ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ АХБОРОТ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ ВА КОММУНИКАЦИЯЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ВАЗИРЛИГИ

 

МУҲАММАД АЛ-ХОРАЗМИЙ НОМИДАГИ

ТОШКЕНТ АХБОРОТ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ УНИВЕРСИТЕТИ

 

«АКТ СОҲАСИДА ИҚТИСОДИЁТ ВА МЕНЕЖМЕНТ» ФАКУЛЬТЕТИ

 

«АКТ СОҲАСИДА ИҚТИСОДИЁТ» КАФЕДРАСИ

 

 

 

 

«Ахборотлашган иқтисодиёт»

 

 

 

Фанидан маъруза матни

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

1 - мавзу.  Ахборотлашган иқтисодиётнинг предмети ва уни ўрганиш усуллари

1.1.            Ахборотлашган жамият, унинг мезонлари ва ахборотлашган иқтисодиёт тушунчаси

1.2.            Ахборотлашган ва индустриал иқтисодиёт

1.3.            Ахборотлашган иқтисодиёт услуби

2 - мавзу. «Креатив инсон» модели

2.1. Тарихий асослар

2.2. Табиий-илмий асослар

2.3. Психологик асослар

2.4.Институционал асослар

3 - мавзу.Интернетда бизнес юритишнинг ташкилий-ҳуқуқий ва иқтисодий жиҳатлари

3.1. Интернет - бизнес

3.2. Интернет бизнесда риск ва кафолат муаммолари

4 – мавзу. Ахборотлашган бизнесда этика ва қонунийлик

4.1. Ахборотлашган бизнесда этика

4.2. Ахборотлашган бизнесда қонунийлик

5-мавзу.Интернет  компанияларни ривожлантиришдаги қийинчиликлар, Ўзбекистонда Интернет-бизнес юритишнинг ташкилий ва ҳуқуқий асослари

            5.1. Интернет  компанияларни ривожлантиришдаги қийинчиликлар

            5.2. Ўзбекистонда Интернет-бизнес юритишнинг ташкилий ва ҳуқуқий асослари

6-мавзу.Электрон ҳукумат,унинг ривожланиш босқичлари Ўзбекистонда

6.1. «Электрон ҳукумат» тизимини шакллантириш бўйича Концепция ва Комплекс дастурлари.

6.2. Юридик ва жисмоний шахслар ўртасидаги электрон ахборот муносабатларининг самарали ривожлантириш йўллари.

7 - мавзу.Мижозларни жалб этишдаги муаммолар ва маркетинг сиёсати

7.1. Интернет маконида мижозларни излаш, уларни танлаш жараёнини режалаштириш ва уни амалга ошириш

7.2. Интернет - панели мижозларини жалб этишнинг амалий жиҳатлари

8 – мавзу. Ахборотлашган иқтисодиётда маркетинг

    8.1. Маркетингнинг янги имкониятлари ва вазифалари

    8.2. Инсон омили.

9- мавзу. Интернет магазинлар: Интернет савдонинг пайдо бўлиши, интернет- магазин яратиш тартиби

9.1. Интернет савдонинг пайдо бўлиши

9.2. Интернет-магазин яратиш тартиби

10 - мавзу.  Ахборотлашган иқтисодиётда тадбиркорлик

10.1. Фирманинг ахборот ресурслари

10.2. Билимларни бошқариш

11 - мавзу. Ишбилармонлик билимлари

    11.1. Ишбилармонлик билимлари

    11.2. Ишчан билимлар

12 – мавзу. Глобал менежмент парадигмаси, реинжиниринг

            12.1. Глобал менежмент парадигмаси

            12.2. Реинжиниринг

13- мавзу.Онлайн брокинг

13.1. Онлайн савдонинг умумий ривожланиш йўналишлари

13.2. Фонд ва корпоратив онлайн савдо асоси

14 – мавзу. Фонд ва корпоратив онлайн савдонинг тузилиши

            14.1. Биржанинг мақсади

            14.2. Биржанинг Европада пайдо булиши.

15 – мавзу.  Корхонада ходимларни бошқариш

            15.1. Корхонада ходимларни бошқаришга бўлган турли ёндошувлар

          15.2. Ижтимоий-психологик ёндашув

16-мавзу. Корхонанинг кадрлар таркибини шакллантириш

            16.1. Корхонанинг кадрлар таркибини шакллантириш

            16.2. Ходимларни танлаш усуллари

17-мавзу. Ходимлар билан ишлаш

17.1.Ходимларни мотивациялаш

17.2. Мотивация йўллари

18 - мавзу. Кадрлар тайёрлашда АКТ - нинг роли

            18.1. Кадрлар тайёрлашда АКТ - нинг афзаллиги

            18.2. Методологик томондан касбий тайёргарлик ҳақида тушунча

19 - мавзу.  Узлуксиз таълим - ахборотлашган иқтисодиётнинг соҳаси сифатида

19.1. Янги турдаги юқори малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёж

19.2. Ходимларни ижарага олишнинг фойдасининг аҳамиятлилиги

20-мавзу. Ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда кадрлар тайёрлаш тизими, ишлаб чиқаришни ташкил қилишнинг янги технологияларида ходимлар ижодини рағбатлантириш ва малакасини ошириш

20.1.    Ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда кадрлар тайёрлаш тизими

20.2. Ишлаб чиқаришни ташкил қилишнинг янги технологияларида ходимлар ижодини рағбатлантириш ва малакасини ошириш.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

1- мавзу.Ахборотлашган иқтисодиётнинг предмети ва уни ўрганиш усуллари

 

1.4.    Ахборотлашган жамият, унинг мезонлари ва ахборотлашган иқтисодиёт тушунчаси

1.5.             Ахборотлашган ва индустриал иқтисодиёт

          1.3.      Ахборотлашган иқтисодиёт услуби

 

1.1.    Ахборотлашган жамият, унинг мезонлари ва ахборотлашган иқтисодиёт тушунчаси

Иқтисодиёт атамаси икки турли хил тушунчани ифодалашда ишлатилади. Биринчидан, иқтисодиёт - бу ижтимоий ҳаётнинг соҳаси бўлиб, бунда инсоннинг яшаши ва тараққий этиши учун зарур бўлган объектлардан фойдаланилади ва улар тақсимланади. Бундай ҳолатда иқтисодиёт ҳеч қандай бир субъектив баҳолашга боғлиқ бўлмаган объектив воқеликни ифодалайди ва бу амалий иқтисодиёт бўлади. Амалий иқтисодиётнинг таркибий қисми эмпирик (грек сўзидан emperia – тажриба) усул орқали аниқланиб, у тадқиқ қилинган барқарор иқтисодий ҳодиса ва жараёнлардан ташкил топади. Иқтисодий ҳодисалар ўртасидаги ўзаро алоқалар объектив қонунларга: физика, мантиқ, математика ва бошқа қонунларга асосланган бўлади. Шунинг учун бир хил жамиятга ва бир хил даврга тегишли бўлган барча иқтисодий ҳодисалар ўзаро келишилган бўлади ва бир-бирига қаршилик кўрсата олмайди.Иккинчидан, иқтисодиёт – бу неъматларни яратиш, тақсимлаш ва улардан унумли фойдаланиш жараёнини ўрганадиган фан. Бундай ҳолда иқтисодиёт инсоннинг ноёб шахсий сифатларига боғлиқ бўлган онгли маҳсулини ўзида намоён этади, шунинг учун у субъектив феъл-атворга эга. Бу назарий иқтисодиёт бўлиб, уни ўрганиш объекти эса амалий иқтисодиёт ҳисобланади.

Назарий иқтисодиётда бир вақтнинг ўзида бир-бирига зид бўлган назариялар мавжуд бўлиши мумкин.Кўпчилик иқтисодчилар ўртасида муҳим ўрин эгаллаган назария мавжуд бўлган шароитда иқтисодиёт илмий мактаби яратилади ва у ўзаро бир-бири билан боғлиқ бўлган назариялар тизими яратилишига асос бўлиб хизмат қилади. Бир-бирига зид иқтисодий мактабларга мисол тариқасида: классиклар ва социалистлар, неоклассик ва институционалистлар, кейнсчилар ва монетаристлар ва бошқаларни келтириш мумкин.

Умумий асосга эга иқтисодий мактаблар иқтисодиёт фанида йўналиш касб этади. Иккита асосий мактаб: либерал ва ижтимоий-институционал йўналишни ажратиб кўрсатиш мумкин. Либерал йўналишга физиократлар, классик сиёсий иқтисод, мальтузианлик, маржинализм, неоклассик мактаб, монетаризм, иқтисодий империализм ва бошқалар киритилади. Ижтимоий- институционал йўналишга утопик социализм, тарихий мактаб, институционализм ва бошқалар киради. Ҳар бир иқтисодий мактабнинг эмпирик асоси бўлиб маълум бир ҳодиса хизмат қилади, ушбу ҳодиса шу мактаб тарафдорларининг фикрига кўра, жуда муҳим ҳисобланади, яъни бутун иқтисодий тизимнинг фаолиятини белгилаб беради ва бу иқтисодий устунлик (доминанта) деб аталади. Агар ушбу иқтисодий ҳодиса амалий иқтисодиётда ўзининг устунлик ролини объектив тарзда кўрсатиб берса, у ҳолда бундай мактаб назарий иқтисодиётда одатда доминатлик ўринга эга бўлади ва у ҳукмронлик қилади.

Агар узоқ давом этган тарихий даврни олиб қарасак, бир-бирининг ўрнини боса оладиган ғоялар битта йўналишга тегишли бўлади, яъни у ҳукмрон йўналиш бўлиб шаклланади. Иқтисодиёт фанида уч аср мобайнида либерал йўналиш ҳукмронлик қилиб келмоқда, шунинг учун у мейнстрим деб ҳам белгиланади (инглиз тилидан mainstream- асосий йўналиш, муҳим чизиқ). Иқтисодий доминанта умумий либерал мактаб учун аниқ маънода моддий товарлар ёки индустриаллашган ишлаб чиқаришни ифодалайди. Шунинг учун либерал иқтисодиёт тизими назариясини индустриаллашган иқтисодиёт назарияси каби ёки оддий индустриал иқтисодиёт каби тавсифлаш мумкин. Бошқача айтганда, индустриал иқтисодиётни индустриаллашган жамиятнинг иқтисодий назарияси дейиш мумкин. Индустриал иқтисодиётни анъанавий иқтисодиёт деб аташ қабул қилинган.

Ҳар бир иқтисодиёт мактаби вакиллари орасида муқобил иқтисодий назариялар мавжудлигини тан олмайдиган олимлар учрайди ва улар ўз мактаблари номини иқтисодиёт фани билан тенглаштирадилар. Бу интилиш ҳукмрон либерал йўналиш тарафдорлари орасида кучли намоён бўлади. Неоклассик назарияни белгилаш учун инглиз иқтисодчиси А. Маршалл (1842-1924й.)томонидан киритилган иқтисодиёт атамаси (инглизча economics – иқтисодий назария) кўпинча ҳозирги вақтда иқтисодиёт фанига маънодош сўз сифатида ишлатилади. Бунда иқтисодиёт нотўғри равишда индустриаллашган иқтисодиёт билан тенглаштирилади.Иқтисодиётнинг ривожланиш босқичи тарихий давр деб аталади ва у битта доминанта билан тавсифланади. Ҳар бир босқичга ҳукмрон мактаб жавоб беради.

Ахборотлашган иқтисодиёт (постиндустриал жамият хўжалигини юритиш қоидалари) – бу жамият неъматларини ишлаб чиқариш, тақсимлаш ва истеъмол қилиш жараёнларида электрон (ахборот - коммуникация) технологияларини кенг жорий этишни кўзда тутадиган инсоннинг хўжалик фаолиятини татқиқ этувчи фан.

Ахборотлашган иқтисодиёт атамаси икки хил турли тушунчаларни ифодалаш учун ишлатилади. Биринчидан, ахборотлашган иқтисодиёт - бу ривожланишнинг замонавий босқичи ҳисобланиб, у ижодий меҳнат ва ахборот неъматларининг устувор ўрни билан тавсифланади. Иккинчидан, ахборотлашган иқтисодиёт - бу назария бўлиб, унинг ўрганиш объекти биринчи маънодаги ахборотлашган иқтисодиёт ҳисобланади. Бу ҳолда ахборотлашган иқтисодиёт ахборотлашган жамиятнинг иқтисодиёт назариясини ёки ахборотлашган иқтисодиёт назариясини ташкил қилади.

Илмий адабиётларда ҳозирги замон “янги иқтисодиёти” турли атамалар билан номланади. Масалан, “постиндустриал иқтисодиёт” (Д.Белл), “ахборотлашган иқтисодиёт” (О.Тоффлер), “мегаиқтисодиёт” (В.Кувалдин), “ахборот ва алоқага асосланган иқтисодиёт” (И.Ниинилуто), “техноиқтисодиёт” (Б.Гейтс), “билимларга асосланган иқтисодиёт” (Д.Тапскотт). Ушбу тушунчаларни боғлаб турадиган омил – бу иқтисодий жараёнларнинг глобаллашув жараёнида ахборот технологияларининг бирламчи ўринни эгаллаши ҳисобланади.

Ахборотлашган жамиятнинг иқтисодиёт назарияси бўлган ахборотлашган иқтисодиёт ҳақида сўз борар экан, ахборотлашган жамиятга таъриф бериб ўтиш ўринлидир.

Ахборотлашган жамиятдеб, унда фаолият юритаётган кишиларнинг кўп қисми ахборотни, айниқса, унинг энг олий шакли бўлган билимларни ишлаб чиқариш, сақлаш, қайта ишлаш ва сотиш билан банд бўлган жамиятга айтилади. Жамият ва иқтисодиёт ривожланишининг бу босқичига жамият ҳаётида ахборот, билим ва ахборот технологиялари аҳамиятининг ошиши хосдир.

Ахборотлашган жамиятгатаъриф беришдаиқтисодчилар турли: технологик, иқтисодий, меҳнат, фазовий, истеъмол ва креатив мезонлардан фойдаланадилар.

 

 

1.2.    Ахборотлашган ва индустриал иқтисодиёт

Индустриал (анъанавий) иқтисодиётнинг асосий қоидалари ва унинг ўрнига жамият ҳаётига тобора жадал суръатларда кириб келаётган ахборотлашган иқтисодиётнинг қисқача қиёсий таҳлилини келтириб ўтамиз:

1.            Маҳсулот. Индустриал жамиятда маҳсулотнинг устуворкўриниши моддий объект бўлса, ахборотлашган жамиятда – моддий шаклга эга бўлмаган ахборот объект ҳисобланади. Ахборотлашган жамият қарор топишида иқтисодиётда муҳим аралаш ҳолда мавжуд бўлган моддий ахборот маҳсулотлари: дисклар, аудио-видеокассеталар ва бошқалар яратилади. Умуман олганда, индустриал жамиятда моддий ишлаб чиқариш устун туради, ахборотлашган жамиятда эса – ахборот устунлик қилади.

2.            Меҳнат. Индустриал жамиятда меҳнатнинг устунлик қиладиган тури оддий меҳнат бўлади (жисмоний, кўл билан бажариладиган, малакасиз) ва у унумли ҳисобланади. Бунда ижодий меҳнат унумсиз деб саналади. Ахборот жамиятда эса аксинча ижодий меҳнат устунлик қилади. Ижодий меҳнат унумли, оддий меҳнат эса унумсиз ҳисобланади. Немис олими Фридрих Лист ақлий фаолиятни унумли меҳнатга киритган биринчи иқтисодчилардан биридир.

3.            Капитал. Индустриал жамиятда капиталнинг устунлик қиладиган тури моддийлашган (ташқи) капитал: бино, иншоот, машина ва бошқалар ҳисобланади. Ахборотлашган жамиятда эса муҳим ўринни интеллектуал (ички) капитал, яъни таълим, тажриба, соғлиқ ва бошқалар эгаллайди. Ички капиталнинг биринчи назарияси америкалик иқтисодчи Г. Беккернинг номи билан боғлиқ ва у инсон капитали назарияси деб аталади.

4.            Бойлик. Индустриал жамиятда бойлик деганда инсонга тегишли бўлган моддий бойликлар тушунилади, бундай бойлик инсонга нисбатан ташқи бўлади. Жисмоний капитал моддий бойликнинг мураккаб қисми ҳисобланади. Ахборотлашган жамиятда бойлик деганда инсоннинг ички бойлиги – шахсий сифатлар тизими тушунилади. Инсон капитали ички бойликнинг таркибий қисми ҳисобланади. Ташқи бойлик инсондан ички бойликдан фарқли равишда узоқлашиши мумкин.

5.            Қиймат. Индустриал иқтисодиётда бойликнинг ижтимоий қиймати унинг бозор нархи, яъни бойлик инсоннинг моддий бойлигини ошириш қобилияти орқали аниқланади. Индустриал иқтисодиёт назарияси асосини ташкил этган классик илмий мактабда меҳнат фаолияти қийматни ташкил этади. У маҳсулотни ишлаб чиқаришга кетган оддий меҳнат ҳажмига тенг. Ахборотлашган иқтисодиётда неъматнинг ижтимоий қиймати инсонлар олий фаолияти давомийлигини ошириш қобилияти орқали аниқланади. Бу ҳолда қиймат креатив қийматни ташкил қилади. Шундай қилиб, меҳнат қиймати ва креатив қиймат бир хил ўлчам бирлигига – инсоннинг фаолият вақтига тенг.

6. Эҳтиёжлар. Индустриал иқтисодиёт назариясида истеъмол деганда моддий маҳсулотлардан бирор мақсадда фойдаланиш тушунилади. Шунинг учун эҳтиёжлар моддий неъматларни классификация қилиш асосида таснифланади. Инсоннинг турли хил: озиқ-овқат, кийим, турар-жой ва ҳоказо неъматларга эҳтиёжлари мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бири маълум бир синфга тегишли неъматларга боғлиқ бўлади. Ахборотлашган иқтисодиёт назариясида истеъмол қилиш деганда, инсон олий фаолиятининг натижаларини ошириш мақсадида маҳсулотдан (моддий ёки ахборот) фойдаланиш тушунилади. Бунда ҳар қандай неъматдан фойдаланишнинг самараси универсал мақсадли кўрсаткичларнинг ошишига асосланган бўлади ва шунинг учун неъматларни таснифлаш маъно касб этмайди. Уларнинг барчаси инсоннинг ижодий фаолиятига бўлган асосий, туғма эҳтиёжларини қониқтиради. Бунда анънанавий иқтисодиётда кўриладиган қолган барча эҳтиёжлар иккиламчи, ёрдамчи эҳтиёжлар мақомини олади.

7. Фаровонлик. Индустриал жамиятда инсон фаровонлиги моддий бойликлар пул даромадлари оқими билан, жамият фаровонлиги эса маълум вақт ичидаги миллий даромаднинг миқдори билан ўлчанади. Моддий фаровонлик иқтисодий фаровонлик деб ҳам аталади. Иқтисодий фаровонлик назарияси инглиз иқтисодчиси Артур Пигу (1877-1959) томонидан яратилган. Ахборот жамиятида инсон фаровонлиги креатив бойликлар оқими (ижод даврлари) билан, жамият фаровонлиги эса маълум давр ичида жамиятнинг барча аъзоларининг ижод даври давомийлиги йиғиндиси билан ўлчанади. Бунда бойлик креатив фаровонлик деб аталади.

 

 

 

 

 

 

 

 

1.2 - жадвал

Ахборот иқтисодиёти ва индустриал иқтисодиёт

Жиҳатлар

Иқтисодиёт

Индустриал

Ахборотлашган

1

Маҳсулот

Моддий

Ахборот

2

Меҳнат

Оддий

Ижодий

3

Капитал

Жисмоний

Инсон

4

Бойлик

Ташқи

Ички

5

Қиймат

Меҳнат ҳажми

Ижод вақти

6

Эҳтиёж

Кўп

Битта

7

Фаровонлик

Иқтисодий

Креатив

8

Пул

Мақсад

Восита

9

Ижтимоий ўзаро таъсир

Товар

Шахслараро

10

Инсон

Иқтисодий

Креатив

 

Манба:Корнейчук Б. В.Информационная экономика. Учебное пособие.-СПб.:Питер, 2006.-400 с.

 

8. Пул. Индустриал жамиятда фаровонлик пул шаклидабўлади, шунинг учун пул хўжалик юритувчи субъектлар иқтисодий фаоллигининг якуний мақсади бўлиб хизмат қилади. Ахборот жамиятида инсоннинг пировард мақсади олий фаолият ҳисобланади, пул эса креатив фаровонликни ошириш воситаси сифатида намоён бўлади.

9. Ижтимоий ўзаро таъсир. Ҳар қандай жамиятда иқтисодий фаолият ижтимоий ўзаро таъсирларга, яъни кишининг ўзаро жамоавий ҳаракатига асосланган ва бу ҳаракатлар натижасида уларнинг фаровонлиги ўзгаради. Индустриал жамиятда шахссиз ва билвосита пул муомаласидан келиб чиққан маҳсулот айирбошлаш шаклидаги ўзаро муносабатлар устунлик қилади. Ахборотлашган жамиятда ижодий меҳнат маҳсулининг ахборот алмашуви шаклидаги ижтимоий ўзаро таъсири устунлик қилади. Бу ўзаро таъсирлар шахслараро тавсифга эга бўлиб, тўғри (мисол учун мулоқот) ва билвосита маданият институтлари (мисол учун китоб ёзиш) га бўлинади.

10. Инсон модели. Индустриал иқтисодиёт назарияси “иқтисодий инсон” моделига, ахборотлашган иқтисодиёт назарияси эса “креатив инсон” моделига асосланган. Ушбу моделларнинг солиштирма таҳлили кейинги бўлимда кўриб чиқилади.

 

 

 

1.3. Ахборотлашган иқтисодиёт услуби

Иқтисодиёт ҳар қандай фан сингари тадқиқотнинг икки хил: хусусий ва умумий услубларидан фойдаланади. Иқтисодиёт фанининг услубиятини таҳлил қилиш учун замонавий фанлар тизимида иқтисодиётнинг ўрнини кўриб чиқиш лозим.

Тизим қисмларининг ўзаро таъсири ҳар қандай фаннинг муҳим тадқиқот объекти ҳисобланади. Механика физик жисмларнинг, кимё - моддаларнинг, биология - тирик организмларнинг, экология - инсон ва табиатнинг, фалсафа - материя ва онгнинг ўзаро таъсирини ва шунга ўхшашларнинг ўзаро таъсирини ўрганади. Агар турли фанларда элементларнинг ўзаро таъсири хусусияти ўхшаш бўлса, у ҳолда мазкур фанлар тадқиқотнинг умумий услубларидан фойдаланади. Масалан, тирик организм моддаларининг ўзаро таъсири уларнинг ўлик табиат билан ўзаро таъсири каби ўхшаш томонлари мавжуд. Бундай ҳолатда тадқиқотнинг умумий услубларидан фойдаланиш аралаш фан соҳаси - биохимиянинг пайдо бўлишига олиб келди.

