мулоҳаза қилганда намоён бўлади. Олайлик, ўрта маълумотли бригадирнинг нутқидан, олий маълумотли ўқитувчининг нутқи албатта бойдир. Бунга биз ўз таассуротларимиз асосида ишонч ҳосил қиламиз. Тил қурилиш хусусиятлари билан бизда таассурот уйғотган нутқ бой, шундай таассурот кам бўлган нутқ қашшоқдир.

Кўпгина кишиларнинг оғзаки нутқида (баъзан ёзма нутқида ҳам) сўзлар кўп марталаб такрорланади. Нутқда фикрни ёрқинлаштириш учун зарур бўлган тил воситалари ишлатилмайди. Бундай нутқни эшитиш кишига малол келади. Нутқ сўзловчи ўз олдига қўйган мақсадни тингловчига тўла етказа олмайди. Албатта, бундай нутқ сўзловчининг тилни яхши эгалламанганлигини, ўз нутқи учун қунт билан меҳнат қилмаганлигини кўрсатади.

Жаҳон адабиётига катта ҳисса қўшган кўпгина олимларнинг сўз бойлиги услубий жиҳатдан ўрганилиб чииқлган. Масалан, рус шоири А.Пушкин ўз асарларида 21197 сўздан, Шекспир 20000 сўздан, Сервантес 18000 сўздан, Абдулла Тўқай 14000 сўздан, Абай эса 6000 сўздан фойдаланган. Навоийшунос олим Бафоевнинг маълумотига кўра, улуғ шоир Алишер Навоий сўз ишлатиш борасида ҳам тенги йўқ шахс бўлган. Унинг асарларида тахминан 1376667 сўз ишлатилган. Бу тадқиқотчининг хабар беришича, биргина «Ғаройибус-Сиғар»нинг ўзида 7669, «Фарҳод ва Ширин»да 5431 сўз турли маъноларда қўлланилгандир. Ўзбек адабиётининг йирик намояндаси Ойбекнинг сўз хазинаси 25000 бирликдан иборат бўлган. А.Қаҳҳор 22000 сўздан фойдаланган. Афсуски, ўзбек адибларининг муаллифлик луғатлари бўлмаганлигидан, кўпгина йирик шоир ва носирларимизнинг сўз бойликлари тўғрисида маълумот бериш имкониятига эга эмасмиз.

Умуман олганда, ҳозирги замоннинг олий маълумотли етук кишиси ўз нутқий фаолиятида12000 тил бирлигидан фойдаланаши мумкин. Нутқнинг бойлигини белгилашда, фразеологик бирикмаларнинг алоҳида ўрни бор. Ўзбек тилшунослигида бу борада ҳам айтарли кўп иш қилинмаган. Биз профессор И.Қўчқортоевнинг А.Қаҳҳор фразеологизмларига бағишланган асарларинигина биламиз, холос. Ўзбек тили ибораларга энг бой тиллардан биридир. Уларнинг бир қисми олимларимиз томонидан тўпланган.

 

Нутқнинг ўринлилиги

Ўринлилик нутқнинг фазилатлари ичида энг муҳимларидан биридир. Чунки нутқнинг бошқа фазилатлари парча учун, нутқ сўзланиб турган шароит учун ўринли бўлсагина, ўзини кўрсата олади. Акс ҳолда, тўғрилик ҳам, ифодалилик ҳам англашилмайди. Ўринлилик нутқнинг маълум бир воқеа-ҳодисага, алоқанинг мақсади ва шароитига мослаб тузилишидир. Ўринли нутқ берилаётган маълумотга, тингловчиларнинг нутқ сўзланилаётган пайтдаги руҳий ҳолатига мос бўлади. Масалан, никоҳ тўйи кечасида айтилган нутқ билан иш юзасидан ўтказилган мажлисда сўзланган нутқ ўз сўз таркиби, қурилиши, услуби, оҳанги билан бир-биридан кескин ажралиб туради. Ўринлиликка эришишнинг асосида тилнинг сўз бойлигини эгаллаш, ҳар бир сўзнинг маъно қирраларини чуқур англаш ётади. Сўзловчи айрим сўз, сўз бирикмалари ёки ибораларининг лексик маъноларини яхши англамасдан нутққа киритганда, мазкур тил воситалари муаллиф кўзлаган маънони англатмаганлиги учун мақсад тўлиқ юзага чиқмайди, мантиқсизлик пайдо бўлади.

Мулоқот пайтида суҳбатдошларнинг шахсий руҳий ҳолатлари муҳим аҳамият касб этади. Чунки, сўзловчининг нутқи унинг нутқ сўзланиб турган пайтдаги руҳий ҳолатига кўра турлича лексик таркибда ва оҳангда бўлиши мумкин. Бундай нутқ тингловчига ҳам турлича таъсир кўрсатади. Энг ўринсиз нутқ-қўпол нутқдир. Қўпол нутқ тингловчи кайфиятини вайрон қилади ва руҳига салбий таъсир кўрсатади.

Нутқнинг ўринлилиги ижтимоий жиҳатдан жуда муҳим. Чунки, у бизнинг нутқий хулқимизни бошқаради.

 

ТИЛНИНГ ТАСВИРИЙ ВОСИТАЛАРИ

Сўзловчи ёки ёзувчи ўзи баён қилаётган нутқни тингловчига ихчам, аниқ, таъсирчан ва тушунарли қилиб етказиб беришга ҳаракат қилиши шарт. Кўпинча бирор нарса белги хусусиятини тингловчи ёки ўқувчига тушунарли, аниқ қилиб тасвирлаб бериш учун узундан-узоқ ва бирдан ортиқ гапларга мурожаат қилишга тўғри келади. Шундай вақтларда сўзловчи ёки ёзувчи айни шу фикрни баён қилиб беришда узундан-узоқ гапларни қаторлаштиришдан қочиб, бошқа воситалардан фойдаланган ҳолда лўнда ва аниқ қилиб тушунтиришга эриша олади. Бундай воситаларни тилшунослик ва адабиётшуносликда ифода-тасвирий воситалар дейилади.

Тасвирий воситаларни оғзаки ва ёзма нутқда қўллашда қуйидаги шартларга риоя қилинади:

1. Тасвирий восита турини, табиати ва хусусиятини яхши билиш.

2. Тасвирий воситадан ўринли, меъёрда фойдаланиш.

3. Тасвирий воситани қўллашда муайян тизимга амал қилиш.

4. Тасвирий воситанинг руҳий тасвирини ҳисобга олиш.

5. Тасвирий восита билан мазмуннинг уйғунлигини таъминлаш.

 

Троп ва унинг турлари

Ифодалилик, экспрессивлик ва аниқликни таъминлаш учун бирор нарсанинг номини, белгисини иккинчисига кўчериш, ўхшатиш ёки сўзларни шу мақсадда умуман кўчма маънода ишлатиш троплар дейилади.

1. Э п и т е т – (гр.изоҳлаш) – бадиий ифодаликни кучайтириш учун ишлатилади: олтин куз, бахмал қир, пўлат от каби.

2. Ў х ш а т и ш – нарса ва ҳодисалар ўртасидаги ўхшашликка асосланиб, уларнинг бири орқали иккинчисининг белгисини, моҳиятини тўлароқ, аниқроқ, бўрттириброқ кўрсатиб бериш;

Ёқут паёла, сувга тушган мушукдай, худди шундай ва ҳоказо.

3. М е т а ф о р а – (гр.кўчим) – образлилик, экспрессив бўёқ бериш ниятида нарса ва ҳодисалар ўртасидаги ўхшашликка асосланиб, сўз ёки ибораларни кўчма маънода ишлатиш.

а) сода метафора: гумбаз, илон, лочин…

б) кенгайган метафора; зангора кема, оқ олтин, пўлат қуш каби.

4. М е т о н и м и я – (гр. бошқача ном бериш) ташқи ва ички томондан бир-бирига алоқадор нарса ёки ҳодисаларнинг номи бошқа нарса ёки ҳодисага кўчирилади.

Метонимия кўринишлари қуйидагича:

нарса (идиш) ичидаги нарсанинг маъноси ўша нарса (идишга) ўтказилади: Бир товоқ (палов) бир коса (лағмон), бир паёла (чой).

Муаллифнинг номи асарнинг номи билан қўлланади: Ҳамзани ўқимоқ, Чўлпонни ёдламоқ каби.

Ҳаракат ёки унинг натижаси шу ҳаракатни бажаришдаги восита, қурол билан алмаштирилади: А.Қаҳҳор – қалами ўткир ёзувчи, унинг қўли енгил.

Бирор нарса у ясалган материал билан алмаштирилади: Атлас кийди, қоғозини текширишди ва ҳ.

Маълум мамлакатда, давлатда ёки маълум ўринда яшаб турган кишилар маъноси шу ерга, давлат ёки мамлакатга кўчирилади: Мажлисга бутун қишлоқ йиғилди ва ҳ.

Аниқ тушунча номи ўрнида мавҳум маъноли от қўлланилади: Мажлис раисга қаради: йиғилиш қарор қилди ва ҳ.

5. C и н е к д о х а – нарсаларнинг сон ёки бутун қисмлари орасидаги муносабатнинг назарда тутилиши.

Синекдоханинг қуйидаги кўринишлари мавжуд:

бутун ўрнида қисм қўлланади.

Мўйлов кулиб қўйди.Унинг, ҳар қалай, ёпиғи бор.

Қисм ўрнида бутун қўлланади:

Беш қўл баравар эмас. Дастурхонга қаранг.

Жинс ўрнида тур ишлатилади: пушка-қурол, бедана-қуш, сазан-балиқ каби.

А л ле г о р и я (гр. пичинг, киноя) – мавҳум тушунчаларни аниқ нарса билан алмаштириш. Кўрпангга қараб оёқ узат.

С и м в о л – ҳаётий воқеа, тушунча ва нарсалар ифодаси учун шартли равишда кўчма маънода ишлатиладиган сўз: тонг – ёшлик, тун – бахтсизлик, қора – мотам.

И р о н и я (гр.кесатик) – бирор шахс ёки унинг қилиғи, ҳодиса устидан кулиш: Кам бўлманг! Қайт! Бопладингиз!

А н т и ф р а з а – бирор шахс ёки нарсага хос бўлган у ёки бу хусусият кулгили оҳанг билан инкор қилинади: ширин одам, нимжон аёл (семиз) каби.

С а р к а з м – (гр. аччиқ) шахс, нарса ёки ҳодисанинг салбий томонини кўрсатиш: фаришта аёл, бежирим нусха, ёқимли иш каби.

Услубий фигуралар

Тингловчи ёки ўқувчига умумий ҳиссий таъсир кўрсатувчи синтактик қурилмалар услубий фигуралар дейилади.

1. А н т и т е з а (гр. қарама-қарши қўйиш) – қарама-қарши тушунчаларни фикр, образ, нарсаларни, шахсларни характерларини қиёслаш ёки бир хил нарса-ҳодисаларнинг даража жиҳатидан қарама-қарши ҳолатини тасвирлаш. Кўзларда ёш, лабларда кулгу, янгича аза, янгича базм каби.

2. Г р а д а ц и я – (лот. зинапоя) – нарса, белги, хусусият ёки ҳаракатнинг биридан иккинчисига кучлироқ ёки кучсозроқ маъно оттенкали синонимик ёки бир хилдаги сўзлар воситасида кучайтириб ёки камайтириб бориш орқали тасвирлашдир. Ювиб, тараб, сепиб, ўпиб, қучиб, опичлаб, Эй бахтларни балоғатга етказган она.

3. Кўп боғловчилик ва боғловчисизлик – нутққа кескинлик, шошилинч тус, тезлик характерини киритиш учун нотиқ ёки ёзувчи гапда лозим бўлган боғловчиларни атайлаб тушириб қолдиради ёки сокинлик, таъкидлаш маъносини киритиш учун боғловчиларни муайян тартибда қўллайди:

Менинг халқимни рўёбга чиқарган, шод ва бахтиёр қилган, нон ва ош, кийим ва усти-бош, эътибор ва обрў берган нарса бу дўстликдир.

 

 

2-боб. НУТҚ ТУРЛАРИНИНГ ПСИХОЛОГИК ТАВСИФИ

 

Нутқ турлари ва унинг хусусиятлари

Психология фанида нутққа ва нутқ фаолиятига бағишланган бир талай илмий тадқиқот натижалари мавжуд бўлса-да, лекин бу борада умумийлик, таърифлар бирлиги, унинг эволюцион ва ижтимоий-тарихий таракқиётига оид қарашларда моҳият ҳамда шакл жиҳатдан ўхшашлик йўқ. Нутқнинг нейропсихологик асослари, механизмлари, артикуляцион ва фонетик аппаратлари, психолингвистик тузилиши (фонема, флекция) тўғрисида илмий-амалий хусусиятли умумлашмалар ҳамда умумлашмалар умумлашмаси ишлаб чиқилмаган. Худди шу боисдан нутқнинг генезиси, унинг филогенетик ва онтогенетик хусусиятлари, пайдо бўлиши, ўсиши, ўзига хос тавсифланиши, босқичлари, фазалари, патологияси бўйича хилма-хил ёндашувлар мавжуддир.

Психологлар томонидан нутқ психологик муаммо сифатида ўрганилиши ҳам ўзига хослик, унинг қирралари, шаклий тузилиши, мантиқан изчиллиги, таснифланиши, мавжуд бўлиб илмий талқинининг туб моҳияти, баёнийлиги билан ўзаро тафовутланади. Ёндашувлар таҳлилига тўхталишдан олдин нутқнииг психологик тавсифлари юзасидан мулоҳаза юритиш унинг таркибий жиҳати қийматини оширишга ҳизмат қилади.

Бизнинча, нутқнинг муайян асосларига суянган ҳолда ноанъанавий таснифини бериш унинг қийматини янада оширади, инсон-техника муносабатини амалий жиҳатдан намойиш қилган бўлади (одатда нутқ оғзаки ва ёзма туркумга ажратилар эди). Булар вербал ва новербал нутқ турларини ташкил этади.

 

Новербал нутқ

Генетик келиб чиқиш жиҳатидан новербал нутқ бирламчи ҳисобланади, чунки инсоннинг ижтимоий-тарихий тараққиёти даврида даставвал товушсиз, сўзсиз нутқ турлари пайдо бўлган бўлиб, у ўз ичига шахс камолотининг йирик санасини қамраб олгандир. Инсониятда нутқнинг ҳозирги замон авлодига хос артикуляцион аппарати пайдо бўлгунга қадар, имо-ишора негизига қурилган. Маълумки, қадимги аждодларимизнинг нутқи ва нутқ фаолияти ҳозирги замон кишиларида қандай функцияни бажараётган бўлса, ўша даврда ҳам ҳудди шундай вазифани ижро этган. У даврларда ахборотлар, маълумотлар кўлами тор бўлганлиги туфайли инсонлар новербал нутқдан кўп даврлар муваффақиятли фойдаланиб келганлар. Авлодлар тарбияси, маълумотлар узатиш новербал нутқ орқали амалга оширилган, ижтимоий ва хусусий (шахсий) фикр узатиш ҳамда қабул қилиш ана шу тариқа намоён бўлган, тобора такомиллашиб борган.

Новербал нутқ турини шартли равишда қуйидаги кўринишларга ажратиш мумкин:

1. имо-ишора,

2. мимика.

3. пантомимика,

4. эхологик, яъни акс садо,

5. сигнификация,

6. дактилогик (бармоқ нутқи).

Инсон ер юзасида ҳаёт ва фаолият кўрсатиш даврининг дастлабки палласида асосий нутқ тури сифатида имо-ишора алоҳида аҳамият касб этган. Шунинг учун этник стереотиплар асосида муайян кечинмаларни, маълум ахборотларни шахслараро муносабат жараёнида узатиш ва қабул қилишда ифодаланувчи товушсиз, лекин маъноли, мазмунли нутқ тури имо-ишорали нутқ дейилади. Масалан, ўзбекларда фикрни тасдиқлаш олд томонга бош силташ билан ифодаланса, худди шу маънони булғорларда бошни сарак-сарак қилиш англатиб келади. Бир халқда санаш бошмолдоқдан бошланса, бошқасида жимжилоқдан, бирисида бармоқлар букилса, иккинчисида ундай қилинмайди. Аксарият ҳолларда имо-ишора хис- туйғусиз намоён бўлади ва шахслараро муносабатнинг туб маънодаги ҳам куроли, ҳам воситаси функциясини бажариб келган. Лекин уни ҳис-туйғусиз деб номлаш ҳам илмий-амалий қийматининг пасайишига олиб келади, бу ҳолат унинг ижтимоий функцияни ўзида акс эттиради, шахслараро муносабат мағзини ташкил этиб келган, баъзида ҳозирги замонда ҳам ундан кенг кўламда фойдаланилади.

Мимика ва имо-ишоралар нутқнинг эмоционал (ҳиссиёт) томонларини ифодалаб берадиган ихтиёрсиз ҳаракатлардан иборат бўлади, ёки гапирувчи одам ўз нутқининг айрим жойларини уқтирмоқ, бўрттириб кўрсатмоқ учун атайин ихтиёрий равишда қиладиган ҳаракатларидан иборат бўлади.

Баъзан одамлар вазиятга қараб, мимика ва имо-ишоралардан нутқнинг қўшимча воситаси тариқасида фойдаланадилар. Масалан: зарур жимликни бузмай бирор фикрни билдирмоқ учун ёки нутқни эшиттириш қийин бўлган, лекин ўзи кўриниб турган масофага бирор фикрни хабар қилмоқ учун мимика ва имо-ишоралардан фойдаланилади. Лекин бу ҳолларда мимика ва имо-ишоралар товуш тилининг сўз ва гапларини ифодаловчи фақат белги бўлиб, айрим сўзлар ва гапларнинг оғизда ишлатилади.

Одамларнинг имо-ишораларини, мимикасини ва пантомимикасини эслатувчи хилма-хил ҳаракатларни биз ҳамиша ҳайвонларда, айниқса, олий ҳайвонларда маймунларда ҳам борлигини кўрамиз. Бироқ, ҳайвонларнинг бу ҳаракатларини одамларнинг имо-ишоралари, мимикаси билан бир хилдаги ҳаракатлар деб ҳисоблаш мумкин эмас. Одамлар ўзларининг имо-ишораларида, мимикаларида ва ўзларининг айрим товуш бирикмаларида ўзларининг ички ҳис ва туйғуларини ифодалайдилар. Лекин, шу билан бир вақтда, одам бу ҳаракатлардан нутқ элементлари тариқасида ҳам фойдаланиши мумкин, жумладан, одам шулар орқали нарсаларнинг маносини ифодаланиши, у ёки бу нарсаларни кўрсатиши, нарсаларни тасвирлаб бериши мумкин.

Юз ҳаракатлари (физиономия) ёрдамида инсонни инсон томонидан идрок қилиш, ўзгалар фикрига жавоб қайтариш, тана аъзолари рангининг ўзгариши ҳисобига шахслараро муносабатга киришишда намоён бўлувчи новербал нутқ турига мимика дейилади. Табассум, жилмайиш, мийиғида кулиш, лаб қисиш ва чўчайтириш, тил чиқазиш, қош учириш ва сузиш, хуллас турли психологик холатларни, айниқса хиссий кечинмаларни акс эттирувчи коммуникатив, интерактив, перцептив хусусиятли нутқ тури мимика бўлиб ҳисобланади. Мимика ёрдами билан ҳақгўйлик, қувлик, ёқтириш ва ёқтирмаслик, самимийлик ва иккиюзламачилик, ҳасад: қувонч, қайғу, бахтиёрлик, сингари юксак туйғулар намойиш этилади. Хуш ёки нохуш кечинмалар акс этилаётганлигидан келиб чиққан ҳолда муомала жараёни ёки қисқа муддатли, у узоқ муддатли вақт мезонини намоён қилади, аянч, бахт ҳисларини ифодалаб келади. У моно вазиятни, диада, триада, полиада кўринишидаги шахслараро муносабат шаклларини яққол акс эттиради, фикрни узатиш, қабул қилиш, таъсирланиш, рухланиш каби функцияни бажаради. Ҳаётий тажрибанинг кўпайиши билан ички кечинмаларни (интериоризациялаш) ташқи воқеа ҳодисаларга алмаштириш (экстериоризациялаш) билан якунланади, кўпинча индивидуал ва ижтимоий тарбия вазифасини бажаради.

Юз ҳаракатлари, тана аъзолари, қадди-қомат ёрдами билан фикрларни узатиш, сюжетли қоидали, маъноли, драматик кечинмали новербал нутқ турига пантомимикадеб аталади. Ўз моҳияти кўлами билан мимикадан устувор хусусиятга эга бўлиб, ахборотлар, интим холатлар, мураккаб кечинмалар юзасидан ўзгаларга маълумот узатиш тарзида хукм суради. Инсонда турмуш тажрибаси ортиб бориши, касбий фаолият мазмунини ролларга ва сюжетга асосланган ҳолда сценарийсини яратиш, вазиятга қараб қисқа ва узоқ муддатли информатив функцияни бажаради. Пантомимика юмор ҳиссини, қўрқинч туйғусини, заҳмат образини, дахшат кечинмасини ўзида акс эттириб, кўпинчакоммуникатив функцияни ижро қилади, ҳиссий алоқа ўрнатиш орқали таассуротлар мукаммаллиги таъминланади.

Ташқи таъсирланиш ва унинг тескари алоқаси кулгида, кўз ёшларида (хоҳ қувончли, хоҳ қайғули бўлишидан қатъий назар) ифодаланиб, ассоциацияларни жонлантиради ва кўламини кенгайтиради. Пантомимика саҳна ҳаракатига нисбатан қобил, истеъдодли, иқтидорли салоҳият намунасини намойиш этиб, махсус қобилиятли шахслар томонидан мақсадга мувофиқ равишда ижро қилинади, лекин истисно тариқасида ўқитувчилик фаолиятида ҳам унумли фойдаланилади. Яққол рухий ҳодисалар, ҳолатлар, хусусиятлар, шахснинг фазилатлари пантомимика ижроси давомида фаолият субъекти томонидан бажарилади.

Айрим ҳис-ҳаяжонли шартли товушларда мужассамлашган ахборот узатиш ва қабул қилиш мақсадини амалга оширувчи, табиий тўсиқларга урилиб қайтувчи алоқа воситасига эхологик ёки садо нутқи дейилади. Эхологик ёки акс садо нутқ тури бир томонлама алоқа (тоғ-инсон, инсон-жисм) негизида вужудга келади, кўпинча индивидуал товуш ҳаракати жавоб, масофа функциясини ижро этади. Лекин акс садо орқали тоғларда, калин ўрмонларда икки ёки ундан ортиқ кишилар ўртасида алоқа қуроли сифатида муайян аҳамият қозонади. Фазовий тасаввур қонунияти асосида шахслараро муносабат ўрнатилади, маълум шартли белгилари ўзаро билвосита мулоқот воситаси ролини ижро қилади. Экстремал фавқулотдаги ҳодисалар юз бериши жараёнида шартли товушлардан тузилган алоқа усулидан фойдалинилади. Товушларнинг қайтиши фазовий чамалаш, муайян мўлжал олиш учун хизмат қилади, қўрқинч, ҳаяжон, умид, ишонч туйғуларининг алоқага киритувчи шахслар руҳий дунёсида мужассамлашини таъминлайди.

Новербал туркумга кирувчи сигнификация бошқалардан ўз тузилиши, мазмуни, шакли билан кескин ажралиб туради. Аниқ шартли аломатлар орқали муайян мантиқий юкламани ўзида акс эттирувчи коммуникатив хусусиятли новербал нутқ тури сигнификация дейилади. У шартли белгилар, сигналлар, моделлар шаклида ифодаланиши мумкин. Узоқ масофаларга хабар ёки маълумот узатиш ва қабул қилиш воситаси сифатида Морзе алифбоси ва шунга ўхшаш «сунъий тил» номи билан машҳур коммуникатив манбалари фаолият кўрсатиб келмоқда. Ҳар бир «сигнал» ўз кўлами, такрорланиши суръати, тембри, частотаси билан муайян маълумот узатиш ёки қабул қилиш имкониятига эга бўлиб, шартли аломатлар негизида мазмун ёки моҳиятётади («доза», «порция» деб иомланади). Морзе алифбоси ва шунга ўхшаш ҳозирги замон алоқа курилмалари қўл ёрдаси билан (асбобни босиш орқали) хабар узатишга ёки қабул қилишга мўлжалланган. Ҳозирги замон рациялари ҳам худди шунга ўхшаш коммуникация қуроли вазифасини бажаради.

Новербал нутқнинг яна бир тури дактиологик (бармоқ) нутқ деб аталади. Инсон тана аьзолари, имо-ишоралар, мимика, хуллас ҳиссиёт ёрдами билан муомала ўрнатишга қаратилган алоқа воситаси дактиологик (бармоқ) нутқ дейилади. Сўз орқали ифодаланувчи нутқ мазмуни маъноли кўл, юз ҳаракатларига, айрим ҳаяжонли садога, қаҳр-ғазаб, илиқ табассум, қаҳқаҳага кўчирилади. Ҳаракатнинг такрорланиши ахборот мазмунини бойитади, кучайтиради, маълумотлар узлуксизлигини таъминлаб туради. Умумбашарий хусусиятли нутқ воситаси дактиология фани номи билан юритилади ва махсус ўқитиш, ўргатиш орқали ундан фойдаланиш кўникмаси ҳамда малакаси соқов ёки кар-соқов одамларда шакллантирилади. Ҳатто уларда савод чиқариш ҳам худди шу тамойил негизида қурилади. Табиат ва жамиятга нисбатан муносабат, шахслараро муомала, маълумот алмашиш шу нутқ ёрдами билан ифодаланади.

Кар-соқов (гунг) одамлар имо-ишора ва мимикадан алоқа воситаси тариқасида фойдаланишга мажбурдирлар, чунки улар оғзаки нутқ товушларини эшитмайдилар. Ёзув ҳам нутқнинг моддий воситасидир. Лекин ёзув тилнинг қандайдир алоҳида тури эмас, ёзув тилдан фойдаланишнинг фақат алоҳида усулидир. Оғзаки нутқда ҳам, ёзма нутқда ҳам биз айни бир товуш тилидан фойдаланамиз. Оғзаки нутқ эшитиш органлари воситаси билан идрок қилдиришга мўлжалланган нутқдир. Ёзма нутқ эса ҳарфлар ва белгилар ёрдами билан товушлари, сўзлари, гаплари кўз билан идрок қилдиришга мўлжалланган нутқдир.

Кўрлар учун ўйлаб чиқарилган махсус ёзув (Брайл системаси) бор, у мускул-тери сезгиси органлари ёрдами билан идрок қилдиришга мўжалланган нутқ воситасидир. Бу ёзув ҳам товуш тили асосига кўрилган ёзувдир.

Кар-соқовлар (гунглар) ҳам ўқитиш натижасида ёзма нутқни билиб оладилар, улар шу нутқ воситаси билан товуш тилининг бутун бойлигини ҳам билиб оладилар. Улар ёзма нутқдан фойдаланиб, бошқа кишилар билан тўла-тўкис алоқа қила биладиган бўлиб оладилар ва ҳамма нормал кишилар сингари камол топаверадилар.

Новербал нутқни шартли равишда қуйидаги турларга ажратиш мумкин: 1) товушсиз: а) имо-ишора, б) мимика. в) пантомимика, г) дактиологик; 2) товушли: а) эхологик (акс садо), б) сигнификация (шартли белгилар, сигналлар, моделлар).

Вербал нутқ туркумини шартли равишда қуйидаги турларга ажратиш мумкин: 1) оғзаки, 2) ёзма, 3) монологик, 5) полиологик, 6) ташқи, 7) ички, 8) экспрессив, 9) импрессив, 10) лаконик (қатра, йиғиқ), 11) эпик (ёйиқ), 12) аффектив (жахл ҳолатидаги).

Инсоннинг ижтимоий-тарихий тараққиёти даври таҳлил қилинганда генетик келиб чиқиш жиҳатидан бирламчи қаторида оғзаки нутқни келтириш жоиз. Оғзаки нутқ новербал туркумдан кейин пайдо бўлган нутқ туридан бири ҳисобланади ва у шартли равишда қуйидаги нутқ кўринишларини қамраб олади: монологик, диалогик, полиологик, ташқи, ички, экспрессив, импрессив, лаконик (йиғиқ, катра), аффектив (ҳис-ҳаяжон, жахл).

Новербал нутқ ўзининг асосий функциясини бажариб бўлганидан сўнг (унинг маълум таркиблари фаолият кўрсатишда давом этиб келмоқда) ахборот узатиш, тажрибаларни эгаллаш, инсонни камол топтириш ва шунга ўхшаш вазифалар табиий равишда оғзаки нутқ зиммасига юкланган. Жарангли, жарангсиз фаол, суст, ҳис-ҳаяжонли, монотон, юксак суръатли, шивирлаш кўринишидаги оғзаки нутқ хусусиятлари ва қонуниятларини ўзида мукаммаллаштирган ҳолда алоқа куроли, воситаси тариқасида муомала таркибларини акс эттиради. Коммуникатив хусусиятли ахборотлар оддий хабар, сўроқ, ундов маъносини англатувчи маълумотлар оғзаки нутқнинг мураккаб ҳамда ранг-баранг тузилишига эга эканлигидан далолат беради. Оғзаки нутқ шахслараро муносабатнинг пухта негизини ташкил этиб, мақсадга йўналтирилган ёки тасодифий вазиятлар моҳиятидан келиб чиқиб узоқ ижтимоий-тарихий тараққиёт даврида ўз устуворлигини сақлаб келмокда, тилнинг такомиллашуви бевосита оғзаки (жонли тилда) нутқда намоён бўлади, истеъмолда эскирган сўзлар эски (архе) тушунчалар, атамаларга айланиб боради. Ҳудди шу боис миллатга хослик мавжуд бўлса-да, лекин шахсларни ўзаро катта тарихий давр ажратиб турса, у ҳолда бир-бирларини тўла тушуниш қийинлашади. Ҳудди шундай ҳолатни географик муҳит, ҳудудий фарқ, лаҳзаларга оидлик, шевалар, этник алоҳидаликни келтириб чиқаради, аммо ахборотларни идрок қилиш ва тушунишдаги бундай қийинчиликларни адабий тил бирлиги бартараф қилади (Хоразм. Наманган шеваси ва ҳоказо).

 

Вербал нутқ

Нутқ ўзининг ташқи ифодаланиш усулига қараб оғзаки ва ёзма нутққа ажралиб қолмасдан шу билан бирга, қандай вазифани бажаришига ва синтактик тузилишининг хусусиятларига қараб ҳам бир-биридан фарқ қилади.

Нутқ ўзининг бажарадиган вазифасига қараб, ички ва ташқи нутққа бўлинади.

 

Ички нутқ

Муайян ахборотларни тартибга келтириш, ғояларни яратиш, фикрий дастурни ишлаб чиқишга мўлжалланган, лекин латент давридаги маълумотлар мажмуасндан тузилувчи нутқ тури ички нутқ дейилади. Ички нутқнинг муҳим хусусиятларидан бири - бу кўлам жихатдан ташқи нутқдан кенгроқ эканлигидир. Иккинчи бир хусусияти эса тафаккурнинг механизми функциясини бажаришдир.

Ички нутқ деб «кўнглида» айтиладиган нутққа айтилади. Биз тафақкур фаолиятида ҳар вақт ички нутқдан фойдаланамиз. Бу нутқ, ҳатто киши қаттиқ гапирмаган вақтда ҳам, ўз она тили асосида фикр юритишга имконият беради. Кишилар одатда қайси тилда сўзлашсалар ўша тилда ўйлайдилар. Ўз фикрини оғзаки ёки ёзма равишда ифодалашдан олдин киши уни «кўнглида», яъни ички нутқида гапиради.

Ички нутқ қисқартирилган, йиғиштирилган характерга эгадир. Бу шу билан тушунтириладики, фикр предмети ўзининг айни маъносида киши учун тамомила равшан бўлади ва шунинг учун кенгайтирилган сўзларда таърифлаб бериш талаб этилмайди.

Биз фикр юритиш процессида қийинчиликни бошимиздан ўтказсак ёки тафаккурнинг у ёки бу томонини тасдиқлаш ёки инкор этишни хоҳласак, одатда ички нутқ ёрдамига мурожаат қиламиз.

Ички нутқ шундай бир нутқдирки, унинг ёрдами билан фикрлар бошқа одамларга маълум қилинмасдан олдин ичда ифодаланади.

Ички нутқнинг ўз хусусиятлари бор. Бу нутқ, кўпинча товушлар овоз чиқариб айтмайдиган нутқдир, бу нутқ одам «ўз ичида гапирадиган» нутқдир. Баъзан ички нутқ «ташқарига» чиқади, яъни товушлар овоз чиқариб айтилади. Бирор нимани фикр қилаётган одам қандайдир қийинчиликка учраб қолганида, шунингдек, ҳиссиёти қаттиқ қўзғалиш натижасида ҳаяжонланиб кетганида ёки ўзининг олдида бошқа одамлар бўлмаган вазиятда у, ўзи сезмаган ҳолда, «овоз чиқариб ўйлайди» — овоз чиқариб ўз-ўзи билан гаплаша бошлайди. Одам якка қолиб, ўз ичида ўйлаб ўтирганида кўпинча имо-ишора ва мимикадан ҳам фойдаланади. Кичкина болалар кўпинча «овоз чиқариб ўйлайдилар», гаплашиб ва ҳаракат қилиб туриб фикр қиладилар[1].

Шакл жиҳатидан ички нутқ кўпроқ монолог тарзида содир бўлади, ички нутқни одамнинг ўз-ўзи билан ва ўзича гаплашуви дейиш мумкин. Лекин баъзан ички диалог шаклида, хаёлдаги суҳбатдош билан гаплашиш ёки мунозара қилиш тарзида ҳам содир бўлади.

Синтаксис тузилиши жиҳатидан кўпинча ички нутқ қисқартирилган, бўлак-бўлак гаплардан иборат бўлади. Ички нутқда гапнинг фақат айрим бўлакларигина, асосан эга бирмунча аниқ қилиб ифодаланади («ичдан, ўз- ўзига» айтилади). Ички нутқ овоз чиқариб «айтиб юборилганида» ҳам ўзининг шу хусусиятини сақлаб қолади. Масалан, поезддан кечга қолган йўловчи вокзалга яқинлаша туриб соатга қарайди ва шу оннинг ўзидаёқ, ўзига керакли поезднинг кетган ёки кетмаганлигини ўзича ҳал қилиб, ўз фикрини овоз чиқариб айтилган: «Эҳ, кетиб қолибди-я!» деган сўз билан ифодалаб юборади. Бунда фақат кесимнинг ўзигина ифодаланади. Лекин шу кишининг ички нутқида (ичида, ўз-ўзича нутқида), албатта, гапнинг бўлаклари, бошқа сўзлар ҳам бўлади, фақат гапнинг шу бўлаклари унчалик шаклланмаган бўлади, шу сабабли, гапнинг шаклланмаган шу бўлаклари дарҳол ташқарига чиқмайди, эшиттирилиб айтила қолмайди. Бу ҳолда фақат биргина кесим билан айтилган фикр поездга худди шу кишидек шошилиб келаётган ва мана шундай шубҳага тушиб қолган бошқа кишиларгагина тушунарли бўлади. Ички нутқнинг тўлиқ бўлмаслигига, бўлак-бўлак бўлишига сабаб шуки, тафаккур обьекти ва шу тафаккур содир бўлаётган вазият фикр қилувчи кишининг ўзига равшандир ва тўлиқ гап билан қайд қилинишини талаб этмайди. Нутқ тафаккур обьектида тасдиқланадиган ёки инкор қилинадиган нарса устидагина тўхталади.

Ички нутқ, одатда, ихтиёрсиз равишда ўтади. Бунда тафаккур жараёнларининг ўзи ихтиёрий равишда, маълум куч сарфлаш йўли билан ҳам бориши мумкин. Лекин ихтиёрий тафаккур жараёнининг боришига ёрдам берган ички нутқ ихтиёрсиз равишда ўз-ўзича майдонга чиқади дейиш мумкин. Ички нутқ диалог шаклида содир бўлган ҳоллардагина ихтиёрийлик моментлари пайдо бўлади. Бундай ҳолларда ички нутқ ўзининг синтаксис тузилиши жиҳатидан ҳам ташқи нутқ тузилишига яқинлашиб қолади. Ички нутқнинг характерли белгиси шуки, бунда товушларнинг артикуляцияси кўзга кўринмайди. И.М.Сеченов буни қуйидагича тасвирлайди: «Мен фикр қилаётганимда жуда кўп вақт оғзимни очмай ва ёпиб туриб, гапиравераман, яъни оғиз бўшлиғидаги тил мускуллари ҳаракат қилаверади. Бирор фикрни, асосан бошқаларга уқтирмоқчи бўлиб, ифодалашга уринган ҳолларнинг ҳаммасида эса шу фикрни албатта пичирлаб такрорлаб тураман».

Ички нутқнинг кўзга кўринмайдиган мана шундай артикуляцияси борлиги ҳозирги вақтда экспериментал йўл билан исботланган.

А.Н.Соколовнинг тажрибалари кўрсатадики, янги фикрий масалаларни ечишда нутқ органларининг активлиги ортади ва ички гапириш процессининг вақти кенгаяди: Бундан шундай хулоса келиб чиқади: ўқувчилар янги ва мураккаб ўқув материалини ўйлаётганларида ўқитувчи уларни шоширмаслиги керак. Ички нутқда етарли расмийлаштирилган фикр ташқи нутқда ҳам равон ифодаланмайди.

 

Ташқи нутқ

Ташқи нутқ бошқа одамлар билан алоқа қилишимизда фойдаланиладиган нутқдир. Бу нутқ бирон кишига қаратилган, бирон нимани хабар қиладиган нутқдир.

Артикуляцион аппарат орқали вужудга келувчи, вербал ҳолатларда акс этувчи, ўзгаларга йўналтирилган, ҳар хил хусусиятли вазиятларда намоён бўлувчи нутқ турига ташқи нутқ деб аталади. Тилнинг барча қоидалари ва қонуниятлари унда мужассамлашган бўлиб, узатиш ва қабул қилиш, идрок этиш ва тушунишдан иборат муомала қуроли, воситаси вазифасини ижро этади. Нутқ, темпи, тембри, ритмикаси ва частотаси мавжудлиги учун ахборотларни тинглаш ва идрок қилиш енгилроқ кечади.

Ташқи нутқнинг ўзи ҳам оғзаки ва ёзма нутққа бўлинади.

 

Оғзаки нутқ

Пауза, мантиқий урғу, тембр, тембр, частота, ритмика ва бошқа ташкилий қисмлар ҳамда механизмларни ўзида мужассамлаштирган, тилнинг барча қоидалари, қонунлари, шартли белгилар сифатида хизмат қилишга асосланувчи нутқ тури оғзаки нутк деб аталади.

Оғзаки нутқ - бошқа кишилар билан бевосита қилаётган алоқамизда фойдаланилаётган нутқдир. Бу нутқ одатдаги гаплашув нутқидир. Бу нутқ ҳамиша бошқа кишиларнинг эшитиш органлари ёрдами билан идрок қилишлари учун мўлжалланган «товушли» нуқтадир. Шу сабабли, одатда, оғзаки нутқ овоз билан ва (баъзан) шивирлаб айтилади. Оғзаки нутқ вақтида, одатда, гапираётган киши бу нутқни мимика, имо-ишоралар билан ишлатади.

Оғзаки нутқнинг характерли хусусияти шуки, бу нутқ суҳбатдошлар ўртасида бўлади. Суҳбатдошнинг ёки суҳбатдошларнинг бундай иштирок этиши уларнинг гапираётган кишининг нутқига диққат қилиб туриши, саволлар бериб туриши, сўз ташлаб туришидан иборат бўлади; суҳбатдошлар гапираётган кишининг фикрига эътироз билдирадилар, ёки бу фикрга ўзларининг рози бўлганликларини изҳор қиладилар, ёхуд шу фикрни кенгайтирадилар.

Оғзаки нутқ ўзининг жарангдорлиги, таъсирчанлиги, ахборотларни қабул қилишдаги қулайлиги, узатилишдаги ихчамлиги, толиқишнинг олдини олиш имконияти мавжудлиги унинг кенг қиррали эканлигини билдиради.

Оғзаки нутк хусусиятлари сифатида қуйидагиларни кўрсатса бўлади:

Оғзаки нутк тезкорлик билан (автоматик тарзда) амалга ошади. Тушунчалар билан унинг либоси бўлган сўз биргаликда яшин тезликда тилга кела бошлайди. Баъан тушунчани ифодаловчи сўзни ўша тезликда сўзловчи топа олмай қолади. Унга яқин ёки ўйланган тушунчани ифодалай олмайдиган сўзларни ишлатиб юборади. Натижада, айтилган нутқ (гап, гаплар) кўзланган мақсадни (фикрни) тўлиқрўёбга чиқармайди. Бундан тингловчи ҳам сўзловчи ҳам зарар кўради.

Оғзаки нутқда сўз бирликлари ва гапларни модуллари айтилмоқчи бўлган фикрга монанд ҳолда тезкорлик билан танланади. Гап қурилишини, моделларини, ақл назорат қилиб боради. Фикрни айтилганларни хотирада ушлаб турган холда ривожлантиришга тўғри келади. Агар хотира озгина дангасалик қилса, гап тузилиши, сўз бирикмалари ўзаро мантиқан ва грамматик боғланмай қолади. Чунки янги қисм аввалги қисмни унутилгани учун у билан мослаша олмайди. Масалан: «Устоз, сизни … халқ олдида қилган улкан хизматларингиздан биз миннатдормиз». Мисолда сўзловчи нутқнинг “устоз сизни”қисмини айтгандан сўнг уни қандай риволантириш устида қилган мулохазаси жараёнида аввалги қисмни, ўйланган моделни унутиб қўйган. Шу сабабли тушум келишигида келган сўз кейинги қисмлар билан грамматик ва мантиқан боғланмай қолган.

Оғзаки нутқ тахрир имкониятидан махрум. У қандай шаклда борлиққа келган бўлса, шундайлигича тингловчига ҳавола этилади.

Оғзаки нутқда, одатда, мулоқот учун энг зарур нарсаларагина зухур этилади. Бу бир томондан вақт иқтисоди билан, иккинчидан, нутқ кучини тежаш билан боғлиқ. Шунга кўра унда узундан-узок кириш кенг изохлар кам учрайди. Айниқса, ходисаларнинг, нарсаларнинг ўзаро боғлиқлик даражалари, уларнинг тингловчи ва сўзловчиларга равшанлиги даражаси хисобга олинади. Фақат зарурат ҳис этилгандагина, аввалдан маълум нарсаларга изоҳ берилади.

