ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ АХБОРОТ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ ВА КОММУНИКАЦИЯЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ВАЗИРЛИГИ

МУҲАММАД АЛ-ХОРАЗМИЙ НОМИДАГИ

ТОШКЕНТ   АХБОРОТ   ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ   УНИВЕРСИТЕТИ

 

«АКТ СОҲАСИДА ИҚТИСОДИЁТ ВА МЕНЕЖМЕНТ» ФАКУЛЬТЕТИ

 

«АКТ СОҲАСИДА ИҚТИСОДИЁТ» КАФЕДРАСИ

 

 

 

 

«КОММУНИКАЦИЯ СОҲАСИНИНГ ИҚТИСОДИЁТИ»

 

ФАНИДАН

ЎҚУВ-УСЛУБИЙ

МАЖМУА

 

 

 

 

 

Тошкент-2017

       Ушбу ўқув-услубий мажмуа 5350300 – Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида иқтисодиёт ва менежмент.

 

 

Тузувчи:   

Нурматова Д.С. – ТАТУ, “АКТ соҳасида иқтисодиёт” кафедраси катта ўқитувчиси

Қувондиқова Д.К – ТАТУ, “АКТ соҳасида иқтисодиёт” кафедраси катта ўқитувчиси, и.ф.н.

 

                           

 

 

Тақризчилар:

М.И.Альмарданов – ТДИУ, “Молия ва солиқлар” кафедраси

профессори,и.ф.д.

Ф.О.Бозоров  – ТАТУ, ”Почта алоқаси технологияси” кафедраси мудири,

и.ф.н., доц.;

 

 

 

 

 

 

 

 

 

МУНДАРИЖА

 

1.

ФАННИНГ ЎҚУВ ДАСТУРИ

 

 

1.1.

НАМУНАВИЙ ФАН ДАСТУРИ

 

 

1.2.

ФАННИНГ ИШЧИ ЎҚУВ ДАСТУРИ

 

2.

ЎҚУВ-УСЛУБИЙ МАТЕРИАЛЛАРИ

 

 

2.1.

НАЗАРИЙ  МАШҒУЛОТЛАР МАТЕРИАЛЛАРИ

 

3.

ГЛОССАРИЙ

 

4.

ФАН  БЎЙИЧА  ХОРИЖИЙ  АДАБИЁТЛАР (электрон шаклда)

 

 

5.

ҲАР БИР МАВЗУ УЧУН ТАҚДИМОТЛАР (электрон шаклда)

 

 

6.

ҚЎШИМЧА ЎҚУВ ВА ИЛМИЙ МАТЕРИАЛ (МАҚОЛАЛАР) (электрон шаклда)

 

 

7.

МАВЗУНИ ЎЗЛАШТИРИЛИШИ УЧУН ҚЎШИМЧА ВИДЕОЛАР, КЕЙС-СТАДИЛАР ВА ҲОКАЗО МАТЕРИАЛЛАР (электрон шаклда)

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

“кОММУНИКАЦИЯ СОҲАСИНИНГ ИҚТИСОДИЁТИ” ФАНИДАН маърузалар матни

 

1-МАЪРУЗА: акт соҳасидаги корхоналарининг маблағларининг хусусиятлари ва улардан фойдаланиш самарадорлиги

РЕЖА:

1. Алоқа соҳасининг асосий ишлаб чиқариш фондларидан  фойдаланиш кўрсаткичлари.

2. Асосий ишлаб чиқариш фондларидан  фойдаланиш самарадорлигини ошириш йўллари.

 

1. Алоқа соҳасининг асосий ишлаб чиқариш фондларидан  фойдаланиш кўрсаткичлари

Алоқа соҳасида асосий ишлаб чиқариш фондларининг натурал ва қиймат кўрсаткичлари мавжуд.

Қиймат кўрсаткичлари турли тармоқлар ва алоқа ва ахборотлаштириш корхоналари учун ягона ҳисобланади.

Натурал кўрсаткичлар алоқа тармоғида асосий фондлар ва уларни ишлатиш хусусиятларини ҳисобга олади. Натурал кўрсаткичлар асосий фондларнинг вақт бўйича (экстенсив) ва уларни қуввати бўйича (интенсив) ишлатилишини характерлайди.

Асосий фондларнинг вақт бўйича (экстенсив) кўрсаткичлар қуйидагича аниқланади:

                                

Бу ерда:

Тф-маълум вақт мобайнида асосий фондларнинг аниқ (фактик) ишлаш вақти (соат);

Тж-жадвал бўйича ўрнатилган аниқ вақт мобайнида асосий фондларнинг ишлаш давомийлиги (соат);

Тк-ишнинг календар вақти (соат);

Ке1-жадвал бўйича асосий фондларнинг узлуксиз (тўхтовсиз) ишлаш даражасини характерлайди;

Ке2, Ке3-фондларни ишлатишда вақт заҳираларини характерлайди.

Асосий фондларни қувват бўйича (интенсив) ишлатиш коеффициенти ушбу шаклга эга:

                                      

  Бу ерда:

  Қф- ускуналарнинг ишлаш вақти мобайнида ҳақиқий бажарган маҳсулот ҳажми;

Қв- жадвал ёки тақвим бўйича аниқ вақт мобайнида алоқа воситаларининг қувватидан тўла фойдаланиш натижасида бажарилиши лозим бўлган маҳсулот ҳажми.

Экстенсив ва интенсив ишлатиш коеффицентлари биргаликда ускуналарнинг интеграл (умумлашган) ишлатиш коеффицентини тавсифлайди:

                              

Натурал кўрсаткичлар асосий фондларнинг фақат аниқ турлари ишлатилишини тавсифлайди. Лекин ҳар хил турдаги асосий фондлар тўпламининг ишлаш самарадорлигига баҳо берилганда, улардан фойдаланилмайди. Бу вазифаси ҳал қилишда қиймат кўрсаткичлари қўлланилади. Алоқа соҳасининг асосий ишлаб чиқариш фондлари ишлатишнинг қиймат кўрсаткичлари қуйидагилардан иборатдир:

1. Алоқа соҳасида ишлаб чиқаришнинг барча кўринишларининг самарали ишлатишни характерловчи асосий қиймат кўрсаткичи фондларнинг қайтарилиш кўрсаткичи ҳисобланади. Фонднинг қайтарилиш кўрсаткичи бир сўм асосий фондни ишлатиш неча сўм даромад беришини кўрсатади.

Бу ерда;

асосий фондларнинг ўртача йиллик миқдори.

2. Фонднинг қайтарилиш кўрсаткичига тескари кўрсаткич фонднинг ҳажмлилик кўрсаткичи ҳисобланади.

Бу кўрсаткич бир сўм даромад ошириш учун неча сўмлик асосий фондлар ишлатилиши лозимлигини кўрсатади. Асосий ишлаб чиқариш фондларини самарали ишлатиш фойдани қайтарилиш кўрсаткичини кўпайтириш ва фондлар ҳажмлилик кўрсаткичини камайтириш билан боғлиқдир.

3. Фонд билан қуролланганлик кўрсаткичи

Фонд билан қуролланганлик кўрсаткичи корхонани меҳнат билан таъминланганлигини, жонли меҳнатни асосий фондлар билан қуролланганлигини характерлайди ва битта алоқа ходими учун қанча асосий фондлар тўғри келишини кўрсатади.

4. Фондларнинг яроқлилик кўрсаткичи.

Асосий фондларнинг техник холатини баҳолаш учун фондларнинг яроқлилик кўрсаткичи қўлланилади. У асосий фондларнинг қолдиқ қийматини бошланғич қийматига нисбати орқали аниқланади:

 

Бу ерда;

E- маълум вақт мобайнида асосий фондларнинг эскириш қиймати, сўм.

Тахлил натижаларидан кўриниб турибдики, фондларни қайтариш кўрсаткичи базис йилига нисбатан 0,50 ошган, Бу кўрсаткичга боғлиқ ҳолда фондларнинг ҳажмлилик кўрсаткичи 0,31 камайган. Фонд билан қуролланганлик кўрсаткичи ҳам ортган (+13,3). Умуман олганда, Алоқа ва ахборотлаштириш корхонасининг асосий фондлари базис йилига нисбатан самарали ишлатилган экан. Амалиётда фондларнинг ҳажмлилик кўрсаткичини камайтиришга ва фонд билан қуролланганлик кўрсаткичини оширишга ҳаракат қилинади.

 

2. Асосий ишлаб чиқариш фондларидан  фойдаланиш самарадорлигини ошириш йўллари

Асосий ишлаб чиқариш фондларидан  фойдаланиш самарадорлигини ошириш деганда, бир сўм асосий фонд қийматида алоқа маҳсулоти (даромади, фойдаси)нинг қўшимча ўсишини таъминлаш тушунилади. Бундан ташқари, асосий фондларни ишлатишни ошириш алоқа воситалари ривожига капитал сарфларини тежашни англатади.

Асосий фондлар ишлаб чиқариш жараёнида иштирок этиб, меҳнат ресурслари ва ишлаб чиқариш ҳаражатларини тежаб, меҳнат унумдорлигини оширади. Асосий фондлар илмий – техник тараққиётнинг  моддий-ашёвий асоси бўлиб, алоқа соҳасининг асосий вазифаларидан бирини, яъни хизматлар ва хизматлар кўрсатиш сифатини оширишга шароит яратади. Бозор иқтисодиёти шароитида бу омил рақобатбардошликни оширишга, барқарор ривожланишга ва самарадорликка эришишга асос бўлади.

Илғор алоқа корхоналарининг иш тажрибасига биноан   асосий ишлаб чиқариш фондларини ишлатишни яхшилаш йўллари қуйидагилардан иборат:

- янги ва иқтисодий самарали алоқа техникаларини киритиш, қурилмаларни техник замонавийлаштириш ва янгилаш;

- алоқа қурилмалари, ускуналари ва воситаларини ҳаракатга киритиш ва ишлатишни ошириш;

- асосий ишлаб чиқариш фондларининг тузилмасини замонавийлаштириш ва янгилаш;

- ходимлар малакасини ўз вақтида ошириш, ишлаб чиқариш жараёнлари даражасини такомиллаштириш, хизматлар кўрсатишни яхшилаш ва бошқалар.

 

2-маъруза: Корхона айланма маблағлари, таснифи, улардан фойдаланиш самарадорлиги кўрсаткичлари

РЕЖА:

 1. Алоқа корхоналари айланма маблағларининг тузилиши

2. Айланма маблағлардан фойдаланиш кўрсаткичлари

3. Айланма маблағлардан фойдаланишни яхшилаш йўллари

 

1.      Алоқа корхоналари айланма маблағларининг тузилиши

Корхона маҳсулот ишлаб чиқариш учун асосий фондлар билан бирга айланма маблағлар ҳам зарурдир.

Айланма маблағлар деб ишлаб чиқариш жараёнида ўз қийматини тайёр маҳсулотга ўтказиб, ўзининг моддий шаклини ўзгартирувчи маблағларга айтилади.

Алоқа корхоналари айланма маблағлари  айланма ишлаб чиқариш фондлари ва муомала фондларини ўз ичига олади.

Айланма ишлаб чиқариш фондлари бевосита алоқа хизматлари яратиш билан боғлиқ. Улар таркибига ёрдамчи материаллар заҳиралари, асбоб-ускуналарни таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш учун эҳтиёт қисмлар, шунингдек, ёқилғи, асбоблар ва  иш кийимлари киради.

Муомала фондлари  таркибига  корхона кассасидаги пул маблағлари,  унинг банк ҳисоб рақамидаги маблағлар ва дебиторлик қарзлари киради.

Корхона айланма маблағларини шакллантириш учун ўзлик ва қарз маблағларидан фойдаланади.

Ўзлик айланма маблағлари корхона ташкил этилганда устав капитали асосида шаклланади ва олинган фойда асосида тўлдириб борилади.                        Ўзлик айланма маблағлари етарли бўлмаган ҳолларда корхона банк кредитлари ва кредиторлик қарзлари кўринишидаги қарз маблағларидан фойдаланади.

Корхона маҳсулот ишлаб чиқариш учун асосий фондлар билан бирга айланма маблағлар ҳам зарурдир. Корхона кассасидаги пул маблағлари ва унинг банк ҳисоб рақамидаги маблағлар муомила фондлари дейилади. Ҳар қандай корхонанинг ишлаш жараёни узлуксизлигини таъминлаш учун айланма ишлаб чиқариш фондлари ва муомила фондларидан бир вақтда фойдаланиш керак.

Айланма маблағларининг асосий хусусияти шундан иборатки, улар хўжалик фаолиятини нормал амалга оширишда ишлаб чиқариш жараёнини тарк этмайди: айланма маблағлар сарфланмайди, балки корхонанинг турли кўринишдаги ҳаражатларига қўйилади.

Ишлаб чиқиш фондларининг айланишида айланма маблағлар турли ишчи шаклларга (П-Т...Б..Т**) эга бўлади; материал самарадорлиги (С), маҳсулот (М), ишлаб чиқариш сикл тугаши билан яна ўзининг пул шаклига қайтади (П).

Корхона айланма маблағларини шакллантириш учун ўзлик ва қарз маблағларидан фойдаланади. Алоқа ва ахборотлаштириш корхонасида айланма маблағлар меъёрланадиган (материаллар, эхтиёт қисмлари, кам қимматли буюмлар, форма, кийим ва бошқалар) ва меъёрланмайдиган айланма маблағларга бўлинади. Меъёрланмайдиганларга: ҳисоб рақамидаги пул маблағлари, алоқа хизматлари учун мижозларнинг дебиторлик қарздорликлари ва бошқалар киради.

Ҳар хил ёЪналишдаги Алоқа ва ахборотлаштириш корхоналари айланма маблағларининг тузилиши турлича бўлади. Бу ушбу корхоналарнинг алоқа хизматларини ўзига хослигига ва техник таъминланиш даражасига боғлиқ. Алоқа ва ахборотлаштириш корхоналарининг айланма маблағларига бўлган эхтиёж меъёрланиши орқали аниқланади. Айланма маблағлар меъёри корхонанинг тўхтовсиз ишлаши учун айланма маблағлар заҳираси неча кунга етишини тавсифлайди.

Меъёрлар ва корхона фаолиятининг турли хил кўринишлари (материал ва эҳтиёт қисмларга ҳаражатлар, турли асосий фондлар қиймати, ишчилар сони) асосида ҳар бир корхона учун нормативлар белгиланади. Норматив айланма маблағлар сўмда ёки натурал кўрсаткичларда ифодаланган корхонанинг айланма маблағларига бўлган талабнинг минимал қийматини тавсифлайди. Айланма маблағларнинг хусусий ва умумий меёрлари мавжуд.

Хусусий норматив айланма маблағларнинг алоҳида элементлари бўйича белгиланади.

Умумий нормативлар айланма маблағларнинг ҳамма меъёрланадиган элементлари бўйича корхонанинг айланма маблағларига бўлган умумий талабни аниқлайди.

Агар айланма маблағлар меъёри (нормативи) Н-аниқ бўлса, масалан материаллар учун (Нм), айланма маблағлар нормативи қуйидаги ифода орқали аниқланади:

Бу ерда: 

-бир кунлик материал ҳаражати;

-айланма маблағлар нормативи.

умумий ҳолда материалларга айланма маблағлар меъёри (Н)-бу материалларнинг тўрли босқичлардаги пўл заҳирасини тавсифлайдиган қуйидаги таркибий қисмлар йиғиндиси орқали аниқланади.

 

Бу ерда

-пули тўланган материалларни ёЪлда бўлиш вақти, кун;

-материалларни қабул қилиш, тушириш, саралаш ва омборларга жойлаштириш учун керак бўлган вақт, кун;

-материални эксплуатацияга тайёрлаш учун керак бўладиган вақт, кун;

-заҳира кунларида белгиланган материалларнинг жорий заҳираси, кун;

-кафолатловчи заҳира; материаллар таъминланишида бўладиган ҳоллар учун керак бўлади ва жорий заҳиранинг 50% даражасида белгиланади.

 

2.                 Айланма маблағлардан фойдаланиш кўрсаткичлари

Корхона айланма маблағларини шакллантириш учун ўзлик ва қарз маблағларидан фойдаланади.

Ўзлик айланма маблағлари корхона ташкил этилганда устав капитали асосида шаклланади ва олинган фойда асосида тўлдириб борилади.

Ўзлик айланма маблағлари етарли бўлмаган ҳолларда корхона банк кредитлари ва кредиторлик қарзлари кўринишидаги қарз маблағларидан фойдаланади.

   Айланма маблағларни ишлатиш кўрсаткичлари таркибига қуйидагилар киради:

1.Айланиш коеффициенти - Ка.

Асосий фаолиятдан даромаднинг айланма воситаларнинг ўртача йиллик миқдорига нисбати орқали топилади.

Айланиш коеффициенти йил мобайнида айланма воситалар томонидан амалга оширилган айланишлар сонини кўрсатади.

2.Бир айланиш давомийлиги - Кд

            Бир айланиш давомийлиги кўрсаткичи айланма маблағларнинг бир марта тўлиқ айланишиучун кетадиган кунлар сонини тавсифлайди.

3.Айланма маблағларнинг юкланганлик коеффициенти

Бу кўрсаткич бир сўм даромад олиш учун ишлатилган айланма воситалар миқдорини кўрсатади.

 

 

Ушбу кўрсаткичлар айланма воситаларни ишлатишнинг асосий кўрсаткичлари ҳисобланади. Айланма воситаларини ишлатиш кўрсаткичлари ишлаб чиқариш захираларини самарали ишлатиш ҳамда ишлатилмаган ресурсларни аниқлаш ва пул маблағларидан унумли фойдаланиш учун зарурдир.

Масала: Берилган маълумотлар асосида алоқа ва ахборотлаштириш корхонасининг айланма фондларини  ишлатиш кўрсаткичларини ҳисобланг.