Иқтисодиёт хўжалик субъектларининг товар ва хизматларни ишлаб чиқариш,тақсимлаш ва истеъмол қилишда ўзаро таъсирларини ўрганади. Бундай ўзаро таъсир хусусиятлари жамиятнинг ривожланиш даражаси билан белгиланади. Ибтидоий жамоа тузуми даврида инсонда биологик хусусиятлар устунлик қилган, шунинг учун ижтимоий ўзаро таъсир ўз қиёфасини йўқотган ва у моддалар алмашинуви хусусиятига эга (ҳам органик - кўпайишда, ҳам жисмоний - бирга меҳнат фаолияти пайтида) бўлган.Индустриал даврда ўзаро таъсир қўлда ишлаб чиқарилган моддий маҳсулотлар алмашинувининг устунлигида намоён бўлади, шу сабабли бундай жамиятда иқтисодий жараёнлар математик воситалардан кенг фойдаланадиган механиканинг услублари орқали муваффақиятли тавсифланади ва тадқиқ этилади. Индустриал иқтисодиёт механистик хусусиятига эга, яъни механистик иқтисодиётдан иборатдир. Ахборотлашган даврдаэса шахслараро хусусиятларга эга бўлган хўжалик субъектларнинг ўзаро таъсири ноёб шахслар ўртасида ижод фаолияти маҳсулотларининг бир-бирлари билан ахборот алмашинуви орқалиамалга оширилади. Бундай ўзаро таъсирлар анъанага кўра социология доирасида ўрганилади, бу эса мазкур фаннинг услублари ахборотлашган иқтисодиёт назариясида ҳам муваффақиятли фойдаланилиши мумкин деганидир. Шунинг учун ахборотлашган иқтисодиёт социологик хусусиятига эга, яъни социологик иқтисодиётни ифода этади. Иқтисодиёт фанида социология услубларини қўллаш доирасини кенгайтириш иқтисодиётни социологиялаштириш деб ном олди. Ушбу атамани россиялик ва америкалик социолог Питирим Сорокин(1889-1968 й.) фанга киритди.

 

 

 

 

 

 

 

 

2 – мавзу. «Креатив инсон» модели

 

2.1. Тарихий асослар

2.2. Табиий-илмий асослар

2.3. Психологик асослар

2.4.Институционал асослар

 

Ҳар бир иқтисодиёт назарияси асосида инсоннинг маълум бир модели – жамият ҳаёт фаолиятида унинг ҳулқ-атворини акс эттирадиган соддалаштирилган чизмаси ётади. Анънавий (либерал) йўналишдаги назариялар асосига шотландиялик иқтисодчи, файласуф олим А.Смит (1723-1790й.) бошчилигида яратилган ва неоклассиклар томонидан ривожлантирилган “иқтисодий инсон” модели қўйилган. Ахборот иқтисодиёти назарияси асосида “креатив инсон” модели ётади. Ушбу моделларнинг солиштирма таҳлилини ўтказамиз:

1. Тарихий асослар. “Иқтисодиёт инсони” модели индустриал даврнинг бошида яратилган, бу вақтда оддий меҳнат устун бўлган, товарларни айирбошлаш эса инсонлараро ўзаро ҳамкорлик сифатида асосий шакл бўлган. “Креатив инсон” модели ахборот даврининг бошида яратилган бўлиб, бу даврда иқтисодиётда ижодий меҳнат устун бўлган, инсонлараро ўзаро ҳамкорликнинг асосий шакли  сифатида маълумотларо алмашуви ўрин эгаллаган.

2. Табиий-илмий асослар. “Иқтисодиёт инсони” модели инглиз олими И.Ньютон (1643-1727 й.) механикаси гуллаб-яшнаган даврда яратилган бўлиб, у бир жинсли массаларнинг ўзаро таъсирини намоён қилади. Механикада эришилган ютуқлар ижтимоий фанларга ва авваламбор иқтисодиётга катта таъсир кўрсатди. Классик мактаб вакиллари И.Ньютон механикасининг қоидаларидан инсонлараро ўзаро ҳамкорликни моделлаштиришда фойдаланишди, яъни кишилар бир жинсли нарсалар сифатида кўриб чиқилди ва улар орасидаги ўзаро таъсир физик жисмларнинг тўқнаш келишига ўхшаш амалга оширилади деб қаралди. Бу ўзаро таъсирлар қатъий қонунлар асосида содир бўлади, лекин умуман олганда тартибсиз тавсифга эга. Шунинг учун қандайдир икки индивид ўртасидаги барқарор ўзаро таъсирнинг имкони мавжуд бўлмайди. “Иқтисодиёт инсони”ни тартибсиз равишда ўзаро таъсир қиладиган ва худди шундай шарчалар билан тўқнаш келадиган  шарчага таққослаш мумкин. Бир индивиднинг таъсир кучи бошқаларга нисбатан унинг моддий бойликлари ёки унинг “вазни”га қараб аниқланади. Инсоннинг бозор ҳукмронлиги қанчалик юқори бўлса, унга шунча кам инсонлар таъсир кўрсатади ва у энди бошқаларга кўпроқ таъсир кўрсата олиши мумкин бўлиб қолади. Механик тизимда физик жисмларнинг ўзаро таъсири классик мактабда иқтисодий рақобатнинг моделини намоён қилади. Шундай қилиб, “иқтисодиёт инсони”нинг модели механик хусусиятига эга.

“Креатив инсон” модели кейинги ўн йилликларда ижодий меҳнат устуворлиги, ҳамда инсонни ўзига хослигининг ўсиши натижасида инсонни бир жинсли физик жисм ҳолида кўриш мумкин эмаслиги натижасида барпо этилган. Инсоннинг ўзига хослиги, уни жамиятда алоҳида ўринга эгалиги ва худди организмда ҳар бир орган ўз вазифасига эга бўлгандай ўзига хос вазифага эга эканлигини англатади. Шунинг учун “креатив инсон” концепцияси органик хусусият касб этади. “Олий махлуқ” органларининг ўзаро таъсири жисмларнинг механик ўзаро таъсиридан жиддий фарқ қилади. Биринчидан, органлар орасида барқарор ва ҳаётий зарур ўзаро алоқалар ўрнатилади. Мос равишда, жамиятда ижтимоий ўзаро таъсирлар ўзининг тартибсиз характерини йўқотади. Иккинчидан, органлар орасидаги ўзаро таъсир антагонистик (муросасиз) тарзда эмас, балки ўзаро ҳамкорлик асосида, яъни бир орган касалланса бошқа органларга таъсир кўрсатадиган даражада амалга оширилади. Бунда энди иқтисодиётда рақобатчиликнинг классик тушунчаси йўқолади. Учинчидан, бир органнинг бошқа органларга бўлган таъсир кучи объектив шароитлар билан берилган бўлиб, у ёки бу томонга ўз холича ўзгара олмайди. Бу таъсир кучини бирор бир кўрсаткич билан ўлчаб бўлмайди, уни фақат шу органнинг ноёб хусусиятлари, яъни шахсий даражаси билан аниқлаш мумкин. Бу дегани, шахснинг ижтимоий аҳамияти унинг бойлиги билан эмас, балки шахсий сифатлари билан белгиланади.

3. Психологик асослар. Немис психологи, социологи, файласуфи Эрих Фроммо (1900-1980 й.) фикрига асосан, олимлар инсонни икки асосий: бозорга хос ва самарали йўналишни белгилайдилар. Бозор йўналиши ёки эгалик йўналиши, “иқтисодий инсон”га жавоб беради. Шахснинг кучи, тиришқоқлиги ўз шахсини ўзгартиришга эмас, балки ҳаёт фаолиятининг ташқи моддий шароитларини ўзгартиришга қаратилади. Унинг учун фақат хусусий мулкка айлантириш мумкин бўлган объектлар қимматга эга бўлади. Инсон “бўлиш” эмас, “эга бўлмоқ” қоидасига амал қилади. Самарали йўналиш ёки борлиқка мўлжал олиш “креатив инсонга” жавоб беради. Инсоннинг ҳамма ҳаракатлари ижод фаолиятида ўз шахсининг ўсишига қаратилган бўлади. Яшаш фаолияти ташқи шароитларининг ўзгариши ҳам шу мақсадга бўйсундирилади. Бунда фаолиятнинг моддий ёки бошқа турдаги пировард натижалари эмас, балки ижод жараёнининг ўзи унинг учун қадр – қимматга эга бўлади. Инсон “эга бўлмоқ” эмас, “бўлиш” қоидасига амал қилади.

4. Институционал асосларҲар бир жамиятда тарихан инсоннинг унга хос бўлган хулқи ҳақидаги асосий тасаввур қарор топади. Индустриал даврда инсонлараро ўзаро ҳаракатнинг устувор шакли маҳсулот айирбошлаш бўлган, шунинг учун инсонлар бир-бирига нисбатан антогонистик муносабатда бўлишган. Жамиятда индивидуализм фалсафаси ҳукумронлик қилади вау «иқтисодий инсон» моделининг институционал базасини ташкил этади. Бу фалсафа қуйидагилардан иборат. Биринчидан, инсон доимо мустақилликка интилади. Бунга қаршилик кўрсатадиган жамият жараёнлари зарарли деб қабул қилинади. Классиклар томонидан танқид қилинган давлатнинг иқтисодиётга аралашуви бунга мисол бўла олади. Иккинчидан, фақат инсоннинг ўзи унинг учун нима неъмат ёки неъмат эмаслигини белгилаши мумкин. Жамият ҳаттоки, масалан, инсон атрофдагиларга зарар бўлган алкогол ичимликларини ичиб ёки тамаки чакиб ўзининг соғлиғига зиён етказган тақдирда ҳам унинг танлов эркинлигини чегаралаши мумкин эмас. Учинчидан, инсон рационал ҳатти-ҳаракат қилади, яъни у турли ҳолатларда бир неча муқобил танловдан ўзи учун энг мақбулини танлаб олиши мумкин. Шундай қилиб, “иқтисодий инсон” максимал даражадаги хулқ-атвори билан тавсифланади. Тўртинчидан, инсонларнинг афзал кўришлари турлича бўлгани учун, ягона жамият мақсади ҳақида фикр юритиб бўлмайди. Шундай қилиб, турли йўналишларда ҳаракат қилувчи бир-биридан ажралган индивидларнинг таъсири остида жамият ривожланиши амалга оширилади.

 

 

 

 

3- мавзу.Интернетда бизнес юритишнинг ташкилий-ҳуқуқий ва иқтисодий жиҳатлари

 

 

      3.1.      Интернет - бизнес

      3.2.      Интернет бизнесда риск ва кафолат муаммолари

 

 

3.1. Интернет  - бизнес

Даставвал интернетдан хизмат билан боғлиқ бўлган юқори тезлик ва катта ҳажмдаги маълумотлар билан алмашиш муҳити сифатида фойдаланиш режалаштирилган бўлиб, унда талаб этилмаган маълумотни тўғридан-тўғри тарқатиш (direct mail), яъни талаб этилган ва талаб этилмаган маълумотларни биргаликда тарқатиш кўзда тутилмаган. Бошқа бир томондан, Интернет тармоғида жойлаштирилган ихтиёрий равишда кириш тартиби, ҳар қандай фойдаланувчи билан веб-саҳифалардаги исталган ахборотга мурожаат этиш имконини беради. Кейинчалик, бу ҳолат “тармоқ одоб-ахлоқ қоидалари”нинг яратилишига олиб келди.Унга кўра, талаб этилмаган маълумотни юборишдан олдин қабул қилувчидан рухсат сўраш кераклиги зарурат қилиб қўйилди.

Замонавий Интернет бу бир вақтнинг ўзида ҳам оммавий ахборот воситаси ҳам коммуникация (электрон почта, хизматга оид коммуникация дастурлари, Интернет-телефон, видеоконференциялар) воситасидир. Интернет ҳисоблаш, ҳамда ахборот виртуал компьютер тармоқларини яратиш имконини беради, шу билан бирга ўзи хам глобал тармоқ ҳисобланади. Интернет фақатгина коммуникация воситаси бўлибгина қолмасдан, у ҳақиқий вақт режимида мулоқот қилишга имконият берадиган, аудио ва видео маълумотларни алмашиш орқали электрон конвергенцияни шакллантирадиган, сотувчи ва харидор ўртасидаги акс таъсирни ташкиллаштирувчи интерфаол муҳит ҳам яратади.

Воситачилар мижозларнинг ҳақиқий эҳтиёжларини аниқлайдилар, келгусида имконият мавжуд бўлган келишувлар ҳақида маълумотлар берадилар, томонлар ўртасидаги алоқани таъминлаб, келишувларни ташкиллаштириш бўйича маълум операцияларини бажарадилар. Транзакциялар қиймати нархларининг паст даражада бўлиши глобал ахборот тармоғи - Интернет қамраб олган бутун дунё воситачилик бозорининг кескин  кенгайишига олиб келади.

Замонавий ахборот воситачилари, мисол учун, маълум буюртмачилар учун каталоглар яратиш, фаол операцияли кичик бозорларни ташкил этиш, ахборот тизимлари рейтингларини тузиш ва Web-алоқа воситаларида реклама самарадорлигини баҳолаш билан шуғулланишлари мумкин.

Интернет – бизнес хизматларига бўлган талаб E-business-инкубаторлари пайдо бўлишига олиб келди, улар нафақат ўзларининг серверларида жой ажратишни, балки савдо бўғинини (расмийлаштиришнинг стандарт андозалари, SSL протоколи ёрдами, ҳисобот ва инвентаризация тизимлари ва ҳакозолар) ташкиллаштиришни қўллаб-қувватланишини ҳам таклиф этдилар (ўз серверларидан жой берадиган ва савдо бўғинини ташкил этишда бепул хизматлар тақдим этувчи   E-business инкубаторлари – Bigstep.com, Freemarchant.com, eCongo). Bigstep инкубатори шароитида хизмат кўрсатиш ишларибўлимларга ажратилган бўлиб, улар ўз навбатида вазифа-операцияларга ажратилади. Одатда оддий - савдо сайтини лойиҳалаштиришнинг асосий варианти, ҳамда янада оригинал дизайн турларини таклиф қилувчи нисбатан мураккаб вариантлар ҳам таклиф этилади. Амалга оширилган ишлар автоматик равишда фойдаланувчининг To-Do Listига кўчирилади, бу эса ўз навбатида  тўлдирилган саҳифаларнинг сақланишини таъминлайди.

Бепул сервисли Freemarchent инкубатори рекламаларни ижарага олинган сайтларга  жойлаштиришга рухсат беради ва намойиш этишни ташкиллаштиришга кўмаклашади, бунда тизим ичидаги виртуал магазинлар орасидан баннерлар алмашинуви рағбатлантирилади, рекламадан олинган даромадларнинг ярми эса виртуал магазинлар эгаси ҳисобига ўтказилади.

АҚШда истиқомат қилувчи истаган киши биринчи миллий виртуал банк (CompuBank)да ҳисоб очиб, ўз савдо ҳисоб варағидан фойдаланиши мумкин. Ушбу банк Freemerchantнинг ҳамкори ҳисобланади, бу эса тўлов ва  харидларни амалга ошириш  имконини беради. Freemerchant функциялари етакчи қидирув тармоқларида автоматик равишда рўйхатдан ўтиш, электрон почта орқали ахборот бюллетенлари, товар каталоглари(MS Excel, Paradox, dBase, Lotus ва FoxPro форматида), ҳисоб-варақлари (Intuit Quickbooks форматида) юборилишини таъминлайди. eBay  аукционларига eBay Export ва eBay Push функцияларини бажариш орқали товарларни олиб чиқиш ҳам мумкин бўлади.

eCongo инкубатори, ўз бизнес-инкубаторларини мустақил равишда ташкиллаштиришни истаганлар учун  Free Commerce Builder пакетини таклиф қилади ва бундан ташқари 1000тагача фойдаланувчиларни сайтда тўловсиз қўллаб-қувватланишига рухсат беради.

 

3.2. Интернет бизнесда риск ва кафолат муаммолари

Инсон омили билан боғлиқ бўлган рисклар.Ахборот тизимларининг қарор қабул қилиш имкониятлари катта бўлиб, уларнинг пировард натижага бўлган таъсири ортганда, тасодифий омиллар ҳам ҳисобга олиниши лозим бўлади, бу ўз навбатида ахборот тизимининг заифлигидан эмас, балки бу тузилма бошқарувида инсон омилининг мавжуд бўлганлиги туфайли рўй беради. Ахборот тизимларига авввалдан бўлган ишонч туфайли ахборотни қайта ишлаш жараёни натижаларига шубҳа қолмаган бўлсада, аммо бу ҳар доим ҳам ўзини оқламаслиги эндиликда маълум бўлди.

Одатда кишилар камчиликларни яширишга ва ютуқларни бўрттириб кўрсатишга мойил бўладилар, бу эса ўз навбатида маълумотларни киритишнинг барча тизимларида кўпгина хатоликларга олиб келади. Шунинг учун текширув ва верификация (солиштириш)лар нафақат инсоннинг, балки ахборот тизимини назорат қилиш тизимида ҳам ташкиллаштирилиши лозим. Афсуски, назорат ва верификация вазифаларини ахборот тизими даражасига киритиш самарасиз ўтказилади ёки умуман рад этилади. Барча назорат ишлари инсонларга топширилади, аммо бунда энди инсонларнинг келишуви натижасида маълумотлар асл мазмунининг йўқотилиши, ўзгартирилиши хавфи мавжуд бўлади.

Бундан ташқари, раҳбарлар томонидан ахборот тизимига рухсат этилмаган (хатто рухсат этилган) ўзгартиришлар киритиш, уни модификация қилиш ушбу тизим ичида ишнинг тўхташига олиб келади. Бошқарувнинг ахборот тизимларидаги ишнинг бундай тўхтаб қолиши билан корхоналардаги фирибгарлик даражаси ўртасида ижобий корреляция (боғлиқлик) мавжудлиги аниқланган.

Ҳар бир компанияда қайдномалар журнали юритилиши лозим ва бу каби журналларда Интернет тармоғида олиб борилган барча операциялар акс этиши ва керак бўлганда амалга оширилган операциялар ҳисоботини олиш имконияти бўлиши лозим. Ходимларда улар бирор хатоликка йўл қўйганда ёки тизим ишдан чиққанда, тизимга рухсатсиз кирилганда ва ҳужум бўлган ҳолатларда, бажарилган ишлар, амаллар ҳақида материаллар бўлиши керак.

Компания томонидан бошқа интернет - фойдаланувчиларга хизматларни таклиф қилиш учун, одатда, маршрутизаторлар ва шлюзлар билан маҳаллий тармоқдан ажралиб туриладиган ташқи компьютер-сервер ўрнатилади. Барча қимматли маълумотлар маҳаллий ва глобал тармоқлардан алоҳида бўлган мустақил  компьютерларда сақланиши лозим. Маҳаллий  тармоқлар маршрутизатор ёки шлюзларда ўрнатилганбрандмауэр-дастури билан Интернетдан ажратилган бўлиши шарт ҳисобланади.

Ташкилий рисклар. Ахборотлашган бизнес кўплаб ташкилот ва фирмалар қўллаб-қувватлайдиган глобал тармоқда олиб борилмоқда ва шак-шубҳасиз унинг фаолияти бизнеснинг ривожланишида катта аҳамият касб этади.

Провайдерлар билан тузиладиган шартнома шартлари провайдерлар ёки бошқа шахслар томонидан компаниянинг инсайдерлик ахборотлари (айниқса, молиявий ва мижозлар ҳақидаги маълумотлар)дан фойдаланилмаслигини таьминлаши лозим. Провайдер компаниянинг интеллектуал мулкидан фойдаланиш учун ундан рухсат беришни талаб этмаслиги, компаниянинг домен номи компания номига ўтказилган бўлиши керак. Шартнома шартлари трафикни таъминлашда унда белгиланган техник талабларнинг бажаралишини кафолатлаши керак.

 

 

 

 

4 – мавзу. Ахборотлашган бизнесда этика ва қонунийлик

 

4.1. Ахборотлашган бизнесда этика

4.2. Ахборотлашган бизнесда қонунийлик

 

 

4.1.  Ахборотлашган бизнесда этика

Тармоқ этикети қоидалари. Даставвал,  Интернетнинг  асоси бўлиб хизмат қилган АҚШ Миллий илмий фонди мавжуд бўлган бир пайтда ташкил қилинган NSFNet  тармоғида, у томонидан “қабул қилинган фойдаланиш қоидалари” деб номланган қоидалар яратилган эди. Тармоқдан фойдаланувчилар учун асосий талаблардан бири - ундан тижорат мақсадларда фойдаланишнинг таъқиқланганлиги бўлган. Ҳозирги кунда АҚШда ушбу тармоқдан давлат ташкилотлари, нотижорат ташкилотлар ва ўқув масканлари фойдаланиб келмоқда. Аммо бу қоидалар эндиликда Интернетда ошкорсиз равишда бундай ҳатти-ҳаракатнинг кодекси – “тармоқ этикети қоидалари” (netiquette) деб юритилади.

Қоидабузарларни тармоқнинг ўзи, яъни ушбу субъектнинг ҳатти-ҳаракатларидан норози бўлган тармоқ фойдаланувчилари жазолайди. Бу каби қоидалар тармоқ фаолияти тажрибасидан келиб чиққан ҳолда шаклланади. Улар узлуксиз равишда ўзгартирилади ва қўшимчалар киритиб турилади. Фойдаланувчининг фаолиятига зарар келтирадиган барча нарсалар, уларга қийинчиликлар туғдиради ва ортиқча вақт сарф бўлишига олиб келади,  натижада билиб ёки билмай бу каби муаммоларни келтириб чиқарувчи қоидабузарларга нисбатан салбий муносабатни шакллантиради.

Интернет макондаги фаолият мутлақо  қонуний бўлиши мумкинми? Ҳар қандай Интернет-компанияси фаолияти бутун дунё бўйлаб амалга оширилар экан, илгари мавжуд бўлмаган ва кўриб ўтилмаган муаммолар юзага келади. Глобал ахборот маконида ишлаш жараёнида, турли давлат шахслари ўртасида хорижий элементлардан ташкил топган муносабатлар ўрнатилади. Яъни, элементлар – объектлар (сайтлар, Web-саҳифалар, дастурий маҳсулотлар ва ҳ.к.) ташқаридан (яъни давлат чегараларидан ташқари) салбий таъсир қилади, бу каби муносабатлар иштирокчиларининг ўзлари ҳам ҳар хил давлат рўйхатида бўладилар. Бунда, агар, бу мамлакат халқаро битимлар аъзоси бўлса, ушбу мамлакат миллий қонунчилиги муросага келишни халқаро битимлар зиммасига қўйиши мумкин, албатта. Акс ҳолда, жабр кўрган мамлакат суди, ўз маҳаллий қонунларига биноан, қоида бузган шахсга ёки ташкилотга нисбатан чора кўради.