Оғзаки нутқ сўз бойлиги жихатдан ёзма нутққа нисбатан онги камбағал бўлади. Унда бир хил сўзлар, бир хил шакллар бир қадар кўпрок такрорланади. Бу ҳол тил воситаларни танлаш қийинчиликлари билан боғлиқдир.

Оғзаки нутқда сўзловчининг фаол тутқий харакати тухтам (пауза), оҳанг, урғу, турли хил имо-ишоралар фикрни тингловчига етиб боришида аҳамият касб этади.

Суҳбатдошларнинг оғзаки нутқда қатнашишлари қай характерда ва қай даражада бўлишига қараб, оғзаки нутқ икки шаклга бўлинади. Буларнинг бири диалог нутқ (диалог) ва иккинчиси монолог нутқ (монолог) деб айтилади.

Оғзаки нутқнинг дастлабки туридан бири - бу монологик нутқдир. Якка шахснинг ички кечинмаларини тил механизмларига асосланган ҳолда акс эттирувчи, унинг ўзига қаратилган (эгоцентрик), таъсирланишини ифодалашга ва ахборот узатишга мўлжалланган нутқ тури монологикнутқ деб аталади. Унда шахсий ҳис-туйғуларининг ички ва ташки шакллари уйғунлашади, шунингдек, ўзгалар фикрини ифодали ўқишда ҳам ўз аксини топади. Одатда монологик нутқда фикрлар қисқартирилмайди, мабодо бу қоида бузилса, ахборот маъносини тушуниш қийинлашади. Ҳис-ҳаяжоннинг ташқи ва ички кечинмалар ҳамда уларнинг механизмлари аниқ, равон, изчил акс эттирилади.

Монолог нутқ кишиларнинг алоқа тажрибасида катта ўрин эгаллайди ва жуда хилма-хил оғзаки ва ёзма равишда сўзга чиқишларида намоён бўлади.

Нутқнинг монолог формаларига лекциялар, докладлар, мажлисларда нутқ сўзлашлар, эълонлар, буйруқлар ва бошқа кўп оғзаки ва ёзма ахборотлар оиддир. Монолог нутқнинг ҳамма формаларининг умумий ва характерли хусусияти унинг ҳақиқий ёки ҳаёлий эшитувчига нисбатан аниқ йўналганлигидир. Бу йўналишдан мақсад тингловчиларга зарур таъсир кўрсатишга эришишдир.

Монолог нутқ диалог нутққа нисбатан нутқнинг энг қийин ва мураккаб формасидир. Ҳар биримиз ўзимизнинг нутқ тажрибамиздан яхши биламизки, суҳбатда қатнашиш қандайдир махсус ахборот билан чиқишга нисбатан анча енгилдир.

Монолог нутқ тингловчилар томонидан тўғри ва фаол мададга эга эмас. Шунга кўра монолог нутқ тингловчиларга тушунарли бўлиши учун унинг асосий таянч пунктларини олдиндан ўйлаш ва планлаштириш талаб қилинади.

Одатда, монолог нутқ зўр жиддийлик билан ўтади. У гапирувчидан ўз фикрларини келиштириб (равон) ва мантиқий батартиб баён қила билишни, уларни аниқ ва равон формада ифодалашни талаб қилади. Монолог нутқ сўзлашнинг муваффақияти аудитория билан керакли алоқа ўрната билишга ҳам боғлиқдир. Бунинг учун гапирувчи фақат ўз нутқининг мазмунига, унинг ташқи тузилишига эмас, балки берилаётган ахборотга аудиториянинг хатти-ҳаракати ва муносабати қандайлигига ҳам эътибор бериши керак, яъни «аудиторияни сеза билмоқлиги» керак.

Монолог нутқ диалог нутққа нисбатан анча кенг бўлиб, у ўзининг мазмуни ва грамматик тузилишига кўра кўп жиҳатдан ёзма нутққа тўғри келади.

Монолог. Монолог сўзловчини ўзига ёки тингловчиларга қаритилган нутқидир. Монолог нутқида сўзловчи ўзига маълум бўлган воқеа-ходисалар, ўз ички кечинмалари ҳақида маълумот беради. Монолог нутқ тингловчилари сухбатга фаол аралашувига ундамайди; улардан айтилганларга жавоб талаб қилмайди. Синтетик жихатда монологик нутқ мураккаб тузилган бўлиб, кенг қамровлидир.

Монолог нутқ ўз хусусиятларига қараб, бир неча кўринишда бўлиши мумкин: ички монолог ва ташқи монолог. Ташқи монологнинг драматик монолог, лирик монолог, хабар монологи каби турлари бор.       

Ички монолог бадиий адабиётда қўлланувчи услубий усуллардан биридир. Бу усул юз берган аниқ воқеаларни уларнинг таъсирида қахрамон ички кечинмаларида пайдо бўлган фикрлар сифатида баён этиш имконини беради. Ички монолог сўзловчининг нутқидир.

Мисол сифатидаА.ОриповЖаннатга йўл” асарини олиш мумкин.

Ташқи монолог; сўзловчининг ташқи нутқидир. Унда тил имкониятлари хақиқатга айланади.

Сўзловчининг нутқ мазмунини етказишга кўмаклашувчи турли хил харакатлари ёрдамида баён этиладиган монологи драматик монолог дейилади. Драматик монолог-сўзлаётган шахснинг қўли, гавдаси, қоши, боши каби аъзолари зарурат туғилганда харакат қилади. Турли тарздаги маъноли харакатлар фикрнинг тингловчи томонидан яхши тушуниб олинишига кўмаклашади.

Сўзловчининг ички хис-туйғуларини, рухий кечинмаларини ифодаловчи ташқи монологик нутқ лирик монолог дейилади. Лирик монологда шахснинг орзу-умидлари, ташқи дунёдан олган таассуротлари, келажак режаларини акс эттиради.

Мисол сифатида (Ғ.Ғулом «Чўтир хотиннинг толеи»). Сўзловчининг юз берган воқеа-ходисалар хақида ҳикоя қилиб бериши хабар монологи ҳисобланади. Хабар монологида воқэлик равон тилида баён этилади. Хабар монологи ҳикоячилик, қиссачиликда кўпрок қўлланилади. Масалан, П.Қодировнинг Қадрим”қиссасидаги воқеаларнинг асарнинг қахрамони Искандар сўзлаб беради:

Одам битта ўзи гапирса-ю, бошқа кишилар бу гапга фаол қатнашмай фақат унинг нутқини тинглаб турсалар, нутқнинг бу шакли монолог деб аталади. Масалан, лекторнинг, докладчининг нутқи, судда, кенгашларда ва бошқа шу каби жойларда сўзланадиган нутқ монолог нутқдир ёки монологдир.

Оғзаки нутқ сўзлаётган киши ўз фикрини суҳбатдошлари тўғри тушуниб олишига ҳаракат қилади. Шу сабабли, оғзаки нутқда эга, кесим, аниқловчи, тўлдирувчи сўзларни ҳам тўла айтишга тўғри келади. Дуруст, баъзи оғзаки нутқ ҳам қисқартирилган ҳолда, айрим гап бўлакларини тушириб қолдирган ҳолда гапирилади. Баъзи ҳолларда гаплашув, диалог ҳам фақат кесимлар билангина ифодаланиши мумкин. Масалан, ярим кечада бир неча киши гаплашиб, трамвай келишини кутмоқда, уларнинг ҳаммаси трамвай келадиган томонга кўз тикиб турибди. Улар ўртасида тахминан шундай гаплар бўлади: «Кўриняптими?» - «Йўқ, кўринмаяпти». Орадан бироз ўтгач: «Келяптими?» - «Ҳа, келяпти». Бу гаплар фақат кесимларнинг ўзидангина иборат гаплардир. Аммо, шундай бўлса ҳам, гаплашаётган кишиларнинг ҳаммаси бир-бирларининг фикрларини тушунадилар.

Оғзаки нутқнинг синтаксис жиҳатидан тўлиқ бўлмаслигига, аввало, сабаб шуки, гап мавзуи ҳам, шу гап содир бўлаётган вазият ҳам, одатда, гаплашиб турган кишиларга аниқ ва равшандир. Шу сабабли, оғзаки нутқ, вақтида гап бўлакларининг ҳаммасини, эга, кесим, аниқловчи, тўлдирувчи ва ҳоказоларни гапда ҳар сафар тўлиқ айтишга ҳожат қолмайди. Бундан ташқари, мимика ва имо-ишоралар, интонациялар, паузалар, мантиқий урғулар ва шу кабилар, хуллас нутқимизни жонлантирадиган воситаларнинг ҳаммаси оғзаки нутқни бойитади. Жонли нутқ тингланибгина қолмасдан, уни одамлар кўриб ҳам турадилар, ҳис ҳам қиладилар. Бундай нутқ, кўпинча, оғиздан чиқиши биланоқ тушунилаверади.

Оғзаки нутқ ихтиёрсиз ёки ихтиёрий бўлади. Гапираётган киши сўз ва грамматика шаклларини махсус танламай, оғзига келганича сўзлашса, бу ҳолда нутқ ихтиёрсиз нутқ бўлади. Гапираётган киши ўз сўзлари учун алоҳида масъулият сезиб гапирганида, шу нутқни тинглаётган киши гапираётган киши учун алоҳида аҳамиятга эга бўлганида, бундай ҳолларда нутқ ихтиёрий характерга эга бўлиб қолади. Масалан, ўқувчининг ўз ўқитувчиси билан гаплашаётган вақтидаги нутқ мана шундай ихтиёрий нутқдир. Бундай ҳолларда гапираётган киши лозим бўлган сўзларни танлаб, жой-жойига қўйиб ишлатишга, грамматика қоидаларига риоя қилишга интилади ва ҳаракат қилади.

Икки ёки кўп суҳбатдош ўртасидаги гаплашиш тариқасида бўладиган нутқ диалог деб аталади. Суҳбатдошлар навбатма-навбат гаплашаверадилар — бири сўрайди, бирор нарсани айтади, бошқалар эса уни тинглайдилар, жавоб берадилар.

Диада шаклдаги муносабатлар негизида қурилувчи, икки шахс ўртасида намоён бўлувчи, ахборот узатишга ва қабул қилишга мўлжалланган нутқ тури диалогик нутқ деб аталади. Унинг монологик туридан фарқли томони фикр моҳияти нутқ фаолияти қатнашашчиларида англангандан кейин у ёки бу шаклда қисқартириш имкониятига эга. Унинг интерактив томони кўпинча устуворлик қилади, ахборотлар қабул қилиш ва узатиш ўзаро тушунча асосига қурилади, акс ҳолда муомала мароми бузилади, ўзаро фикр алмашув мудатдан олдин якунланади.

Диалог - икки ёки бир неча одам ўртасида бўладиган гапдир, бунда суҳбатдошларнинг гапи бир-бирига боғланади, уланиб кетади, яъни гаплашиб турганлар бир-бирларига савол-жавоб қилиб, бир-бирларига эътироз қилиб гапни улаб, давом эттирадилар. Шунинг учун диалог маъноси бир-бирига уланган нутқни анча осонлаштиради. Монолог нутқ эса анча оғир кўчади. Монолог — гапираётган кишидан жуда кўп диққат-эътибор беришни талаб қилади, гапираётган кишининг фақат ўз нутқининг мазмунигагина диққат-эътибор бериб қолмай, балки, шу билан бирга, бу нутқнинг ташқи тузилишига ҳам, фикрларни ифодалашда муайян система, тартиб бўлишига ҳам риоя қилиши лозим бўлади.

Икки ёки бир қанча суҳбатдошлар ўртасида ўтувчи гаплашув формаси бўлмиш диалог нутқ процессида, киши савол қўйиб унга жавоб беради, тасдиқлайди ёки эътироз билдиради.

Диалог нутқнинг оз ёки кўп йўналиши сўз иштирокчилари қўйган мақсад ва вазифаларга боғлиқдир. Кундалик ва одатдаги диалог нутқ олдидан ўйлаб (атайин) қўйилган яққол ифода характерига ва олдиндан ишлаб қўйилган планга эга бўлмайди. Бундай суҳбатнинг йўналиши ва унинг натижаси маълум даражада суҳбатда иштирок қилувчиларнинг айтган фикрлари билан аниқланади. Умумий гап жиддий тасвирланган масалага бўйсунган вақтларда диалог нутқ мақсадга мувофиқ йўналиш характерига эга бўлади, фикрларнинг мазмуни эса кенг батафсил формада баён қилинади. Диалог нутқ бундай ҳаракатга, масалан, маълум масалани аниқлаш учун махсус суҳбат ташкил қилинганда эга бўлади, шунга ўхшаш ўқувчининг нутқи, ўқитувчининг саволларига жавоб берганида мақсадга мувофиқлик характерига эга бўлади ва ҳ. к[2].

Диалог нутқ, одатда, монолог ва,айниқса, ёзма нутққа нисбатан батафсил ва равон нутқ тузишга кам талаб қўяди. Бу факт дастлаб шу билан тушунтириладики, суҳбатдошлар бир хил шароитда бўладилар, бир хил факт ва ҳодисаларни идрок қиладилар ва шу туфайли ўзларининг фикрларини батафсил (кенг) нутқ формасида баён қилишга ҳаракат қилмай, бир-бирларини нисбатан осон тушунадилар. Автобус кутувчилардан бирининг «келаётир» дейиши бошқа кишиларнинг унга тушунишлари учун етарлидир.

Диалог нутқнинг нисбатан қисқа бўлишининг сабаби. шундаки, бундай нутқ суҳбатдошлар томонидан ўзаро савол ва жавоблар, маъқуллаш ва эътирозлар билан фаол суратда қувватланади. Агар диалог нутқ суҳбатдошлар томонидан қувватланмаса, у ё суҳбат иштирокчиларидан бирининг монолог нутқига айланади, ё суҳбат бутунлай тўхтайди.

Диалог нутқда кишига бўлган асосий талаблардан бири суҳбатдошнинг сўзларини охиригача эшита билиш, унинг савол ва эътирозларига тушуниш ҳамда уларга ўз фикрлари билан эмас, балки тегишли жавоб беришдир. Бундай талабга илтифотсизлик билан қараш кишини фақат зерикарли ва ёқимсиз суҳбатдош эканини кўрсатмай, балки унинг маданиятининг пастлиги, етарли тарбияланмаганлиги ҳақида ҳам дарак беради.

Диалог. Диалог нутк шаклларидан бири булиб, унда хар бир фикр туғридан-туғри сухбатдошга каратилган бўлади. Диалогик нутқнинг синтактик қурилиши монологик нутққа қараганда содда тузилади. Диалогик фикрларнинг қисқалилиги билан бошқа фикрлардан ажралиб туради. Унда сухбатни давом эттириш учун энг зарур нарсаларгина ифодаланади, воқеалар кенг изоҳланмайди. Шу жиҳатдан ҳам диалог монологга ўхшамайди. Диалог сўроқ, буйруқ ва дарак гаплардан ташкил топади.

Оғзаки нутқ (диалог ҳам, монолог ҳам) ички нутқ сингари, тафаккур қуролидир. Бунда бошқалар билан гаплашиш жараёнида гапираётган кишининг ўз фикрлари ҳам ўзига равшан бўлиб қолади.

Кўпинча мана бундай бўлади: миямизда пайдо бўлган, лекин унчалик равшанлашмаган фикр ўзимиз муҳокама қилиб кўришимиз ва бошқаларга баён қилишимиз жараёнида ўзимизга ҳам равшан бўлиб қолади — пишиб етилади. Баъзи бир фикрларимизни пишитиб етиштиришда, бошқаларнинг фикрини уқиб, билиб олиш (тушуниб олиш) вақтида биз кўпинча бу фикрларни гўё бирон суҳбатдошга айтаётгандек ёки ўз-ўзимизга овоз чиқариб ифодалашимизнинг сабаби ҳам ана шунда.

Бундай ҳодисалар ички нутқ билан ташқи нутқ ўртасида ажралиш йўқлигини кўрсатади: фикрни нутқ билан ифодалаш фаолиятида ҳамиша ички нутқдан ташқи нутққа ва аксинча, ташқи нутқдан ички нутққа ўтиш ҳоллари бўлиб туради.

Полилог. Иккидан ортиқ иштирокчиларнинг нутқидан тузилган суҳбат полилогдир. Полилог ҳамма тил хусусиятлари жихатидан диалогнинг ўзидир. Факат унда сухбатдошларнинг сони кўпрок бўлади. Сўзловчи ўртага ташлаган муаммога бирдан ортиқ иштирокчи ўз фикрларини билдириши мумкин.

Бир нечта кишилар билан амалга оширишга мўлжалланган, триада ва полиада негизига қурилувчи, ахборот узатиш ва қабул қилишга йўналтирилган, баҳс таркиблари иштирок этувчи оғзаки нутқ турига полилогик нутқ дейилади.

Муомалада муаммо моҳияти ҳар қайси қатнашчи томонидан англашилгандан сўнг унинг таркиблари қисқариши мумкин, бу эса ўзаро тушунувни осонлаштиради. Мазкур нутқ турида ҳам диалогик нутққа хос бўлган механизмлар, таъсир ўтказувчи воситалар иштирок этиб, унинг таъсирчанлигини оширишга хизмат қилади, шахслараро муносабат кўламини кенгайтиради.

Ахборотлар ички моҳиятини ташқи ҳис-ҳаяжон таркиблари билан кучайтирувчи, шахслараро муносабатни яққол ифодаланишини акс эттирувчи, овозли, тил воситаларига асосланувчи нутқ турига экспрессив нутқ дейилади. Ўзининг тезкорлиги ва вазиятбоплиги билан бошқа нутқ турларидан ажралиб туради.

Ички кечинмалар шахсий фикрлаш билан уйғунлашиши туфайли фикрий боғланишни вужудга келтирувчи, холатлар, ҳодисалармоҳиятини ички ва ташқ омилларга асосланиб акс эттирувчи нутқ турига импрессив нутқ дейилади. Мулоҳазалар моҳияти шахс кечинмалари билан муносабатга киришиши натижасида ўзига хос воқеликни намойиш қилади.

Миллат ва элатларнинг тил бойлиги афоризмлар, маколлар, донишмандликлар, маталлар сифатида шаклланган, юксак мантиқий юкламага эга бўлган йиғиқ нутқ тури лаконик, яъни йиғиқ, қатра нутқ дейилади. Етти ўлчаб бир кес, сабрнинг таги олтин. Ҳазрат Мир Алишер Навоий ижоди махсулларидаги фикрлар шулар жумласига киради:

Хўтик бирла кучукка ҳар ганч қилма тарбия,

Ит бўлур, эшак бўлур, асло бўлмас одами.

Қатра нутқ баъзи ўринларда жуда катта маъно англатади, хулқ, фаолият ва муомала учун манба ролини бажаради: Салют!, Марш! ва бошқалар.

Турли омиллар таъсирида бирданига вужудга келувчи, жахлнинг маҳсули ҳисобланмиш, қисқа муддатли нутқ турига аффектив нутқ дейилади. Бирданига суҳбатдош, рақиб томонга узатилувчи, ўта таъсирчан, хавфли, руҳий нишон вазифасини бажарувчи қисқа муддатли нутқ аффектив деб номланиб, зарбаси жиҳатидан альтернативи йўқлиги билан бошқа нутқ турларидан кескин ажралиб туради. Жахл, қасос, алам, тажовуз кечинмаларини ўзида акс эттириб, ўта танглик, зўриқиш (стресс) маҳсули бўлиб ҳисобланади (жаҳл келганда-ақл кетади: ҳиссиёт билан эмас, балки ақл билан иш тут).

 

Ёзма нутқ

Инсоният тарихининг цивилизациялик босқичига ўтиши давридаги эътиборга ёзма нутқ пайдо бўла бошлаган ва ҳозиргача у ўз ривожланишида давом этмоқда. Тилнинг барча қоидаларига (орфографик, морфологик, синтактик, лексик, орфоэпик, лингвистик, фонематик, флексив, ва ҳоказо), қонуниятларига, механизмларига (жонли ифодаларни мужассамлаштирган ҳолда) асосланган тарзда, муайян шартли аломатлар (графиклар) ёрдамида шакл, тузилиши, маъно, мазмун ва моҳиятни узлуксиз, тадрижий равишда ахборотларга айлантириб берувчи нутқ тури ёзма нутқ дейилади.

Ёзма нутқ ҳам оғзаки нутққа ўхшаб алоқа вазифасини бажаради. Бироқ оғзаки ва ёзма нутқларда фикр алмашиш ҳар хил усул ва воситалар билан амалга оширилади. Оғзаки нутқ аниқ товушларга суянди. Ёзма нутқ ёзув белгилари (ҳарф) ёрдамида чизма (график) шаклида тасвирланиб, уларнинг ҳар бири оғзаки нутқнинг айрим товушларини билдиради.

Ёзма нутқ жамият тарихида ва айрим киши ҳаётида ҳам оғзаки нутқдан сўнг вужудга келади ва унинг асосида шаклланади. Ёзма нутқ ҳар хил текстларни тузиш, кўчириб олиш ва баён қилишни ва уларни ўз ичида ёки товуш чиқариб ўқишни ўз ичига олади. Ёзма нутқнинг хусусияти шуки, у бошқа вазиятда, айни шу жойда йўқ бўлган ўқувчига қаратилган бўлади ва у ёзилган нарсани фақат бир қанча вақтдан сўнг ўқийди.

Ёзувчи ва ўқувчи ўртасида бевосита алоқанинг бўлмаслиги ёзма нутқ тузишда маълум қийинчиликларни вужудга келтиради. Ёзувчи фикрларини яхши тушунтириш учун ифодалаш воситаларидан (оҳанг, мимика, ишора) фойдалана олмайди. Ёзувчи ўз атрофини ўраб олган вазиятга суяна олмайди, чунки у ўқувчининг идрок қилишига оғирлик қилади. Шунинг учун ёзма- нутқ ҳар қандай оғзаки нутқ формасига нисбатан анча мукаммал ва равон бўлади. Ёзма нутқда фикрнинг бутун мазмуни: ёзувчининг хоҳиши, мақсади, вазияти, ҳаракати ва бошқалар максимал тўлиқликда баён қилиниши керак.

Доклад, дарс плани, мақола, ҳикоя, хат ва бошқалар ёзаётганингизда ўз фикрингизнинг мазмунини жуда аниқ ва равон сўз формасида ифода қилиш учун фаол ва онгли суратда ишлайсиз. Сиз бунинг учун керакли сўзларни топишга ҳаракат қиласиз, аниқ ва яхшироқ гаплар тузишни таъминлайдиган сўзлар тартибини танлайсиз.

Ёзма нутқнинг айниқса катта аҳамияти шундан иборатки, у кишилар ўртасидаги алоқани кенгайтиради ва атрофни ўраб олган борлиқни билиш чегарасини анча оширади. Ёзма нутқда кишилик жамиятининг тарихий тажрибалари — унинг фан, санъат ва бутун инсоният маданияти эришган ютуқлари қайд қилинган ва мустаҳкамлангандир. Ёзув туфайли кўпгина авлодлар томонидан тўпланган билимлар миллионлаб кишиларнинг бойлиги бўлиб қолади ва ҳар бир ўқимишли киши ўзининг билиш фаолиятида улардан. фойдаланиши мумкин[3].

Ёзма нутқнинг хусусияти шуки, бу нутқ бевосита алоқа бўлиш воситаси бўлмасдан, балки, кўпинча, бошқа вазиятда, бошқа бир жойда турган ёки туриши мумкин бўлган одамлар билан алоқа боғлаш воситасидир. Масалан, биз ўз дўстимизга ёки қариндошимизга хатимизда ёзиб юборган хабаримизни у эҳтимолки бир кундан кейин, икки кундан кейин, бир ҳафтадан кейин, бошқа шаҳарда ёки бошқа қишлоқда ўқиб билиши мумкин. Биз бундан ярим йил, бир йил, ҳатто бир неча ўн ва юз йил муқаддам ёзиб қолдирилган китобларни ўқиб, шу китоблардаги билимларни билиб оламиз.

Ёзма нутқ ҳам монолог шаклида ва диалог шаклида бўлади. Масалан, илмий асарлар ҳамиша деярли монолог шаклида ёзилади. Бадиий-адабий асарлар диалог шаклида ҳам, монолог шаклида ҳам ёзилади. Баъзан оддий мактублар ҳам диалог шаклида ёзилади, шу мактубни ёзаётган киши уни ўқийдиган кишини тасаввур қилиб, унга мактубда ўзи саволлар беради ва шу саволларга ўзи жавоб қайтаради.

Синтаксис жиҳатидан қараганда ёзма нутқ энг тўлиқ ва мукаммал нутқдир. Ҳар бир киши оддий мактубни ёки илмий мақолани ёзаётганида грамматика қоидаларига, оғзаки нутқдагига қараганда, кўпроқ риоя қилади. Ёзма нутқда гап бўлакларидан бири тушиб қолса, бу ёзма нутқни ўқиган кишилар уни қийналиб тушунадилар ёки бутунлай тушунолмайдилар. Ёзма нутқнинг синтаксис жиҳатдан тўлиқ бўлиши шунинг учун ҳам зарурки, оғзаки нутқ учун характерли бўлган мимика, имо-ишоралар, интонациялар ва бошқа шу каби қўшимча элементларни ёзма нутқда ишлатиб бўлмайди.

Ёзма нутқ, асосан, ихтиёрий нутқ бўлади. Мактуб, доклад, маърузалар ва бошқа шу кабиларни ёзаётган киши сўзларни онгли равишда танлайди, гаплари яхшироқ қилиб тузишга интилади. Кўпинча ўз фикрларимизни ўқийдиган кишиларга сўзлар воситаси билан ғоят равшан ва тушунарли қилиб уддаламоқ учун анча-мунча куч сарфлашимиз лозим бўлади.

Ёзма нутқ фикрларимизни ифодалаб беришнинг энг яхши воситасидир. Ёзма нутқда фикрнинг мазмуни ва шаклидаги айрим камчиликлар очиқ кўриниб қолади ва фикрнинг ўзи мазмун ва шакл жиҳатидан энг равшан, аниқ қилиб ифодаланади. Шунинг учун ҳам биз ақлий иш билан шуғулланаётганимизда, бирор масалани ҳал қилганимизда ёки тайёр билимларни ўзлаштираётганимизда иш натижасини ёки олган билимимизни кўпинча, хатга ёзиб қўямиз, баъзан эса бир неча марта кўчириб ёзамиз. Шу сабабли, ҳар хил ёзма ишлар — ҳикоя қилиб ёзиб бериш, иншо ёзиш, конспект олиш тафаккурнинг ўсиши учун катта аҳамиятга эгадир. Шу билан биргаликда, ёзма нутқни эгаллаш кишига оғзаки нутқини такомиллаштиришга ҳам ёрдам беради, натижада оғзаки нутқ ўзининг луғат таркиби жиҳатидан бойроқ бўлиб қолади, грамматика жиҳатидан тўлиқроқ ифодаланадиган бўлади, анча мунтазам ва системага тушган нутққа айланади. Мана шунинг ўзи оғзаки нутқ билан ёзма нутқ ҳамиша бир-бири билан боғлиқ эканлигини кўрсатади.

Оғзаки нутқ билан ёзма нутқ ўртасида ўртача жой оладиган нутқлар борки, бу нутқлар монологнинг алоҳида турларидир. Оғзаки докладлар: маърузалар, нутқлар, ўқитувчининг дарсни тушунтириб бериши ва бошқа шу кабилар монолог нутқнинг мана шундай алоҳида турларидир. Бу нутқлар ўзининг синтаксис тузилиши жиҳатидан ёзма нутққа яқинроқдир: одатда, маъруза, доклад қилмоқчи, нутқ сўзламоқчи, дарс бермоқчи бўлган киши бунинг учун тайёргарлик кўради.

Мана шу тайёргарликнинг ўзи, кўпинча, қилинадиган докладларни, маърузаларни ва бошқа шу кабиларни олдин ёзма баён қилишдан иборат бўлади. Аммо бу нутқлар амалга оширилиш техникаси жиҳатидан, кўпинча (агар ёзилган материални ўқиб берилмаса), оғзаки нутққа яқинлашади. Бундай ҳолларда бу хилдаги нутқлар ўзининг синтаксис тузилиши жиҳатидан ҳам оғзаки нутққа яқинлашади. Одатдаги оғзаки гаплашув нутқида бўлганидек, монолог нутқнинг бу турларида ҳам мимика, имо-ишоралар, интонация ва бошқа шу кабилардан фойдаланилади. Шу сабабли, бу хил нутқ ўзининг «жонли» бўлиши жиҳатидан ҳам оғзаки гаплашув нутқига яқинлашади.

 

Фаол ва пассив нутқ

Нутқ воситаси билан бўлинадиган алоқада ҳамиша икки ёки бир неча киши иштирок этади, булардан биттаси бирон нарсани ё оғзаки, ёки ёзма баён қилувчи киши бўлса, қолгани, ёки қолганлари шу нутқни идрок қилувчи — эшитувчи ёки ўқувчи киши, ёки кишилар бўлади. Шунинг учун ҳам нутқни фаол нутқ ва пассив нутқ деб ажратилади.

Биз бирор нарсани ифодалаб, бошқа кишиларга оғзаки ёки ёзма баён қилсак, бизнинг бу нутқимиз фаол нутқ деб аталади. Фаол нутқ бирор нарса гапираётган ва ёзаётган кишининг нутқидир. Шунингдек, киши бирор шахсга мактуб ёзаётган, олим мақола, китоб ёзаётган, ёзувчи ўзининг адабий асарини яратаётган вақтидаги нутқ ҳам фаол нутқ бўлади.

Бошқа бировнинг фаол нутқини идрок қилиш ва тушуниш жараёни пассив нутқдир. Гапираётган кишининг сўзини тинглаб турган ёки ёзилган нарсани ўқиётган киши бошқа бир кишининг фаол нутқини ўзича такрорлагандек бўлади. Масалан, ўқитувчи дарсни тушунтириб бераётганида, ўқувчилар эса унинг дарсини эшитаётганларида ўқитувчининг нутқи фаол нутқ бўлади, ўқувчиларнинг шу нутқни идрок қилиш, яъни тушуниш жараёни эса пассив нутқ бўлади.

Бошқа бировнинг нутқини, шу нутқ сўзланаётган тилни ўзимиз билганимиз тақдирдагина бу нутқни идрок қилишимиз ва ўзлаштиришимиз мумкин. Аммо шунда ҳам ўша нутқни идрок қилишимиз ҳамиша баён қилинаётган нутққа айнан тенг ва мувофиқ бўлавермайди. Баъзан бошқа бир кишининг нутқини тушунмаслик, бу нутқни бир томонлама, нотўғри тушуниш, сўз иллюзиялари ва бошқа шу кабиларнинг ҳосил бўлишига сабаб ҳам шудир. Пассив нутқнинг бу хусусиятлари идрок қилаётган кишининг ақли қай даражада етуклигига боғлиқ бўлади. Гапираётган киши ўз нутқининг мазмунини ва шаклини шу нутқни тингловчиларнинг қай даражада идрок қилишини кўзда тутиб тузади. Чунончи, ўқитувчи ўз нутқининг ўқувчилар қанчалик тушуна олишини назарда тутиб, сўзлаётган нутқини шунга қараб тузади.

Ҳар бир киши пассив нутқни фаол нутққа қараганда, бирмунча олдинроқ эгаллайди. Ёш бола олдин катталарнинг гапини тушунадиган бўлади, сўнгра ўзи ҳам тилга кириб, гапира бошлайди. Худди шунингдек, бошқа бир тилни ўрганиш вақтида ўрганилаётган тилда фаол нутқни эгаллаш пассив нутқни эгаллашга қараганда бирмунча кейинда қолиб боради[4].

 

Ҳар бир тилнинг тўла моҳияти ёзма нутқ орқали ифодаланади, узоқ ва яқин масофалар учун ахборот (коммуникация) воситаси (қуроли) вазифасини бажаради. Миллат маданияти, маънавияти, фан ва техникаси, санъати ва адабиёти ёзма нутқ орқали узатилиб, миллатлараро алоқа канати функциясини адо этади.

Ёзма нутқ ўз навбатида қуйидаги таркиблардан ташкил топади: а) монологик (драма), б) диалогик (бадиий асар жанрларида), в) ички, г) лаконик (йиғиқ, қатра), д) эпик (ёйиқ, йирик роман, қисса ва бошқалар).

Ёзма нутқнинг монологик ва диалогик турлари бадиий асарларда ўз ифодасини топган бўлиб, оғзаки нутқдагидан фарқли ўлароқ тил бойликларига бевосита асосланади. Янгиликлар яратиш, ижод қилиш сўзлар орқали моҳият касб этади, у ёки бу шаклда тартибга келтирилади. Лаконик (йиғик, қатра) нутқ ҳам оғзаки нутқларидай маъно касб этади. Эпик (ёйиқ) нутқ йирик асарлар, монографиялар моҳиятини тўлақонли акс эттириш билан бошқа нутқ турларидан фарқланади. Тил механизмларидан ташқари бадиий воситалар орқали инсон руҳияти тавсифланади.

Бизнинча, ҳис-хаяжонлар орқали ифодаланувчи, муайян ахборотларни ўзида мужассамлаштирувчи нутқ турларини қуйидаги типларга шартли равишда ажратиш мумкин: а) экспрессив, б) импрессив, в) аффектив, г) дактиологик ва бошқалар.

Уларнинг психологик мазмуни, моҳияти, хусусиятлари тўғисида юқорида фикр-мулоҳазалар билдирилганлиги учун қайтадан таҳлил қилиш, тавсифлашга ҳеч қандай ҳожат йўқдир. Лекин мазкур нутқ турлари бошқа туркумлардан ҳам жой олиши мумкин. Бироқ илмий жиҳатдан ҳеч қандай қарама-қаршиликлар вужудга келмайди, аксинча, бир-бирини тўлдиришда хизмат қилади, холос.

Нутқ ва нутқ фаолияти юзасидан билдирилган мулоҳазалар, илгари сурилган айрим ғоялар мутлоқликка даъво эмас, албатта, чунки уларнинг кўпгина жиҳатлари, қирралари, механизмлари, қонуниятлари, тавсифлари чуқурроқ изланишни талаб килади, айрим ўринларда уларнинг ҳар бирини экспериментал тадқиқ этишни тақозо қилади, янги методикалар, тестлар, тренинглар ишлаб чиқишни изланиш предметига олиб киради, амалий ва назарий муоммолар ечимини тезроқ ҳал қилишга сафарбар этади. Нутқнинг муомала жараёнидан келиб чиқиб ёндашиш эвазига қимматли материаллар тўплаш мумкин ҳамда унинг негизида ҳар қайси мутахассисни нотиқлик санъатига ўргатиш кадрлар тайёрлаш сифатини оширишга муҳим ҳисса бўлиб қўшилади.   

 

                  3-боб. НУТҚ  СЎЗЛАШ  ҚОИДАЛАРИ

Нутқ сўзлашнинг асосий босқичлари ва принципи

Нотиқлик санъати фани Қадимги Грецияда вужудга келган. Ишонарли, чиройли, равон ва мароқли гапира олишни қадимги греклар жуда қадрланган. Улар риторикани (грек. Rhetorike) — жамоат олдида нутқ сўзлаш ёхуд нотиқлик саънати фанини яратдилар. Қадимги греклар нотиқлик билан боғлиқ муаммоларни оқилона ҳал қилганлар, масалан, стоиклар фалсафа тизимида мантиқ икки қисмга бўлинган: диалектика ва риторика. Қадимги Римда эса нотиқликка фан сифатида эмас, балки санъат сифатида қараганлар. Римликларда «элоквенция» (лат.Eloquentia) атамаси бўлган, бу атама нотиқлик санъати, яъни нотиқнинг тингловчиларга таъсир ўтказиш орқали ўз мақсадига эришиш маъносини англатади.  Жамоат олдида нутқ сўзлаганда фан ва санъат уйғун ҳолда бирлашиши ғояси турли фалсафий назариялар тарихида кўзга ташланади. Ўрта асрлар схоластик фалсафасида еттита эркин санъат бўлган: грамматика, риторика, диалектика, арифметика, геометрия, астрономия ва мусиқа. Чиройли ва ишонарли сўзлай олишни ўргатишга турли университет, лицей ва коллежларда алоҳида эътибор қаратилган.

Ҳозирги вақтда нотиқлик қобилияти турли касб соҳаларида юқори баҳоланади, у мансаб поғоналаридан юқори кўтарилишда муҳим ўрин эгаллайди. Ходимнинг ташкилотда тутган ўрни, мақоми ўз ғоялари ва таклифларини қандай тақдим эта олиши, самарали оғзаки маърузаси,  саволларга тўлиқ жавоб бера олишига боғлиқдир. Нутқ сўзлашга нотиқлик маҳоратига эгалик сирларини ўзлаштириш турли соҳа ходимлари фаолиятида муҳим аҳамият касб этади. Нотиқлик санъати кўникмаларини шакллантириш учун доимий тинимсиз меҳнат, машқ ва ўзини таҳлил қила олиш талаб этилади.

Нотиқ нутқ сўзлар экан муҳокама этилаётган муаммога тингловчилар қизиқишини уйғотиши, улар феъл-атворига таъсир кўрсата олиши лозим. Жамоа олдидаги маъруза — шаклан монолог, моҳиятан эса — диалог. Агар диалогда суҳбатдошнинг муносабати аниқ ифодаланса, жамоатчилик олдида чиқиш қилганда эса улар муносабатини тингловчиларнинг ўзини тутиши, имо-ишораси, луқма ташлаши ва кўз ифодасидан тушуниб олиши мумкин. Буни нутқ сўзлаш жараёни билан бир пайтда бажариш керак, матннинг ташкилий-услубий яхлитлигини сақлаш учун нутқ сўзловчи нутқнинг бошидан охиригача тингловчининг эътиборини тортиб туриши лозим.

Омма олдида сўзлаш– нутқнинг оғзаки шакли. Жамоатчилик олдидаги нутқнинг ўзига хос хусусияти шундаки, у жонли мулоқот жараёнида амалга ошади. Унинг яна бир муҳим хусусияти шундаки, оғзаки нутқда фикр нафақат сўзлар ёрдамида, балки овознинг тембри, оҳанг кучи, мантиқий урғу тўхталар тизими, юз ва қўл ҳаракатлари орқали имо-ишо ёрдамида ҳам ифодаланади. Ҳиссиётларга берилиш ва ақл-заковатга таяниб иш юритиш  инсон табиати учун хос бўлиб, унинг тили ва атроф муҳитида акс этади. Ўртага қўйилган масаланинг исботи учун ҳужжатлар, далиллар, аргументларйиғиш жараёнида фақат тингловчилар онгига таъсир кўрсатишнигина ўйламай, балки улар қалбига ҳис-туйғулар ёрдамида йўл топишга эришмоқ лозим. Бунда нотиқнинг умумий интеллектуал, маданий ва эмоционал тайёргарлиги, бундан ташқари қайсидир маънода нафақат маърузачи, балки кўпчилик билан ишлайдиган, кишиларни тарбиялайдиган, уларни ишонтирадиган ҳар қандай кишига зарур бўлган педагогик ва актёрлик маълумотлари жуда катта роль ўйнайди.

Қадимги даврдаёқ нотиқлар фикрни тилга кўчириш йўлларини ўрганиб чиқиб, мазкур жараённи амалга ошириш қоидаларини яратдилар. Антик даврда риторика ривожланган классик давр бўлиб, бу даврда ишлаб чиқилган қоидалар классик риторика қонун-қоидалари дейилади. Бу қонун-қоидаларга кўра нотиқ ўз мақсадига эришиши учун қуйидаги 5 та босқични босиб ўтиши керак:

I босқич – инвенция (лат.invention – ихтиро) – мавзуга оид материал топиш. Бу босқичда сўзловчи бўлажак нутқнинг умумий режасини яратади, гапирадиган нарсасини ўйлайди, мавзугаоид асосий маълумотларни ажратади, зарур материалларни тўплайди ва тизимга солади, ўз фикрини исботлаш усулларини танлайди.

II босқич – диспозиция (лат. dispositio – жойлашиш) – тўпланган маълумотларни тегишли тартибда жойлаштириш. Бу босқичда сўзловчи фикрларнинг кетма-кетлигини тартибга солади, режа тузади, маърузани қандай бошлаш ва тугатишнибелгилаб олади.

III босқич – элокуция (лат. elocutio – сўздаги ифода) – матнга бадиий ишлов бериш. Бу босқичда нотиқ ўз фикрларини аниқ сўзлар ва гаплар орқали ифодалар экан,уларнинг нафақат тўғрилиги, аниқлиги, ўз ўрнида ишлатилишига, балки нутқни бадий тасвир воситалари билан бойитишига ҳам эътибор қаратади.

IV босқич – меморио (лат. memorio – эслаб қолиш) – нутқни эслаб қолиш ва сўзлашга тайёргарлик кўриш. Бу босқичда воиз матнни сўзлаш учун тайёрлайди, ёрдамчи усулларни танлайди, матнни эслаб қолади ва машқ қилади.

V босқич – акцио (лат. actio – амалга ошириш) – нутқ сўзлаш. Сўнгги босқичда нотиқ тингловчилар билан мулоқоти чоғида барча тайёрлаган усуллари ва мимика, имо-ишоралардан фойдаланган ҳолда нутқни ижро этади, тингловчилар билан мустаҳкам алоқани ўрнатади[5].

Нотиқлик маҳоратини такомиллаштириш узоқ давом этувчи, машаққатли меҳнат талаб этади. Турли аудиторияларда сўзлай оладиган машҳур  нотиқлар нутқидаги равонлик, бу уларнинг доимий улкан меҳнатлари самарасидир.

А.Ф.Кони таъкидлаганидек, “тайёргарлик жараёни қанчалик пухта бўлса, нотиқнинг ўзига ишончи шунчалик юқори бўлади”[6]. Нутққа қанчалик пухта ва кўп тайёрланилса, ҳаяжон шунчалик кам бўлади.

Нутқни эркин ифодалай олиш ва унинг ишонарлилиги яъни нутқнинг умумий стратегиясини ишлаб чиқиш деб ном олган хатти-ҳаракатлар мажмуига сўзловчининг умумий тайёргарлигига, унинг маданиятига ҳамда бўлғуси нутққа қанчалик пухта, жиддий тайёргарлик кўрилганлигигабоғлиқ.