Кўрсаткичлар, минг сўм

Базис йил

Ҳисобот йил

Асосий фаолиятдан даромад, минг сўм

188200,0

317500,0

Айланма фондларнинг ўртача йиллик миқдори, минг сўм

11200,0

16200,0

Ка

16,8

19,5

Кд

21,4

18,3

Кё

0,06

0,05

   

Айланиш коеффициенти олдинги йилдагига нисбатан ошган (2,7). Бу корхонанинг айланма фондлари самарали ишлатилганидан дарак беради. Айланиш давомийлиги кўрсаткичи эса сезиларли камайган (-3,05), лекин  бу ўзгариш корхона учун ижобий таъсир этди, чунки айланма фондларнинг бир айланиш давомийлиги кўрсаткичи айланма фондларнинг тўлиқ айланиши учун зарур бўлган кунлар сонини кўрсатади. Айланиш кўрсаткичига тескари бўлган юкланганлик кўрсаткичи (0,01) камайган. Яъни базис йилда айланма фондларнинг тўлиқ айланиши 16.8 марта бўлган бўлса, ҳисобот йилида айланма фонд айланиши 19,5 марта амалга ошган.

 

3.      Айланма маблағлардан фойдаланишни яхшилаш йўллари

 

Айланма маблағлардан фойдаланиш даражасига  объектив ва субъектив омиллар  таъсир кўрсатади.

Объектив омилларга тармоқда ва алоқа соҳасида  нарх белгилаш тизими, айланма маблағлар таркибига кирувчи товар-моддий бойликлар, ресурслар билан таъминлашнинг материал-техник тизими ва бошқалар киради.

Субъектив омиллар таркибига  ишлаб чиқариш техника ва технологиясининг умумий даражаси (материаллар заҳираси ҳажми, эҳтиёт қисмлар ва бошқалар), асбоб-ускуналар ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчилар билан шартномавий муносабатларнинг  ўсиши ва бошқалар киради.

Асосий ишлаб чиқариш фондларини ишлатишни ошириш деганда, бир сўм асосий фонд қийматида алоқа маҳсулоти (даромади, фойдаси)нинг қўшимча ўсишини таъминлаш тушунилади. Бундан ташқари, асосий фондларни ишлатишни ошириш алоқа воситалари ривожига капитал сарфларини тежашни англатади.

Илғор алоқа ва ахборотлаштириш корхоналарининг иш тажрибасига биноан   асосий ишлаб чиқариш фондларини ишлатишни яхшилаш йўллари қуйидагилардан иборат:

·  янги ва иқтисодий самарали алоқа техникаларини киритиш, қурилмаларни техник замонавийлаштириш ва янгилаш;

·  алоқа қурилмалари, ускуналари ва воситаларини ҳаракатга киритиш ва ишлатишни ошириш;

·  асосий ишлаб чиқариш фондларининг тузилмасини замонавийлаштириш ва янгилаш;

·  ходимлар малакасини ошириш.

Асосий ишлаб чиқариш фондларини ишлатишни яхшилаш Алоқа ва ахборотлаштириш корхонасининг истиқболини таъминлайди ва рақобат бозорида ўз ўрнига эга бўлишига хамда истемолчиларни кенг жалб этишга замин яратади.

Айланма маблағларни ишлатишни яхшилаш турли йўллар орқали амалга оширилади.

·  Материал техник-таъминотни яхшилаш, материалларга эхтиёт қисмларни етказиб бериш частотасини орттириш;

·  Материал бойликларни тўғри сақлаш ва йўқолишига йўл қўймаслик;

·  Кам қийматли ва тез эскирувчи предметларни хизмат қилиш муддатини орттириш;

·  Алоқа хизматлари учун мижозларнинг дебиторлик қарзларини камайтириш;

·  Маҳсулот ҳажмини ўстириш.

Юқорида келтирилган тадбирлар айланма воситалар айланиш тезлигининг ортишини таъминлайди. Бу эса, ўз навбатида, корхонанинг самарали ишлашига, пул маблағларига ва ишлаб чиқариш захираларига бўлган талабини қондиришга ёрдам беради.

 

3-МАЪРУЗА: АКТ СОҲАСИ КОРХОНАЛАРИДА МЕҲНАТ САЛОҲИЯТИ ВА МЕҲНАТ СИЁСАТИ

Режа:

1. Акт соҳаси корхоналарида меҳнат унумдорлиги тушунчаси ва уни ошириб боришнинг  аҳамияти.

2. Меҳнат унумдорлигини  ўлчаш усуллари.

3. Меҳнат потенциали ва унинг   ижтимоий-иқтисодий мазмуни.

 

Меҳнат унумдорлиги - ходимлар меҳнат фаолиятининг иқтисодий самарадорлиги кўрсаткичидир. У ишлаб чиқарилган маҳсулот ёки кўрсатилган хизматлар миқдорининг меҳнат ҳаражатларига нисбатан, яъни меҳнат ҳаражатлари бирлиги ҳисобига ишлаб чиқарилган маҳсулот билан белгиланади.

Меҳнат унумдорлигини ошириш меҳнат ресурсларини ва улар билан боғлиқ бўлган меҳнатга ҳақ тўлашни иқтисод қилишга ёрдам беради. Ўз навбатида ишлаб чиқаришнинг умумий ҳаражатларини ва хизматлар таннархини қисқартиришга ёрдам беради. Натижада меҳнат унумдорлиги қўшимча фойда олишни ва умуман, ишлаб чиқариш рентабеллигини ўсишини таъминлайди.

Меҳнат унумдорлигини оширишни 2 хил йўналиш орқали амалга ошириш мумкин:

1. Экстенсив йўналиш, бунда хизматлар ҳажмини ошириш учун қўшимча меҳнат ресурслар  жалб этилади.

2. Интенсив йўналиш, бунда мавжуд меҳнат ресурслар негизида меҳнат унумдорлиги  оширилади.

Меҳнат унумдорлиги меҳнат ресурсларини ишлатишни асосий кўрсаткичларида ҳамда корхона ишлаб чиқариш фаолияти самарадорлигининг зарурий кўрсаткичларидан бири ҳисобланади. Меҳнат унумдорлиги бир ходим томонидан вақт бирлиги давомида натурал ёки пул шаклида ишлаб чиқарилган хизматлар ҳажмини характерлайди. Меҳнат унумдорлиги ҳақида тескари кўрсаткич бўйича ҳам таъриф бериш мумкин, яъни меҳнат унумдорлиги бир бирлик маҳсулот яратишда вақт ҳаражатларини акс эттиради. Меҳнат унумдорлигини ошириш меҳнат ресурсларининг иқтисод қилинишига, меҳнатга ҳақ тўлаш ҳаражатларини ва ишлаб чиқаришнинг умумий ҳаражатларининг камайишига олиб келади. Бу эса якуний ҳисобда фойда ва рентабелликни оширишга, яъни алоқа корхонасининг самарали фаолият юритишининг ўсишига сабаб бўлади. Бу вақтнинг ўзида алоқа корхонасининг меҳнат унумдорлиги ўзгариши ҳисобига алоқа корхонасининг ишлаб чиқаришини кенгайтиришга ва катта ҳажмдаги ахборотни узатишга эришиш мумкин. Бу эса истеъмолчилар вақтини тежашга  имкон беради ва халқ хўжалигидаги бошқа соҳалар ишлаб чиқариши ўсишига олиб келади.

Меҳнат унумдорлиги кўрсаткичи қоидага биноан асосий фаолиятдан даромадни Даф асосий фаолиятдаги ходимларнинг Т ўртача йиллик сонига бўлиш орқали аниқланади:

                                       

Меҳнат ресурслари ишлатилиши самарадорлигини баҳолаш учун меҳнат унумдорлигининг ўсиш кўрсаткичи - Иму ҳам қўлланади. Бу кўрсаткич жорий ва олдинги йиллардаги (ёки ҳисобот ва базис йиллар) меҳнат унумдорлиги нисбати орқали аниқланади:

                                 

Меҳнат унумдорлигини ошириш корхона кўрсаткичлари орқали иқтисодий самарадорлигининг зарурий характеристикаси ҳисобланади.

Меҳнат унумдорлиги ўсиши ҳамда меҳнат унумдорлиги ўсиш даражаси орқали штатни шартли иқтисод қилиш асосий фаолиятдан даромад улушини. Биринчи кўрсаткич абсолют ва нисбий миқдор бўйича қуйидаги формулалар орқали ҳисобланади:

 

Агар корхонада штатнинг абсолют қисқариши мавжуд бўлса, у ҳолда меҳнат унумдорлиги ўсиши ҳисобига олинган даромадлар ўсиши ва юқорида келтирилган кўрсаткичлар ҳисобланмайди.

Меҳнат унумдорлиги ўсиши ҳисобига штатни шартли иқтисод қилиниши қуйидагича аниқланади:

                      

Кўрсаткични шартли деб аташдан мақсад, у олдинги йил даражасида меҲнат унумдорлигини сақлаган ҳолда жорий йилда асосий фаолиятдан даромадни олиш зарур бўлган қўшимча штатни характерлайди.

Меҳнат самарадорлиги меҳнат унумдорлигидан фарқли ўлароқ фақат меҳнатнинг миқдор кўрсаткичларини эмас, шу билан бирга сифат натижаларини ҳам ифодалайди. Меҳнат самарадорлиги кўрсаткичининг яна бир муҳим устунлиги унда меҳнат ресурсларини тежашнинг акс этишидир.

Меҳнат унумдорлиги қанчалик юқори бўлса, иш сифати зарур даражада бўлгани ҳолда меҳнат харажатлари қанчалик кам бўлса, меҳнат самарадорлиги шунчалик юқори бўлади.

Меҳнат унумдорлиги тўғридан - тўғри яратилган хизматлар ҳажми ва ишлаб чиқаришда банд булган ишчилар сонига боғлиқ бўлади.

Яратилаётган хизматлар ҳажми сезиларли даражада тармоқ ташқарисидаги, ижтимоий, сиёсий, қолаверса, мамлакатнинг умумий иқтисодий шароитини тавсифловчи ва алоқа хизматларига бўлган талабни аниқловчи омилларга боғлиқ. Шу билан бирга алоқа корхоналари меҳнат унумдорлигининг ўсишига тармоқ ичидаги омиллар ҳам таъсир этади. Уларни икки гуруҳга ажратиш мумкин:

1. Техник-технологик омиллар;

2.Ташкилий омиллар.

Техник-технологик омилларга қуйидагилар киради:

1. Жуда тараққий этган техника ва технологиялар асосида ишлаб чиқариш жараёнини механизациялаш ва автоматизациялаш;

2. Амалдаги алоқа воситаларини замонавийлаштириш ва реконструкциялаш;

3.Маълумот узатиш бўйича ишлаб чиқариш жараёнларини компютерлаштириш.

Юқоридаги омиллар бир бирлик хизмат ёки ишни амалга ошириш учун сарфланадиган меҳнатнинг камайишига олиб келади.

Меҳнат унумдорлигининг ташкилий омиллари орасида бошқарув тизимини замонавийлаштириш ҳамда меҳнат ва ишлаб чиқаришни ташкил этишни яхшилаш муҳим аҳамиятга эга.

 

2. Меҳнат унумдорлигини  ўлчаш усуллари

Натурал усул

Бир хилдаги, турдош маҳсулотлари ишлаб чиқишда ишлаб чиқариш жараёнинг унумдорлигини ифодалашда қўлланилади.

Афзаллиги - қулай, тушунарли, маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнининг хусусиятларини акс эттиради.

Камчилиги - кенг миқёсда қўллаш мумкин эмас, чунки иқтисодиётнинг  кўплаб тармоқлари, аксарият корхоналар фақат бир хил маҳсулот ишлаб чиқаришга иҳтисослашмаган.

Қиймат усул

Турдош бўлмаган маҳсулотларни ишлаб чиқариш самарадорлигини ифодалаш кўрсаткичларидан бири бўлиб, қиймат (пул) бирлигида ўлчанади.

Афзаллиги - меҳнат унумдорлигини тармоқлар бўйича, турли маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи кохоналарда ўлчаш имконини беради.

Камчилиги - инфляция жараёнларини аниқ ҳисобга олинмаса, олинган кўрсаткич тахминий натижага эга бўлади; маҳсулотишлаб чиқаришдаги ички, таркибий сифат ўзгаришлари аниқ акс этмайди.

Меҳнат усули

(норма-соатларида ифодаланувчи) ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг унга кетган ҳақиқий вақт сарфига нисбатан иборат бўлиб, маҳсулот ишлаб чиқаришга кетган меҳнат сарфини унумдорлик нуқтаи назаридан баҳолаши имконини билдиради.

Афзаллиги – иқтисодиётнинг барча соҳаларида ишлатилиши мумкин, таққослашга жуда ўнғай.

Камчилиги -  бу усулда меҳнат унумдорлигини ўлчаш жуда қийин ва кўп вақтни, харажатни талаб қилувчи ўлчаш ва ҳисоб ишларини талаб қилади.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

3. Меҳнат потенциали ва унинг ижтимоий-иқтисодий мазмуни

 Меҳнат жараёнининг асосий шарти жамиятда меҳнат потенциалининг мавжуд бўлишидир.

«Потенциал» атамаси илмий муомалага бундан 15-20 йил олдин киритилган. Этимологик жиҳатдан у «яширин имкониятлар, қувват, куч» маъносини англатади.

 «Потенциал» тушунчасининг маъносини кенг талқин қилиш уни «қандайдир вазифани ҳал этиш ёки муайян мақсадга эришиш учун ҳаражатга келтирилган фойдаланилган имкониятлар, маблағлар, заҳира манбаи; айрим шахс, жамият, давлатнинг муайян соҳадаги имкониятларидир», деб қарашдан иборатдир.

«Потенциал», «потенциалли» деган атамалар бирон-бир кишида, корхонанинг бошланғич меҳнат жамоасида, умуман, жамиятда яширин, лекин ҳали ўз имкониятлари ёки қобилиятларини улар ҳаётининг тегишли соҳаларида намоён қилмаганлигини билдиради. Агар «меҳнат ресурслари» ва «ишчи кучи» тушунчалар ўзида фақатгина миқдорий хусусиятларни мужассам этса, булардан фарқли равишда меҳнат потенциали ҳам миқдор, ҳам сифат кўрсаткичларини ўз ичига олади.

«Меҳнат потенциали» иқтисодий категория сифатида хусусиятлари

биринчидан, меҳнат потенциали — бу, авваламбор, жамият қилаётган жонли мехнатнинг миқдорий ва сифатий аниқ ресурсларидир. Шунингдек, меҳнат потенциали — бу ўзида сифат жиҳатларининг жамини гавдалантирадиган ишчи кучи мажмуидир

иккинчидан, ушбу иқтисодий категория муайян бир ишчини  ҳам, уларнинг жамини ҳам мавжуд имкониятларидан фойдаланиш даражасини баҳолаш имкониятини беради, бу амалиётда инсон омилининг фаоллигини оширади.

учинчидан, меҳнат потенциалини таҳлил қилиш, ишлаб чиқаришнинг инсон ва ашёвий омиллари ўртасида сифатий, таркибий мувофиқлик бўлишига ёрдам беради.

Меҳнат потенциалининг миқдор кўрсаткичларига қуйидаги тоифа аҳоли қатламини ҳам киритиш мумкин:

·  меҳнатга лаёқатли аҳолининг нофаол қисми

·  ишлаш имконияти ва истагига эга барча гуруҳ ногиронлари

·  меҳнатга лаёқатли ёшдаги имтиёзли пенсионерлар

·  ишлаш хоҳишини билдирган ўсмирлар ва ёшга доир пенсионерлар

Меҳнат потенциали миқдорий кўрсаткичининг ядросини инсон ташкил этиб, шахсий инсоний омилларнинг ўзаро уйғунлиги натижасида меҳнат потенциали вужудга келади.

Миқдор кўрсаткичи ходимлар (асосий ва ўриндош) сони, иш кунлари миқдори, иш вақти давомийлиги ҳамда ходимларнинг ишлаган кун ва соатлари миқдорида ўз аксини топади. Мазкур кўрсаткичлар орқали корхонанинг ходимлар билан таъминланганлик даражаси, бажарилган иш ҳажми, битта ходимнинг бажарган иши, маҳсулот ишлаб чиқаришга кетган вақт сарфи ва меҳнат унумдорлиги кабиларни аниқлаш мумкин.

Сифат кўрсаткичлари ходимларнинг ёш, жинс, маълумот, касб-малака, тажриба-кўникма таркиби билан ифодаланади.

Демак, миқдор ва сифат кўрсаткичларнинг ўзаро уйғунлиги ҳамда мутаносиблиги корхонада унумдорлик ва тараққиётнинг бош омилидир.

 

 

Меҳнат фаолиятини қўллаб қувватлаш ва меҳнат унумдорлигини  ошириш омиллари

 

РЕЖА:

1. Меҳнат унумдорлигини ошириш омиллари ва имкониятлари.

2. Меҳнат унумдорлигини ошириш заҳиралари (резервлари).

 

1.      Меҳнат унумдорлигини ошириш омиллари ва имкониятлари

Меҳнат унумдорлиги - ривожланиб борувчи кўрсаткичдир. У кўпгина сабаблар ва омиллар таъсирида доимий равишда ўзгариб туради. Улардан бир хиллари меҳнат унумдорлиги ошишига ёрдам берса, бошқалари уни пасайтиришга сабаб бўлиши мумкин. Бундан ташқари, меҳнат 5шароит ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Шарт-шароитлар қулай бўлса, у ёки бу омилнинг таъсир этишини кучайтиради ёки ноқулай бўлса, бу таъсирни заифлаштиради.

Омиллар - бирон-бир жараён ёки ҳодисага таъсир этувчи кучлар, сабаблар, ташқи вазиятлар

Меҳнат унумдорлиги омиллари - маҳсулот, иш ёки хизматлар бирлигини ишлаб чиқаришда ёлланма меҳнат сарфи миқдорининг ўзгаришига таъсир этувчи сабаблар, ҳаракатлантирувчи кучлардир.