Глобал тармоқда фаолият юритадиган ҳар бир иштирокчи маълум бир мамлакат қонунчилиги унга нисбатан қандай муносабатда бўлишини билмаслиги табиий ҳол. Глобал тармоқда фаолият юритиш натижасида вужудга келадиган муносабатлар бўйича қонунчилик масалалари ҳозирда ҳали очиқ қолмоқда. Глобал тармоқда бўладиган қоидабузарликларга ҳозирча жамият, ишбилармонлар ва ҳукумат аъзолари етарлича эътибор қилмаяптилар десак, муболаға бўлмайди.

Аммо вақт ўтиши билан кишилар ахборотлашган муҳитда содир этилган қоидабузарликларга нисбатан қонуний жазо қўлланилишининг аҳамияти катталигини англаб етмоқдалар. Вақти келиб, келгусида глобал ахборотлашган муҳитда андишасизликка ўрганган сайт ва компания эгалари учун оғир дамлар келишини англаш муҳимдир. Ахборотлашган маконнинг барча юрисдикцияларида тўла қонунийлик таъминланишига эришиш кўп вақтни талаб этади.

Интеллектуал мулк ҳимояси. Интеллектуал фаолият натижасини фақат қонунан ҳимояланган тақдирдагина интеллектуал мулк қаторига қўшиш мумкин бўлади. Бундай қонуний ҳимоялаш ихтиро, бирор модель, индустриал намуналар, селекция ютуқлари, санъат ва адабиёт, фан ва бошқа турдаги муаллифлик ва ўзаро боғлиқ бўлган ҳуқуқлар, дастурий маҳсулот, маълумотлар базаси, (чизма, тузилма) интеграл микросхемалар топологияси ва шу кабиларга нисбатан қўлланилади. Юқорида санаб ўтилган объектларига нисбатан мулк ҳуқуқлари айланма характерга эга бўлиб, улар муаллифлик, лицензия ва бошқа турдаги мулк ҳуқуқлари битимлари асосида берилади.

Интеллектуал мулклар объектининг бирор қонун билан ҳимояланмаганлиги унинг бирор кучга эга эмаслигини ва бирор ҳуқуқий муносабатларда тан олинмаслигини билдиради, чунки интеллектуал фаолият натижасини ўзлаштириш ва бошқа индивидуал шахслар томонидан фойдаланиш тўғрисадига қонунларнинг мавжуд эмаслигини билдиради. Интеллектуал мулкнинг қонунан ҳимояланганлиги, бу ҳуқуққа эга бўлган шахснинг маълум алоҳида ҳуқуқларга эга эканлигини ва интеллектуал мулкнинг тан олинганлигини англатади. Бу эса қатор ҳолатларда, қонун чиқарувчилар учун интеллектуал мулк объектларини алоҳида ҳуқуқ объектлари деб қарашга асос бўлади.

Интеллектуал мулк объектларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунлар МДҲ мамлакатларининг аксарият қисмида ҳозирги кунда мавжуд бўлиб, улар келажакда бу масалада қонуний ҳимояни таъминлайди. Айниқса, МДҲ мамлакатлари билан хўжалик ва бошқа муносабатларни олиб борувчи мамлакатлар, интеллектуал фаолият натижаси ҳимояси ва ўзига хос ўзаро ҳуқуқий муносабатларнинг мустаҳкамланишига катта эътибор билан қарайдилар.

Глобал тармоқ иштирокчилари фақатгина фан ютуқлари, адабиёт, санъат асарларини муаллифлик ҳуқуқи деб ҳисобламай, балки аудио, видеоматериаллар, дастурий таъминот, маълумотлар базаси ва билимни ҳам интеллектуал мулк сифатида тан олиб, уларни ҳимоя қилишни лозим деб ҳисоблайдилар. Айнан аудио, видеоматериаллар, дастурий таъминотлар, маълумотлар базаси ва билимлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш Интернетда самарали бизнес юритишни таъминлайди. Мазкур ҳуқуқлар керакли тарзда расмийлаштирилиши учун интеллектуал мулк объектлари реал, объектив бўлиши ва шунга мос равишда  рўйхатга олиниши керак. Юқорида келтирилганлардан маълум бўлдики, расмийлаштириш ва рўйхатдан ўтиш босқичидан ўтмаган интеллектуал мулк объектлари (ғоялар, услублар, жараёнлар, кашфиётлар ва ихтиролар) муаллифлик мулки объектлари ҳисобланмайди.

Агар муаллифлик ҳуқуқи объекти компиляция материали бўлса, яъни маълум муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган бир қатор объектлар тузилмавий бўлса, ўша компиляция ҳам муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланади. Ҳақиқатда, эндиликда фақат тузилмавий усулга қўшимча ҳуқуқлар талаб этилиши ва илгари ҳимоя қилинган материални тақдим этиш мумкин бўлади. Айтиш жоизки, муаллифларнинг тегишли рухсатисиз материаллар ва расмлардан нусха кўчиришига йўл қўйилмайди. Шунинг учун, материаллардан фойдаланишга рухсат берилган тақдирда ҳам, келажакда бўлиши мумкин бўлган даъволарнинг олдини олиш мақсадида, уларни тақдим этиш ва тузилмалаштиришнинг ўз услубидан фойдаланиш лозим. Агар компиляцияда оммавий фойдаланишга тақдим этилган материаллар бўлса, унда муаллифлик ҳуқуқи фақатгина уларнинг тақдим этилиш усули ва ташкил қилинишига нисбатан қўлланилади.

 

4.2. Ахборотлашган бизнесда қонунийлик

Шартнома ва келишувларни тузиш. Шартномалар ҳар қандай мамлакатнинг қонунчилигида кўзда тутилганидек, ёзма равишда ва қонунга асосланган тарзда амалга оширилади. Аммо агар томонлар қаршилиги бўлмаса, шартнома оғзаки равишда амалга оширилиши ҳам мумкин.

Кейинги вақтларда электрон келишув ва шартномалар сони кескин кўпайиб кетмоқда. Бу каби келишувлар ва транзакциялар стандартлаштирилган “Электрон маълумот алмашинуви” ёки EDI деб номланади. Кўпинча, бу каби стандартлаштирилган ҳужжатлар (ҳужжатлар шакли) мажбурий ҳисобланмайди ва кўпинча қонун томонидан тан олинмайди. Аммо, агар томонлар қаршилик билдирмаса, бу каби шартнома ва келишувлар қўлланилиши мумкин, шу билан бирга шартномада қайси қонунчиликдаги ҳуқуқий - меъёрий ҳужжатларга асосланиб иш тартиби амалга оширилиши кўрсатилган бўлиши керак. Ғарб амалиёти шуни тақозо қиладики, электрон шаклда амалга оширилган шартномалар, унинг матнлари электрон (рақамли) имзо билан тасдиқланган бўлса, бундай электрон кўринишдаги ҳужжат ёзма ҳужжат ҳисобланади. Чунки электрон (рақамли) имзо бўлмаса, томонларнинг розилигисиз ўзгартиришлар киритилиши мумкин. Электрон имзо ҳужжатнинг аввалги ҳолати сақланишини таъминлайди.

Ҳозирда қатор мамлакатларда тўловларни электрон тартибда (онлайн) ўтказишнинг (транзакциялар) тизими, қоидалари ва электрон имзо тўғрисида қонунлар қабул қилинган. Баъзи мамлакатларда маълумотларни электрон (онлайн) ўтказишнинг турли шакллари ва битимларни электрон шаклда расмийлаштиришнинг усуллари тўғрисида қонуний ҳужжатлар мавжуд.  

Маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи чакана фирмалар дастурий таъминот, аудио- ва видеоматериаллар, компьютер уйинлари ва бошқа маҳсулотларни электрон шаклда таклиф этганда, унга ўша материалдан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни қўшиб тақдим этадилар. Одатда, бу лицензия кириш коди ёки бошқа шаклда маҳсулотнинг ўрами ичида жойлаштирилади. Бу каби фойдаланиш ҳуқуқини топшириш усули келишувнинг шартнома шакли ҳисобланади. Қадоқланган маҳсулотни сотиб олувчи мижоз ишлаб-чиқарувчи фирма билан де-факто, де-юре келишувини амалга оширади. Истеъмолчиларнинг таклиф этилаётган маҳсулотни очиб кўрмасдан, келишувларни амалга оширишлари эса унга нисбатан шубҳа туғдиради. Маҳсулот очилгунча сотиб олувчига маҳсулотдан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи лицензия ва шартноманинг шартлари ноаниқ бўлади, бу маҳсулотни очиб, у билан танишиб чиққандан кейин эса маҳсулотдан воз кечиш имконияти бўлмайди. Бу каби амалиёт одатда ноқонуний ҳисобланади. Аммо ахборот технологиялари индустриясида қадоқланган маҳсулотлар бўйича шартномалар асосида маҳсулотларни харид қилиш йилдан-йилга кенгайиб бормоқда ва келажакда бунинг мақбул ечими топилишига умид қилинади.

 

 

 

 

5-мавзу. Интернет  компанияларни ривожлантиришдаги қийинчиликлар, Ўзбекистонда Интернет-бизнес юритишнинг ташкилий ва ҳуқуқий асослари

 

5.1. Интернет  компанияларни ривожлантиришдаги қийинчиликлар

5.2. Ўзбекистонда Интернет-бизнес юритишнинг ташкилий ва ҳуқуқий асослари

 

5.1. Интернет  компанияларни ривожлантиришдаги қийинчиликлар

Ахборотлашган иқтисодиётда реинжиниринг муаммоси. Маълумки, менежмент фақатгина яратилган ишлаб чиқариш тузилмасини маҳсулотларни етказиб бериш, сотиш, ходимларни тўғридан-тўғри тезкор бошқаришдан иборат бўлмай, балки бизнес-жараён тўпламининг барча  механизмларини узлуксиз қайта ташкил этишни ва кўзда тутилган чора-тадбирларнинг амалга оширилишини назорат қилиб бошқаришни ҳам ўз ичига олади. Бозорда мустаҳкам ўрин эгаллашга интилган ташкилот ва компаниялар келгусида бажарилиши лозим бўлган бизнес-жараёнларни режалаштиришлари, ўрта ва узоқ истиқболга мўлжалланган кўплаб лойиҳаларни ривожлантиришлари керак бўлади.

Ахборот технологиялари, бир томондан, бошқариш жараёнини, режалаштириш ва башоратни осонлаштиради, аммо шу билан бирга, юқори малакали кадрлар бўлишини талаб этади (компанияда ходимларни бошқариш масаласи кейинги бобларда батафсилроқ кўриб ўтилади). Шунинг учун компанияда юқори технологик даражага эга бўлган малакали кадрларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилади. Компанияда ходимларни  ўқитиб, уларда маълум бир малака, кўникмалар ҳосил қилиш мураккаб жараён, чунки янги ишга олинган ишчилар тажриба тўплагунга қадар анча маблағ ва вақт сарфланади, улар бизнесни янги муҳитда ўрганишлари ва унга кўникишлари керак бўлади.

Худди шундай, фойдаланувчиларнинг ноодатий сайтларга қизиқиши кескин камайиши мумкин, чунки доимо навбатдаги янгиликларни таклиф этувчи рақобатчиларнинг пайдо бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Бундан ташқари, масалан, провайдернинг техник заифлиги, тезкор равишда ишга қабул қилинган ходимнинг паст малакага эга эканлиги ва бошқа сабаблар талабнинг тушиб кетишига олиб келади.

Кўпгина Интернет воситачилар кенг қамровли бизнес юритишга тайёргарлиги етарли даражада бўлмаган кишилардан иборат бўлиб, Интернет бизнес билан боғлиқ бўлган корхоналарнинг раҳбарлари кўп ҳолларда бундай сайтларни яратувчиларига ортиқча ишонч билдирадилар. Шунинг учун фаолият миқёсининг ошиши билан стратегиядаги камчиликлар, бозорда етарлича ўйланмаган сиёсат, ресурсларнинг йўқотилишига, бизнеснинг ахборот ташкил этувчисига сарфланган маблағларнинг самара бермаслигига олиб келади. Гап, ахборотлашган бизнеснинг мазмун моҳиятини етарлича тушунмайдиган эски авлод ўрнини эгаллайдиган замонавий ходимларнинг ҳозирда етишмаслиги ҳақида бормоқда. Соф техник жиҳатлар билан қизиқадиган ёшлар ҳали бозорда оқилона ва малакали фаолият юритишга ўзларини тайёрлай олганлари йўқ.

 

5.2. Ўзбекистонда Интернет-бизнес юритишнинг ташкилий ва ҳуқуқий асослари

Бугунги кунда ҳар қандай давлатнинг ривожланиши, унинг жаҳон ҳамжамиятида тутган ўрни ушбу мамлакатда ахборот коммуникация технологиялар хизматларининг ривожланиш даражаси, аҳолининг турли гуруҳлари томонидан улардан  фойдаланишдаги имкониятларига бевосита боғлиқ.

Шу ўринда айтиш жоизки, мамлакатимизда мустақиллик йилларида хизмат кўрсатиш соҳаси йилдан-йилга жадал суръатларда ўсиб борди, жумладан, 2014 йил якунларига кўра, кўрсатилган хизматлар ҳажми 15,7 фоизга, уларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши эса 2000 йилдаги 37 фоиздан 54 фоизга ўсди. Мобиль алоқа, юқори тезликда ишлайдиган интернет, кабелли телевизион алоқа, масофавий банк хизматлари, қишлоқ хўжалиги техникаси, автомобиллар ва технологик ускуналарни таъмирлаш ва уларга хизмат кўрсатиш каби замонавий юқори технологиялар асосидаги хизмат турлари аҳоли ўртасида тобора оммалашиб бормоқда.  Сўнгги беш йилда анъанавий маиший ва коммунал хизматлар улуши 16 фоиздан 9,5 фоизга тушди, юқори технологиялар асосидаги хизматлар улуши эса 21,2 фоизга қадар кўтарилди.  Юқори технологияларга асосланган хизматлар орасида кейинги йилларда алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари бошқа соҳаларга нисбатан жадал ривожланаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ушбу хизматлар ҳажми сўнгги беш йилда 3,3 баробар, ўтган йили эса 24,5 фоизга ўсди. 

Мамлакатимизда интернетдан фойдаланувчилар сони йил сайин кўпайиб бормоқда. Бугунги кунда улар 10 миллион 200 минг кишидан ошди ёки мамлакатимиз аҳолисининг учдан бир қисмини ташкил этмоқда. Республикамизда интернетнинг ўтказувчанлик даражаси 4 баробар оширилди, интернетга уланиш тезлиги эса 1,5 марта ортди. Шу билан бирга, ундан фойдаланиш нархи 2013 йилга нисбатан 11,6 фоизга камайди. 

Иқтисодиётимиз ва жамиятимиз ҳаётида ахборот-коммуникация технологияларининг алоҳида ва муҳим ўрин тутишини ҳисобга олиб, 2013 йилда 2013-2020 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш комплекс дастури қабул қилинди. Ушбу дастур доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар 2014 йилда мамлакатимизда барча автомат телефон станцияларини рақамли тизимга ўтказишни якунлаш учун замин яратди. Бу эса халқаро ахборот тармоқларидан фойдаланиш тезлигини сезиларли даражада ошириш имконини берди. 

Охирги йиллар мобайнида давлат органларини компьютер техникаси билан таъминлаш, маълумотларни локал ва корпоратив даражада узатиш, Интернет тармоғига уланиши (ҳозирда барча давлат органлари бундай имкониятга эга) бўйича анчагина ижобий йўналишдаги ишлар амалга оширилди. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, охирги 10 йил давомида Ўзбекистон Республикаси электрон ҳукуматни ривожлантириш бўйича катта натижаларга эришди. Бу борада (14 тадан кам бўлмаган) бир қатор муҳим қонунлар қабул қилиндики, улар электрон ҳукуматнинг жадал суръатларда ривожланишига туртки бўлди.

Электрон ҳукуматни ривожлантириш жараёнида маълумотга бой ресурслар ва давлат органлари тизими яратиладики, бунда электрон хизматлар фаолияти ягона давлат порталидан (бунга интерактив давлат хизматларининг ягона реестрини яратиш ҳам киради) амалий жиҳатдан олиб борилиши таъминланади ва сайтга жойлаштириш бўйича кенг кўламдаги ишларни амалга ошириш имкониятлари яратилади. Аммо бу хизматларни амалга ошириш, яъни маълумотларни тақдим этиш фақат бир йўналишда, яъни давлатдан – фуқароларга томон шаклида ҳам амалга оширилиши мумкин. Албатта, бу муҳим аҳамиятга эга, аммо бу бундай турдаги хизмат кўрсатишнинг етуклиги даражаси (беш даражали кўрсаткич бўйича) нуқтаи назаридан фақатгина унинг бошланғич босқичи шаклига мос келади.

Ҳозирги вақтга келиб Ўзбекистонда АКТларини татбиқ этиш ва ривожлантиришга бир қатор қонунлар, президент қарор ва фармонлари, ҳукуматнинг қарор ва фармойишлари, давлат ва тармоққа оид стандарт ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилиб келмоқда. Буларга Ўзбекистон Республикасининг “Алоқа”, “Электрон ҳужжат айланиши”, “Электрон рақамли имзо”, “Телекоммуникациялар”, “Ахборотлаштириш”, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги”, “Тижорат сири” тўғрисида ва бошқа қонунларни, президентимизнинг ўнлаб қарор ва фармонларини, ҳукуматимизнинг бир қатор қарор ва фармойишларини келтириб ўтишимиз мумкин (дарслик иловасида келтирилган).

Жумладан,  Ўзбекистон Республикасининг “Ахборотлаштириш” тўғрисида қонунида айтилишича,  ахборотлаштириш — юридик ва жисмоний шахсларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжларини қондириш учун ахборот ресурслари, ахборот технологиялари ҳамда ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда шароит яратишнинг ташкилий, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-техникавий жараёни ҳисобланади.Ушбу Қонуннинг мақсади ахборотлаштириш, ахборот ресурслари ва ахборот тизимларидан фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.

Ахборотлаштириш соҳасидаги давлат сиёсати ахборот ресурслари, ахборот технологиялари ва ахборот тизимларини ривожлантириш ҳамда такомиллаштиришнинг замонавий жаҳон тамойилларини ҳисобга олган ҳолда миллий ахборот тизимини яратишга қаратилган. Мазкур қонунда ахборотлаштириш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат деб белгилаб берилган:

- ҳар кимнинг ахборотни эркин олиш ва тарқатишга доир конституциявий ҳуқуқларини амалга ошириш, ахборот ресурсларидан эркин фойдаланилишини таъминлаш;

- давлат органларининг ахборот тизимлари, тармоқ ва ҳудудий ахборот тизимлари, шунингдек юридик ҳамда жисмоний шахсларнинг ахборот тизимлари асосида Ўзбекистон Республикасининг ягона ахборот маконини яратиш;

- халқаро ахборот тармоқлари ва Интернет жаҳон ахборот тармоғидан эркин фойдаланиш учун шароит яратиш;

- давлат ахборот ресурсларини шакллантириш, ахборот тизимларини яратиш ҳамда ривожлантириш, уларнинг бир-бирига мослигини ва ўзаро алоқада ишлашини таъминлаш;

- ахборот технологияларининг замонавий воситалари ишлаб чиқарилишини ташкил этиш;

- ахборот ресурслари, хизматлари ва ахборот технологиялари бозорини шакллантиришга кўмаклашиш;

- дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш ривожлантирилишини рағбатлантириш;

- тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, инвестицияларни жалб этиш учун қулай шароит яратиш;

- кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, илмий тадқиқотларни рағбатлантириш.

 

 

 

6-мавзу. Электрон ҳукумат,унинг ривожланиш босқичлари Ўзбекистонда

6.1. «Электрон ҳукумат» тизимини шакллантириш бўйича Концепция ва Комплекс дастурлари.

6.2. Юридик ва жисмоний шахслар ўртасидаги электрон ахборот муносабатларининг самарали ривожлантириш йўллари.

 

6.1. «Электрон ҳукумат» тизимини шакллантириш бўйича Концепция ва Комплекс дастурлари.

 

«Электрон ҳукумат» бугунги кунда жаҳонда, шу жумладан Ўзбекистонда кенг ривожланаётган тизим бўлиб, у фуқаролар, бизнес вакиллари, давлат ҳокимияти органларига ахборот тақдим этиш ҳамда аввалдан шаклланган давлат хизматларини кўрсатишни ўз ичига олади ҳамда давлат ва аризачи ўртасидаги шахсий алоқани минималлаштириб, ахборот технологияларидан максимал даражада фойдаланишни кўзда тутади.

Бу тизим давлат тузилмаларини бошқаришни, давлат ва тадбиркорлар ўртасидаги алоқани мустаҳкамлаш орқали бизнес жараёнларини самарали ривожлантиришни таъминлабгина қолмай, фуқароларга давлат хизматларини Интернет орқали ҳаммабоп интерактив шаклда тақдим этиш имконини ҳам яратади.

Мамлакатимизда интерактив давлат хизматларини аҳоли ва юридик шахсларга давлат органлари веб-сайтлари ва республика ҳукумати портали ор-қали тақдим этиш учун ахборот-коммуникация технологиялари жорий этиш кенг йўлга қўйилган. Ана шу мақсадда 2007 йилдаёқ 49 та базавий интерактив давлат хизматлари реестри (БИДХР) тасдиқланган. Айни пайтда эса у 195 дан зиёд кўринишни ўзида қамраб олган.

Ҳозирги кунга қадар «электрон ҳукумат»нинг 20 дан ортиқ лойиҳаси самарали амалга оширилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг «Gov.uz» портали ташкилотлар, юридик ва жисмоний шахслар ўртасидаги электрон ахборот муносабатларининг самарали дастаги ҳисобланади. Ҳар бир фуқаро ёки юридик шахс вакили мазкур порталдан Ўзбекистон давлат ҳокимияти ҳақида тўлиқ маълумот олиши, шунингдек, у орқали муайян ҳукумат органига электрон шаклда бевосита расмий сўров юбориши мумкин.

«E-kommunal.uz» портали эса уй-жой-коммунал хизматлари соҳасидаги умумий ахборот инфратузилмаси бўлиб, у аҳоли, назорат органлари ва уй-жой мулкдорлари ширкатлари, шунингдек, коммунал хизматлар ўртасида ахборот алмашинувини соддалаштиради. Порталда Ўзбекистон уй-жой ва коммунал хўжалигига оид барча масалалар бўйича маълумотлар, тарифлар хабарномаси, ҳатто барча коммунал хизматлар калькулятори қулай шаклда жойлаштирилган. Қайд этиш ўринлики, порталга ҳар қандай шахс коммунал хўжалик борасидаги у ёки бу муаммо ҳақида ахборот, фотосурат жойлаштириши мумкин. Мазкур маълумотлар орқали тегишли давлат органлари жойлардаги муаммоларни ўрганиб чиқиб, ҳал этиш чораларини кўришади.

 

 

 

 

6.2. Юридик ва жисмоний шахслар ўртасидаги электрон ахборот муносабатларининг самарали ривожлантириш йўллари.

