Режа:

1. Офисни автоматлаштириш ахборот технологиялари

2. Асосий компонентлари

3. Эксперт тизимлар ахборот технологиялари характеристикаси ва қўлланилиши, асосий компонентлари

4. Биллинг тизимлари

Калит сўзлар

Офисни автоматлаштириш ахборот технологиялари, маълумотлар базаси, матн процессори, жадвал процессори, электрон почта, электрон тақвим, аудиопочта, телеконференция, видеоконференция, аудиоконференция, факсимил алоқа, видеоматн, эксперт тизимлар, биллинг тизимлар.

Офисни автоматлаштириш ахборот технологиялари

Аввалдан офисни автоматлаштириш технологияси дастлаб ишлаб чиқаришда, сўнг офисда пайдо бўлган.

Офисни автоматлаштириш технологияси, ананавий технологияни алмаштириш эмас, балки уни такомиллаштириш билан характерланади.

Офисни автоматлаштириш ахборот технологияси – бу компьютер тармоқлари ва бошқа замонавий ахборотларни қайта ишлаш ва узатиш воситалари ёрдамида ички ва ташқи мухит орасида коммуникация жараёнларини ташкил этиш технологиясидир

Бу технология асосан бошқарувчилар, мутахассислар ва котиблар орасидаги алоқани автоматлаштириш ва муаммоларни ўзаро хал этиш учун мўлжалланган.

 

 

6.1-расм. Офисни автоматлаштириш ахборот технологиялари асосий компонентлари

 

Автоматлаштирилган офиснинг ахборот технологияси– ахборот билан ишлаш ва уни узатишнинг компьютерлар тармоғи ва бошқа замонавий воситалари базасида ҳам ташкилот ичида, ҳам ундан ташқарида коммуникация жараёнларини ташкил этиш ва сақлаб туришдан иборат. Офиснинг автоматлаштирилган технологияларидан  бошқарувчилар, мутахассислар, котибалар ва идора хизматчилари фойдаланадилар, улар айниқса муаммоларни гуруҳ бўлиб ҳал қилишда жуда қулайдир

Маълумотлар базаси. Ҳар қандай технологиянинг мажбурий компоненти маълумотлар базасидир. Автоматлаштирилган офисда маълумотлар базаси ўз ичида операцион даражада маълумотларга ишлов бериш технологияси каби фирманинг ишлаб чиқариш тизими тўғрисидаги маълумотларни тўплайди. Маълумотлар базасига ахборот фирмадан ташқаридан ҳам тушиши мумкин. Мутахассислар маълумотлар базаси муҳитида ишлаш бўйича асосий технологик операцияларни эгаллаган бўлишлари зарур. Ҳар куни электрон почта орқали биржадан валюта курслари ёки қимматли қоғозлар кодировкаси, шунингдек ушбу фирманинг акциялари тўғрисида маълумотлар келиб тушиши мумкин. Улар бўйича маълумотлар базасининг тегишли массивларига ҳар куни тузатишлар киритиб борилади. Маълумотлар базасидан ахборот матнли процессор, жадвалли процессор, электрон почта, компьютер конференциялари каби компьютер иловалари (дастурлари)нинг киришига узатилади

Матнли процессор - матнли ҳужжатларни яратиш ва ишлов бериш учун мўлжалланган амалий дастурий маҳсулот туридир. У сўзларни қўшиш ёки олиб ташлаш, гаплар ва хат бошиларни бошқа жойга кўчириш, формат белгилаш, матн элементлари ва режимлари билан турли ҳаракатларни амалга ошириш имкониятини беради. Ҳужжат тайёр бўлганида ходим уни ташқи хотирага ёзиб қўяди, сўнгра босмадан чиқаради ва зарурият бўлса компьютер тармоғи бўйича узатади. Шундай қилиб, менежер ихтиёрида ёзма коммуникациянинг самарали тури бўлади. Матнли процессор ёрдамида тайёрланган хатлар ва маърузаларни мунтазам  олиб туриш менежерга фирмадаги вазиятни доимо баҳолаш имконини беради.

Электрон почта (E-mail) - компьютерлардан тармоқда фойдаланишга асосланган бўлиб, фойдаланувчига тармоқ бўйлаб ўзининг шерикларига хабарлар юбориш, олиш ва сақлаш имкониятини беради. Бу ерда фақат бир томонлама алоқа бўлади. Бундай чеклов, кўплаб тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, жуда муҳим эмас, чунки юзтадан элликта ҳолатда хизмат бўйича телефонда сўзлашувларнинг мақсади фақат ахборот олишдан иборат бўлади. Икки томонлама алоқани таъминлаш учун электрон почта бўйича хабарларни кўп карра жўнатиш ва олишга ёки коммуникациянинг бошқа усулидан фойдаланишга тўғри келади.