 

Нутқ сўзлашдан кўзланувчи мақсад вариантлари:

·     тингловчиларга маълумот бериш – мавзуга оид далилларни баён қилиш орқали тингловчиларда муаммога нисбатан қизиқиш уйғотиш;

·     билдирилган фикр-мулоҳазаларга нисбатан тингловчилар муносабатини шакллантириш;

·     нотиқ ва тингловчиларнинг муаммони бир хил тушунишига эришиш;

·     муайян ҳаракатларга ундаш;

·     тингловчилар ишончини қозониш. Ишонч тингловчиларнинг нотиқни қай даражада билимдон, ростгўй, жозибали инсон сифатида қабул қилишининг кўрсаткичидир;

·     тингловчилар вақтини кўнгилли ва вақтичоғлик билан ўтказиш.

Ҳар қандай мулоҳазани бошланғич қисм – кириш, ўрта қисм – исботлаш ва– хулоса – якуний қисмларга қатъий ажратиш зарурми? Мумтоз нотиқлик санъати назариясида нутқ қуйидаги тўртта асосий қисмга ажратилган: кириш, мавзуни баён қилиш, исботлаш ёки ишлаб чиқиш ҳамда хулоса. Риториканинг “жойлашув тўғрисидаги таълимот[7] деб аталган қисми нутқнинг композицион тузилишини ўргатади:

I. Нутқнинг бошланғич қисмида.

·     Мавзунинг предметига мурожаат қилишдан бошланади.

·     Воқеа санасидан (кун, йилдан ...) бошланади.

·     Воқеа жойидан бошланади.

·     Тасодифий мисоллардан бошланади, сўнгра аста-секин диққат-эътибор асосий мавзугакўчирилади.

II. Ўрта қисм учун.

·     Нутқнинг қисмлари, бўлаклари тингловчилар қизиқишини орттириб бориш тартибига жойлаштирилади.

·     Бир-биридан ўзи ажралиб турган ҳар бир фикр ёки тасвирни аралаштирманг.Уларни янги гап ёки янги қатордан бошлаш (оғзаки нутқда тўхтам) билан ажратинг.

·     Айни бир нарсани, бошқача тарзда бўлса-да, такрорламанг.

·     Маълумотларнинг тўғрилигига зарар етказмаслик учун ортиқча тафсилотларга берилманг.

III. Нутқ якуний қисми.

·     Мавзуни шахсий ҳис-ҳаяжон, самимий тилаклар билан мурожаат қилган ҳолда баён этинг.

·     Асосий фикр унга зид бўлган мисол билан очилиб, охир-оқибатда яна дастлабки фикрга қайтилади.

·     Нутқни ниҳоятда мароқли, ахлоқ-одобга ундовчи чуқур маъноли ва ҳайратда қолдирувчи ҳақиқат билан якунлаш лозим.

 

Нутқнинг композицион тузилиши. Нутқ, одатда, уч қисмдан иборат композицияга эга:

·     кириш;

·     асосий қисм – энг катта ҳажмдаги блок бўлиб, маърузанинг 60 фоизиниташкил этади;

·     хулоса.

Кириш ва хулоса ҳажми жиҳатидан тенг ҳамда ҳар бирига ажратилган вақтнинг 20 фоизи ташкил этади.

Нутқнингбошланиши. Нутқ нотиқнингаудиторияда пайдо бўлишидан бошланади. Нотиқнинг ташқи кўриниши, ўзини тутиши, кийими ҳам нотиқ нутқига ижобий ёки салбий таъсир кўрсатади. Нотиқ тингловчиларга назар ташлайди, улар эса нотиқни ўрганадилар. Дастлабки 90 сониядаёқ нотиқ билан тингловчиларўртасидаги муносабатлар қандай бўлиши аён бўлади. Тингловчиларга табассум билан боқинг! Нафақат ташқи қиёфангиз билан, балки биринчи жумланинг ўзидаёқ уларнинг диққат-эътиборини ўзингизга қаратинг. Аудиторияни жалб қилиш учун ўзига хос нотиқлик усулидан фойдаланиб, тингловчилар диққат-эътиборини усталик билан эгаллаб олиш лозим.

Асосий қисм –нутқнинг энг муҳим қисми бўлиб, унда нотиқ ўз фикр ва ғояларини  далил-исбот орқали баён этади. Нотиқ нутқининг самараси у буни қандай уддалашига боғлиқ. Нотиқ ўз нуқтаи назарини тушунтириб беради, яъни уни исботлайди, келтиради. Далиллар – асосий ғояни, тезисни қўллаб-қувватлаш учун келтириладиган исботдир. Тезисни тасдиқлаши мумкин бўлган барча фактлар, мисоллар, фикрлар, тушунтиришлар, далил-исбот бўла олади. Хулоса бошқача шаклда баён этилган тезисдир. Қандай мулоҳаза юритиш лозим? Нима учун? деган савол ёрдамида тезисдан далил-исботларга ўтиш мумкин. Далил-исботлар эса: чунки..., ... шунинг учун ёрдамида бошланади. Далил-исботлардан кейин “Бундан нима келиб чиқади?” деган савол ёрдамида хулоса шакллантирилади.

Аудиториянинг диққат-эътибори. Тингловчиларнинг диққати нутқнинг 15, 30 ва 45-дақиқасига келиб пасайишини ёдда сақлаш зарур. Ушбу дақиқаларда тингловчиларга бироз дам бериш зарур. Нутқда озгина тўхтам қилиб, янги мавзуга ўтиш, ҳазил-мутойиба қилиш, назариядан амалиётга ўтиш, деразани очиб қўйишни илтимос қилиш мумкин, қисқаси, тингловчилардам олаётганликларини ҳис қилишлари лозим. 45 дақиқадан кейин катта тўхтам қилиш ёки танаффусга чиқиш зарур. Шу сабабли нутқ 10-15 дақиқа давом этса, мақсадга мувофиқдир. Энг мақбули ўн дақиқалик нутқ, чунки тингловчилар бутун диққат-эътибори шу вақт ичида нутққа қаратилади ва яна бироз вақт ортиб ҳам қолади.

Нутқни якунлаш. Аудитория нутқ ниҳоясига етгандан кейин олинган ахборотни қандай ишлатишни аниқ билса, нутқ муваффақиятли ҳисобланади. Тингловчилар бундан буён қандай йўл тутишлари яхши тушунишлари керак. Нотиқ хулосанинг қуйидаги икки функциясини ёдда сақлаши зарур:

·                   асосий ғоя тингловчилар ёдига солиниши;

·                   ушбу маълумотлардан қандай фойдаланиш лозимлигини тушунтириш;

·                   ҳар қандай ҳатто, танқидий нутқ ҳам оптимистик руҳда тугалланиши керак.

 

Нутқ хулосаси ва уни якунлаш турлари

1. Резюме – нутқнинг асосий ғоялари бўйича қисқача хулосаси. Моҳир нотиқлар нутқнинг биринчи мақсадига эришиш учун резюмедан кўпинча ўз нутқини якунлаш олдидан аудиторияга баён этилган фикрларни қайта ёдга солишда фойдаланадилар. Тажрибали маърузачилар ўз резюмесини кўпинча нутқнинг иккинчи мақсадига ҳам эришиш имконини берадиган маълумот билан мустаҳкамлайдилар, шунингдек, тингловчилар нутқнинг асосий ғояларини эслаб қолишлари учун сўзларини такрорлайдилар. Қуйидаги хулосалар турларидан резюмега қўшимча сифатида фойдаланиш мумкин.

2. Ривоят, ҳикоя ёки латифалардан – ахборот берувчи нутқларда самарали фойдаланилади.

3. Ҳаракатга ундаш – тингловчиларнинг ишонтиришга қаратилган нутқни якунлашнинг кенг тарқалган усулидир. Даъват нотиқ аудиторияни ундаётган хулқ-атворни таърифлайди.

4. Эмоционал таъсир кўрсатиш. Тингловчиларга эмоциоанл таъсир кўрсатиладиган нутқ хулосаси уларда кучли таассурот қолдиради. Бундай усулдан кўпинча аудиторияни бирор нарсага ишонтириш ёки ишончни мустаҳкамлаш ёки ўзгартириш мотивацияни шакллантириш мақсадида фойдаланилади.

Нутқ тузилиш қисқача қуйидагича бўлиши мумкин:

Кириш.

1. Саволлар,саволлар серияси.

2. Мавзуга мос цитата келтириш.

3. Кўргазмали қурол.

4. Ҳайратга солувчи факт.

5. Мавзуга мос келувчи ривоят, латифа.

6.  Шокка тушириш техникаси.

7. Детектив ва реал ҳужжатлар тўпламидан фойдаланиш.

Асосий қисм. 

Тезислар хронологик, тематик тартибда қуйидаги категориялар бўйича баён этилади: муаммо − муаммони ҳал қилиш, олий мақсад –реал воқелик, хусусиятлар − фойдалар, мақсад − унга эришиш режаси,  устуворликлар − йўқотишлар, муваффақият баҳоси − хавф-хатар, таққослаш – қарама-қаршилик контраст.

Хулоса.

1. Биринчи жумлани такрорлаш.

2. Қисқа резюме, нотиқ ўзи ёқтирадиган фикрини келтириш.

3. Ҳаракатга ундаш.

4. Тингловчиларни мақташ.

5. Ўринли цитата, ривоят келтириш.

6. Охири тугалланмаган нутқ.

         Мулоқот олиб бориш қоидалари асоси ҳисобланувчи принциплар А.К.Михальская томонидан қайд этилган нотиқлик санъати назарияси қонунларида ўз ифодасини топади. Улар қуйидагилар:

         Нутқни диалоглаштириш қонуни ҳатто монологда ҳам бўлиши керак. Бу қонун аудитория, жамоага тез-тез мурожаат қилиш,савол-жавобдан фойдаланиш, аввалги нутққа, тингловчиларунинг сўзларига берган эътиборига ҳавола шаклида намоён бўлади.

         Нутқ мазмун-моҳиятининг адресат қизиқишлари ва ҳаёти билан боғлиқлиги қонуни.Бу қонун ушбу инсон ёки унинг қариндошлари ёки танишлари ҳаётидан, муайян шаҳар ёки туман ҳаётидан мисоллар келтириш, бевосита адресат тажрибасига мурожаат этишда намоён бўлади.

         Нутқнинг аниқлиги қонуни.Унда, албатта, аниқ мисоллар,образлардан фойдаланиш шарт.

         Нутқнинг бошидан охирига қадар мавзуларни алмаштириш ёки бир мавзунинг турли қирраларини кўриб чиқиш, – энг асосийси,бир жойда тўхтаб қолмаслик, балки оғишмай мақсад сари ҳаракат қилиш қонуни. 

         Эстетик завқ олиш қонунига кўра,нотиқ ўзи бошидан кечирганларни  ишонарли тарзда баён этиши, бу билан тингловчини бефарқ қолдирмаслиги мумкин.

         Эстетик завқ олиш қонунига кўра, нотиқ тингловчига шодлик бахш этиб, чиройли нутқи билан мулоқот жараёнини тингловчи  учун ёқимли қилиш билан нутқ самарасини оширади.

         Ушбу барча қонунлар ва тавсиялар бир-бирига зид эмас, балки омма билан мулоқот қилишнинг турли жиҳатларига оид қоидаларни тушунишга ёрдам беради.[8]

Шундай қилиб, нутқнинг энг мақбул композициясини танлаш ва далил маърузада жойлашиши кетма-кетлигини белгилаш жараёнида нутқнинг таъсирчанлиги, ишончарлигига эришиши учун ишонч ва аниқ-равшан фактларни тўплаш, маърузадаги маълумотларни мантиқан тўғри жойлаштириш ҳамда оғзаки нутқни қабул қилиш психологик омилларини ҳисобга олиш лозим бўлади.

 

Тақдимот маросимидаги нутқ жамоат олдидаги нутқнинг турларидан бири бўлиб, қуйидаги муайян принциплар асосида тайёрланади:

1. Қисқалик принципи. Одатда, тақдимот маросимидаги нутқ 10-15 дақиқага нутққа мўлжаллаб тайёрланади. Шунингдек, нутқ ҳажми нутқнинг асосий мавзуини очиббериш учун етарли бўлиши лозим.

2. Изчиллик принципи. Нутқнинг барча кичик мавзулари асосий мавзуидан келиб чиқиши керак. Нутқнинг барча қисмлари мантиқан бир-бири билан ўзаро боғлиқ бўлиши лозим.

3. Мақсадга йўналганлик принципи. Нутқ аниқ мантиққа бўйсуниши керак. Нотиқ ва тингловчилар нутқнинг йўналишини, унинг мантиқий тузилмасини қуйидаги тартибга мос келишини англаб етишлари керак:

Муаммо —> мавзу —>тезис —> далил-исботлар.

Тезис –нутқнинг асоси, далиллар эса – асосий ғояни қўллаб-қувватлаш учун келтириладиган исботлар.

4. Нутқ таъсирини кучайтириш принципи. Нутқнинг тингловчига кўрсатадиган таъсири нутқнинг бошидан охиригача кучайиб бориши лозим. Бунинг учун маълумотларни аҳамиятига кўра, сўз ва интонация воситалари ёрдамида жойлаштирилиши нутқнинг кўзланган мақсадга эришиш йўлидаги жўшқинлиги кучайтиришга хизмат қилади.

5. Самарадорлик принципи. Нутқ якунида тингловчиларни маълум хулоса чиқаришга, ҳаракатга ундовчи даъват, тавсияларга эга бўлиши керак. Хулоса ёки даъват ихчам, эсда қолувчи сўзлар билан таърифланиши керак.

Жамоат олдида сўзланадиган нутқни тайёрлашнинг баён қилинган қоидалари нутқ композицияларида аксини топиши керак.

Нутқнинг интонацион ифодаси устида ишлашнинг мураккаблиги шундаки, нотиқ ўз нутқини ўқимайди, балки сўзлайди, яратади. Варақдан ўқиб беришга асосланувчи интонацион ифодалилик бўйича машқлар тизимига қуйидагилар киради:

·                         матнни тушуниш – уни мазмунига кўра бўлакларга ажратиш. Ҳар бир бўлак ўз интонациясига эга бўлади; 

·                        матнинг ҳар бир бўлагига мос келувчи тепм ва ритмни аниқлаш устида ишлаш;

·                         мантиқий ва психологик тўхтам ҳамда урғуларни қўйиб чиқиш;

·                         ҳар бир бўлак ҳамда бутун матнга мос келувчи оҳанг ва тембрни белгилаш.

Нутқнинг интонацияси қанчалик табиий бўлса, аудитория жўшқинлигига сабаб бўлиб, нутқнинг самарали бўлишига хизмат қилади.

 

Нутқ сўзлашнинг умумий қоидалари

 

Нотиқлик санъати назариясида жамоат олдида нутқ сўзлашнинг умумий қоидалари – турли жанрдаги нутқни тайёрлаш учун қўлланиладиган қоидалар. Улар қуйидагилар:

Нутқни қатъийлик билан бошлаш. Биринчи жумлани аввалдан пухта ўйлаб, яхши ёдлаб олишлозим. Биринчи жумланаданоқ тутилиб сўзловчи нотиқни тингловчилар дарҳол қатъиятсиз, малакасиз нотиққа чиқарадилар. Биринчи жумла аниқ ва тушунарли бўлиши керак.

Драматизм – нутқ жараёнида бирор ноодатий ёки фожеали воқеа-ҳодисалар ҳақида сўз борганда, турли фикрлар баҳслашуви, қарашлар тўқнашганда кескинлик юзага келади.

Ҳиссиётга ўта берилмаслик. Эмоционаллик нотиқ учун жуда муҳим. Тингловчилар нотиқнинг ўз нутқига бефарқ эмаслигини ҳис этишлари лозим. Бир хил оҳангда нутқ сўзлаб бўлмайди. Бироқ нотиқ ортиқча ҳиссиётга берилмаслиги, меъёрга риоя этиши керак, яхшиси, тингловчиларни ҳаяжонга солувчи фактларни келтириш маъқул бўлади.

Лўнда сўзлаш. Нутқ ҳажми унга ажратилган вақтга мос бўлиши лозим. Қисқа нутқ кўпчилик тингловчилар учун энг мақбул нутқ деб ҳисобланади.

Диалогдан фойдаланиш. Нутқ жараёнида нотиқ фақат ўзи сўзламасдан аудиторияга саволлар бериши, жавобларни тинглаши ва аудиториядаги муҳитга эътибор бериши керак. Ҳар бир нутқда суҳбат элементлари бўлиши лозим.

Сўзлашув услубига асосланганлик. Нутқнинг услуби, асосан, оғзаки нутқ усулига таяниши, нутқнинг ўзи эса бемалол суҳбатлашиш хусусиятини касб этиши керак. Аудиторияга бир суҳбатдошдек мурожаат қилинг. Атамалар, китобий сўзлар, хорижий сўзларни кўп ишлатманг. Тушунарли, содда тилда гапириш лозим –бу ҳам сўзлашувнинг талабидир. Оғзаки нутққа оид сўзлардан, ҳазил-мутойибадан ўз меъёрида фойдаланиш мумкин.

Аудитория билан алоқа ўрнатиш ва уни сақлаш – нутқ жараёнида тингловчиларни кузатиш ва шунга мос равишда ўз нутқни ўзгартириш, самимийлик билан саволларга жавоб беришга, диалогга тайёр эканлигизни намойиш этинг.

Нутқни якунлаш. Нутқнинг якуни ҳам унинг боши каби пухта ўйланган, қисқа, аниқ ва тушунарли бўлиши лозим. Якуний  жумлани бехато, тутилмасдан ифодалаш лозим. Мазкур жумлани аудитория нутқ якунлаётганини яхши тушуниши учун, ҳиссиёт билан, шошмасдан, баланд овозда ифода этиши зарур.

Жамоат олдида нутқ сўзлашга тайёргарлик кўришда тўртта асосий қоидани билиш муҳим:

1-қоида: “Сизнинг фикру-зикрингиз ғояларга, қалбингиз эса ҳаяжонга тўла бўлиши керак”.

2-қоида: Қадимги Рим нотиғи Квинтилиан муваффақиятли нутқ сирини очди: “Масала нима ҳақида гапирилаётганлигида эмас, балки қандай гапирилаётганидадир”.

3-қоида: Француз ижтимоий психологи Гюстав Лебон яхши нутқнинг тўрт жиҳатини очиб берган:

Т – такрорлаш;

Т – тасдиқлаш;

Ҳ – ҳиссиётларни «юқтириш»;

Т – нотиқнинг жозибаси, ўзига торта олиши.

4-қоида: “Элоквенция – тўртта “Э” санъати”:

·                   Экспрессия (таъсирчанлик);

·                   Энергия (куч-ғайрат);

·                   Энтузиазм (завқ-шавқ);

·                   Эмоция (ҳис-ҳаяжон)[9].

 

Нотиқнинг ўзига хос услуби ва ташқи кўриниши.

Нутқ услубининг ўзига хос хусусиятлари:

1)    аудитория билан алоқа ўрнатиш ва уни ҳис этиш. Ҳозир бўлганлар ва нотиқ ўртасида кўз контактининг ўрнатилиши, аудиториянинг эмоционал ҳолатини ҳис қилиш ва улар ишончини қозониш;

2)    нутқнинг оддийлиги ва тушунарлилиги;

3)    аудитория билан эркин мулоқот қилиш, ўзини эркин тутиш, табиий равишда фикр билдириш қобилияти;

4)    энг муҳим сўзларга урғу бериш, номуҳим сўзларни уларга бўйсундириш;

5)    овоз оҳангини ўзгартириш–гоҳ баланд, гоҳ паст овозда гапириб, овоз тембрини ўзгартириш;

6)    нутқ темпини ўзгартириш–гоҳ тез, гоҳ секин сўзлаш;

7)    муҳим фикрлардан олдин ва улардан кейин тўхтам қилиш;

8)    нутққа салбий таъсир қилувчи паразит сўзлардан фойдаланмаслик.

 

Нотиқнинг ташқи кўриниши ва хулқ-атвори

·   кийиниши– яхши озода кийим нутққа дадиллик бахш этади, ўз кучига бўлган ишончи ва ўзига бўлган ҳурматини оширади. Ижтимоий-психологик тадқиқотлар натижасига кўра, инсон ташқи кўриниши ва кийиниши аъло даражада бўлганида муаммони ҳал қилиш ва муваффақиятга эришиш осон бўлар экан;

·   ёқимли табассум – нотиқнинг кайфияти бошқаларга ҳам таъсир қилади, “юқади”;

·   очиқ позалар ва табиий имо-ишоралар.

Нотиққа нисбатан аудиториянинг ижобий муносабати шаклланишининг бир нечта усуллари мавжуд. Энг аввало, нотиқ аудитория ишончини қозониши лозим. Аудитория нотиқни билимдон ва тажрибали инсон деб қабул қилиши учун қуйидаги усулларни қўллаш мумкин:

·       аудитория олдида нутққа яхши тайёргарлик кўриб ҳозир бўлиши;

·       нотиқ аудиторияга кўплаб яхши мисоллари,  мавзуга оид суратлари ва ўз шахсий тажрибасидан мос келувчи воқеалар борлигини намойиш этиши лозим;

·       мавзуга бевосита алоқадор эканлигини кўрсатиш бунинг билими теранлигининг эътироф этилиши билан бирга, нутқ мавзусининг амалий жиҳатларини тушуниш ва шахсий манфаатдорлик эътироф этилишини таъминлайди.

 

Нотиқнинг аудитория ишончини қозонишига кўмаклашувчи усуллар:

1. Ишонч билан сўзлаш ва бир нуқтага тикилмасдан вақти-вақти билан тингловчиларга улар кўзига боққан ҳолда мурожаат этиш.

2. Ўзи ва аудитория ўртасидаги умумийликка урғу бериш. Тингловчилар нотиққа ўз сафдошларидан бири сифатида қарасалар, уларга таъсир кўрсатиш, уларда нутқнинг мотивлари тўғрисида ва шахснинг позитив сифатлари тасаввур уйғотиш шунча осон бўлади. Тингловчилар нотиқ билан ўзлари ўртасида ката фарқ кўрсалар, нотиқнинг улар ишончини қозониши шунчалик қийин бўлади. Нотиқни аудитория билан боғловчи «кўприклар» қанчалик кўп бўлса улар ўртасидаги ишонч шунчалик ошади.

3. Ўзининг маънавий-ахлоқий фазилатларини намоён этиш, чунки тингловчилар нотиққа унинг маънавий-ахлоқий фазилатлари тўғрисида олинган тасаввурлар асосида баҳо берадилар. Нотиқ нутқ сўзлаш жараёнида ўзини ҳалол, меҳнаткаш, ахлоқий жиҳатдан кучли инсон сифатида кўрсатиб,тингловчилар ишончини қозониши мумкин. Одатда, одамлар бирор-бир ғоя ёки ҳуқуқларни ўз шахсий манфаатларидан устун қўювчиларни самимий инсон сифатида қабул қиладилар.

4. Нотиқ ўз билимларини етказишдан, тингловчиларнинг бахт-саодатга эришишидан ўзининг чин қалбдан манфаатдорлигига урғу бериш. Агар тингловчилар нотиқ уларни манипуляция қилишга уринмаётганлигига ишончи комил бўлса, ишонч ўрнатилади.

5. Дастлаб нотиқ сифатида тингловчиларда ижобий таассуротни шакллантириш лозим. Шароитга мос равишда кийиниш, самимий ва жозибали бўлиш. Ёқимли табассум ва овоздаги хайрихоҳлик, тингловчиларнинг баён этилаётган ғояларни қизиқиш билан қабул қилиши ҳамда самимий муҳит яратилишига ёрдам беради.

 

 

3- боб. ФИКРНИ БАЁН ҚИЛИШ УСУЛЛАРИ

 

Тил – маълум кишилар жамоаси аъзоларининг мулоқоти учун муҳим ва асосий восита ҳисобланган ўзига хос белгилар системаларидан бири бўлиб, жамиятда тафаккурнинг ривожланиши учун, маданий тарихий анъаналарни авлоддан-авлодга етказиш учун хизмат қилади.

  Нутқ – ифодаланган маълумот талабига мос ҳолда тил қоидалари асосида тузилган тил белгиларининг тартибидир.

  Матн – у ёки бу ҳолда тугалланган мазмун ва нутқнинг бирлигини ўзида шакллантирган ҳамда ифодаланган оғзаки ёки ёзма асарга айтилади.

 

Фикрни оғзаки баён этиш

 

Фикр суҳбат, муҳокама, мунозара шаклидаги нутқий фаолиятлар давомида оғзаки баён қилинади

  Суҳбат. Маълум бир мавзу юзасидан диалог ёки полилог тарзида икки ёки бир неча киши ўртасида бўлиб ўтган нутқий мулоқот суҳбат дейилади. Суҳбатнинг ўзига хос хусусияти шундаки, суҳбатдошлар ўзларига ноаниқ нарсалар юзасидан бир-бирларига савол берадилар, берилган саволларга жавоб қайтарадилар. Бу хусусияти билан суҳбат маърузадан фарқ қилади. Маъруза маълум мавзу юзасидан нотиқнинг малоҳазалари баёнидан иборат бўлади. Маъруза тугагунча нотиққа ҳеч ким савол бермаганидек, у ҳам тингловчиларга бирор масала юзасидан савол ташламайди. Маъруза орасида тингловчилар нотиқ фикрларини тўлдирмайдилар. Суҳбат бирдан ортиқ кишиларнинг эркин сўзлашувидан ҳосил бўлади.

Суҳбат олдига қўйиладиган талаблар:

- мавзудан четга чиқмаслик

 -саволларга аниқ, қисқа, тўла жавоб бериш.

 -жавоб бериш жараёнида саволнинг аҳамиятига эътибор бериш, далил ва мисолларнинг ишонарли бўлишини таъминлаш.

- суҳбат жараёнида тингловчилар ҳолати, вақти қизиқишлари, мавзунинг долзарблигини ҳисобга олиш.

- суҳбатда камтарлик, хушмуомалалик талабларига жавоб бериш.

- суҳбат давомида нутқнинг ифодалилик, таъсирчанлик, мантиқийлик, тўғрилик, софлик каби хусусиятлари талабларига риоя қилиш.

         Муҳокама – маълум бир масала юзасидан кўпчиликнинг фикрини тўплашни, маълум тўхтамларга келишни англатади. Муҳокамада баҳс предметининг ҳамма томонларига назар ташланади, ҳар бир иштирокчи ўзининг эркин фикрларини ўртага ташлайди. Мавзу иштирокчиларининг турли ҳажмдаги диалоглари, монологлари асосида ёритилади. Муҳокамада фикрни оғзаки баён этишнинг ҳар хил усулларидан фойдаланилади.

- муҳокама нутқи олдига қўйилган т а л а б л а р:

- муҳокама мавзуидан четга чиқмаслик.

- фикрни ихчам, сода, таъсирли қилиб ифодалаш.

- ортиқча лирик чекинишларга берилмаслик.

- фикрга мос далил ва исботларни аниқ, лўнда қилиб келтириш.

- бошқалар билдирган фикрларни такрорламаслик.

- фикрни ифодалаш давомида ўзгалар фикрига ҳурмат билан қараш, ўринсиз билдирилган фикрларни киши шахсига тегмасдан инкор этиш.

- фикрни баён қилиш давомида ҳаяжонланмаслик. Ўзини оғир тутиш.

         Мунозара – бирор масала юзасидан тарафларнинг баҳсини, тортишувини англатади. Баҳс жараёнида ҳар бир иштирокчи ўзининг ҳақ эканлигини исботлашга интилади.

Мунозарада сўзланадиган нутқ мавзу мазмунини очувчи далилларга эга, ҳаяжонли, тингловчиларни қизиқтирадиган ва муҳокамага тортадиган бўлмоғи лозим. Нутқда сўзловчининг ички туйғулари ҳам акс этади. Ўқувчиларни мунозара қилиш масаласига ва одобига ўргатиб бориш лозим. Мунозарада нотиқ ўзини вазмин тутади, суҳбатдошини ҳурмат қилади, унинг шахсига тегадиган сўзлардан фойдаланмайди.

Мунозарада қатнашувчи олдига қуйидаги  талаблар қўйилади:

1.     Мунозара бўладиган мавзуни тўғри тушуниш.

2.                Ўз фикрларини қувватлайдиган ашъёвий ва мантиқий далиллар топа билиш ҳамда уларни тил орқали тўғри ифодалай олиш.

3.     Келтирилган далиллардан мантиқий хулосалар чиқара билиш.

4.     Нутқ шаклининг ихчам, қизиқарли бўлиши.

Бу талабларга жавоб бермайдиган нутқ тингловчиларга таъсир этмаганидек, нотиқнинг мунозарада ютиб чиқишига имкон ҳам яратмайди.

Маълумки, ҳар қандай оғзаки муҳокама ва мунозара бошқарувчисиз ўтмайди. Мактабда мунозарага ўқитувчи ёки билими бақувват ўқувчи раҳбарлик қилади. Мунозарани олиб борувчи шахс кенг билимли бўлишидан ташқари, одобли, сезгир, музокара иштирокчиларининг нутқларидан керакли нарсаларни ажрата оладиган, ҳар бир иштирокчининг тўғри ва нотўғри фикрларга изоҳ бера оладиган киши бўлиши керак.

Нотиқона сўзлаш. Айтилаётган фикрнинг тингловчига етиб бориши ва унинг хулқига таъсир этишни нотиқнинг сўзлаш маҳоратига боғлиқдир. Оддий гаплашувдан нотиқона нутқнинг фарқи шундаки, нотиқ ҳар бир айтилаётган сўзга, гапга, сўз боғламаларига алоҳида муносабатда бўлади. Ўз фикрларини қандай “либос”да тақдим этаётганлиги билан қизиқади. Сўзланганда турли оҳанг ва ҳаракатлардан фойдаланади – қўл, гавда, бошнинг тасдиқ ёки инкорни билдирувчи ҳаракати, имо-ишоралар билан аудиторияга юзланиб туради. “Шундай эмасми?” “Тўғри-да” каби луқмалар орқали тингловчиларга ундалади. Риторик сўроқ гаплар, тайёр жумлалардан, мақол, матал, ҳикматли сўзлар, гаплар (афоризм) кабилардан фойдаланади. Бу ҳаракатлари билан нутқ давомида тингловчилар билан боғланиб, уларнинг диққатини мавзуга тортиб туради.

Нотиқона нутқни мақсади ва хусусиятларига кўра ташвиқий, танқидий, табрик нутқларига ажратиш мумкин.

Ташвиқий нутқ деб, муаллиф кўзда тутган бирон воқеа-ҳодисани бажаришга тингловчиларни даъват этувчи, ундовчи нутққа айтилади. Нотиқ мавзуни далиллар асосида тингловчиларга ифодалаб беради. Уларни ишонтиришга интилади. Ташвиқий нутқда халқ ҳаётидан, тарихидан, одат, удумларидан олинган таниш далилларни келтириш ва бошқа мисолларга мурожаат этиш, нутқнинг таъсирчанлигини оширувчи барча воситалардан фойдаланиш яхши натижалар беради. Ташвиқий нутқнинг намунаси сифатида хассос шиор Ҳ.Олимжоннинг “Мен ўзбек халқи номидан сўзлайман!” – деб бошланган нутқини келтириш мумкин. Унда муаллиф ўзбек жангчиларини бирдамликка, қаҳрамонликка, даҳшатли бало-қазо урушида матонат кўрсатишга чақиришни мақсад қилиб қўйган. Бу мақсадни нотиқ ўзбек халқига хос бўлган энг яхши урф одатларни, хусусиятларни мантиқан бақувват, тузилишига кўра хаяжонли гапларда ифодалаш орқали юзага чиқаради. Хат бошидан-хат бошига ўтилган сари фикр янги-янги далиллар асосида ривожланиб, мукаммаллашиб боради.

Танқидий нутқ. Юз берган ҳодисалар, шахслар ҳатти-ҳаракатларига эътирозли муносабатда бўлувчи нутқ танқидий нутқ ҳисобланади. Танқидий нутқ ҳам кучли мантиқий мушоҳадаларга суянади. Нотиқ ишончли далиллар асосида нутқ манбаини танқид қилади.

Танқидий нутқ маданияти нотиқдан ўта ҳаяжонланиб кетмасликни, ҳақиқатдан четлашмасликни тақозо этади. Бундай нутққа танқид манбаи нарса, шахс ва ҳодисаларга менсимасдан қараш, шахсига тегиб кетадиган жумлалар ишлатиш, далилсиз баланд-парвоз гаплар айтиш нутқ маданиятини, умумий маданиятни эгалламаганликни кўрсатади.

Танқидий нутқ тузилиши жиҳатидан дарак, сўроқ, риторик сўроқ, хис-ҳаяжон гаплардан тузилади. Муаллиф ўз мухолифига нималарнидир уқтиради, киноя қилади, сўрайди. Қандайдир далилларни бир-бирига муқояса қилади. Шу усуллар заминида ўзининг хақлигини исботлайди.

Танқидий нутқда ҳам нотиқона бошқа кўринишларида бўлганидек, нутқнинг қурилиши, жозибадорлиги, оҳангдорлиги тингловчига таъсир этишнинг биринчи воситасидир.

Тингловчилар билан мулоқотда бўлиш маданияти нотиқдан хушмуомала, хушчақчақ бўлишни, турли хил юмор ва ҳазилларни, халқ латифаларини ўринли ишлатиш уқувини ўрганишни тақазо қилади. Бу усул нутқнинг яхши етиб боришини таъминлаш билан бирга, тингловчиларни зерикишдан сақлайди.

Табрик нутқи. Тўйларда, тантаналарда, юбилейларда, туғилган кунларда сўзланадиган нутқ табрик нутқидир. Табрик нутқи нутқ аталган шахс ва ҳодисаларнинг яхши ҳусусиятларини кўрсатишга, уларни мақташга қаратилган бўлади. Шунинг учун ҳам бу нутқ кўтаринки, тантанали руҳда сўзланади. Тил бойлигидан ҳам шунга мос фойдаланилади.

Табрик нутқида ҳам нотиқ турли далиллардан фойдаланади. Бу далиллар нутқ аталган шахснинг фазилатларини, яхши хулқини, инсонийлигини, халқ олдидаги хизматларини кўрсатишга қаратилади. Нотиқ далил сифатида унинг таржимаи ҳолидан, ижодидан, ишларидан, у ҳақидаги бошқалар билдирган фикрлардан парчалар келтириши мумкин. Кўринадики табрик нутқини хилма-хил сўзласа бўлади. Аммо ҳақиқатдан узоқлашмаган нутққина тингловчига қаратилган шахс ҳақида тўғри тасаввур беради ва таъсир этади.

Табрик нутқи ҳажм жиҳатидан ихчам, мазмунан бой бўлиб, тингловчининг вақтини кўп олмаслиги лозим. Табрик нутқи одатда нутқнинг тил воситаларига бой, шаклан қизиқарли бўлади. Табрик нутқига мисол қилиб шоир А.Ориповнинг “Теран қалб”, “Инсон туйғулар кўйчиси “Анингдек инсон бўл” асарларини кўрсатиш мумкин.

 

Нутқнинг ёзма шакллари

 

Фикрни ёзма баён қилиш баён, сайланма баён, конспект, аннотация, реферат, шарҳ, биография, автибиография, тавсифнома, интервью, маъруза, лекция, ҳисобот, мактуб, кундалик каби шакллардан иборат.

Конспект. Конспект баённинг кўринишларидан биридир. Конспект уч хил бўлади: тўлиқ конспект, қисқа конспект, тезисли конспект.

Бирор асарни конспектлаштирилганда қуйидаги тартибда иш кўрилади: аввал асар синчиклаб ўқиб чиқилади, мазмун англаб олинади ва кўчирма қилиш мўлжалланган парчаларга белгилар қўйиб чиқилади (таги чизилади ёки бошқа бир белги қўйилади). Конспектлаш бошланганда: а) муаллифнинг исми шарифи (фамилияси, исми, отасининг исми, тахаллуси); б) асарнинг номи, босилган шаҳри, йили; в) асарнинг мазмуни – конспект берилади; г) манбадан олинган парчаларнинг бети кўрсатилади. Лозим топилганда муаллифнинг айрим фикрларига муносабат билдирилади.

Тўлиқ конспектда матнниг мазмуни муаллиф фикрларига баъзан бир изоҳловчи гаплар қўшиш орқали кенг баён қилиб берилади. Кўп режали асарлар конспект қилинганда унда баён этилган ҳамма фикрлар изчил кўрсатилади. Бундай конспектни ўқиганда асар ҳақида етарли муълумотга эга бўлиш мумкин.

Қисқа конспектда матндаги энг муҳим деб ҳисобланган фикрлар баён этилади. Воқеаларнинг тафсилотлари берилмайди. Муаллиф ўз асарида, асосан нималар устида тўхталганлиги санаб ўтилади.

Тезисли конспект манбанинг асосий қоидалари энг муҳим фикрларни ажратиб олишдир. Тезис, одатда, илмий мақолалар, маърузаларнинг сиқиқ мазмунидир. Тезисда фикрлар кўпинча рақамлаб борилади. Тезиснинг ҳажми энг кўп деганда 1-4 варақдан ошмайди. Лекин бу қатъий чегара эмас. Баъзи сиёсий масалаларга бағишланган маърузаларнинг тезиси каттароқ ҳажмда ҳам бўлиши мумкин.

Сиқиқ хулоса (резюми). Сиқиқ хулоса маъруза ёки бошқа асарларда кенг ва атрофлича далиллар билан баён этилган фикрларнинг 3-4 гапли якунидир. Муаллиф резюмида кузатиш ва мушоҳадаларидан юзага келган тўхтамларнинг энг зарурларини кўрсатади.

Аннотация. Аннотация бадиий, илмий, методик асарларнинг муаллифи, мавзуси, манбаси, унда кўтарилган асосий масалани кўрсатишга қаратилган қисқа хабардир. Аннотация ўзининг кам сўзлиги, ҳажм жиҳатидан ниҳоятда кичиклиги билан бошқа турларидан ажралиб туради.

Отзыв (фикр). Сайланма баённинг яна бир тури отзывдир. У бадиий, илмий, методик ва бошқа асарларга берилган баҳодир. Отзыв, одатда, асарнинг яхши томонларини кўрсатишга қаратилган, унга “Оқ йўл” тилаган тарзда ёзилади. Бу жиҳатдан тақриз (рецензия)дан фарқ қилади. Рецензияда асар танқидий таҳлил этилади, шу нуқтаи назардан баҳоланади. Асарнинг ютуқлари ҳам, нуқсонлари ҳам кўрсатилади. Тақризчи ўзининг даъволарини турли далиллар асосида исботлай боради, асарга илмий изоҳлар беради.

Отзыв кўпинча асарларни ҳимояга, нашрга тавсия этиш, асар муаллифини қувватлаш мақсадида ёзилади. Шунинг учун унда асарнинг камчиликлари устида деярли сўзланмайди. Манбадан олинган парчалар ҳам унинг ижобий томонларини кўрсатишга қаратилган бўлади.

Аммо отзывда ҳам, рецензияда ҳам уларни ёзиш одоби холисликни, ҳақиқатдан четлашмасликни талаб этади. Тақриз қилинаётган асарнинг ютуқ ва камчиликлари, назарий ва амалий аҳамияти хаққоний кўрсатилиши лозим. Асарга баҳо беришда муаллифнинг шахсияти, обрўси эмас, балки унинг (асарнинг) хусусиятлари, аҳамияти кўзда тутилади.

Реферат. Бирор илмий, методик, педагогик мавзудаги асарнинг қисқача мазмуни ҳақидаги баён (ёзма маъруза) реферат ҳисобланади. Реферат муаллифнинг ўз асари ҳақида бўлса автореферат дейилади. Авторефератда асарнинг қисқача мазмуни, янгиликлари, методик усуллари, илмий қурилиши, фойдаланилган адабиётлари устида фикр юритилади. Амалда илмий ва обзор рефератлари кўпроқ учрайди. Илмий рефератларга фанда, методикага, тарбияга ва техникага оид ишларнинг қаерда амалиётда синаб кўрилганлиги ҳақида ҳам хабар берилади.

Шарх (обзор) реферати илмий ва бошқа асарларга шарх бериш, яъни унинг умумий хусусиятларини қисқача баён қилиб беришни кўзда тутади.

Биография ва автобиография. Кишиларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида маълумот берувчи баён биография (автобиография) дейилади. Биографияда баён кишининг туғилган жойи ва йилидан бошланади. Биография (автобиография) қуйидаги тартибда ёзилади:

1. Исми шарифи, туғилган йили, туғилган жойи, тумани, шаҳри, вилояти ҳақида маълумот.

2. Ота-онаси, ака-укалари ҳақида маълумот.

3. Ўқиган мактаби, унга бориш ва тугатиш йиллари, мактабнинг қайси маъмурий ҳудудий бўлимига тобелиги.

4. Меҳнат фаолиятини қачон, қаерда, ким бўлиб бошлаганлиги, қаерларда ишлаганлиги.

5. Оилавий аҳволи.

6. Қайси жамоат ташкилотларида фаол иштирок этганлиги.

7. Меҳнатлари эвазига ҳукуматимиздан олган тақдирномалари.

8. Кейинги даврдаги фаолияти ҳақида маълумот.

Автобиографияда баён биринчи шахс тилидан, биографияда III шахс тилидан ифодаланади. Автобиографияда таржимаи ҳоли ёзилаётган кишига тавсифнома берилмайди. Биографияда эса тавсифномага оид жумлалар берилаверади.

Ёзувчиларнинг ўз шахсий хаёти билан боғлиқ материаллар асосида воқеликни ёритган асари автобиографик асар ҳисобланади. Автобиографик асар учун муаллифнинг ҳаёти бир восита бўлиши мумкин. Бундай асарларда ҳам ҳаёт кенг, зиддиятлари билан акс эттирилади, ўз образлар тизимига эга бўлади. Автобиографик асарлар автобиографик роман, автобиографик қисса, эсдаликлар деб юритилади.

Автобиографик жанрнинг ўзига хос хусусиятларидан бири унда воқеалар муаллиф тилидан ҳикоя қилинишидир. Ровий (ҳикоя қилувчи) воқеаларни биринчи шахснинг бошидан кечирганлари, кўрганлари тарзида баён этади.

С.Айнийнинг “Эсдаликлар”и, Ойбекнинг “Болалик” қиссаси, А.Қаҳҳорнинг “Ўтмишдан эртаклар”и автобиографик асарлардир.

Тавсифнома. Кишиларнинг ижтимоий фаолифти, жамиятда тутган ўрни ҳақидаги муҳокама тарзида айтилган ёки ёзилган баён тавсифнома ҳисобланади. Тавсифномада шахснинг ижтимоий фаолиятида эришган ютуқ ва камчиликлари, хулқидаги ибратли ҳусусиятлари, кишилар билан ва оиладаги муносабатлари баён этилади. Шахснинг фаолияти билан боғлиқ турли ҳаётий далиллар келтирилиб, улар асосида шахсга баҳо берилади.