 

Бугунги кунда статистика, солиқ ва бошқа молиявий ҳисоботларни тадбиркорлик субъектларидан электрон кўринишда йиғиш ва қайта ишлаш тизими ҳам тобора ривожланиб бормоқда. Хусусан, Давлат солиқ қўмитасининг «soliq.uz» сайтидан ҳар қандай солиқ тўловчи – юридик ва жисмоний шахслар – маслаҳат олиши, электрон кўринишда солиқ ҳисоботи ёки даромадлар ҳақида декларация топшириши, ўз СТИРини тасдиқлатиши мумкин.

Давлат статистика қўмитасининг «stat.uz» сайти орқали ҳар бир тадбиркорлик субъекти статистик ҳисоботни электрон кўринишда топшириши мумкин. Янги фирма очишда эса ҳар бир фуқаро сайтдаги «Фирма номларини электрон захиралаш тизими»дан фойдалана олади. Бугунги кунда давлат статистика ҳисоботининг 101 та шакли (жами 141 та шакл) Интернет тармоғи орқали электрон шаклда топшириш учун тайёрдир (Дарвоқе, жорий йилнинг 1 февраль ҳолатига 103 мингдан зиёд фирма номлари электрон шаклда захираланган).

Ўзбекистон миллий қонунчилигининг 25 мингдан зиёд меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларини ўзида жамлаган «lex.uz» портали эса аҳолига Интернет орқали меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлардан бепул фойдаланишни тақдим этувчи республикамиздаги ягона ахборот-ҳуқуқий тизим ҳисобланади. Ушбу маълумотлар базасида ўзбек ва рус тилларида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, кодекслари, 1990 йилдан шу пайтга қадар қабул қилинган қонунлари, Олий Мажлис палаталари қарорлари, Президент фармон, қарор ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, фармойишлари, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг бошқа ҳужжатлари, Конституциявий суд, Олий суд ва Олий хўжалик суди қарорлари, Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари «тахт қилиб қўйилган».

Электр энергияси истеъмолчиларига «uzbekenergo.uz» сайти шахсий кабинетлар ёрдамида ўз шахсий маълумотларидан фойдаланишни таъминлайди. Ушбу лойиҳа мамлакатдаги барча истеъмолчилар томонидан электр энергиясидан фойдаланишни интерактив шаклда назорат қилиш имконини беради.

Чет эл фуқароларининг Ўзбекистонга виза расмийлаштиришлари учун «mfa.uz» онлайн-сўровнома тизими Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги веб-сайтининг бир қисми бўлиб, ҳозирда ўзбек, инглиз ва рус тилларида ишлаётган, истиқболда бошқа жаҳон тилларида ҳам ишлайдиган алоҳида веб-саҳифадир. Шуниси аҳамиятлики, Ўзбекистон ўзида eVisa тизимини татбиқ қилган дунёдаги тўққиз мамлакатдан биридир. Бу, шуб-ҳасиз, мамлакатимизнинг сайёҳлик ва инвестиция салоҳиятини оширади.

Фаолиятнинг лицензияланадиган турлари ва рухсат бериш тартиб-таомиллари рўйхати, лицензия, рухсатнома ва бошқаларни олиш учун талаб қилинадиган ҳужжатлар ҳақида ахборот олиш учун «license.uz» умумий лицензия порталига кирилса бас. Ўзбекистонда лицензияланадиган фаолият турлари рўйхати мунтазам қисқармоқда ва уларни олиш таомили соддалашмоқда. Ушбу лойиҳа барча зарурий ахборот ва лицензияларни олишдаги қоғозбозлик даражасини камайтириш имконини беради.

Мутахассисларнинг қайд этишларича, базавий интерактив давлат хизматлари «Электрон ҳукумат» тўлақонли тизимининг бир қисмигина холос. Зеро, мамлакатимиз Президентининг 2013 йил 18 январдаги «2012 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2013 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида «Электрон ҳукумат» тизимини шакллантириш концепцияси ва комплекс дастурини ишлаб чиқиш муҳимлиги қайд этилган эди.

Шу боис, бугунги кунда давлат органлари раҳбар ва мутахассислари таркибидан ташкил топган махсус ишчи гуруҳ мазкур соҳада дунёдаги етакчи давлатлардан бири бўлмиш Корея Республикаси ва бошқа хорижий мамлакатларнинг бу борадаги илғор тажрибаларини инобатга олиб, «Электрон ҳукумат» тизимини шакллантириш бўйича Концепция ва Комплекс дастурни, шунингдек, 2013-2017 йилларда Ўзбекистон Республикасида Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш Комплекс дастурини ишлаб чиқмоқда. Мазкур лойиҳаларни ишлаб чиқиш жараёнида кореялик ва бошқа бир қатор хорижий экспертлар фаол қатнашмоқдалар.

Ишлаб чиқилаётган ушбу лойиҳа давлат органларининг ўзаро ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан муносабатларини тўлиқ қамраб олувчи «Электрон ҳукумат» тизимини шакллантириш ва уни ривожлантириш бўйича асосий вазифаларни белгилайди. Бундай тизимнинг жорий этилиши натижасида тўлиқ транзакцияланган хизматларга ўтилиши кутилмоқда, бу эса, аҳоли ва бизнес вакилларининг давлат хизматидан фойдаланишда турли инстанцияларга қатнашни ва давлат хизматчилари билан бевосита мулоқотда бўлишни истисно этади. Ўз навбатида, у аҳолига қўшимча қулайликлар яратишга ва бизнес юритиш шароитларини яхшилашга хизмат қилади.

 

 

 

7- мавзу.Мижозларни жалб этишдаги муаммолар ва маркетинг сиёсати

 

 

      7.1.  Интернет маконида мижозларни излаш, уларни танлаш жараёнини режалаштириш ва уни амалга ошириш

      7.2.     Интернет - панели мижозларини жалб этишнинг амалий жиҳатлари

 

 

 

7.1. Интернет маконида мижозларни излаш, уларни танлаш жараёнини режалаштириш ва уни амалга ошириш

Ҳозирги шароитда корхона ва молиявий воситачилар истеъмолчилар билан фаол тарзда фаолият олиб бориб, фақат талабни шакллантиришга интилмай, балки улар назорат қиладиган сотиш бозорини яратишга ва шу билан бирга бу бозорлар учун тижорат майдонлари, ахборот ва қидирув тизими, тўлов тизими сифатида инфратузилмани ташкилаштиришга ҳаракат қилмоқдалар ва шу орқали глобал Интернет тармоғида мулоқот ва транзакция муҳитини шаклантирмоқдалар. Маълум бўлишича, ўрта корхоналар ҳам ўзларининг ахборотлашган майдонида имкониятли мижозларни йиғиб, уларга керакли бўлган хизматларни кўрсатиш, маълумотлар бериш, консалтинг, транспорт ва ҳисоб-китоб хизматларини кўрсатиб, ўз суббозорларини ташкил этишга имкониятлари мавжуд.

Излаш муаммоларини шакллантириш. Корхонада маркетинг сиёсатини олиб боришда объектни излаш муаммолари умуман, тор ва кенг маънода кўриб чиқилиши мумкин. Тор маънода - объектни топиш мақсадида кузатув жараёнини режалаштириш ва амалга ошириш тадбирлар мажмуидир, кенг маънода – бу фақат объектни топиш учун амалга ошириладиган операциялар мажмуигина эмас, балки объектни аниқлаш учун фойдаланиладиган техник воситаларнинг лойиҳасини ишлаб чиқиш ва усулларини тавсифлашдан ҳам иборатдир. Бундан ташқари, объект аниқлангандан кейин амалга оширилиши керак бўлган бир қатор операцияларни ҳам бунга киритиш мумкин.

Маълум тавсифларга жавоб берувчи мижозларни излаш танланган эксклюзив товар ва хизматларни таклиф қилиш ва унча катта бўлмаган масалаларга эътибор қаратиш учун керак, бу эса танланган гуруҳ мижозлари ичида тижорат нуқтаи назардан истиқболга эга бўлмаган таклифларни чиқариб ташлашни зарурат қилиб қўяди. Ҳозирда бозор ҳаддан ташқари хилма-хил, мижозлар эса ўзларининг аниқ шартларини талаб қилган бир шароитда корхоналар суббозорларининг бўлиши унинг муваффақиятли бизнес олиб бориши учун керак бўлади. Айниқса, суббозорларни шакллантиришга бундай ёндашув ахборот хизматларини таклиф этишда ишда тўхтаб қолишга йўл қўймаслик учун, ишлаб чиқариш шароитида товар, материал, ускуналарни етказиб бериш борасида келишувларни ташкиллаштиришда, вақти етарли бўлмаган корпоратив мижозлар учун маълум гуруҳ товарларни сотиб олиш имкониятларини кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга (бу масалан, жорий таъмирлаш ва ишлаб чиқаришнинг бошқа узлуксиз жараёнларига тегишли). Корхонани сотиш билан шуғуланувчи хизматлари учун суббозорларни ташкил этишнинг барча ҳолатларида мазкур корхона томонидан тақдим этилган товар ва хизматлар турлари бўйича маҳсулотларнинг бирор-бир йўналишига қизиқувчи мижозлар учун тегишли маълумотлар базасини шакллантириш зарур бўлади.

Мижозларни излаш стратегияси. Одатда, бу каби қидирувни амалга оширишда маълум бир чегараланган ҳаражатлар доирасида объектни аниқлаш эҳтимолини максималлаштириш тушунилади. Бу борада, қидирувга сарфланадиган сарф-ҳаражатлар муҳим ҳисобланади, чунки лойиҳалар тижорат мақсадида амалга оширилади. Бундан ташқари, бизнинг ҳолатимизда мижозни топишнинг ўзи етарли бўлмайди, уни таклиф қилинаётган маҳсулотга эътиборини қаратиш ҳам муҳим ҳисобланади.

Қидирув жараёни кузатув доирасини тобора торайтириш ва маълум тартибда ўзгартиришларни киритиш орқали амалга оширилади. Қидирувни амалга ошириш жараёнида аввало объектни кўриб чиқиш талаб қилинади, бунда объектнинг энг муҳим ва осон аниқланадиган хусусиятларини инобатга олиш керак бўлади. Сўнг қидирув доирасини торайтириб,  объектнинг аввал эътиборга олинмаган кўрсаткич ва сифатларига алоҳида эътиборни қаратиш лозим бўлади.

 

7.2. Интернет - панели мижозларини жалб этишнинг

амалий жиҳатлари

Одатда тизимдан фойдаланувчи мижоз рўйхатдан ўтгандан сўнг, у учун қўшимча фойдаланиш мумкин бўлган хизматлар имконияти пайдо бўлади. Бунга шахсий чегирмалар жамғармаси, электрон почта орқали янги хизматлар, акция ва чегирмаларни қабул қилишни киритиш мумкин. Бу: “саватлар” андозаси (бир тугмани босиш орқали маҳсулотни буюртма қилиш рўйхати)ни қандай шакллантириш, аввалги ташрифлар вақтда қилинган буюртмалар ҳақида қандай маълумотларни олиш тўғрисида, буюртмани амалга ошириш босқичи ҳақидаги ёрдамчи ахборот ва шу билан бирга бу магазин ва унинг сервисидан фойдаланиш ҳақидаги маълумот ҳамдир. Шахсий ёки молиявий масаладаги саволларни бериш тавсия этилмайди. Буларни билиш ва тушуниш мижозларнинг сайтга эътиборини тортади ва келажакда Интернет-компанияларнинг мижозлари бўлиб қолишига олиб келади.

Интернетда компаниянинг сайтига ташриф буюрган фойдаланувчининг қисқа вақт ичида сайтнинг асосий саҳифасига эътиборини тортиш, унда керакли таассурот қолдириш жуда ҳам муҳимдир. У ерда тақдим қилинаётган маълумотлар фойдаланувчида кераклича қизиқиш уйғотмаса ёки материалларнинг тақдим қилиш шакли унга ёқмаса, иккинчи марта унинг бу сайтга кириш эҳтимоли камаяди ёки умуман йўқолади. Сайтнинг секин юкланиши, рекламаларнинг кўплиги, янгиликларнинг камлиги ва эски маълумотлар, йўл қўйилган турли хатоликлар, дидсиз берилган ранглар ҳам фойдаланувчининг қайтиб сайтга кирмаслигига олиб келади.

Интерфаол мулоқотга кўп вақт сарфламаслик учун, муайян мақсадли аудиториянинг таъсирланиши(реакцияси)ни аниқлаб олиб,  аниқ бир стандартга  асосланган  савол ва жавобларнинг маълум миқдорини шакллантириш мумкин. Натижада тез ва расмий мулоқотга ўтиш таъминланади ва бунда:

1) вақт кам сарфланади;

2) фойдаланувчиларнинг муносабати расмийлаштирилади,  бу эса ҳар хил ҳисоботларни тақдим этишда қўл келади.

Агар олдиндан тайёрланган вариантлар бўлмаса, фойдаланувчиларнинг саволларига жавоб беришга анча вақт сарфланади. Умуман “ақлий хужум” натижасида менежерлар ва ташқи экспертлар фойдаланувчиларнинг ақлига келиши мумкин бўлган кўпгина саволларни тузиб қўйганлари  маъқул бўлади. Стандарт саволларни шунга ўхшаш товар ва хизматларни муҳокама  қилишга қаратилган сайтларда ва онлайн конференцияларда топиш ҳам мумкин. Сўнгра, фойдаланувчилар билан тез ва мазмунли интерфаол мулоқотни ташкил этиш мақсадида ходимлар учун стандартлаштирилган жавобларни тайёрлаш лозим бўлади.

Бўлажак мижозлар қайси каталог ва онлайн ахборот тизимларидан фойдаланишини аниқлаб, шундан сўнг бу каталог ва тизимларда компания, унинг товар ва хизматлари ҳақида маълумот жойлаштириш мумкин.

Сайтларда мунтазам фойдаланувчиларнинг пайдо бўлиши ахборот бюллетенларини қабул қилувчиларнинг рўйхатини шакллантиришга имкон беради, бунинг учун улар руйхатдан ўтишлари ва шу орқали мунтазам равишда бюллетенлардан фойдаланиш хоҳишини билдиришлари керак. Компания учун бу муҳимдир, чунки бюллетенларнинг юборилиши спам деб қаралмайди. Бундан ташқари, ахборот бюллетенларини сайтга ташриф буюрган, руйхатдан ўтган ва уни қизиқтирган мавзуни танлаган ҳар бир янги фойдаланувчига қайта юбориш мумкин бўлади.

Интернет-панель бу бўлажак респондентларнинг мунтазам равишда шаклланувчи ва янгиланиб турувчи маълумотлари базасидир. Улар респондентларни жалб қилади ва уларни гуруҳларга (сегментларга) кўра таснифлайди. Бу каби танловни шакллантириш технологияси услубий жиҳатдан ўйланган ва Интернет муҳитида коммуникацияларни оқилона равишда бошқаришга имконият яратади.

Конференциялар. Тармоқда конференциялар (уларни бошқача қилиб яна – янгиликлар гуруҳи, электрон конференция, тармоқ янгиликлари деб аташади) ҳар хил масалалар бўйича интерфаол режимда фикрлар алмашиш учун ташкил қилинади, асосан хавфсизлик, маҳсулот ва хизматлар сифати масалалари, янги имкониятлар ҳақида фикр алмашинади, шу билан бирга, мулоқотнинг шаффофлиги ва ҳақиқийлиги ойдинлашади. Кейинги пайтларда маҳсулот, товар ва хизматлар ҳақида маълумотларни бундай тарзда тақдим этиш  агрессив ва хиралик билан истеъмолчиларни безор қилган одатий рекламага нисбатан самарали бўлмоқда. Бу каби конференциялар реклама мақсадида ташкил этилиши ҳаммага маълум, аммо уларни ўтказиш характери, имконият даражаси, фикрлар кенглиги фойдаланувчиларга уларнинг шаффофлиги ва иштирокчиларнинг самимийлигини тез баҳолаш имконини беради.

Оммабоп конференциялар (бу каби конференцияларнинг умумий номланиши -Usenet) бир вақтнинг ўзида кўпгина фойдаланувчиларни бирлаштиради, улар эса ўз навбатида конференциянинг бир ёки барча иштирокчиларига мурожаат қилишлари ва саволларига жавоб беришлари мумкин бўлади. Ёпиқ конференциялар ҳам мавжудки, бундай конференция иштирокчилари чекланган ва синчиклаб ажратилган бўлади.

Ғарб амалиёти телеконференциялар (конференциялар) товар, маҳсулот ва хизматларни илгари суришда анъанавий рекламага нисбатан бир неча баробар самарали эканлигини кўрсатди. Интерфаол мулоқот ва ўзига хос саволларга олдиндан тайёрланган жавоблар, тажовузкорлик ва хиралик билан тақдим этилаётган телевизион роликларни тақдим қилишга нисбатан товарларни илгари суришда кўпроқ ёрдам беради.

Телеконференциялар ёки янгиликлар гуруҳлари – бу материаллар тақдим этилган стендлар бўлиб, улар билан танишувда танлаш ҳуқуқи фақат фойдаланувчида қолади. Янгиликлар гуруҳларининг асосий устунлиги – уларнинг тор доира йўналишига эга эканлигида бўлиб, бу янгиликларни мутолаа қиладиганларни ўзлари қизиқтирган саволлар доирасида тезкор мулоқот қилишга ундайди. Бу каби тақдимотларнинг асосий устунлиги шундаки, ундаги материаллар, маълумотларни тез-тез алмаштиришни ташкиллаштириш кўп ҳаражат талаб этмайди. Ҳақиқатда, барча бошқа ахборот тизимлари материалларини  янгилаш кўп меҳнат ва вақт талаб қиладиган иш ҳисобланади, шунинг учун, бир томондан, бир қанча эскирган сайтлардаги расм ва маълумотларни, бошқа томондан эса, фойдаланувчиларнинг бу сайтларга бўлган қизиқиши пасайганини кузатиш мумкин бўлади. Конференцияларнинг саҳифаларида бундай янгиланишлар автоматик ва тезкор равишда самарали акс таъсир натижасида амалга оширилади, янги материаллар сайтга бўлган қизиқишнинг ошишига сабаб бўлади.

 

 

8 – мавзу. Ахборотлашган иқтисодиётда маркетинг

 

8.1. Маркетингнинг янги имкониятлари ва вазифалари

8.2. Инсон омили.

 

8.1. Маркетингнинг янги имкониятлари ва вазифалари

 

Маркетингнинг янги имкониятлари ва вазифалари. Умуман олганда, маркетинг мазкур соҳадаги бизнеснинг мақсад ва вазифалари ҳамда аниқ ихтисослашуви (бизнеснинг умумий тавсифномаси); бозор тури ва унинг ўзига хос хусусиятлари (мижозлар ва уларнинг эҳтиёжлари); фойдаланувчилар гуруҳини ажратиш (сегментация) ва экспансиялар катталиги (бозорнинг қамрови, жойлашган жойи, товарларнинг тақсимланиши); рақобат (бозордаги ўрни, рақобатнинг мавжудлиги, нархнинг шаклланганлиги); ресурслардан фойдаланиш; сотув (товарларни сотиш босқичлари, савдо усуллари); реклама ва public relations (маҳсулотнинг бозордаги сотилиши, талабни шакллантириш) орқали намоён бўлади. Анъанавий маркетинг интерфаол сотув тизимини ва истеъмолчиларнинг баҳолай оладиган акс таъсирланиши(реакцияси)ни назарда тутган бўлса, Интернетдаги маркетинг бу маънода тўғридан-тўғри маркетингни намоён қилади. Интернетда реклама (пуллик хизмат) ва тарғибот(бепул хизмат)  бир қанча нотўғри талқин қилиниши ҳам мумкин, бунга сабаб кўпгина ҳолларда рекламанинг Интернетда бепул бўлишидир.

Интернет-манбаларидан олинган маълумот бизнеснинг моҳиятини, унинг мақсад ва вазифаларини аниқлаштиришни осонлаштиради, уни маълум бир соҳа фаолияти турига киритишга, соҳа ва бизнеснинг ривожланишини баҳолашга, келажакда қўшни бозорларга ихтисослашув истиқболларини жорий қилишни кенгайтириш ёки ихтисосликни алмаштириш имкониятларини аниқлашга имкон беради.

Тескари алоқали маркетинг. Маркетингнинг асосий тамойили шундан иборатки, ахборот истеъмолчи ва унинг афзалликлари ҳақида мавжуд (ёки махсус тўпланган) маълумотлар асосида танлаб олиниши ва истеъмолчига аниқ йўналтирилган бўлиши керак. Шунинг учун, товарларни сотишни ташкил этиш жараёнини бозор субъектлари ҳақида маълумотга эга бўлган электрон каталог орқали, яъни аниқ имкониятли мижозга юборилиши керак бўлган ахборотни маълумотлар базасидан олиб танлов амалга оширилса, кўзланган мақсадга эришиш мумкин бўлади.

Ахборотнинг товар сифатида ўзига хос хусусияти шундан иборатки, ундан фойдаланиш мумкин, аммо уни бошқа ресурслар сингари сарф қилиб бўлмайди. Мутлақо бошқа маҳсулот ва унга мос равишда ўзга қийматни яратиб, ахборот ресурсидан исталганча такроран фойдаланиш мумкин. Аммо вақт ўтиши билан ахборот ҳам истеъмолчилик, ҳам тижорий қиймати ва аҳамиятини йўқотади. Шунинг учун ахборот ресурс сифатида истеъмол туфайли йўқолиб кетмайди, балки кўп марта фойдаланилганда ўз қийматини йўқотади.

Интернет-бизнесда тескари алоқали маркетинг (ёки якка тартибдаги маркетинг) тушунчасидан  ҳар бир алоҳида мижоз билан шахсий алоқани яратиш ва таъминлаш мақсадида қўлланилади. Биринчи қарашда, маркетинг мақсадларини бу жуда ҳам тор доирада тушунишдир. Аммо Интернет-муҳитда интерфаол режимда у маркетинг мақсадларига тўлиқ жавоб беради ва бир вақтнинг ўзида унинг самарали воситаси ҳисобланади.

 

8.2. Инсон омили.

 

Инсон омили. Бозор, маълум бир гуруҳдаги ўхшаш товарларнинг бозорда сотилиши, имкониятли харидорларнинг танлови ва талабнинг ўзгариши ҳақида керакли маълумот йиғиш жуда ҳам муҳимдир. Хусусан, кўпгина фирма ва корхоналарнинг маркетинг (сотув бўйича) бўлинмалари айнан мана шундай йўл тутишади. Аммо бу каби маълумотларга ишлов беришда баъзи муаммоларга дуч келинади. Маркетинг маълумотларига ишлов беришга мўлжалланган усул ва технологиялар (айниқса, амалга ошириладиган инновацион лойиҳаларга тегишли бўлганлари) етарли даражада шаклланмаган ва уларни қўллаш учун менежмент ўзи учун бу соҳада етарлича бўлган катта тажрибасига таяниши лозим бўлади.

Энг мураккаб жараён – бу ахборотга ишлов бериш муаммосидир, бу жараён, амалга оширилаётган инновацион тадқиқотга нисбатан саволларни маъноли қилиб ифодалаганда ва маркетинг хизмати учун вазифалар юқори даражада аниқлаштирилганда осонлашади. Аммо, амалиётда ахборотлашган маркетинг тадқиқотларида масалани таърифлаш мураккаб ҳисобланади.