Аудиопочта. Бу почта хабарларни овоз билан юбориш учун мўлжалланган. У электрон почтага ўхшаб кетади, фақат фарқи Сиз хабарларни компьютер клавиатураси ёрдамида териб эмас, балки телефон орқали узатасиз. Юборилган хабарларни ҳам худди шу тарзда телефон орқали оласиз. Тизим аудиосигналларни рақамли кодга ва аксинча - рақамли кодларни аудиосигналларга ўзгартириш учун махсус қурилмани, шунингдек аудиохабарларни рақамли шаклда сақлаш учун компьютерни ўз ичига олади. Аудиопочта ҳам тармоқда амалга оширилади. Аудиохабарларни узатиш почтасидан муаммоларни гуруҳ бўлиб ҳал қилиш учун муваффақиятли фойдаланиш мумкин. Бунинг учун хабар юборувчи қўшимча тарзда, ушбу хабар кимларга мўлжалланган бўлса, шу шахсларнинг рўйхатини кўрсатиши зарур. Тизим барча кўрсатилган шахсларга хабарни узатиш учун уларга мунтазам қўнғироқ қилиб туради. Аудиопочтанинг электрон почтага нисбатан асосий афзаллиги унинг оддийлигида бўлиб, ундан фойдаланишда хабарларни клавиатура ёрдамида киритиб ўтириш зарур эмас.

Жадвалли процессор. У ҳам, матнли процессор каби, ҳар қандай ходимнинг ва автоматлаштирилган офис технологиялари ахборот маданиятининг базавий таркибий қисми ҳисобланади. Унда ишлаш технологияларининг асосларини билмасдан туриб, шахсий компьютерлардан ўз фаолиятида тўлақонли фойдаланиш мумкин эмас. Жадвалли процессорларнинг замонавий дастурий муҳитининг функциялари жадвал шаклида берилган маълумотлар устида кўп сонли операцияларни бажариш имкониятини беради. Бу операцияларни умумий белгилари бўйича бирлаштириб, технологик операцияларнинг энг кўп сонли ва қўлланиладиган гуруҳларини ажратиб кўрсатиш мумкин:

Электрон тақвим. У жадвал процессоридан иборат, маълумотларни тармоқ бўйлаб узатиш воситасига эга бўлиб, ташкилот бошқарувчилари ва бошқа ходимларининг иш жадвалини сақлаш ва улар билан турли ҳаракатларни амалга ошириш учун компьютернинг тармоқ вариантидан фойдаланишнинг яна битта имкониятидир. Менежер (ёки унинг котибаси) учрашув ёки бошқа бир тадбир санаси ва вақтини белгилайди, ҳосил бўлган иш жадвалини кўриб чиқади, клавиатура ёрдамида ўзгартиришлар киритади. Электрон тақвимнинг техника ва дастурий таъминоти электрон почтанинг ана шундай компонентлари билан тўла мос келади. Бундан ташқари, тақвимнинг дастурий таъминоти аксарият ҳолларда электрон почта дастурий таъминотининг бир қисми ҳисобланади. Тизим қўшимча равишда бошқа менежерларнинг тақвимларига ҳам эркин кириш имконини беради. У уларнинг ўз жадваллари билан автоматик тарзда учрашувлар вақтини келишиши ҳам мумкин. Электрон тақвимдан фойдаланиш иш кунлари анча олдиндан режалаштириб қўйиладиган юқори бошқарув даражасидаги менежерлар учун айниқса самаралидир.

Компьютер конференциялари муайян муаммони ҳал қилаётган гуруҳ иштирокчилари ахборот билан алмашиниш учун компьютер тармоғидан фойдаланади. Табиийки, бу технологиядан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар доираси чекланган бўлади. Компьютер конференцияси иштирокчилари сони аудио– ва видеоконференциялар иштирокчилари сонидан анча кўп бўлиши мумкин. Адабиётларда телеконференция атамасини кўп учратиш мумкин. Телеконференция ўз ичига конференцияларнинг уч турини: аудио, видео ва компьютер конференцияларини олади.

Аудиоконференциялар. Улар фирманинг ҳудудий жиҳатдан узоқда жойлашган ходимлари ёки бўлинмалари ўртасида коммуникацияларни сақлаб туриш учун аудиоалоқадан фойдаланади. Аудиоконференцияларни ўтказишнинг энг оддий техника воситаси сўзлашувда иккитадан кўп иштирокчи қатнашувини таъминлайдиган қўшимча қурилмалар билан жиҳозланган телефон алоқаси ҳисобланади. Аудиоконференцияларни ташкил этиш компьютер бўлишини талаб этмайди, фақатгина  унинг иштирокчилари ўртасида икки томонлама аудиоалоқадан фойдаланишни кўзда тутади. Аудиоконференциялардан фойдаланиш қарорлар қабул қилиш жараёнини енгиллаштиради, у арзон ҳам қулай.