Даражасига кўра омилларни ички ва ташқи омилларга бўлиш мумкин.

Ички омилларга корхонанинг техника билан қуролланиш даражасини, қўлланилаётган технологиянинг самарадорлиги, меҳнат ва ишлаб чиқаришнинг энергия билан таъминланиши даражаси, татбиқ этилаётган рағбатлантириш тизимларининг таъсирчанлиги, кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш, кадрлар таркибининг яхшиланиши каби корхонани раҳбарларига боғлиқ бўлган барча нарсалар киради.

Ташқи омилларга қуйидагиларни киритиш мумкин: давлат буюртмалари ва бозордаги талаб ҳамда таклифларнинг ўзгариши муносабати билан маҳсулот хиллари ва уларнинг сермеҳнатлик даражасининг ўзгариши; жамият ва минтақаларнинг ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлари; меҳнатни кооперациялашув даражаси, моддий техника таъминоти табиий шарт-шароитлар ва ҳоказолар.

Мазмуни ва моҳиятига кўра омилларни учта гуруҳга бўлиш мумкин:

·  Моддий-техник

·  Ташкилий

·  Ижтимоий-иқтисодий

Меҳнат унумдорлигини оширишнинг моддий-техника омилларига  фан-техника тараққиётини узлуксиз ривожлантириш асосида меҳнатнинг техника ва энергия билан таъминланишини ошириш киради.

Меҳнат унумдорлигининг ўсишига доир ташкилий омилларда корхоналар, тармоқлар ва умуман, халқ хўжалиги даражасида ишлаб чиқаришни ташкил этиш киради. Барча ташкилий омиллар бир-бири билан мустаҳкам боғланган бўлиб, ишлаб чиқариш, меҳнат ва бошқарувни ташкил этишнинг ягона тизимини ҳосил қилади.

Меҳнат унумдорлигига таъсир кўрсатувчи энг муҳим ижтимоий-иқтисодий омилларга қуйидагилар киради:

·        меҳнат натижаларидан моддий ва маънавий манфаатдорлик;

·        ходимларнинг малака даражаси, уларнинг касбий тайёргарлиги сифати ва умумий маданий-техникавий савияси;

·        меҳнатга муносабат ва меҳнат интизоми даражаси;

·        меҳнат жамоалари ўз-ўзини бошқаришининг ривожланиши.

 

2. Меҳнат унумдорлигини ошириш заҳиралари (резервлари)

Меҳнат унумдорлигини ошириш заҳиралари (резервлари) – техника ва технологияни такомиллаштириш, ишлаб чиқариш, меҳнат ва бошқарувни ташкил этишни яхшилаш ҳисобига меҳнат унумдорлигини оширишнинг барча омилларидан янада тўлароқ фойдаланиш имкониятидир. Заҳиралар меҳнат унумдорлигини ошириш омиллари билан чамбарчас боғлиқдир.

Меҳнат унумдорлигини ошириш заҳираларининг бир неча таснифлари мавжуд бўлиб, уларнинг ҳаммаси иккита катта гуруҳга бўлинади:

  1. Жонли меҳнатдан (иш кучидан) фойдаланишни яхшилаш заҳираларига меҳнатни ташкил этиш, меҳнат шароитлари, ишловчиларнинг меҳнат қилиш қобилиятини ошириш, кадрлар таркиби ва уларни жой-жойига қўйиш, узлуксиз ишлаш учун ташкилий шарт-шароитлар яратиб бериш, шунингдек, ходимларнинг меҳнат натижаларидан моддий ва маънавий манфаатдорлигини оширишни таъминлаш билан боғлиқ масалалар киритилади.

 2. Асосий ва айланма фондлардан янада самаралироқ фойдаланиш заҳиралари асосий ишлаб чиқариш фондлари (машиналар, механизмлар, аппаратлар ва шу кабилар)дан яхшироқ фойдаланиши заҳираларини, шунингдек, хом ашё, материаллар, бутловчи буюмлар, ёқилғи, энергия ва бошқа айланма фондлардан янада тежамли ва тўлиқ фойдаланишни ўз ичига олади.

Заҳиралар фойдаланиш вақтига қараб жорий ва истиқбол заҳираларига бўлинади.

Жорий заҳиралар  технология жараёнлари муҳим даражада ўзгартирилмай ва қўшимча капитал маблағлар сарфланмай амалга оширилади.

Истиқбол заҳиралари ишлаб чиқаришни қайта ташкил этишни, анча мукаммал асбоб-ускуналар ўрнатилиши, тайёргарлик ишларига капитал маблағлар ва кўпроқ вақт сарфлашни талаб қилади.

Заҳиралар аниқланиш ва фойдаланиш жойига қараб халқ хўжалик, тармоқ ва ички ишлаб чиқариш заҳираларига бўлинади.

Халқ хўжалик заҳираларига  табиий ресурслар, улардан ҳар томонлама фойдаланиш ва шу кабилар киради.

Тармоқ заҳираларига  шундай заҳиралар кирадики, улардан фойдаланиш умуман тармоқдаги ходимлар меҳнат унумдорлигини оширади (корхоналарнинг ихтисослаштирилиши, ишлаб чиқаришнинг бир жойга тўпланиши ва комбинацияланиши, техника ва технологиянинг такомиллаштирилиши ва ҳоказо).

Ички ишлаб чиқариш заҳиралари меҳнат унумдорлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Улар таркибига маҳсулотнинг сермеҳнатлик даражасини пасайтириш заҳиралари ва жами иш вақтидан яхшироқ фойдаланиш заҳиралари киради.

Меҳнат унумдорлигини ошириш заҳираларидан  яна бири - кадрлар таркибини такомиллаштиришдир.  Кадрлар таркиби деганда саноат-ишлаб чиқариш ходимларининг айрим тоифалари ўртасидаги миқдор нисбати тушунилади. Кадрлар таркибининг кўрсаткичлари: саноат-ишлаб чиқариш ходимлари умумий сонида ишчиларнинг салмоғи ва ишчилар ва бутун ходимлар умумий сонидаги асосий ишчиларнинг салмоғидир.

 

4-МАЪРУЗА: АКТ СОҲАСИ КОРХОНАЛАРИДА МЕҲНАТГА ҲАҚ ТЎЛАШНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ

РЕЖА:

1. Аҳолини иш билан бандлигининг ижтимоий - иқтисодий моҳияти.

2. Аҳолини иш билан таъминлашни тартибга солиш.

3. Иш ҳақининг моҳияти,иш ҳақининг асосий вазифалари  ва тамойиллари.

4. Тариф тизими ва унинг асосий элементлари.

 

1.      Аҳолини иш билан бандлигининг ижтимоий - иқтисодий моҳияти

Аҳолини иш билан бандлиги инсон ижтимоий ривожланишининг энг муҳим жиҳатларидан бири бўлиб, у меҳнат масалалари билан боғлиқ муаммоларни ҳамда меҳнатга бўлган талаб ва таклифларни қондириш йўлларини очиб беради. Иш билан бандлик кишиларнинг иш жойлари қаердалигидан қатъий назар, ижтимоий фойдали меҳнатга қатнашиши юзасидан ўзаро киришадиган ижтимоий-иқтисодий муносабатларидир. Иш билан бандлик муносабатлари, меҳнатга лаёқатли кишиларнинг қанчаси ва қай даражада ижтимоий фойдали меҳнатда қатнашишини кўрсатадиган ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичдир. Аҳолини иш билан бандлиги тоифаси фақат иқтисодий компонентлар билан чекланмайди. Иш билан бандлик, аввало, ижтимоий муносабатлардир. Шу боис қандайдир азалий, бевосита юзага келадиган ҳодиса сифатидаги ижтимоийлик унинг асосий хусусияти ҳисобланади. Иш билан бандлик ижтимоий-иқтисодий ҳодиса сифатида намоён бўлар экан уни қуйидагича таърифлаш мумкин. Иш билан бандлик- фуқароларнинг қонун ҳужжатларига зид келмайдиган ўз шахсий ва ижтимоий эҳтиёжларини қондириш билан боғлиқ, уларга иш ҳақи ёки меҳнат даромади келтириладиган фаолиятидир. Иқтисодиётнинг сифат жиҳатдан олдингисидан фарқ қилувчи ҳар бир риқожланиш босқичи учун иш билан таъминлашнинг муаййян модели мос келади, чунки унинг асосий хусусиятлари жамият фаолиятларининг муҳим жараёнларини очиб беради.  Тажриба шуни кўрсатадики, жамият муаммолари ичида инсоннинг шахсий ва талаб эҳтиёжларини ҳисобга олмасдан ҳал қилишга уриниш омадсизликка маҳкум этади. Шунинг учун авваллари олимлар иш билан бандлик муаммоларини кўриб чиқаётганларида асосан, унинг иқтисодий жиҳатларига эътибор берган бўлсалар, кейинги пайтда иш билан бандликнинг ижтимоий жиҳатлари тўғрисида тобора кўпроқ гапирилаётганлиги бежиз эмас. Аҳолининг иш билан бандлик концепцияси жамият ижтимоий-иқтисодий  ривожланишининг муайян босқичидаги иш билан таъминланишининг хусусиятини очиб берадиган қарашлар тасаввуфлар тизимидир. Ўзбекистон Республикасининг «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги қонунини 2-моддасида қайд этилганидек: «Иш билан таъминлаш – фуқароларнинг қонун ҳужжатларига зид келмайдиган, ўз шахсий ва ижтимоий эҳтиёжларини қондириш билан боғлиқ бўлган, уларга иш ҳақи (меҳнат даромади) келтирадиган фаолиятдир».

Қуйидагилар иш билан таъминланган деб ҳисобланади:

· ёлланиб ишлаётган, шу жумладан,, ишни тўлиқсиз иш вақтида ҳақ эвазига бажараётган, шунингдек, ҳақ тўланадиган бошқа ишга, шу жумладан,, вақтинчалик ишга эга бўлган фуқаролар;

· бетоблиги, меҳнат таътилида, касбга қайта тайёрлашда, малака оширишда эканлиги, ишлаб чиқаришни тўхтатиб қўйганлиги муносабати билан, шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ вақтинча иш жойи сақланиб турадиган бошқа ҳолларда вақтинча иш жойида бўлмаган фуқаролар;

· ўзини иш билан мустақил таъминлаётган фуқаролар, шу жумладан,, юридик шахс ташкил қилмаган ҳолда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган фуқаролар, кооперативларнинг аъзолари, фермерлар ва уларнинг ишлаб чиқаришда қатнашаётган оила аъзолари;

· Қуролли кучларда, Миллий хавсизлик хизмати ва ички ишлар органлари ва қўшинларида хизматни ўтаётган, шунингдек, муқобил хизматни ўтаётган фуқаролар;

· таълим тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ишлаб чиқаришда ажралган ҳолда таълим олаётган фуқаролар;

· қонун ҳужжатларига мувофиқ фаолият олиб бораётган жамоат бирлашмалари ва диний муассасаларда ишлаётган фуқаролар.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси «Меҳнат кодекси»га мувофиқ қуйидаги сабабларга кўра вақтинчалик иш жойида бўлмаган фуқароларнинг иш жойи сақланиб қолади ва улар иш билан таъминланган, деб ҳисобланадилар:

·  давлат ва жамоат вазифаларини бажараётган вақтда;

·  иш берувчи ва меҳнат жамоаси манфаатларига доир вазифаларни бажарганда;

·  жамият манфаатларига доир ҳаракатлар қилганда.

Ўзини иш билан мустақил таъминлайдиган фуқаролар тоифасига қуйидагилар киради:

·  тадбиркорлар;

·  фермерлар ва уларнинг ишлаб чиқаришда иштирок этаётган оила аъзолари;

·  дехқон хўжалигининг ишлаб чиқаришда қатнашаётган оила аъзолари;

·  кооперативларнинг аъзолари;

·  ёзувчилар, рассомлар ва бошқалар.

Иқтисодий жиҳатдан фаол бўлган аҳоли учун, шу жумладан,, ишсизлар учун иш билан таъминлаш мақомини белгилаб олиш муҳимдир. Одатда беш мақом бор.

1. Ёлланма ходимлар - булар корхона раҳбарияти билан меҳнат фаолияти шартлари тўғрисида тузилган ёзма контракт (шартнома) ёки оғзаки битим бўйича ишлайдиган шахслар бўлиб, улар ана шу фаолият учун ёлланиш вақтида келишиб олинган иш ҳақини оладилар.

2. Якка тартиб асосида ишлайдиганлар - мустақил равишда фаолият олиб борадиган, ўзларига даромад келтираётган иш билан шуғулланадиган, фақат қисқа муддатга ёлланма ходимлардан фойдаланадиган ёки фойдаланмайдиган шахслар.

3. Иш берувчилар - ўзининг ҳиссадорлик жамиятини, хўжалик ширкатини ва ҳоказони бошқарадиган ёки бунинг учун давлат томонидан вакил қилинган шахслар. Иш берувчи ўз функцияларини ёлланма бошқарувчига тўлиқ ёки қисман топшириб қўйиши, корхонанинг муваффақиятли ишлаши учун жавобгарликни ўзида олиб қолиши мумкин.

4. Оилавий корхоналарнинг ҳақ тўланмайдиган ходимлари - қариндошига тегишли бўлган оилавий корхонада ҳақ олмасдан ишлайдиган ходимлардир.

5. Иш билан таъминлаш мақоми бўйича таснифлашга тўғри келмайдиган шахслар - илгари ўзларига даромад келтирадиган меҳнат фаолияти билан шуғулланмайдиган кишилар. Уларга иш билан таъминлашнинг бирон-бир мақомига мос келмайдиган шахслар ҳам киритилади.

Иш билан бандлик муносабатлари, меҳнатга лаёқатли кишиларнинг қанчаси ва қай даражада ижтимоий фойдали меҳнатда қатнашишини кўрсатадиган ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичдир. Иш билан бандлик, аввало, ижтимоий муносабатлардир.

Иш билан бандлик - фуқароларнинг қонун ҳужжатларига зид келмайдиган ўз шахсий ва ижтимоий эҳтиёжларини қондириш билан боғлиқ, уларга иш ҳақи ёки меҳнат даромади келтириладиган фаолиятидир.

Иш билан таъминлашнинг қуйидаги  турлари мавжуд:

ž Тўлиқ иш билан таъминлаш - бу касбга оид меҳнат билан таъминланиш бўлиб, у шахсга даромад келтиради ва ўзи ҳамда оиласининг муносиб турмуш кечиришига шароит яратади.

ž Аҳолининг иш билан оқилона таъминланиши ишчи кучига талаб ва таклиф ўртасидаги бозор мувозанатига эришишни билдиради. Бундай ҳолда ишсизликнинг йўл қўйилиши мумкин (табиий) даражаси вужудга келади.

ž Эркин танланган иш билан таъминлаш шуни назарда тутадики, бунда ўзининг меҳнат қилишга бўлган қобилиятига (иш кучига) эгалик қилиш ҳуқуқи фақат унинг эгасига, яъни ходимнинг ўзига тегишли. Мазкур тамойил ҳар бир ходимнинг иш танлашида тўғри йўл тутишини, ҳар қандай маъмурий тарзда ишга жалб қилишни тақиқлашни кафолатлайди.

 

2. Аҳолини иш билан таъминлашни тартибга солиш

Ижтимоий сиёсатнинг таркибий қисми бўлган аҳолининг иши билан бандлиги сиёсати учта асосий мақсадга эришишни назарда тутади:

ž таркибий қайта қуришни рағбатлантириш асосида бўшаб қолган ходимларни қайта тақсимлаш жараёнини жадаллаштириш;

ž ишсизларни меҳнат ҳаётига жуда тезлик билан жалб қилиш;

ž иш қидираётганлардан ҳар бирини иш билан таъмин этиш.

Аҳолини иш билан таъминлашга давлатнинг таъсир кўрсатиш турлари:

ž пассив таъсир кўрсатиш - иш билан банд бўлмаган аҳолига ижтимоий ёрдам;

ž фаол таъсир кўрсатиш - меҳнат таклифини рағбатлантириш, меҳнатга бўлган талабни рағбатлантириш, талаб ва таклифни мувофиқлаштириш чора-тадбирлари (ахборот, маслаҳат хизмати кўрсатиш, касбий соҳада маслаҳатлар бериш, аҳолининг камроқ рақобатбардош гуруҳлари учун бандлик дастурларини ишлаб чиқиш ва ҳоказолар), минтақаларга ёрдам кўрсатиш чора-тадбирлари ва шу кабилар.

Давлат бандлик сиёсати доирасида меҳнат бозорини тартибга солишда бандлик жамғармаларининг аҳамиятини алоҳида таъкидлаб ўтиш керак. Бандлик жамғармаси харажатларини шартли равишда тўртта йўналиш бўйича қисмларга ажратиш мумкин:

1. Ишсизлик бўйича нафақага сарфланадиган маблағлар, ишсизларга моддий ёрдам кўрсатиш, узоқ муддатли пенсиялар тўлаш. Буларни пассив сиёсат деб аташ қабул қилинган.

2. Қайта тайёрлаш ва жамоат ишларига сарфланадиган маблағлар. Фаол сиёсатнинг мазкур шакли амалдаги қонунчиликдан келиб чиқади, яъни бандлик соҳадаги давлат хизмати учун мажбурий ҳисобланади.

3. Молиявий қўллаб-қувватлашга, қимматли қоғозлар сотиб олиш ва бошқа харажатларга мўлжалланган маблағлар. Айтиб ўтилган бу шаклларни бирлаштириб турадиган томон шуки, улар қонун билан кафолатланмаган. Шу билан бирга “молиявий қўллаб-қувватлаш” моддасига доир харажатларни меҳнат бозоридаги фаол сиёсат шаклларига киритиш қабул қилинган.

4. Бандлик хизматларини ривожлантириш учун мўлжалланган маблағлар (уларни таъминлаш, капитал маблағлар, реклама, “Бандлик” ахборот хизмати).