 

 

9 - мавзу. Интернет магазинлар: Интернет савдонинг пайдо бўлиши, интернет- магазин яратиш тартиби

9.1. Интернет савдонинг пайдо бўлиши

9.2. Интернет-магазин яратиш тартиби

 

 

9.1. Интернет савдонинг пайдо бўлиши

Кўпгина компаниялар ўзларининг Интернет-магазинларини очиш ҳақидаги фикрга келишларининг бир қатор сабабларини келтириш мумкин: дастлаб маҳсулотлар ҳақида ахборот (ахборот каталоги) берадиган веб-сайтлар яратилади; кейин тескари алоқа тизими шакллантирилади, яъни сайтга ва маҳсулотларга бўлган қизиқиш даражаси аниқланади (талаб таҳлили); сўнгги босқичда тескари алоқа тизимининг ривожланиши сайт мижозларига ўзлари танлаган маҳсулотларига буюртма бериш имконини пайдо бўлишига олиб келади.

XX аср ўрталарига келиб, ҳозирги Интернет- савдонинг ўтмишдоши олдин Европада, кейинчалик эса жаҳоннинг бошқа мамалакатларида кенг тарқалган - буюртма маҳсулотларини почта орқали етказиш ва буюртма бериш хизматлари ҳисобланади. Даставвал, Интернет савдони Интернетда фойдаланишдан завқ оладиган ташаббускор ҳаваскорлар, ҳамда модадан ортда қолмаслик учун ҳаракат қилаётган пулдор шахслар ривожлантирган бўлса, эндиликда Интернет бизнесга ҳақиқий ишбилармон кишилар кириб келди.

Одатда, электрон тижорат (e-commerce) деганда, товарвахизматларни электрон коммуникация воситалари ёрдамида, асосан Интернет орқали, сотиш тушунилади. Мазкур таърифдан келиб чиқиб, шуни таъкидлаш лозимки, фақатгина буюртма ахборотдан иборат бўлсагина, буюртмани етказиб бериш электрон тижоратнинг вазифаси бўлиши мумкин. Web-сайтлар имкониятли мижозларни қамраб олишнинг кенг имкониятларига эга, аммо улар жисмоний жиҳатдан  хизмат кўрсатишнинг муаммолари (маҳсулотни етказиб бериш, пул ҳисоб-китоблари ва бошқалар) га дуч келадилар. Шунинг учун замонавий электрон тижорат анъанавий бизнес билан фаол ҳамкорликда ишлайди, баъзи ҳолларда эса ягона бизнес жараёнларда уларни ажратиб бўлмайди.

Интернет ахборот ҳудудида савдо майдончалари бир неча турда фаолият юритишлари мумкин. Каталоглар кўп сонли сотувчи ва харидорларни учраштириши мумкин. Аукционлар (ким ошди савдолари) сотувчилардаги ортиқча маҳсулотлардан холос бўлиш учун ташкил этилади. Уларда бир неча сотувчи ва кўп сонли харидорлар муомалада бўладилар. Электрон биржалар анъанавий биржалар сингари бир соҳада стандартлаштирилган маҳсулотларни таклиф этиш учун ташкиллаштирилади.

Интернет магазинлар ва уюшмалараро савдо. Интернет магазин – бу Интернет-бизнес тузилмаси бўлиб, B2C (business to customer), яъни «бизнес-истеъмолчи» ёндашувини амалга оширади. Интернет-компанияларнинг бизнес-стратегияси реклама ва электрон тижоратдан даромад олишга қаратилган бўлади. Улардан мураккаблари эса бу – комплекс лойиҳалардир.

Реклама бизнес-стратегияси бепул хизмат кўрсатадиган оммабоп ресурсларни яратишга йўналтирилган бўлади. Бизнеснинг бу тури юқори даражада оммабоп бўлган сайтларга эга бўлган баъзи бир компанияларга устунлик беради, шунчаки оммабоплари эса энди катта даромад келтирмайди.

Чакана Интернет тижоратга (яъни Интернет орқали савдо ва маркетинг орқали) мўлжалланган лойиҳалар фақат келажакда ўзини қоплаши мумкин, чунки ҳозирда кўп ҳолларда Интернет савдо олиб бориш учун етарли даражада инфратузилма ва аҳолининг ишончи мавжуд эмас. Шунинг учун маҳаллий компаниялар ҳар хил таклифлардан саралаб олинган комплекс лойиҳаларни афзал кўрадилар. Бу – қидирувнинг ривожланиши, бепул хизмат кўрсатиш, турдош лойиҳалар билан шуғулланувчи мутахассисларни ёллаш, реклама берувчиларни жалб қилиниши демакдир. МДҲ давлатлари йирик ва ўрта бизнеснинг Интернет орқали корхоналараро савдо устунлик жиҳатларига эътибор қаратсалар, Интернет-компаниялар сонининг кўпайиши ва улар капитализациясига эришиш мумкин бўлади.

Замонавий Интернет магазин қандай кўринишда бўлади?  Нисбатан бу соҳада муваффақиятга эришган МДҲ давлатларида ҳамда Россияда Интернет-магазин ҳар ойда минглаб ташриф буюрувчиларга эга, таклиф қилинаётган маҳсулотлар турлари минглаб позиция, минимал реклама ҳажми, барқарор ва тез алоқа каналига эгадир. Магазин сайтида мулкдор-компания ҳақида тўлиқ маълумот, яъни унинг электрон почта манзили, телефон рақамлари, етиб бориш чизмаси, офислар манзиллари мавжуд. Маҳсулотга расм ва кенгайтирилган маълумот берилган, маҳсулотларни қидирув тизими ва каталоги мавжуд. Харид қилиш учун мўлжалланган маҳсулотларни танлаш ва буюртмани расмийлаштириш учун бир неча саҳифани кўриб чиқиш етарли бўлиб, унда барча тўлов усуллари, муддатлар ва ҳаражатлар, етказиб бериш нархини шакллантириш механизми,  ҳамда етказиб беришнинг энг қулай усуллари тавсия қилинган. Мижозда керак бўлса сотувчидан ёрдам олиш имконияти мавжуд бўлиши лозим. Низоли вазиятлар, жумладан савдо қоидаларининг бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар ва уларни бартараф қилиш йўллари ҳам муҳокама қилиниши керак. Харидни сотиб олиш оддий усулда, онлайн тўлов тизимлари орқали кредит карталари, мижознинг банк ҳисоб рақамлари ва рақамли нақд пуллари ёрдамида амалга оширилади. Харидни курьер ёрдамида етказиб бериш – бир неча соатдан уч кунгача, етказиб бериш эса ҳам пуллик, ҳам бепул бўлиши мумкин. Почта хизмати МДҲ давлатлари ва бошқа мамлакатларнинг исталган жойига етказиб беришни таъминлайди. Агар иқтисодий жиҳатдан ривожланган мамлакатлар тўловларни амалга ошириш учун асосан кредит карталардан фойдалансалар, маҳаллий бозорда банк ўтказмалари ва курьер хизматларига нақд тўлов орқали ҳисоб-китоб амалга оширилади. Қўшимча хизматлар тўплами одатий бўлиб, у ўз ичига бепул етказиб бериш, чегирмалар (доимий мижозларга ёки харид миқдори маълум бир суммадан юқори бўлганда), товар танлаб олиш бўйича тавсияларни киритади. Магазин одатда ҳар хил лотерея ва совринли ўйинлар ўтказади.

 

9.2. Интернет-магазин яратиш тартиби

Сайт – магазиннинг ахборот ва операцион асоси. Расмий жиҳатдан Интернет-магазин сайтдан бошланади. Сайтдаги минимал зарур маълумот қуйидагилар: сайтнинг номи, офис манзили, телефонлар, асосий фаолият турининг тавсифи. Бундай сайтлар ташриф карточкалари деб аталади. Имидж саҳифалари деб аталмиш саҳифалар юқоридагилардан ташқари таклиф қилинаётган товар ва хизматларнинг хусусиятлари, ушбу маҳсулотларни рақобатчиларнинг шунга ўхшаш товар ва хизматлари билан таққослаш имконияти, чегирмалар ва нархларни ўз ичига олади.

Одатда шаклланиб бўлган Интернет магазиннинг нисбатан кўп ахборотга эга бўлган сайтларида корхона, унинг етакчи ходимлари таркиби, маҳсулотлар турлари, ўзаро алоқа шароитлари ҳақида ва бошқа маълумотлар бўлади. Интернет-магазиннинг виртуал каталогдан фарқли жиҳати шундан иборатки, энг аввало маҳсулотларга буюртма бериш тизимининг, шунингдек мижозни “кузатиб бориш” тизими – виртуал корзина, ташриф буюрувчининг манзили, буюртма берилган ва сотиб олинган товарлар, истеъмолчига афзал бўлган маҳсулотлар турлари тизимини назорат қилиш ва бошқаларнинг мавжудлигидир.

МДҲ давлатларида Интернет-савдо. МДҲ давлатларида онлайн магазин (Web–shop, e–shop, е–магазин) ҳозирги вақтда анъанавий савдо бизнеснинг бир қисми сифатида мавжуд бўлиши мумкин ва унинг асосий мақсади мижозларни жалб қилиш ва маркетингдир. Анъанавий бизнеснинг электрон бўлинмалар орқали амалга ошираётган савдолари ҳажми ҳозирча катта эмас, уларнинг асосий роли - ахборот беришдир. Бошқа томондан қараганда, йирик савдо корхоналари менежменти шунга ўхшаш Интернет-магазинлар очиш учун тажриба орттириб, янги ишни ўрганмоқчи бўладилар. Ҳозирда ўз интернет-бизнесига эга тижорат корхоналари улар обрўининг ортишида катта аҳамиятга эгадир.

МДҲ давлатларида  Интернет-бизнеснинг ўзига хослиги шундан иборатки, Интернет-савдога мурожат қилган кишиларнинг кўпчилиги маҳсулотни турар жой манзили бўйича эмас, иш жойида олишни афзал кўрадилар. Бундай операцияларда асосий харидорлар, янги замон руҳини ҳис қилаётган ёшлар ва йирик компаниялар ходимлари ҳисобланади. Бундай усулда харидорнинг маҳсулот харид қилишда ишбилармонлик ёки катта тежамкорликка эҳтиёжи борлиги сезилмайди, чунки Интернет-савдода нархлар ҳар доим ҳам паст бўлмайди, ҳамма саволларга ҳам Интернет-магазин сайтига кириб керакли жавоблар олиш қийин бўлади. Бундан ташқари, бу соҳада ривожланган мамлакатлардаги чет эл харидоридан фарқли равишда ривожланаётган давлатларда  бу турдаги савдо ва унинг сотувчиларига харидорлар шубҳа билан қарайдилар. МДҲ давлатларида харидорлар ўз вақтларини қадрламасдан, анъанавий магазинларга боришга ўрганиб қолганлар. Фойдаланувчиларнинг асосий қисми Интернет-витриналардан нархлар ва маҳсулотлар навларини ўрганиш мақсадида фойдаланадилар (1-иловага қаранг). Кўрсатилган сабабларга кўра,  МДҲ давлатларида  электрон магазин кўпинча харидорларни жалб қилишнинг қўшимча воситаси бўлгани учун, дастлаб у тижорат фирмалар ва тармоқ интфратузилмасидан фойдаланувчи истеъмолчилар ўртасида воситачи бўлишига тўғри келади.

Афсуски, такроран айтиш мумкинки, ҳозирда МДҲ давлатларида виртуал савдонинг ривожланишига тўсқинлик қилаётган ечимини топмаган муаммолар асосан, бу -  керакли даражада электрон тўловлар тизимининг ривожланмаганлиги ва тўлов карталарининг камлигида десак, муболаға бўлмайди.

 

 

10- мавзу.Ахборотлашган иқтисодиётда тадбиркорлик

 

 

10.1. Фирманинг ахборот ресурслари

10.2. Билимларни бошқариш

 

 

10.1. Фирманинг ахборот ресурслари

Бизнес-ахборотга фирма фаолиятининг натижалари бевосита боғлиқ бўлиб, у ишбилармонлик билимларининг зарур тузилмавий қисми ҳисобланади ва у маълумотлар асосида шаклланади.

 

 

1.1          – расм. Фирманинг ахборот ресурслари.

(Корнейчук Б. В.Информационная экономика. Учебное пособие.-СПб.:Питер, 2006.-400 с.)

Ишбилармонлик билими, бизнес-ахборот ва маълумотлар биргаликда фирманинг ахборот ресурсларини ташкил қилади. Ахборот ресурслари иерархияни ташкил қилиб, унинг паст табақаларида маълумотлар юқори табақаларида эса ишбилармонлик билимлари туради (5.1- расм).

Маълумотлар сезувчанлик ва таьсирланувчанлик ҳодисалари бўлиб, таркиби холислик хусусиятларига эгадир. Улар маъмур (администратор) ёки ҳисоблаш тизими томонидан қабул қилиниб, аммо кенг контекст ёки маънога эга эмас. Бизнес-ахборот қайта ишланган ёки йиғилган, кейин эса  раҳбариятга қулай тарзда қарорлар қабул қилишда бевосита ёки имкон даражада фойдали тарзда қабул қилинадиган усулда тақдим этилган маълумотлар сифатида таърифланади. Ахборот маълумотлар талқинидан иборат, шунинг учун у мушоҳадага асосланган. Ишбилармонлик билими ички ҳиссиётга асосланган ва ахборотдан аниқ ҳаракатга йўналтирилганлиги билан фарқ қилади. Ахборотдан самарали фойдаланиш учун фирма ахборотни билимга “айлантириш”и ва ундан мулк сифатида фойдаланиш механизмларига эга бўлиши керак. Замонавий иқтисодиётда раҳбарнинг асосий хусусиятларидан бири, унинг ишбилармонлик билимини назорат қила олиши ва ундан фойдалана олиш қобилияти ҳисобланади. 

Бизнес-ахборотнинг вазифаси менежерларга фирманинг ички ва ташқи муҳитлари ҳақида маълум билим асосларини беришдан иборатдир. Ахборотни йиғишдан асосий мақсад, унинг асосида ноаниқлик даражаси энг кам бўлганда билимларни иложи борича аниқроқ шакллантириш ва қарорларни қабул қилишдир.

Ахборотни қидириш стратегиялари ихтисослашган ахборот етказиб берувчилар фойдаланадиган расмий ёки бошқа йўллардан фойдаланувчи норасмий бўлиши мумкин. Улар бундан ташқари фаол (ахборот манбалари изланганда) ёки пассив (мавжуд манбалардан олинган маълумотни таҳлил қилиш) бўлиши ҳам мумкин. Бизнес-ахборотнинг энг кўп тарқалган манбаларига: хукумат муассасалари; кутубхоналар; савдо бирлашмалари; илмий тадқиқотлар ва ахборот билан шуғулланувчи компаниялар; газета ва журналлар; бизнес-ахборот хизматлари, онлайн режимида маълумотлар базалари киради.

Ахборотни бошқариш учун керакли асосий кўникмалар – бу қидириш, таҳлил қилиш, тузилмалаштириш, сақлаш ва манипуляция. Ахборот билан барча ишлар олтита асосий қисмга бўлинади:

-                кириш, қайта ишланмаган маълумотларни йиғиш;

-                коммуникациялар, ахборотни бир манбаадан иккинчисига кўчириш;

-                ишлов бериш, ахборотни бир шаклдан бошқасига алмаштириш;

-                сақлаш, ишлов берилган ахборотни сақлаш;

-                излаш, сақланаётган маълумотларга кириш жараёни;

-                чиқиш, ахборотни фойдаланиш учун қулай бўлган кўринишда шакллантириш.

Ахборотни бошқариш кўпинча икки муаммога олиб келади. Биринчидан, ахборотни тўплашнинг юқори даража аниқликдаги услублари ташкилотнинг имкониятларини чеклаб қўйишга ва мақсадлар доирасини торайтиришига  олиб келувчи нотўғри ва умуман етарли бўлмаган танлаш стандартлари билан қопланади. Иккинчидан, ахборот ундан фойдаланиш бўйича зарур энг яхши тавсияларни ўз ичига олмайди.

 

10.2. Билимларни бошқариш

 

Билимларни бошқариш – кенгроқ тушунча бўлиб, ўз ичига билимни идентификация қилиш, билимни бошқариш, билимни ривожлантириш ва ундан фойдаланиш каби бўлимлардан иборат. Билимларни бошқариш билимларни қандай олиш, уни тарқатиш, ўзгартириш, ундан фойдаланиш ҳамда фирма учун зарур амалий устунликларни узлуксиз топиш билан шуғулланади.

Ҳаққонийлик - бу ахборот қанчалик тўғрилигини, яъни ҳақиқатнинг қай даражада акс эттиришини кўрсатадиган хусусият. Сўнгги вақтларда ҳамма фойдаланадиган маълумотлар базалари пайдо бўлиши билан хатолар ва афсоналар бир зумда тарқалиб кетишига шароитлар яратилди. Шунинг учун ахборот ҳаққонийлигини баҳолашнинг аҳамияти ошиб бормоқда. Ҳаққонийликни баҳолаш усуллари қуйидагилар ҳисобланади:

-                 бир қатор манбаларни ахборотнинг айнан битта қисми бўйича текшириш, айниқса уларнинг бир-бирига боғлик эмаслиги даражасини текшириш (айнан битта далилни биргина маълумотлар манбаидан билиб олдингизми?);

-                турли ахборот манбаларининг ишончлилиги ҳақида маълумотлар олиш;

-                маълум бир қисм маълумот мавжуд билимларни қайси даражада рад этади ёки улар томонидан инкор қилинишини аниқлаш.

 

 

 

 

 

11 - мавзу. Ишбилармонлик билимлари

 

11.1. Ишбилармонлик билимлари

11.2. Ишчан билимлар

 

11.1. Ишбилармонлик билимлари

 

Ишбилармонлик билими – бу бир мақсадга йўналтирилган, мувофиқлаштирилган ҳаракат учун тўпланган имконият. Ушбу бобда “билим” атамаси деганда, айнан ишбилармонлик билими тушунилади. Билимларга статик тавсифлар ва ҳақиқатлар “тўпламлари” киритилмайди, чунки улар предметларнинг ўзаро алоқаларини эмас, балки алоҳида олинган предметларни тавсифлайди. Ахборот ва маълумотлар – бу билим олиш учун ишлатилмаган “хом-ашё” заҳиралари ҳисобланади. Фақатгина мазкур “хом-ашё” таркибий қисмларини мантиқий кетма-кетликда моделларга мослаштириш жараёни каби ўзаро келишилган ҳаракатлар мақсадга эришиш ва вазифаларни бажариш йўлида муваффақиятга олиб келади ва билим деб таснифланади. Шундай қилиб, билим – бу мувофиқлаштирилган ҳаракатлар мантиқий кетма-кетлигидаги мажмуалар объектларининг ўзаро алоқасидир. Билим сифати мақсадга эришиш ёки мувофиқлаштириш сифати бўйича баҳоланиши мумкин.

 

11.2. Ишчан билимлар

 

Ишчан билимлар деганда, бажарилаётган ишга билимларни қўллаш тушунилади. Улар учта қисм(элемент) борлигини кўзда тутади: билимларни қўллайдиган ходим, билимнинг ўзи ва билим билан ишлаш технологияларидир. Билимни ҳаракатдан ва менежментни эса мувофиқлаштиришдан ажратиб бўлмайди. Инсон доимо буюмлар ўртасида ўзаро алоқаларни мувофиқлаштиради, шунинг учун билим ижод жараёнини ифодалайди.  Ушбу жараён ўзида шахснинг билимини ҳосил қилувчи ўзига хос бетакрор фазилатлар таъсирини жамлайди.

 

 

 

12 – мавзу. Глобал менежмент парадигмаси, реинжиниринг

 

12.1. Глобал менежмент парадигмаси

12.2. Реинжиниринг

 

12.1. Глобал менежмент парадигмаси

Ахборотлашган иқтисодиётда миллий бошқариш тизимлари ўртасидаги фарқлар йўқолиб, глобал бозорлар янги қоидалар, янги талаблар ва янги мижозлар, яъни янги ўйинлар яратади. Глобал истеъмолчи: юқори сифат, паст нархлар, тез етказиб бериш ва юқори ишончлиликни бирданига эгаллашни истайди. Глобал товар ва хизматлар истеъмолчиларни кўп жиҳатлари бўйича қондириши керак бўлади. Фирмалар аввалгидек бундай жиҳатларнинг фақат биттасига эндиликда эътиборни қарата олмайдилар.

Глобал менежмент парадигмаси – бу жаҳон даражасидаги миллий, маданий ёки сиёсий анъаналар ва одатлардан қатъий назар компаниялар томонидан тўлиқ ёки қисман амал қилинадиган бошқариш тизимидир. Бу ташкил қилиш, қарорлар қабул қилиш ва асослаш каби соҳаларда ўзаро боғланган, мантиқий изчил ҳаракатлар мажмуидир. Глобал менежмент парадигмаси халқаро гиперрақобатга – замонавий иқтисодиётнинг тез ўзгариб бораётган шароитида трансмиллий корпорацияларнинг жадал рақобатига нисбатан акс таъсир сифатида пайдо бўлган ташкилий, операцион ва стратегик фаолият тизими ҳисобланади. Ушбу парадигманинг кўпгина тавсифларига алоҳида тарзда самарали эришиш мумкин эмас, чунки улар тизимни ҳосил қилади. Мазкур парадигма амалдаги тузилмаларни такомиллаштиришга эмас, балки Интернет даврида уларни бутунлай қайта кўриб чиқишга йўналтирилган.  Глобал менежмент парадигмаси GMP (инглиз тилидан Global management paradigm) орқали белгиланади.

Глобал менежмент парадигмасини ривожлантиришнинг уч босқичи ажратилади. Ривожланган мамлакатларда оммавий ишлаб чиқаришнинг анъанавий парадигмаси ўз чўққисига 1950-1960 йилларда етди. У тўғри нуқтали йиғма чизиқлар, ваколатлар иерархияси, маҳсулот сифатини назорат қилиш ва оммавий истеъмол қилиш билан ажралиб туради. Жараёнга йўналтириш – Японияда пайдо бўлган ва 1980 йиллар охирида қарор топган менежмент парадигмасидир. У жараён сифатини назорат қилиш ва уни тинимсиз такомиллаштириш ҳамда “аниқ ва ўз вақтида” тизими билан тавсифланади. Глобал менежмент парадигмаси 1990 йиллар ўрталарида шаклланган эди.

Жаҳон миқёсидаги камдан-кам компаниялар ўзларида глобал менежмент парадигмасини яхлит тузилма сифатида татбиқ этганлар. Кўпинча компаниялар ушбу парадигманинг қисмларини алоҳида ва бошқа қисмларига боғлиқ бўлмаган ҳолда татбиқ қиладилар. Глобал менежмент парадигмасининг компонентлари ўзаро боғлиқлиги ҳамда бир-бирини қандай қилиб кучайтиришини тушуниш учун тизимли фикрлаш (афсуски, кўп ҳолларда ҳозирги раҳбарлар таълимининг бир қисми бўлмаган) талаб этилади.