Видеоконференциялар. Улар ҳам аудиоконференциялар қандай мақсадларга мўлжалланган бўлса, шундай мақсадларга мўлжалланган, лекин бунда видеоаппаратура қўлланади. Уларни ўтказиш ҳам компьютер бўлишини талаб этади. Видеоконференция жараёнида бир-биридан анча узоқ масофада бўлган унинг иштирокчилари телевизор экранида ўзларини ва бошқа иштирокчиларни кўриб турадилар. Телевизион тасвир билан бир вақтда овоз ҳам эшитилиб туради. Видеоконференциялар транспорт ва хизмат сафари харажатларини анча қисқартириш имконини берса ҳам, аксарият фирмалар уларни фақат шу сабабларга кўра қўлламайдилар. Бу фирмалар бундай конференцияларда муаммони ҳал қилишга ҳудудий жиҳатдан офисдан анча узоқда жойлашган кўп сонли менежерларни ва бошқа ходимларни ҳам жалб этиш имкониятини кўрадилар

Видеоматн. У монитор экранида матнли ҳамда график маълумотлар тасвирларини олиш учун компьютердан фойдаланишга асосланган. Қарор қабул қилаётган шахслар учун видеоматн шаклидаги ахборотларни олишнинг учта имконияти мавжуд:

ўз компьютерларида видеоматн файлини яратиш;

ихтисослашган компания билан унинг видеоматн файлларидан эркин фойдаланишга шартнома тузиш. Сотиш учун махсус мўлжалланган бундай файллар компаниянинг шундай хизматларни кўрсатувчи серверларида сақланиши ёки мижозга магнит ёки оптик дискларда етказиб берилиши мумкин;

бошқа компаниялар билан уларнинг видеоматнли файлларидан эркин фойдаланиш бўйича шартнома тузиш.

Тасвирларни сақлаш. Жуда катта миқдордаги ҳужжатларни исталган шаклда узоқ вақт сақлаш зарур бўлади. Уларнинг сони шу қадар кўп бўлиши мумкинки, уларни ҳатто файллар шаклида сақлаш ҳам жиддий муаммолар туғдиради. Шунинг учун ҳам  у компьютернинг ташқи хотирасида бундан кейин ҳам сақлаш учун ҳужжатнинг ўзини эмас, балки образининг (тасвирини) рақамли шаклда сақлаш ғояси туғилди. Тасвирларни сақлаш (imaging) истиқболли офис технологияси ҳисобланади ва махсус қурилма – образларнинг оптик танигичдан фойдаланиб, ҳужжат ёки фильм тасвирини рақамли шаклга ўгириш имконини беради. Рақамли форматда сақланган тасвир исталган вақтда экранга ёки принтерга ўзининг ҳақиқий шаклида чиқариб берилиши мумкин. Тасвирларни сақлаш учун ҳажми жуда катта бўлган оптик дисклардан фойдаланилади. Масалан, беш дюймли оптик диск 200 мингга яқин саҳифани ёзиб олиши мумкин.

Факсимиль алоқа. Бу алоқа коммутация каналининг бир учидаги ҳужжатни ўқиш ва унинг тасвирини коммутация каналининг иккинчи учида қайта тиклаб бера оладиган факс-аппаратларидан фойдаланишга асосланган. Факсимиль алоқа муайян муаммони ҳал қилаётган гуруҳ иштирокчиларига, уларнинг географик жойлашувидан қатъи назар, ҳужжатларни тез ва осон етказиб бериш ҳисобига қарорлар қабул қилишга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда

Эксперт тизимлар ахборот технологиялари

Характеристикаси ва қўлланилиши

Компьютер ахборот тизимлари ичида сунъий интеллект асосида эксперт тизимлар яратиш тез ривожланиб бормоқда.

Эксперт тизимлар билимлар базасига тўпланган ахборотлар ёрдамида хар қандай фойдаланувчи ёки мутахассисга қарор қабул қилиш учун фикр ёки маслахат (консультация) беришга хизмат қилади.

Сунъий интеллект деганда, одатда компьютер тизимларининг инсон каби фикр юритиши тушунилади.

         Сунъий интеллект сохасида олиб борилаётган изланишлар натижасида, эксперт тизимлар билан чегараланиб қолмай, балки улар ёрдамида роботлар, инсон нерв системаларининг моделларини яратиш хам йўлга қўйилмоқда.