 

Аҳолининг иш билан бандлиги даражасини ошириш йўналишлари

Ишсизларга узоқ муддатли пенсиялар тайинланиши муносабати билан Пенсия жамғармаси харажатлари бандлик жамғармасидан қопланади. Аҳолининг Бандлик жамғармасига бадаллар тўлаши учун суғурта тарифи меҳнат  ҳақига тўлашга мўлжалланган маблағларнинг 1,5%ини ташкил этади. Бадаллик учун бадаллар тўлашдан ногиронларнинг жамоат ташкилотлари, ногиронлар ва пенсионерларнинг жамоат ташкилотлари, уларга тегишли бўлган корхоналар, шунингдек, диний бирлашмалар озод қилинади.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда меҳнат бозорини бошқаришда бир қатор йўналишлар мавжуд бўлиб, улар аҳоли бандлиги давлат хизматига тааллуқлидир.Бу хизматнинг асосий вазифаси меҳнат бозори ҳақидаги ахборотни тарқатиш ҳисобига меҳнат бозорининг фаолият кўрсатиш самарадорлигини оширишдан иборат.

 

3. Иш ҳақининг моҳияти,иш ҳақининг асосий вазифалари  ва тамойиллари

Бозор иқтисодиёти шароитида иш ҳақи ҳажмига бир қатор бозор ва бозордан ташқари омиллар таъсир кўрсатади. Бунинг натижасида меҳнатга ҳақ тўлашга муайян даражаси вужудга келади. Бу омилларни ва уларнинг иш ҳақига таъсир кўрсатиш хусусиятини кўриб чиқишдан олдин ходимнинг иш ҳақидаги элементларни аниқ белгилаб чиқиш, қандай элементлар бозор коньюктураси таъсирига кўпроқ ёки озроқ даражада дуч келишини аниқлаб олиш зарур.

            Иш ҳақи - бу ёлланма ходим даромадининг элементи, унга тегишли ишчи кучига бўлган мулкчилик ҳуқуқини иқтисодий жиҳатдан рўёбга чиқариш шаклидир.

            Меҳнатга ҳақ тўлаш – бу бу бажарилган ишнинг маълум миқдори ва сифати учун мукофотлашнинг шакли.

Иш ҳақининг моҳияти унинг ижтимоий ишлаб чиқариш босқичлари бўлган маҳсулот ишлаб чиқариш, уни тақсимлаш, айирбошлаш ва истеъмол қилишда бажарадиган функциялари (вазифалари)да намоён бўлади.

1. Такрор ишлаб чиқариш функцияси. У ходимларни, шунингдек уларнинг оила аъзоларини иш кучини такрор ишлаб чиқариш учун, авлодларни қайта кўпайтириш учун зарур бўладиган ҳаётий неъматлар билан таъминлашда иборат. Унда эҳтиёжларнинг ортиб боришидан иборат иқтисодий қонун ўз ифодасини топади. Мазкур функция иш ҳақининг давлат томонидан тартибга солиниши хусусиятлари, иш ҳақининг иш кучини такрор ишлаб чиқаришни таъмин этадиган миқдорини қонуний даражада белгилаш билан узвий боғлиқдир.

2. Рағбатлантириш функцияси. Унинг моҳияти ходимнинг иш ҳақи унинг қўшган меҳнат ҳиссасига, корхонанинг ишлаб чиқариш-хўжалик фаолияти натижаларига боғлиқлигини белгилашдан иборат бўлиб, бунда ходимни ўз меҳнати натижаларини доимий равишда яхшилаб боришга қизиқтириши лозим.

3. Ўлчов-тақсимлаш функцияси. Бу функция истеъмол фондларини ёлланма ходим билан ишлаб чиқариш воситалари эгаси ўртасида тақсимлаш вақтида жонли меҳнат ўлчовини акс эттириш учун мўлжалланган. Иш ҳақи воситасида ишлаб чиқариш жараёни ҳар бир иштирокчисининг меҳнат ҳиссасига мувофиқ унинг истеъмол фондидаги алоҳида улуши аниқланади.

4. Жойлаштириш функцияси. Мазкур функциянинг ҳозирги вақтдаги аҳамияти жиддий равишда ошиб бормоқда. Унинг моҳияти меҳнат ресурсларини минтақалар, иқтисодиёт тармоқлари ва корхоналар бўйича қулай равишда жойлаштиришдан иборатдир.

5. Аҳолининг тўловга қобил талабини шакллантириш функцияси. Бу функциянинг вазифаси тўловга қобилиятли талабни мувофиқлаштиришдир. Бундай талаб деганда харидорларнинг пул маблағлари билан таъминланган эҳтиёжларининг намоён бўлиш шакли тушунилади, шунингдек истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳам назарда тутилади. Тўловга қобилиятли талаб иккита асосий омил - жамиятнинг эҳтиёжлари ва даромадлари таъсирида шаклланиши сабабли, бозор шароитида иш ҳақи ёрдамида товарни таклиф қилиш билан талаб ўртасида зарур мутаносиблик ўрнатилади.

Юқорида айтиб ўтилган функцияларни амалга ошириш учун қуйидаги энг муҳим тамойилларга риоя қилиниши зарур:

1. Ишлаб чиқариш ва меҳнат самарадорлиги ортиб борган сари реал иш ҳақининг ортиб бориши. Бу тамойил эҳтиёжларнинг ортиши объектив иқтисодий қонуннинг амал қилиши билан боғлиқ бўлиб, мазкур қонунга мувофиқ эҳтиёжларнинг янада тўлароқ қондирилиши фақат ўз меҳнати учун кўпроқ миқдорда моддий неъматлар ва хизматларга эга бўлиш имкониятлари кенгайган шароитдагина реал бўлади. Бироқ бундай имконият ишлаб чиқариш фаолияти натижалари билан, меҳнат самарадорлиги билан боғланиши лозим. Бундай боғланишнинг йўқлиги эса, бир томондан, ишлаб топилмаган пулнинг берилишига, демак, инфляцияга, олинган номинал иш ҳақининг таъмин этилишига ва реал иш ҳақининг пасайишига олиб келиши мумкин, иккинчи томондан эса, пасайтирилган, меҳнат ҳиссасининг самарадорлигига мос келмайдиган номинал иш ҳақининг тўланишига олиб келиши мумкин. Натижада ходимларнинг ортиб бораётган эҳтиёжларини қондириш имконияти ва иш ҳақининг кўпайиш имконияти мавжуд бўлмайди.

2. Меҳнат унумдорлиги ўсишининг ўртача иш ҳақининг ўсиш суръатларидан илгариловчи суръатларини таъминлаш. Бу тамойилнинг моҳияти - ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва унинг самарадорлигини ошириш асосида меҳнат даромадларини максимал даражага етказишдан иборат. Бу тамойилга риоя қилиниши жамғариш жараёнининг, кенгайтирилган ишлаб чиқаришнинг узлуксизлигини тақозо этади ва корхонанинг ривожланиши ҳамда равнақ топишининг зарур шарти ҳисобланади.

3. Ходимнинг меҳнат ҳиссасига, меҳнат мазмуни ва шароитларига, корхона жойлашган минтақага, унинг қайси тармоққа мансублигига караб иш ҳақини табақалаштириш. Мазкур тамойил ходимнинг ўз меҳнат малакасидан, маҳсулотнинг юқори сифатли бўлишини таъминлашдан моддий манфаатдорлигини кучайтириш зарурлигига асосланган. Бунда иш кучини такрор ишлаб чиқариш учун зарур бўлган моддий неъматлар миқдоридаги, меҳнатнинг турли шароитларидаги, жўғрофий ва иқлим шароитларидаги тафовутлар ҳисобга олиниши лозим.

4. Тенг меҳнатга тенг иш ҳақи. Бозор шароитида бу тамойилни ишловчининг жинси, ёши, миллий мансублиги ва ҳоказоларга қараб унинг меҳнатига ҳақ тўлашда камситишга йўл қўймасликдир.

5. Меҳнат ҳақ тўлашни давлат томонидан тартибга солиш.

6. Меҳнат бозорининг таъсирини ҳисобга олиш. Меҳнат бозори - бу шундай бир соҳаки, у ерда пировард натижада меҳнатнинг ҳар хил турлари баҳо бериш таркиб топади. Ҳар бир ходимнинг меҳнатига тўланадиган иш ҳақи унинг меҳнат бозоридаги мавқеи билан мустаҳкам боғлиқ бўлиб, мазкур бозордаги вазият, бундан ташқари, бандлик имкониятини ҳам белгилаб беради.

7.Меҳнатга ҳақ тўлаш шакллари ва тизимларининг оддийлиги, мантиқийлиги ва қулайлиги меҳнатга ҳақ тўлаш тизимларининг моҳияти ҳақида кенг хабардор бўлишни таъминлайди. Ходимда иш ҳақи ҳақида тушунарли ва батафсил ахборот мавжуд бўлгандагина у жон-дили билан берилиб меҳнат қилади. Ходимлар қандай ҳолатда иш ҳақининг миқдори яъни ўз моддий фаровонликлари даражаси ошишини аниқ тасаввур қилишлари лозим.

 

 

4. Тариф тизими ва унинг асосий элементлари

Корхоналарда меҳнатга ҳақ тўлашни ташкил этишнинг асосий элементлари - меҳнатни нормалаш, тариф тизими, иш ҳақининг шакллари ва тизимларидир. Ҳар бир элемент қатъий белгиланган вазифасига эгадир.

Меҳнатни нормалаш - бу илмий асосланган меҳнат харажатларини ва унинг натижаларини: вақт нормалари, сони, хизмат кўрсатишнинг бошқарилиши, маҳсулот ишлаб чиқариш нормаланган топшириқлари нормаларини аниқлашдир. Булар бўлмаса, меҳнат миқдорини, ҳар бир ходимнинг умумий натижаларга қўшган алоҳида ҳиссасини ҳисобга олиб бўлмайди.

Иш ҳақининг шакллари ва тизимлари - бу меҳнатнинг миқдор натижалари ва сифатига (унинг мураккаблиги, интенсивлиги, шарт-шароитларига) боғлиқ равишда иш ҳақини белгилаш механизмидир.

Тариф тизими турли норматив материаллар мажмуидан иборат бўлиб, улар ёрдамида корхонадаги ходимларнинг иш ҳақи даражаси уларнинг малакасига, меҳнат шароитларига, корхоналар ўрнашган жўғрофий жойи ва бошқа тармоқ хусусиятларига қараб белгиланади. Тариф тизимининг асосий элементларига тариф сеткалари, тариф ставкалари, тариф-малака маълумотномалари, лавозим маошлари, хизматчилар лавозимларининг тариф маълумотномалари, тариф ставкаларига устама ва қўшимча ҳақлар, иш ҳақига доир минтақавий малака коэффициентлари киради.

Тариф сеткаси - разрядлар шкаласидан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бирига ўз тариф коэффициенти берилган ва ҳар қандай разряднинг тариф сеткасида ишнинг мураккаблигига қараб биринчи разрядга нисбатан ишнинг неча марта мураккаблигини кўрсатиб туради. Биринчи разряднинг тариф коэффициенти бирга тенгдир. Разрядлар миқдори ва уларга тегишли тариф коэффициентларининг миқдори корхонада тузиладиган жамоа шартномасида белгиланади. Жамоа шартномаси тариф битими асосида ишлаб чиқилади ва ходимлар аҳволининг шартнома шартларига нисбатан ёмонлашувини назарда тутмаслиги лозим.

Тариф ставкаси - иш вақти бирлиги ҳисобига меҳнатга ҳақ тўлашнинг пул билан ифодаланган мутлақ миқдоридир. Биринчи разряд тариф сеткаси ва тариф ставкаси асосида шундай кейинги ҳар бир разряднинг тариф ставкаси ҳисоблаб чиқилади. Биринчи разряднинг тариф ставкаси корхонанинг жамоа шартномаси билан белгиланади ва бир томондан, унинг молиявий имкониятларига, иккинчи томондан, тармоқ битимида акс эттирилган меҳнатга ҳақ тўлаш шартларига боғлиқ бўлади. Бунда у белгиланган энг кам иш ҳақи даражасидан кам бўлмаслиги лозим. Тариф ставкаси ишчилар меҳнатига ҳақ тўлаш даражасини белгилаш учун бошланғич миқдор ҳисобланади. Бунда корхонада меҳнатга ҳақ тўлашнинг қандай шакллари ва тизимлари қўлланилиши эътиборга олинмайди.

Разрядлар бўйича ҳақ тўлаш ставкаларини табақалаштириш Ягона Тариф Ставкасида ходимлар бажарадиган ишларнинг мураккаблиги ва уларнинг малакаси белгиси бўйича амалга оширилади. Иш ҳақида бошқа омилларни - нормал шароитлардан четга чиққан меҳнат шарт-шароитларини (меҳнатнинг умумтармоқ шарт-шароитлари бундан мустаснодир), меҳнатнинг оғирлиги, жиддийлиги, нормани оширувчи алоҳида меҳнат натижаларини, ходимларнинг ишчанлик ва шахсий хусусиятларини ва шу кабиларни ҳисобга олиш иш ҳақини ташкил этишнинг бошқа элементлари воситасида амалга оширилади. Уларга нисбатан меҳнат нормаси учун ҳақ тўлаш сифатидаги тариф ставкаси (маош) бутун иш ҳақини ташкил этишнинг асоси ҳисобланади.

Ягона тариф ставкасида қабул қилинган тариф коэффициентларининг разрядга қараб ортиб бориши хусусияти мавжуд бўлиб, бунда энг кўп ўсиш бошланғич разрядлар учун, энг кам ўсиш юқори разрядлар учун назарда тутилган. Бу кам малакали ходимларни, яъни малакали мутахассислар ва раҳбарларга нисбатан кам иш ҳақи оладиган ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш зарурати билан изоҳланади.

Ягона тариф ставкасида барча касблар ва ходимларнинг лавозимлари бажарилаётган ишлар (функциялар)нинг умумийлик белгиси билан гуруҳларга ажратилган. Ишчиларни таснифлаш учун сетканинг дастлабки саккизта разряди мўлжалланган. Бу ҳозирги вақтда амал қилаётган ишлар ва ишчи касбларининг ягона тариф-малака маълумотномаси бўйича тарифлаштириш шартларига мос келади. Айни вақтда муҳим ва масъулиятли ишларда ёки янада муҳимроқ ва масъулиятлироқ ишларда банд бўлган юқори малакали ишчиларга ҳақ тўлашнинг 12-18-разрядларидан келиб чиқиб маошлар белгиланиши мумкин. Қолган ходимлар-хизматчилар, мутахассислар, раҳбарларга 18-22-разрядлар бўйича тариф белгиланади.

Тармоқлар ягона тариф ставкасини ишлаб чиқишда тарификациялаш ва ишчилар ҳамда хизматчилар меҳнатига ҳақ тўлаш ягона шкаласининг тузилишига доир қуйидаги тамойилларга амал қилинади:

·  иқтисодиёт соҳаси ходимларининг барча тоифаларини ягона тариф шкаласи билан қамраб олиш;

·  ишчи касблари ва хизматчилар лавозимларини бажарилаётган вазифалар (функциялар) умумийлиги белгисига кўра гуруҳлаш;

·  ишчи касблари ва хизматчилар лавозимларини тарификация қилиш, яъни уларни бажариладиган ишлар ёки функцияларнинг мураккаблиги белгисига қараб меҳнатга ҳақ тўлаш разрядларига киритиш;

·  разряд тариф ставкасини оддий меҳнат билан шуғулланадиган ходимларнинг энг кам иш ҳақи миқдори даражасига мувофиқ келадиган қилиб ва тариф коэффициентларининг разряддан разрядга бир хилда нисбий ортиб бориши тартибида белгилаш.

Ягона тариф ставкасининг устунлиги шундан иборатки, у ходимларнинг барча касб-малака гуруҳлари бўйича тариф ставкалари ва маошлари нисбатини белгилашда меҳнат тафовутларига баҳо беришга ягона ёндашувни таъминлайди. Умумий тармоқлараро ягона тариф ставкаси тармоқ ягона сеткаларини ва корхонанинг ягона тариф сеткаларини ишлаб чиқиш учун андоза ҳисобланади, уларда ходимларнинг турли тоифалари меҳнатига ҳақ тўлашнинг тармоқлараро ягона шартлари тармоқ шарт-шароитларига ва муайян корхоналарнинг шарт-шароитларига, ходимларнинг касб-малака таркибига мос келтирилиши лозим.

 

5-МАЪРУЗА: АКТ СОҲАСИ КОРХОНАЛАРИ МАҲСУЛОТ ВА ХИЗМАТЛАРИНИНГ  ТАННАРХИ МОҲИЯТИ, УНИ КАЛЬКУЛЯЦИЯ ҚИЛИШ УСЛУБИ

 РЕЖА:

1.  Маҳсулот ва хизматлар таннархи, унинг тузилиши.

2. Таннарх калькуляцияси ва эксплуатация харажатлари.

3. Таннархни камайтиришнинг аҳамияти.

 

1.      Маҳсулот ва хизматлар таннархи, унинг тузилиши

Маҳсулот ва хизматлар таннархи - бу корхона фаолиятини умумлаштирувчи кўрсаткичлардан бири ҳисобланади ва бир бирлик маҳсулот ва хизматлар ишлаб чиқариш учун сарфланган ишлаб чиқариш харажатларини характерлайди. Таннарх ишлаб чиқариш воситалари истеъмол харажатларини меҳнатга ҳақ тўлаш ҳамда ишлаб чиқариш ва сотишнинг бошқа омилларининг пул шаклидаги қийматининг бир қисмини акс эттиради. Таннарх корхонанинг технологиясини ва техник жиҳозланганлигини, ресурсларни ишлатишини, меҳнат унумдорлигидаги даражасини акс эттиради.