Тавсифнома берувчи шахс ёки ташкилот ўзи баҳолаётган кишини яхши билиши, ундаги яхши ёки ёмон фазилатларни чуқур англаган бўлиши лозим. Мактабда болага тавсифнома ёзувчи ўқитувчи, ёшлар ташкилоти мутасаддиси уни синчиклаб кузатиши, иқтидори қайси фанларга қаратилганлигини, нималарга қизиқиши, ташкилотчилиги табиатида қандай камчиликлар борлигини яхши билган бўлиши керак.

Тавсифнома икки ёки бир гуруҳ кишиларга ҳам ёзилади. Кишиларга қиёсий тавсифнома ҳам берилади. Бундай тавсифномалар бир-биридан ўз хусусиятлари, тил қурилиши билан фарқ қилади. Масалан, бир ўқувчига ёзилган тавсифномада ўша ўқувчининг хулқи, фаолиятидаги яхши ёки ёмон хусусиятлари кўрсатилса, икки кишига ёзилган тавсифномада уларнинг ўхшаш томонлари, қизиқишлари ва ҳоказолар умумий тарзда кўрсатилади.

Бутун бир синфга ёзилган тавсифномада синф яхлит ҳолда олиниб, унга мос умумий хусусиятлар фанларни ўзлаштириши, жамоат ишларига иштироки, қизиқиши, озодалиги кабилар ҳақида сўзланади.

Қиёсий тавсифномада икки шахснинг хусусиятлари солиштирилади. Бунда бири ўзининг ижобий томонлари билан иккинчиси салбий томонлари билан кўпроқ кўзга ташланадиган кишилар саналади.

Тавсифнома бериш (ёзиш) маданияти кишининг яхши ёки ёмон фазилатларини, фаолиятини ёритишда адолатли, ҳаққоний бўлишни тақазо этади. Ўқитувчи бунга ҳар доим амал қилиши шарт.

Интервью. Матбуотда эълон қилиш, радиоэшиттириш ёки телевидениеда фойдаланиш учун мухбирнинг бирор киши билан ўтказган суҳбати, шу суҳбатнинг матбуотда эълон қилинган матни интервью дейилади. Интервью (суҳбат) жамиятимиздаги исталган киши билан ўтказилиши мумкин. Интервью радио ва телевидениега хос жанр бўлиб, унда учрашувда иштирок этаётган шахснинг ижтимоий фаолияти, ишдаги ютуқлари ва камчиликлари, бу борадаги муаммолари ҳақида фикр юритилади. Унга шахсий ва оилавий ҳаёт юзасидан саволлар берилиши мумкин.

Интервью учун саволлар маълум бир мавзу асосида пухта ўйлаб, нутқ шароитига мос қилиб тузилади.

Бериладиган саволлар шундай тузилсинки, интервью берувчининг ҳулқига таъсир этиб, уни сўзлашга ундасин. Саволлар қисқа жавоблар эса мазмундор бўлсин. Бунинг учун интервью ўтказувчи мухбир суҳбатга пухта тайёргарлик кўрган бўлиши лозим.

Маъруза. “Маъруза” сўзи, одатда, икки маънода ишлатилади.

1. Раҳбар ёки бошлиқда оғзаки ёхуд ёзма берилган ахборот. Масалан, “Байрамолди топшириқларнинг бажарилиши юзасидан ёшлар ташкилоти мутасаддисининг мактаб директорга ёзма маърузаси” каби.

2. Бирор мавзу юзасидан жамоатчилик олдида берилган ахборот.

Иккинчи маънода маъруза омма орасида сўзланадиган нутқнинг кўринишларидан бўлиб, турли мавзуларда ёзилади; яъни педагогик мавзудаги маъруза, адабиётлар обзорига бағишланган маъруза, илмий, ҳисобот маърузаси каби.

Маъруза маълум тайёргарликдан кейин йиғилган материалларга, далилларга асосланган ҳолда ёзилади. Шунга кўра, маъруза ёзувчи унда маълум мақсадни амалга оширишни кўзда тутади ва режалаштиради. Далиллар, манбалардан олинган парчалар кўзланган мақсадни очадиган қилиб танланади. Масалан, ўқитувчи мактаб ёки синф ҳақида ота-оналар мажлисида маъруза қилмоқчи бўлса, у мактаб, синф ҳаётини яхши ўрганиши, далилларни таҳлил этиб, маълум хулосаларга келиб қўйиши, синфнинг ўзлаштириши, унга сабаб бўлаётган ижобий ёки салбий ҳодисалар, синф ўзлаштиришини кўтариш борасидаги режалар, илмий фараз ва вазифалар аввалдан яхши ўйлаб олиниши керак. Маърузада турли хил рақамлар, уларни бир-бири билан солиштириш, ўзлаштирилиш фоизларини ҳисоблаб чиқариш ҳам кўзда тутилади. Аммо ҳаддан ташқари уларга кўп ўрин бериш маърузани зерикарли қилади.

Маъруза учун керакли далил ва материаллар тайёр бўлгач, энди маърузанинг тузилиши устида, фикрларни ифодалаш воситалари, оҳанг, мантиқий урғу устида машқ қилинади. Бу жараёнда тингловчилар билан алоқа боғлаб туришнинг воситалари – ундалма, киритма гап, кириш сўз, ўрни билан юмор, киноя ва бошқалардан фойдаланиш устида ўйлаб кўриш ҳам яхши натижа беради.

Маърузанинг умумий режаси қуйидаги қисмларни ўз ичига олиши зарур:

1. Кириш қисми. У асосий масалага ўтиш “кўприги” ҳисобланади. Унда тахминан, кундалик сиёсат, маъруза учун сабаб билган воқеалар сингари омиллар устида сўзланиб, аста-секин мавзуни ёритишга ўтилади.

2. Маъруза мазмунининг баёни.

3. Баён этилган фикр-мулоҳазалардан келиб чиқадиган хулосалар.

4. Таклиф, тавсиялар. Бу пункт аксар маърузаларда бўлмаслиги мумкин.

5. Маъруза яна бир кўриниши олий ўқув юртларида, омма олдида бирор мавзу юзасидан баён тарзида ўтказиладиган дарё ёхуд машғулотдир. Шу машғулотда тингланган нутқ ҳам маъруза деб юритилади. Маъруза икки хил 1. Монолог маъруза 2. Диалог маъруза (суҳбат).

Монолог маърузада нотиқ маълум мавзу бўйича ўзи билган нарсалар ҳақида сўзлайди. Саволлар тугагандан сўнг берилади. Диалог маъруза тингловчиларнинг фаол иштирокида ўтади. Нотиқ маълум масалаларни нутқида ёритиб борар экан, ўз фикрларининг қандай тушунилаётганлигини аниқлаш мақсадида тингловчиларгиа мурожаат қилиши, уларнинг жавобларини тинглаши, саволларига жавоб бериши, улар билан баҳслашиши мумкин. Ана шу савол-жавоблар, фикр олишувлар жараёнида мавзунинг мазмуни очила боради. Маърузанинг қизиқарли ўтиши нотиқнинг тайёргарлигига, нутқ оқимини тингловчиларнинг хулқига таъсир этадиган тарзда олиб боришига боғлик. Нотиқнинг билими, савияси, дунёқараши, ҳаётий тажрибаси, тилни билиши ва ундан моҳирона фойдалана олиши муваффақиятларнинг гарови саналади.

Маъруза тайёрланиш ҳам худди оммавий маърузага тайёрланиш кабидир. Албатта, далиллар тўпламасдан, назарий адабиётлар билан танишиб чиқмасдан туриб яхши маъруза қилиб бўлмайди.

Ҳисобот. Ҳисобот хизматга доир маълумот ва мулоҳазалардан иборат ҳужжат бўлиб, унда бирор юмуш, бирор соҳа бўйича қилинган ишлар хақида хабар берилади. Масалан, мактабда тўгарак ишларининг аҳволи, метод бирлашманинг иши тўғрисида ҳисобот бериш каби. Ҳисобот оғзаки ёки ёзма бўлади. Ҳисоботда ишнинг олдига қўйилган мақсад, унинг ҳажми ҳақида умумий маълумот берилгандан сўнг, қандай бажарилганлиги, белгиланганлардан қайсилари амалга ошмаланлиги, бунга монелик қилган тўсиқ-сабаблар кўрсатилади. Қўлга киритилган ютуқлар нималар асосида амалга ошганлиги, янги метод ва усуллар қайд этилади. Ҳал этиш қийин бўлган муаммолар (агар бўлса) санаб ўтилади. Уларни ечиш борасида шахсий маслаҳатлар, таклифлар айтилади.

Мактуб. Мактуб бир кишининг бошқа бир (ёки бир гуруҳ) кишига маълум қилган ўз аҳволи, ички кечинмалари ёки юз берган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги хабардир. Мактуб турли мавзуларда ёзилиши мумкин, яъни ҳарбий хизматдаги аскарнинг ўз ота-онасига мактуби, шогирднинг устозига мактуби, муштарийнинг газета ёки журнал таҳририятига мактуби, ошиқнинг маъшуқига мактуби каби.

Мактубда муаллиф эркин фикрлайди. Ўзини қизиқтирган, изтиробга солган воқеаларни кенг ва ҳар томонлама баён этади. Мактуб сўзлашув услубида ёзилади. Унда ишлатилган тил бирликлари муаллифнинг кундалик ҳаётида қўллайдиган сўзлардан иборат бўлади. Мактубнинг услуби содда, ҳаммага тушунарли бўлиши муаллифнинг фикрлаш услубига боғлиқдир.

 

4-боб. НУТҚ ТЕХНИКАСИ ВА ОВОЗДАН ФОЙДАЛАНИШ

 

Нотиқлик бевосита овоз хусусиятлари билан боғлиқ, ёқимли ва жарангдор овозга эга бўлган нотиқ ўз тингловчиларига овозининг ширадорлиги билан ҳам таъсир этади. Бундай муваффақиятга эришиш учун нутқ сўзловчи ўз овозининг кучини, ёқимлилигини, унинг техникасини билиши зарур. Нутқ техникаси дейилганда нутқни тингловчи ёки ўқувчига етказишда қўлланадиган воситалар тушунилади. Нутқ икки хил кўринишда бўлгани каби унинг техникасини ҳам икки хил кўрсатиш мумкин:

Оғзаки нутқ техникаси.

Ёзма нутқ техникаси.

Оғзаки нутқ техникаси товуш, бўғин, сўзларни, унинг шаклларини талаффуз этишни яхшилаш борасида нутқ органларини фаоллаштирувчи машқларни англатади. Бунга овоздан фойдаланиш товуш фазилати сифатида ёрқин ифодалаш қобилияти билан, нутқ фаолиятининг маъноси билан, нутқда ишлатилаётган сўз маъноларини билиш билан боғлиқ бўлади. Агар нотиқ ўзи фикр юритмоқчи бўлган нутқ предметини яхши билса, унга мос сўзлар танласа ва ўзи танлаган сўзларнинг маъноларига вазифалар юкласа, нутқнинг аниқ бўлиши муқаррардир.

Нотиқнинг овозида қуйидаги хусусиятлар бўлиши лозим.

- жарангдорлик (товушнинг тозалиги ва тембрнинг ёрқинлиги);

- кенг диапазонлик (овознинг энг пастликдан энг юқоригача бўлган даражаси);

-  ҳаводорлик (эркин сўзлаганда яхши эшитувчанликка эга бўлиш);

-  ихчамлик ва ҳаракатчанлик;

-  чидамлилик (узоқ ишлаш қобилиятига эга бўлиш);

мослашувчанлик (динамика, тембр, мелодикани эшитилиш шароитида мослаша олиш);

қарши шовқинларга нисбатан барқарорлик;

- суггестивлик (овозни ҳаяжон билан ифодалаш ва бу орқали тингловчининг ҳулқига таъсир қилиш хусусияти.

 

Тўлиқ, мукаммал шаклланган, талаб даражасидаги нутқ техникаси нотиқ (нутқ сўзловчи)нингумумий нутқий маданиятининг энг муҳим узвий, таъбир жоиз бўлса, тамалларидандир. Жонли, товушли нутқ ва унинг барча унсурларини тўғри воқелантириш кўникма ва малакаларининг жами нутқ техникаси демакдир. Бунда овознинг сифати, нутқ жараёнида тўғри нафас олиш, товуш ва товуш қўшилмаларини аниқ талаффуз қилиш, аниқ дикция каби бир қатор ҳодисалар назарда тутилади. Нутқ техникасидаги бош масала овоз масаласидир. Асосий қуроли нутқ бўлган ҳар қандай одам учун овоз ҳал қилувчи аҳамиятга моликдир.

Машҳур рус олими М.В.Ломоносов ўзининг "Нотиқлик бўйича қисқача қўлланма"сида нотиқ бўлиш учун, аввало, табиий қобилият зарурлигини, табиий қобилият эса руҳий ва жисмоний турларга бўлинишини айтади. Олим жисмоний қобилият деганда баланд ва ёқимли овоз, узун нафас ва бақувват кўкрак, шунингдек, соғлом тана ва келишган қоматни назарда тутади.

Бугунги кунда сиёсатчиларнинг имижи ("қиёфаси")ни яратишда бир қанча ташқи омиллар қаторида уларнинг овоз тембри ҳам муҳим эканлиги алоҳида таъкидланади. Умуман, сиёсатчими, ўқитувчими, актёрми, журналистми, ким бўлишидан қатъи назар, унинг оғзаки нутқида барча коммуникатив сифатлар мавжуд бўлса-ю овозида у ёки бу нуқсон сезилса, бундай нутқ таъсир кучини камида ярмига йўқотади. Айтиш мумкинки, бир кишигами, юз кишигами, борингки, минг кишигами, бунинг фарқи йўқ, ўзгага хитобан айтилган ҳар қандай нутқда овознинг, овоз сифатининг ўрни фавқулодда муҳимдир.

"Табиий жисмоний қобилият" сифатидаги, айтайлик, хирқироқ, чийилдоқ, шанғироқ каби овозларнинг ёқимли бўлолмаслиги, яъни тингловчи қулоғини қийнаши тайин. Бундай ёқимсиз овоздан "либос кийган" фикрнинг каттагина қисми нутқ идрокининг ўта сезгир ва нозик дарвозаси бўлмиш қулоқдан ўтолмай ташқарида қолади. Бу, албатта, нутқ эгаси кўзлаган мақсад — муайян бир ахборотни тингловчига тугал ва таъсирли тарзда етказиш учун қулай шароит яратмайди, балки унга монелик қилади. Сир эмаски, фаолиятининг асосий қуроли нутқ бўлган касблар орасида ўқитувчилик биринчи ўринда туради, бунинг устига, ўқитувчилар сони ҳам айни тур касбларнинг бошқаларида машғул бўлганлар сонидан сезиларли даражада ортиқдир.

Тажрибали нотиқ ёки ўқитувчи ўз тингловчилари кўзи ўнгида қусурсиз ва билимдон мутахассис имижини яратиш, уни сақлаш учун ҳамиша нутқининг фонетик расолиги ҳақида қайғуриши зарур. Тўғри, туғма хирқироқлик, чийилдоқлик каби овозни ёқимсиз қиладиган жиҳатлардан тамоман қутулишнинг иложи йўқ. Аммо нутқ техникасини етарли даражада билмаслик оқибатида юзага келадиган нуқсонлардан фонетик билимлардан хабардорлик, овозни йўлга қўйиш (русчада "постановка голоса"), аниқ талаффуз қилиш, нутқ жараёнида тўғри нафас олиш бўйича турли машқлар ёрдамида имкон қадар халос бўлиш мумкин.

Машҳур қадимги юнон нотиғи Демосфеннинг дастлаб овози паст, талаффузи ёмон, нафаси қисқа бўлганлигидан чиройли ва таъсирли нутқ айта олмаганлиги ҳақида тарихчилар ёзганлар. Бу соҳани чуқур ўрганган олим С.Иномхўжаев таъкидлаганидек, кейинроқ Демосфен нутқ техникаси асосларини эгаллашга жуда жиддий киришган. У бир ертўла қазиб, шу ертўлада овозини ривожлантириш, дикция, декламация бўйича ойлаб машқлар қилади. Талаффузидаги нуқсонлар, "р" товушини айтолмаслик, баъзи товушларни ноаниқ айтиш кабиларни бартараф этиш мақсадида оғзига майда тошларни солиб, шеърлар, турли матнларни ўқиш билан шуғулланади. Овозини ривожлантириш, овоз аппаратларини чиниқтириш учун эса тепаликларга югуриб чиқиб, югуриб тушиб, нафасини ушлаб турган ҳолда шеърларни декламация қилади. Демосфен гапираётганда бир елкасини ҳадеб кўтаравериш одатидан қутулиш учун ертўласининг шифтига учи ўткир ханжарни осиб қўйиб, елкасини ханжарнинг айни учига тўғрилаб туриб, машқларини давом эттиради. Ана шундай машаққатли ва мунтазам машқлар туфайли Демосфен нотиқликнинг чўнг чўққисини забт этган.

Баъзи нотиқларнинг нутқида кузатиладиган камчиликлардан бири фонация жараёнида, яъни нутқ ҳосил бўлиш пайтида нафас олишдаги тартибсизликлар билан боғлиқ. Фонация жараёнида нафас олиш ва нафас чиқариш фазалари шундай йўлга қўйилиши керакки, нафас олиш зўриқишсиз, бир қадар жадалроқ, нафас чиқариш эса текис, бир меъёрда ва давомлироқ кечиши лозим. Нафас чиқариш қанчалик давомли, узун бўлса, шунчалик яхши. Зотан, товуш, нутқ айни шу нафас чиқариш жараёнида ҳосил бўлади.

Фонацияда нафас олиш ва нафас чиқариш фазаларининг кетма-кетлиги, алмашиниш тартибини тўғри тасаввур этмоқ керак. Бу фазалар билан нутқнинг ҳажмий ва, албатта, мазмуний-эстетик қурилиши ўртасидаги мутаносибликни тўғри белгиламаслик оқибатида нафаснинг етмай қолиши, шунга кўра бир нафас билан яхлит айтилиши лозим бўлган нутқ парчасининг бўлиниб кетиши, мантиқий мазмунни бузадиган ноўрин паузанинг пайдо бўлиши каби нуқсонлар юзага чиқади. Масалан, Қадимий ва бой тилимизнинг софлигини сақлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир жумласи айтиларкан, масалан, ҳар сўзидан кейин нафас тугаб қолса, иложсиз, нафас олиш учун тўхталиш мажбурияти пайдо бўлади, бу эса жумланинг нотўғри бўлинишига олиб келади. Ёки баъзан нотўғри тақсимланган нафас жумланинг охирига бориб етмай қолса, жумладаги сўнгги сўз "ямланиб" талаффуз қилинади, сўзловчи худди бўғилиб қолгандай, жуда қийналгандай туюлади, бу тингловчи учун ҳам сезиларли даражада қийноқ туғдиради.

Нутқ техникасини эгаллашда умумий тарзда бўлса-да, фонетик билимлардан бохабарлик зарур. Маълумки, товушнинг физик-акустик хусусиятлари унинг баландлиги, кучи, тембри (бўёқдорлиги), чўзиқлиги каби сифатлардан таркиб топади. Ҳар қандай оғзаки нутқнинг яшашини таъминлайдиган интонациянинг просодик унсурлари бўлмиш нутқ мелодикаси, нутқ ритми, нутқ темпи (тезлиги), нутқ тембри каби тушунчалар асосида ҳам мазкур физик-акустик хусусиятлар ётади. Масалан, "нуткда овознинг (тоннинг) баланд-паст тарзда тўлқинланиши мелодикани юзага келтиради, мелодика эса гапнинг ифода мақсадига ёки эмоционалликка кўра турларини белгилашда, синтагмаларни, кириш сўз ёки киритма гапларни ифодалашда муҳим восита саналади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, тебраниш частотаси нуткда бошқа акустик воситалар (урғу, тембр, темп кабилар) билан муносабатга киришиб, мураккаб товушни ҳосил қилиши ҳам мумкин, бундай мураккаб товушлардан эса турли экспрессив-стилистик мақсадларда, айниқса, шеърий мисралардаги товуш товланишларини таркиб топтиришда фойдаланилади". Нотиқ ўз нутқида бу фонетик имкониятлар ва қонуниятларни тўғри ва ўринли намоён эта билиши лозим.

Айрим нотиқлар, айниқса ўқитувчилар, кўпинча дарс жараёнида бошқа жойлардагига қараганда анчайин баланд овозда гапирадилар. Бу йўл билан гўёки синфдаги шовқинни "босиб" қўйгандай бўладилар. Аммо бу усулнинг таъсири барибир у қадар катта бўлмайди, фақат ўқитувчининг овоз аппарати кераксиз зўриқади, ўзи тез чарчайди. Яна баъзи ўқитувчилар борки, улар дарсда деярли паст овозда сўзлайдилар. Бунда ҳам ўқитувчининг ўзи қийналади, аммо сезиларли самарага эришмайди, фақат бундай овоз бўғиқ, туссиз эшитилади ва ўқувчининг диққатини ушлаб турмайди.

Тажрибали ўқитувчи фақат баланд ёки фақат паст овозда дарс ўтмайди. Товушларнинг баландлиги, кучи, тембри ва чўзиқлигидан иборат акустик сифатларининг турли даражалари (бу даражаларнинг диапазони жуда кенг)ни баён қилинаётган ахборотнинг мазмуни ва табиати, айни пайтда синфдаги ўқувчиларнинг руҳи-кайфиятига мувофиқ равишда модуляция қилади, яъни алмаштириб туради. Ана шу тарзда монотон, қуруқ, ифодалиликдан маҳрум нутқ шаклидан қутулади ва нутқнинг оҳангдорлиги, таъсирчанлигига эришади.

Нутқ сўзловчининг (нотиқнинг) нутқ техникаси билан боғлиқ нуқсонлардан яна бири нутқ темпи, тезлигини тўғри белгиламаслик ёки тезлик-секинликнинг мақсадга кўра мўътадиллигини сақлай олмасликдан иборат. Нутқнинг темпи, албатта, баён қилинаётган материалнинг моҳиятига, ифодаланаётган фикр структурасига уйғун бўлиши мақсадга мувофиқ, акс ҳолда, яъни ўқитувчи материални фақат жадал темпда баён қилса, ўқувчи ахборотни ўзиники қилиб олишга, ахборот таркибидаги муҳим жиҳатларни ўз вақтида илғашга, тўла идрок этишга қийналади. Бошқача қилиб айтганда, ўқувчининг идрок суръати ўқитувчининг нутқи тезлигидан орқада қолади, унга "етиб юролмайди". Зотан, ўқитувчи нутқидаги меъёридан ортиқ жадал темп дарс бериш методикаси қоидалари учун ҳам бегонадир. Ўқитувчи ўқувчиларнинг ўзлаштириш қобилиятлари, айни дарс пайтидаги руҳияти, чарчаган ёки чарчамаганлиги, материални қандай қабул қилаётганлигидан келиб чиққан ҳолда нутқ темпини танласа, уни ўрни билан ўзгартириб турса, ҳам педагогик, ҳам психологик жиҳатдан тўғри бўлади.

Нутқ техникасида дикция масаласи ҳам алоҳида ўрин тутади. Ҳар бир товуш, сўзнинг тўғри ва аниқ талаффуз қилиниши, нутқ оқимида сўз шакллари ва гапларнинг "чайналмаслиги", нотиқлар, айниқса, ўқитувчи нутқи учун жиддий талаблардандир. Яна  баъзи нутқларда дикция ноаниқлиги билан боғлиқ нуқсонлар кузатилади. Масалан, баъзан "з" товушини жарангсиз "с" товушига мойил тарзда талаффуз қилиш учрайди: сиз — сис, эшитдингиз — эшитдингис каби. Бу ва бу сингари нуқсонлар нутқ товушларининг ҳосил бўлиш ўринларини яхши билмаслик ва артикуляцион аппарат (товуш ҳосил қилишда иштирок этадиган нутқ аъзолари)нинг етарли даражада фаол эмаслиги натижасида пайдо бўлади. Нотўғри ёки ноаниқ талаффуз қилинадиган товушнинг ҳосил бўлишида иштирок этадиган нутқ аъзоларининг фаоллигини ошириш йўли билан киши нутқидаги ана шундай дикцион хатоларни тузатиш мумкин. Бунинг учун хилма-хил машқлар яхши ёрдам беради. Масалан, турли тез айтишлар, мақол ва маталлар, турли мазмундаги матнларни мунтазам овоз чиқариб такрорлаш ана шундай машқларнинг бир кўринишидир.

Умуман, ҳар қандай нутқ сўзловчи ўзининг нутқ техникасини такомиллаштириш борасида доимий қайғуриши, фонетика, фонологияга оид билимлардан умумий тарзда бўлса-да, хабардор бўлиши, керак бўлганда, ўз нутқидаги нуқсонларни бартараф этишга ёрдам берадиган машқлардан муттасил фойдаланиб бориши мақсадга мувофиқ. Чунки тугал нутқ техникасисиз нотиқнинг, ҳар бир нутқ тузувчининг оғзаки нутқи маданиятини асло расо деб бўлмайди.

Овоздан фойдаланиш  техникаси

а) Нафас олиш. Нафас олиш организмга ҳаёт бағишловчи физиологик функцияни бажаради. Сўз билан бирга нутқнинг энергия базаси бўлиб ҳам ҳисобланади.

Нутқ сўзлаётганда нафас олиш фонацион нафас олиш деб аталади (ренго-товуш). Кундалик ҳаётдаги нутқ асосан диалог шаклида бўлади. Шунинг учун ҳам нафас олиш ортиқча қийинчилик туғдирмайди. Лекин дарс давомида ўқитувчи жуда кўп гапиради, янги мавзуни тушунтиради, маъруза ўқийди. Агар ўқитувчи, ёки нутқ сўзловчи нафас олиш техникасини яхши эгалламаган бўлса, унинг қон томирларини уриши тезлашиб, юзини қизариб кетиши, нафас қисиши содир бўлиши мумкин.

Қайси мушакларнинг иштирок этишига қараб нафас олиш 4 турга бўлинади:

Юқори нафас олиш-елкаларни кўтарилиб тушиши ва кўкрак қафасининг юқори қисми иштирокида ҳосил қилинади. Бу бўш, юзаки нафас олиш бўлиб, унда факат ўпканинг юқори қисми иштирок этади;

Кўкрак қафаси ковурғалар ўртасидаги мушаклар ёрдамида ҳосил қилинади. Бунда кўпрок нафаснинг кўндаланг ҳажми ўзгаради. Диафрагма кам ҳаракат қилади. Шунинг учун ҳам нафас чиқариш кучсиз бўлади.

Диафрагма иштирокидаги нафас-кўкрак қафасининг бўйлама ҳажмини ортиши ҳисобига вужудга келади. Бунда диафрагма қисқаради.

Диафрагма-қовурғали нафас-диафрагманинг қисқариши, қовурғачалар оралиғидаги нафас мушаклар ҳамда қорин мушаклари иштирокида вужудга келади.

б) Товуш чиқариш. Товуш-чиқарилган ҳавони хиқилдоқдан ўтиш пайтида овоз пардаларнинг тебраниши натижасида вужудга келади. Товуш ўзининг қуйидаги хусусиятлари билан характерланади:

- товуш кучи-товуш аппарати органларининг фаол ишлашига боғлиқ. Чиқарилаётган ҳаво оқимининг товуш тирқишига бўлган босими қанча катта бўлса, товуш ҳам шунча кучли бўлади;

- товуш пардози-товушни узоқ масофага узатилиши ва қаттиқлигини созлай олишини билдиради;

- товушнинг ихчамлиги ва харакатчанлиги -унинг мазмунига, тингловчиларга мослаб ўзгартира олиш қобилиятини билдиради;

- диапазон-товуш ҳажми бўлиб, унинг чегараси энг юқори ва қуйи оханглар билан белгиланади. Диапазоннинг қисқариши нутқни бир оҳангли (зеркарли) бўлиб қолишига сабаб бўлади. Бир охангда гапириш ахборотни идрок қилишни сусайтиради, уйқуни келтиради.

- тембр-товуш рангдорлиги, ёрқинлиги ҳамда унинг юмшоқлиги ва алоҳидалигидир.

в) Дикция - аниқ талаффуз қилиш. Талаффузнинг аниқлиги ўқитувчи учун профессионал зарурат бўлиб, ўқитувчи нутқини ўқувчилар томонидан тўғри тушунилишини таъминлайди. Талаффузнинг аниқлиги айтилаётган сўз, бўғин ва товушларнинг қатъий аниқлигидир. У нутқ аппарати барча аъзоларини (лаблар, жағ, тишлар, юмшоқ ва қаттиқ танглай, кичик тил, кекирдак, томоқ орқа девори, товуш найчалари) биргаликда ишлашига боғлиқдир. Тил, лаблар, юмшоқ танглай, кичик тил, ва пастки жағ нутқда фаол иштирок этади. Шунинг учун ҳам уларни машқ қилдириш муҳим аҳамиятга эгадир.

Аниқ талаффуз қилишни такомиллаштириш-артикуляция-нутқ органларини харакатлантириш орқали вужудга келтирилади. Артикуляция гимнастикаси икки турга бўлинади. Биринчиси нутқ аппаратини дастлабки машқлари ва иккинчиси ҳар бир унли ва ундош товушларни тўғри айтишга ўргатувчи машқлар (ифодали ўқиш, тез айтишлар).

г) Ритмика-бу айрим сўз ва бўғинларнинг айтилиш муддати ва тўхталиши, нутқ ва ифодаларнинг навбат билан ўз ўрнида ишлатилишини билдиради.

Ритм нутқнинг энг асосий қисмидир, чунки «Нутқ оҳанги» ва тўхтамлар ҳам тингловчиларга беихтиёр ўзгача ҳиссий таъсир кўрсатади. К.С.Станиславский «Қуруқ сўз» новдан тушаётган нўхатдек ёпирилиб чиқади, маъноли сўз эса худди симоб тўлдирилган шарча каби аста-секин шаклланади. Берилаётган билимларнинг қийин қисмини ўқитувчи аста-секин тушунтиради ва ундан сўнг янада тезроқ гапиришга ўтиши мумкин.

 

Ўзбек адабий тили оғзаки нутқ техникасининг ривожига ўзбек маданиятининг атоқли намоёндалари, шоирлар, ёзувчилар, санъаткорлар, актёрлар катта ҳисса қўшдилар. Бу борада Х.Олимжон, Ғ.Ғулом, Х.Ғулом, актёрлардан: А.Хидоятов, Ш.Бурхонов, О.Хужаев, С.Эшонтўраева, Р.Хамроев, Х.Умаров, сухандонлардан: У.Бурхон, Т.Юнусхужаева, Қ.Махсумов, Н.Қамбарова, Ў.Жобиров сўз устаси: М.Хамидовларнинг хизматларини кўрсатиб ўтиш жоиздир. Улар ўзларининг ширали овозлари билан тингловчиларни мафтун қилиб келганлар.

Ҳозирги шеър ўқиш техникасида икки хил йўналиш мавжуд. Бу шеърхонликда яққол сезилиб туради. Бири анъанавий шеър ўқиш бўлиб, унда асосан шеър туроқларга, шеър бирикмаларига бўлиб ўқилади. Бу усулни кеска шоирларнинг шеър ўқиганида эшитамиз.

Иккинчи хил шеър ўқишни эса, шоир А.Орипов ва Х.Худайбердиевалар бошлаб берди. Бу усулда, асосан мисрадаги ҳар бир сўзга алохида урғу берилади, сўзлар бир-биридан кичик пауза билан ажратиб ўқилади.

Ёшлар орасида кейинги йўналишга, усулга эргашиш кучлидир. Бундай янгича шеър ўқиш усулларига мутахассислар томонидан ҳали баҳо ва ном берилган эмас.

Ёзма нутқ техникаси ўз мохиятига кўра икки турга бўлинади.

Ҳар қандай ёзма нутқ учун зарур бўлган техник хусусият.

Иш қоғозларига хос бўлган техник хусусият.

 Ёзма нутқ ҳам худди оғзаки нутқ каби тингловчи (ўқувчи) учун яратилади. Унинг қулайлигидан, ўқувчига тез ва бутун мохияти билан етиб боришидан ёзувчи ҳам, ўқувчи ҳам манфаатдор. Шуни назарда тутганда ёзма нутқ техникаси қуйидагиларни ўз ичига олиши мумкин:

а) ҳар қандай ёзма нутқ хат бошидан, бош харф билан бошланиши керак, ҳар бир гап мазмунан нисбатан тугалланган бўлиши, ёрқин фикр англатилиши керак. Гап тугагандан кейин мазмунга кўра тегишли тиниш белгилари қўйилган бўлиши керак;

б) маълум бир фикр баён этилгандан сўнг, нутқнинг таркибий қисми бўлган бошқа фикр ҳам бошидан бошланиши зарур. Хат бошилар (абзацлар) бир-бири билан мантиқий боғланган бўлиши лозим;

в) диалоглардан ташкил топган ёзма нутқда хар бир шахснинг гапи тире орқали ёзилади;

г) кўчирма гаплар, кўчирмалар, ўз маъносида ишлатилмаган сўзлар, бирикмалар қўштирноқ ичига олинади;

д) нутқ учун иккинчи даражали ҳисобланган, ундаги гапларнинг таркибий қисми ҳисобланмайдиган нарсалар тире ёки қавс билан ажратилади;

е) от, кесим (боғламасиз бўлганда), изохловчи, ундалма, ажратилган бўлаклар тегишли тиниш белгилар билан ажратилади;

ж) нутқнинг хат бошидан йирик қисмлари бобларга бўлиб кўрсатилади.

Иш қоғозлари ҳам ёзма нутқ ҳисобланади. Уларнинг ёзилиши ҳам нутққа хос умумий талаблардан четга чиқмайди. Иш қоғозлари ҳам ўқувчига мўлжаллаб ёзилади. Иш қоғозлари мазмун ва шакл жиҳатидан турли-тумандир. Масалан, ариза, маълумотнома, баённома, тилхат, қарор, буйруқ (фармон), аннотация, тақриз, ишонч қоғози, тавсифнома, тавсиянома, хисобот, раҳматнома, муносабатнома, телеграмма, хат, саломхат ва х.к.

Иш қоғозларининг катта қисми ўзининг қатъий техник шаклига эга. Бундай қатъий шакл уларни тайёрлашни енгиллаштиришдан ташқари ўқувчи учун ўзида баён этилган фикрни тезроқ ва ёрқинроқ англашга ҳам ёрдам беради. Ҳамма техник қоидаларга амал қилиб ёзилган иш қоғозлар ўз ташқи кўриниши билан чиройли, мазмунан равшан бўлади ва ўқувчида қандайдир даражада завқ уйғотади.

Ҳар бир иш қоғози луғавий таркиби билан бошқасидан ва ўзга нутқ кўринишларидан ажралиб туради. Масалан, маълумотнома учун хос бўлган сўзлар, тавсифномага ёки қарорга мувофиқ бўлмайди. Иш қоғозларида гаплар кам сўзли, ҳар бир сўз эса, аниқ мақсадни кўзлаган бўлади. Иш қоғозларида бадиий адабиётга хос қочиримлар, ўхшатишлар, сўз ўйинлари деярли ишлатилмайди.

Ҳар бир иш қоғозининг бошқасидан ажратиб турадиган ўз шакли (ташқи кўриниши) бўлади. Масалан, маълумотномага чап томондан штампга жой қолдирилади, сарлавҳа сифатида биринчи бўлиб, маълумотнома сўзи ёзилади. Аризада эса, аввал ариза бериладиган ташкилот, рахбарнинг номи, сўнгра сатрнинг ярмидан аризачининг манзилгохи, ташкилоти, фамилияси ёзилиб, «Ариза» сўзи ўртадан бош харф билан бошланади ваҳ.к.

 

 

5-боб. БАҲСЛАШИШ  МАҲОРАТИ АСОСЛАРИ

 

 Баҳс ва унинг турлари

Баҳс — бу нутқий алоқанинг ўзига хос тури, қарама-қарши фикрлар алмашиш жараёнидир. Баҳс деганда, фикрларнинг ҳар қандай тўқнашуви, бирор-бир масала, мавзу юзасидан қарашлар зидлиги, томонлар ҳар бирининг ўз ҳақлигини ҳимоя қиладиган кураш тушунилади[10]. Дискуссия, диспут, полемика, дебатлар, музокара сўзлари – кўпинча “баҳс” сўзининг синонимлари ёки баҳснинг алоҳида турларининг номлари сифатида қўлланилади[11].

Дискуссия (лот. discussio — ўрганиш, кўриб чиқиш, таҳлил қилиш) деганда, мақсади турли нуқтаи назарларни аниқлаш ва таққослаш, тўғри фикрни излаш, аниқлаш, баҳслашилаётган масаланинг тўғри ечимини топишдан иборат оммавий баҳслашиш тушунилади. Дискуссия ишонтиришнинг самарали усули ҳисобланади, чунки унинг иштирокчиларининг ўзлари у ёки бу хулосага келадилар.

Диспут (disputar — мулоҳаза қилиш, disputatio — музокара) –муҳим илмий ва ижтимоий мавзу бўйича оммавий баҳслашиш.

Полемика (polemikos – “жанговар, адоватли”) — бу томонлар, ғоялар ва нутқлар конфронтацияси, қарама-қаршилиги мавжуд бўлган баҳсдир. Шундан келиб чиққан ҳолда,баҳслашишни у ёки бу масала бўйича мутлақо қарама-қарши фикрлар кураши, ўз қарашларини ҳимоя қилиш ва мухолифнинг фикрини рад этиш мақсадида оммавий тарздаги баҳслашиш деб таърифлаш мумкин.Полемика мақсадга йўналтирилганлиги билан дискуссия, диспутдан фарқ қилади. Мунозара, (дискуссия) тортишув (диспут) иштирокчилари қарама-қарши фикрларни таққослаётиб:

- ягона фикрга келишга,

- умумий ечимни топишга,

- ҳақақатни қарор топтиришга ҳаракат қиладилар.

Полемиканинг мақсади: рақиб устидан ғалаба қозониш, ўз нуқтаи назарини ҳимоя қилиш ва мустаҳкамлаш. Принципиал нуқтаи назарларга таянган ҳолда баҳслашувчилар ижтимоий аҳамиятга молик масалаларни ҳал қиладилар, уларнинг чиқишлари жамиятнинг самарали ривожига халақит берувчи барча нарсага қаратилган. Полемика–буишонтиришга, фикрларни ишончли ва рад қилиб бўлмайдиган далил-исботлар, илмий асослар билан мустаҳкамлашга ўргатувчи фандир. Полемика, янги қарашлар ишлаб чиқилаётганда, умуминсоний қадриятлар, инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилинаётганда, жамоатчилик фикри шаклланаётганда, айниқса, зарурдир. У фаол фуқаролик нуқтаи назарини тарбиялашга хизмат қилади.

Дебат (debat — баҳс, музокара, франц.) бирор-бир масала юзасидан музокара олиб бориш – фикр алмашиш, баҳслашиш; бирор-бир масалани муҳокама этиш, бирор-бир масала юзасидан оммавий тарзда баҳслашиш. Дебатлар–бу икки томон ўртасида долзарб мавзулар бўйича фикрларнинг аниқ тузилишдаги ва махсус ташкил этилган оммавий фикр алмашинувидир. Оммавий тарздаги баҳс-мунозаранинг бу тури муҳокама қатнашчилари бир-бирини эмас, балки учинчи томонни ўзининг ҳақлигига ишонтиришига қаратилган. Шу сабабли муҳокама қатнашчилари томонидан фойдаланиладиган вербал ва новербал воситалар тингловчиларда қўйилган муаммо юзасидан муайян фикрни шакллантириш мақсадига эга.

Одатда, дебатлар, мунозара деган сўзлар билан аталади йиғилиш, мажлис, конференциялардаги маърузалар, хабарлар, чиқишларни муҳокама этишда юзага келадиган баҳслар.

Баҳс таркиби: бир тарафдан, бу биринчи мухолиф томонидан тезиснинг илгари сурилиши ва ҳимоя қилиниши, бошқа томондан эса иккинчи мухолиф томонидан илгари сурилган тезиснинг рад этилиши ваунинг исботланиши. Баҳснинг характери ва унинг ўзига хос жиҳатларига таъсир кўрсатувчи асосий омиллар қуйидагилар:

- баҳслашиш мақсади,

- иштирокчилар сони,

- баҳслашиш шакли,

- баҳснинг тўғри ташкиллаштирилганлиги.

 Баҳслашиш мақсади. Баҳс мақсадининг турлари:

- ҳақиқатни аниқлаш учун баҳслашиш,

- кимнидир ишонтириш учун баҳслашиш,

- ғалаба қозониш учун баҳслашиш,

- баҳс – баҳс учун.

Баҳс ҳақиқатни излаш, бирор-бир фикр, ғояни текшириб кўриш, уни асослаш учун восита бўлиб хизмат қилиши мумкин. Полемистлар тўғри ечимни топиш учун у ёки бу муаммо юзасидан турли хил нуқтаи назарни таққослайдилар. Улар бирор-бир фикрга қандай эътирозлар бўлиши мумкинлигини билиш учун уни ҳужумлардан ҳимоя қиладилар ёки аксинча, мухолиф келтирган ғоянинг фойдасига қандай асослар борлигини аниқлаш учун ҳужум қиладилар. Бундай баҳсда далил-исботлар пухта саралаб олинади ва таҳлил қилинади, қарама-қарши томоннинг нуқтаи назари ва қарашлари чуқур мулоҳаза билан, яъни мазмун-моҳиятига кўра баҳоланади, ҳақиқат биргаликда текширилади. Бундай баҳс ушбу муаммони биладиган, уни ҳал этишдан манфаатдор бўлган пухта билимли одамлар ўртасидагина бўлиши мумкин.

Ҳақиқат учун баҳслашиш ўзида алоҳида бир гўзалликни мужассам этади, у баҳс иштирокчиларига ҳақиқий завқ ва ҳузур бағишлаши, улар учун чинакам “ақлий базмга” айланиши мумкин. Баҳс мавзуига оид билимлар кенгаяди, дадиллик пайдо бўлиб, ўз ақлий имкониятларига бўлган ишонч мустаҳкамланади. Бундай ақлий кураш натижасида инсон ўзини юксакликда ва яхшироқ ҳис қилади. Ҳатто чекинишга, эгаллаган ўрнини бой беришга, ҳимоя қилинаётган фикрдан воз кечишга тўғри келса ҳам мағлубият асоратидан қолган ёқимсиз туйғу иккинчи даражали бўлади.