Ижтимоий масалаларни хал этиш ва муаммоларни ечишда, тўғри хулосалар ва қарорлар қабул қилишда махсус билим ва тафаккур талаб қилинади.

         Эксперт тизимнинг асосий мақсади эса, экспертларнинг (соханинг билимдонлари) билимларини компьютер хотирасига жойлаштириб, муаммоларни хал этишда улардан фойдаланишдан иборатдир

 

 

 

 

 

 

 

Эксперт тизимлар ахборот технологиялари асосий компонентлари

6.2-расм. Эксперт тизимлар ахборот технологиялари ишлаш жараёни

 

Фойдаланувчи интерфейси фойдаланувчи ёки менежер учун ахборот ёки буйруқ киритиб, тизимдан маълумот олиш учун хизмат қилади. Эксперт тизим технологияси фойдаланувчи учун нафақат қарорлар, балки зарур бўладиган тушунтириш (инструкция) ахборотларини хам бериши мумкин.

         Билимлар базаси эса муаммонинг турига қараб хар хил кўринишдаги ечимлар ва мана шу ечимларнинг мантиқий асосларидан ташкил топган маълумотлар билан тўлдирилган бўлади 

Интерпретатор билимлар базасидаги маълумотларни (қоидалар, фикрларни) кетма-кет кўриб чиқиш ва тахлил қилиш учун хизмат қилади.     Агар қоида ёки фикрлардаги шартлар бажаришга ёки маълум бир қарорга эга бўлса, у холда фойдаланувчига муаммо ечимининг  варианти берилади.

         Баъзи тизимларда интерпретаторлар ишини енгиллаштириш учун қўшимча блоклар, жумладан: маълумотлар базаси, хисоб-китоб блоки, маълумотларни киритиш ва текшириш блоклари  ишлатилиши мумкин.

Тизимни ташкил этиш модули қоида ва фикрлар иерархиясини ташкил этиш учун хизмат қилади. Қоида ва фикрлар иерархиясини ташкил этишда 2 хил усулдан фойдаланилади:

         1. Алгоритмик дастурлаш тилларидан (ЛИСП ЁКИ ПРОЛОГ).

         2. Эксперт тизимлар учун яратилган махсус дастурлардан.

         Иккинчи  усулдаги дастурлар ўзининг махсус базасига эга бўлиб, қоидалар ва қўшимча маълумотлар ёзиш билан тўлдириб борилади. 

Биллинг тизимлари

         Биллинг тизими (инглизча bill – ҳисобварақ, billing – ҳисобварақ ёзиб бериш) – телекоммуникация операторлари томонидан абонентларга ҳисобварақлар тақдим этиш ва бошқа хизмат етказиб берувчилари билан ўзаро ҳисоб-китоблар учун ишлатиладиган ҳар бир мижоз учун алоқа хизматларининг қийматини ҳисоблайдиган ва барча тарифлар ва бошқа қиймат тавсифлари тўғрисидаги ахборотни сақлайдиган тизимдир. Улар бажарадиган операциялар цикли биллинг деб аталади.

         Биллинг тизими (БТ) бухгалтерия тизими, телекоммуникация операторлари учун махсус ишлаб чиқилган дастур таъминотидан иборат.       Биллинг тизимлари (симли ва уяли) телефонияда ҳам, маълумотлар узатиш тармоқлари (интернет провайдерлар)да ҳам ишлатилади, шунингдек IP-телефонияда ҳам ўз ўрнига эга. Исталган БТ муайян маълумотлар базаларини бошқариш тизими (МББТ) асосида яратилади. Дунёдаги кўпчилик БТлари Oracle МББТ асосида яратилган.          Бошқа МББТлар орасидан катта ҳажмдаги ахборот учун мўлжалланган Sybase ва Informixни ажратиб кўрсатиш мумкин. Қуйидагилар эса баъзи биллинг тизимларининг номланиши: BIS, Flagship, CBOSS, Arbor, Bill-2000-prepaid. Шуни қайд этиш лозимки, БТ деганда, одатда биллингни ташкил этишда иштирок этадиган аппарат таъминоти ҳам кўзда тутилади.

 

6.3-расм. Биллинг тизимининг тузилиши

 

Назорат саволлар

1.     Офисни автоматлаштириш нима?

2.     Офисни автоматлаштириш қандай амалга оширилади?

3.     Матн процессориниг вазифаси нимадан иборат?

4.     Жадвал пороцессори қандай вазифаларни бажаради?.

5.     Эксперт тизимлари нима?

6.     Биллинг тизими нима?

7.     Телеконференция қандай турларга бўлинади?

8.     Билимлар базаси деганда нимани тушунасиз?