            Алоқа корхонаси истеъмолчиларга хизматлар кўрсатиши учун аниқ бир иш ҳажмини бажариши лозим, буни эса, ўз навбатида, зарурий харажатларсиз амалга ошириш мумкин эмас. Бу харажатлар жорий ёки эксплуатацион харажатлар деб аталади. Бундан ташқари, реализация қилинган маҳсулот таннархи ҳам шу маънони беради. Корхона амалга оширадиган ҳаражатларнинг баъзилари таннарх таркибига киритилмайди, чунки мавжуд қонунлар бўйича улар бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилиши лозим.

            Бундан ташқари, корхона иш амалиётида жорий ҳаражатлар ҳам учрайди, уларни таннарх таркибига қўшиб бўлмайди. Масалан, келгуси давр ҳаражатлари, олдиндан ижара бадалларини тўлаш ёки материал заҳираларини сотиб олиш ва бошқа ҳаражатлар. Бундай ҳаражатлар таннархга ишлатиш даражаси бўйича ёки аниқ харакат қилиш муддати мобайнида киритилиши лозим. Шундай қилиб, кўрсатилган хизматлар таннархи аниқ вақт интервалида ҳаражатлардан кам бўлиши мумкин.

                 Ҳозирги вақтда бутун бир соҳа бўйича ва алоҳида корхоналар бўйича 100 сўм даромад таннархи ҳисобланади. Бу кўрсаткичнинг иқтисодий мазмуни-100 сўм даромад олиш учун қанча жорий ҳаражатлар кераклигини аниқлашдир:

 


 

                       

Бу ерда:

 ТН - 100 сўм даромад таннарxи;

  Э-эксплуатацион харажатлар (кўрсатилаётган хизматлар таннархи);

  Дaф- асосий фаолиятдан даромад.

            Бирлик иш ҳажмининг таннархи  ушбу хусусиятларни аниқлаш ва таннархни камайтириш заҳираларини топиш имконини беради. Бирлик иш ҳажмининг таннарх тузилмасининг асосий хусуcияти бўлиб, жонли ва ашёвий меҳнат харажатларининг нисбати хизмат қилади. Бу нисбат меҳнатнинг ёки фонднинг қай даражада зарур эканлигини кўрсатади. Меҳнатни кўп талаб этадиган соҳаларда таннарх таркибида меҳнатга ҳақ тўлаш асосий улушни эгаллайди, фондни кўп талаб этадиганларда эса амортизация чегирмаси нисбатан юқори бўлади. таннархни камайтириш корхона иқтисодиёти зарурий омилларидан бири ҳисобланади. 

 

2.      Таннарх калькуляцияси ва эксплуатация харажатлари

            Калькулация – бу бирлик иш ҳажмининг таннархини барча элементлар ва ҳаражат қисмлари бўйича ҳисоблашдир.

            Калькулация бутун корхона бўйича, алоҳида цехлар бўйича ва ишлаб чиқариш участкалари бўйича алоҳида ишлар таннархини характерлайди  ва ишлар сифатини баҳолаш, заҳираларни аниқлаш ва ишлаб чиқариш алоҳида участкаларида таннархни камайтириш йўллари бўйича зарурий восита ҳисобланади. Бирлик иш ҳажми таннархини калькуляциялаш учун алоҳида элементлар ва харажат қисмлари бўйича даромад ва эксплуатация харажатларини аниқлаш лозим.

            Ўзининг тузилиши кўра ҳамда мақсади ва даврига боғлиқ ҳолда ҳисобот ва режа калькуляцияси мавжуд.

            Режа калькуляцияси режа даврида таннархни камайтириш бўйича вазифани ҳисоблаш учун тузилади.

            Ҳисобот калькуляцияси эса маҳсулот таннархини камайтириш бўйича берилган режанинг бажарилиши текширади ва шу билан бирга келгуси йил учун таннархни камайтириш бўйича режа учун бошланғич маълумот бўлади.

Алоқа корхоналарида эксплуатация ҳаражатлари қуйидаги таркибга эга;

1. Меҳнатга ҳақ тўлаш харажатлари;

2. Давлат ижтимоий суғуртасига ажратмалар (нафақа, ижтимоий суғурта, бандлик фондларига);

3. Тўлиқ қайта тиклаш учун амортизация чегирмалари;

4. Материал заҳиралари (материаллар, ёқилғи, эҳтиёт қисмлари ва б.қ);

5. Ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун электр энергияси;

6. Алоқа корхоналари билан шартнома бўйича ҳисоб–китоблар;

7. Транспорт ҳаражатлари;

8. Маркалаштирилган маҳсулот сотиб олиш учун харажатлар;

9. Бошқа харажатлар:

 - банкларнинг қисқа муддатли ссудаларига % (фиоз) тўлаш ва банк хизматларига тўловлар;

  - реклама, вакиллик харажатлари;

  - маркетинг тадқиқотлари учун харажатлар;

  - ижара харажатлари;

  - ремонт фонди (таъмирлаш);

  - баъзи солиқ турлари (транспорт, ер, йўл  фондига ажратмалар);

  - номоддий активларнинг эскириши.

10. Умумхўжалик ва маъмурий-бошқарув харажатлари.

 Алоқа корхоналари эксплуатация ҳаражатларининг таркиби соҳанинг спецификасига боғлиқ ҳолда ўзгариши мумкин.

 

3.      Таннархни камайтиришнинг аҳамияти

            Алоқа корхоналари хизматлари таннархи систематик тарзда камайиб боради, бироқ уларнинг ҳар бири ишлатилмаган заҳирага эга бўлади.

            Заҳиралар аниқ математик ҳисоблар ёки иқтисодий таҳлил натижасида аниқланган ишлаб чиқариш харажатларини маълум миқдорда тежаш  имкониятидир. Алоқа корхоналарида хизматлар таннархини камайтиришнинг асосий заҳиралари меҳнат унумдорлигини ошириш ишлаб чиқариш фондларни ишлатишни яхшилаш, электр энергияни тежаш, ишлар ҳажмини ошириш ҳисобланади.

            Таннархни камайтиришга таъсир этувчи омиллар уч гуруҳга ажратилади:

            1. Халқ хўжалигидаги омиллар. Корхонага боғлиқ бўлмайди; уларга материаллар ва энергия улгуржи баҳони таъриф ставкасининг, лавозим окладини ижтимоий суғуртага чегирмаларнинг, амортизация нормаси ва бошқаларнинг ўзгариши.

            2. Соҳавий омиллар. Бу алоқа соҳасига бевосита боғлиқ бўлган омиллар ҳисобланади. Мамлакатда алоқа воситаларини рационал жойлаштириш, алоқанинг иқтисодий тизимини яратиш, янги техника ва технологияларни киритиш ва бошқалар соҳавий омилларга мисол бўлади.

            3. Ишлаб чиқаришдаги омиллар. Бу омиллар бевосита корхона фаолиятига боғлиқдир. Уларга қуйидагилар киради: янги техника ва технологияларни киритиш, ишлаб чиқариш жараёнларини механизациялаштириш ва автоматлаштириш, меҳнат унумдорлигини ошириш, ишлаб чиқариш фондларини ишлатишни яхшилаш ва бошқалар.

            Меҳнат унумдорлигини ошириш-халқ хўжалигининг меҳнат кўп талаб этадиган соҳаси ҳисобланган алоқа соҳасида бирлик иш ҳажми таннархини камайтиришнинг ҳал қилувчи шарти ҳисобланади.

Меҳнат унумдорлигини ошириш, яъни бирлик иш ҳажмига бўлган жонли меҳнат харажатларини камайтириш бирлик иш ҳажми таннархининг камайишига олиб келади. Таннархнинг умумий ўзгариши ҳамда бирлик иш ҳажмини бажаришга сарфланаётган жонли ва ашёвийлаштирилган меҳнат нисбатининг сезиларли ўзгариши меҳнат унумдорлиги ошишига боғлиқ бўлади.

            Меҳнат унумдорлигини ошириш ҳисобига таннархни камайтириш фақат меҳнат унумдорлигининг  ўсиши даражаси ўртача иш ҳақининг ўсиш даражасидан юқори бўлганда амалга ошириш мумкин.

Меҳнат унумдорлиги ўсишининг бирлик иш ҳажми таннархини камайтиришга таъсири қуйидагича аниқланади:

 

                       

бу ерда:

 ΔJт.м.ҳ.-меҳнат ҳақ тўлаш қисми бўйича меҳнат унумдорлигининг ўсиши натижасида бирлик иш ҳажми таннархини камайтириш фоизи;

 Jи.х. -ўртача иш ҳақи индекси;

 Jм.у. - меҳнат унумдорлиги индекси;

 dм.ҳ.  - меҳнат унумдорлигида базис йилдаги бирлик иш ҳажми таннархидаги меҳнатга ҳақ тўлашнинг соф улуши.

            Меҳнат унумдорлигинг ошириш билан бир қаторга маҳсулот таннархини камайтиришнинг зарурий манбаи алоқанинг асосий фондларини ишлатишни яхшилаш ҳисобланади. Асосий фондларни ишлатиш орқали таннархга таъсир этиш асосан амортизация чегирмалари томонидан амалга оширилади.

  Алоқа корхонасининг асосий вазифаси ҳар қандай омиллар ҳисобига таннархни доимо камайтириш заҳираларини топишдир. Чунки бу унинг ишлари самарадорлигининг ошишига олиб келади.

 Меҳнат унумдорлигинг ошириш билан бир қаторга маҳсулот таннархини камайтиришнинг зарурий манбаи алоқанинг асосий фондларини ишлатишни яхшилаш ҳисобланади. Асосий фондларни ишлатиш орқали таннархга таъсир этиш асосан амортизация чегирмалари томонидан амалга оширилади. Асосий фондлар ишлаб чиқариш фондларини ишлатишни яхшилаш орқали бир бирлик иш ҳажми таннархини камайтиришга таъсири қуйидагича ҳисобланади;

                              

                             

Бу ерда;

ΔJа-амортизация чегирмаларининг индекси;

Jафд-даромад индекси;

Iа- базис даврида бирлик иш ҳажми таннархида амортизация чегирмаларининг соф улуши, %.

        Маҳсулот таннархини камайтиришнинг яна бир манбаи бу электр энергиясига, материаларга, эҳтиёж қисмларга бўлган харажатларни камайтириш ҳисобланади, ва бу ҳар бир харажат элементининг таъсир даражаси орқали аниқланади;

                                 

Бу ерда;

            ΔJэi-i кўринишидаги харажат элементининг индекси;

             i кўринишдаги харажат элементларининг умумий эксплуатацион харажатлардаги соф улуши, %;

            Бирлик иш ҳажми таннархини камайтиришга ишлар ҳажмини ошириш катта таъсир кўрсатади.

Иш ҳажмининг ошиши билан бирлик иш ҳажмига бўлган шартлидоимий харажатлар камаяди. Бу харажатлар кўплаб алоқа корхоналарида эксплуатациа харажатларини қарийб ярмидан кўп қисмини ташкил этади.

Ишлар ҳажмининг ўзгаришини таннархни камайтиришга бўлган таъсир даражасини қуйидагича аниқлаш мумкин;

 

                            

Бу ерда:

          маҳсулот таннархини камайтириш даражаси, (%);

           мос ҳолда шартли–доимий ва ўзгарувчан харажатларнинг соф улуши.

Алоқа корхонасининг асосий вазифаси ҳар қандай омиллар ҳисобига таннархни доимо камайтириш заҳираларини топишдир. Чунки бу алоқа ишлари самарадорлигининг ошишига олиб келади.

            Маҳсулот таннархини камайтиришнинг яна бир манбаи бу электр энергиясига, материаларга, эҳтиёж қисмларга бўлган харажатларни камайтириш ҳисобланади,

 

6-МАЬРУЗА: АЛОҚА СОҲАСИ ХИЗМАТЛАРИНИНГ ТАЪРИФЛАР ҲАРАКТЕРИСТИКАСИ ВА ТУРКУМЛАНИШИ

РЕЖА:

1.АКТ соҳаси корхоналари хизматлари  тарифларининг моҳияти ва классификацияси.

2. АКТ соҳасида нарх белгилаш стратегияси.

3. АКТ соҳаси корхоналари хизматларининг тарифларини давлат томонидан тартибга солиш механизми ва уни такомиллаштириш йўллари.

 

1.АКТ соҳаси корхоналари хизматлари  тарифларининг моҳияти ва классификацияси

            АКТ соҳаси  хизматлари тарифибу абонентлар ва фойдаланувчиларнинг шахсий истеъмоли учун тақдим этиладиган пуллик хизматларнинг нархлар тизимидир.      

            Нарх белгилаш тизими  умумий бозор  тамойилларига  асосланиб, хизматлар  кўрсатиш ва истеъмоли жараёнини, телекоммуникация  бозори  динамикаси ва ҳолатини  ҳисобга олади, шунингдек, нарх сиёсати механизмини шакллантиришда  муҳим ўринни  эгаллайди.

            Алоқа хизматларига тарифлар умумий, имтиёзли ва қўшимча хизмат турлари кўринишида бўлади.   

            Умумий тарифлар асосий ва кенг тарқалган тарифлар ҳисобланади, ҳамда алоқанинг барча пулли хизматларида ишлатилади.   

            Имтиёзли тарифлар истеъмолчиларнинг алоҳида хизмат турларидан фойдаланишлари учун ва нотекис юкламани текислаш мақсадида қўлланилади. Бу тарифлар асосан ижтимоий мақсадларга қаратилган бўлади.

            Қўшимча хизмат турларига тарифлар бевосита корхоналарда умумий тариф номенклатурасига кирмаган хизмат турларига ўрнатилади.

            АКТ соҳаси корхоналари хизматлари  тарифлари қуйидагича классификацияланади:

            1. Истеъмолчилик хусусияти бўйича:

            - асосий хизматлар тарифи;

            - қўшимча хизматлар тарифи.

            2. Давлат таъсири даражаси бўйича:

            - давлат томонидан тартибга солинадиган тарифлар;

            - эркин тарифлар.

3. Хизматлар тўлови миқдори бўйича:

 - умумий (оддий) тарифлар;

 - тезкор тарифлар;

 - имтиёзли тарифлар;

 - бепул тарифлар.

4. Хизматлар қўлланиш соҳаси

 бўйича:

- аҳолига кўрсатиладиган хизматлар тарифи;

- корхоналарга кўрсатиладиган хизматлар тарифи.

 

2. АКТ соҳасида нарх белгилаш стратегияси

            АКТ соҳасида нарх сиёсатини шакллантиришнинг асосий мақсади - анъанавий ва янги хизматларни ишлаб чиқаришни минимал ҳаражатлари асосида умумий ва шахсий эҳтиёжларни максимал қондиришдир.

            Бу мақсадга эришишда ҳар бир корхона ўз нарх белгилаш    стратегиясини ишлаб чиқишига зарурат туғилади.

Корхона нарх белгилаш стратегиясини танлашдан аввал қуйидаги мақсадларни ўз олдига қўяди:

1. Фойдани максималлаштириш.

2. Бозорга чиқиш ёки бозордаги ўрнини мустаҳкамлаш.

            Бу мақсадларни амалга ошириш учун қуйидаги вазифаларни ўз олдига қўяди:

1. Хизматларга бўлган талабни шакллантириш ва рағбатлантириш.

2. Қисқа муддатда инвестицияларни қайтариш.

3. Рақобатда устунликка эришиш.

4. Янада даромадли бозор сегментларини эгаллаш.

Нарх белгилаш стратегияси ва методини танлашда эътиборга олинадиган омиллар:

1. Хизматларнинг ҳаётий цикли.

2. Бозордаги рақобат даражаси.

3. Хизматларни истеъмолчилик хусусияти  тавсифи.

4. Хизматларни жорий қилиш ва ривожлантириш ҳаражатлари ҳажми.

5. Аниқ истеъмолчилик сегментларини аниқлаш.

6. Хизматлар кўрсатиш технологияларининг ўзига хослиги ва бошқа омиллар.

Нарх белгилашда қуйидаги стратегиялардан фойдаланиш мумкин:

Янги хизматлар стратегияси.

Нархларни пасайтириш стратегияси.

Дифференциацияланган (табақалаштирилган)  нарх белгилаш сиёсати.

Ассортиментланган нарх белгилаш сиёсати.

Психологик нарх белгилаш сиёсати.

 

3. АКТ соҳаси корхоналари     хизматларининг тарифларини      давлат томонидан тартибга солиш механизми ва уни такомиллаштириш йўллари

Нарх белгилашни давлат томонидан тартибга солиш – бу мураккаб тизимли жараён бўлиб, нарх  динамикаси ва миқдори назоратини, даромад ва ресурсларнинг самарали тақсимоти учун инвестицияларни молиялаштириш ҳажмини, талаб ва таклиф, ишлаб чиқариш ва истеъмол, истеъмол ва жамғарма  мутаносиблигини сақлаб туришни ўз ичига олади.

Корхона   хизматлари тарифларини      давлат томонидан тартибга солишнинг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

1. Алоқа хизматларига тарифларнинг асоссиз ошишидан истеъмолчиларнинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш.

2. Алоқа хизматлари бозорида рақобатчилик муҳитини ривожлантириш.

3. Алоқа хизматлари таннархини пасайишини таъминловчи иқтисодий  рағбатларни яратиш.

4. Алоқа корхоналари самарадорлигини ошириш мақсадида алоқа тармоқлари ва воситаларини модернизациялаш, ҳамда алоқа хизматлари бозорини кенгайтириш ва такомиллаштириш.

5. Алоқа тармоқларини ривожлантириш мақсадида инвестицияларни жалб қилиш учун шароит яратиш.

АКТ соҳаси корхоналари     хизматларининг тарифларини  давлат томонидан тартибга солиш механизмини такомиллаштириш йўллари қуйидагилар ҳисобланади:

   потенциал истеъмолчилар тўлов қобилиятининг ўсиши   ва талабларини қондириш даражасини оширишни таъминлаш;

   юқори рақобатли бозорларда ўз хизматларини таклиф этувчи корхоналарни давлат назоратидан чиқариш;

    истеъмолчилик  сегментларида тарифлар даражасини аниқлашда алоқа корхоналарини имкониятларини кенгайтириш;

   алоқа хизматлари нархлари назоратининг самарали методларини  ўрнатиш.