Баҳснинг мақсади ўрганиш, ишонтириш эмас, балки ғалаба бўлади. Боз устига мунозарачилар унга турли сабабларга кўра эришадилар. Баъзилар ҳақиқат тарафдориман, жамият манфаатларини ҳимоя қилаяпман деб ҳисоблайдилар. Улар ўзининг ҳақлигига ишонадилар ва охиригача принципиал қарашларини ҳимоя қиладилар. Бошқаларга эса ғалаба ўзини намоён қилиш учун керак. Шу сабабли улар учун баҳсдаги муваффақият, атрофдагиларнинг юксак баҳоси, ўз ақлий қобилиятлари, нотиқлик маҳоратининг тан олиши, енгилмас мунозарачи деб донг таратиш жуда муҳим. Учинчи тоифадагилар шунчаки ғалаба қозонишни яхши кўрадилар, улар кучли таассурот уйғотадиган ғалабага эришишни хоҳлайдилар. Ғалаба қозониш учун ҳар қандай усуллар ва воситаларни ишга соладилар.

Шунчаки баҳс учун баҳс ҳам бўлиши учрайди. Бу ўзига хос“санъат санъат учун”, спорт. Бундай баҳслашувчиларга нима ҳақида баҳслашиш, ким билан баҳслашиш, нима учун баҳслашишнинг фарқи йўқ. Улар учун гапга чечанликни кўз-кўз қилиш, оқни қора, қорани оқ деб исботлаш муҳим. Агар сиз бирор-бир қоидани инкор этсангиз, улар уни албатта ҳимоя қила бошлайдилар. Бундай мунозарачиларни кўпроқ ёшлар орасида учратиш мумкин.

 Баҳснинг баҳс иштирокчилари сонига кўра ўзига хослиги

Муаммоли масалаларни муҳокама этишда иштирок этувчи шахсларнинг сони баҳснинг ўзига хослигига таъсир этади. Шунга кўра учта асосий гуруҳни ажратиб кўрсатиш мумкин:

- баҳс-монолог (инсон ўзи билан ўзи баҳслашади, бу – ички баҳсдир);

- баҳс-диалог (икки шахс баҳслашади);

- баҳс-полилог (бир нечта ёки кўп шахслар баҳслашадилар).

Ўз навбатида,баҳс-полилог:

- оммавий (баҳсда барча иштирокчилар қатнашади);

-гуруҳ иштирокида (мунозарали масалабўлиши мумкин барча иштирокчилар ҳузурида ҳал этилади) бир гуруҳ шахслар томонидан.

Полилог-баҳсни олиб бориш мураккаб, бироқ у ижтимоий-сиёсий, маънавий, илмий ҳаётнинг муҳим масалаларини ҳал этишда катта аҳамиятга эга бўлиши мумкин. Бундай баҳсда билимли одамлар қанча кўп иштирок этса, у шунча самаралибўлади.

Баҳслар тингловчилар олдида ва уларсиз олиб борилиши мумкин. Тингловчилар баҳсга ҳатто ўз муносабатини билдирмасалар-да, баҳслашувчиларга таъсир ўтказадилар. Тингловчилар кўз ўнгида ғалаба қозониш кўпроқ ҳузур бахш этади, иззат-нафсига ёқади, мағлубият эса янада аламли ва ёқимсиз бўлади. Шу сабабли тингловчилар олдида баҳслашаётган иштирокчилар ҳозир бўлганларни, уларнинг эътиборини, албатта, инобатга оладилар, зарур далилларни синчковлик билан танлайдилар, фикр билдираётиб кўпинча қатъийлик, баъзида эса ортиқча қизиққонликни намоён этадилар.

Жамият ҳаётида кўпинча тингловчилар учун уюштирилаётган баҳсга дуч келиш мумкин. Баҳс ҳақиқатни аниқлаш, бир-бирини ишонтириш учун эмас, балки диққат-эътиборни муаммога тортиш, тингловчиларда муайян таассурот уйғотиш, уларга зарур тарзда таъсир кўрсатиш учун олиб борилади.

 Баҳс юритишнинг асосий қоидалари

Мунозара қилувчилар баҳслашишнинг асосий қоидаларини билишлари лозим. Уларга риоя қилиш унинг самарадорлиги ва унумдорлигини оширади, мунозара ва баҳслашишда муваффақият қозонишга кўмаклашади. Улар оммавий тарзда баҳслашишнинг кўп асрлик тажрибасига асосан ишлаб чиқилган.  

•  Баҳс мавзусини тўғри белгилаш ва келишмовчилик нуқталарини ажратишни билинг.

Ҳар қандай баҳс агар унинг мавзуси аниқ белгиланган бўлсагина муваффақиятли бўлади. Бу баҳслашиш маданиятининг энг муҳим талабидир. Баҳс мавзуси – бу турли нуқтаи назарларни алмашиш, фикрларни таққослаш орқали муҳокама этилиши лозим бўлган ғоялар, фикр-мулоҳазалардир. Умуминсоний манфаатларни (экология, инсониятнинг тирик қолиши, Ер сайёрасида тинчликни сақлаш каби муаммолар) акс эттирувчи масалалар баҳснинг мавзуси бўлиши мумкин. Баҳс жараёнида миллий манфаатлар, жамиятнинг муайян ижтимоий қатламлари манфаатларига тўхталиб ўтилиши мумкин, баъзан гуруҳнинг, масалан, муайян касб эгалари, алоҳида корхоналар, муассасалар, идоралар жамоаларининг, норасмий бирлашмалар вакилларининг манфаатларини ҳимоя қилишга тўғри келади. Баҳсда мунозара қилувчиларнинг оилавий, шунингдек, шахсий манфаатлари ҳимоя қилинади.

Аниқ бир оммавий тарздаги баҳсда ушбу манфаатлар одатда, ўзаро бир-бирига алоқадор бўлади ва бир-бирини тақозо қилиб, ўзаро чамбарчас боғлиқ бўлади. Муҳокама мобайнида жиддий бўлмаган, иккинчи, учинчи даражали аҳамиятга эга бўлган масалаларни ҳал қилишга ўз кучини сарфламаслик учун баҳс мавзусининг ижтимоий аҳамиятини тушуниш муҳим.

Баҳс мавзуси баҳслашувчилар томонидан дарҳол аниқлаштирилиши керак. Кўпинча у мунозара жараёнида аниқлаштирилади, баъзан эса бирор-бир муаммони муҳокама қилиш вақтида юзага келиши мумкин. Суҳбат чоғида баҳс бир мавзудан бошқасига ўтиш мумкин. Мунозара қилувчилар ҳар сафар баҳснинг мавзуси нима эканлигини аниқ тасаввур қилишлари муҳимдир.

•   Баҳсга сабаб бўлган асосий масалаларни кўздан қочирманг.

Мунозара қилувчилар муҳим қоидага риоя қилишлари – баҳс олиб борилаётган асосий жиҳатларни кўздан қочирмасликлари, қизғин мунозара жараёнида баҳс мавзусини эътибордан четда қолдирмасликлари зарур. Баҳс иштирокчиларини адаштириш долзарб вазифаларни ҳал қилишдан чалғитиш, жамоатчилик фикри шаклланишига таъсир ўтказиш мақсадида, томонлардан бири мухолифлар диққат-эътиборини муҳокама этилаётган муаммодан буриб юбориши мумкин. Баҳс мавзусини йўқотмаслик, ўзини асосий масалани ҳал қилишдан чалғитишларига имкон бермаслик, мунозарали муаммони муҳокама этиш самарали ва унумли бўлиши, баҳс қуруқ сафсатага айланиб кетмаслиги учун мунозара қилувчилар баҳс мавзусини, қўйилган масала, ишнинг нозик жиҳатларини яхши билишлари, пухта билимли бўлишлари лозим.

•  Баҳсдаги ўз нуқтаи назарингизни аниқ белгилаб олинг

Баҳс иштирокчиларининг нуқтаи назари, қарашларининг аниқ бўлиши баҳс самарали ўтишининг зарур шартидир. Агар мунозарали муаммони муҳокама этиш мобайнида мухолифнинг нуқтаи назарианиқ ифода этилмаган бўлса, у билан баҳс олиб бориш қийин.

Мунозара иштирокчиларида бошланғич нуқтаи назарлар умумий бўлса, улар баҳс бошидан бир-бирини тушунсалар, уларда ҳал этилмаган масалаларни муҳокама этишда ягона платформа бўлса, баҳс самаралироқ бўлади. Сўз муҳокама этилаётган муаммолар бўйича ягона нуқтаи назар ҳақида бормаяпти. Баҳс иштирокчиларининг фикрлари ҳар хил бўлиши мумкин, бироқ умумий мақсад, тўғри ечим топишга интилиш, мунозарали муаммони тушунишга ва ҳақиқатни билишга хоҳиш-истак бўлиши керак.

•   Баҳсда тушунчалардан тўғри фойдаланинг. У ёки бу масалани муҳокама этишда кўриб чиқилаётган муаммонинг мазмун-моҳиятини очиб бериш учун турли зарур тушунчалар ва атамалардан фойдаланишга тўғри келади. Баҳс мавзуси билан боғлиқ асосий, таянч тушунчаларва уларни англатувчи атамаларни ажратиб кўрсатиш зарур. Баҳснинг бошида асосий тушунчалар ва атамаларнинг маъносини аниқлаштириб олиш ёки ҳеч бўлмаса, ҳар бир иштирокчи томонидан мазкур, тушунчаларга оид айни бир сўз англатадиган маъноларни кўрсатиб ўтиш мақсадга мувофиқ. Агар баҳслашувчилар бошланғич тушунчаларбўйича аниқ қарорга келмасалар, мунозарани олиб бориш бефойда. Бу зарурий шартга риоя қилишнинг муҳимлиги айниқса, тилдаги сўзларнингаксарияти кўп маъноли эконлиги ҳисобга олинганда яққол намоён бўлади.

Баҳс иштирокчилари томонидан атамаларнинг, айниқса кўп маъноли атамаларнинг ноаниқ қўлланиши номақбул натижага олиб келиши, мулоқотни қийинлаштириши, баҳсли муаммонинг муҳокамасига халақит бериши, жиддий хатоларга сабаб бўлиши мумкин.

•   Ўз мухолифингизга ҳурмат билан муносабатда бўлинг.

Бу баҳслашиш маданиятининг муҳим талабларидан биридир. “Рақибнинг маслаги ва эътиқодига, агар улар самимий бўлса, ҳурмат билан қараш ҳақиқий, пухта ва тўғри баҳснинг муҳим шартидир (ишонтириш ёки ғалаба қозониш учунми  фарқи йўқ)... Одатда, одамлар... бошқа эътиқодларга ишонадиган одамни аҳмоқ ёки ярамас одам деб, ҳеч бўлмаса ҳақиқий “душман” деб ҳисоблашга мойил... Буни қатъий тарзда, бироқ бировларнинг эътиқодларини таҳқирламай, кескин сўзларсиз, масхара қилмай, айниқса, бизга ҳамдард оломон олдида уларнинг устидан кулмай қатъий тарзда рад этиш мумкин. — Бировларнинг эътиқодларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш нафақат бировнинг шахсиятига ҳурмат, балки етук ва баркамол ақл белгиси ҳамдир”[12].

Мухолифларнинг бир-бирларига ҳурмат билан муносабатда бўлиши, рақибнинг қарашлари ва маслаги, нуқтаи назари мазмун-моҳиятини тушунишга интилиш –оммавий тарздаги баҳснинг унумдорлиги, муаммоларни самарали муҳокама этишнинг зарур шартларидир.

•  Баҳсда доимо бардошли бўлинг, ўзингизни йўқотманг.

Психологлар агар мухолифга унинг ўз қарашларидан кескин фарқ қилувчи фикр зўрлаб сингдирилмоқчи бўлса, у бу қарама-қарши нуқтаи назарни номақбул деб қабул қилишини аниқладилар. Шу сабабли рақибга доим эътироз билдириш тавсия этилмайди. Баъзан мухолиф таклиф этаётган далил-исботларга қўшилиш, йўқ дейишдан олдин “ҳа” дейиш фойдалидир. Бу барча иштирокчиларга сизнинг беғаразлигингиз, масалани холис кўриб чиқишга интилаётганингизни намоён этади. Бироқ далил-исботларга қўшилган ҳолда улар баҳс мавзусига тўғридан-тўғри алоқаси йўқлигини ва мухолифнинг ҳақлигини исботламаслигини кўрсатиб бера олиш керак. Бошқача айтганда,тушуниш ва ҳужум қилишда уйғун нутқ оҳангини топиш зарур.

Баҳсда қизишиб кетиш тавсия этилмайди. Кузатувлар барча муносабатларда бир-бирига тенг икки мунозарачидан ким бардошли ва ўзини тутишни билса, ўша мунозарачи ғолиб бўлишини кўрсатмоқда. Вазмин инсон яққол устунликларга эга: у аниқ ва хотиржам фикрлайди. Асабий ҳолатда мухолифнинг нуқтаи назарини таҳлил қилиш, ишончли далил-исботларни танлаш, материални баён қилишда мантиқий изчилликни бузмаслик қийин.

Хотиржамликни сақлай олиш–мунозарачининг муҳим фазилатидир. Баҳснинг жанжалга, тартибсиз машмашага айланиб кетишига йўл қўймаслик зарур. Ғазаб, жаҳлдан туғиладиган уруш мунозарачиларга ғоятда катта зарар етказади.

•   Мухолифнинг хулқ-атворига эътибор беринг, унинг хатти-ҳаракатларини тўғри баҳолашни ўрганинг.

Баҳслашиш усулининг талайгина турлари ва хиллари, кўплаб оралиқ вариантлари мавжуд. Мунозара ва муҳокама вақтида мухолифларингизни кузатинг ва сиз улар ўзларини турлича тутаётганига ишонч ҳосил қиласиз. Масалан, айримлари бир-бирига нисбатан муносиб, ҳурмат билан муносабатда бўлиб, виждонсизлик ва ҳийла-найрангни ишга солмайди, кескин оҳангда гапирмайди. Улар мухолифнинг далил-исботларини диққат билан таҳлил қиладилар, ўз нуқтаи назарини пухталик билан исботлайдилар. Бундай баҳс давомида томонлар чуқур мамнунлик ва муҳокама этилаётган муаммоларни тушуниб олишга хоҳиш ҳис қиладилар. Бошқалар, аксинча, баҳсга киришиб, ўзларини урушдагидек ҳис эта қиладилар. Шу сабабли улар турли хил, шу жумладан, ножўя ҳийла-найрангларни қўллаш тўғри деб ҳисоблайдилар. Энг асосийси – рақибни енгиш, уни ноқулай аҳволга солиб қўйишдир. Демак, хушёр бўлиб, жанговар тайёргарликда туриш керак Ўзларини ўта ножўя тутадиган баҳслашувчилар ҳам бор. Улар мухолиф сўзини қўпол равишда бузишлари, уни таҳқирловчи сўзлар билан камситишлари мумкин, менсимай ёки нафратланиб гапирадилар, тингловчилар биланмасхара-омуз бир-бирларига қараб қўядилар.

Мунозарачиларнинг хулқ-атвори, уларнинг баҳслашиш усули катта аҳамиятга эга ва албатта, муҳокаманинг муваффақиятига таъсир кўрсатади. Баҳсда буни ҳисобга олиш зарур. Мунозарачиларнинг хулқ-атвори кўп жиҳатдан уларнинг баҳсдан кўзлаётган мақсади ва вазифалари, шахсий манфаатлари билан белгиланади.

Баҳсдаги хулқ-атвор қандай рақиб билан баҳс олиб борилаётганига ҳам боғлиқ. Агар бизнинг олдимизда кучли рақиб, яъни пухта билимли, баҳс мавзусини яхши биладиган, ўзига ишонувчан, ҳурмат ва обрў-эътиборга эга, мантиқий фикр юритадиган, баҳслашиш кўникмаси ва маҳоратига эга одам бўлса, фикр-хаёлимиз, диққат-эътиборимиз бир ерга тўпланади, уни ортиқча тушунтиришлардан озод қилишга интиламиз, ўзимиз унинг фикр-мулоҳазалари моҳиятини тушунишга ҳаракат қиламиз, кўпроқ ҳимояланишга тайёр бўламиз. Кучсиз, муҳокама мавзусини етарлича пухта тушунмайдиган, қатъиятсиз, уятчан, баҳслашиш тажрибасига эга бўлмаган рақибдан биз тушунтиришлар ва қўшимча далил-исботлар талаб қиламиз, унинг фикрларини шубҳа остига оламиз, ўзимизни кўпроқ ишончли, мустақил, қатъиятли ҳис этамиз. Ақли, билими, маълумоти бўйича сизга тенг бўлган рақиб билан баҳслашиш қизиқарли.

Мунозара қилувчиларнинг хулқ-атвори кўп жиҳатдан уларнинг шахсий фазилатлари, мижозининг хусусиятлари, табиатининг ўзига хос жиҳатлари билан белгиланади. Шунингдек, халқнинг, мамлакатнинг миллий урф-одатлари ва маданий анъаналари ҳам мунозара қилувчиларнинг хулқ-авторига маълум даражада таъсир кўрсатади.

Мунозарачилар учун баҳсни кузатаётган кишилар, уларнинг ғалабалари ёки мағлубиятларининг шоҳидлари катта аҳамиятга эга. Шу сабабли айримлар олдида ўзларини босиқ, хушмуомала тутадилар, бошқалар билан эса улар ўзларини бемалол ва эркин тутадилар, учинчи тоифадаги кузатувчиларга эса эътибор бермайдилар. Кўпинча баҳслашувчиларнинг хулқ-атвори ҳозир бўлганларнинг эътиборига қараб ўзгаради. Баҳсда ўта эҳтиросли, баъзан эса ноинсоф баҳслашувчиларни тийиб турадиган кузатувчилар иштирок этса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Баҳс вақтида ўз мухолифингизнинг хулқ-атворига эътибор қаратинг. Унинг ҳаракатлари ва фикрлари сабабини тушунишга ҳаракат қилинг, унинг табиатининг ўзига хос хусусиятларини, баҳслашиш усулларини инобатга олинг.

•   Ўз нуқтаи назарингизни асослаш ва мухолифнинг нуқтаи назарини рад этиш учун ишончли далиллар танланг.

Баҳсли чиқишлар амалиёти баҳсда турли вазиятлар юзага келишини кўрсатмоқда. Мунозарачи таклиф этилган тезисни мантиқан тўғри исботлайди, бироқ бу мухолифларни ишонтирмайди, чунки далил-исбот улар учун мураккаб ва улар томонидан қабул қилинмайди. Аксинча, баъзида далилларга асосланган фикр-мулоҳазалар эмас, балки бидъатларга, одамларнинг турли масалалардан бехабарлиги, обрў-эътиборли одамларга бўлган ишончига асосланган фикрлар ишонтиради. Мунозарачининг гапга чечанлиги, нутқининг жўшқинлиги, ишончли овозда гапириши, салобатли ташқи кўриниши ва ҳоказолар катта таъсир кўрсатади. Бошқача айтганда, бирор-бир қоидани исботлаш, бироқ атрофдагиларни унинг ҳақиқийлигига ишонтира олмаслик мумкин ва аксинча, ишонтириб, бироқ уни исботлай олмаслик мумкин. Бироқ мунозарачи кўпчилик ҳолларда ишончли нутқнинг пойдевори – унинг исботланиш эканлигини кўзда тутиши зарур.

Кучли ва заиф далиллар фарқланади. Заиф далил деганда, унга қарши осонгина топилган эътирозни рад этиш қийин бўлган далил тушунилади. Агар мухолиф ҳеч бир аниқлаштиришларсиз далилга қўшилишга мажбур бўлса, демак, кучли далил-исбот ишлатилган бўлади. Мунозарачи ўз мақсадига эришиш учун унинг далил-исботлари кимга қаратилганлигини яхши билиши ва мухолифнинг шахсий фазилатларини ҳисобга олган ҳолда исботларни келтириши керак.

У ёки бу далил-исботни танлаётиб, унинг нафақат тингловчилар ақл-идрокига, балки уларнинг ҳис-туйғуларига ҳам таъсир кўрсатишини назардатутиш лозим. Агар нотиқ ўзнутқида баъзи туйғулар – бурч ва ор-номуз туйғуси, топширилган иш учун масъулият туйғуси, дўстлик туйғуси ҳақида гапириб ўтса, унинг нутқи тингловчиларга кўпроқ таъсир кўрсатади, улар ёдида яхшироқсақланади. Ишонтириш жараёнида тингловчининг эмоционал ҳолати, унинг нутқ мавзусига шахсий муносабати  кучли таъсир кўрсатади. Гельвеций:“Шундай инсонлар бўладики,ишонтириш учун уларни ҳайратга солиш лозим бўлади” деган эди.

Кучли ва ишончли далил-исботларни танлаш мунозарачининг баҳс мавзусини пухта билиши, ақл-заковати, топқирлиги ва зийраклиги, тезда жавоб қайтара олиши, оғир-вазминлиги ва ўзини тута билишига, юзага келган вазиятни тушуниши, исботлаш ва рад этишнинг мантиқий операцияларини билишига боғлиқ. Тингловчига айнан шу ҳолатда таъсир кўрсатадиган ягона тўғри сўзларни топиш муҳимдир.

Баҳслашиш усуллари

Ўз нуқтаи назарини ҳимоя қилиш ва мухолифнинг фикрини рад этиш учун баҳс иштирокчилари турли баҳслашиш усулларидан фойдаланадилар.

Бумеранг усули. Мунозара ва баҳсларда кўпинча “қайта зарба” ёки “бумеранг” деб аталадиган усул қўлланади. Баҳслашишнинг ушбу усули шундан иборатки, тезис ёки асос уларни билдирган шахсларга қарши қаратилади. Бунда зарба кучи бир неча бор кучаяди.Барча ҳозир бўлганлар учун рақибнинг мағлубияти очиқ-ойдин бўлади.

“Эътирозни илиб олиш” “қайта зарбанинг”турларидан бири ҳисобланади. Мунозарали масалаларни муҳокама этиш чоғида баҳслашувчилар кўпинча турли хил хусусиятга эга луқмалар ташлайдилар. Ўз фикрларини асослаш, мухолифнинг қарашлари ва нуқтаи назарини фош қилиш, ҳозир бўлганларга руҳий таъсир ўтказиш мақсадида рақибнинг эътирозини қўллай олиш баҳсдаги самарали усулдир. Кўпинча  “эътирозни илиб олиш” усулидан қурултойлар, конференциялар, митингларда нутқ сўзлаётиб, фойдаланилади.

 “Бемаънилик даражасига олиб бориш”.

“Тутуруқсиз гап даражасига олиб бориш”, “бемаънилик даражасига олиб бориш” инкор этишнинг кенг тарқалган усулидир. Ушбу усулнинг моҳияти тезис ёки далилнинг ёлғонлигини кўрсатишдан иборат, чунки ундан келиб чиқадиган натижа воқеликка ҳақиқатга зид келади.

Ноёб сўзлаш қобилиятига эга бўлган адвокат Ф.Н.Плевако  суддаги чиқишларининг бирида бу усулдан ажойиб тарзда  фойдаланган. Сиртдангина ҳимоячи қиёфасида бўлган “Ф.Н.Плевако, – деб ёзади А.Ф.Кони, – оташин нотиқ сўзга чиққан эди,  унинг учун иш бор-йўғи баҳона бўлган, аниқ бир ҳолат унга хос куч билан қанотларини қоқишга тўсқинлик қилаётган эди”.

Ф.Н.Плеваконинг жўшқин ва ҳаяжонли овози тингловчиларнинг қалбини забт этади, уларнинг хотирасида узоқ вақт сақланиб қолади. В.В.Вересаевнинг хотираларига кўра, у 50 тийин турадиган тунука чойнакни ўғирлаган кампирни ҳимоя қилиб чиқади. Прокурор ўз айблов нутқида ўғрилик арзимас эканлигини, кампирни жиноят содир этишга аянчли эҳтиёж мажбур қилганлигини, судланувчи нафрат эмас, балки ачиниш уйғотишини қайд этди. Бироқ шунга қарамай, деди у, кампир қораланиши керак, чунки у мулкка тажовуз қилди, мулк эса муқаддас нарсадир, бутун фуқаролик фаровонлиги мулкка асосланган. Ва агар одамларга унга суиқасд қилишга имконият бериб қўйилса, мамлакатимиз барбод бўлади. Ундан кейин ҳимоячи Плевако сўзга чиқди. У шундай деди: “Россия минг йиллик умри давомида кўп мусибат ва синовларни бошидан ўтказди. Печенеглар, қипчоқлар, татарлар, поляклар уни тилка-пора қилишди. Наполеон армияси бостириб кириб, Москвани забт этди. Россия ҳаммасига бардош берди, ҳаммасини енгиб чиқди, синовларда куч-қувватга тўлди, ўсди. Бироқ энди... кампир эллик тийинлик эски чойнакни ўғирлаб қўйибди. Буни Россия, шак-шубҳасиз, кўтаролмайди, бундан буткул барбод бўлади”. Ва суд кампирни оқлайди.

Ҳазил,  киноя, сарказм.Ҳазил, истеҳзо, киноядан фойдаланиш баҳслашишнинг самарали воситасидир. Ҳазил – бу бирор нарсага нисбатан беғараз,енгил танқид; киноя – яширин шаклда билдирилган нозик пичинг; сарказм – аччиқ пичинг, қаттиқ истеҳзо. Бундай усуллар нутқнинг баҳслашиш оҳанги, унинг тингловчиларга жўшқин таъсирини кучайтиради, кескин ҳолатни юмшатишда ёрдам беради, оғир масалаларни муҳокама этишда муайян кайфиятни пайдо қилади, мунозарачиларнинг баҳсда муваффақият қозонишига ёрдам беради. Истеҳзоли ёки ҳазиломуз танбеҳ, гарчи ҳар доим ҳам баҳс мавзусига бевосита алоқадор бўлавермаса-да, мухолифни довдиратиб қўйиши, уни мураккаб аҳволга солиб қўйиши, баъзида эса ҳатто пухталик билан келтирилган далил-исботларни йўққа чиқариш мумкин. Шу сабабли ўзингизни йўқотиб қўймаслигингиз лозим. Энг яхшиси, ўзингизни табиий тутганингиз маъқул. Агар кулгили бўлса, барча билан бирга кулиш, сўнгра эса муаммонинг моҳиятини муҳокама этишга албатта қайтиш мумкин.

“Шахсга ҳавола қилиш”. Баъзан у ёки бу масаланинг мазмун-моҳиятини муҳокама этиш ўрнига уни таклиф этган инсоннинг фазилатлари ва камчиликларига баҳо беришга ўтиб кетилади. Баҳсдаги бундай усул “шахсга ҳавола қилиш” деб аталади ва у кучли руҳий таъсир кўрсатади.

“Шахсга ҳавола қилиш” баҳслашиш усули сифатида бошқа ишончли ва асосли далиллар билан бирга қўлланиши керак. Мустақил далил сифатида у тезисни уни таклиф этган шахснинг шахсий фазилатларига алмаштиришдан иборат мантиқий хато ҳисобланади.

“Оммага шикоят” деб номланган усул “иддао қилиш” усулининг бир туридир. Ушбу усулнинг мақсади тингловчиларнинг ҳис-туйғуларига, уларнинг фикрлари, манфаатларига таъсир кўрсатиш, тингловчиларни сўзловчи томонига оғдириш.

Саволлар билан ҳужум қилиш–мунозарачининг навбатдаги фикри мухолифга савол бериш билан тугаб, уни ҳамма вақт саволларга жавоб беришга мажбур қилишдан иборат баҳслашиш усули. Ушбу усулнинг мақсади мухолифни қийин аҳволга солиш, уни ўзини ҳимоя қилишига, ўзини оқлашига мажбур қилиш, ўзига баҳслашиш учун энг қулай шароит яратишдан иборат.

9. Баҳслашиш қоидаси

Баҳс олиб боришнинг тажрибали нотиқлар ўз нутқий амалиётида муваффақиятли қўллайдиган кўплаб усуллари ва қоидалари мавжуд, уларнинг баъзиларини таҳлил қилиш фойдадан холи эмас.

1. Аён бўлган нарсани исботламанг. Тингловчи сўзловчидан ўзига нотаниш,янги бир нарсани кутади. Унга бундай янгилик қанчалик кам берилса, нотиқ нутқига қизиқишини шунча тез йўқотади. Ўзига хос хавф тингловчи машҳур сўз бирикмаларида яширинган янги мазмунни ҳис этмаса, пайдо бўлади.

2. Дастлаб баҳсга сабаб бўлувчи қатъий бўлмаган, бироқ ишончли далил-исботлар келтирилиши керак. Хулоса ўрнида эса якуний узил-кесил ва рад этиб далил келтирилади.

3. Ишончсиз далил-исботлардан қочинг. Нутқдан энг ишончли далил-исботларгина жой олиши керак. Сони эмас, сифати муҳим. Нутқ далил-исботларнинг камлиги туфайли бўш бўлиб туюлишидан хавфсирамаслик зарур. Хато қилмаслик учун ишончсиз далил-исботларни ишлатмаслик зарур. Ҳар бир заиф далил эътиборни тортиб, бошқа далилларга бўлган ишончни пучга чиқаради.

4. Исботлаш мобайнида бош ғояни эътибордан четда қолдирманг,аксинча, уни ёдга солиш учун исталган вазиятдан фойдаланинг.

5. Жиддий далил-исботларни бошқа-бошқа келтиринг ва ҳар бирини алоҳида ривожлантиринг. Агарулар бўш бўлса, уларни қўшган ҳолда битта далил сифатида қўллаш зарур.

6.Далилларни имкон қадар кўпроқ бир-бири билан мустаҳкамланг.

7.Ўзингиз тамоман ишонмаган нарсани тушунтирманг. Ўз шубҳаларингизни овоз чиқариб айтманг, чунки улар бутун далил-исботларни барбод қилади.

Ўз фикрингизни исботлаш чоғида юзага келадиган эътирозларни қуйидаги усуллардан фойдаланиб олдини олиш мумкин:

-   мухолифнинг умумлаштирилган далил-исботларини бўлакларга ажратинг;

- мухолифга эътироз билдираётиб, ўта тиришқоқлик қилманг. Қатъий эътироз тингловчилар нигоҳида мухолифнинг обрўсини ошириши мумкин;

- рақибнинг кучли далилларини эътирозсиз қолдирманг. Бироқ уларга эътироз билдираётиб,уларни ривожлантириш ёки ушбу далилларни мустаҳкамловчи мулоҳазаларни такрорлаш керак эмас. Эътирозни такрорлаётиб,биз улардан олган таассуротларимизни кучайтирамиз. Сўнгра олдиндан тайёргарлик кўрмай уларни инкор этишга ўтамиз. Инкор,одатда,тайёргарликсиз, кўплаб ортиқча сўзлардан иборат бўлади. Биз ўз далил-исботларимизни охиригача ривожлантиришга улгурмай, хаёлимизга келган биринчи уй-фикрлардан бошлаймиз ва муҳимроқ бўлган фикрларни эътибордан четда қолдириб, ўй-фикрларимизни ноаниқ, муваффақиятсиз шаклда баён этамиз;

-   инкор этиш мумкин бўлганда исботламанг;

-   сўзларга далил-исботлар билан жавоб беринг;

-   шубҳасиз далил-исботлар ва тўғри фикрларга қарши баҳслашманг;

-   ишониб бўлмайдиган нарсани инкор қилманг.

Оғзаки чиқишларда кўпинча демогогик усуллар қўлланилади. Улардан қочиш лозим. Бу усуллар қуйидагилар:

·          иш ўрнига баландпарвоз сўзлар ва даъватлардан фойдаланиш;

·          бугунги кундаги қийинчиликлар жуда кўп маротаба ўтмишдан қолган мерос билан боғлаб изоҳлаш;

·          ҳамма номидан қасам ичиб сўз бериб, ишонтириш;

·          сохта жўшқинлик;

·          кўплаб рақам, эҳтимолдан узоқ воқеалардан таҳлилсиз ва қиёслашсиз фойдаланиш;

·          лақаб қўйиш;

·          айбни бошқаларга ағдариш;

·          муаммони тинч муҳокама этиш ўрнига ҳақоратлаш, кўз ёш тўкиш, бақириш.

 

Диспут иштирокчисига эслатма (В.Т.Лисовский бўйича)[13]

1.   Баҳслашишдан олдин нима ҳақида гапирмоқчи эканлигингизни ўйлаб кўринг.

2. Тўғри ва самимий баҳслашинг, баҳс иштирокчиларнинг ўй-фикрлари ва сўзларини нотўғри талқин қилманг.

3.  Баҳслашувнинг бошида ҳимоя қилмоқчи, исботламоқчи бўлган ғояларингизни тушунарли ва аниқ тарзда ифода этинг. Ушбу тезислар бутун баҳс мобайнида ўзгармаслиги керак.

4. Энг яхши исбот ёки инкор этишнинг энг яхши усули аниқ ва шак-шубҳасиз далил-исботлар эканлигини ёдда тутинг.

5. Исботлаш ва инкор этишда, тушунарли, содда, аниқ, равшан сўзланг. Ўз сўзларингиз билан гапиришга ҳаракат қилинг.

6. Агар Сизнинг фикрингиз хатолиги  исботланса, ўз “рақибингизнинг” ҳақлигини мардларча тан олинг.

7. Ўз чиқишингизни тугатаётиб, унга якун ясанг, хулосалар чиқаринг.

 

Нутқий алоқанинг савол-жавоб шакли

 

1. «Нутқнинг савол-жавоб шакли” тушунчаси

Нутқий алоқа– бу инсонлар ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг мураккаб икки томонлама жараёни бўлиб, кўпинча, бир тамондан, саволлар қўйилишини, бошқа тарафдан, уларга жавоблар берилишини назарда тутувчи диалогдир. Савол-жавоб шаклида одатда, суҳбатлар, музокаралар, консультация, телефондаги суҳбатлар ўтказилади. Саволлар суҳбатдошнинг диққат-эътиборини тортиш, уни ўзига қаратиш, у билан ишончли алоқалар ўрнатиш, зарур ахборот олиш, аниқ саъй-ҳаракатларга ундашда ёрдам беради.

Нотиқнинг чиқиши камдан-кам ҳолларда савол-жавобларсиз ўтади. Нотиқ тингловчиларга берадиган саволлар уларни фаоллаштиради, нутқ мавзусига қизиқиш уйғотади, нутқни самарали қабул қилишга рағбатлантиради. Тингловчилар томонидан бериладиган саволлар аудитория кайфиятининг ўзига хос мезон бўлиб, нотиқни ўз нутқини тўғрилашга мажбур қилади[14].

Саволларни тўғри ифодалаш ва уларга усталик билан жавоб бериш қобилияти кўп жиҳатдан оммавий тарздаги баҳснинг самарадорлигини белгилаб беради. Тўғри қўйилган савол мухолифнинг нуқтаи назарини аниқлаштириш, ундан қўшимча маълумотлар олиш, муҳокама этилаётган муаммога муносабатини тушуниш имконини беради. Муваффақиятли жавоб мунозара қилувчинингнуқтаи назарини мустаҳкамлайди, таклиф этилаётган тезиснинг далил-исботларини кучайтиради.

Савол ва жавоб ўзида муайян мантиқий шаклларни ифодалайди. Савол – бу сўроқ гап орқали ифодаланган, билимни аниқлаштириш ёки тўлдиришга қаратилган фикрдир. Савол, одатда, билимнинг муайян тизимига таянади. Ҳар қандай савол, энг аввало, саволнинг асоси ёки негизи деб аталадиган дастлабки ахборотни ўз ичига олади. Бундан ташқари, саволда билимнинг етарли эмаслигига ҳамда уни тўлдиришни давом эттириш ва кенгайтиришга кўрсатма мавжуд. Савол мулоҳаза эмас, шу сабабли у ҳақиқий ёки ёлғон бўлмайди. Савол бериш учун муҳокама мавзуси ҳақида бирор-бир тасаввурга эга бўлиш зарур. Саволга жавоб бериш учун билим, саволнинг мазмун-моҳияти ва хусусиятини тўғри баҳолаш қобилияти ҳам зарур.

Жавоб – бу қўйилган саволга мувофиқ аввалги билимни аниқлаштирувчи ёки тўлдирувчи янги мулоҳазадир. Жавобда олинган дастлабки ахборотни кенгайтирувчи ёки аниқлаштирувчи билим кўпинча янги саволлар учун асос бўлиб хизмат қилади.

Замонавий илмий ўқув ва методик адабиётларда савол ва жавобларнинг турли таснифлари мавжуд.

 

Саволлар таснифи

Саволларни маъноси, вазифалари, тузилиши, муҳокама этилаётган мавзуга алоқадорлиги, савол берилган шахсга алоқаси бўйича таснифлаш  кенг тарқалган.

1. Тўғри қўйилганва нотўғри қўйилган саволлар (семантика бўйича).

Савол тасдиқ ҳам, инкор ҳам бўлмай, муайян таянч (базис) билимга суянади. Агар ҳақиқий фикр-мулоҳазалар асос, негиз бўлса, саволлар тўғри қўйилган ёки тўғри саволлар ҳисобланади.

Негизи ёлғон ёки ноаниқ фикр-мулоҳазалардан иборат саволлар нотўғри қўйилган ёки нотўғри саволлар деб аталади. Масалан, “Нима учун сиз доим ҳамкасбларингиз билан келишолмайсиз?” деган савол хушмуомала, хизматдошлари билан яхши муносабатда бўлган инсонга нисбатан нотўғри савол бўлади. Аввал унинг ишида хамкасиблари билан келишмовчиликлар бўлиши ёки бўлмаслигини аниқлаб олиш, шундан сўнг ижобий жавоб берилса, нима учун тез-тез низолар содир бўлишини аниқлаштириш зарур.

2.  Аниқлаштирувчи ёки “шундайми” деган саволлар ва тўлдирувчи ёки “бу нима” деган саволлар (функцияси бўйича).

Аниқлаштирувчи (ёпиқ) саволлар уларда ифода этилган фикр-мулоҳазаларнинг ҳақиқийлиги ёки ёлғонлигини аниқлаштиришга қаратилади. Масалан: “Вояга етмаганлар билан ишлаш бўйича комиссиянинг мажлиси чиндан ҳам ўтказилдими?”, “Шаҳримизда ҳақиқатда ҳам янги нотариал идора очилдими?”. Ёпиқ саволлар гапларда -ми юкламаси ишлатилади. Ушбу юклама уларнинг грамматик белгисидир. Бундай саволларга жавоблар, одатда, “ҳа” ёки “йўқ” сўзларидан иборат бўлади.

Тўлдирувчи (очиқ) саволлар тингловчини қизиқтирувчи воқеалар, ҳодисалар, мавзулар юзасидан янги билимларни аниқлаштириш билан боғлиқ. Ким, нима, қаерда, қачон, қандай қилиб, нима учун каби сўроқ сўзлар бундай саволларнинг грамматик белгиларидир. Жумладан, юқорида келтирилган ёпиқ саволларни очиқ саволларга ўзгартириш мумкин: “Вояга етмаганлар билан ишлаш бўйича комиссиянинг мажлиси қачон ўтказилди?”, “Шаҳримизнинг қайси туманида янги нотариал идора очилди?”.

 

3. Оддий ва мураккаб саволлар (тузилиши бўйича)

Аниқлаштирувчи ва тўлдирувчи саволлар оддий ва мураккаб бўлади. Оддий саволлар бўлинмайди, бошқа саволларни ўз ичига олмайди. Мураккаб саволларни икки ёки бир қанча оддий саволларга бўлиш мумкин. Мисоллар келтирамиз. “Судланувчига Жиноят кодексининг 103-моддаси ва 2-қисмининг 144-моддаси бўйича айблов қўйилгани ростми?” дейилган аниқлаштирувчи савол мураккаб саволдир. У иккита оддий саволдан иборат (“Судланувчига Жиноят кодексининг 103-моддаси бўйича айблов қўйилгани ростми? ва “Судланувчига Жиноят кодекси 2-қисмининг 144-моддаси бўйича айблов қўйилгани ростми?). Уларга жавоблар турлича бўлиши мумкин. “Қачон ва шаҳримизнинг қайси туманида янги нотариал идора очилади?” дейилган тўлдирувчи мураккаб саволда ҳам иккита оддий саволни ажратиш мумкин: “Янги нотариал идора қачон очилади?» ва “Шаҳримизнинг қайси туманида янги нотариал идора очилади?”. Мураккаб тўлдирувчи савол бир қанча сўроқ сўзлардан иборат.

Мураккаб саволлар кўпинча жавоб берувчиларда қийинчилик туғдиради, уларни чалкаштиради, шу сабабли оддий саволлардан фойдаланиш тавсия этилади. Боғланиш турига кўра мураккаб саволлар бириктирувчи (боғловчибилан боғланган икки ва ундан ортиқ оддий саволлар), айирувчи (ёки боғловчиси билан боғланган икки ва ундан ортиқ оддий саволлар), аралаш (бириктирувчи ва айирувчи саволларнингқўшилиш) саволлар бўлиши мумкин.

4.  Мавзумоҳияти бўйича саволлар ва мавзуга алоқаси йўқ саволлар (муҳокама этилаётган мавзуга тегишли).

Мавзубўйича савол муҳокама этилаётган муаммога бевосита ёки билвосита боғлиқ бўлади; бундай саволга жавоб дастлабки ахборотни аниқлаштиради ёки тўлдиради. Мавзуга алоқадор бўлмаган саволнинг мавзуга умуман алоқаси бўлмайди. Бундай савол кўпинча муҳокамани атайин чўзиш, мавзунинг асосий масалаларини ҳал қилишдан эътиборни четга буриш учун қўйилади.

Мавзу бўйича савол баъзан муҳим аҳамият касб этишини назарда тутиш зарур, чунки унда долзарб, ҳаётий муҳим, жиддий муаммолар кўтарилади. Бироқ бундай саволларга жавоб муайян жасоратни ва тегишли равишда психологик тайёргарликни талаб қилади. Тўғридан-тўғри берилган савол мухолифни кўпинча мураккаб аҳволга ва саросимага солиши, хижолатда қолдириши мумкин. Савол берган одамга хушомад қилиш, унга жавоб беришдан қочиш керак эмас,тўғри ва рост жавоб бериш зарур.

 

5.  Хайрихоҳ ва нохайрихоҳ саволлар (савол берилаётган одамга нисбатан).