 

 

12.2. Реинжиниринг

Ахборотлашган иқтисодиётда ишлаб чиқариш жараёни белгиланган ёки ўзгармас (const) деб қабул қилинмайди. Авваллари ишлаб чиқариш жараёни қарорлар қабул қилишга сезиларли даражада таъсир кўрсатган муҳандисларнинг фаолият соҳаси ҳисобланган эди. Компаниялар учун “нима ишлаб чиқариш” компанияларнинг “бунинг учун нима қилиши”дан муҳимроқ бўлган. Маҳсулот рақобатбардошликни оширишнинг воситаси ҳисобланган, аммо бу вақтда ишлаб чиқариш жараёни ҳақида бундай деб бўлмаган. Маҳсулотнинг сифати ва унинг хусусиятлари ишлаб чиқариш жараёнининг характери билан белгиланар эди.

Реинжиниринг, ёки бошқача қилиб айтганда, бизнес жараёнларни қайта лойиҳалаштириш, 1990 йиллар бошларида, бошқариш тўғрисидаги фанга қўшилган муҳим ҳисса сифатида пайдо бўлди. У компанияларга диққатни вазифаларга эмас, балки жараёнларга қаратиб ўзларини ўзгартиришларини таклиф қилган, бу эса унумдорликни тубдан оширишга имкон берган бўлар эди, деб уқтирган эди. Концепциянинг тижорий муваффақияти кўпгина тақлидлар пайдо бўлишига сабаб бўлди. Концепциянинг пайдо бўлиши 1990 йилда нашр этилган Массачусетс технологиялар институтининг информатика йўналиши бўйича собиқ профессори Майкл Хаммер томонидан ёзилган мақола билан боғлиқ деб ҳисобланади. Унда компаниялар жаҳон бозорида ўсиб бораётган рақобатда омон қолишлари учун самарадорликни яхшилаш мақсадида ўз ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш ўрнига улардан воз кечишлари кераклигини исботлашга уриниш бор эди. Шу йилнинг ўзида Дэвенпорт ва Шорт бошқа мақолани чоп этиб, унда ташкилий ўзгаришларга шунга ўхшаш ёндашув таклиф қилишган, улар унга бизнес жараёнларни қайта лойиҳалаштириш (BPR — Business Process Redesign) деб ном беришди. Муаллифлар реинжиниринг атамасини қўлламаган бўлишсада, уларнинг концепцияси Хаммернинг концепциясига ўхшашдир, шунинг учун BPR ва реинжиниринг атамаларидан маънодош сўз сифатида фойдаланадилар.

Реинжиниринг - бу қисман, ўз-ўзидан пайдо бўлган ихтисослик камчиликлари ва меҳнат тақсимотига бўлган акс таъсирнинг намоён бўлишидир. Вазифалар, иш кучи ва  билим реинтеграцияси ёрдамида меҳнат мазмунли машғулотга айланади, бегоналашиш ўрнига мазмун, касбий маҳорат ва малака тор ихтисосликнинг ўрнига келади. Анъанавий маъмурий бошқарувнинг асосий  мувофиқлаштирувчи механизмлари ўзини-ўзи мувофиқлаштириш ва жамоалар ўзаро таъсир тизимлари билан алмаштирилади. Амалларнинг самарали интеграцияси ижодий ёндашувни, маҳсулот ва жараённинг  янги тузилмасини, малака ўзгариши ва билимларнинг кенгайишини талаб қилади. Реинжиниринг жараёни ходимлардан  ишбилармонлик тажрибасини чеклашни эмас, уларни оширишни, билимларни ихтисослаштиришни эмас, уларни кенгайтириш, бажариладиган вазифалар сонини камайтиришни эмас, балки уларни ошириб боришини талаб этади. Ходимлар эгаллашлари керак бўлган ёки эгаллаган билим, тажриба ва кўникмалар туфайли, хусусий жараёнларни микродаражада бошқара оладиган етук мутахассис бўлиб қоладилар.

Реинжиниринг тамойилларини қўллаш қуйидаги ташкилий ўзгаришларга олиб келиши керак:

-                иш бирликлари — функцонал бўлинмалардан жараёнли топшириқларга;

-                ишлар — оддийдан кўп босқичликка;

-                ишчиларнинг роли — назорат остида бажаришдан мустақил қарорлар қабул қилишга;

-                ишга тайёргарлик — машқлардан таълим олишга;

-                иш самарадорлигини баҳолаш ва меҳнатга ҳақ тўлаш – фаолиятни баҳолашдан натижавий баҳолашга;

-                менежерларнинг ролиназорат қилувчидан ўргатувчига;

-                ташкилий тузилмалариерархиялидан ясси тузилмага;

-                маъмурият ходимларининг вазифалари - котибликдан раҳбарликка.

 

 

 

 

13- мавзу.Онлайн брокинг

 

 

13.1. Онлайн савдонинг умумий ривожланиш йўналишлари

13.2. Фонд ва корпоратив онлайн савдоасоси

 

 

13.1. Онлайн савдонинг умумий ривожланиш йўналишлари

Қимматли қоғозлар, деривативалар ва пул воситалари ёрдамида онлайн савдонинг келажакдаги ўзгаришлар хусусиятларини тушуниш, келгусида ким устунликка эга бўлиши, ҳамда бу бозорларда ўйинчиларнинг хатти-ҳаракатини қайси институтлар белгилаб беришини аниқлаш мураккаб масалалардан бири ҳисобланади. Дунёнинг исталган нуқтасида бир зумда ҳар қандай активлар билан битимлар ҳисоб-китоби бўйича операцияларни бажариш мумкин эканлиги ҳали етарли даражада жиддий қабул қилинмаётган бўлсада, лекин эски анъанавий қоидалар келажакда ўз кучида қолмаслиги эндиликда аниқ бўлди. Молия бозорида анъанавий институтлар бозорнинг мавжуд шарт-шароитларини тубдан ўзгартиришга ҳали тайёр бўлмасалар ҳам, лекин бундай ўзгаришларнинг юз бериши ва унга келгусида мослашиш кераклиги муқаррар жараёндир.

Жаҳон фонд бозорларида ахборот технологияларини жорий этиш ўз- ўзидан иштирокчиларнинг ушбу жараёнлардан хабардорлигини оширади, барча операцияларнинг очиқ ойдинлиги ва уларни осон кузатиш мумкинлигини таъминлайди, битимлар иштирокчиларининг ўзлари ҳақида деярли барча маълумотларни маълум қилишга мажбур қилади. Албатта, бизнес-уюшмаларининг ҳозирда ҳали бундай олдинлаб кетишга қодир эмасликлари, етарли даражада такомиллаштирилмаган фонд бозорларида ахборот технологияларининг жорий этилиши ва ривожланишига жиддий тўсиқ бўлмоқда.

Ахборот технологияларининг ҳар бир соҳага жорий қилиниши қимматли қоғозлар бозорининг янада самарали бўлишига олиб келади,  бундай шароитда самарали бозор гипотезасига кўра, айтиш жоизки, унда ҳеч бир ўйинчи ютиб чиқмайди (чунки бозордаги ўйинчилар тўпламига тегишли фойдаланиладиган барча ахборот бозорга маълум бўлади).

Ахборот технологиялари аста-секин компанияларнинг деярли барча фаолиятини очиқ-ойдин бўлишига олиб келади ва шу сабабли илгарилари қарорлар қабул қилиш учун зарур бўладиган қўшимча маълумотларга эга воситачиларга мурожаат этишнинг зарурати қолмайди. Бошқа бир томондан, бундай шароитда консалтинг компаниялари рейтингининг аҳамияти камаяди, чунки илгари маълумот етарли эмаслиги шароитида рейтинг агентликларига мурожаат қилинган ва улар керакли маълумотларни (кўпинча инсайдерлик) топиб берар эди. Эндиликда эса, зарур ахборотнинг янада кўпроқ қисмини олишнинг имконияти пайдо бўлади ва бу маълумотлар ҳажми ортиб бораверади. Ўз фаолияти ҳақида маълумотни бермаган ёки беришни истамаган фирмалар ўзларига бўлган ишончни йўқотадилар ва собиқ ҳамкорлар эндиликда анча очиқ маълумотга эга бўлган уларнинг рақобатчиларига мурожаат қила бошлайдилар.

Агар ҳозирда АҚШ онлайн савдо ҳажми бўйича сезиларли даражада бошқа давлатлардан олдинлаб кетган бўлса, АҚШдан ташқарида ушбу бизнес турининг ўсиш суръати шимолий америкаликларга қараганда сезиларли даражада ошди.

Европада онлайн бизнеснинг ўсиши иқтисодиётнинг кўтарилиш (қизиган) даврида сезиларли даражада намоён бўлди. Кўп жиҳатдан, бу маҳаллий фонд бозорларида оммавий бизнес юритишнинг анъаналари  мавжуд эмаслиги билан боғлиқ эди. Онлайн брокерлар имкониятли мижозларни анъанавий операциялар туридан воз кечишга ишонтиришлари шарт бўлмай, бозорни қайта ташкил этишлари лозим эди. Инглизларга ҳатто акциялар билан операциялар бажаришда юқори ставкали герб йиғимлари ва акцияларнинг бир қисмини (юқори технологияли компанияларнинг деярли барча ортиб қолган, яъни қолдиқ акцияларини) ҳужжатлаштирилган тарзда расмийлаштириш талаби ҳам тўсиқ бўлмади. Япония улкан жамғармаларга эга фуқаролари билан бирга агар, ҳар қандай таваккалчиликка қарши қатъий кайфиятда бўлмаганда эди, қимматли қоғозларнинг қудратли онлайн бозорини яратишда етакчи бўлар эди. Ундан ташқари, ҳозирча онлайн битим такрорланиб бўлсада, оддий тартибда амалга оширилиши лозим, чунки фақат муҳр босилган ҳужжат тан олинади, қимматли қоғозлар эмиссияси почта ёки факс орқали тарқатилиши лозим, Интернет орқали тарқатиш амалиёти эса ҳали кенг тарқалмаган.

 

 

13.2. Фонд ва корпоратив онлайн савдоасоси

Фонд бозорининг онлайн савдо тизимлари қимматли қоғозлар орқали ҳақиқий вақт режимида биржа майдонларига кириш йўллари билан ўз маблағларини бошқариш имконини яратади. Улар одатда қимматли қоғозлар бозорида ишлаш тажрибасига эга, мустақил инвестиция қарорларини қабул қилишга қодир бўлган кичик ва ўрта инвесторларга мўлжалланган бўлади. Бундай бозорда паст транзакция ҳаражатлари, бозорга қисқа вақт ичида кириш имкони, катта ҳажмдаги ахборот ресурслари, виждонсиз брокерларнинг ҳаракатларидан ҳимоянинг мавжуд эканлигини таъкидлаш лозим. Тизимлар одатда қимматли қоғозлар ликвидлиги юқори даражада бўлган ва амалга оширилган битимларнинг ижро этилиши кафолати, жумладан, муддатлар бўйича кафолати мавжуд бўлган савдо майдонларида савдони амалга оширишни таъминлайди. Савдолар ташкилотчиси хусусий ва корпоратив инвесторларга интернет тармоқларидан фойдаланиб қимматли қоғозларни сотиш ва харид қилишларида, нарх наволарни тақдим этишларида имконият яратиб беради.

Электрон биржани ташкил этиш. Товарларни сотиб олишда тўловларни ташкил этиш учун, электрон биржанинг ахборот хизматлари хизмат кўрсатувчи клиринг банкини жалб этиш ҳисобига кенгайтирилиши мумкин. Шундан сўнг электрон ахборот биржа тўлиқ электрон биржага айланади.

Бунда қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:

a)            харидор, ўз уй саҳифасидан фойдаланиб, электрон биржани ташкил этувчи (Интернет-компания) боғламасида буюртмани расмийлаштиради ва тўлов усулини танлайди;

b)           интернет- компания буюртмани сотувчига, тўлов ахборотини эса хизмат қўрсатувчи банкка юборади;

c)            банк тўлов маълумотини олади ва унга ишлов берувчи ҳисоб-китоб марказига юборади;

d)           сотувчи буюртма тўғрисидаги ахборотни интернет-компаниядан олади, ҳисоб-китоб тўғрисида ахборотни эса банкдан олиб товарни харидорга юборади.

Электрон биржа ташкилотчиси ҳисоб-китоб кўчирмаси, чеклар тўлови, инкассация ишларини ўз зиммасига олиши мумкин. Тузилган битимдан воз кечиб бўлмаслигини таъминлаш учун ( оддий биржада - бу “тўловга қарши товар етказиб бериш” тизими), электрон биржада эса сотувчи ва харидорларни аутентификация (асл нусхага мослиги) қилиш учун рақамли сертификатлардан фойдаланилади.

Кўпчилик бозорларда корхоналар ўртасидаги битимларнинг умумий ҳажми жисмоний шахслар ўртасидаги битимларнинг умумий ҳажмидан ортиқ бўлади. Шунинг учун кўпгина операцияларни ўз сайтларида тўплаган электрон биржаларнинг ушбу бозорлар фаолият юритишида, бозорда ўзини кўрсата олган компаниялар фойдасининг ортишида аҳамияти каттадир. Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, бундай миқёсдаги электрон биржаларнинг ташкилотчилари бўлган интернет-компанияларнинг фойдаси ҳам жиддий тарзда ортиши мумкин.

 

 

 

14 – мавзу. Фонд ва корпоратив онлайн савдонинг тузилиши

 

14.1.Биржанинг мақсади

14.2.Биржанинг Европада пайдо булиши.

 

14.1. Биржанинг мақсади

Хар кандай фан уз предмети, назарияси ва услубларига эгадир. Предмет бу фан нима билан шугулланиши, унинг кайси сохага тегишли эканлигини белгилайди. Назария бу сохада руй берадиган жараён ва ходисаларнинг руй бериш конуниятларини аниклайди.

Биржа фанининг предмети биржани олиб бориш конунлари (конуниятлари), тамойиллари, битим тузишда брокерларнинг муносабатларини урганишдан иборат. Биржа фаолиятини олиб боришда брокер ва дилерларнинг роли катта булиб, улар биржадаги савдо-сотик ишларини амалга оширишда асосий воситачилар хисобланадилар.

Биржалар аник таркиб топган ихтисослашувга эга булиши лозим. Масалан, автомобиллар, дон махсулотлари, металл, кимматбахо когозлар индекси билан савдо килувчи биржалар.

Шуни айтиш лозимки, биржа оркали савдо килишнинг дастлабки шакли унинг товар шакли булмай, балки валюта - вексель биржаси шакли булган. Биржада кимматбахо буюмлар, битим тузишнинг объекта булиб хисобланган, улар пул ва векселлар айирбошлашнинг талабларига энг куп даражада жавоб берган. Товарлар билан битим тузиш уша даврларда факат ярмаркаларда булар эди. Транспорт воситаларини ривожланиши билан бундай шаклда савдо килиш сусайиб борди ва биржани ривожланишини кейинги боскичи хисобланган товар биржалари таркиб топди.

Бу фаннинг максади биржа хакида тушунча бериб, биржа фаолиятини ташкил этилиши, биржа ташкилотларининг инфраструктураси, биржани бошкариш ва биржа ташкилотларининг принциплари, биржа фаолиятининг асосий функциялари, биржанинг турлари, биржа структураларини ташкил этиш ва бошкариш, биржа битимлари ва уларнинг турлари, биржани бошкариш, мащсулотларни бозорга чикариш усули ва формалари, биржа фаолиятини назорат билиш, биржа фаолияти учун кадрлар тайёрлаш, биржа бозорида хисоб-китоб ва клиринг, биржа фаолиятининг чет эл тажрибасини ургатади.

Узбекистонда фаолият курсатаётган фонд биржасининг структурасини ургатиш, биржани бошкариш йул-йуриглари ва устав фондлари билан таништириш, чет эл тажрибаларини урганган холда биржа фаолиятини олиб боришни, биржа хакидаги конунларни урганиш, биржа битимларини тузишни урганиш.

Фонд бозорининг онлайн савдо тизимлари қимматли қоғозлар орқали ҳақиқий вақт режимида биржа майдонларига кириш йўллари билан ўз маблағларини бошқариш имконини яратади. Улар одатда қимматли қоғозлар бозорида ишлаш тажрибасига эга, мустақил инвестиция қарорларини қабул қилишга қодир бўлган кичик ва ўрта инвесторларга мўлжалланган бўлади. Бундай бозорда паст транзакция ҳаражатлари, бозорга қисқа вақт ичида кириш имкони, катта ҳажмдаги ахборот ресурслари, виждонсиз брокерларнинг ҳаракатларидан ҳимоянинг мавжуд эканлигини таъкидлаш лозим. Тизимлар одатда қимматли қоғозлар ликвидлиги юқори даражада бўлган ва амалга оширилган битимларнинг ижро этилиши кафолати, жумладан, муддатлар бўйича кафолати мавжуд бўлган савдо майдонларида савдони амалга оширишни таъминлайди. Савдолар ташкилотчиси хусусий ва корпоратив инвесторларга интернет тармоқларидан фойдаланиб қимматли қоғозларни сотиш ва харид қилишларида, нарх наволарни тақдим этишларида имконият яратиб беради.

 

 

 

14.2.  Биржанинг Европада келиб чикиши.

ХX асрда Нидерландиянинг Брюгге шахрида савдогар Вандер Бурсе уйи ёнидаги майдонда савдо-сотик ахборотларини йигиш максадида бутун дунё савдогарлари чет эл векселларини ва бошка товарлар операцияларини амалга ошириш буйича йигилишарди. Бундай пайтларда операциялар конкрет товарсиз утар эди.

Биржада савдо буюмининг маълум хусусиятлари, тафсилотлари аввалдан курсатиларди. Лекин сотиш жойида намуна ёки аник товарсиз яъни кимматбахо махсулотлар, хом ашё, буюмлар, кимматбахо когозлар, хизмат ишлари, иш кучи ва бошкалар булиши мумкин.

Уша замонларда кишлок ахли етиштирган махсулотларни бозорга олиб бориш, сотиб урнига керакли товарлар - иш куроли, кийим-кечак, пойафзал ва хоказо харид килиб келишар эди. Товарларни хажми ва ассортимента купайган сари, хамда транспорт воситаларининг такомиллашиши натижасида шахар бозорларини узида складлар-омборлар ташкил килиш бошланди, чунки керакли микдорда захираларни йигиб савдо-сотикни хафтасига бир икки кун -эрталабдан кечгача ташкил килиш кузда тутилди.

Кейинчалик айрим бозорлар тор ихтисослашган холда - бугдой, мол гушти, озик-овкат бозорлари узлуксиз улгуржи бозорларига айланиб колди. Шу бозорларда мавжуд товарлардан ташкари намуналар ёрдамида шартнома-контрактлар тузилиб, товарларни поставка - етказиб бериш шаклидаги савдо ривожланди.

Хозирги биржа шундай иктисодий даргохки, унда факат тижорат битимлари тузилибгина колмай, балки турли хужалик тармоклари ва уларнинг бозор иктисодиёти шароитидаги холати ва узаро муносабатларини ифодаловчи узига хос барометр вазифасини бажаради. Хозирда биржа хужалик юритишнинг мухим звеноси хисобланиб; Узбекистонда мустакил ривожланаётган бозор иктисодиёти механизмини энг шиддатли харакатлантирувчи бугинларидан бирига айланмокда.

Узбекистонда товар биржаларининг вужудга келиши ва ривожланиши Россияда Петр 1 подшохлик килган даврдан бошлаб биржа фаолияти шаклланишига бориб такалади. 1703 йилда Санкт - Петер-бургдан Петр 1 Россияда биринчи булиб, уша замонларда Европанинг савдо-биржa операцияларини маркази чикариладиган Амстердам биржасига тахассуф килиб, товар-хом ашё биржаси очилган эди.

Октябрь революциясидан кейин Россияда 1922-24 йилларда янги иктисодий сиёсат билан бо1ланган холда биржалар фаолияти вактинча тикланди. Худди шу йилларда Узбекистонда биринчи биржалар вужудга келди.

 

 

 

15 – мавзу.Корхонада ходимларни бошқариш

 

 

             15.1. Корхонада ходимларни бошқаришга бўлган турли ёндошувлар

   15.2. Ижтимоий-психологик ёндашув

 

 

15.1. Корхонада ходимларни бошқаришга бўлган турли ёндошувлар

Корхонада ходимлардан самарали фойдаланиш қуйидагича  таърифланади: корхона маълум бир ҳажмдаги ишни муайян тезликда ва сифатли бажариши лозим. Бажариладиган ишлар ва лавозимлар шундай тақсимланиши керакки, корхона учун улар самарали бўлиши, шу билан бирга барча поғонадаги ходимлар, жумладан менежерларни ҳам қониқартириши лозим.

Маълумки, корхонада ходимларни бошқариш масаллари бўйича бир неча ёндашувлар мавжуд бўлиб, улардан биринчисига адабиётларда “илмий бошқарув”деб ном берилган. Ушбу ёндашувнинг асосини  “ўз ишлаш усулларидан воз кечиб, янги тартиб ва талабларга мослашишни ўрганиш” ташкил қилади. Ушбу ёндашув фақатгина регламентни эмас, турли иш бажарувчилар томонидан ҳар бир операция бажарилишининг қонун-қоидаларини излаш ва яратиш, иш қуроллари ва шароитларини такомиллаштириш, ҳамда стандартлаштириш усулларини ишлаб чиқишни кўзда тутади. Мазкур ёндашувни амалга ошириш учун операцияларни, уларнинг бажарилиш вақтини ўрганиш ва ушбу маълумотлар асосида ходимлар ишлаб чиқариш фаолиятининг моделларини шакллантириш лозим.

15.2. Ижтимоий-психологик ёндашув

Бошқа бир, яъни ижтимоий-психологик ёндашув, жамоада психологик иқлимни шакллантиришга таянади ва ижтимоий, ташкилий омиллар билан аниқланади. Бунинг асосида ходимни мотивациялаш, унинг ўз фаолияти натижаларидан қониқиши, ўзини намойиш қила олиш имконияти каби кўрсаткичлар ётади.

Юқорида айтиб ўтилган, ижтимоий-техник ёки ижтимоий-технологик ёндашув деб номланиши мумкин. Бу ерда корхонада ишлаб чиқариш мақсадларини амалга ошириш учун, жамоада мавжуд бир неча ишлаб чиқариш алоқа тизимларидан фақат биттасидан фойдаланиш мумкинлиги кўзда тутилади.

Ходимлар ҳатти-ҳаракатининг нисбатан тараққий этган ижтимоий-техник моделларида 2 алоқа тизими ажратилади. Биринчиси, оддий ишларнинг мураккаб тизимига, иккинчиси мураккаб ишларнинг оддий тизимига тегишли ҳисобланади.