Юқорида келтирилганларни амалга ошириш    иқтисодий ривожланган мамлакатлар амалиётида қўлланиладиган тарифларни давлат томонидан тартибга солиш тамойилларига ўтишга ва ҳалол рақобатни ривожланишига, самарадорлик ва алоқа корхоналарининг инвестицион жозибадорлигини оширишга имкон яратади.

 

7-МАЪРУЗА: АКТ СОҲАСИНИНГ КОРХОНАЛАРИНИНГ МОЛИЯВИЙ НАТИЖАЛАРИ

РЕЖА:

1. Алоқа даромадлари ва уларни аниқлаш усуллари.

2. Алоқа корхоналарида фойдани шакллантириш ва ишлатиш.

3. Корхона фойдасини тақсимлаш тамойиллари.

 

1. Алоқа даромадлари ва уларни аниқлаш усуллари

Кўрсатилган  хизматлар ҳажми ва харакатдаги тарифлар кўпайтмаси алоқа корхоналарининг асосий фаолиятдан даромад деб аталади. Алоқа соҳасидаги асосий фаолиятидан даромад умумий ҳолда сотилган алоқа хизматларининг  пул шаклидаги қийматини ўзида акс эттиради.

Асосий фаолиятдан даромад алоқа тармоғининг йўналишлари бўйича, ҳар қайси йўналиш бўйича эса даромад манбаи бўйича ўрганилади.

Шаҳарлараро телефон ва телеграф каналларини, телевизион ва товушли эшиттириш каналларини ишлатиш учун тўланадиган ижара тўловлари кўринишида олинадиган даромадлар уларни харакат вақтини ҳисобга олган ҳолда канал узунлиги ва ўрнатилган тарифларга боғлиқ бўлади. Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидения воситаларининг ишлаши учун соатбай тўловлар кўринишидаги даромадлар радио узатувчи ва қабул қилувчи қурилмаларнинг ишлаш соати ва узатгичнинг қувватига ҳамда бир соат иш учун белгиланган тарифга боғлиқ ҳолда режалаштирилади.

Даромадларнинг бир қисми вақтбай тўлов кўринишида шаклланади, бу шаҳарлараро ва маҳаллий сўзлашувлар учун тааллуқлидир. Бир марталик алоқа хизмати кўрсатишдан олинадиган даромад (хат, посилка, бандероль, телеграмма жўнатиш), уларнинг миқдори ва ўрнатилган тарифларга боғлиқ бўлади. Асосий фаолиятдан даромадни режалаштиришда ўртача даромад таксаси ҳам ишлатилади.

Ўртача даромад таксаси бир умумлаштирилган пулли хизматни кўрсатишдан тушадиган ўртача даромадни характерлайди. Масалан, шаҳарлараро телефон сўзлашувлари учун тариф бутун сўзлашув учун эмас, балки бир минут мобайнидаги сўзлашув учун ўрнатилади. Бу ҳолда тарифлар тариф зоналари бўйича тақсимланади.

Ўртача даромад таксаси барқарор бўлмайди ва уни режалаштиришда бир неча йил ва жорий йилнинг чораклари мобайнида даромад таксасининг ўзгариши ҳолда унинг ўзгаришига таъсир этувчи омиллар ҳисобга олинади (мижозлар таркиби, алмашув тузилмаси, талабнинг тўлов лаёқати ва бошқалар). Ўртача даромад таксасини ҳисобга олган ҳолда бир марталик алоқа хизматини кўрсатишдан олинадиган даромадлар режалаштирилади ва миқдори аниқланади. Амалиётда ўртача даромад таксаси ўзлик даромадларининг алмашувлар сонига нисбатан аниқланади.

 

2. Алоқа корхоналарида фойдани шакллантириш ва ишлатиш

Корхонанинг пул даромадларидан сарфланган барча харажатлар чиқариб ташлангандан кейин қолган қисми фойда деб юритилади. Фойда муҳим иқтисодий категория (тоифа) бўлиб, ҳар корхонанинг асосий мақсади ҳисобланади. Иқтисодий категория сифатида фойда-моддий ишлаб чиқариш соҳасида яратилган соф даромадни акс эттиради.

Фойданинг асосий қисмига корхоналар ишлаб чиқарилаётган маҳсулотни сотиш орқали эга бўладилар. Замонавий хўжалик юритиш шароитларида фойданинг асосий вазифаси корхона фаолияти самарадорлигини акс эттиришда деб белгиланади. Бунга фойда миқдори, корхонанинг маҳсулот ишлаб чиқариш ва сотиш билан боғлиқ бўлган маҳсулот таннархи шаклидаги индивидуал харажатлар, маҳсулот баҳоси шаклидаги ижтимоий зарурий харажатларни ўз ичига олиши лозимлигини сабаб қилиб кўрсатиш мумкин.

Алоқа корхонасида хизматлар реализациясидан фойда асосий фаолиятдан даромад ва эксплуатацион харажатлар орасидаги фарқ орқали топилади.

Корхона ўзининг ишлаб чиқариш хўжалик фаолиятида оладиган умумий фойдасининг йиғиндиси ўз ичига хизматлар реализациясидан фойда, реализациядан ташқари операциялардан фойда, корхона балансида бўлган бошқа ишлаб чиқариш фаолиятидан фойда  олади ва ҳисобот давридаги фойда деб аталади.

Корхонани бошқаришнинг ва молиявий менежментнинг зарурий вазифаси фойдани самарали тақсимлаш ҳисобланади. Фойда олган корхона ушбу фойданинг бир қисмини давлат бюджетига солиқ кўринишида тўлаши лозим. Фойдадан солиқ олиш бўйича имтиёзларнинг бир қанча шакллари мавжуд. Масалан, солиққа тортилиши лозим бўлган фойдалар капитал қўйилмаларга йўналтирилган маблағлар, корхона балансида ижтимоий соҳани қўллаб қувватлаш харажатлари, хайрия мақсадлари учун бадаллар ва бошқалар суммасига камаяди.

Бюджетга тўловлардан кейин қоладиган фойда корхонанинг соф фойдаси дейилади. Соф фойда турли мақсадлар учун йўналтирилиши мумкин. Масалан, корхонани ривожлантириш ва кенгайтиришга мўлжалланган жамғариш фонди. Бундан ташқари, фойдани турли мақсадлар учун ҳам бевосита ишлатиш мумкин, яъни фондларни шакллантирмасдан. Бу ҳолда истеъмол мақсадида сарфланган ва корхона ихтиёрида қолган соф фойданинг бир қисми тақсимланмайдиган фойда дейилади. Тақсимланмайдиган фойда корхонанинг ўзлик маблағлари манбаи ҳисобланади.

 

3. Корхона фойдасини тақсимлаш тамойиллари

Корхонанинг баланси фойдани тақсимлаш объектидир.

Фойдани тақсимлаш деганда унинг бир қисмини бюджетга жўнатиш тушунилади.

Қонунчиликка асосан фойданинг солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар шаклида бюджетга келиб тушувчи қисми тартибга солинади. Корхона ихтиёрида қолувчи даромад қисми, ундан фойдаланиш йўналишлари корхона зиммасида бўлади.

Фойдани тақсимлаш тамойиллари қуйидагилардан иборат бўлади:

- корхонанинг ишлаб чиқариш ва молиявий фаолият натижасида оладиган фойдаси давлат ва корхона ўртасида хўжалик субъекти сифатида тақсимланади;

-  фойданинг давлатга тўланувчи бир қисми солиқ ва йиғимлар кўринишида бюджетга келиб тушади. Солиқлар таркиби ва фоизи, уларни ҳисоблаш тартиби ва бюджетга тўланувчи бошқа тўловлар қонунчилик томонидан белгиланади;

- солиқлар тўлангандансўнг корхона тасарруфида қолувчи фойда миқдори, унинг ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда ишлаб чиқариш ва молиявий натижаларини яхшилашдан манфаат дорлигини камайтирмаслиги лозим.

Маҳсулотни сотишдан олинадиган фойда миқдори ички ва ташқи омилларга боғлиқ бўлади.

 Ички омиллар-корхонада замонавий техника ва технологияларни жорий қилиш, хўжалик юритиш даражаси, раҳбарият ва менежментининг масъулияти, маҳсулотнинг рақобатбардошлиги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этиш даражасидир.

Корхона фаолиятига боғлиқ бўлмаган ташқи омиллар қаторига эса, бозор конъюнктураси, истеъмол қилинувчи моддий-техник ресурсларнинг баҳоси, амортизация меъёри, солиқ тизими кабилар киради.

Корхонада фойдани оширишнинг асосий йўллари. Ҳар бир корхонада фойдани ошириш бўйича режали чора-тадбирлар кўзда тутилиши керак. Умуман олганда, бундай чора-тадбирлар қуйидагилардан иборат бўлиши мумкин:

      ишлаб чиқарилаётган хизматлар миқдорини ошириш;

      ишлаб чиқарилаётган хизматлар сифатини ошириш;

      ортиқча асбоб-ускуналар ёки бошқа мулкни сотиб юбориш ёки ижарага бериш;

      моддий ресурслар, ишлаб чиқариш қувватлари ва майдонлари, ишчи кучи ва иш вақтидан унумлироқ фойдаланиш ҳисобига маҳсулот таннархини пасайтириш;

      маҳсулот бозорини кенгайтириш ва ҳоказолар.

Фойда корхона фаолиятининг муҳим иқтисодий кўрсаткичи бўлсада, унинг самарадорлигини тўла тавсифлаб бермайди. Корхона фаолияти самарадорлигини аниқлаш учун натижаларни (фойдани) харажатлар ёки бу натижаларга эришиш учун сарфланган ресурслар билан солиштириш лозим.

Корхона фойдасининг мутлоқ миқдори яъни йил давомида олинган фойда ҳажми унинг массасини ташкил қилади. Фойда массасининг ишлаб чиқариш харажатларига нисбати ва унинг фоизда ифодаланиши фойда нормаси дейилади.

 

8-МАЪРУЗА: АКТ СОҲАСИ КОРХОНАЛАРИНИНГ САМАРАДОРЛИГИНИ КОМПЛЕКС АНИҚЛАШ КЎРСАТКИЧЛАРИНИНГ ТИЗИМИ

РЕЖА:

1. Харажатлар тушунчаси ва классификацияси.

2. Рентабелликнинг моҳияти ва кўрсаткичлари.

 

1. Харажатлар тушунчаси ва классификацияси

Корхоналар фаолият юритиш жараёнида моддий ва пул харажатларини сарфлайдилар. Корхонанинг умумий харажатлари ичида ишлаб чиқариш харажатлари энг катта салмоққа эга. Ишлаб чиқариш харажатлари мажмуаси корхонага маҳсулот ишлаб чиқариш қанчага тушишини кўрсатади, яъни маҳсулотнинг ишлаб чиқариш таннархини ташкил қилади.

Корхоналар, шунингдек, маҳсулотни сотиш бўйича харажатларни, яъни ишлаб чиқаришдан ташқари ёки тижорат (ташиш, қадоқлаш, сақлаш, реклама қилиш ва ҳоказо) харажатларини  ҳам амалга оширадилар

Хизматлар таннархини ташкил қилувчи харажатлар иқтисодий мазмунига кўра, қуйидаги элементларга асосан гуруҳларга тақсимланади:

·      моддий харажатлар;

·      асосий фондлар амортизацияси;

·      меҳнатга ҳақ тўлаш билан боғлиқ бўлган харажатлар;

·      ижтимоий эҳтиёжларга мўлжалланган харажатлар;

·      бошқа харажатлар.

Моддий харажатлар ишлаб чиқариш харажатларининг энг катта қисми бўлиб, умумий харажатларнинг 60 - 80 фоизини ташкил қилиши мумкин. Моддий харажатлар ўз ичига қуйидагиларни қамраб олади:

·      хом ашё ва материаллар харажатлари;

·      технологик мақсадлар ва хўжалик эҳтиёжлари учун сарфланувчи ёқилғи ва энергия;

·      харид қилинувчи бутловчи қисмлар ва ярим тайёр маҳсулотлар;

·      сотиб олинган қадоқлаш ва ўров материаллари харажатлари;

·       машина ва асбоб-ускуналарни таъмирлаш учун эҳтиёт қисмлар;

·      бошқа корхона ва ташкилотлар томонидан кўрсатиладиган ишлаб чиқариш хизматлари;

·      хизмат даври бир йилгача бўлган кичик қийматли ва тез эскирувчи предметларнинг эскириши ёки ҳар бир инструмент, инвентарь, лаборотория ускуналари ва махсус кийим-бош учун энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баравар миқдоригача қиймати;

·      табиий хом ашёдан фойдаланиш билан боғлиқ солиқ, йиғим ва бошқа тўловлар;

·      ишлаб чиқаришда бекор туриб қолиш ва сифатсизлик (брак) туфайли юзага келадиган йўқотишлар;

·      табиий йўқотишлар билан боғлиқ бўлган ёки айбдор шахслар мавжуд бўлмаган ҳолда юзага келадиган йўқотишлар.

Амортизация ажратмалари миқдорига тенг бўлган асосий ишлаб чиқариш фондларининг эскириши харажатларнинг йирик элементларидан бири ҳисобланади. Булар қаторига асосий фондларнинг тезлашган  амортизацияси ва унинг индексациясини киритиш мумкин.

Меҳнатга ҳақ тўлаш билан боғлиқ бўлган харажатлар-корхонанинг асосий ишлаб чиқариш персонали меҳнатига ҳақ тўлашга сарфланадиган харажатлар бўлиб, ишлаб чиқаришдаги юқори натижалар учун мукофотлар, рағбатлантирувчи ва компенсация тўловлари, жумладан, қонунчиликда белгиланган нормативлар чегарасида нархларнинг ўсиши ва индексация учун тўловлар, шунингдек, корхона ходимлари штатида бўлмаган, лекин асосий ишлаб чиқаришда банд бўлган ишчилар учун тўланувчи ҳақни ўз ичига олади.

Мазкур харажатлар элементлари қаторига қуйидагилар киритилган:

·      амалда бажарилган иш учун тариф ставкалари, лавозим маошлари ва шу кабилар асосида тўланувчи иш ҳақи;

·      ходимларга натурал тўлов шаклида берилувчи маҳсулотлар қиймати;

·      ишлаб чиқаришдаги юқори натижалар учун берилувчи мукофот ва бошқа тўловлар;

·      қонунчиликка асосан баъзи тармоқлардаги ходимларга бепул берилувчи кийим-кечак, озиқ-овқат, уй-жой, коммунал хизмат ва ҳоказолар қиймати;

·      ҳар йиллик меҳнат ва ўқув таътили учун амалга оширилувчи тўловлар;

·      корхонани қайта ташкил қилиш, штатлар қисқариши туфайли ишдан бўшатилган ходимларга тўланувчи маблағлар.

Ижтимоий эҳтиёжлар учун харажатлар нобюджет ижтимоий фондларига (нафақа фонди, ижтимоий суғурта фонди, бандлик фонди ва ҳоказо) ажратилувчи маблағларни англатади.

Хизматлар таннархидаги бошқа харажатлар - бу, қонунчиликда белгиланган тартибда махсус нобюджет фондларига ўтказилувчи тўловлар ва солиқлар; йўл қўйиш мумкин бўлган миқдордаги чиқиндилар учун тўловлар; корхона мулкини мажбурий суғурталаш; рационализаторлик таклифлари учун мукофотлар; қонунчиликда белгиланган ставкаларда кредитлар бўйича  тўловлар; маҳсулотни сертификатлаш учун бажарилган ишларга ҳақ тўлаш; қонунчиликда белгиланган нормалар бўйича хизмат сафарларига ҳақ тўлаш; ёнғинга қарши кураш ва қўриқлаш муассасаларига ҳақ тўлаш; кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш, ходимлар танлашни ташкил қилиш, алоқа хизмати, ҳисоблаш марказлари, банклар хизматига ҳақ тўлаш; асосий ишлаб чиқариш фондларини ижарага олганлик учун ҳақ тўлаш; номоддий активларнинг эскириши ва ҳоказолар.

Ишлаб чиқариш харажатларига, асосий ишлаб чиқариш фондларини ишга тайёр ҳолатда сақлаб туриш - капитал, ўрта ва жорий таъмирлаш, машина ва асбоб-ускуналарга қараш ва эксплуатация қилиш учун сарфланувчи барча харажатлар киради. Асосий ишлаб чиқариш фондларини таъмирлаш бўйича мураккаб ишлар амалга оширилиб, харажатлар бир хилда тақсимланмаганда корхоналар (Молия Вазирлиги рухсати билан) маҳсулот таннархи ҳисобига асосий фондларни таъмирлаш учун заҳира(резерв) фондлари ташкил қилиши мумкин.

Хорижий валютадаги харажатлар Марказий банкнинг операциялар амалга оширилган кундаги курсига асосан сўмларда белгиланади. Маҳсулот ишлаб чиқариш ва сотишга қилинадиган харажатларни ўсишига,хом ашё, материаллар, ёқилғи, энергия, асбоб-ускуналар нархининг ўсиши, транспорт хизмати тарифларининг юқорилиги, реклама ва вакиллик харажатларининг ўсиши кабилар таъсир қилади. Амортизация ажратмалари миқдори ҳам ўсиб бормоқда. Нархлар эркинлиги ва ижтимоий зиддиятлар кучайган шароитларда харажатлар тузилмасида иш ҳақининг салмоғини ошириш катта аҳамият касб этади. Шу билан бир вақтнинг ўзида ижтимоий ва тиббий суғурталаш, нафақа таъминоти, аҳоли бандлик фондлари, турли хил компенсацион тўловларга ажратилувчи маблағлар миқдори ҳам ортиб бормоқда.