Саволларда сўзловчига муносабат,ҳозир бўлганлар кўз ўнгида уни ва унинг фикр-мулоҳазаларини қўллаб-қувватлашга ёки обрўсизлантиришга интилиш акс этади. Адресатга нисбатан холис, хайрихоҳ ва нохайрихоҳ, адоватли, ғаламис саволлар бўлади. Шу сабаблихулқ-атвор тактикасини тўғри ишлаб чиқиш учун саволнинг қўйилиш, овоз оҳангигақараб савол хусусиятини аниқлаб олиш зарур. Холис ва хайрихоҳ саволларгабилдирилган у ёки бу фикрларни имкон қадар аниқроқ тушунтириб беришга интилиб, хотиржам жавоб бериш зарур. Агар савол ноаниқ, унчалик ҳам тўғри ифода этилмаган бўлса-да, сўраётган одамга имкон қадар эътибор ва ҳурматни кўрсатиш муҳим. Ғазабланиш ва илтифотсиз оҳангда жавоб қайтариш мумкин эмас.

Бироқ баъзан саволлар ишнинг моҳиятини аниқлаш учун эмас, балки суҳбатдошни ноқулай аҳволга солиб қўйиш, унинг далил-исботларига ишончсизлик уйғотиш, унинг нуқтаи назарига ўзининг қўшилмаслигини кўрсатиш, бир сўз билан айтганда, унинг устидан ғалаба қозониш учун берилишини ёддан чиқармаслик керак. Хайрихоҳ бўлмаган саволларга жавоб бераётиб, улардаги ғаламисликни аниқлаб олиш, мухолифнинг нуқтаи назарини фош қилиш ва муносиб жавоб қайтариш зарур.

Мулоқот чоғида, одатда, санаб ўтилган барча саволларга дуч келишга тўғри келади.

3. Жавоб турлари

Саволлар турларининг хилма-хиллиги жавобларнинг ҳам турли хил бўлишини назарда тутади. Саволлар каби жавоблар ҳам турли асослар бўйича таснифланади. Жавобларнинг қуйидаги турлари ажратиб кўрсатилади:

1) Саволга оид ва саволга алоқаси йўқ жавоб (саволга нисбатан). Берилган саволга оид жавоб ўзининг асосий вазифасини бажаради – мавжуд ахборотни аниқлаштиради ёки янгисини хабар қилади. Агар жавоб савол билан боғлиқ бўлмаса, у “саволга алоқаси йўқ жавоб” деб баҳоланади ва кўриб чиқилмайди. Жавоб берувчи саволни тушунмаганда ёки билатуриб жавоб беришдан бош тортмоқчи, суҳбатни бошқа мавзуга бурмоқчи бўлганда шундай жавоблар берилади.

2) Тўғри ва ёлғон жавоблар (воқеликка нисбатан). Агар жавобда воқеликни тўғри акс эттирувчи фикр-мулоҳаза келтирилган бўлса, у тўғри жавоб ҳисобланади. Воқеликка мос келмайдиган жавоб ёлғон жавобдир.

3) Бевосита ва билвосита жавоблар (жавоб излаш соҳасига қараб). Бевосита жавоблар қўшимча фикр-мулоҳазаларни талаб қилмайди, улар саволларнинг асосини такрорлайди. Масалан: “Институтни қайси йили тамомлагансиз?” — “Мен институтни 1992 йилда тамомлаганман”. Билвосита жавоб кенгроқ жавоб излаш соҳасидан фойдаланишни талаб қилади. Билвосита жавобда керакли ахборот ясама йўл билан олинади. Жумладан, “Институтни қайси йили тамомлагансиз?” деган саволга қуйидагича билвосита жавоб бериш мумкин: “Мен институтни хотиним тамомлаган йилдан бир йил кейин тамомладим, биз ўша йили ўғиллик бўлдик”.

4) Қисқа ва батафсил жавоблар (грамматик тузилиши бўйича).Қисқа жавобларинкор ёки тасдиқниакс эттирувчи “йўқ” ва“ҳа”  ёхуд саволни ўзгартириб, аниқлик киритувчи битта қисмга эга.Қисқа жавоблар саволларнинг асосини такрорламайди. Масалан: “Судланувчи, ўзингизни айбдор деб тан оласизми?” – “Йўқ!”; “Баҳс. Баҳс назарияси ва амалиёти” китобининг муаллифи ким?” —“Поварнин”.

Батафсил жавоблар саволнинг барча элементларини такрорлайди. Юқорида келтирилган саволларга батафсил жавобларни келтирамиз: “Судланувчи, ўзингизни айбдор деб тан оласизми?” – “Йўқ,менўзимни айбдор деб тан олмайман”. “Баҳс. Баҳс назарияси ва амалиёти” китобининг муаллифи рус мантиқчиси С. И. Поварнин.

5) Тўлиқ ва тўлиқ бўлмаган жавоблар (ахборот ҳажми бўйича).Тўлиқ жавобсаволнинг барча хусусиятлари бўйича ахборотга эга. Жумладан, “Жиноят қаерда, қачон ва ким томонидан содир этилди?” дейилган мураккаб саволга тўлиқ жавоб қуйидагича бўлади: “Жиноят Авдеев томонидан 2002 йил 25 февраль куни завод ҳудудида содир этилди”. Тўлиқ бўлмаган жавоб саволнинг айрим хусусиятларигагина оид бўлган ахборотга эга. Жумладан, “Жиноят қаерда, қачон ва ким томонидан содир этилди?” дейилган саволга берилган тўлиқ бўлмаган жавобга мисоллар: “Жиноят Авдеев томонидан завод ҳудудида содир этилди” (“қачон?” деган саволга жавоб йўқ); “Жиноят 2002 йил 25 февраль куни завод ҳудудида содир этилди” (“ким томонидан” деган саволга жавоб йўқ).

6) Аниқ  ва ноаниқ жавоблар (аниқлик даражаси бўйича). Жавобларнинг ноаниқлиги кўпинча қўлланаётган тушунчаларнинг икки маънога эгалиги, шунингдек, сўроқ сўзларнинг (ким? нима? қаерда? қандай қилиб? ва ҳоказо) ноаниқлиги билан боғлиқ. Контекстдан узиб олинса, сўроқ сўзлар ҳар доим ҳам тушунарли бўлавермайди. Масалан, “Ким жиноят содир этди?” деган саволда ким сўзи остида қуйидагилар назарда тутилиши мумкин: жиноятчининг фамилияси, исми, отасининг исми; ёш хусусиятлари (ўсмир, ўспирин, кекса одам ва ҳоказо); миллати (рус, татар, ўзбек ва ҳоказо); касби (ишчи, ҳисобчи, муҳандис ва ҳоказо). Қачон? деган саволга жавоб йил, ой, сана, вақт ва ҳоказоларни кўрсатиши мумкин. Ноаниқлик кўпинча савол хусусиятлари тасдиқни ҳам, инкорни ҳам назарда тутадиган мураккаб саволларга жавоб бераётганда пайдо бўлади.

Саволнинг тури ва хусусиятидан қатъи назар асосий принципга қатъий амал қилиш зарур, яъни саволга унинг мазмун-моҳияти охиригача маълум бўлганда, тўғри жавобни билганингизда жавоб бериш зарур.

Атоқли ҳайкалтарош Эрнст Неизвестный бир вақтлар Ландау, Капица, Нильс Бор ва бошқа буюк олимларга ғўр ва ғаламис саволлар бериш  севимли машғулоти бўлганлигини айтиб беради: “Мен очиқкўнгиллик билан сўрардим: сиз ҳозир нима устида ишлаётганингиз ҳақида менга қисқача тушунтириб бера олмайсизми? Ажабланарлиси шундаки, буюк олим ҳар доим ношудга ўз касбига оид вазифаларнинг моҳиятини бир қанча сўзларда баён қилиб бера оларди. Албатта, у ўз касбининг жиддий ва мураккаб қирраларига тўхталмасди, яъни савол даражасига қараб ҳар доим аниқ жавоб бериш мумкин”.

Мулоқот жараёнида зукко жавоб жуда қадрланади. Инсоннинг топқирлиги, унинг вазиятни тўғри баҳолай олиши, ушбу вазият учун энг аниқ сўзларни топа олиши, тезкор жавоб бериши мураккаб аҳволдан чиқиб кетишда ёрдам беради.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

ИЛОВАЛАР

1

Аудиторияни бошқаришнинг асосий усуллари

 

Нотиқнинг ҳар бир нутқи аудиторияда қизиқиш уйғотиши, нутқ мавзусини билишга интилиш уйғотиши керак. Қизиқарли, сермазмун маърузалар, суҳбатларнигина катта қизиқиш билан тинглайдилар. Нутқ қанчалик қизиқарли бўлмасин, тингловчиларнинг диққат-эътибори вақт ўтиши билан сусайиб,  улар уни қабул қилмай қўядилар. Нотиқ эътиборнинг сусайишига қарши курашиши учун аудиторияни бошқариш усулларини билиши ва эгаллаши лозим.

Аудиторияни бошқариш усуллари:

·                         диққат-эътибор қаратишни тўғридан-тўғри талаб қилиш,

·                         кутилмаган савол,

·                        қизиқтириш сирлари,

·                         савол-жавоб шакли,

·                         ҳазил-мутойиба,

·                        ҳамдард ва ҳамфикр  бўлиш усули,

·                         аввалги нотиқнинг нутқига ҳавола қилиш,

·                        об-ҳавога мурожаат қилиш,

·                         обрў-эътиборли шахслар ёки машҳур манбаларга ҳавола қилиш,

·                        аудитория қизиқишларига ҳавола қилиш,

·                         нотиқ шахсига ҳавола қилиш,

·                         аудиторияга мурожаат қилиш,

·                         овоз усуллари, тўхтам қилиш.

 

Қизиқтириш сирлари деб номланадиган усул энг қизиқарли нотиқлик усулларидан биридир. Профессор F. Starobaнинг фикрича, сюжетнинг мазмун-моҳияти драма ёки детектив шаклида баён этилиши мумкин. Бунда воқеалар ривожи муайян изчилликда баён этиладиган мароқли сюжет орқали амалга оширилади, бу эса аудиторияда қизиқиш уйғотиб, уни доимо сақлаб туради.

Савол-жавоб шакли махсус нотиқлик усуллари жумласига киради. Нотиқ мавжуд муаммо устидан овоз чиқариб мулоҳаза юритади. У аудитория олдига саволлар қўяди ва уларгаўзи жавоб беради, таклиф ҳамда эътирозларни илгари суриб, муайян хулосаларга келади.

Нотиқ аудиториянинг барча саволларига жавоб бериши керак эмас. Аудитория билан баҳслашмаслик лозим. Агар кимдир норозилик билдирса, у билан кўз контактини сақлаган ҳолда гаплашиш керак. Тингловчига ҳақоратомуз шаклида эътироз билдирмаслик керак, “ўтир, савол учун раҳмат” деб жавоб бериш лозим. Агар нотўғри фактлар ёки рақамлар берилган бўлса, нотиқ ўз хатосини тан олиши ва бу одамни мақтаб қўйиш керак. Интеллектуал тажовузга қаршилик кўрсатишда ҳужумни шунчаки эътиборсиз қолдириш самарали усулдир.

Аудиториянинг диққат-эътиборини кучайтириш, жонлантиришда ҳазил-мутойибадан фойдаланиш самарали воситага айланади. Яхшиси, жамоат олдидаги нутқнинг бошида ҳазил қилиш ёки бирор-бир  кулгили воқеа айтиб бериш лозим. Агар одамлар нотиққа табассум билан жавоб қайтарсалар, уларнинг ихлоси ошди деб ҳисоблаш мумкин. Ҳазил-мутойиба – айтилган фикрларнинг эмоционал далил-исбот бўлиб, унга аудитория ҳушёрлик билан эътибор қаратади. Бир куни машҳур адвокат Фёдор Плевако, айбдорлиги ҳеч кимда шубҳа уйғотмаётган руҳонийни ҳимоя қилаётиб, биттагина жумлани ҳазил аралаш талаффуз этиб, ютиб чиқади:

 – Ҳурматли суд маслаҳатчилари! Авлиё ота шунча йил бизнинг гуноҳларимизни кечириб келди! Келинг, биз ҳам уни бир марта кечирайлик, ахир беайб фақат парвардигор-ку! 

Айбланувчини оқлашди…

Ҳамдард бўлиш усули. Бунда нотиқ айрим воқеалар юзасидан тингловчиларга ўзининг ҳамдардлигини билдиради, улар билан бирга маълум руҳий ҳолатни бошидан ўтказади, тингловчилар билан ўзаро бир-бирларини тушунишга эришиш имконини беради.

Ҳамфикр бўлиш усули туфайли нотиқ тингловчилар билан  бирга бўлган баъзи тадбирлардаги у ёки бу воқеаларни эсга солади.

Аввалги нотиқнинг нутқига ҳавола қилиш усули. Унда нотиқ аввалги нотиқнинг муҳокама этилаётган масала юзасидан фикрига қўшилиши ёки қўшилмаслиги, унинг сўзларидан парча келтириши, уларни маромига етказиши шу билан бирга тингловчиларнинг диққат-эътиборини ҳам тортиш мумкин.

Аудиторияга маълум ёки номаълум бўлган воқеаларга ҳавола қилиш тингловчиларнинг диққат-эътиборини уйғотишга хизмат қилади, кўриб чиқилаётган муаммонинг моҳиятини англаб етишга ёрдам беради.

Обрў-эътиборли шахслар ёки машҳур манбаларга ҳавола қилиш усули ўз нуқтаи назарини мустаҳкамлаш учун қўлланади. Йирик, кўзга кўринган давлат, сиёсий ёки жамоат арбобларининг сўзларини келтириш, машҳур илмий асарлар, газеталар, журналлар, нуфузли арбобларнинг фикрларидан фойдаланиш мумкин.

Аудиториянинг қизиқишларига ҳавола қилиш тингловчиларда қизиқиш уйғотади, чунки нотиқ у ёки бу масалани кўриб чиқади, тингловчилар учун бу муаммонинг долзарблиги, аҳамиятини қайд этади, қабул қиланаётган қарорларнинг амалий жиҳатдан йўналганлиги ҳақида сўзлайди ва ҳоказо.

Нотиқ шахсига ҳавола қилиш – нутқ сўзловчи айрим масалаларни муҳокама этаётганда ўз тажрибасига мурожаат қилади, ўз ҳаётидан мисоллар келтиради, у ёки бу воқеаларни қандай қабул қилганлиги ҳақида сўзлаб беради.

Бадиий адабиётдан келтирилган мисоллар, мақоллар, маталлар, халқда тарқалган ҳикматлар ҳамда иборалар нутқни жонлантиради, унга ёрқинлик ва образлилик бахш  этади.

Аудиторияга мурожаат қилиш зарурлигини ёдда сақлаш муҳимдир.

Аудиторияни бошқаришда овоз билан боғлиқ усуллар, яъни овозни баландлаш ёки пасайтириш, унинг баландлиги, нутқ тезлигини ўзгартириш фойдали бўлиши мумкин. Тўхтам (пауза) қилиш айтилган ёки энди айтиладиган фикрлар аҳамиятини оширади.

Диққат-эътиборни тортиш воситаларидан ортиқча фойдаланилса, улар ўз вазифаларини бажармай қўйиб, ҳикоянинг мантиқини кузатишга халақит берувчи ахборотнинг ортиқча элементларига айланиб қолишини кўзда тутиш зарур.

Тингловчилар учун баъзан нимани сўзлаб бериш эмас, балки уни қандай сўзлаш муҳим ўрин тутади.(И.И.Аминов)[15].

1. “Бетараф ибора” усули. Бу усулда ташаббускор суҳбатдош билан мулоқотни ўзини қизиқтираётган мавзуга бевосита боғлиқ бўлмаган, бироқ суҳбатдошга алоқадор бўлган иборалардан бошлайди.

2. Овозни баландлатиш. Бақириш – нафақат ахлоқий-эстетик жиҳатдан, балки тактик мулоҳазалар нуқтаи назаридан ҳам мумкин эмас, чунки исталган одамнинг бақириши унинг заифлиги ва ожизлигининг яққол белгисидир. Лекин овозни, айниқса, гапнинг бошида бироз баландлатиш диққат-эътиборни тортибгина қолмай, балки қўшимча таъсир ҳам ўтказади.

3. Қизиқтириш усули. Ушбу усулнинг моҳияти шундаки, мулоқот ташаббускори бошида, масалан идрок этиш қийин  бўлган иборани жуда паст овозда айтади. Суҳбатдошнинг эса тушуниши учун зўрберишга тўғри келади, бу эса диққат-эътиборни жамлашни назарда тутади. Бу усул агар мулоқот ташаббускори суҳбатдошида ўз маҳорати ва ўз кучларига ишончи билан катта таассурот уйғота олган тақдирдагина самарали бўлиши мумкинлигини қайд этиш зарур.  

4. Нигоҳлар ўртасида алоқа ўрнатиш усули. Жуда кўпчилик ушбу усулнинг самарадорлилигини билган ҳолда ундан фойдаланади: улар аудиторияга кўз югуртириб чиқадилар ва битта тингловчига диққат билан қарайдилар, сўнгра аудиториядаги бир қанча кишига ўз нигоҳларини қаратадилар. Нигоҳлараро алоқа ўрнатиш исталган мулоқот жараёнида (нафақат жамоат олдидаги, балки шахслараро, иш юзасидан мулоқотда ҳам) кенг қўлланади. Кишига диққат билан разм солиб, сиз унинг диққат-эътиборини тортасиз; нигоҳингизни бировдан доимий равишда  олиб қочсангиз, мулоқот қилишни хоҳламаётганингизни кўрсатасиз. Нигоҳлараро алоқа нафақат диққат-эътиборни тортиш, балки мулоқот жараёнида уни ушлаб туриш учун қўлланади.

5. Диққат-эътиборни жамлаш  усули суҳбатдошнинг диққат-эътиборини хабардаги энг муҳим (нутқ сўзловчининг нуқтаи назарича) жиҳатларга қаратиш зарур бўлган ҳолларда қўлланади. Бу усулни диққат-эътиборни бевосита ва билвосита тортиш орқали амалга ошириш мумкин. Диққат-эътиборни бевосита тортишда, масалан қуйидаги иборалардан фойдаланилади:“Бунга эътибор беришингизни илтимос қиламан”, “...ни таъкидлаб ўтиш муҳим”, “...ни қайд этиш зарур” ва ҳоказо. Агар мулоқотнинг диққат-эътиборни тортиш лозим бўлган қисми атрофдаги фондан ажратилган ва эътиборни автоматик тарзда тортадиган ҳолда етказилса, диққат-эътибор билвосита тортилади.

6. “Ритм юклаш”. Кишининг диққат-эътибори доимо ўзгарувчан. Овоз ва нутқ хусусиятларининг доимий ўзгартирилиши – суҳбатни лозим маромда етказиб беришнинг энг оддий усулидир. Гоҳ баланд, гоҳ паст овозда гапириш, гоҳ секин, гоҳ тез, гоҳ холис гапириш орқали суҳбатдош тингловчи диққат-эътиборининг бўшашишига ва бирор нарсани ўтказиб юборишига йўл қўймайди. Шу йўл билан нотиқ тингловчига ўзининг диққат-эътибори ўзгаришидаги кетма-кетликни сингдиради.

7. “Ўз вақтида тўхтам қилиш ” усули суҳбатдошни тайёрлайди, ғояни ажратиб кўрсатади ва айтилган фикрлармуҳимлигини баҳолаш имконини беради. Паузалардан фойдаланиш суҳбат ташаббускори учун қуйидаги ҳолатларда фойдалидир:

Ø     Гапиришни бошлашдан аввал. Пауза тингловчига нутқни идрок этишга тайёрланиш имконини бериб, унинг диққат-эътиборини нотиқни тинглашга йўналтиради ва нотиққа ўз ўй-фикрларини тўплаб олиш имконини беради.

Ø     Диққат-эътиборни бошқариш ва айтилган фикрлар аҳамиятини кучайтириш учун. Агар масала, ибора ёки фикр муҳим аҳамиятга эга бўлса-ю, бироқ уларни эшитмай қолиш ёки нотўғри тушуниш эҳтимоли бўлса, бундай жумлалардан олдин тўхтам қилиш фойдалидир. Бундай ҳолат жуда қизиқарли манзара олдида гиднинг тўхташи билан баравар.

Ø     Нутқ моҳиятини белгилаш ва унинг тушунарлилиги даражасини ошириш учун тиниш белгилари ўрнига паузалар ишлатилганда.

Ø     Суҳбат характерини ўзгартиришда. Бундай ҳолатда пауза унинг тартиб-таомилларини ажратиб кўрсатади, ишга оид учрашувларнинг турли босқичларини аралаштириб юбориш имконини бермайди.

8.                     “Қайта ифодалаш” усули – диққат-эътиборни ушлаб туриш ва таъсирни кучайтиришусулидир. Аввал айтилган фикр ташаббускор томонидан янги сўз ва иборалар ёрдамида янгича талқин қилинади. Бундай йўл тутиш гап суҳбатдош учун мураккаб ёки жуда аҳамиятли масалалар ҳақида бораётган бўлса, мақсадга мувофиқдир. Агар суҳбатдош берилган саволга жавоб беришни рад этса, мажбурлаб жавоб олиш тавсия этилмайди, балки саволни қайтадан ўзгача тарзда ифодалаш лозим.

9.                     “Фитна” (провакация)  усули. Суҳбатдошда қисқа вақт давомида баён этилаётган ахборотга қўшилмаслик туйғуси пайдо бўлади. Унда шу заҳотиёқ уни тўғрилаш, аниқлаштириш истаги пайдо бўлади.

10.                “Муболаға” усули.Тингловчининг диққат-эътиборини кучайтириш учун муаммо бўрттириб кўрсатилади, бироқ шундан сўнг тилга олинган мавзу бўйича ўз нуқтаи назарини аниқ-равишда баён этиш зарур.

11.                “Прогноз” усули.Реал фактларга асосланган ҳолда суҳбатдошга кутилаётган воқеа-ҳодисалар прогнози таклиф қилинади.

12.                “Уч қадам” усули.Суҳбатдош қизишиб кетганда қўлланилади вақуйидаги тартибда бажарилади:

1.                     Тингловчининг ҳолати таърифланади: Менимча сиз ғазабланаяпсиз  шекилли, нимадир сизни хафа қилдими?”

2.                     Нотиқнинг ҳолатига таъриф берилади: “Мен ҳам бироз ҳаяжонланаяпман”;

3.                     Кичик тўхтамдан сўнгвазиятга баҳо берилади: “Агар суҳбат бундай давом этадиган бўлса, биз ҳеч нарсага эриша олмаймиз. Келинг тинчланиб олайлик”.

Иш юзасидан мулоқот жараёнида диққат-эътиборни бошқариш – нафақат сўзловчи учун, балки тингловчи учун ҳам муҳим вазифадир. Агар у ишга алоқаси бўлган муаммони кўрмоқчи ва эшитмоқчи бўлса, у ўз диққат-эътиборини бошқаришни билиши керак. Фаол эшитишнинг турли хил усуллари айнан шу кўникмани эгаллашга қаратилган.

Моҳир нотиқларнинг барча муваффақиятли нутқий усуллари, гарчи улар кўпинча аввалдан тайёрланган бўлса-да, экспромт сифатида қабул қилинади. Ўзининг нотиқлик маҳоратига ишониб ёки доимий бандлигини баҳона қилиб, нутққа тайёргарлик кўриш босқичига бефарқлик билан ёндашиб бўлмайди.

 

АУДИТОРИЯ БИЛАН ИШЛАШ ҚОИДАЛАРИ[16]

 

1-қоида. Тайёргарликсиз (спонтан) нутқ

Оғзаки ва ёзма нутқ – худди ўқиш ва эшитиш орқали идрок қилиш каби турли руҳий жараёнлардир. Жуда яхши ёзилган матн ўқиб берилса, мутлақо қабул қилинмаслиги мумкин. Таёйргарликсиз сўзланган нутқ яхши қабул қилинади. Ва аксинча, қизиқарли нутқ стенограммаси ўқилганда киши ихлосини қайтариш мумкин. Нутқнинг шаклланиш жараёни: жумла айтилади, бир вақтда кейингиси шаклланади. Агар жумлани шаклланиш жараёнига уни яхшилашга уриниб аралашилса, равонлик йўқолиб,тўхтам юзага келади ва улар “паразит сўзлар” (мана, демак) ёки шунчаки товушлар (а-а, э-э) билан тўлдирилиши мумкин. Агар одам нима демоқчи эканлигини эслай олмаса ёки матнга қараб гапирмоқчи бўлса ҳам шундай ҳолат юз беради. Аудитория олдига “қоғоз билан” чиқиш нутқ самарадорлиги ва муваффақиятини пасайтиради.

2-қоида. Оддийлик

Нотиқда ўзининг юксак интеллектуал даражасини кўрсатиш истаги қанчалик кучли бўлмасин у аввалдан режалаштирган нутқда бундай йўл тутмаслиги керак. Мураккаблик тушунмовчилик ва ғазабни юзага келтиради. Нутқ мантиқан тўғри, аниқ, тиниқ ва тушунарли бўлиши керак. Гаплар узун бўлмаслиги керак. Атамалардан камроқ фойдаланиш керак. Агар атама ишлатилса, унинг маъноси дарҳол изоҳланиши лозим. Жиддий илмийлик, академизмдан яхшиси мақолада ёки конференциядаги маърузада фойдаланиш мақсадга мувофиқ.

3-қоида. Мослашувчанлик

Тингловчилар аудиторияси турли хил бўлади. Ҳатто айни бир аудитория ҳам ўзгарувчан бўлиши: одамлар толиқиб қолиши, нимадандир ташвишда бўлиши, шошилиши мумкин. Барча ўзгаришларни олдиндан билишнинг имкони йўқ, фақат нутқ жараёнидагина уларга мослашиб бориш лозим. Тайёр матннинг йўқлиги устамонлик билан нутқ сўзлаш учун қулай имкониятдир.  Тингловчилардан узоқ бўлган ва аввалдан тайёрланган жумлаларни қолипга солинган интонациялар билан ўжарлик қилиб эълон қилувчи нотиқ қайғули манзарани ўзида намоён этади.

4-қоида. Ўзига бўлган ишонч

Одамларнинг сиз ҳақингизда қандай ўйлаши ҳақида хавотирланиш, ўзингизни “тўғри” тутишга ҳаракат қилмаслик лозим. Энг асосийси – жамоат олдида нутқ сўзлашга оддий муносабатда бўлиш керак. Жамоат олдида нутқ сўзлаш жуда катта кучни талаб қилмайди, бу шунчаки хотиржамлик билан бажариш лозим бўлган ишдир. Вақт ўтиши билан одат тусига кириб, ўрганиш юзага келади ва хавотир йўқолади. Бунга ишонмайдиган одамларга оддий мактаб ўқитувчисини эсга олиш тавсия этилади: ўқитувчингиз ҳаяжонланганми, овози титраганми? 

5-қоида. Экспромт

Доимо аввалдан тайёр бўлган қизиқарли иборалар, сюжетлар, ўхшатишларга эга бўлиш фойдалидир. Қизиқарли воқеалар ва гўзал иборалар киритилган “нотиқлик луғатини” тузиш, масалан –буюртмачилар, мижозлар ва ҳоказолар билан музокаралар олиб боришда ҳам мумкин. Бундай луғат анча катта бўлиши керак, чунки одамга айни бир сўз ва ибораларни бир неча марта эшитиш камдан-кам ёқади.

6-қоида. Самимийлик

Нутқ сўзловчи ўзининг ҳақиқий ўй-фикрлари ва ҳис-туйғуларини аудиториядан яшира оллмайди. Тингловчи уни алдашаётганлигини пайқаб қолса ғазабланади. Ва аксинча, тингловчи агар сиз у билан ўз фикр ва ҳис-ҳис-туйғуларингизни ўртоқлашсангиз, хато ва камчиликларни кечиради, айтмоқчи бўлган барча гапларингизни сабр билан тинглайди.

7-қоида. Қувонч бағишлаш

Жамоат олдида нутқ сўзлаш нотиққа ҳам, тингловчиларга ҳам қувонч бағишлаши мумкин. Бу жараён симметрик эканлигини ёдда тутиш зарур. Агар нотиқ тингловчилар билан самимий муносабатда бўлсагина уларни ўз нутқига ижобий ёндашишига эришиш мумкин.

 

Нутқ сўзловчилар йўл қўядиган айрим типик хатоларни қайд этиб ўтиш зарур.

1.                     Кимнинг фикрлари устида баҳс юритаётган бўлсангиз, у шахсларни калтафаҳм, виждонсиз, тутуриқсиз, иродасиз қилиб тасвирлаш, кўрсатиш тавсия этилмайди. Оппонентнинг ҳаётини эмас, балки фикрини, нуқтаи назари, қарашларини таҳлил қилиш лозим.

2.                     Тингловчиларнинг ҳис-туйғуларига таъсир кўрсатиш уларни манипуляция қилишга айланиб кетмаслиги керак.

3.                     Инсоннинг қарашларини у аъзо бўлган гуруҳ, партия қарашлари билан тенглаштирмаслик зарур.

4.                     Баҳслашаётган ёки фикрларига таянаётган одамларнинг фикрларини бузиб кўрсатмаслик керак. Айниқса, цитата келтиришда эҳтиётбўлиш зарур.

5.                     Шахсий хислатлар билан мақтаниш, бирор-бир воқеаларда, ҳамкорликдаги фаолиятда нотиқ ўрнини бўрттириб кўрсатиши тавсия қилинмайди.

6.                     Нотиқ ўз нуқтаи назарини, концепциянинг бошланғич ғояларини келтиргандан кейин уларни ҳимоя қилиши, асослаб, исботлаб бериш. Исботлаш талаб этилган нарсани исботлангандек таърифлаш мумкин эмас.

7.                     Нутқ чоғида дастлабки (билдирилган ва билдирилмаган) тезислардан воз кечмаслик керак. Нотиқ ишончни йўқотади.

8.                     Ўз оппонентларнинг реал ва амалга оширилиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлари, воқеалар ва ҳоказоларнинг салбий натижаларини ҳаддан ортиқ ошириб юбориш керак эмас. Номақбул оқибатларни кучайтириш асосли бўлиши керак.

9.                     Нотиқ концепцияси унинг ўзига ишончли туюлганлиги туфайлигина уни тўғри деб эътироф этилишини талаб қилмаслик керак.

Диққат-эътиборни ва қизиқишни кучайтирувчи композицион воситалар:

Ø     Қизиқиш (интрига)уйғотувчи кириш;

Ø     бош ғояни бўлиб-бўлиб ривожлантириш;

Ø     савол-жавоб тарзида фикр юритиш;

Ø     далил-исботларни контраст таққослаш;

Ø     таъсирчан якунлаш.

Диққат-эътибор ва қизиқишни кучайтирувчи нутқий воситалар:

Ø     адабий сиймолар, парчалар, ҳикматлардан фойдаланиш;

Ø     турли  услубдаги, таъсирчан сўзлардан фойдаланиш;

Ø     нутқни бадиий ифодалаш (кўчма маънодаги сўзлар, риторик иборалардан фойдаланиш);

Ø     нутқни драмалаштириш;

Ø     интонацион ифодалилик: овоз кучи, баландлигини, нутқ темпини ўзгартириш, руҳий ва мантиқий тўхтамлардан фойдаланиш.

Методик воситалар:

Ø     муаммоли вазиятларни кўриб чиқиш;

Ø     нутқнинг асосий ўринларини ажратиб кўрсатиш;

Ø     баённинг мунозарали хусусияти;

Ø     тингловчилар билан нигоҳлараро алоқа ўрнатинг, диққат-эътиборни уйғотиш учун аудиторияга мурожаат қилиш;

Ø     кўргазмали, техник воситалардан фойдаланиш.

 

Нотиқ этикаси. Нутқ сўзлаш одоби

Антик даврлардан бошлаб нотиқлик саънати назариячилари ва амалиётчилари, мулоқот олиб бориш бўйича мутахассислар нотиқнинг маънавий қиёфасига катта аҳамият берганлар ва бериб келмоқдалар. Одоб-ахлоқ нормалари нутқ сўзлашга тайёргарлик кўришни бошлашдан то сўзланган нутқни танқидий таҳлил қилишгача бўлган нотиқлик фаолиятини ўз ичига олади. Нутқ ҳар доим шахс нуқтаи назарининг ифодаси, унинг ғояларини етказиш воситаси ҳисобланади. Тингловчилар нафақат нутқ тарзи ва табиатига, балки нотиқнинг ҳаётий нуқтаи назарига, унинг фалсафий ва касбий принципларига баҳо берадилар.

Нутқнинг муваффақиятли чиқиш, тингловчиларни самарали ишонтириш учун аудиторияда қулай ижтимоий-руҳий муҳит бўлиши зарур;тингловчилар нотиқ тарғиб қилаётган ғояни қабул қила олишдан олдин нотиқнинг ўзини ишонч, ҳурмат уйғотувчи инсон сифатида қабул қилишлари керак. Антик дунё нотиқлик санъатида нотиққа қўйилган бош талаб чиройли ва таъсирчан нутқ эмас, балки нотиқнинг “саховатли инсонлиги” эканлиги бежизга эмас. Нотиқ нутқ сўзлаш ва бошқаларга ўргатиш учун ахлоқан ҳуқуққа эга бўлиши керак. Нутқнинг сифати учун ахлоқий жавобгарлик мавжуд.

Нутқий тарбия нутқдан эмас, балки фалсафий-ахлоқий дунёқарашдан бошланади ва муайян қарашлар чиқиш билан ишлаб, нотиқнинг ягона қуроли – нутқи билан ҳимоя қилиш лозим бўлган ҳаётий ва касбий нуқтаи назар билан параллел равишда олиб борилади. Цицерон нотиқлик илмини бежизга фалсафани энг муҳим фан деб ҳисобламаган. Фалсафадаахлоқ ва мантиққа алоҳида эътибор қаратган чунки, нотиқ ахлоқни билмай туриб, тингловчиларни ўзига мойил қила олмайди ва муваффақият қозона олмайди деб тўғри ўйлаган.

Нотиқнинг ахлоқи – бу унинг ўз мажбуриятлари, ўз иши мақсадларига, ўз тингловчиларига бўлган муносабатини белгилаб берувчи ахлоқий нормалар, қадрият йўналишлари, хулқ-атвор қоидаларининг мажмуидир. Нотиқ шахсининг ўзи, унинг билимдонлиги, принципиаллиги, эътиқоди, ўзига бўлган танқидий қараши каби хислатлари ахлоқий жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга. Аудиторияга ҳурмат ва самимий муносабатда бўлиш, дилкашлик, зийракликда, насиҳат омуз, оҳангнинг йўқлигида намоён бўладиган назокат нотиқлик ахлоқининг яна бирэлементидир.

Нутқ сўзлаётган шериклар ҳамкорликдауйғунликка кўмаклашувчи эзгулик принципларини фаоллаштишлари ҳамда салбий тенденцияларгайўл қўймасликлари лозим. Шахсахлоқибутун нутқий ҳамкорликнижараёнига ҳал қилувчи таъсир кўрсатади. Шу сабабли нотиқлик таълими ва тарбияси одоб-ахлоқ қоидаларини ўргатиш ва ахлоқтарбияси билан биргаликда олиб борилиши керак.

Нотиқ ўз фикрини ифодалашда одоб-ахлоқ нормаларига риоя қилиши зарур. Ахлоқий нормаларга риоя қилиш деганда, хушмуомалалик, назокатлилик, самимийлик, вазминлик каби хислатлар назарда тутилган. Бу хислатлар аниқ нутқий таъсир орқали ифодаланади. Масалан, агар инсон муайян шароитда мулоқот қилишни истамаса, у бундай вазиятданўз суҳбатдошини хафа қилмай,чиқиб кетишга йўл топиши керак. Беадаб ва ҳақорат омузифодалар қўполлик, ноўрин сўзларни ишлатиш кундалик ва иш юзасидан мулоқотга катта зиён етказади.

Жамоат олдида ишончли нутқ сўзлашга эришишда нутқ сўзлашнинг одоби муайян ўрин тутади. Этикет дейилганда жамият томонидан ўрнатилган ва қабул қилинган ҳулқ-атвор тартиби тушунилади; у нутқ нормаларида ҳам ўз аксини топади. Нутқ сўзлашнинг одоб-ахлоқ деганда суҳбатдошлар ўртасида алоқа ўрнатиш ҳамда уни ушлаб туриш учун жамият томонидан қабул қилинган ва тасдиқланган нутқ сўзлашни тартибга солувчи қоидалар, мулоқот олиб боришнинг барқарор формулалари тизими тушунилади.[17] Одоб-ахлоқ қоидалари ахлоқ нормаларига, шахснинг маънавий бойлиги акс этган эзгу ҳис-туйғуларга асосланган тақдирда ахлоқ-одоб доирасида бўлади. Нотиқлик санъати доимо одоб-ахлоқ қоидалари масалаларида шу нуқтаи назарга асосланган.

Мулоқот жараёнида, ижтимоий муносабатларда муайян вазиятларда, турли жамоат гуруҳларида қабул қилинган сўзлар, бирикмалар ва бутун жумлалар қўлланади. Сўзловчининг сўзларига қараб унинг ёшимаълумоти даражасиҳамда ижтимоий келиб чиқиши, баъзан эса ҳатто касбини ҳам билиб олиш мумкин. Ёшлар ўз мулоқотида қўллайдиган ахлоқий сўзлар ёши катталар орасида ишлатилмайди. Эркин ва тўғри мулоқот олиб бориш учун инсон зийраклик билан этикет қоидаларини билиши керак.

Нутқ сўзлашнинг одоб-ахлоқ воситалари ўзининг тил табиатига кўра фразеологияга яқиндир. Улар барқарор, баъзан маъноси тенг ёки маънодошдир. Масалан: “Раҳмат”, “сиздан катта қарздорман” каби сўзларни   бири ўрнида иккинчисини қўллаш мумкин.

Одоб-ахлоқ қоидаларига мос сўзларва иборалардан фойдаланишда интонация улкан аҳамиятга эга. Ахлоқий нормалар ҳақиқий ҳис-туйғуларни акс эттирсагина, нутқ сўзловчининг суҳбатдошига бўлган ҳақиқий муносабатиниетказиб берсагина самарали бўлади. Интонациялар, юз, айниқса, кўз ифодаси исталган сохталик ва зўрма-зўракиликни фош этади.

Этикет ва риторикани мақсади бирдир:этикет шаклларига одатланиш – хушмуомала хулқ-атвор инсонни тартиб-интизомга ўргатибгина қолмай, балки одоб-ахлоқнормаларини ўзлаштиришга, инсонлар ўртасида яхши муносабатлар бўлишга кўмаклашади. 

Оғзаки нутқда, оғзаки диалогда одоб-ахлоқ қоидаларига мос сўзлар ва иборалар жуда тез танланади, у автоматик тарзда ўзлаштирилиши керак, хушмуомала сўзлар одатга айланиши керак.

Одоб-ахлоқ қоидалари тил каби амалий фаолиятда ҳам (яъни нутқда), аниқ мақсадга қаратилган таълимда ёки мустақил ўрганишда ҳам ўзлаштирилади.

Нутқнингтингловчиларнинг диққат-эътиборини жамлашга кўмаклашувчи дастлабки жумлалари катта ахлоқий вазифани бажаради. Айрим муаллифлар ҳатто тингловчилар билан алоқа ўрнатишни қийинлаштирувчи нотиқни “ҳалокатга етаклайдиган” нутқ бошланмаларига йўл қўядилар: “қандай бошлашни билмаяпман”, “мен, тўғриси, махсус тайёргарлик кўрнмаганман”, “мен айтадиган гаплар сизга ёқиши даргумон”, “сизга, албатта, ҳозирча номаълумки... “ ва ҳ.к.

Нотиқ нутқ сўзлашнинг одоб-ахлоқ қоидалари суҳбатдошга таъсир кўрсатишини инобатга олган ҳолда мулоқот қилишнинг қуйидаги одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилади:

Ø Суҳбатдошга ўз ҳурматини, самимийлигини намоён этиш. Ўз нутқи билан суҳбатдошини ҳақоратлаш, унга илтифотсизлик кўрсатиш тақиқланади. Шеригининг шахсиятига тўғридан-тўғри салбий баҳо бермаслик лозим. Буларнинг барчаси муваффақиятли мулоқотгатўсқинликқилади.

Ø Суҳбатдошига хушмуомалалик билан муносабатда бўлиш. Ўз нутқини юмшатиш, ортиқча кескин фикрлар билдирмаслик тавсия этилади. Шерикнинг ёши, жинси, хизмат лавозимини ҳисобга олиш зарур.

Ø Ўз “мен”ини биринчи ўринга қўймаслик. Суҳбатдошга ўз фикрини ўтказиш керак эмас (бироқ ишонтириш тақиқланмайди!). Масалага шеригининг нуқтаи назаридан қарашни билиш керак.

Ø Суҳбат мавзуситушунарли, ўринли ва қизиқарли бўлиши керак.

Ø Эшитувчининг маънони идрок қила олиш доирасини ва диққат-эътибори жамланганлигини ҳисобга олиш. Фикр 5-9 сўздан иборат оғзаки шаклда ифодаланса, тезроқ қабул қилинади, бунда у тўхтамсиз45 сониядан бир ярим дақиқагача давом этиши мумкин. Қисқа жумлалардан фойдаланиш, тингловчига нафасини рослашга имкон бериш тавсия этилади.

Ø Алоқанинг оғзаки бўлмаган (новербал) воситаларини инобатга олиш. Тингловчи нутқ сўзловчи унга самимий мимик ва имо-ишоравий белгилари бориб, унда қўшимча равишдақизиқиш ва тушиниш уйғотаётганлигини ҳис этиши керак.

Бу қоидалар сўзловчи ва эшитувчи учун мўлжалланган қоидалар билан узвий боғлиқдир. Одамлар ҳаракатларини уйғунлаштирмоқчи бўлсалар, эшитиш биринчи ўринга чиқади. Агар кимдир сизга суҳбатлашиш учун мурожаат қилса, уни эшитиш учун ўз ишингизни тўхтатиб туришингиз зарур. Агар бунинг иложи йўқ бўлса, нима учун иложи йўқлигини тушунтириш зарур.

Тинглаш жараёнида, гапираётган кимсага самимийлик, ҳурмат ва илиқмуносабатда бўлиш зарур. Назокатли, сабрли бўлиш, диққат билан ва охиригача тинглаш лозим. Тинглаётганда, сўзловчива унинг манфаатларини диққат билан эшитиш керак. Унга нутқ сўзлаётганида ўзини кўрсатишга имкон бериш лозим.

Вербал ва новербал тарзда тингловчи билан мулоқот қилишдан манфаатдор эканлигини таъкидлаш лозим (нигоҳ, мимика, бош ирғитиш, ундовлар, сўзлар ёрдамида). Тингловчи ролида суҳбатдошнинг фикрини ўз вақтида баҳолай олиш, унга қўшилиш ёки қўшилмаслик, берилган саволларга жавоб бериш зарур.