Одатда, замонавий ишлаб чиқариш кўпроқ даражада ишлаб чиқаришдаги алоқаларнинг иккинчи тизимидан фойдаланади. Алоқанинг иккинчи тизими бажарувчилари вазифаларнинг ҳар бирига вақтни аниқ регламент билан тақсимламасдан уларни бажарадилар. Алоқаларни ташкил қилишнинг бундай тизими сарф-ҳаражатлар ҳажмини камайтириб, меҳнат самарадорлигини оширади. Умуман олганда, алоқа тизимини танлаш билан иш самарадорлигини боғловчи алоқаларни киритиб, алоқа тизими ва унинг самарадорлигини шакллантириш мумкин. Энг яхши алоқа тизими (барча шароитлар ўзгармас бўлганда) шундай ишлаши керакки, у корхонанинг оптимал ишлашига ёрдам бериши лозим. Шундай қилиб, ишлар (операциялар), шунингдек бажарувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари (қоидалар тўплами ва кутилаётган мукофотлар) шакллантирилганда, яратилган моделда бундай тизимнинг самарали эканлигини таҳлил қилиш мумкин бўлади. Агар бажарувчилар ишининг тизими ва улар орасидаги ишлаб чиқариш (шунингдек ахборот ҳам) алоқалари тузилмаси ўзгартирилса, корхона ишининг самарадорлиги ўзгаради.

 

 

 

 

 

 

16-мавзу. Корхонанинг кадрлар таркибини шакллантириш

 

16.1. Корхонанинг кадрлар таркибини шакллантириш

16.2. Ходимларни танлаш усуллари

 

 

16.1. Корхонанинг кадрлар таркибини шакллантириш

 

Ходимнинг асосий эҳтиёжларини қондириш, уларнинг истеъдодларини самарали намоён қилишларига шароит яратиш.

Жамоада яхши психологик иқлимни шакллантиради, шахсий ва жамоавий муносабатлар хусусиятларини ўз ичига олади.  

Ходимнинг бошқарув бўғини ва умуман корхонага бўлган ижобий муносабатини шакллантиради.

Ходимнинг ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифатини оширишга, унинг ишлаб чиқариш вазифаларини ўз вақтида бажариши (1) корхонанинг муваффақиятли фаолият юритиши ва (2) иш ҳақига таъсири.

Ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши ва корхонанинг самарали иши ҳамда ходим даромади даражаси орасидаги самарали алоқаларни ривожланишини таъминлайди.

 

Манба: Ивин Л.Н., Куклин В.М. Информационная экономика. – Харьков: изд-во Кроссроуд, 2005. – 436 с.

 

Штатни шакллантириш. Бозор шароитининг ўзгарувчанлиги, ҳамда маҳсулот ҳаётининг қисқа даври шароитида, ҳамда самарали ахборот инфратузилмаси мавжудлигида ходимларни танлаб олиш турли усуллари қўлланилишининг ўзига хос жиҳатларини кўриб чиқайлик. Бозорда ўз мавқеини кучайтиришда инфратузилма ва технологияларидан фойдаланувчи, корхона ички ва ташқи муҳитига глобал ахборот технологиялари ва ахборот инфратузилмаси таъсирининг ўсишига асосланган ёндашувлардаги ўзгариш ва вазифаларнинг кетма-кетлигини келтириб ўтайлик.

Ходим ёллашни ташкил қилиш штат жадвали тузилмаси аниқлангандан сўнг ва вакансия рўйхати шакллангач, ҳар бир вакант лавозимига мос равишда билим даражаси, мутахассислиги, малака даражаси, талаб этилаётган кўникмалар бўйича талаблар қўйилади. Шундан сўнг одатда кадр танлаш манбалари аниқланади. Булар ОТМлари, меҳнат биржалари, кадр агентликларига мурожаатлар бўлиши мумкин.

Ҳозирги вақтда бўш иш ўринларига номзодларни танлаш интерактив режимда глобал тармоқ орқали амалга оширилиши мумкин. Вакансия ҳақидаги хабар ахборот тарқатувчи вакиллар томонидан бўлажак номзодларга танлов шартлари жойлаштирилган корхона сайтига мурожаат этишни таклиф қилиниши орқали амалга оширилади. Номзодлар керакли ҳужжатларни тайёрлаб, маълумотларни корхона кадрлар бўлимига электрон почта орқали жўнатадилар. Дастлабки танлов тушган аризалар бўйича бўлиб ўтади. Бу босқичда илк танловдан ўтган номзодлар тўплами шаклланади ва улар ҳайъат аъзолари билан учрашиб танловдан ўтишга ҳаракат қиладилар.

Дастлабки босқичда агар номзод танилган мутахассис бўлиб, керакли тавсияномаларга эга бўлса, вакансия бўйича ишга олиш қарори шу заҳотиёқ қабул қилинади.

Бундай дастлабки танловнинг муҳим ва фойдали жиҳатлари бўлиб қуйидагилар хизмат қилади:

              маҳфийлик, агар номзод ўз фирма раҳбарларига иш жойини ўзгартириши ҳақида хабар беришни истамаса;

              номзод тўғрисида дастлабки ахборотни етказишга кетадиган вақтни, ҳайъат қарори билан таништиришда маълумотларни аниқлаштириш учун кетадиган вақтни қисқартириш;

              дастлабки танловдан ўтган шахслар рўйхатини тузиш ва тушган аризалар ҳақидаги маълумотни қайта ишлашга кетадиган вақтни қисқартириш.

Юқорида кўрсатилган дастлабки танловнинг ахборот технологияси вақт ўтиши билан асосий бўлиб қолади, чунки ахборот порталлари, электрон оммавий ахборот воситалари ўз қидирув тизимларига корхона сайтларини киритадилар. Шунда корхона электрон манзилини топиш осон бўлади ва ходимларни ишга олишни ташкиллаштириш бир маротабалик тадбирлар даражаси тизимидан перманент(доимий) кадрлар сиёсати тизимига ўтказилади. Бундан ташқари, ходимларни ишга қабул қилиш учун кетадиган барча турдаги маблағлар кескин қисқаради.

Ҳозирги шароитда бундай ахборот технологиясини техник амалга ошириш осон ва нисбатан кам ҳаражатли, чунки кўпгина корхоналар керакли техник воситаларга эга ва алоқанинг глобал тармоғи орқали телекоммуникация каналлардан фаол ва кенг фойдаланмоқдалар. Сайтни яратиш ва уни қўллаб-қувватлаш (маъмурий бошқарув) мураккаб бўлмай, кўп ҳаражатли операция ҳисобланмайди (видеомаълумот ва замонавий компьютерларнинг бошқа мультимедиа имкониятлари билан қизиқиб кетилмаса албатта).

Корхонада штат бўйича иш ўринларини шакллантириш жараёнида  одатда, номзод дастлабки танловдан ўтиб, кадрлар бўлими вакиллари билан учрашгандан сўнг (бунда ҳар бир бўлим кадрларни танлаш босқичида иштирок этади), у корхона раҳбари билан учрашади. Шундай норасмий учрашувлардан сўнг, агар кадрлар танлаш бўйича мутахассислар ва корхона раҳбарларининг эътирози бўлмаса (улар номзодга эътироз билдиришлари ҳам мумкин, аммо сўнги қарорни қабул қилмайдилар), лавозимга номзод маълум бўлим раҳбарлари эътиборида бўлади.

 

16.2. Ходимларни танлаш усуллари

Ходимларни танлаш усуллари. Ходимни маълум бир ишлаб чиқилган идеал ходим модели бўйича танлаш мумкин, яъни номзод хусусиятлари идеал ходим сифатлари билан солиштирилади. Бундай ходимнинг хусусиятларини экспертларни жалб этиб, уларга идеал ходим моделини шарҳлаб беришларини айтиб, шакллантириш мумкин. Моделни шакллантиришнинг охирги варианти итерациялар натижасида (бу Дельфи усули деб аталади) амалга оширилади: ҳар бир эксперт хусусиятлар рўйхати ва уларнинг тахминий баҳосини беради, сўнг уларни умумлаштириб, барча экспертларга тақдим этилади. Бу жараён бир неча бор такрорланади. Моделни шакллантирувчи шахслар фикрига кўра, фикрлардаги хилма- хиллик энг кам даражага етгунга қадар бу такрорланаверади. Бундай усул доимо фойдали ҳисобланган ва бозордаги ахборот инқилоби шароитида ҳам у  самарали бўлиб қолиши шак-шубҳасиздир.

Бошқарув ходими иш самарадорлигини баҳолаш.Бунда сўз алоҳида иш бажарувчиларни баҳолаш жараёни ва уларнинг компания  муваффақияти учун қўшган ҳиссаси ҳақида боради. Умуман айтганда, МДҲ мамлакатлари иқтисодиёти шароитида бошқарув бўғини кўпроқ ислоҳотларга муҳтож. Иш бажарувчилар фаолияти характерини ислоҳ қилиш самарадорлиги билан қиёслаганда рационал бошқарув доимо юқори самара берганлиги сабабли, бошқарувчилар – менежерларни баҳолаш масаласи билан чекланамиз.

Маълум корхонанинг бошқарув лавозимида фаолият олиб борувчи мутахассиснинг самарадорлигини баҳолаш кўпинча қуйидагича олиб борилади. Баҳолашнинг энг самарали усулларидан бири эксперт усулидир. Аммо илгариги режали иқтисодиёт шароитига мослашган эксперт усули эндиликда қизиқиш уйғотмайди ва ривожланган бозор шароитига мослашган мутахассис-бошқарувчиларни баҳолашнинг ғарбча усуллари ҳам муаммоли ҳисобланади. Шунинг учун қуйида халқаро молиявий ташкилотлар мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган, ривожланаётган ва ўтиш даври иқтисодиёти шароитига мослашган бошқарувчиларни баҳолаш стандартларига таянамиз. Бошқарув бўғин ишчисининг мутахассислик хусусиятларига қуйидагилар киради (ўтиш даври иқтисодиёти шароитида ишловчилар учун замонавий менежмент нуқтаи назаридан муҳимлик даражаси бўйича жойлаштирилган):

-  вазиятни тез баҳолай олиш қобилияти;

-  тезкор равишда қарор қабул қилиш кўникмаси;

-  молиявий масалаларни билиши;

-  корхона ташқарисида муносабатларни йўлга қўя олиш қобилияти;

-  ишлаб чиқаришни билиши;

- масъулиятни ҳис этиши;

-  ҳуқуқий билимдонлик.

Ходимни қисқартириш ва ўзгартириш. Юқори малакали жамоани шакллантириш фақат танлов асосида  янги ходимларни ишга қабул қилиш билан эмас, балки ўз вазифаларини бажара олмаётган ходимларни ишдан (эгаллаб турган лавозимидан) озод этиш ёки бошқа енгилроқ ишга ўтказиш билан ҳам амалга оширилади.

Фирмадан билим ва ахборотга эга бўлган мутахассиснинг кетиб  қолишибир неча сабабларга кўра жуда жиддий муаммо ҳисобланади:

- кетаётиб у ўзи билан билим ва малакани ҳам олиб кетади, ҳамда у ишлаган жой бўшаб қолади, бу билан у фирмага сезиларли зарар келтиради.

- фирма ва унинг мижозлари ҳақидаги маълумот конфиденциал ҳисобланади ва у рақобатчиларга етказилмаслиги керак. Аммо у айнан рақобатчиларга ишга ўтиши ҳам мумкин бўлиб қолади.

Ғарб давлатларида юқори даражали мутахассис юқори иш ҳақи олади ва у ўз обрўси, иш жойини йўқотишни ҳохламайди. МДҲ давлатларида эса ойлик иш ҳақи ва мукофотлар нисбатан паст бўлиб, бу мутахассиснинг ўсиши, обрўси учун курашишига омил бўла олмайди. Бундай шароитда мутахассисга бериладиган иш ҳақини тежаб, раҳбарият ўз бизнесига путур етказиши мумкин. Аввалги иш жойига тегишли маҳфий маълумотларни тарқатиш билан боғлиқ қонуний жавобгарликнинг мавжуд бўлмаганлиги ва ходимнинг ўз иш жойига боғланмаганлиги оқибатида конфиденциал маълумотлар тарқалиб кетиши мумкин бўлиб қолади.

 

 

 

17-мавзу. Ходимлар билан ишлаш

 

17.1.Ходимларни мотивациялаш

17.2. Мотивация йўллари

 

17.1.Ходимларни мотивациялаш

 

Ходимни мотивациялаш.Бозор иқтисодиётида ходимни мотивациялаш – бу алоҳида ажратилган мустақил функция бўлиб, ходим ҳатти-ҳаракати орқали компаниянинг мақсадларига эришиш, ишлаб чиқариш жараёнида унинг ютуқлари ва омадсизликлари сабабларини англашга асосланган. Сўнг ходим хоҳиш-истакларини аниқлаш усуллари асосида, унинг шахсий мақсадларига эришиш орқали ташкилотнинг стратегик мақсадларига ва ишлаб чиқаришда юқори унумдорликка эришиш лозим бўлади.

Мотивациялашнинг турли назариялари асосида 2 та тушунча, яъни эҳтиёж ва мукофот ётади. Эҳтиёжларни бирламчи ва иккиламчиларга ажратиш мумкин, бундан биринчилари табиий туғма бўлса, иккинчилари ишчининг шахс сифатида ривожланиши жараёнида пайдо бўлади. Эҳтиёжнинг мавжудлиги – бу аниқ йўналишга эга бўлган истакнинг пайдо бўлишидир. Мукофот – инсон учун қимматга эга бўлиб, у нисбий ҳисобланади. Мукофот инсон учун маълум жараён ёки унинг натижаси (ички), баъзида ташкилот томонидан (ташқи) унинг ҳаракатларини баҳолаш натижасида олиниши мумкин. Унинг мақсади эса инсонлар томонидан эҳтиёжларни қондириш воситаси сифатида қабул қилиниши ҳисобланади (айниқса, бошланғич босқичда). Мотивациялашнинг назарий асосини шакллантиришга 2 хил ёндашув мавжуд:

1.            Эҳтиёжлар ва улар билан боғлиқ турли омиллар – мотивациянинг мазмунли назариясини шакллантириш учун асосдир.

2.            Мотивацияларнинг процессуал назарияси, унда ишчи мақсадга эришиш йўлида ўз кучини қандай тақсимлаши ва унинг ҳатти-ҳаракати таҳлил қилинади. Ушбу назарияга асосан, алоҳида шахснинг ҳатти-ҳаракати эҳтиёжлар билан эмас, кўпроқ даражада уларни амалга оширишни кутиш, танланган қарор оқибатлари ва вазиятни якуний натижа билан қиёслаш функцияси орқали аниқланади.

 

17.2. Мотивация йўллари

 

Ҳулқ-атвор функцияларига маълум вазиятда ходимдан кутиш мумкин бўлган ҳаракатларнинг йиғиндиси сифатида қаралади. Ушбу ҳаракатлар воқеликнинг ижтимоий шароитларидан келиб чиқади, ҳаракат қилиш функцияси эса индивидуалликни намоён қилишга чегара қўяди.

Бошқарувчилар мотивацияли фаолиятнинг самарасини унинг бўлинмалари натижалари даражаси (фаолият самарадорлиги) бўйича баҳолашлари мумкин.

Менежерлар мотивациялашни амалда татбиқ қилишда қуйидаги усул ва услублар тизимига таянишлари керак:

- психологик мукофот ва рағбатлантиришга асосланган, ҳеч қандай моддий ҳаражат талаб қилмайдиган;

- салбий рағбатлантиришни йўқотишга йўналтирилган;

- моддий мукофот ва рағбатлантиришга таянган;

- ишчиларнинг салбий муносабатини келтириб чиқарган ҳаракатларни англашга йўналтирилган;

- таълим ва тарбияга йўналтирилган, мотивация билан бевосита боғлиқ бўлмаган, аммо мотивациянинг қуроли сифатида фойдаланиладиган.

Мотивация дастурини амалга ошириш жараёнига маълум чекловлар мавжуд бўлиб, жумладан улар қуйидагилардан иборат:

- конкрет ходимга қўлланиши мумкин бўлган мотивациянинг чегараланган усуллари тўплами;

- мотивация жараёнини олиб боришга мўлжалланган чегараланган вақт оралиғи;

- мотивация субъектларининг чегараланган потенциал имкониятлари;

- “Рағбатлантириш – реакция - натижа” занжири ҳаракатининг вақти чегараланганлиги (ходим ўзининг қайси ҳаракати учун мукофотланганлигини англаши керак).

- умумий мақсадга эришиш йўлида ходимнинг иштирок даражасини англаши билан боғлиқ чегаралар.

Мотивация тузилмасидаходимни рағбатлантириш ва ишига ҳақ тўлаш билан боғлиқ (ким, қанча ва нима учун олади) муаммолар ечимини ҳал этиш у учун ойдин ва тушунарли бўлиши керак. Мотивация вазифаларини шакллантиришда қўйидагилар кўзда тутилиши керак:

-  бозор шароитида муваффақиятли ривожланиш учун ташкилот ўз ходимларига самарали фаолият олиб бориш ва лавозим бўйича ўсиш имкониятларини яратиб бериши лозим;

- ташкилот ходимлар олдида меҳнати учун ҳақ тўлаш бўйича ўз мажбуриятларини бажариши ва йўл қўйилган хатоликлар учун жазолаши, бунинг учун бевосита меҳнат учун ҳақ тўлаши, турли хил мукофотлар ҳамда иш ҳақидан маҳрум қилиш,  жарималарни қўллаши керак.

Корхона ўсиш стратегиясини амалга ошириш учун бошқарув ходимларини махсус мотивациялаш керак бўлади. Бошқарув тизимини соғломлаштириш ва ислоҳ қилишнинг энг долзарб масалаларидан бири топ-менежерларни мотивациялаштиришдир.

Корпоратив ҳуқуқ эгалари (мулкдорлар) фойдасининг ўсишига йўналтирилган компания бошқарувининг самарадорлигини рағбатлантиришга қаратилган 3 асосий тамойил мавжуд:

- фаолияти натижалари асосида бошқарувчи ва топ-менежерларни мукофотлаш;

- фонд бозорининг билвосита таъсири, у бошқарувчилар малакаси ва фаолиятини баҳолашда компания бозор нархининг ўзгариши, унинг бозордаги ўрни, ютиб юбориш ва деструкция жараёнларига қарши туриши орқали намоён бўлади;

- мулкдорлар томонидан назоратга олиш ва жиддий санкциялар қўллаш.

 

 

 

 

 

18 - мавзу. Кадрлар тайёрлашда АКТ - нинг роли

 

18.1. Кадрлар тайёрлашда АКТ - нинг афзаллиги

18.2. Методологик томондан касбий тайёргарлик ҳақида тушунча

 

18.1. Кадрлар тайёрлашда АКТ - нинг афзаллиги

 

Илмий-техник ривожланиш халқ хўжалигини қайта қуроллантиришини ва турли соҳаларда қўлланилувчи техника ва технологияларнинг тез алмашиб туришини тақозо қилмоқда. Бугунги кун учун фан ва техниканинг сўнгги ютуқларини ўзида жамлаган янги восита ва технологияларнинг ишлаб чиқаришда қўлланилиши оддий ҳолга айланиб қолди. Илмий – техник ривожланиш жараёнида замонавий ишлаб чиқариш асосларининг ўзгариши, янги қурилма ва технологияларнинг қўлланилиши ақлий меҳнат ҳиссасининг, ишчининг меҳнатдаги ижодий қобилиятининг, унинг касбий қобилиятларининг ошишига ва табийки, талабалар олий юртларда олиши керак бўлган билим ва қобилиятлар тизимининг ўзгаришига олиб келмоқда. Касбий таълимни компьютерда қўллаб-қувватлаш соҳасининг тизимли ўрганилиши XX асрнинг охирларида бошланган.

Бу давр ичида АҚШ, Франция, Япония, Россия ва бошқа қатор давлатларнинг ўқув юртларида турли хилдаги ЭҲМлар учун таълимга мўлжалланган кўплаб компьютер тизимлари ишлаб чиқилган. Лекин бундай тизимларнинг қўлланилиш соҳалари анча кенгдир. Бу – катта саноат ташкилотлари, ҳарбий ва жамоатчилик соҳаларида кадрларни мустақил тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ишларини олиб борувчи ташкилотлардир. Бундан ташқари, ривожланган мамлакатларда янги мураккаб қурилма ва технологияларни ўрганиш ва амалга киритиш жараёнларини тезлаштириш учун уларга компьютерли ўрганиш тизимларини киритиш одатий ҳолга айланиб бормоқда. Чет элда ўргатишга мўлжалланган "юмшоқ" дастурий воситани ишлаб чиқиш юқори малакали ишчилар (рухшуносларни, фан ўқитувчиларини, компьютер дизайнерларини, дастурчиларини) меҳнатини талаб қилгани учун жуда " қиммат" соҳа ҳисобланади. Лекин шунга қарамай кўпгина чет эл фирмалар таълим масканларида янги компьютерли ўқув тизимлари яратилишини молиялаштирди ва бу соҳада ўз изланишларини олиб боришмоқда.

 

18.2. Методологик томондан касбий тайёргарлик ҳақида тушунча

 

Методологик томондан касбий тайёргарликни қўллаб-қувватлашда компьютер воситаларининг ишлаб чиқилиши ва қўлланилиши бошидан бошлаб бир-бири билан боғлиқ бўлмаган турли соҳаларда ривожлана бошланган.

Биринчи йўналиш – дастурий ўргатиш ғояларига асосланади. Бунда турли фанлар бўйича автоматлаштирилган ўргатиш тизимлари (АЎТ) ишлаб чиқилади ва кўлланилади. АЎТнинг асоси бўлиб муаллиф-ўқитувчига янги ўқув материалларини маълумотлар базасига киритиш, махсус муаллифлик тиллари ёки бошқа тиллар ёрдамида дастурлаш имконини берувчи муаллифлик тизимлари хизмат қилади. АЎТга мисол сифатида чет элдаги ПЛАТО тизимини, ёки Россиядаги АОСБ оиласини келтирсак бўлади. XX-асрнинг 90 – йилларидан бошлаб Россия ва МДХ мамлакатларида компьютер курсларини яратувчи инструментал мухитлар (чет элнинг IBM PC ёки Россиянинг ва бошқа дастурлари) пайдо бўла бошлади.

Иккинчи йўналиш – умумтаълим ва касбий тайёргарликни компьютерда қўллаш инсон фаолиятининг турли соҳаларини компьютерлаштиришнинг "юмшоқ" маҳсулотининг иккинчи даражали иловаси ҳисобланади. Булар қийин ҳисоб-китобларни амалга оширувчи, математик моделлар асосида жараёнлар ёки объектларнинг хусусиятларини ўрганувчи алоҳида дастурлар ёки дастур пакетларидир. Касбий тайёргарликда бундай дастурий тизимларни қўллаш бизда ҳам, чет элда ҳам АЎТларга нисбатан кенгроқ ишлатилади, лекин ягона дидактик шаклнинг йўқлиги, мазмуннинг умумий эмаслиги, уларнинг илмий адабиётларда яхши ёритилмаганлигига олиб келади. Соҳавий дастурларни ўқитишга мослаштириш бўйича ишлар олиб борилган кўплаб дастурлар ичидан ҳамда дидактик ва техник умумлаштириш уринишларининг тизимлилиги билан ажралиб туради. 80-йиллар бошидан бошлаб таълимни компьютерлаштиришнинг янги йўналиши – сунъий интелект соҳасида ишлашга асосланган интелектуал ўргатувчи тизимлар (ИЎТ) тез ривожлана бошланди. Бошқарувли ўқиш жараёни модели ИЎТларнинг муҳим қисми ҳисобланади, улар асосида ҳар бир талаба учун махсус ўқитиш стратегияси ишлаб чиқилиши мумкин. ИЎТлардаги маълумотлар базалари формаллаштирилган билимлардан ташқари ўрганилаётган соҳа учун эксперт билимларига эга бўлиши мумкин. ИЎТни яратиш йўналишидаги ишларнинг келажаги порлоқ кўрингани билан, бугунда улар лабараториядаги изланишлар даражасида қолишмоқда.