2.  Рентабелликнинг моҳияти ва кўрсаткичлари

Бозор муносабатларига ўтиш шароитларида рентабелликнинг аҳамияти ва ўрни ўсиб бормоқда. У корхона фаолияти ва капитал қўйилмалар иқтисодий самарадорлигининг асосий мезони, корхона ва хўжалик юритувчи ташкилотларни баҳолашнинг синтетик кўрсаткичи бўлиб хизмат қилади.

Янги шароитларда корхоналарнинг фаолиятларида юқори молиявий натижаларга эришишга интилиши сезиларли даражада ортиб бормоқда.

Ҳар қандай хўжалик механизми учун асос бўлиб корхона фаолиятини режалаштириш ва унга объектив баҳо бериш, таълим олиш, меҳнатга ҳақ тўлаш ва иқтисодий рағбатлантириш фондларидан фойдаланиш, ишлаб чиқариш жараёнининг турли босқичларида харажат ва натижаларни солиштириш кўрсаткичлари хизмат қилади.

Фойда корхона самарадорлигининг ягона ва универсал кўрсаткичи эмас.

Ишлаб чиқариш ривожланишининг самарадорлиги ва интенсивлигини баҳолашда амалиётда рентабеллик кўрсаткичлари тизими кенг қўлланиб, унга кўра фойданинг миқдори белгиланган ҳисобланади. Бошқача қилиб айтганда, рентабеллик даромадлилик, фойдалиликни англатади. Бироқ рентабелликни фақат даромадлилик деб қабул қилиш унинг иқтисодий мазмунини кенг очиб бермайди. Улар ўртасида тенгликнинг йўқлигидан даромад миқдори ва рентабеллик даражаси турли нисбатларда, кўпинча турли йўналишларда ўлчаниши далолат беради.

Исталган муддат учун иқтисодий кўрсаткичларни ҳисоблаш кўплаб турли хил омиллар таъсири остида амалга оширилади.

Рентабеллик ва фойда кўрсаткичларини таҳлил қилишда уларга таъсир кўрсатиши мумкин бўлган барча омилларни билиш, бу омилларнинг самарадорликнинг умумлаштирувчи кўрсаткичларига таъсирини ҳисоблаш услубиятини эгаллаш муҳим аҳамият касб этади. Бу омилларни бошқариш орқали корхонада даромадни ошириш заҳираларини излаб топиш ва рентабелликнинг талаб қилинувчи даражасига эришиш механизмини яратиш мумкин.

Рентабеллик ва фойдага таъсир кўрсатувчи омилларни турли хил белгиларига кўра таснифлаш мумкин. Масалан, бу омиллар ички ва ташқи бўлиши мумкин. Ички омилларга корхона фаолиятига боғлиқ бўлган ҳамда корхона фаолиятининг турли йўналишларини тавсифловчи омиллар мансуб бўлади. Ташқи омилларга корхона фаолиятига боғлиқ бўлмаган, бироқ ишлаб чиқариш рентабеллиги ва даромаднинг ўсиш суръатига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин бўлган омиллар киради.  Таҳлил жараёнида ички ва ташқи омилларни аниқлаш  самарадорлик кўрсаткичларини ташқи таъсирлардан “тозалаш” имконини беради ҳамда корхона ютуқларини объектив баҳолашда муҳим аҳамият касб этади.

Ўз навбатида ички омиллар ҳам ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш омилларига бўлинади. Ноишлаб чиқариш омиллари асосан меҳнат ва сотиш шароитлари, корхонанинг тижорат, табиатни сақлаш ва шу каби фаолият турлари  билан боғлиқ бўлади. Ишлаб чиқариш омиллари эса фойданинг шаклланишида иштирок этувчи ишлаб чиқариш жараёнининг асосий элементлари - меҳнат предметлари ва воситалари ҳамда меҳнатнинг ўзи - мавжудлиги ва улардан фойдаланишни акс эттиради.

Хўжалик фаолиятини амалга ошириш жараёнида маҳсулот ишлаб чиқариш, сотиш ва фойда олиш билан боғлиқ бўлган корхоналарда бу омиллар ўзаро алоқада ва бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлади.

Рентабелликнинг моҳиятини фақат фойда шаклланишини таҳлил қилиш асосида очиб бериш мумкин. Корхона маҳсулотни сотиш  натижасида ўз харажатларини қоплашдан ташқари фойда ҳам олган тақдирда рентабелли ҳисобланади.

Рентабеллик кўрсаткичлари корхона фаолияти қанчалик фойда келтиришини кўрсатади. Бу кўрсаткичлар молиявий ҳисоботнинг ички ва ташқи фойдаланувчиларда қизиқиш уйғотиб, корхона ресурсларидан фойдаланиш самарадорлиги ҳамда унинг инвестицияларни жалб қилиш қобилиятини аниқлайди. Хусусий ёки қарзга олинувчи капиталнинг рентабеллиги корхонага маблағлар киритишнинг рентабеллигини тавсифловчи асосий кўрсаткичлардир. Бу кўрсаткичларнинг иқтисодий турланиши (интерпретацияси) яққол кўзга ташланади: сарфланган ҳар бир сўм қарзга олинган (хусусий) капиталга неча сўм фойда тўғри келади (ҳисоб-китобларда корхонанинг баланс ёки соф фойдасидан фойдаланиш мумкин).

Рентабелликни замон ва макон қоидаларига кўра таҳлил қилишда асосли хулосаларга келиш учун зарур бўладиган учта хусусиятни инобатга олиш зарур.

Биринчи хусусият корхона фаолиятининг вақт жиҳати билан боғлиқ. Масалан, маҳсулотни сотиш  рентабеллиги коэффициенти ҳисобот давридаги фаолият натижалари орқали аниқланади; узоқ муддатли инвестицияларнинг юзага келиши мумкин бўлган ва режалаштирилаётган самараси инкор қилинмайди. Агар корхона катта миқдордаги инвестициялар талаб қилувчи янги технологиялар ва янги маҳсулот турларини ишлаб чиқаришга ўтадиган бўлса, у ҳолда рентабеллик кўрсаткичлари вақтинчалик пасайиши мумкин.

Иккинчи хусусият таваккалчилик муаммоси билан боғлиқ бўлиб, таваккалчилик даражаси юқори бўлган лойиҳалар баъзида катта фойда келтириши ҳам мумкин.

Учинчи хусусият баҳолаш муаммоси билан боғлиқ. Масалан, хусусий капиталнинг рентабеллик кўрсаткичи суръати ва махражи турли хил харид қобилиятига эга бўлган пул бирлигида келтирилади. Кўрсаткичнинг суръати, яъни фойда ўзгарувчан (динамик) бўлиб, фаолият натижаларини ҳамда товар ва хизматларнинг асосан ўтган йилда юзага келган баҳосини акс эттиради. Кўрсаткичнинг махражи, яъни хусусий капитал бир қатор йиллар давомида шаклланади. У жорий баҳодан анча фарқ қилиши мумкин бўлган, ҳисобга олиш баҳосида акс эттирилади. Демак, хусусий капитал рентабеллик коэффициентининг катта бўлиши, доим ҳам корхонага киритилаётган капитал қайтимига мос келавермайди; молиявий қарорларни қабул қилишда бу кўрсаткични эътиборга олишдан ташқари, корхонанинг бозордаги баҳосини (бозор капитализацияси) ҳам инобатга олиш зарур.

Қуйида корхона фаолиятининг самарадорлигини тавсифловчи рентабелликнинг асосий кўрсаткичлари келтирилган.                                                                                                                                                                     

                                                                 Соф фойда (СФ)

Активлар рентабеллиги (РА) = ----------------------------------------------------

                                                            Активларнинг ўртача йиллик қиймати (А)

                                                                           Соф фойда (СФ)

Сотиш рентабеллиги (РС) = --------------------------------------------------------

                                                        Маҳсулотни сотишдан тушган тушум (СТ)

                                                                                     Соф фойда

Хусусий капитал рентабеллиги (ХК) = ------------------------------------------

                                                                  Хусусий капитал ўртача йиллик қиймат (ХК)

                                                                          Соф фойда

Битта акция даромади (АФ) = ----------------------------------------------------

                                                          Муомаладаги акциялар сони (NА)

Активлар рентабеллиги корхонада 1 сўм фойда олиш учун қанча маблағ жалб қилиш талаб этилишини (бу маблағлар манбаидан қатъи назар) акс эттиради. Ушбу кўрсаткич корхона рақобатбардошлигининг энг муҳим кўрсаткичларидан бири ҳисобланади.

Сотиш рентабеллиги сотилган  маҳсулотнинг ҳар бир сўми қанча соф фойда келтирганини акс эттиради.

Хусусий капитал рентабеллиги корхона мулкдорлари яъни, эгалари киритган капиталдан фойдаланиш самарадорлигини аниқлаш ва бу кўрсаткични худди шу маблағларни бошқа қимматбаҳо қоғозларга киритганда олиш мумкин бўлган фойда билан таққослаш имконини беради. Fарб мамлакатларида бу кўрсаткич компания акцияларининг котировкасига сезиларли равишда таъсир кўрсатади.

Битта акция келтирувчи фойда кўрсаткичи корхонанинг бозордаги фаолиятини тавсифловчи муҳим кўрсаткичлардан биридир.

Шу тариқа, тавсия қилинувчи кўрсаткичлар  таҳлил жараёнида корхонанинг молиявий барқарорлигини аниқлаш, ишлаб чиқариш самарадорлиги ва корхонанинг бозордаги рақобатбардошлигини оширишга оид чора-тадбирлар белгилашга иконият яратади.

 

9-МАЪРУЗА: АКТ СОҲАСИДА МОЛИЯВИЙ РЕСУРСЛАР ВА УЛАРДАН САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНИШ

РЕЖА:

1.Молиявий ресурслар ва уларни шаклланиш манбалари.

2.Молиявий режалаштириш ва   молиявий ҳисобот.

3.Корхоналар  молиявий  ресурсларини бошқаришни баҳолаш.

 

1.Молиявий ресурслар ва уларни шаклланиш манбалари

              Корхонанинг молиявий ресурслари - бу корхона ихтиёрида бўлган ва молиявий мажбуриятларни бажариш учун, қайта ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича ҳаражатларни амалга ошириш учун ва ходимларни иктисодий рағбатлантириш учун мўлжалланган пул даромадлари ва тушумлардир.

Молиявий ресурслар бир қанча манбалар ҳисобига шаклланади.

Корхона молиявий ресурсларини 4 гуруҳга бўлиш мумкин:

}   ўз маблағлари фонди;

}   қарз маблағлари фонди;

}   жалб қилинган маблағлари  фонди;

}   тезкор пул  фондлари.

Ўз маблағлари фонди таркибига қуйидагилар киради:

}устав капитали;   

}қўшимча капитал;          

}резерв капитали; 

}инвестиция фонди;

}валюта фонди ва бошқалар.

            Қарз маблағлари фонди таркибига қуйидагилар киради:

}банк кредитлари;

}тижорат кредитлари;                 

}лизинг

}кредиторлар ва бошқалар.

Жалб қилинган маблағлари  фонди таркибига қуйидагилар киради:

}   истеъмол фонди;

}   дивиденд бўйича ҳисоб-китоблар;

}   келгуси давр даромадлари.

 Тезкор пул  фондлари таркибига қуйидагилар киради:

}   иш хақини тўлаш учун;

}   дивидендларни тўлаш учун;

}   бюджетга тўловлар учун ва бошқалар.

Кейинчалик пул маблағларининг бош манбаи сифатида алоқа хизматларининг истеъмолчилардан олинаётган даромад хизмат қилади. Бу ҳолатда бозор шароитида ўз-ўзини қоплашни таъминлаш лозим, яъни корхонанинг ўз харажатларини ишлаб чиқариш натижалари ҳисобига қоплаш ва ўз-ўзини молиялашни амалга ошириш даркордир.

Ўзини молиялаш деганда корхонанинг ишлаб чиқариш харажатларини қоплаш ва ишлаб чиқаришни кенгайтиришни, ижтимоий вазифаларни ечишни молиялаш имконияти тушунилади.

Замонавий ўз-ўзини молиялаш уч элементдан иборат:

}   амортизация фонди;

}   резерв фонди;

}   тақсимланмайдиган фойда ёки жамғарма фонди.

Янги яратилган ва реконструкция қилинган корхоналар учун ресурслар молиявий бозор орқали мобилизация қилиниши (жамлаш) мумкин. Уларни жамғариш шакллари  акция, облигация ва бошқа қимматбаҳо қоғозларни сотиш ҳамда кредит ва инвестицияни жалб қилиш ҳисобланади.

 

2.Молиявий режалаштириш ва   молиявий ҳисобот

Молиявий режалаштириш бизнес режани тузишдаги асосий ва унинг якуний қисми ҳисобланади. Молиявий режалаштириш корхона фаолияти барча аспектлари (ишлаб чиқариш, инвестицион, ижтимоий ва бошқалар) бўйича ишлаб чиқилган истиқбол режаларни амалга оширишни талаб этади.

Молиявий режалаштириш вақтида корхонанинг ички резервларини янада тўлиқроқ аниқлашга, ишлаб чиқариш қувватларини самарали ишлатиш, ишлаб чиқаришни ташкил этишни яхшилаш ва бошқаларга катта эътибор қаратилиши                            лозим.

Молиявий кўрсаткичларни режалаштириш бир неча аниқ усуллар ёрдамида амалга оширилади: меъёрий, ҳисоб-таҳлил, баланс-режа қарорларини оптимизациялаш усули, иқтисодий-математик моделлаштириш ва бошқалар.

Молиявий кўрсаткичларни режалаштириш меъёрий усулининг моҳияти олдиндан ўрнатилган меъёр ва техник-иқтисодий нормативлар асосида корхонанинг молиявий ресурсларига ва унинг манбаларига бўлган эҳтиёжини ҳисоблашдир. Бундай нормативларга солиқ ставкаси, таъриф бадаллари ва еғимлар, амортизация нормаси, айланма ва маблағларга эҳтиёж нормативлари ва бошқалар киради.

Молиявий кўрсаткичларни режалаштиришнинг ҳисоб-таҳлил усулининг моҳияти ва таркиби таҳлил асосида эришилган миқдор асосида  олинади ва унинг режа ўзгариш индекси орқали ушбу кўрсаткични режа давридаги ҳисоблашдан иборатдир.

Молиявий кўрсаткичларни режалаштиришнинг баланс усулининг мазмуни баланс қуриш йўли орқали мавжуд молиявий ресурслар ва уларга бўлган эҳтиёжни боғлашга эришишдан иборатдир. Баланс усули аввао даромадлар ва харажатларни режалаштиришда, фойдани тақсимлашда, инвестиция ва унинг манбаларини режалаштиришда қўлланилади.

Режа қарорларини оптимизациялаш усули режавий ҳисобларидан энг оптималини танлаб олиш учун бир неча режавий ҳисобларни ишлаб чиқишдан иборатдир. Бунда танлашнинг турли мезонлари қўлланилади: минимум харажат, максимум фойда юқори самарали натижада минимум капитал қўйилмаси ва бошқалар.

Молиявий режанинг асосий шакли даромад ва ҳаражатлар баланси ҳисобланади ва юқори инфляция шароитида фақат чорак учун тузиш мақсадга мувофиқдир.

Молиявий режада молиявий ресурсларнинг ва уларни ишлатиш йўналишларининг турли кўринишлари акс эттирилади.

Молиявий режалаштириш қуйидаги муаммоларни ечади:

}   молиялаш манбаини аниқлаш қисқа ва узоқ муддатли кредитлаш, қимматбаҳо қоғозларни чиқариш ва сотиб олиш, лизингли молиялаштириш, фойдани тақсимлаш, ўзлик маблағларини мақсадли ишлатиш ва бошқалар.

}   капитал қўйилмаларни бошқариш ва уларнинг самарадорлигини баҳолаш, капитал даромадлиги, корхонанинг жорий ва келгуси нархи, молиявий таваккалчиликни баҳолаш, капитал қўйилмаларнинг молиявий таъминоти ва бошқалар.

}   айланма капитални бошқариш оптимал даража, айланма капитал тузилмаси, дебиторлик ва кредиторлик қарздорликларини бошқариш.

}   молиявий фаолият таҳлили, молиявий диагностика ва назорат.

Бозор шароитида корхонанинг молиявий ҳолати бу унинг молиявий рақобатбардошлиги (яъни тўлов лаёқати, кредит лаёқати), молиявий ресурслар ва капитални ишлатиш, давлат ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар олдидаги қарзларни бажариш характеристикадир. Ҳар қандай товар-материал бойликлари меҳнат ва материал ресурсларининг ҳаракати пул маблағларининг шаклланиши ва сарфланиши билан амалга оширилади. Шунинг учун корхонанинг молиявий ҳолати унинг фаолиятининг барча томонларини акс эттиради. Молиявий ҳолатни таҳлил қилиш учун асосий ахборот манбаи бўлиб баланс ва унга иловалар, биринчи навбатда, молиявий натижалар ҳақидаги ҳисобот хизмат қилади.

 

3. Корхоналар  молиявий  ресурсларини бошқаришни баҳолаш

            Молиявий ресурсларнинг ўлчами ва таркиби кўп томондан хизматлар кўрсатиш ҳажмининг ўсиши ва самарадорликни юксалишига боғлиқдир. Хизматлар кўрсатишнинг доимий равишда ўсиши ва уни самарадорлиги кўрсаткичини юксалиши бир томондан корхоналар молиявий ресурсларини миқдорини ортишига олиб келади, иккинчи томондан, давлатнинг молиявий ресурсларини миқдорини ўсишига олиб келади.