Тингловчи ролида қолиб, усталик билан диалогга киришиш зарур. Суҳбатдошни тинглаётганда, уни бўлмай, фикрини қочирмай, гапирмоқчи бўлган гапини унинг ўрнига айтиб, уни эшитиш ўрнига гапиришга киришиб кетиш мумкин эмас. Агар нутқни икки нафардан ортиқ киши тинглаётган бўлса, бошқа суҳбатдошга берилган саволга жавоб бермаслик, умуман бошқа одамга қаратилган гапга жавоб қилмаслик керак. Бироқ, агар сўзлар қаратилган киши жавоб бермаса, у ҳолда иккинчи суҳбатдош жавоб беришни ўз зиммасига олиши, шу тариқа вазиятдан чиқиб кетиш мумкин.

Тингловчи учун мўлжалланган қоидалар сўзловчи учун мўлжалланган қоидалар билан чамбарчас боғлиқ, чунки улар мулоқотнинг икки ажралмас томонлардир. Ю.В.Рождественскийнинг фикрича, тингловчининг хатти-ҳаракати сўзловчининг хатти-ҳаракатини белгилаб беради.[18] Сўзловчи бу вазиятда ўринли бўлган хушмуомалалик, самимийликни нмойиш этиш керак. Билдирилган фикр, ғоя учун миннатдорчилик билдириш, табриклаш, хайрихоҳликни эсдан чиқармаслик зарур. Сўзловчи диққат марказига ўз шахсиятини қўйиши тавсия этилмайди, ўзига ўзи баҳо беришда камтар бўлиш лозим, қатъиятлик билан ўз фикрини ўтказмаслик керак. Тингловчининг шахсияти, суҳбат мавзусини билишини инобатга олган ҳолда уни диққат марказига қўйиш тавсия этилади, доим эътиборни жамлаб, суҳбатдошга диққатини зарур. Мазкур вазиятда ўринли бўлган суҳбат мавзусини танлай билиш зарур. Сўзловчи оғзаки мулоқотда тингловчи уни эшитибгина қолмай, балки кўришини, шундай экан, ундан имо-ишора, мимика, гавда ҳолатлари орқали кўплаб оғзаки бўлмаган алоқа сигналларини қабул қилишини ёдда тутиши керак. Имо-ишораларни чеклаш, муайян масофа сақлаш зарур.

Одоб-ахлоқ қоидалари нотиқ ва тингловчилар ўртасидаги масофа қанчалик аниқ танланганлигида намоён бўлади. Бу жиҳат проксемика деб аталган махсус фанда ўрганилади. Бу ерда умумий қоидалар қуйидагича: сўзловчи ва тингловчи ўртасидаги масофа нутқ тури ва жанри билан белгиланади (расмий нутқда энг катта масофа 3-4 м); одатий масофадан ошиб кетиш нотиқнинг ишончсизлигидан, манманлигидан дарак беради ҳамда нутқнинг муваффақиятли чиқишига салбий таъсир кўрсатади; суҳбат чоғида масофанинг камайтирилиши алоқа ва ишончнинг мустаҳкамланишидан дарак бериши мумкин, бироқ кўпинча бировнинг фикрини ўтказишга интилиш деб ҳам талқин қилинади.

Нотиқлик санъати назариясининг барча жиҳатлари нотиқ шахсиятида кесишади, айнан унинг хислатлари нутқий мулоқот моделининг ҳолати ва фаолиятини белгилаб беради. Нотиқбир вақтнинг ўзида ўз нутқининг муаллифи, режиссери ва ижрочиси ҳамдир, бу эса унга бўлган талабларни мураккаблаштиради. Шу сабабли нотиқлик санъатининг ахлоқий нормалари қуйидагиларни ўз ичига олади:

·       Хушмуомалалик(очиқ юзлилик, самимийлик, тингловчиларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш);

·       назокат(мулойимлик, вазминлик);

·       масъулият илтифотлилик (вақт борасида аниқлик, саранжом-саришталик);

·       камтарлик (сиполик, мақтанчоқ эмаслик);

қадр-қиммат (ўзининг ёки тингловчиларнинг ҳурматини сақлаш).

 

ИЛОВА - 2

 

Нотиқ нутқининг новербал  жиҳатлари

 

Проксемика инсоннинг маконни ташкил этиш ва ундан фойдаланиши ёки инсоннинг территориал жиҳатдан ўзини тутиши муаммолари билан шуғулланади. Мулоқот вақтидаги алоқанинг интенсивлиги инсонлар ва уларнинг йўналганлиги ўртасидаги масофа билан тартибга солинади. Инсон масофани англамаган ҳолда танлайди, бироқ агар реал масофа уларнинг норма ҳақидаги тасаввурларига мос келмаса, бунга улар дарҳол ўз муносабатларини билдирадилар.

Турли хил мулоқот турлари учун оптимал “ҳудудий зоналар” мавжуд. Жумладан, интим, шахсий, ижтимоий ва оммавий масофани ажратиб кўрсатиш мумкин.

1. Интим масофа икки хил интервалга эга:

·       яқин интервал–бевосита алоқа;

·       узоқ интервал – 15 сантиметрдан 45 сантиметргача, бўлган масофа.

Бу тана тилида ўзаро интим мурожаат учун мўлжалланган жабҳадир (бир-бирига тегиниш, кўз қараш ва ҳоказолар). Инсон ўз интим зонаси муҳаббат, мукофот ва мақтов орқали забт этилгандагина эътироз билдирмайди.

Раҳбарларқўл остидагилари билан ўзи ўртасидаги оралиқ масофани қисқартириш орқали ҳам ўз талабларини кучайтиришлари мумкин.

Немис психологи Хорог Рюкленинг фикрича, у ёки бу инсонга тегишли макон чегаралари[19], айниқса интим макон чегаралари бузилганда қуйидаги реакциялар бўлишини кўзда тутиш зарур:

Ø    беҳаловатлик мулоқотдан, узоқлашиш истаги намоён этувчи;

Ø    оёқни чалиштириб ўтириш, суҳбатдошдан узоқлашиш, бурилиш ва қочишга тайёргарлик кўриш;

Ø    бармоқлар билан столни тақиллатиш (ички хавотир белгиси);

Ø    ўрнидан туриб, узоқроққа кетишни истагини англатовчи, турмоқчи бўлиб қўлга тираниш;

Ø    “Ёнимга жуда яқин келиб олганингизни кўришни истамайман” деган маънони англатувчи кўзларни қисиш;

Ø    энгакни кўкракка тушириш: “Бўйсунаман, ҳа, мен қўрқаяпман ва ўзимни ҳимоя қилаяпман, мени тинч қўй”;

Ø    бўйинни беркитиш учун елкаларни кўтариш: “Сенинг тажовузингни мен ҳамла деб баҳолайман ва ўзимни ҳимоя қилаяпман”;

Ø    буюмларни, кўпинча қаламни қўлга олиб, қаламнинг учи билан суҳбатдошга ўқталиш: “Сендан ҳимояланиш учун мен ўзимни қўлга олаяпман ёки қуролланаяпман”;

·        ўрнидан туриш: “Мен билан бундай муомала қилишларига йўл қўймайман, мен ўз хулосамни чиқардим ва кетяпман”.

2. Шахсий масофа:

·        яқин интервал – 45-75 см;

·        узоқ интервал – 75-120 см.

Бундай маконда одамлар ўртасидаги нормал коммуникация жараёнлар амалга ошиши лозим. Агар инсон шахсий зонани эътиборга олмаса ва бировнинг интим зонасига яқинлашиб ёки унинг чегарасидан ўтса, демак у бу билан ўзининг одобсизлиги ва бошқа инсон шахсиятини тўғри баҳолай олмаслигини кўрсатади. Бироқ шахсий масофа бир хил эмас,жумладан, болалар ва қариялар ўз шеригига яқин бўлишни хоҳлайдилар; ўсмирлар ва ўрта ёшли одамлар узоқ масофани маъқул кўрадилар. Тенг мақомдаги одамлар яқин масофадан туриб мулоқот қиладилар. Лавозими баландроқ ёки ваколатлари кўпроқ одамлар эса узоқ масофани маъқул кўрадилар. Эркак кишининг бўйи қанчалик баланд бўлса, у суҳбатдошга шунча яқинлашишга интилади ва аксинча, унинг бўйи қанча паст бўлса, у шунча узоқ масофада туришни маъқул кўради. Аёлларда эса бунга зид боғлиқлик кузатилади.

Узоқ масофа сақлашга интилиш – ўзига етарлича ишонмаслик, ортиқча хавотирдан далолат беради. Ва аксинча – хотиржам, ўзига ишонган киши ўз шахсий макони дахлсизлиги ҳақида камроқ бош қотиради.Тиришқоқ, агрессив инсон том маънода ўз ҳудудини кенгайтиришга мойил бўлади: масалан, олдинга чўзилган ёки кенг очилган тирсаклар, оёқлар, атрофдаги буюмлар ва одамларга қаратилган имо-ишоралардан бемалол фойдаланиш бундан дарак беради.

3. Ижтимоий масофа:

·        яқининтервал – 120-210 см;

·        узоқ интервал– 210 сантиметрдан 350 сантиметргача.

Биз ижтимоий масофага ишга оид муносабатларда дуч келамиз. Ушбу масофанинг ўлчамлари суҳбатдошлар ўртасида овқатланиш столи ёки ёзув столи жойлашганда беихтиёр ўрнатилади. Барча суҳбатлар ана шундай масофада ўтказилади. Ушбу масофада бўлиб ўтадиган суҳбатлар вақтида яқин муносабатлар ўрнатишга интилиш бўлмайди ва гап кўпроқ инсон ҳақида эмас, балки у ёки бу иш ҳақида бўлади.

4. Оммавий масофа:

·        яқин интервал – 350-750 см;

·        узоқ интервал – 750 сантиметрдан ортиқ.

Одатда, маърузачилар ўз тингловчиларидан ана шундай масофа оралиғида турадилар.  Жамоат ёки умумий зона чегаралари, одамларни айниқса, ўзини кўрсатишга интилаётганларни кузатиш имконини беради. Кузатувчининг узоқ масофадан қараши тингловчида бирор-бир ҳимоя механизмлари пайдо бўлишига олиб келмайди.

Суҳбатдошнинг ижтимоий нуфузи ёки ижтимоий ҳолати, интравертлиги – экстравертлиги, суҳбатнинг умумий ҳажми ва айниқса, унинг мазмун-моҳияти, хонанинг катта-кичиклиги каби омиллар ҳам мулоқотдаги масофа учун муҳим аҳамиятга эга.

Нотиқнинг маҳорати унинг ўз таъсирини кучайтиришда имо-ишора, мимика фойдаланишида намоён бўлади. Қад-қомат тўғри тутилганда гавданибемалол тутиш ва енгил ҳаракатлар уйғунлашади. Гавдани тутиш, имо-ишоралар, мимика – индивидуал услубгамансуб. Мулоқот кинетик тизимининг мазкурэлементлари кўз орқали қабул қилишга таъсир кўрсатиб, диққат-эътиборни эшитиш канали орқали қабул қилинаётган ахборотнинг мазмун-моҳиятига қаратади, ҳиссиётни кучайтиради ва шу орқали айтилган фикрларни яхши қабул қилинишига кўмаклашади.

Нотиқ аудитория қаршисида минбарда турганда барқарорликка, мувозанатга, енгилликка, ҳаракатчанлик ва табиийликка эришиши керак. Узоқ вақт қимирламай турадиган одамнинг ташқи кўриниши тингловчиларни толиқтиради. Узоқ вақт маъруза ўқишда тажрибали нотиқ ўз гавдаси ҳолатини ўзгартириб туради. Керакли лаҳзада олдинга қадам ташлаш нутқнинг у ёки бу жойининг аҳамиятини кучайтиради, диққат-эътиборни анна шу ўрнига нутқнинг жамлашга ёрдам беради. Нотиқ орқага тисарилиб, аудиторияга “дам олиш” имконини беради ва шундан сўнг нутқнинг бошқа ғоясига ўтади. Нутқ вақтида тўхтовсиз юриш, бир томондан бошқа томонга ҳаракатланиш ножоиз.

Жамоат олдида нутқ сўзлаётган вақтда қандай туриш лозим:

·       бўйга қараб оёқлар елка кенглигида очилади;

·       оёқ учи бироз кенгроқ очилган, бир оёқ бироз олдинда;

·       иккала оёққа бир хилда таянмаслик лозим;

·       нутқнинг энг ифодали жойларида товондан кўра, оёқ учига таяниш лозим;

·       тиззалар эгилувчан ва бўйсунувчан бўлади;

·       елка ва қўллар бемалол тутилади;

·       қўллар кўкрак қафасига жуда яқин бўлмайди; 

·       бош ва бўйин кўкрак қафасига нисбатан бироз олдинроқда бўлади;

·       кўкрак олдинга  чиқарилган, қорин ичга тортилади, бироқ бундай ҳолат эркин нафас олишга халақит бермаслиги лозим.

Маслаҳатлар

·     агар оёқларингизда оғирлик сезсангиз, тиззангизни бир неча бор букинг;

·     агар бўйин толиб ёки елкаларсиқиқ бўлса, бош билан аста-секин эркин айланма ҳаракатлар қилинг, қўлларни бемалолсилкитинг ва елкаларни бироз айлантиринг;

·     агар қийин нафас олсангиз, бел машқларини бажариш зарур.

Ҳаракатлар ва фикрлаш жараёнини тўғри мувофиқлаштириш учун ҳаракат фикрлашдан кейин қолиб кетмаслиги балки бироз олдинда бориш  фикрдан ортда қолмаслиги керак;

·     нутқнинг ифодали жойлариолдинга қадам ташлаш ёки оёқни олдинга қўйиш орқали таъкидланади;

·     тўхтам (пауза) ва нафасни ростлаш – орқага қисқа қадам ташлаш учун мос вазиятдир;

·     маъносиз, механик (бош силкитиш, сочни, кийимни тузатиш, ручкани айлантириш ва ҳоказо) хатти-ҳаракатлар қилманг. Нутқ мазмунига узвий боғланиб кетадиган, тингловчилар сезмай қолдиган ҳаракатлар энг яхши ва мукаммал ҳаракатлардир.

Аудитория билан контакт ўрнатиш ва уни ушлаб туриш. Контактни ўрнатиш ва ривожлантиришда кўз анализаторининг роли.

Жамоат олдида нутқ сўзлаш маҳоратинингюксак даражада намоён бўлиши, нутқ самарадорлигинингмуҳим шарти бўлмиш тингловчилар билан ўрнатиладиган алоқа – бу нотиқ ва аудитория руҳий ҳолатининг умумийлигидир, энг аввало, биргаликда фикрлаш асосида юзага келадиган нотиқ ва тингловчи ўртасидаги ўзаро бир-бирини тушунишдир. Нотиқ ва тингловчи айни бир муаммоларни ҳал қилишлари, айни бир масалаларни муҳокама қилишлари лозим. Контакт пайдо бўлишда интеллектуал қайғуриш муҳимдир, яъни нотиқ ва тингловчи нутқ вақтида ўхшаш ҳис-туйғуларни ўз бошидан кечиришлари керак. Нутқ сўзловчининг нутқ мавзусига бўлган муносабати, унгақизиқиши, ишончи тингловчиларга ҳам таъсирэтиб,  улар диққат-эътиборини қўзғатади ва жавоб реакциясини пайдо қилдиради. Ташқаридан контакт аудиториянинг ўзини тутишида намоён бўлади. Баъзи нотиқларни унинг бирор сўзини ўтказиб юборишдан қўрқиб, бутун эътиборларини жамлаб тинглайдилар. Бундай ҳолатда жимжитлик алоқа ўрнатилганлигининг кўрсаткичи ҳисобланади. Нутқ сўзловчининг ҳазил-мутойибаси, унинг ҳазиломуз фикрлари аудиторияда табассум, кулгу қўзғатади, бироқ нотиқ ўз фикрини баён этишни бошлаши билан барчаси тўхтайди. Жимжитлик бошқа маънони ҳам англатиши мумкин. Одоб юзасидан сақланадиган сукунат – мавзу аудиторияга қизиқ эмаслигидан дарак беради. Тингловчилар шунчаки нутқ сўзловчига халақит беришни истамаган ҳолда, тартибни бузмайдилар ва шу билан бирга, нотиқ билан ишламайдилар ҳам, хаёлан бошқа ишлар билан машғул бўладилар.

Муваффақиятли нутқ сўзлашнинг энг муҳим жиҳатларидан бири – бу нотиқнингаудиториянинг нигоҳи билан кўз орқали алоқа ўрнатиш маҳоратидир. Нутқни аудитория билан эмоционал ва нигоҳлараро алоқа ўрнатмай туриб бошлаш мумкин эмас. Нигоҳлараро контакт – бу нафақат аудитория билан алоқа ўрнатиш ва унга зарур ахборотни етказиш, балки аудиториябилан жавоб алоқаси ўрнатишига эришиш ҳамдир. Энг аввало,  жилмайиб, юзингизда хайрихоҳлик ифодасини намойиш этишингиз зарур. Дастлаб биз шундоқ ҳам бизга қараётган тингловчилар билан алоқа ўрнатамиз,сўнгра нотиқ нутқини бошлаганида ўз ишлари билан машғул бўлганлар ҳам сизга кўз ташлайдилар. Улар билан ҳам алоқа ўрнатиш зарур бўлади. Улар энди узоқ вақт сиздан кўз узмайдилар. Шундан кейин нотиққа ҳеч қачон қарамайдиган тингловчилар сизга қарамагунларига қадар бироз кутиб туриш зарур. Улар билан ҳам нигоҳларингиз тўқнашсин. Сизга боқмаган бирорта ҳам кўз қолмагунча кутинг. Бу жамоат олдида нутқ сўзлашда мувафақият қозонишида муҳимдир.

Алоқа тўлиқ ёки тўлиқ бўлмаслиги, бутун аудиторияни ёки унинг бир қисмини жалб этиши, шунингдек, нутқнинг бошидан охиригача барқарор ёки беқарор бўлиши, нутқ жараёнида ўзгариб туриши мумкин.

Алоқа ўрнатишга таъсир кўрсатувчи омиллар:

1) муҳокама этилаётган масаланинг долзарблиги, уни янгича тарзда ёритиб бериш, нутқ мазмунининг қизиқарлилиги;

2) нотиқшахси, унинг обрў-эътибори, у ҳақда жамоат фикри;

3) аудиториянинг ўзига хослиги: унинг сон ва сифат бўйича таркиби, тингловчилар хатти-ҳаракатининг мотиви, уларнинг кайфияти, мақсадлари, қизиқишлари ва ҳоказо;

4) тингловчиларнинг руҳияти: аудитория нотиққа муайян талаблар қўяди ҳамда у уларни оқлашини кутади. Тингловчилар нотиқнинг дадиллиги, хотиржамлигива қадр-қимматини, овозидаги сабот ва қатъийликни ҳис қилишли керак;

5) нотиқнинг ташқи кўриниши. Тингловчилар бир вақтда томошабин ҳамдир, шу сабабли нотиқнинг ташқи кўринишига, мимикасига, ишо-ишоралари, ҳаракатларига эътибор бериш муҳимдир. Буларнинг барчаси тингловчилар томонидан танқидий баҳоланади.

Залдаги сукунат, тингловчиларнинг ўзизни бемалол тутиши ва нутқ сўзловчига қаратилган сичков нигоҳлари аудиториянинг диққат-эътибори бир ерга жамланганидан дарак беради.

Ўрнатилган визуал алоқани бир дақиқаҳам йўқотмаслик зарур. Бутун нутқ давомида алоқани ушлаб туришга қуйидагилар кўмаклашади:

1.               Материалнинг мантиқан тўғри баён этилиши.

2.               Нутқда тилга олинган қизиқарли лаҳзаларни сақлаш ёки нутқда аввал эълон қилинган “низоларнинг” мавжудлиги.

3.               Турли хил кўргазмали воситаларга: назарий қоидаларни тасдиқлаш учун ёрқин мисолларга, диаграммаларга, метафора ва ўхшатишларга, аналогияларга мурожаат қилиш.

4.               Нутқнинг жўшқинлиги. У интонация ва овоз воситаларидан (тўхтам, овозни кўтариш ва пасайтириш, унинг баландлиги, нутқ темпини ўзгартириш, мантиқий урғуни ўзгартириш ва ҳ.к.), шунингдек, мулоқотнинг кинетик (ҳаракатлантирувчи) тизимидан (қараш, мимика, имо-ишоралар, тана ҳаракатлари, маконда жойлашув) фойдаланишни назарда тутади.

5.               Диққат-эътиборни тортишнингтилдаги қуйидаги воситаларидан фойдаланиш: аудиторияга мурожаат қилиш, такрорлаш, риторик саволлар.

6.               Бутун нутқни диалоглаштириш (нутқ нотиқнинг саволлари ва жавоблари шаклида тузилган, тингловчиларнинг хаёлан нутқ сўзловчи билан фикрий диалогга тортилган).

7.               Аудиториянинг диққат-эътиборини кучайтириш учун мавзудан бироз четга чиқиш, ҳазил-мутойиба қилиш.

8.               Нутқнинг мазмунига зиён етказмай, унинг қисқа ва лўндалигига эришиш.

Кинетик воситалар – бу мулоқот жараёнида регулятив-ифодавий вазифани бажарувчи кўриш орқали қабул қилинадиган бошқа инсоннинг ҳаракатларидир. Бу мимикада, гавда тутиш, имо-ишоралар ва қарашларда намоён бўладиган ифодали ҳаракатлардир.

1. Ахборот етказишда мимикага – юз мушаклари ҳаракатига алоҳида ўрин берилади. Маърузачининг юзи ҳаракатсиз бўлса  ёки кўринмаса ахборотнинг 10-15 фоизи йўқотилади.[20] Мимиканинг асосий хусусиятлари – унинг яхлитлиги ва динамиклигидир.

         Махсус адабиётда юз ифодасининг 20 000 дан зиёд тафсифини учратиш мумкин. Барча инсонлар миллати ва маданиятидан қатъи назар тегишли ҳис-туйғуларни ифодалайдиган аниқ ва уйғун тарзда мимик белгилари ўхшаш бўлади.Қош ва лаб атрофи асосий ахборот етказувчи аъзолар ҳисобланади.

Мимика:

Ø билдирилган фикрларни кучайтириш;

Ø суҳбатдошга таъсир кўрсатиш;

Ø психологик алоқа ўрнатиш;

Ø суҳбатдаўзи ва ўз нуқтаи назари ҳақида таассуротни шакллантириш;

Ø ўзининг руҳий ҳолатива юз бераётган воқеага муносабатини ниқоблаш;

Ø кайфиятини яхшилаш учун фойдаланилади.

Мимика динамик бўлиб ва қуйидагиларни акс эттиради

Ø нутқ сўзловчининг айтаётган сўзларига бўлган муносабатини: уларнинг нотиқ учун аҳамиятини, ўзи гапираётган нарсага ишонишини, тушунишини, тингловчини қай даражада тушунаётганлигини;

Ø нутқ сўзловчининг руҳий ҳолатини: хурсандчилик, қониқиши, диққат-эътибор, зерикиш, ранжиш, чарчоқ, ажабланиш, ҳаяжон, кескинлик, ғазаб, паришонлик ва бошқа ҳолатларни;

Ø суҳбатдошга бўлган муносабатини: бефарқлик, ҳурмат, ҳамдардлик, хайрихоҳлик, илтифотсизлик, умидсизлик ва ҳоказоларни;

Ø ўзига ва ўз ҳаракатларига бўлган муносабатни: диққат-эътибор, иродалилик, қатъийлик, қатъиятлилик, ўзига бўлган ишончсизлик, саросимага тушиш, мағрурлик, бирор-бир ҳаракатга тайёргарлик ва ҳ.к.;

Ø баъзи бошқа хислатларни: ўқимишлилик, ақл, паст маълумотлилик, аҳмоқлик, дадиллик, ирода ва бошқа хислатларни.

Ўз олдида турган вазифани ҳал қилиш учун мимикани бошқара олиш, ундан фойдаланиш – муҳим профессионал қобилиятдир. Ўз мимикасига эътибор бериш одатини ишлаб чиқиш зарур: у қандай бўлиши лозимлигини, вазиятни ўзгартириш керак бўлганда у бу вазиятга мос келиши ёки келмаслигини ва нима учун бундай эканлигини ўйлаб кўриш зарур. Жамоат олдида нутқ сўзлаётганда юздан хайрихоҳлик, ишчан кайфият, ишонч, дадиллик уфуриб туриши лозим. Мимикани бошқараётиб, юзнинг қуйидаги барча мимик компонентларидан фойдаланиш зарур:

·     кўз ифодаси;

·     нигоҳ йўналиши;

·     қулоқ-буруннинг ўзига хос ифодаси;

·     пешонанинг ўзига хос ифодаси;

·     бошнинг умумий ҳолати (иякни кеккайганча юқорига кўтариш ёки зимдан қараш мумкин эмасбош одатий,тўғри тутилиши лозим);

·     кўз қийиғи (юз ифодасини биринчи навбатда белгилаб берадиган қовоқ мушаклари ва унинг атрофини ҳаракат билан ўзгартириш).

2. Мулоқотнинг жуда муҳим қисмини ташкил этган нигоҳ ташлаш ёки визуал  алоқа мимика билан узвий боғлиқ.

Визуал алоқа мулоқотга киришишига мойилликдан дарак беради. Агар бизга камроқ қарасалар, демак бизга ёки биз гапираётган мавзуга муносабатлари ёмон, агар жуда кўп қарасалар, бу бизга қаратилган чақириқни ёхуд яхши муносабатни англатади.

Кўз ёрдамида инсоннинг ҳолати ҳақида энг аниқ сигналлар етказилади, чунки кўз қорачиғининг кенгайиши ва қисқаришини онгли равишда назорат қилиб бўлмайди. Доим ёруғ бўлса, кўз қорачиғи кайфиятга қарабкенгайиши ёки қисқариши мумкин. Агар ҳаяжонга тўла ёки бирор нарсага қизиқаётган бўлса ёки кўтаринки кайфиятда бўлса, унинг кўз қорачиғи нормал ҳолатдагидан кўра тўрт баравар катталашади. Аксинча, инсоннинг тушкун, ғамгин кайфиятидан кўз қорачиғикичраяди (“мунчоқ кўз” ёки “илонкўз”). Шундай қилиб, унинг инсон ҳақида юз ифодаси ванигоҳи ахборот беради.

3. Гавда ҳолати(поза)– бу инсон танасининг ҳолати, муайян миллий маданият учун типик бўлган инсоннинг макондаги юриш-туришининг бошланғич бирлигидир. Гавданинг ҳолати нотиқнинг ҳозир бўлган бошқа шахсларнинг мақомига нисбатан ўз мақомини қандай қабул қилишини яққол кўрсатиб беради. Мақоми юқорироқ шахслар қўл остидагиларга нисбатан гавдани эркин тутадилар. Инсонинг гавда ҳолати ва хатти-ҳаракатида унинг нафақат ижтимоий мақоми, балки унинг руҳий ҳолати ҳам намоён бўлади (“бошни баланд кўтариб юриш”, “елкани текис тутиш” ёки аксинча, “қадди букик ҳолда туриш”).

Шахснинг ўз танасини суҳбатдошига нисбатан қандай жойлаштириши иборат гавда ҳолатининг асосий моҳиятини ташкил этади. Тананинг бундай жойлашуви мулоқот қилишни хоҳламаслик ёхуд унга мойилликдан дарак беради.

Гавданинг “ёпиқ” ҳолатлари (инсоннинг ўз танасининг олд қисмини ёпишга ва маконда имкон қадар камроқ жой эгаллашга ҳаракат қиладиган ҳолати; “наполеонча” тик туриш: қўлни кўкракда қовуштириб туриш ва ўтириш: иккала қўл энгакка тираш ва ҳ.к.) ишонқирамаслик, рози эмаслик, қарама-қаршилик, танқидни билдирувчи гавда ҳолатларидир.

Гавданинг “очиқ” ҳолатлари (тик турганда: қўлларнинг кафти очилганча тепага қаратилади, ўтирган ҳолда: қўллар ёзилган, оёқлар узатилган) ишонч, розилик, хайрихоҳлик, руҳан қулайликни англатувчи гавда ҳолатлари сифатида қабул қилинади.

Гавданинг ўйга чўмган ҳолати (Роден яратган “Мутафаккир” ҳайкалининг ҳолати).

Гавданинг танқидий баҳо берувчи ҳолати (қўл иякда, кўрсаткич бармоқ чаккага қўйилган).

Агар инсон мулоқот қилишга қизиқаётган бўлса, у суҳбатдошга қараб, у томонга ёндашади. Агар унчалик қизиқмаётган бўлса, аксинча, бошқа томонга қараб, орқага тисарилади.

Ўзини намойиш этмоқчи бўлган инсон тик ҳолда, бутун диққат-эътиборини жамлаб, елкасини кериб, баъзан қўлини белига тираб туради.

Ўз мақоми ва ҳолатига урғу беришга эҳтиёж сезмаган инсон ўзини эркин, хотиржам, бемалол тутади.

4. Мулоқот олиб бораётган томонлар учун тушунарли бўлган қўл ва бошнинг турли ҳаракатларини акс эттирувчи имо-ишораларнинг маъноси ҳам худди гавда ҳолатидек тушунарли бўлади.

Мулоқот жараёнида имо-ишораларнинг ҳамда оғзаки билдирилаётган фикрларнинг бир-бирига мос тушиши лозимлигини ёддан чиқармаслик зарур. Имо-ишоралар ва маъно-мазмун ўртасидаги зидлик ёлғондан дарак беради.

 

Имо-ишоралар  тури:

Ритмли имо-ишоралар. Улар мантиқий урғуни, нутқнинг секинлашиши ва тезлашишини, паузалар ўрнини таъкидлайди.

Эмоционал имо-ишоралар ҳис-туйғуларнинг ўзига хослигини акс эттиради (қисилган мушт, кўкрагига уриш, столга мушт уриш, орқага ўгирилиш, елка қисиш, гап “кесувчи” қўл).

Кўрсаткич имо-ишоралардан жуда камдан-кам ҳолларда, кўрсатиш мумкин бўлган буюм, кўргазмали восита мавжуд бўлганда фойдаланиш тавсия этилади.

Тасвирий имо-ишоралар буюмни аниқ тасвирлаб беради, уни кўрсатади (масалани, бурама зинани), ундан:

а) агар тасаввурни тўлиқ етказиш учун сўзлар етишмаса;

б) агар бирорсабабга кўра фикрни ифодалаш учун сўзларнинг ўзигина  етишмаса (асабийлик, ишончсизлик, ўзини тута билмаслик);

в) агар таассуротни кучайтириш ва тингловчига қўшимча тарзда таъсир кўрсатиш зарур бўлса.

Рамзий имо-ишоралар муайян ахборотни етказади. Бундай ишораларга қуйидагилар киради:

а) қатъийлик ишораси (ўнг қўл панжаси билан силташ – бу мутлақо тушунарли, ҳеч қачон қўшилмайман, ҳеч ким билмаган);

б) жадаллик ишораси (қўл мушт қилинади – у жуда ўжар, у ўтакетган шуҳратпараст, у қайсар);

в) инкор этиш, рад этиш ишораси (қўл билан итариш ҳаракати);

г) айириш ишораси (кафт очилади, икки томонга чўзилади);

д) бирлашиш ишораси (бармоқлар бирлашади ёки кафтлар бирлашади).

е) қарама-қаршилик ишораси (қўл панжаси ҳавода “у ерда ва бу ерда” ҳаракатини бажаради),

ж) умумлаштириш ишораси (икки қўл билан бир вақтнинг ўзида овал ҳаракатлар қилиш).

 

Инсоннинг мулоқот вақтидаги позициясини билдирувчи

имо-ишоралар

Имо-ишоралар

 

Ишончсизлик    

Ручкани ғажиш, қўллар бўйинда, қўл маржон ёки занжирни ушлайди.

Ишонч

ишоралари        

“Гумбаз” – бармоқлархудди гумбазга ўхшаш бирлашади.

Ўзини назорат қилиш ишоралари        

Қўллар орқага олинган ҳолдабир қўлбошқасининг билагини маҳкам қисиб туради. Креслода ўтириб, қўллар унинг тирсакқўйгичига қўйилади, тўпиқлар қовуштирилади.

Баҳолаш ишоралари        

“Қўллар юзнинг ён томонида” – бир нима ҳақдадир ўйлаяпти. Танқидий баҳо беришда – ияккафтга тиралади, кўрсаткич бармоқюзнинг олдида чўзилади, қолганлари бирлаштирилади ва иякнинг тагида жойлашади. Муаммони ҳал қилиш лаҳзаси, диққат-эътибор бир ерга тўпланиб, буруннинг учи ушланади,шубҳалилик – бурунга тегишёкиуни кўрсаткич бармоқ билан енгил артиш.

Имо-ишоралар ва гавда ҳолатлари

Қаттиқ чирмашган қўллар – шубҳаланиш, кескинлик, ишончсизлик ишораси. Қаттиқ қисилган қўллар – оғир аҳволга тушган одамнинг гавда ҳолати. Бўйинни ҳимояланиб силаш – қўл зарбдан чекинаётгандек орқага ҳаракат қилади.

Гавда ҳолатлари

 

Очиқлик   

Очиқ ва суҳбатни қарши олишга ёзилган қўллар, тугмаси ечилган пиджак. Ўтирганда, қўл ва оёқларни чалиштирмаслик. Стулнинг четига сурилиб ўтириш ва олдинга эгилиш, қўлларни кўкрак, юрак устига қўйиш (виждонлилик).

Ёпиқлик

Қўлларни кўкрак устига қовуштириш, у ҳимояни кучайтиради,бармоқлар мушт қилинган (агар мушт ҳосил қилмаса, ташвишланганликни англатади).Ҳимояланганда қўл кўкрак устида қовуштирилиб, бири бошқасини сиқиб туради. Стулга юқоридан ўтириш –стул суянчиғи – қалқон, ҳимоя.

Тайёрлик

Тик турган одам қўлларини белга қўйади. Ўтирган одам гавдасини олдинга эгиб, бир қўли билан тиззасига тиралади, бошқа қўлининг тирсак қисмитиззага қўйилган.

Ҳукмронлик позаси

Қўллар орқада бирлаштирилган ҳолда, ияк тепага кўтарилган.

Тингловчилардаги зерикиш аломатлари

Кафтни юзга тираш. Қоғозга беихтиёр чизгилар чизиш. Бемаъно қараш –кўзлар очиқ, лекин уйқуда. Кўзлар бир нуқтага қадалган.      

 

Шубҳаланиш ва яширинликни имо-ишораларсизга ишонмаслик, сизнинг ҳақлигингизга шубҳа қилиш, сиздан бирор нарсани сир сақлаш ва бекитиш истагидан дарак беради (пешонани, чаккани, иякни силаш, юзни қўллар билан ёпишга интилиш).

Ҳимояланишни англатувчи имо-ишоралари ва гавда ҳолатлари суҳбатдош хавф ёки таҳдидни сезаётганлигидан далолат беради (қўллар кўкрак устига қовуштирилган, бармоқлар муштқилинган).

Ўйлаш ва баҳолашга тегишли имо-ишораларўйчанлик ва муаммонинг ечимини топишга интилишни акс эттиради (“қўллар юзда”, “каншарни ушлаш ёки чимчилаш”).

Шубҳаланиш ва ишончсизлик имо-ишоралари – ўнг қўлнинг кўрсаткич бармоғи билан қулоқ солинчагининг остини ёки бўйиннинг ён томонини қашлаш, бурунга тегиниш ёки уни енгил артиш.

Суҳбатни эшитишни хоҳламаслик ва уни тугатишга интилишдан дарак берувчи имо-ишоралар ва гавда ҳолатлари (қовоқ солиш, қулоқ қашиш).

Бошқалардан устунлик ҳиссига эга бўлган ўзига ишонган одамлар имо-ишоралари (“қўлни орқага ўриб билакни ушлаш”, “қўлни бошнинг орқасига қўйиш”).

Келишмаслик имо-ишоралари (“пиджак мўйини йиғиш”, қовоқ солиш).

Тайёрлик имо-ишоралари суҳбатни ёки учрашувни тугатиш истагидан дарак беради (танани олдинга ташлаш, бунда иккала қўл тиззага қўйилади ёки стулнинг ён тарафи ушлаб туради).

Имо-ишораларни вазиятдан ажратиб кўриб чиқиб бўлмайди, чунки кўриб турганингиздек, айни бир ишоранинг бир нечта маъноси бор; бошқа ишора ушбу паллада ҳеч нарсани англатмаслиги мумкин; учинчи ишора ёлғон ишора бўлиши мумкин. Шу сабабли уларни бири бошқаларини тўлдириб, аниқлаб, тўғрилатаётган бир тизим доирасида олиб қараш лозим.

Имо-ишоралар улар эгасининг сўзларига мос келиши ёки мос келмаслиги мумкин. Агар улар мос келса,оғзаки ахборот таъсирини кучайтиради, агар мос келмаса, биринчи навбатда, имо-ишораларни кузатиш зарур, чунки имо-ишоралар сўзлардан кўра беш марта кўпроқ ахборот беради.

Сўзлар ва тана ҳаракатлари ўртасидаги мувофиқликдан ташқари қуйидагиларни эътиборга олиш зарур: вазиятни (масалан, совуқ қотган, чарчаган ёки суҳбатдошга танқидий кўз билан қаровчи одамнинг ҳолати деярли бир хил бўлади); саломатлигининг аҳволи; профессионал одатлар (пианиночи бармоқларини аяб, қаттиқ қўл сиқиб кўришмайди); кийимнинг, нотиқнинг ҳаракатланиши ва гавда ҳолатини чегараловчи хусусиятларини.

Инсоннинг ёши, ижтимоий келиб чиқиши ва унинг имо-ишоралари ўртасида ўзаро тескари боғлиқлик мавжуд. Ёши ўтгани ва мақоми юксалгани сайин инсон айни бир маънони англатиш учун кўпроқ сўзлардан фойдаланади, гарчи бир пайта хатти-ҳаракатлари нафислик касб этса-да, уларнинг тезлиги пасаяди.

Одамларост онги автоматик тарзда ишлаши туфайли имо-ишоралар ҳам беихтиёр юзага келади, шу сабабли жамоат олдида нутқ сўзлаётганда:

·                         айтилган фикрларга тингловчиларни ишонтириш учун имо-ишораларни махсус ишлаб чиқиш лозим;

·                        кичик имо-ишоралар (юзнинг қизариши, кўз қорачиғининг ўзгариши) ва умуман гавдадаги ўзгаришлар  ҳолати сезилмаслиги учун суҳбатдошга нисбатан ўртада масофа сақлаш;

·                         бошқаларни жалб қиладиган ижобий имо-ишоралардан кўпроқ фойдаланиш ва салбий имо-ишораларни имкон қадар камроқ ишлатиш мақсадга мувофиқ.

Қўллар билан имо-ишора қилиш

Қўл кафтининг тўлиқ ёки қисман очиқлиги инсоннинг виждонлилиги ва очиқлигидан дарак беради. Кўпчилик одамлар кафтлари очиқ тарзда алдай олмайдилар, агар алдасалар ҳам буни кичик имо-ишоралар сездирибқўяди. Шу сабабли ёлғон гапираётганида улар қўл кафтларини орқага бекитадилар ёки чўнтакка соладилар.

Имо-ишоралар ёрдамида ўз ҳукумронлиги кўрсатиш ва буйруқ бериш мумкин; жумладан, тепага очилган кафтлар субординация ҳолатида қўл остидагилар томонидан илтимос сифатида қабул қилиниши мумкин; пастга қаратилган қўл кафти – буйруқ сифатида; кўрсаткич бармоқ – тақиқлаш сифатида қабул қилиниши мумкин.

Раҳбарлар орасида шпиль деб аталувчи ишончни англатувчи қўл ва бармоқ йиғиш кенг тарқалган.Бунда “тепага қаратилган шпиль” ўз фикрини баён қилишда, “пастга қаратилган шпиль” ўзганинг нуқтаи назарини қабул қилаётганда намоён бўлади. Бундай тоифадаги одамларга қўлни орқага қилиб юриш ҳам хосдир. Бу ўзига бўлган ишончни ва бошқалардан устунликни кўрсатади.

Эшитаётганда қўлни оғизга яқин олиб келиш шеригига ишонмасликдан, нутқ сўзлаётганда қўлни оғизга яқинлаштириш эса носамимийликдан дарак беради.

Қовоқ, қулоқ, бўйинни қашлаш, ёқани қайириш каби ҳаракатлар бирор  кимсадан ёки бирор нарсадан четлашиш истагини билдирувчи имо-ишоралардир.

Кафтни юзга тираш зерикиш ишораси ҳисобланади. Агар қўл мушт тугилиб, кўрсаткич бармоқ чаккага қўйилган бўлса, бу қизиқишни англатувчи баҳоловчи гавда ҳолатидир. Қўлни юзга қўйиб бошга тиралмаслиги, қизиқишнинг самимийлигидан дарак беради.

Агар кўрсаткич бармоқ вертикал ҳолда чаккага қаратилиб, катта бармоқ иякни ушлаб турган бўлса, инсон хабарни салбий баҳолаётган бўлади; кўрсаткич бармоқнинг қовоққа яқинлаштирилиши салбий муносабатнинг кучайишидан дарак беради.

Иякни силаш инсон ўз қарорини ўйлаётганини англатади; агар бунда ручкани тишлаётган, трубка ёки сигарет чекаётган, кўзойнак бандини айлантираётган бўлса, у қарор қабул қилишда қийналаётган бўлади; қўл қовуштириш, оёқни чалиштириши ёки стул суянчиғига ташлаш унинг салбий муносабатда эканлигидан дарак беради.

Столга бармоқ билан чертиш ёки столтагида оёқлар билан тақиллатиш – сабрсизликишорасидир; улар қанчалик тез бўлса, сабрсизлик шунчалик кучли бўлади; мулоқот муваффақиятли бўлиши учун кишини бирор нарса билан чалғитиш.

Ҳимояланишни англатувчи имо-ишоралар

Қўллар ёрдамида яратиладиган ҳимоя тўсиқлари тўлиқ бўлмаслиги (пастга туширилган қўлни тирсакдан букилган бошқа қўл билан ушлаш ёки иккала қўлни пастга чирмаштириш) ёки нафис бўлиши (бирор-бир буюм, масалан, сумка, соат, билагузукка тегиниш; бокал ёки гулдастани икки қўл билан ушлаш) мумкин.