90-йиллардаги "Шахсий революция" таълим соҳасига нафақат техник, балки дидактик имкониятларни ҳам – ШЭХМлар ишлатиш имкониятлари, диалогик мулоқотни ташкиллаштириш қулайлиги ва албатта таъсвир билан ишлаш. Таълим компьютер тизимларида таъсвирий тақдимотларнинг ишлатилиши нафақат талабага маълумот узатиш тезлигини оширади ва тушуниш даражасини оширади, балки талабада ҳар қандай соҳа вакили учун муҳим бўлган интуиция, касбий "сезиш", таъсвирли ўйлаш каби қобилиятларни ҳам ривожлантиради. Компьютер технологиялари бозорларида касбий тайёргарликка янада кўпроқ имкониятлар бера оладиган янгиликлар пайдо бўлмоқда. Булар катта ҳажмдаги маълумотни ўзида сақлай оладиган CD-ROM компакт дискларидаги ташқи оптик эслаб қолиш қурилмалари, гипперматнли дастурий воситалар, мульти ва гиппермедия воситалари, "виртуал борлиқ" тизимлари ва бошқалар.

Мультмедияли техник воситаларга эга бўлган компьютерлар видео ва аудио ахборотларнинг дидактик имкониятларидан фойдалана олади. Гиперматн тизимлари ёрдамида матннинг ўзида мурожаатларни ташкил қилса бўлади, бу эса калит сўзлар ёрдамида керакли маълумотларни излашни осонлаштиради. Гипермедия тизимлари фақат матнни эмас, балки таъсвирни, рақамлаштирилган товушни, расмларни, мультфильм ва видеофильмларни ўзаро боғлаш имконини беради. Бундай тизимлардан фойдаланиш электрон қўлланмалари, справочникларни, китобларни, энциклопедияларни яратиш ва компакт дисклар ёрдамида тарқатиш имконини беради. Ахборот телекоммуникацион тармоқларнинг ривожи эса сайёрамизнинг турли нуқталарида сақланаётган катта ҳажмдаги маълумотга эришиш имконини яратади ва шу билан бирга масофавий таълим тизимлари ривожига туртки беради.

Компьютер имкониятларини оширувчи янги техник ва дастурий воситаларнинг пайдо бўлиши янги "Ахборот технологиялари" атамасинингпайдо бўлишига олиб келда. Ушбу атама остида электрон воситалар ёрдамида ахборотни йиғиш, сақлаш, қайта ишлаш, тақдим этиш, ва ишлатиш жараёнлари тушунилади. Таълим тизими учун ахборотлаштириш жараёни – етук баркамол шахсларни жадал ривожланиб бораётган, ахборотлашган жамият шароитларига ва келажак ҳаётга тайёрлаш, таъли мазмуни, ўқитиш методлари ҳамда таълим шаклларини ўзгартириш, ўсиб келаётган авлодда ўз ҳаётини муваффақиятли ва мустақил қуриш кўникма ҳамда малакаларини шакллантиришдан иборатдир.

Таълим тизимини ахборотлаштириш – бу ҳаётдан янги усулларни излаш жараёнидир. Таълимни ахборотлаштириш, яъниталабаларга маълумотлар базаларидаги, билимлар базаларидаги, электон справочниклар, архивлар ва энциклопедиялардаги маълумотлардан эркин фойдаланиш имкониятларини тақдим этишдир.

Компьютер техникаси ва ахборот технологияларидан дарс жараёнида фойдаланиш, таълимда янги сифат кўрсаткичига эришиш учун таълим тизимини ахборотлаштириши лозим. Бунинг учун таълим жараёнида ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланишда ўқитувчиларнинг малакасини ошириш ва методик қўллаб-қувватлаш зарур. Таълим тизимини ахборотлаштиришда ўқитувчидан дарсни янги инновацион ва педагогик технологиялар асосида ўтиш талаб этилади.

 

 

 

 

19- мавзу.Узлуксиз таълим - ахборотлашган иқтисодиётнинг соҳаси сифатида

 

19.1. Янги турдаги юқори малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёж

19.2. Ходимларни ижарага олишнинг фойдасининг аҳамиятлилиги

 

19.1. Янги турдаги юқори малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёж

 

Бизнесга ахборот технологияларининг фаол кириб келиши ва инсонларнинг маълумотларга эга бўлиши даражасининг кескин ортиши шароитида меҳнатни ташкил қилишнинг кўпгина муаммолари, ходимларнинг  малакасини ошириш масалалари янгича хусусиятларга эга бўлмоқда, илгари аҳамият берилмаган кўпчилик омиллар ва ҳодисаларни ҳисобга олишга мажбур қилмоқда.

Ходимларга янги талаблар. Маълумки, ходимлардан самарали фойдаланиш таъминланганда корхона ёки ташкилот муайян ҳажмдаги ишни маълум суръат ва сифат билан бажаради, иш ва лавозимлар тақсимланганда у бажарувчилар учун қониқарли ва ташкилот учун самарали бўлади; ходимлар ва жумладан менежерлар, лавозим тартиб-қоидасига тегишли талабларга жавоб беришлари, малакаларини оширишлари ва ижод намуналарини намоён этишлари керак бўлади.

Бироқ, ахборотлашган бозор муҳитида бизнес-лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда ходимларга қўйиладиган талаблар янгича мазмун билан  тўлдирилган бўлиши талаб этилади. Тез ўзгарувчан бозор муҳити технология ва маҳсулотларнинг перманент (доимий) янгиланиши шароитида янгича фикрловчи мутахассислар ва технологик ечимларни талаб қилади, бунинг учун эса компанияларга махсус малакага эга ходимлар керак бўлади.

    Оддий киши аввало маълум турдаги масалаларни ечиш усулларини ўрганади (алгоритмли ечимни ўз ичига олган билим базасини шакллантиради), сўнгра амалиёт машғулотларида моделлар орқали кўриб, кейин амалда, яъни ҳақиқий ҳаётда уни қўллайди. Тажрибаларнинг кўрсатишича, масалалар алгоритмли ечимининг расмий томони тез хотирадан чиқади, кўникмалар эса қолади (қарорларни қабул қилишнинг автоматик тартиби) ва бунда ечимларни қабул қилиш суръати доимо ошиб боради.

Ахборот майдонида жойлашган бозор муҳити бир синфга оид масалаларни тезкор ҳаракатлар орқали қабул қилинишини талаб қилади. Аммо вақт ўтиши билан ташқи вазият (конъюнктура) ва бошланғич шартлар ўзгаради. Уларнинг ечимини топиш учун керакли тезликка эришиш мақсадида кўникмаларни ҳосил қилиш ва янги босқич вазифаларини ечишнинг алгоритмларини топишга улгуриш керак бўлади.

Инновацион фаолиятга хос бўлган перманент таълимга бўлган қобилият тез ўзгарувчан вазият ва юқори даражадаги жавобгарлик шароитида самарали ишлаш учун етарли шарт ҳисобланмайди.

19.2. Ходимларни ижарага олишнинг фойдасининг аҳамиятлилиги

 

Ходимларни ижарага олишнинг фойдаси ҳақида. Ходимлар малакасини оширишда илғор компанияларнинг шаклланган бошқарув аппарати ёки улар ходимларини ижара шартларига асосан (staff leasing) жалб этиш самарали ҳисобланади. Замонавий шароитда АҚШда иш билан банд аҳолининг тахминан бир фоизи ижара шарти билан ишлайдиган ходимлардир.

Умуман, ходимларни ижарага олиш қуйидаги ҳолларда самарали ҳисобланади:

- ходимлар билан шуғулланадиган хизматларни бартараф этиш ҳисобига ходимларга сарфланадиган билвосита ҳаражатларни оптималлаштиришда (маош ва бошқа тўловларни ёзиш билан шуғуланувчи хизматларни   йўқотиш ҳисобига, шунингдек кадрлар бўйича нотўғри иш юритиш оқибатида жарима солиниши хавфини йўқотиш);

- штат бўйича жадвалда зарур бўлган лавозимларнинг йўқлиги сабабли мутахассисларни жалб қилиш мумкин бўлмаган шароитда;

- ҳаражатларни оптималлаштириш мақсадида ортиқча ҳужжат алмашинувини бартараф этишда.

Хорижий мамлакатларнинг аксарият компанияларида турли даражадаги ходимларни вақтинча ишга олишдан самарали фойдаланилади. Staff leasing шароитида ишлаш юқори малакага эга ва ноёб мутахассисларни жалб қилишда амалга оширилади.

Айрим ёш ва истиқболли ходимлар малака оширишга ёки компания филиалларида лойиҳага раҳбар қилиб юборилади. У ерда улар лойиҳани амалга ошириш ёки мураккаброқ ишларни бажаришда катта имкониятларга эга бўлиб, жавобгарликни  ҳис қиладилар. Шундай йўл билан кадрлар заҳираси тайёрланади ёки кадрлар алмашуви режалаштирилганда, келажакда фирма ичида танлов бўлганда, раҳбарият кўз остига олган мутахассислар гуруҳи шаклланади.

Корхонада инновацион муҳитда фаолият юритишда янги малака орттириш ва кўникмаларни шакллантиришни рағбатлантириш учун ёш мутахассис ва бошқарувчиларга ишонч муҳити шаклланган бўлиши керак. Корхонанинг ўсиш стратегиясини амалга ошириш учун бошқарув ходимларини ўзига хос равишда мотивациялаш керак. В.Макнайт концепциясига асосан, бизнеснинг ўсиши масъулиятни тақсимлаб бериш ва  янги фикрларни рағбатлантириш  билан бирга олиб борилиши керак. Масъулиятни бундай тақсимлаб беришда юз берадиган хатоликлар авторитар бошқарув тизими каби аҳамиятли бўлмайди. Бундан ташқари, хатоликларга кескин равишда танқидий муносабатда бўлиш  ташаббускорликни бўғиб қўяди. Бу тезисни қуйидагича тушуниш керак: менежерлар хатоси омадсизлик деб тушунилмаслиги керак, акс ҳолда кишилар янги, ноодатий ечимларни изламай қўяди. В.Макнайт издошлари мухандис ва бошқарув ходимларига ўз янги ғояларини ишлаб чиқишлари учун иш вақтининг еттидан бир қисмини ажратишларига имкон бериш лозим деб ҳисоблайдилар.

 

 

 

 

20-мавзу. Ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда кадрлар тайёрлаш тизими, ишлаб чиқаришни ташкил қилишнинг янги технологияларида ходимлар ижодини рағбатлантириш ва малакасини ошириш

 

20.1.    Ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда кадрлар тайёрлаш тизими

20.2. Ишлаб чиқаришни ташкил қилишнинг янги технологияларида ходимлар ижодини рағбатлантириш ва малакасини ошириш.

 

20.1. Ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда тайёрлаш тизими

Анъанавий тайёрлаш тизимидаги ўзгаришлар. Янги иқтисодиёт менежерларини  олий таълим муассасаларида тайёрлаш мумкин ва лозим, аммо замонавий олий мактаб тайёрлов услуби билим олишдан ташқари, юқори даражадаги масалалар ечимини амалга оширувчи малака  беришга ҳозирда ҳали ихтисослашмаган. Айниқса, мустақил равишда алгоритмни ва ушбу алгоритмга мос масалалар ечимини топиш малакасини тезда шакллантира оладиган мутахассисларни тайёрлаш учун олий таълимда бир қатор масалаларни ҳал этиш лозим бўлади. Ташқи шарт-шароитлар ўзгариши билан бундай  мутахассис ақлан алгоритмга мувофиқ ечим малакасини шакллантира олиши керак бўлади. Бунинг учун таълим тизимини ўзгартириш, талабаларни ижодий йўналтириш, уларни изланиш, масалалар ечимини топишга бўлган эҳтиёжларини рағбатлантириш керак бўлади. Бунда ўқитувчилар  меҳнатига ҳақ тўлаш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш ва тайёрлаш тизимини  қайта қурувчи мутахассисларни жалб қилиш, турли услубий таъминотни жорий қилиш, талабаларни ярим ишлаб чиқариш ва ишлаб чиқариш тизимига олиб чиқиш каби масалалар ечимини топиш лозим бўлади. Имитаторлар, тренажёрлар, кенг кутубхоналар, намойиш стендлари, тест назоратларини ўтказишни бирлаштирувчи ривожланган ахборот тузилмаси бўлмаса, буларнинг барчасини амалга ошириб бўлмайди.

Техник ёрдам доирасида ва тижорат асосида мамлакатга келаётган чет эл педагог кадрлари ва маслаҳатчилари томонидан таълим беришни йўлга қўйиш лозим. Бу борада Европа менежментини ривожлантириш фондининг собиқ президенти  Жерар ван Шаик ўз фикрини шундай баён этган: “Асосийси, бу ерда ўз бизнесини ривожлантиришни хоҳловчи компаниялар истагини бажариш эмас. У ёки бу давлатнинг бозорда мустаҳкам ўринга эга бўлиши миллий жамоа яратилишини талаб қилади, шунинг учун ходимларни айнан шу мамлакатда фаолият юритишлари учун улар малакаларини ошириш керак бўлади”.

ОЎЮлари мутахассис кадрлари (малака оширишга хизмат қилувчи профессор-ўқитувчилар) фақатгина талабалар билан эмас, балки бир неча йилдан бери олий ўқув юртларини битириб кетган ва халқ хўжалигида фаолият юритаётганлар билан ҳам ишлашнинг янги шаклларини топишлари зарур. Талабаларни ўз малакасини мустақил равишда оширишга ўргатиш, ОЎЮини битириб кетганларни эса охирги янгиликлар билан таништириб бориш керак бўлади.

 

20.2. Ишлаб чиқаришни ташкил қилишнинг янги технологияларида ходимлар ижодини рағбатлантириш ва малакасини ошириш

Узлуксиз таълим тизимини ташкил қилиш технологияси ва перманент таълим тизимидаги ўзгаришлар. Штат жадвали тузилмасида кадрларни жойлаштириш ва танлаб олиш одатда олдиндан шакллантирилган чизмага мувофиқ амалга оширилади, унинг доирасида ҳар бир ходим ўз мажбуриятлари, уни бажариш механизмлари, масъулият даражаси, ишлаб чиқариш ва бошқарув жараёнларининг бошқа иштирокчилари билан ишбилармонлик алоқалари хусусиятларини тушуниб англайди.

Меҳнатни ташкил этишнинг технологик асосини ишлаб чиқариш ва ахборот алоқалари ёрдамида ўзаро муносабатда бўлган қисмлар (масалалар) тўплами сифатида тавсифлаш мумкин. Оддий масалалар танлови эвристик ёндашув ёрдамида ёки аналогиялар ва ишлаб чиқувчилар ҳамда  буюртмачилар тасаввури ёрдамида (улар учун бундай танлов қулайлик ҳақида мулоҳаза ва компаниянинг аввалги тузилмаси тажрибасидан келиб чиққан ҳолда белгиланади) амалга оширилади. Масалаларни кўп ҳолларда мураккаблик ёки уларнинг ўзаро боғлиқлиги даражаси бўйича ажратиш мумкин. Ўзаро шундай бир алоқалар тизими назарда тутиладики, бунда агар бирор бир амал ахборот ва/ёки технологик нуқтаи назардан бошқасига ўз таъсирини ўтказа олса, у эса ўз навбатда  кейингисига таъсир қилса, у ҳолда бундай чизиқли тузилма оддий алоқалар тузилмаси деб аталади. Агар тузилмада тескари алоқалар пайдо бўлса ёки уларнинг тармоқланиши кузатилса, у ҳолда айрим масалаларнинг мураккаблиги ушбу масалада тескари алоқалар ва оддий алоқалар сони ошишига боғлиқ ҳолда ошиб кетаверади.

Ишлаб чиқаришнинг тармоқ технологиялари (лойиҳалари) – ходимлар малакасини ошириш учун янги рағбатлар. Кўп ҳолларда ходимларнинг салоҳияти  штат жадвали бўйича эгаллаб турган мавқеи даражасидан юқори бўлиши мумкин бўлган вазият кузатилади. Таъкидлаш жоизки, янги ходимларни таклиф қилиб кадрлар бўйича гуруҳ ва раҳбарият уларни юқори имкониятга эга эканлигини англаб турсаларда, аммо уларни мураккаблиги ва масъулияти камроқ бўлган  иш жойига оладилар. Бундай йўл тутиш янги келган ходимнинг тез ўсишига имконият беради, аммо унинг меҳнаткашлиги ва тиришқоқлигига ишонч ҳосил қилиш керак бўлади. Бундай янги ходимларнинг ёки малакаси тез ўсаётганини кўрсатувчи ходимларнинг имкониятларини аниқлаш учун раҳбарият ички лойиҳалар механизмларидан фойдаланиши мумкин. Ушбу лойиҳаларнинг ижролари турли бўлинмалар ходимлари ўртасида бўлиниб, улар лойиҳа бўйича масалаларни қисқа вақт ичида ечишга, истиқболли бизнес жараёнларни текшириш ва бошқа масалаларни ҳал қилишга қаратилган вақтинча жамоани шакллантирадилар. Бундай лойиҳалар доирасида корхонада ходимнинг лавозимлар иерархиясида расмий тутган ўрни аҳамиятга эга бўлмаслиги мумкин, бундан ташқари ҳар бир иштрокчининг ўрни ва позицияси лойиҳани амалга ошириш вақтида ўзгариб туради. Бунда ҳар бир иштирокчи ўз зиммасига кўпроқ масъулият ва ваколатлар олиши ҳам мумкин бўлади.

Ахборот технологиялари лойиҳа ижрочиларини бир жойга тўпламасдан туриб, жамоани шакллантиришга имкон беради. Худди шу усулда ходимларни узлуксиз ўқитишни (малака оширишни) ташкил қилиш мумкин. Ўқитиш ва малака ошириш доирасида иш бўйича мулоқот ва жамоа топшириқларини ишлаб чиқиш глобал коммуникация воситалари ёрдамида интерфаол режимда амалга оширилиши мумкин. Шу тарзда ахборот инфратузилмаси ва ахборот технологиялари корхонанинг ички фирма лойиҳаларини ташкил қилиш ва ходимлар малакасини ошириш бўйича компания менежментининг имкониятларини сезиларли даражада оширади. Шубҳасиз, бу маълум даражада лойиҳалар иштирокчилари  (ва малака ошириш гуруҳлари) учун бир-бири билан яқиндан танишиш бўйича мулоқот даражасини яхшилайди, бундан ташқари узоқ масофада жойлашган  бўлинмалар раҳбарларига ўзининг қобилияти ва иш кўникмаларини намоён қилиш учун имконият яратади.

Интерфаол маьлумотлар базасига киришни ташкил этиш. Буни интерфаол маьлумотлар базасини яратиш мисолида  кўриб чиқамиз. Илгари ҳар бир бўлим ёки лойиҳа ходими бир қисм ишни бажарар эди, бундан ташқари уни умуман лойиҳа  ёки ишнинг  бутун ҳажми  билан таништириш керак  бўлмаган.  Иш  ёки  лойиҳа ҳақидаги  умумий маълумот фақат раҳбарда бўлган. Фақат унинг ўзи (раҳбар) лойиҳа шартларига  ўзгартириш, тузатишлар киритиши мумкин бўлган, бу  эса ундан  юқори малакага эга бўлишни  ва бўлаётган  ўзгаришларни  диққат билан  кузатиб  боришни  талаб  қилар эди. Замонавий шароитларда ҳар бир  бўлим  ходими  маълумотлар  базасидан  фойдаланиб, ўзи  бажараётган ишга ўзгартиришлар  киритиши  ва унинг  ҳамкасблари киритаётган  ўзгаришларни  кузатиб  бориш  имкониятига  эга. Интерфаол режимда  у  ушбу  ўзгаришларнинг  мазмуни  ва  мақсадга  мувофиқлигини сўраб олиши, ўз фикрларини  баён қилиши  мумкин. Ходим юзага келган  ўзгаришларни  ҳисобга олиб, ўзгаришларга  кетадиган вақтни  тежаб, ўз  ишини  вақтида  бажариш имконига эга бўлади. Умуман, бундай фаолият чизмаси раҳбарнинг асаби толиқишини  камайтириб, унинг бир қисм жавобгарлигини жамоага ўтказади ва уларда ишга бўлган масьулиятни оширади.

Ахборот технологиялари ва унга мос инфратузилма ходимлар масьулиятини кенгайтиради ва жавобгарликни ижрочиларнинг барча жамоасига тақсимланишига олиб келади. Бундай маьлумотларга эга бўлиш ва ақлий ҳужумда иштирок этиш оддий ходимларга ишни аралаш ҳолда ўрганиш, лойиҳага раҳбар кўзи билан қараш имконини беради ва уларнинг малакасини ошиб боради.

Корхонанинг техник жиҳатдан етарлича таьминланган ахборот муҳитидаги тўр таркибида ҳамкасблар орасида ҳурматга сазовор, кўпинча раҳбарият таркибида бўлмаган, лойиҳани амалга оширишда вазиятни яхшироқ тушунадиган кишилар албатта топилади. Айтиш керакки, бундай кишилар ривожланган ахборот муҳитисиз ўз имкониятларини амалга ошира олмайдилар. Биринчидан, бутун бир лойиҳалар ҳажмидаги ахборотга киришга уларга йўл берилмас эди, иккинчидан, лойиҳанинг барча қатнашчилари билан доимий алоқада бўлиш имкони бўлмас эди. Бунга қўшимча қилиб, ахборот муҳитисиз ўзининг интеллектуал ва мутахассислик имкониятларини барча қатнашчиларга намойиш қила олмаслигини ҳам қўшиш мумкин. Улар ваколати(компетенцияси)нинг ҳақиқий даражаси бўлимдаги расмий вазиятдан юқори бўлиб, бу амалий лойиҳани амалий бошқариш имконини беради. Корхонани оқилона бошқарувчи раҳбарияти лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида шундай инсонларни кўра олиб ажратиб оладилар, иш якунлангач, уларга мураккаброқ вазифаларни топширадилар.

Шундай қилиб, компания ичида ахборот технологиялари ва глобал тармоқ инфратузилмасидан фойдаланиш мавжуд горизонтал ўзаро  таьсир чизмаларни кенгайтириш имконини беради.