Шунинг учун ҳам корхоналар молиявий ресурсларини ўз ичига олувчи хизматлар кўрсатишдан тушган тушумни купайиши бир томондан давлат бюджети ва бюджетдан ташқари фондларни самарали даромад манбаларини шаклланишига олиб келади. Умуман солиқлар, кредит, суғурта ва бошқа иқтисодий категорияларнинг молиявий мазмуни янгидан яратилган даромадларни қайта тақсимлаш билан белгиланади. Масалан, солиқ тўловларининг асосий манбаи корхона томонидан шакллантириладиган қўшимча қиймат ёки яққолрок фаолиятнинг соф молиявий натижаси ҳисобланади.

            Кредит ва суғурта муносабатларининг ҳам молиявий мазмуни улардан фойдаланганлик учун тўланадиган ссуда фоизи ва суғурта бадаллари воситасида янгидан яратилган қийматни қайта тақсимлаш ҳисобланади. Умуман олганда асосий ва айланма ишлаб чиқариш фондларини шакллантириш мақсадида олинадиган қарз маблағларининг иқтисодий асоси ҳам мазкур қарз маблағларидан юқорироқ даражадаги самарага эга бўлган ҳолатдаги ишлаб чиқариш  муносабатларини ташкил қилиш ҳисобланади. Ташкил қилинган такрор ишлаб чиқариш самарадорлигини баҳолашнинг бош омилларидан бири эса маҳсулот реализациясидан тушган тушум ҳисобланади.

Ишлаб чиқариш самарадорлигини юксалиши курсатилган хизматлардан тушган тушум таркибидаги ҳаражатларни минималлаштириш ва корхона манфаатдорлигини асоси ҳисобланган фойдани тушум таркибидаги салмоғини юқори бўлиши билан белгиланади. Будай ҳолатда корхоналар эҳтиёжи учун зарурий булган молиявий ресурслар миқдорини шакллантириш ва улардан самарали фойдаланиш корхонанинг молиявий барқарорлиги, тўлов қобилияти ва баланс ликвидлилиги билан аниқланадиган молиявий муваффақиятларини англатади. Жорий давр мобайнида мазкур ресурсларга эҳтиёжлар ва улардан самарали фойдаланиш   молиявий режалаштириш жараёнида аниқланади.

 

 

ДАВОМИ: Акт соҳасига капитал қўйилмалар (инвестициялар)

 

РЕЖА:

1. Инвестиция-иқтисодий категория сифатида.

2. Корхоналарни инвестициялашнинг асосий манбалари ва йўналишлари.

 

 

 

1. Инвестиция-иқтисодий категория сифатида

«Инвестициялар» аслида немисча «Investition» ва лотинча «Investio» сўзларидан олинган бўлиб, инвестициялар – бу узоқ муддатли қўйилмалар тариқасида халқ хўжалиги тармоқларига сарф этиладиган ҳаражатлар йиғиндисидир.

Иқтисодий категория сифатида инвестициялар қуйидагича характерланади:

-  бирламчи жамғарилган капитални кўпайтириш мақсадида капитални алоқа корхоналарига жойлаштириш;

-  инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида инвестиция фаолияти иштирокчилари ўртасида вужудга келадиган иқтисодий муносабатлар.

Асосий капиталга инвестициялар капитал қўйилмалар шаклида амалга оширилади, ҳамда ўзида янги қурилишга, кенгайтиришга,реконструкцияга ва фаолият кўрсатаётган алоқа корхоналарини техник қайта жиҳозлашга, ускуналар, инвентарлар, лойиҳавий маҳсулотлар сотиб олишга сарф-ҳаражатларни мужассамлаштиради.

Инвестициялар борасида сўз юритилганда яна асосий эътиборни фонд бозорига қаратиш мумкин, чунки ривожланган мамлакатларда инвестициялар асосан қимматли қоғозлар ёрдамида амалга оширилади.

Пул маблағлари кўринишидаги инвестициялар номинал инвестициялар бўлиб, улар моддийлашиб, амалда ишлаб чиқаришга жалб қилингандан сўнг реал инвестицияларга айланади ва иқтисодий юксалишни таъминлайди. Шунга кўра, инвестицияларнинг иқтисодий ўсишига таъсири қуйидагиларда намоён бўлади:

- янги, замонавий техника ва технологияларни республика иқтисодиётига жалб қилиш, уларни хизмат кўрсатишга жорий қилиш кўп йиллар давомида сифатсиз, харидор талабига жавоб бера олмайдиган хизматлар ишлаб чиқарувчи эски асосий воситалардан тезроқ қутилиш имконини беради;

-  янги иш жойларини ташкил қилиш ва аҳолини иш билан таъминлаш, шу билан бирга, чет элнинг илғор бошқариш тажрибасини  жорий қилиш имконини беради ва шу орқали меҳнат унумдорлигини  оширади;

-  жаҳон бозорида рақобатлаша оладиган сифатли дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва уларни экспорт қилиш эвазига валюта даромадларининг  барқарорлигини таъминлайди.

Инвестициялар аввалдан ўйлаб кўрилган мақсад ва биринчи ўринда инвестицион лойиҳа асосида корхона ишлаб чиқариш потенциалини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш вазифасини бажаради.

Инвестиция лойиҳаси капитални корхонани унинг хизмат кўрсатиш қуввати ва бошқа сифат кўрсаткичларини кучайтириш мақсадида ривожлантириш ва кенгайтиришга киритишни режалаштириш ва амалга ошириш чора-тадбирлар мажмуасидир.

Инвестиция лойиҳасини тайёрлаш ва амалга ошириш қуйидагиларни ўз ичига олади:

´  инвестициявий ғоя (фикр) ни шакллантириш;

´  ғоянинг дастлабки асосланиши;

´  лойиҳада кўзда тутилган техник қарорнинг таҳлили;

´  сертификат талабларининг бажарилишини текшириш;

´  инвестиция лойиҳаси бўйича давлат бошқарув идоралари билан келишув юзага келтириш;

´  ахборот меморандумини тайёрлаш.

 

2. Корхоналарни инвестициялашнинг асосий  манбалари ва йўналишлари

Инвестиция манбаларини аниқлашнинг ички ва ташқи турларидан фойдаланилади.

Инвестицияларнинг ички манбалари қуйидагилар:

´   ишлаб турган асосий капиталга ҳисобланувчи амортизация ажратмалари натижасида шаклланувчи, корхонанинг ўз молиявий воситалари;

´  фойданинг инвестиция эҳтиёжларига ажратилувчи қисми;

´   суғурта компаниялари ва муассасалари томонидан табиий офат ва бошқа ҳодисаларда тўланувчи маблағлар;

´  корхонанинг акциялар чиқарилиши ва сотиши натижасида олинувчи маблағлар;

´  юқори турувчи ва бошқа идоралар томонидан қайтариб бермаслик асосида ажратилувчи маблағлар;

´  хайрия ва шу каби бошқа маблағлар.

Инвестицияларнинг ташқи манбалари қуйидагилар:

´  марказий ва маҳаллий бюджетдан, тадбиркорликни қўллаб-қувватловчи турли хил фондлар томонидан ажратилувчи қайтариб  бермаслик асосидаги маблағлар;

´  корхоналар Низом жамғармасида молиявий ёки бошқа моддий ва номоддий иштирок шаклида, шунингдек, ҳалқаро молия институтлари ва алоҳида шахсларнинг тўғридан-тўғриқўйилмалари шаклида киритилувчи хорижий инвестициялар;

´  давлат ва турли хил фондлар томонидан қайтариб бериш шарти билан берилувчи кредитлар, жумладан имтиёзли кредитлар.

Инвестицион мақсадларга йўналтирилувчи маблағлар танқислиги шароитида алоқа корхоналарида лизинг инвестицион фаолиятни фаоллаштирувчи муҳим восита бўлиб хизмат қилади.

Лизинг - молиявий-кредит муносабатларининг шаклларидан бири бўлиб, корхоналарнинг қурилма ва асбоб-ускуналарни ишлаб чиқарувчи корхоналар ёки махсус ташкил қилинган лизинг компанияларидан узоқ муддатга ижарага олишини англатади.

Инвестициялардан фойдаланишнинг асосий йўналишлари қуйидагилар ҳисобланади:

´  янги қурилиш;

´  корхонани кенгайтириш ва қайта тиклаш;

´  ишлаб чиқаришни замонавийлаштириш ва техник жиҳатдан қайта қуроллантириш;

´  ҳаракатдаги қувватларни  такомиллаштириш.

Ҳозирги вақтда АКТ соҳасида «Шаҳарлараро коммутация марказларини янги авлод тармоқ технологиялари асосида модернизация қилиш ва кенгайтириш» (NGN), «FTTx технологияси бўйича кенг қамровли форматда фойдаланиш имконини берадиган оптик тармоқларни ривожлантириш», «Ўзбекистон Республикаси минтақаларида EVDO технологияларини жорий этиш орқали CDMA-450 мобиль тармоғини ривожлантириш» каби ва бошқа йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширилмоқда.

Ушбу лойиҳаларнинг самарали ниҳоясига етказилиши Ўзбекистонни дунёнинг замонавий алоқа ва ахборот воситалари юқори даражада ривожланган мамлакатлари қаторига қўшилиш, ишбилармонлик соҳасидаги алоқаларини кенгайтириш бўйича қўшимча имкониятлар яратади.

 

10-МАЪРУЗА: АКТ СОҲАСИ КОРХОНАЛАРИДА ИНВЕСТИЦИЯЛАРНИНГ АСОСИЙ МАНБАЛАРИ ВА ЙЎНАЛИШЛАРИ

 РЕЖА:

1. Ишлаб чиқариш иқтисодий самарадорлигининг моҳияти

2.Инвестицияларининг умумий иқтисодий самарадорлигини баҳолаш усуллари

 

1. Ишлаб чиқариш иқтисодий самарадорлигининг моҳияти

 Бозор тизимига ўтиш жамият ҳаётининг барча жабҳаларида радикал ўзгаришларни талаб этади.

Бозор иқтисодиётининг самарадорлиги инсоннинг ўз-ўзини реализация қилишига, ўзининг моҳият ва хўжалик активлигини (фаолигини) оширишига илмий-техник тараққиёти тезлашишига (стимул) рағбат яратишини таъминлайди.

Иқтисодиёт барқарор ва бир текис ривожланиши учун янги  техника ва технологияларни ривожланишининг тўғри ва ишончли йўлини ҳамда турли мулкчилик шаклларини самарали қўллашни танлаш зарур.

Ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш янги қўшимча қувватларни, ишлаб чиқариш фондларини ҳаракатга кириш билан тенг кучлидир.

Бу эса, ўз навбатида, меҳнат ресурсларини, ишлаб чиқариш фондларини ва капитал қўйилмаларни тежашни таъминлайди.

Ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш соҳа ишлаб чиқариш фаолиятининг якуний натижалари ўзгаришини таъминлайди: алоқа хизматлари ҳажми, асосий фаолиятдан даромад; фойданинг ортиши, иқтисодий кўрсаткичларнинг комплекс яхшиланишига имкон беради; меҳнат унумдорлигини, рентабелликни, фонднинг қайтарилишини ошириш, маҳсулот таннархини камайтириш, шу билан бирга, халқ хўжалиги ва аҳолининг алоқа хизматларига бўлган талабларини тўлиқ қондиришга ва уларнинг ишлари сифатини яхшилашга шароит яратади.

Умуман олганда, ишлаб чиқариш самарадорлиги ишлаб чиқариш жараёнларининг натижалилигини, ишлаб чиқариш жараёнида эришилган натижалар, жонли ва ашёвий меҳнат ҳамда ресурслар ёки харажатлар орасидаги нисбатни акс эттиради:

           

Ушбу нисбат орқали самара ва самарадорлик орасидаги принципиал фарқни кўриш мумкин.

Самара–бу ишлаб чиқаришнинг абсолют натижаси.

Самарадорлик–бу берилган харажатларда максимал самарага, ёки минимал харажатларда берилган самарага, ёинки минимал  харажатларда максимал самарага эришишни ўзида акс эттирган нисбий миқдордир.

Ишлаб чиқариш иқтисодий натижа (самара)си        қоидага биноан яратилган маҳсулот кўринишида бўлади. Бу алоқа соҳасида истеъмолчиларга кўрсатилган хизматлар миқдорини акс эттиради.      Кўп номенклатурали хўжалик шароитида ушбу маҳсулотнинг пул шакли кенг тарқалган.

Ишлаб чиқариш самарадорлиги мураккаб тизимни ўзида акс эттиради. Бу тизимнинг иқтисодий, ижтимоий ва ижтимоий-иқтисодий самарадорлик каби ташкил этувчилари мавжуд.

Ижтимоий самарасига категориясига истеъмолчиларнинг алоқа хизматларига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш,  меҳнат хусусиятини ўзгартириш, ходимларнинг меҳнат ва яшаш шароитини яхшилаш ва янгилаштириш, бўш вақтни ошириш ва бошқалар.

Иқтисодий ва ижтимоий натижаларнинг бирлиги ва ўзаро алоқаси ижтимоий-иқтисодий самарадорлик категорияси орқали акс эттирилади. Янги алоқа техникасининг ижтимоий-иқтисодий  самараси меҳнатни янгилаштиришдан иборат бўлади–бу ижтимоий натижа ҳисобланади. Меҳнатни жамғариш ва унумдорлигини ошириш – бу иқтисодий натижадир.

Алоқа ривожланишининг ижтимоий-иқтисодий самарадорлик категориясини асослаш ва ижтимоий натижаларни ҳисобга олган ҳолда уни миқдорий баҳолаш методикасини ишлаб чиқиш иқтисодиёт фанининг асосий вазифаси ҳисобланади.

 

2.Инвестицияларининг умумий иқтисодий самарадорлигини баҳолаш усуллари

Капитал қўйилмаларнинг самарадорлиги режалаштириш, лойиҳалаштириш ва қурилиш босқичларида аниқланади. Улар   харажатга киритиш ва эксплуатацияда ишлаб чиқариш қувватларини ўзлаштириш ва эксплуатация қилиш  фаолияти жараёнида ўзларини акс эттиради. Капитал қўйилмаларининг иқтисодий самарадорлигини ошириш кўп томондан уни аниқлашнинг тамойиллари ва низомларига боғлиқ.  Капитал қўйилмаларининг умумий иқтисодий самарадорлигини баҳолаш усуллари методикаси масалаларини икки асосий аспектларда кўриб чиқиш мақсадга мувофиқдир:

-умумий (абсолют) иқтисодий самарадорлик аниқлаш;

-қиёсий иқтисодий самарадорликни ониқлаш.

Ушбу методикалар турли иқтисодий вазифаларни ечиш учун қўлланилади. Ишлаб чиқариш мақсадларини асослаш учун эҳтиёжни қандай қондириш лозим, бунда самара қай даражада таъминланади каби вазифаларни аниқлаш учун абсолют самарадорлик кўрсаткичлари ишлатилади. Эҳтиёжларни қондириш усулларини танлаш учун, хўжалик ва техник вазифаларини таққослаш  вариантлари учун қиёсий            самарадорлик кўрсаткичлари ҳам ишлатилади. Турли иқтисодий вазифаларни ҳал қилишга қарамасдан, бу икки аспект бир-бири билан узвий боғлиқ, чунки танланган вариантларга капитал қўйилмаларнинг абсолют самарадорлиги корхона ва алоқа соҳаси фаолияти боғлиқ бўлади.

Самарадорликни баҳолашга бўлган йўналишнинг методик фарқи шундан иборатки, умумий самарадорлик, самара ва харажат (капитал қўйилмалар) нисбати орқали аниқланса, қиёсий вариант бўйича жорий ва бир вақтдаги (келтирилган) харажатлар суммасини таққослаш орқали аниқланади. Капитал қўйилмаларининг умумий иқтисодий самарадорлигини баҳолаш усуллари иқтисодий ўсиш, меҳнат унумдорлиги, фонд хажмига ва материал ҳажмлиги, фойданинг ўсиш ва бошқа кўрсаткичларнинг даражасида акс этади. Самара қанчалик юқори бўлса ва харажат қанчалик паст бўлса, абсолют самарадорлик шунча юқори бўлади.

Самара ва харажат нисбатини ўлчовчи капитал қўйилмаларининг умумий (абсолют) самарадорлигини умумлаштирувчи асосий кўрсаткичлари умумий (абсолют) самарадорлик коэффициенти (Ек) ва капитал қўйилмаларини қоплаш муддати (Тк) ҳамда солиштирма капитал харажатлари (Ксол) ҳисобланади. Умумий самарадорлик коэффициенти ҳар йили алоқани ривожлантириш учун бир вақтдаги харажатларнинг қайси қисми аниқ йиллик самара олиш ҳисобига қопланишини кўрсатади. Капитал қўйилмаларини қоплаш муддати маблағларни қайтариш муддатини кўрсатади ва умумий самарадорликнинг тескари кўрсаткичи ҳисобланади. Капитал қўйилмаларнинг асосий абсолют (умумий)  кўрсаткичлари қуйидаги формулалар орқали аниқланади.

Вариантларни таққослаш ва улар орасидан энг самарадорлигини танлаш иқтисодий самарадорликни баҳолашнинг кенг тарқалган усулларидан бири ҳисобланади ва қиёсий иқтисодий самарадорлик деб ном олган.

Капитал қуйилмаларининг қиёсий иқтисодий самарадорлигини ҳисоблаш қўйидаги ҳолатларда ишлатилади:

-хўжалик ёки техник ечимлар вариантларини таққослашда;

-корхона ва алоқа қурилмаларини жойлаштиришда;

-янги корхона қуришда ёки ҳаракатдаги корхонани реконструкция қилишда;

-янги воситаларни қуриш ёки реконструкция қилишни лойиҳалаштиришда;

-ҳаракатдаги корхоналарни кенгайтиришда (лойиҳалаштиришдан олдинги босқичда).

Яъни вазифани ечишнинг бир неча варианти бўлганда ва капитал қўйилмаларининг энг самарали йўналишини, энг мақбул вариантни танлаш имконияти мавжуд барча ҳолларда қиёсий иқтисодий самарадорлик қўлланилади.