Шунингдек, ҳимоя тўсиқлари оёқлар ёрдамида ҳам яратилади. Боз устига, одамнинг салбий кайфиятини қўл чалиштиргандан кўра оёқни чалиштириш кучлироқ ифодалайди. Оёқлар нафақат ўтирган ҳолда, балки тик турган ҳолатда ҳам чалиштирилади. Агар бунда умумий гавда ҳолати безовта бўлса ва инсон қўллари чалкаштирилган бўлса, у ўзини бегона даврадан четга олишга уринаётган бўлади. Бироқ инсон мулоқот давомида ўзини қўлай ҳис қилишни бошласа, бошқалар билан яқинлашиб, ёпиқ поза очиқ гавда ҳолатига ўзгаради: қўллар ва оёқлар чалиштирилмай, оддий ҳолатга қайтади.

Ҳимояланиш оёқ тўпиқларини бирлаштириш ёрдамида ҳам ифодаланиши мумкин. Бунга қўшимча равишда эркакларда қўл муштга сиқилган ҳолда тиззада туради ёки тирсак қўйгичга маҳкам қўйилади, аёлларда эса қўллар параллел равишда бирлаштирилган тиззалар устида туради ва болдирнинг бир томонига оғган бўлади.

Қўл ва оёқлардан ташқари бошқа буюмлар, масалан стулнинг суянчиғи ҳам, унга тескари ўтирилганда ҳимояланиш белгиси бўлиши мумкин. Бундай йўл тутувчи кўпчилик шахслар табиатан ҳукмрон одамлардир ва “сарҳадларини ҳимоя қилишга” интиладилар. Ҳимояни енгиш учун ўтириш ёки ёнма-ён (ушбу одамнинг олдида ёки орқасида) туриш, имкон қадар бу одамга тепадан қараб суҳбатлашиш ёки уни тирсакқўйгичли стулга ўтқазиш лозим.

Пастга эгилган бош ҳам ҳимояланувчи гавда ҳолатидан дарак беради. Бундай одамга қизиқарли нарса айтиб, уни бошини кўтаришга ёки ён томонга қаратишга мажбур қилиш лозим. Бошнинг эгилиши қизиқиш уйғониши ва кескинликнинг сусайишидан дарак беради. Агар инсон бошини қимирлатмайтўғрига қараб турса ёки билинар-билинмас бош ирғаса, у юз бераётган воқеаларга бефарқ муносабатда эканлигини намоён қилади.

Ўтирган ҳолатдаги агрессив гавда ҳолатлари қуйидагича:

·                   тўғри ўтириш; тирсаклар ёки кафтлар сонга қўйилган; бир оёқ олдинга сурилагн, иккинчиси стулнинг тагида;

·                   гавда олдинга эгилган; қўллар тиззада ёки стул ўриндиғини ушлаб туради; оёқлар ҳам юқорида олдинга кўрсатилган ҳолатда бўлади;

·                   тик ҳолда қўллар (бармоқлар) сонга тиралган ёки белга қўйилганда кучли агрессия намоён бўлади.

Жамоат олдида нутқ сўзлашда имо-ишоралардан фойдаланиш қоидалари.

Ø    Иккала қўл билан имо-ишора қилишга ҳаракат қилинг. Агар фақат бир қўлишлатилса, нутқингиз нотабий кўринади... Бир вақтнинг ўзида иккала қўлдан ёки навбатма-навбат чап ва ўнг қўлдан фойдаланиш мумкин.

Ø    Ёнбошга ёпишган тирсаклар – энг катта хато. Бундай ҳолатда ҳаракатлар чекланиб, эркин бўлмай қолади. Аудиториядан чўчиган бўлиб кўринмаслик учун тирсакларни ёнбошингизга ёпиштирманг.

Ø    Агар қаршингизда ўнлаб ёки юзлаб одамлар тўпланган зал бўлса, имо-ишоралардан бемалолфойдаланишдан қўрқманг.

Ø    Агар сиздан 1 м масофада турган бир киши олдида нутқ сўзлаётган бўлсангиз, кичик амплитудалик ҳаракатлар билан чекланган маъқул. Кенг имо-ишоралар нотиқнинг ўзига бўлган ишончидан, кичик имо-ишоралар эса – унинг ўзига ишонмаслигидан дарак беради.

Ø    Агар сиз қўлларингиз бирор-бир имо-ишорани бажаришни бошлаганлигини сезсангиз, қўрқманг, имо-ишорани охиригача бажаринг. Имо-ишора пайдо бўлдими, уни ярмида тўхтатманг, охиригача намоён бўлишига имкон беринг.

Ø    Кафтнинг тескари томони билан тингловчиларга имо-ишора қилмасликка ҳаракат қилинг. Бу худди нотиқ қўлига тош олиб олгандек қабул қилинади.

Ø    Имо-ишоралардан тинимсиз фойдаланиш мумкин эмас. Бутун нутқингиз давомида қўллар билан имо-ишора қилаверманг. Ҳамма ибора ҳам имо-ишора билан ажратиб кўрсатилишга эҳтиёж сезмайди.

Ø    Имо-ишораларингизни бошқаринг. Шамол тегирмонига ўхшашга интилманг, кучларни заҳирада сақланг; имо-ишоралар бутун гавда ҳолати мувозанатининг элементи эканлигини ёдда тутинг. Имо-ишора ўзи ифодалаётган сўздан кеч қолмаслиги керак.

Ø    Турли хил имо-ишоралардан фойдаланинг. Сўзлар таъсирчанлигини ошириш учун айни бир имо-ишорадан турли ҳолатларда фойдаланманг.

Ø    Имо-ишоралар ўз мақсад вазифасига жавоб бериши керак. Уларнинг сони ва интенсивлиги нутқ ва аудиториянинг ўзига хослигига мувофиқ келиши керак. Масалан, катталар болалардан фарқли равишда имо-ишоралардан меъёрида фойдаланилишини маъқул кўрадилар.

Ø    Нутқ сўзловчининг юзи ва бутун ташқи қиёфаси самимийлик ва дўстона муносабатни ифодалаши керак. Аудитория баджаҳл ёки бефарқ одамларни ёқтирмайди.

 

Нотиқ илк сўзидан охирги сўзига қадар аудиториянинг диққат-эътибори ва қизиқишини қозониш, унинг фикрлари қабул қилишига тайёрлиги, унга қўшилиши ва унгаамал қилиши учун курашиши лозим. Буни нутқнинг аввалдан таъминланган ва доимий равишда нутқнинг ҳамроҳи сифатида тушунмаслик лозим. Нотиқ бунинг учун тингловчилар билан руҳий алоқани доим сақлашга ҳаракат қилади, уларни тинимсиз руҳлантиради ва қизиқишини кучайтиради, улар мойиллигини қозонади, аудиториянинг бефарқлиги, танқидий ёки салбий муносабатини енгиб ўтади ва пировардида, тингловчилар кўнглини олади, қизиқишни қондиради, илҳомлантиради, ишонтиради ва нутқ мавзусига қараб ҳаракатга ундайди.

 

Ҳаяжонни енгиш юзасидан маслаҳатлар

 

Ҳаяжонни енгиш учун у нима билан боғлиқлигини аниқлаб олиш зарур. Кучли ҳаяжонланишнинг асосий сабаблари:

·                   Жамоат олдида нутқ сўзлаш тажрибасининг етишмаслиги.

·                   Сизнинг индивидуал хусусиятларингиз: уятчанлик, журъатсизлик, ортиқча хавотирланиш, ўзига ишонмаслик.

·                   Тингловчиларга қизиқарли бўлармикин деган шубҳалар.

·                   Шахсий тажрибада муваффақиятсизликни бошдан ўтказиш.

·                   Ўз кечинмалари гирдобига ғарқ бўлиш.

Агар сизнинг ҳаяжонингиз кўпроқ тингловчилар билан боғлиқ бўлса:

·       сизга хайрихоҳбўлган тингловчини танланг ва гўё нутқни фақат у учун сўзланг (энг асосийси–унинг кўзига қарашга ўрганинг);

·       сиз ва сизга хайрихоҳона муносабатда бўлган тингловчи ўртасида алоқа ўрнатилганлигини ҳис қилишингиз билан унга бироз бош силкиб, унинг қўшнисига кўз тикинг, у билан кўзма-кўз алоқа ўрнатинг;

·       тингловчиларга очиқ ва хайрихоҳлик билан қарашни ўрганишга ҳаракат қилинг;

·       тингловчиларга табассум қилишга ва залдан жавоб табассуми қабул қилишга ўрганинг.

 

Агар сизнинг ҳаяжонингиз ўзингиз билан боғлиқ бўлса:

·       Сўзга чиқиш бўйича тажриба орттиринг: кўпроқ ва тез-тез нутқ сўзлаб туринг, саволлар беринг, жамоавий мунозараларга киришинг;

·       синов ва хатолар орқали мақбул ҳолатни – муваффақиятга элтадиган ички ҳолатингизни топинг. Бу ҳолат барча инсонларда ўзига хосдир: кимдир “парвоз қувончини” ҳис этади, кимдир диққат-эътиборни ва иродани бир ерга тўплайди, кимдир эса бироз ҳаяжонланади, лекин унинг кучайишига йўл қўймайди. Нутқ сўзлаш жараёнида нима қилмоқчи ва, тингловчиларнинг ҳис-туйғуларини қандай қилиб жонлантирмоқчи эканлигингизни аниқлаб олинг.

·       нутқ сўзлашдан олдинбирорта тингловчи билан суҳбатлашинг, аудиторияда оҳиста қадам ташлаб юриб кўринг.

 

Умумий маслаҳатлар:

Нутқ сўзлашингиздан тахминан бир кун аввал йиғилиш ўтказиладиган аудиторияда гувоҳларсиз ўзингиз асосий репетицияни ўтказинг: нутқ сўзланадиган жойга бориб, бўш залга қаранг, гавдангизни тутишни ўрганинг, овозингизни маромига етказинг, нутқингизнинг бошланғич ва якуний қисмларини ўйлаб топинг.

Кечқурун уйқуга ётишингиздан аввал бутун вазиятни, тингловчилар тўпланаётгани, нутқ сўзланадиган жойга бораётганингиз, нутқни қандай бошлаётганингизни тушингизда кўришга ўзингизни тайёрланг... Энг асосийси, сиз нутқ муваффақиятли бўлишини ҳис этишингиз ва бунга ишонишингиз лозим.

Нутқингиздан бир неча соат аввал уйда креслода ўтирганчабутун маърузажараёнини хаёлан тасаввурдан ўтказинг, сценарийни режалаштиринг. Бунда барчаси муваффақиятли ўтишидан хурсандчилик ҳис этишга ҳаракат қилинг.

Жамоат олдида нутққа тайёргарлик кўришдан аввал унинг мақсади ва унга эришишни текшириш усулларини аниқ белгилаб олиш зарур.

 

Frank Staroba бўйича жамоат олдида нутқ сўзлаш олдидан қўрқувни енгиш

1.                Пухта ишлаб чиқилган мурожаатни, нутқни тайёрлаш.

2.                Агар мумкин бўлса, тингловчиларнинг ким эканлиги, қандай мақсадларга эгалиги, уларни нима қизиқтириши ва нима учун тўпланганликларини ўрганиш. Айрим тингловчилар билан суҳбатлашиб,улар ким эканлиги ҳақида шахсий фараз тузинг.

3.                Аудиторияга эртароқ келиш ва у ерга тўпланган одамларнинг имкон қадар кўпроғи билан мулоқотга киришиш.

4.                Тингловчиларнинг қизиқиши ва ҳиссиётларини қўзғатиши лозим бўлган нутқнинг кириш қисмини пухта тайёрлаш.

5.                Агар Сиз президиум столида ўтирган бўлсангиз, минбар томонга ўзингизни гўё барча ваколатларга эга одамдек тутиб, қатъият билан бориш зарур.

6.                Минбарга қадар – тўхтам қилинг – тингловчилар Сиз минбарга бораётганингизда визуал белгиларни: Сизнинг ким эканлигингиз, қандай кийинганингиз, жинсингиз, ўзингизга бўлган ишончни кўрадилар ва уларда: “Менимча, у дуруст одам”, “Менга ёқди”, деган фикр уйғонади.

7.                Минбар олдида – тўхтам қилинг – нутқнинг биринчи қисмидан иккинчи қисмига ўтиш пайти. Шу вақтда Сиз нафас олиб, тингловчиларга назар ташлаб, хайрихоҳ муносабатда бўлганбитта тингловчини топиб, унга қараб туриб нутқ бошлайсиз.

8.                Нутқнингкириш қисмини аввалдан ёдлаб олинг, “Мен Сиз учун нимани таклиф этаман, нима учун Сизда қизиқиш уйғониши керак” – ёдлаб олинган нутқнинг кириш қисмининг сўзлаб беринг.

9.                Агар хатога йўл қўйилса, бироз тўхтам қилинг, тўхтаб туриб, нима демоқчи эканлигингизни ўйланг (мия нутққа қараганда 4 баравар тезроқ ишлайди) – бу тўхтам тингловчилардиққат-эътиборини ушлашга кўмаклашади, шундан сўнг сўзлашда давом этинг. Бундай вазиятда кўп ва тез гапирмаслик лозим.

10.            Ҳаракатланинг. Жисмоний ҳаракаттингловчилар билан алоқа ўрнатилишига ёрдам беради.

11.            Кўз қорачиғиҳаракатланиши ўй-фикрларимизни акс эттиради. Аудитория бўйлаб кўз югуртириш мумкин эмас.

 

Ўзингизга бўлган ишончни уйғотинг

Тингловчилар олдида нутқ сўзлашҳар доим инсонни ҳаяжонга солади. Аудитория олдида пайдо бўлганингизда ўзингизга бўлган ишончни ошириш учун бир қанча чора-тадбирларни кўриш зарур.

Нутқ орқали жамоатга таъсир ўтказиш бўйича барча мутахассислар тажриба орттиришни тавсия этадилар. 

Дастлаб,катта аудиторияда баланд овозда ва аниқ-равшан тарзда саволлар беришга ўрганиш зарур. Бундаамалий шуғулланиш зарур, боз устигасавол–буқисқа нутқ асаридир ва уни ҳар доим аввалдан тайёрлаб олиш мумкин. Қўлни баланд кўтариб, баланд овозда савол бериш жуда муҳимдир.

Қулай фурсат келганда сўз сўранг ва  кўпи билан икки-уч жумладан иборат қисқа муқма ташланг. Уларни ҳам олдиндан тайёрлаб олиш мумкин.

Мунозараларда иштирок этинг,ҳеч бўлмаса қуйидаги шаклда ўз фикрингизни билдиринг: “Мен бу фикрга қўшиламан..., “Менимча, шундай деб ўйлайдиганлар ҳақ”.Шундан сўнгсекин-аста қисқа нутқ сўзлашга ўтинг.

 

Нутқ сўзлашга психологик ва жисмоний жиҳатдан тайёргарлик кўриш

 

Нутқ сўзлашга психологик ва жисмоний жиҳатдан яхши ҳолатда ташриф буюриш керак. Тавсиялар:

1. Тингловчилардан қўрқманг: улар шу пайтгача тарихда бирор марта ҳам ҳеч кимни еб қўйишмаган, ҳеч бир нотиқ, агар унинг нутқи чиндан ҳамҳатто танқидгаарзимайдиган бўлса-да, бирор марта ҳам минбарда хушини йўқотмаган.

2.Диққат-эътиборингизни шахсий кечинмаларингизга эмас, балки нутқингизнинг мазмун-моҳиятига қаратинг. Тингловчилар учун энг муҳими бу сизнинг нуқтаи назарингиз, фикрларингиз, шундан кейингина сизнинг ўзингиз эканлигини ёдда тутинг. Улар учун, биринчи навбатда, сиз ҚАНДАЙ сўзлаётганингиз эмас, балки сиз сўзлаётган НУТҚ қизиқдир. Сизнинг шахсингиз уларни сиз ўйлаганингиздек қаттиқ қизиқтирмайди.

3. Тингловчиларга ҳамма билган нарсаларингизни айтиб қўйманг. Ўзингиз учун “захирадаги билимларни” қолдиринг – бу ишончингизни мустаҳкамлайди. 

4. Нутқ сўзлайдиган кунингиз тайёргарлик кўрманг. 

5. Нутқ сўзлашдан бир-бир ярим соат аввал ўзингиз учун кутилмаган ва ноодатий бўлган ишлар билан шуғулланманг, янги ишларни бошламанг – бу диққат-эътиборингизни чалғитади.   

6. Жиддий нутқ олдидан овқатланмасликка ҳаракат қилинг.

Ёзувчилар Ильф ва Петровнинг Остап Бендерини эслайлик – маълумки, уқорни очлигида гапга  жуда уста бўлган. Д.Карнеги киноя қилиб, агар сиз нутқ сўзлашдан аввал яхшилаб қорин тўйғазиб олсангиз, миянгизда айланиши керак бўлган қон ошқозонга тушиб, бифштекс ва картошка билан кураш бошлайди” деб таъкидлаганди.

 

Ҳаяжонни енгишнинг бир нечта амалий усуллари:

·                   нутқнинг эмоционаллигини оширинг;

·                   баландроқ овозда гапиринг;

·                   нутқнинг қизғинлиги суръатини оширинг;

·                   оғиз ва бурундан бир вақтда нафас олинг;

·                   қўлларингизни орқага қилиб бармоқларигизни ёки оёқғингиз бармоқларини қимирлатинг;

·                   стул, минбар, стол чеккасини ушлаб туринг;

·                   муштингизга тангани маҳкам сиқинг;

·                   бўрни, кўрсаткич таёқчани қўлингизга олинг;

·                   унчалик лозим бўлмаса-да, доскага у бу нарсаларни (мавзуни, режа бўлимлари, алоҳида атамалар, цитаталарни) ёзинг.

Нутқ сўзлаганда ваҳимага тушмаслик учун икки қадам ташлаш лозим:

·                         Қўрқув, муаммонинг сабабини билиб олиш (танқиддан қўрқиш, эсдан чиқариб қўйишдан қўрқиш, муваффақиятсизликдан қўрқиш, аввалги салбий тажрибадан қўрқиш ва ҳоказо) ҳамда уни буткул бартараф этиш.

·                         Жамоат олдида нутқ сўзлашнинг асосий усуллари, методикасини ўрганиб олинг.

 

Нотиқ амал қилиши лозим бўлган қоидалар

Юқорида кўрганимиздек, ҳар қандай шоир ёки ёзувчи, актёр ёҳуд рассом бўлолмаганидек, моҳир нотиқ ҳам бўлолмаслиги мумкин. Лекин “изланганга толе ёр”, деганларидек, сидқидилдан интилган шахс бундай мавқени эгаллаши мумкин.

Қуйидага қоидаларга амал қилинса, нотиқ зарар кўрмайди:

1.                Ким эркин сўзласа, у нутқ олдидан ҳаяжонланмайди. Нотиқ, аввало, жамоа билан эркин гаплашиш қобилияти ва малакасига эга бўлиши керак.

2.                Яхши тайёргарлик – аъло нутқ гарови. Нутқ қанча қисқа бўлса, унга кўпроқ тайёргарлик кўриш лозим.

3.                Айни пайтда нотиқлик санъатида шундай қоида бор: нима ҳақида гапирсангиз гапиринг, 20 минутдан ортиқ эмас.

4.        Гапириб ўйламанг, балки ўйлаб гапиринг.

5.                Сўз – кумуш, сукут – олтин. Тинглай олиш ҳам нотиқлик санъати сирларидандир.

6.                Машқ учун ҳар қандай имкониятдан фойдаланиш керак. Иш устасидан қўрқади. Биринчи навбатда ўзингизга яқин одамлар (ходимлар, талабалар, ҳамкасабалар) олдида нутқ сўзлаб кўринг. Бу ўзингизга ишонч ва қатьиятингизни кучайтиради.

7.                Нутқдан олдин камроқ овқат енг. Ҳаддан ташқари тўқлик фикрлаш ва нутқ сўзлашни қийинлаштиради.

8.                Оммабоп йўсинда сўзланаётган муайян нутқингиз тахминан ўйланган ва тайёрланган бўлишига эришинг.

9.                Тажрибали нотиқгина ўзининг оммабоп нутқини ўз тажрибасига таянган ҳолда кўпчилик олдида дадил намоён этиши мумкинлиги ёдингизда бўлсин.

10.           Оммабоп нутқ олдидан албатта чуқур ўйлаб, англаб, уни тинглайдиган аудитория ва гапирадиган гап ўзингизга боғлиқ эканини ҳис этиб олмоғингиз шарт.

11.           Агар регламент белгиланган бўлса, нутқ мазмунини қисқартиринг: кўп ёмон гапиргандан кўра, оз ва соз сўзланг.

12.           Ҳар бир нутқнинг бошланиши, ўртаси ва охири бўлади. Энг муҳими, нутқингиз охирини қандай тугатишни эсда сақланг.

13.           Агар сизга регламент белгиланган бўлса, яхшиси нутқингиз режасини тузинг. Режада асосий пунктлар сақлансин. Аниқлик талаб қилувчи хабарлар вақти, статистик маълумотлар ва иқтибослар (цитата), мараккаб ёки таниш бўлган сўзлар, терминлар ва ҳакозолар.

14.           Сиз нотиқсиз, биринчи жумлани ва нутқнинг хулосасини ўйлашга мажбурсиз, қолган гапларни ўз йўналишида боғлаб бораверишингиз мумкин. Агарда жуда ўзингизга ишонсангиз, чиқиш қилиш олдидан режани унитишингиз, ундан фойдаланмасдан ташлаб юборишингиз мумкин. У ҳолда нутқингиз янада гўзал чиқади.

15.           Расмий ҳужжатларни, нотаниш матнларни ўқиб беришингиз мумкин. Нутқнинг бошқа турлари эса ўқиганларингизни мустаҳкамлайди. Яъни, юқорида кўрсатилган матнлардан ташқари қўшимча нутқ матнини ёзиш шарт эмас. Чунки ёзган матнларингиз гапиришингизни қийинлаштиради. Тажрибасиз нотиқ ёзилганлардан ниманидир тушириб қолдиришдан қўрқиб, баттар хатога йўл қўйиши мумкин.

16.           Оммавий аудиторияда чиқиш қилаётган нотиқ ўзига ишонган, жисмоний кўриниши дадил, жасур ва вазмин ҳамда ташқи кўриниши билан жозибали бўлмоғи лозим. Шунинг учун омма олдида чиқиш қилишдан олдин ташқи қиёфангизнинг гўзал бўлишига интилинг.

17.           Кўпчилик, жумладан, тажрибали нотиқлар ҳам гапириш олдидан ҳаяжонланади. Бу ҳаяжонланиш табиий ва фойдали. Агар ҳаяжонланиш бўлмаса, демак, нотиқ ўз нутқига масъулиятсиз, аудиторияга эътиборсиз.

18.           Жуда қаттиқ ҳаяжонланиш зарарли. Ундан қочиш керак. Чиқиш қилиш олдидан яхши нарсаларни ўйлаб нутқ мазмунидан ўзингизни чалғитинг. Аудитория ҳақида ваҳима қилманг. Агар бунинг иложи бўлмаса ёки чалғиш ёрдам бермаса қўлларингизни елка кенглигида қўйиб, бармоқларингизни букинг. Сўнгра сакраб, бир қанча ҳаракатлар қилиб, орқага чалқайинг. Агар буни эплай олмасангиз оёкларингиз бармоқларини кучли ҳаракат қилдиринг.

19.           Нутқ олдидиан ва гапираётган пайтингизда сув ичманг – сув юрагингизга кераксиз юк бўлади ва овозингизни бўғади. Чиқиш қилиш олдидан кераксиз гаплардан гаплашманг.

20.           Гапириш вақти келганида ташқи кўринишингизни тўғрилаб, дадил қадамлар билан нутқ сўзлаш лозим бўлган жойни эгалланг.

21.           Устингиздаги кийим-кечакларингиз кенг ёки ўта тор бўлмасин, пойафзалингиз оёкларингизни сиқиб қўймасин, галустугингиз бўйнингизни бўғиб қўймасин. Либосларингиздаги кенглик ёки торлик эркин гапиришингизга ва ўзингизни эркин тутишингизга халақит беради.

22.           Ўзингизни тўғри тутинг, елкангизни бироз буринг. Иягингизни бироз кўтариб бошингизни тўғри тутинг. Оёқларингиз елка кенглигида бўлсин. Қўлларингизни қорин устида сиқиб ушламанг, букланманг, бармоқларингизни чалиштирманг, қўлларни орқага қилманг, чўнтакка тиқманг, оёқларингизни чалиштирманг.

23.           Нотиқ қотиб турмаслиги, қўлларини эркин тутиши, гапираётган пайтда қўлларини силкитмаслиги, жуда қотириб гавдага ёпиштириб ҳам турмаслиги лозим. Гапириш темпини, овозини мазмунга қараб ўзгартириб туриши керак. Нутқ юмшоқ ва ишончли бўлиши, лекин жуда чўзилиб кетмаслиги керак.

24.           Гапираётганда оғизни меъёрида очиб гапириш, меъёрида нафас олиш ва чиқариш лозим. Овозни аудиториянинг катта-кичиклигига қараб мослаш, ўта баланд овозда қичқириб гапирмаслик керак.

25.           Овозни юқорига ва пастга йўналтирманг, тингловчиларга тўғри йўналтиринг.

26.           Имкони борича микрофондан фойдаланманг: микрофон аудиториядагилар билан тўғридан-тўғри боғланишга халақит беради.

27.           Аудиторияга табассум билан юзланинг, улар диққат билан сизга боқмоқда. Уларга кучли назар ва хуш кайфиятда кўринасиз.

28.           Оз фурсат жимлик сақланг. Агар шовқин бошланса жимликни чўзинг ва бирдан аудиторияга қаттиқ назар ташланг.

29.           Нутқингиз юмшоқ ва енгил қилиб бошланг. Кучли зарб билан бошламанг, бўлмаса нутқингизни якунлашга кучингиз етмай қолади, тингловчиларнинг ҳам тоқати тоқ бўлади.

30.           Гапираётганингизда унутманг, сизни эшитишни истаган одамларга мурожаат қиляпсиз, нимани ёзсангиз ҳам сиғдираверадиган қоғозга эмас.

31.           Ўзингизни тутиб ишонч билан гапирсангиз сизни ҳам завқ билан тинглашади.

32.           Темп оралиғини сақлаган ҳолда баланд овозда гапиринг. Кенг ва муҳим маълумотни қисқа вақтга сиғдиришга уринманг. Шошиб гапирган нотиқ маълумот беришдан қўрқади ва минбардан тушириб юборишларини кутади.

33.           Гапираётган вақтингизда аудиторияни кузатинг. Тингловчиларнинг диққати сизга қаратилган. Бироқ нутқингиз давомида бир шахсга ҳадеб мурожаат қилаверманг, чунки ҳар бир тингловчи қайси нуқтага қараётганингизни, кимга қараб гапираётганингизни кузатиб турибди.

34.           Оғзаки оммабоп нутқингиз кўпчиликдан кучли: нотиқ кўпчиликнинг диққатини тортади, фикрини қўзғайди. Кучли аудиторияни тўлқинлантиради.

35.           Катта аудиториядан қўрқманг, кичик аудиториядан қўрқинг. Аудитория қанча катта бўлса, ишонтириш шунча осон бўлади.

36.           Ортиқча гапирманг. Нотиқ ниманики напирса, омма шуни гапиради, нимани ўйласа, шуни ўйлайди. Шунинг учун нотиқ нима гапиришини ҳамиша ўйлаб гапиради. Лекин у нимани ўйласа ҳаммасини гапиролмайди. Гапириб улгурмайди.

37.           Инсонсевар бўлинг – иложи борича қисқа гапиринг, нутқнинг оммабоп жаранглаши тингловчиларнинг бутун борлиғига таъсир қилади. Айни дамда тингловчилар айтилаётган нарсаларнинг ўзлари учун энг керакли эканлигини англайди.

38.           Иложи борича адабий тилда гапиришга одатланинг, чет эл сўзларидан имкон даражасида камроқ фойдаланишга ҳаракат қилинг.

39.           Баъзи нотиқлар бир сўзни қайта-қайта такрорлайдилар. Сиз бундай ярамас одатдан қочинг.

40.           Нутқингизни сўз билан эмас, жумла билан безашга одатланинг. Жумлалар бир-бирига мантиқан боғлансин. Бошлаган жумлангизни якунига етказинг. Гапираётган жумлаларингизнинг узун-қисқалигини аудитория ва хонанинг кенглигига қараб тузинг. Аудитория қанча катта бинода бўлса, гапираётган жумлаларингизнинг ўртача узунлиги шунча қисқа бўлиши керак.

41.           Нутқда сўз ва жимликнинг (пауза) ўрни галма-галдан алмашиниб туриши керак. Жим туриш сўз ва жумланинг тузилишига вақт ажратиш демакдир. Жим туришда аудиториянинг сизнинг фикрларингизга бераётган баҳосини англайсиз. Аммо тўғри келган жойда тинимсиз жимлик ҳам ярашмайди. Жимлик аудиториядан жавоб кутаётган пайтингизда керак.

42.           Оммабоп нутқ оҳангга боғлиқ: оҳанг жумлаларга аъзо бўлган сўзга сайқал беради. Нутқ мазмунига нотиқнинг муносабатини оҳанг табиий ва ишончли бўлиши керак. Оҳангни ҳеч қачон жумлалар охирига сурманг.

43.           Нотиқ оммабоп нутқ сўзлаётганда ўзини булбулдай ҳис этмаслиги керак. Сиз одамларнинг фойдасига гапиряпсиз, ўзингизни кўз-кўз қилиш учун эмас. Шунинг учун ҳамма вақт нутқингиз устида ишланг, унинг аудиторияга таъсирини кузатинг. Одамларнинг маълум гуруҳи сизни қўллаш-қўлламаслигини аниқланг. Сизга эътиборлими ёки паришонхотирми, қизиқиб эшитяптими ёки аҳамиятсиз, дўстонами ёки зўрма-зўракими эканини кузатинг. Нотиқ гапираётганда аудиторияда нима бўлаётганини кўриб туриши лозим ва ўз вақтида аудитория ҳолатини изга солиб туриш керак.

44.           Агар аудиторияда шовқин кўтарилса, овозингизни баландлатмасдан, аксинча пасайтиринг ёки жимгина аудиторияга диққат билан қаранг.

45.           Залдаги қочириқ гаплардан қўрқманг. Нутқ сўзлаётганингизда дискуссияга йўл қўйманг. Мўлжалдаги гапларингизнинг ҳаммасини айтишингиз шарт. Нутқ давомида ёки ундан кейинми, сизга берилган саволларга жавобни аниқ, тушунарли, қисқа қилинг, тўлиқ жавоб бериш шарт эмас.

46.           Ҳар қандай нутқнинг якуни дадил ва мустаҳкам бўлсин. Якунловчи оҳангда овозни кўтариб керкли гапларнинг ҳаммасини айтганингизни сездиринг, аудиториянинг диққат-эътибори учун миннатдорчилик билдиришни унутманг.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Адабиётлар рўйхати

 

1.                1. Каримов И.А. Баркамол авлод – Ўзбекистон тараққиётининг пойдевори.-Т.: 1997, 9-бет

2.                Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. Тошкент, “Маънавият”, 2008. 173 бет.

3.                Каримов И.А. “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” Тошкент: Ўзбекистон, 2011.

4.                Каримов И.А. 2012 йил ватанимиз тараққиётини янги босқичга кўтарадиган йил бўлади. – Т.: Ўзбекистон, 2012. – 36б.

5.     Арипова. Ш. “Сўз, нутқ ва нотиқлик”. // Соғлом авлод учун. 2/2013.15б

6.                Алисейко Е.Н.. Конспект лекций по риторике (для студентов юридического факультета заочной формы обучения). Севастополь. 2009

7.                Анисимова Т.В., Гимпельсон Е.Г..Современная деловая риторика: Учебное пособие. 2002  ISBN: 5-89502-304-5

8.                Аристотель. Риторика // Античные риторики / Под ред. А. А. Тахо-Годи. М., 1978. С. 15-164.

9.     Бегматов Э., Маматов А. Адабий норма назарияси. Тошкент. 2000.

10.  . Бегматов Э., Жиянова Н. Нутқ маданияти асослари. (Маърузалар матни). Тошкент. 2006.

11.                        Выготский Л.С. Собрание сочинений. В 6 т. Т. 2. Развитие речи и мышления. – М., 1983. – 456 с.

12.                       . Жинкин Н.И. Речь как проводник информации.– М., 1982.

13.                       . Жуманиёзов Р. “Нутқий маҳорат”.Т., Адолат. 2005. 75 б.

14.           Ахмадова М., Мелибоева Р. Нутқ психологияси.  –Т.,2014. 136 б.

15.           Бекмирзаев Н. Нотиқлик асослари.  – Т.,Фан.2006. 143 б.

16.           Магзумова Ш., Махмудов И., Хайдарова Г., Мирджураева Н. «Нотиқлик санъати» фанидан ўқув қўлланма. – Т., 2014. 196 б.

17.                       Тешабоева Д. Оммавий ахборот воситаларида нутқ маданияти. Тошкент. 2011.

18.           Савова М.Р., Риторика. Конспект лекций, М., 2005, 42с.

19.           Сопер Поль А. Основы искусства речи. М. , 1992.

20.           Стернин  И.А.  Практическая  риторика.  Изд.5,  доп.  и  испр.  М.,

21. Бенвенист  Э. Общая лингвистика. М., 1974.  –С. 118.

22. Богин Г.И. Типология понимания текста.– Калинин, 1986.

23.  Боймуродов  М.Амалий психология Тошкент. Янги аср авлоди 2008.

24. Горелов И.Н. Вопросы теории речевой деятельности. Таллин, 1987.

25. Дридзе Т.М. Язык и социальная психология.– М., 1980.

26. Жинкин Н.И. Механизмы речи, М.; Просвещение, 1958.

27.  Ирисқулов М. “Тилшуносликка кириш” Тошкент-2009. 

28. Каримова. В., Акромова Ф.   Психология. Маърузалар матни. Тошкент.2002. 

29. Крайг Г. Психология развития. Питер. Санкт-Петербург. 2000г

30. Культура русской речи. Учебник для вузов. – Москва.: Норма-Инфра. 2000.

31. Леонтьев А.А. Язык, речь, речевая деятельность.– М., 1969.

32. Лурия А.Р. Речь и мышление.– М., 1975.

33. Лущихина И.М. Речь, язык, языковое сознание. // Психология. / Под редакцией А.А. Крылова. – М., 2001. – 584 с. – С.134-137.

34. Маркова А.К. Психология усвоения языка как средства общения, М.; Педагогика,1974.

35. Маматов А.Э. Ҳозирги замон ўзбек адабий тилида лексик ва фразеологик нома муаммолари. Филолог. фанлари док. дисс.  – Тошкент,  2000.  66 -б.

36. Основы теории речевой деятельности / Под ред. А.А. Леонтьева.– М. 1974.

37. Расулов Р. Тилшунослик. Тошкент. 2007.

38. Торопцев И.С. Язык и речь.– Воронеж, 1985.

39. Умумий психология. Петровский А.В. тахририда. Тошкент. Ўқитувчи. 1992 й

40. Ушакова Т.Н. Психология речи и психолингвистика // Психол. журн. 1999.

41. Хомский Н. Язык и мышление.– М., 1972.

42. Хўжаева Л. Лектор ва сўз санъати. Тошкент. “Ўзбекистон” нашриёти. 1975.

43. Шахнарович А.М. Проблема формирования языковой способности. // Человеческий фактор в языке. Язык и порождение речи. – М., 1991. – С.185

44. Ўзбек тилининг изоҳли луғати. – Тошкент.: Ўзбекистон миллий энциклопедияси. Давлат илмий нашриёти. 2007.

45. Қўнғуров Р., Бегматов Э., Тожиев Ё. Нутқ маданияти ва услубият асослари. Тошкент. “Ўқитувчи”. 1992.

46. Ғозиев Э. Тафаккур психологияси. Т. Ўқитувчи. 1990 й.

47. Ғозиев Э.; ‘’Муомала психологияси’’. Тошкент. 2001 й.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Мундарижа

Кириш

1- боб. Нутқ маданияти фан сифатида  . . . . . . . . . . . . . . . . . . .................. ..... .  .3

Аниқ нутқ яратиш      .   .  .  .   .  .    .   .  .   .  .   .   .   .   .   .   .   . ................... .  .  12

Нутқнинг мантиқийлиги   .  .  . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .................. .13

Нутқ ифодалилиги     . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .  . . .  . . .  . . .................15

Нутқнинг бойлиги   . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . ................. 17

Нутқнинг ўринлилиги  . .  . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . ..  ................18

Тилнинг тасвирий воситалари   . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .  ...............19

2- боб.Нутқ турларининг психологик тавсифи

Нутқ турлари ва унинг хусусиятлари  . . . . . . ............... . . . . . . . . . . . . . . . . . .21

Новербал нутқ   . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . ............... . . . . . . . . . ..21

Вербал нутқ   . .. . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . ............... . . . .25

Ички нутқ      . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .................26

Ташқи нутқ    . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . ................ . . . . . . . . .27

Оғзаки нутқ   . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . ................. . .28

Ёзма нутқ   . . . . . . . . . . . . . . .. . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . ................ . . . . . . . 34

Фаол ва пассив нутқ  . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . ............... .36

3- боб. Нутқ сўзлашнинг босқичлари ва принципи . . . . . . . . . . . ............... . .39

Нутқнинг композицион тузилиши    . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . ..............  42

Нутқ сўзлашнинг умумий қоидалари   . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . ............. . . . . 46

4 – боб. Фикрни баён қилиш усуллари

Фикрни оғзаки баён этиш  . . . . . . . . . ........... . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .  49

Нутқнинг ёзма шакллари  . . . . . . . . . . . . . . . .......... . . . . . . . . . . . . . . . . . . .    52

5 – боб. Нутқ техникаси

Оғзаки нутқ техникаси  .  . . . . . . . . .  . . . . .  . . . . . ........... . . . . . . .  . . . . . . . .  57

Ёзма нутқ техникаси   . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .......... . . . .  . . . . . . .  63

6 – боб. Баҳслашиш маҳорати асослари

Баҳс ва унинг турлари   . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .......... . . . . . . . . 64

Баҳснинг асосий қоидалари   . . . . . . . . . . . . . . .. . . . . . . . . . . . . . . . .......... . . . 67

Баҳслашиш усуллари   . . . . . . . . . . . . . .    . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . ..........72

ИЛОВАЛАР    .  .  .  .  .  .   .  .  .  .  .  .  .  .  .  .  .  .  .   .   .  .  .   .   .  .   .   .  ........... 81

Адабиётлар рўйхати  . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .......... .114


 

Нутқ маданияти ва профессионал нотиқлик

 

Магистратура барча йўналиш талабалари учун

Услубий қўлланма

 

 

                                              Ўзбек ва рус тиллари кафедрасининг 2017 йил “______  ,

(____ - сонли баённома) мажлисида

кўриб чиқилди ва чоп этишга тавсияланди

 

 

АКТ соҳасида касб таълими факультетининг илмий-услубий Кенгашида

 кўриб чиқилди ва чоп этишга тавсияланди

2017 йил “______  , ____ - сонли баённома

 

 

 

ТАТУ илмий-услубий Кенгашида

 кўриб чиқилди ва чоп этишга тавсияланди

2017 йил “______  , ____ - сонли баённома

 

 

 

 

 

Муаллиф                      Ахмедова М.Х.  

 

Тақризчилар:               Гаюбова К.А.    ТАТУ ўзбек ва рус тиллари

                                                                 кафедраси катта ўқитувчиси                                            

 

                                Бердиева М.А.  Тошкент Молия институти

доценти, педагогика фанлари номзоди  


 

 

 

 

 



[1]Иванов П.И., Зуфарова М.Е. Умумий психология. Ўзбекистон файласуфлари миллий жамияти нашриёти. Тошкент 2008й.

[2]Игнатьев Е.И., Лукин Н.С., Громов М.Д. Психология. «Ўқитувчи» нашриёти. Тошкент 1970й.

[3]Игнатьев Е.И., Лукин Н.С., Громов М.Д. Психология. «Ўқитувчи» нашриёти. Тошкент 1970й.

[4]Иванов П.И., Зуфарова М.Е. Умумий психология. Ўзбекистон файласуфлари миллий жамияти нашриёти. Тошкент. 2008й.

Савова М.Р., Риторика. Конспект лекций, -М., 2005, -С. 42.

[6]Об ораторском искусстве. -М., 1973, -С. 172.

[7]Анисимова Т.В., Гимпельсон Е.Г.Современная деловая риторика. Учебное пособие. 2002  ISBN: 5-89502-304-5

 

[8]Савова М.Р., Риторика. Конспект лекций, М., 2005, 42с.

[9]Стернин И.А. Практическая риторика в объяснениях и упражнениях для тех, кто хочет научиться говорить.  - Воронеж: «Истоки», 2011. -  169 с.

[10]Алисейко Е.Н.. Конспект лекций по риторике (для студентов юридического факультета заочной формы обучения). Севастополь. 2009

[11]Магзумова Ш.Ш., Махмудов И.И., Хайдарова Г.Ш., Мирджураева Н.Д  Нотиқлик санъати.Ўқув қўлланма. Тошкент - 2014

[12]Поварнин С.И. Спор: о теории и практике спора. // Вопросы философии. -М. 2003.

 

[13]Алисейко Е.Н.. Конспект лекций по риторике (для студентов юридического факультета заочной формы обучения). Севастополь. 2009

[14]Магзумова Ш.Ш., Махмудов И.И., Хайдарова Г.Ш., Мирджураева Н.Д  Нотиқлик санъати.Ўқув қўлланма. Тошкент - 2014

[15]http://www.elitarium.ru/2005/11/09/print:page,1,priemy_upravlenija_vnimaniem_v_delovom_obshhenii.html

[16]Cyxoвeршинa Ю. В.., психология фанлари номзоди, Москва очиқ ижтимоий академияси ижтимоий психология кафедрасининг доценти.

http://www.elitarium.ru/2011/03/28/pravila_vzaimodejjstvija_s_auditoriejj.html

[17]Формановская Н.И.Речевой этикет и культура общения. М.Высшая школа, 1989

[18] Рождественский Ю.В. Общая филология. — М.: Фонд "Новое тысячелетие", 1996.— 326 с. ISBN 5-86947-0I9-6

 

[19]Психология фанлари номзоди И.И.Aминoвдан парчалар.http://www.elitarium.ru/2005/08/17/print:page,1,proksemika_i_prostranstvennye_uslovija_obshhenija.html

[20]Управление персоналом: теория и практика. Этика деловых отношений. Под ред. Кибанова А.Я.. Издательство "Проспект", 2014 г. , с. 117